Мен тошман, кўк тош. Отим — Яшм. Ўн минг йиллардан бери кўрмаган томошам қолмади. Биров бошига кўтаради, биров сиртимга миниб ўтиради, биров тўрига қўяди, биров — гўрига. Юрмаган йўлим, кўрмаган элим йўқ. Бир Ер юзининг қайси бир нуқтасида ётсам, менга-ку барибир, лекин одамларга ҳайронман, тоғу тош демай, дарёми-денгиз демай, дам дунёнинг у чеккасига, дам бу чеккасига судраганлари-судраган мени. Чиройли эканман, асил эканман, шаффоф эканман, хўш, келиб томоша қилавер. Йўқ-да, меники бўлсин. Шу «Сеники-меники» деган фақат одамда бўлади, назаримда — уруш-жанжали ҳам, қирғини ҳам шундан, ўлими ҳам, кулфати ҳам.
Тағин, бунинг гуноҳини ўзларидан соқит қилиш учун, менинг тўғримда мудҳиш афсоналар тўқишганини айтмайсизми!
Кейинги бир неча минг йил давомида-ку Чин-Мочиннинг ҳашаматли саройларини безаб, анча тинч ўтирдим. У хоқоннинг, қасридан бу ҳоқоннинг саройига сургалиб анча сайқаллашиб қолган бўлсам ҳам, бус-бутун эдим, биров жон бергани ҳам йўқ мени деб. Аммо, мана энди, Чингиз дегани келаётганмиш туман-туман лашкари билан дала даштни дуду тўзонга чулғаб. Мени деб келаётганмиш. Мен керак бўлсам, мана турибманку, кел, ол. Нима қиласан бутун бир мулкатни ўтга тутиб, шаҳарларни кўкка совуриб, лак-лак лашкарни қириб, бегуноҳ элатларни қон-қора қақшатиб! Ёраб!!!
Айтдим-ку, дунёнинг қайси чеккасида ётсам — менга барибир, деб. Мана энди, тағин судраб кетишаяпти. Чин-Мочинда мени муқаддас ҳисоблар эдилар, мана энди тинчлигим бузилди, мени деб юзта от, уч юзта навкар овора. Кўп ўтмай, қумда судрайдиган ёғоч ча-нага тушдим. Чунки устига хода қўйиб мени лўкиллатиб олиб кетаётан тўртта фил кеча кечаси ўлиб қолди. Чўлга ярамас эканда жониворлар. Кейин тўртта туя ўркачига жойлаб кўришди, бўлмади, сирғалиб тушиб қумга юмаладим. Олтита навкарни босиб қолдим, ерга чалпакдай ёпишиб жон беришдн шўринг қурғурлар. Бу воқеадан кейин ҳоқоннинг ўзи яна тўрттасини эҳтиётсизлиги учун қамчилаб ўлдирди. Энди мана «чана» даман. Эй, азиз жонини аямаган одамлар-эй… Менга-ку, минг йил чўт эмас, бу гумроҳларнинг умри ахир бир нафас. Ўйлаб кўрса-чи, қадрига етса-чи!
Мени жойимдан қўзғаганнинг ўзи бир фалокатга дучор бўлади. Бу афсонани, ҳали айтганимдай, одамларнинг ўзлари тўқиб чиқарган, ўзлари шунга ишонишади ҳам. Асли ўзи шундай, шекиллн-да, неча марта синаганман, ўзим ҳам ишониб қолдим афсонага. Қўл теккизишса хавотирланиб тураман. Лекин одамлар… ҳамон жойимда тинч қўйишмайди-да.
Ҳалиги Чингиз дегани ҳам мана мени не азоб билан олнб келдию, ўзи, ўша афсонада айтилганидай, бекордан-бекор шамоллаб, тўсатдан қазо қилди. Менинг Чин-Мочиндан Мовароуннаҳрга кўчиб олганим қолди.
Бу ернинг хўжайини ҳам, унинг оти Чиғатой эди, нафимни кўриб-кўрмай ўлиб кетди. Одамлар буни ҳам менинг касофатимга йўйишди, албатта.
Инсон ўтмишдан сабоқ олмас экан-да. Уша Чиғатойнинг невараси яна менга қўл уриб, Нахшабда тахт қилиб устимга миниб ўтирди. Э… бунга ҳам ёрлақагани йўқ. Очиғи, гап менинг ҳақимдаги афсонада эмас, ҳаммаси одамларнинг очкўзлигидан. Ахир, Чин-Мочин хоқонлари мени қайтиб олиб кетиш учун не-не ҳийла найранглар ишлатишмади, не-не пораю бойликлар ваъда қилишмади, орадаги сотқинлик хиёнатлар ғойиб бўлган, ўлиб кетган не-не одамлар.
Ахири, меники бўлғуси хўжайиним улуғ Темур барига чек қўйди, очкўз урушқоқларнинг нафсини тийиб, бошини қўшиб, бир тож остига жипслаштирди. Бу машғулотлар билан бўлиб, у зот менинг тақдиримни жилла кўздан қочирдилар. Аммо бир донишманд набиралари қадримга етди. Мени топиб, пойтахтга кўчириш учун махсус йўл солдирди. Шикаст етмасин, деган-да. Кешдан Самарқандгача дастлаб мен юрган ўша текис йўл ҳали ҳам бор, балки кўргандирсиз.
Донишманд мени буюк бобосининг қабрига қўйдир-ди. Мангулик тоза ҳусним шу зотнинг абадий шуҳратига монанд эди, бир неча юз йил одамларга шу фикрни эслатиб, тинч ётдим.
Афсус, улуғлар ўлар экану, одамларнинг баднафслиги ўлмас экан. Ўзини жаҳонгир ҳисоблаган ёвқур ҳукмдор Нодиршоҳ яна менга кўз тикди. Самарқанднинг бошқа ганжиналари билан бирга мени ҳам Машҳадга кўчириб олиб кетишни буюрди. Улуғ зот қабридан қўпориб… Аммо ўз амри ўз кўнглига ғулғула солди, менинг ҳақимдаги мудҳиш афсона ёдига тушиб, ҳукмдор суст кетдн. Қўрқоқ юрагига тасалли қидириб, улуғ Темур хотирасига фотиҳалар ўқитиб, мени пойтахт қасрида муқаддас тош деб эълон қилишга ваъда бериб, ўз дилини овутди. Бироқ у, барибир, қўрқоқ бир ўғри зди. Дилидаги ҳадик ҳаловатини олди. Авлиёларнинг арвоҳлари, оҳ соҳибқироннинг қўпорилган қабри, мақбара вайроналари тушларига кириб, баданини совуқ тер босиб уйғониб кетарди. Қўрқувдан телба бўлишига сал қолганда ахири мени Самарқандга қайтариб, ўрнимга қўйишга фармон берди. Яна сафар, яна судра-судра, Йўл азобидан дарз кетган куним, Нодиршоҳни ўз одамлари сўйиб қўйибди, деган гап тарқалди. Буни ҳам одамлар, ноилож, менинг касофатимдан кўрдилар.
Шундан кейин қабр тепасида яна бир неча аср тинч қўйишди. Сағанада ястаниб ётиб мен учун янгилик эмас, ётавердим. Мақбара муҳташам, ҳамиша гавжум, тўда-тўда бўлиб дунёнинг ҳар чеккасидан келиб зиёрат қилишади. Мундоқ бўпти-да, келиб кўриш мумкин бўлгандан кейин, сеники-меники қилиб талашиш, қўпориш, бузиш, урушиш на ҳожат! Юқорида айтдим-ку. Ер юзининг қайси нуқтасида ётиш менинг учун барибир, деб.
Шундай қилиб, одамларга эс кирибди, деб бамайлихотир ётсам, э-воҳ, надоматлар бўлсинки…
Бир куни яна келиб қолишди. Бу сафар улар кўпчилик эди, на афсонага, на қисматга, на худога, на арвоҳга ишонадиган одамлар. Келишди-ю, бисмиллосиз, қўлларига мирсангу чўкич олишди.
Улар ҳали… эртасига жаҳон бўйлаб қонли қнрғин бошланишини, тўрт йил давомида эллик миллиондан ортиқ инсон ер тишлашини билишмас эди.
Бу 1941 йилнинг 21 июни эди-да. Ҳали тарихнинг энг фожиали тонги отмаган эди.