Асқад Мухтор. Инсонга қуллуқ қиладурмен (ҳикоя)

«Дилларни ёқ сўзинг билан, пайғамбар!»
А. Пушкин

Қуёш субҳ ёқасини чок этиб, кўк майдонида жилва кўргузгач, Соҳибқирон Қуръони каримни лавҳ устига қўйдилар. Кун саратон буржида эди, шиддати беадад. Ўрда саҳнида давлатпаноҳнинг оқ чодирлари шукуҳу асъаса ила чарақлаб кунга юз тутди.
Шу маҳал хиргоҳнинг кўринишхона йўлагида соч-соқоли ўсиқ, дарвишона хирқа устидан кумуш фўта боғлаб унга эса туғро безаги таққан бир кимса пайдо бўлиб, мунгли кўзларини ердан олмай, шоҳона остонага қараб ўтаверди. Чодирнинг давлатхона қанотида Соҳибқиронга кўриниш бермоқ учун мунтазир ўлтирган казо-казо салтанат устунлари, фузалою уламо, сипоҳсолору нўёнлар, хосу раъиядан келган калонтару кадхудолар — бири ҳайратда, бири ғазабда, ноилож қараб қолдилар. Белидаги дархону туғро нишонлари бунинг учун ҳуқуқ берадирким, ул зот нақшинкор эшикни беижозат очиб, ичкарига юз тутди.
—    Шул нопок девона била маҳрами асрор бўлибдурлар, давлатпаноҳ,— деб надомат қилди кимдир.
Яна биров маҳзал ила кулди:
—    Бир маҳрамлари кал Иноқ, бир маҳрамлари бул рўдапоким, боши кесилиб кетмаганидан ҳоло мамнун эмас…
«Девона» кирганида Соҳибқирон жиғали саллани бошларидан олиб, меҳмонга жой кўрсатдилар. У ўлтиргач:
—    Ниятларимиз, илоҳо, мустажоб бўлғай, — деб Оллоҳга такбир айтдилар. Соҳибқирон чорпоядаги нардни ҳам четга суриб, мубоҳасага кирмоқ учун шаймиз дегандек эътимод билдирдилар.
Ул зот ҳамон кўзини ердан олмай тааммулда қолгани учун, Соҳибқирон унинг ёдига солдилар:
—    Мубоҳаса Исо алайҳиссалом хусусида эрди…
—    Бале… Алҳол Биби Марям вазъ тўлғоқида афтода эрди,— фасоҳат билан бошлади «девона», товуши ажаб оҳангдор, тиниқ эди,— қулоқлариға ваҳий келдиким, аё умминисо, бу кун сандин бир ўғлон таваллуд ўлғайким, бу оламда шоҳу гадо ва жамъи маликуссалотин анга тиз чўкиб тоат қилгай ва абадул-абад атбоъ бўлурлар. Дарҳақ ул сабий манглайида шуълаи гардиш ила келдиким, то жониби Қуддуси шариф тамом мунаввар ўлди. Бу хабари арожиф исроил қавмининг Ирод отлиғ шаҳаншоҳига етиб, зулму фазиҳатда машҳур эрди, анинг ошуби ҳаддин ошди. Таҳликада қолган ул ғаддор амиру умаросиға, миршабу шабдонлариға, ҳатто жамъи яҳуда дояхонларигача амри дарғазаб қилдиким, ул кароматсаро сабийни топсинлар ва маҳв этсунлар. Илло гўдакни топмадилар. Алҳол, ул иблис алайҳуллаъна: «жамъи шаҳру кентни, тамоми исроил мулкини жустижў қилиб, шул кеча таваллуд топган ўғлонки бор, барини қатли ом қилинг», дея…
—    Бас қил, муғанний…— дедилар Соҳибқирон.— Фаҳмладикким бизнинг гўдаклигимиз афсоналариға шама қилурсен.
—    Оре,— деди тинглагувчининг эътимодидан қулфи-дили очилган сўзамол суҳбатдош.— Оре, сенинг чироғингни тангри ёндирибдур. Искандари Зулқарнайн туғилган мағорада Арасту ҳакимнинг лавҳаи номаси топилмиш, ани эшитиб билурсен. Ҳукамои Рум лавҳани ўқидилар: Мовароуннаҳрда бир ўғлон таваллуд топғайким, етти иқлим салотинин забун этгай, исми Искандари Соний аталур ва рубъи маскун анинг тасарруфида бўлур, деб. Алҳол, ваҳимага тушган етти салотиннинг жосуслари улус аро елиб-югуриб…
—    Тўхта. Дарҳақ, биз кўп жангу заҳмат ила ул етти салтанатга музаффару мансур бўлиб, алҳамдуллилоҳ, Мовароуннаҳрда барини яксар этдик…
—    Тамоми мулки Туронзамин, Ҳўқонду Хўжанд, Андижону Марғинон, Қошғару Туркистон жатта зулмидин омон топдилар. Мовароуннаҳрни итини инсон гўшти билан боқадирғон жатталардан мосуво қилиб, парчину қирпичоқ бўлган Чиғатой улусини давлати қавий айладинг…
— Илло сабийлиқдағи сеҳру асрори каромат — бари фасонадур. Арасту уламои юнон турур. Аларда асотиру фасона бисёр бўлур. Сен ҳам фасоначи эркансен, Айри. Ҳамд-сано Оллоҳга бўлсин, лоф бандасиға нолойиқ. Ғиёсиддин Али Яздийким, жангномасида шаънимизга лофни кўп айтибдур, бадиасини рад этдик. Юнонистонда дағи Ҳомер отлиғ асотиргўй ўтган. Улку батамом сўқир эрмиш. Сен эса бизни аён кўриб турибсен.
—    Барибир, эл, Амир Темур Оллоҳ таолонинг баргузидасидур, дерлар. Зеро, Зуҳал ила Муштарий буржида таваллуд топибсенким, Оллоҳ таборак еру кўкни шул соатда яратмишдир. Нужумотнинг бу ҳолати ҳар саккиз юзликда бир келурким, аларнинг чеҳрасида нури илоҳий зуҳур ўлнай. Аввало Искандари Зулқарнайн, андин сўнгра Муҳаммад алайҳиссалоту вассаллам ва дағи сен, қиблагоҳ…
Соҳибқирон, одатларича, лат еган чап елкаларига сал энгашганча силкиниб кулдилар:
—    Абас бу, нағмасоз! Ҳисобда ғалат кетдинг. Аввало Искандари соҳибқирон калимаи шаҳодатдин бехабар мушрикдур, бизнинг қаторимиздан эмас. Сен Исо алайҳиссаломдан бошлаб эдинг, анинг таваллуди…— дея яна ўринларида тебраниб кулдилар:—йўқ, бу бари тўқима, сен эса хизматимиздасен, номуносибдур.
—    Йўқ, мен сўз хизматидамен, деб айтдим. Сўз эса ҳақ хизматидадур.
—    Бале, шеъру шоир илоҳдин. Демишларким, отамиз Тароғай баҳодирнинг тўфанг ўқидин ўлмаган рақиблари Қозоғон нўён ҳазрат Сайфиддин шайхул-аъламнинг бир рубоийларидин телба бўлмиш. Сен ҳам бизни абётгўйлик ила телба қилмағай эрдинг,— дея яна кулдилар, аммо кўрдиларким, ҳамсуҳбатлари юзида табассум йўқ. Шунинг учун жиддий давом этдилар:
—    Гўдак чеҳрамизда нури илоҳий зоҳир ўлғони лофдур, илло уламолар машварати жорий юзликда исломға ривож берган шу зот дея бизга фатво берганлари рост.
—    Ҳа … Олам сеҳрлидур. Соҳибқирон. Унинг тарихи сенинг жангу жадалларингдангина иборат эмас. Анда руҳият, фусункор афсонаю илоҳий ҳикматлар…
—    Сенинг тунги наволаринг…
—    Оре, бари омухтадурким…
Ҳурматли китобхон, ижозатингиз билан, биз муҳобасани шу ўринда бўлиб, диққатингизни ўзга бир нимарсага жалб этамиз.
Кимдир бул тап тортмас шаддод?
Дунёда ҳеч ким, ҳатто ота-онаси ҳам сенламаган жаҳонгир ҳукмдорни сенлаб, у билан муроқаба қилур? Наҳот унинг жони ширин бўлмаса?!
Воқеа бундай бўлган эди.
Мовароуннаҳр ҳукмдори Хуросону Сейистонни ўғилларига суюрғол қилиб, Шому Ажам орзулари билан форс ҳудудларида қароргоҳ тортиб турганларида Мозандарон доруғасидан шикоят етди. Шероз улуси музаффарийларнинг зулму мусаллатидан додини кимга айтишни билмай, қон йиғлаб, Соҳибқирондан имдод кутар эмиш. Бу паёмдан саркарданинг ташвишлари чандон ортдики, тоқату ҳаловатлари йўқ эди. Ё раб, бу мумсик волию ҳокимлар сўқирмики, на Худо қаҳрини, на раъият касрини кўрадир! Шерозга лашкар тортиш сардори муаллонинг мўлжалларида йўқ эди, хаёллари бесари — пой бўлиб, оромлари қочди.
Маломат икки келур, нақлидан бўлиб, устига устак, шу кеча ватандан ялавоч чопар етиб, яна бир шумхабар айтди. Ялавоч аққиб отидан бемажол йиқилиб, ўлар ҳолатда шивир бердиким, Дашти қипчоқдан Тўхтамишхон етовида келган катта сипоҳлари Мовароуннаҳрни яғмо ғорат қилиб, Соҳибқироннинг она бешиги Занжирсаройни оташзада, Бухорои шарифни эса қамал қилибдурлар. Бухорода толиби илму аҳли фузалонинг қатлиға жазм этмишлар…
Давлатпаноҳ юзларига қон қалқиб, у ён-бу ён юргач, қўлларидаги жўжи чўқморини уриб синдириб, жаҳл отидан тушган бўлиб тошга ўтирдилар.
— Эй фосиди фузуҳ!—дедилар Тўхтамишни эслаб.— Ўғлимиз тенги, нури айн деган эдик муртадни. Хожа Шамс мозорида Қуръони мажидни дастига елиб, «Сизга наузанбиллоҳ жиҳод қилмагаймен», дея онт ичган эди, қасамхўр! Ғаддор!
Соҳибқирон шу кеча биринчи маротаба ҳорғин қариядек оромга ётдилар. Қасри Орифонда безовта тунадилар. Тушларида Баҳоуддин Нақшбандни кўрдиларким, қаландарсифат эмиш, айтдилар: «Аё ўғлон, жамъи кавкаб ҳут буржига келибдур, қирон бўлур. Нуҳ тўфонида ҳам мундоқ эрди, жатта ҳукамолари буни билмас. Бухорои шарифга лашкар тортгил», деб.
Эртасига давлатпаноҳ машварати умарога аён этдиларким, «Мовароуннаҳрга дарҳол қайтурмиз, юртимиз мусулмонлари биздан нажот кутадир».
Тасарруфларига олган яқин-ёвуқ шаҳру кентга волийлар тайинлаб, руҳи Расулуллоҳ алайҳиссаломга тиловат бағишлагач, эртасига бўз от миниб қарқарони дубулғага ўрнатдилар-да, найза-қалқон қўлларида, заррин фўта белларида, яроқ таққан минг тўфангчи даврасида, яшил туғ остида саф бойлаган икки туман лашкарни шимол томонга силжитдилар.
Бундай пайтда Соҳибқирон марқаби кажавада эмас, узоқ йўлга от минар эдиларким, аққим отнинг ёбон йўлларида елиши дилларидаги ғазаб чўғини андак совитар деган умидда. Илло, йўқ, билъакс, ҳориб-толганларида ҳам осойиш тополмай яна Тўхтамишни эслаб кетдилар. Ул нобакор бир неча йил муқаддам Урусхоннинг қасди қатлидан қочиб, Соҳибқиронни қиблагоҳ дея паноҳларига сиғиниб келган эди. Самарқандда унн илтифот ва сийлов билан кутдилар. Давлатпаноҳ унга Ўтрору Саброи улусларини пешкаш қилдилар. Дағи бир туман лашкар бошига қўйиб, «Бор, ёғийингни дафъ эт», дея фотиҳа бердилар. Меҳр кўргузуб, насиҳат айтдиларким, «Нури айним, зафарга кўзинг етса, ёғийға омон бергил, боғ-бўстонни вайрон қилма, бача-бағилни асир олма, аврот қўлға келса, асокирға айт — фасад қилмағайлар», деб. Ул нонкўр эса, барининг аксини қилиб, Дашти қипчоқдан бефатҳу зафар, мулзам қайтиб келди.
Соҳибқирон бу ношукрни отасининг қотили Урусхондан гина қилиб, унинг хунхор ўғиллари Қутлуғ Буға ва Тўхтақия қасдидан уч тобқир қутқаздилар. Тўртинчн бор ҳам неча туман лашкар бериб, Мамайхонни маҳв этишига, Олтин Ўрда тахтига ўлтиришига, Жўчи улусининг нуфузи ортишига ҳамият қилдилар. Энди эса ул густоҳнинг кўзларини фазиҳат пардаси босиб…
Қирқ кун деганда Жайхуннинг Хоразм соҳилларида Амир Темур лашкарларининг тўзон булутлари ва «сурон» садолари осмонни тутди. Қокил қўйган Темур сипоҳийларининг муборизлик важоҳатини кўргач, келгинди жатта сафларига ғулув тушиб, пароканда қоча бошладилар. Соҳибқироннинг Худодод Ҳусайн, Шайх Али отлиқ туманбегилари Тўхтамишни Сариғсув ва Зарнуқ ёқаларигача қувиб бориб, Анбар тепалигида тамом мусаҳҳал этдилар…
Бу жанглар тинганда ҳамал кирган эди. Соҳибқирон қароргоҳ кўтарган Хўжанд суйининг Акар туманида наврўзи ажам, хушбўй субҳи сабода қизғалдоқлар тебранар, тундаёқ кўприк қуришга чиққан пулсоз сипоҳий тўдаларнинг тарақ-туруқи олисдан эшитилар эди. Соҳибқирон аслаҳасиз, енгил хилъатда хос чодирларидан чиқиб, тонг нафасини олмоқ учун дарё сариға йўл тутдилар. Изларида, русумга кўра, содиқ қутволлари Иноқ борар эдиким, мулозимотларида сидқидил, ўлимдан тап тортмайдиган қавий жўша ва далер мубориз эди, иков соҳил устига доҳил бўлдилар. Қўрдиларки, қуйида бир тўда жулдуру нотавон жўчи асирлар юзбоши амир Қатағон поспонлиғида ўтиб борадир. Соҳибқирон кўзларида аломати савол зуҳур этди.
— Маҳкум ёғийлар, Соҳибқирон, қатли ом этилур,— деди Иноқ. Давлатпаноҳ андак тааммулга толдилар ва сафдан бирини кўрсатдиларки:
— Ани ҳузуримизға чорлағил,— деб.
Иноқ ул асирни олдига солиб олиб келди. Соч-соқоли ўсиқ, дарвешсифат бу зот, белбоғида кадусимон қўбузки, кўҳналигидан сайқалланиб кетмиш эди, кўзини ердан олмади.
Ўтган кечаси Соҳибқирон дарё жонибидан шул қўбузнинг дардли нағмасини эшитиб, уйқу ва оромлари қочиб, ҳушлари пароканда бўлиб эди.
—    Насабу насабингни айт,— дедилар Соҳибқирон.
—    Маҳкум бандамен,— деди асир беҳадик.
—    Биз сени ўлимдан холис қилдик.
—    Йўқ, мен алар билан ўлимга борурмен,— деди ул зот. Жавоби дағал эшитилди. Соҳибқиронга «йўқ» дегувчн бўлмасди. «Бир девона экан», деган андишага бордилар.
—    Ихтиёр ила ўлмоқ бандасига гуноҳ.
—    Ўз улусингни қатлиом этмоқ ундан ортиқ гуноҳдур,— деди дарвешсифат асир.
—    Булар хусусан сен ҳам, беҳаё ғанимлар, босқинчи жатталарсиз!—дедилар Соҳибқирон ғазаб хуружини босиб.
— Йўқ, мен турк фарзандимен, булар ҳам зоти-буди билан турку тожик!
—    Нечук?
—    Тўхтамишхоннинг одати борки, жанг сафларида ўзи қўнган манзил атрофиға турон замин фарзандларидин, қари-қури фуқарони тизиб қўйиб ишрат қиладур. Булар ўшал бегуноҳ шўрликлардан. Амир Қатағон асир олиб ҳайдаб келди.
Соҳибқирон ҳанг-манг бўлдилар, қонлари чеҳраларига тошди. Илло бу «девона» ўзига ярашмаган бир фасоҳат билан гапирадирки, айтганлари талбис ё макрга ўхшамасди. Уни хиргоҳга бошладилар. Иноққа амр қилдиларким, «Бу можаро тафтиш қилинсин, агарчанди гап хақ бўлса, «асирлар» эмас, амир Қатағон қатл этилгай.
«Дарвеш» Мовароуннаҳр ҳоқонининг тоқи-равоқига ҳар куни кириб юрган одамдек, на маснаду мақомига, на ҳашаму аслоҳига ҳайрат кўргузди. Ўлтур, десалар,— ўтирди, гапур, десалар — гапирди.
—    Тунда абёт айтиб нағма қилған сенми эдинг?
—    Мен.
Отинг нимадур?
— Айри Қўбуз дерлар.
Соҳибқирон, ҳазил қилур дея, жилмайдилар.
— Нечун «Айри»?
—    Термиз сайидлари етакида мурид эканмен, йўқликдан айрига сим тортиб чертар эдим… асли исмим Муҳаммад.
—    Бор. Либос ёпурлар, хизматимизда бўлурсен.
— … Мен сўз хизматидамен,—деди Айри Қўбўз тап тортмай,— сўз эса ҳақиқат хизматидадур. Соҳибимни сенга ҳам алмашмасмен.
Соҳибқирон лол қолдилар. Бу нағмакаш сўзида олампаноҳни бирон марта улуғламади, энди эса бетга чопиб… Соҳибқирон ғазабданми, ҳайратданми вужудларида андак титроқ сездилар. Ҳозир бу қулбаччани дарҳол чопиб ташласалар ҳақлари ҳам, ҳадлари ҳам бор эди. Аммо бу девонаи бенавонинг кўзими, сўзими—нимасидир бундай сайъидан тинди, қулоқларида унинг тунги сирли навоси янграб кетгандай бўлди.— Бу ҳаётда улуғ пийримиз ва қайнотамиз раҳматли Убайдуллоҳ Садр аш-шариатдин ўзга ҳеч кимса бизни сенлаб айтмаган. Сен иккиламчисисен,— дедилар қайғадир, чет бир нуқтага тикилиб.
— Жасорат эгасига қўл кўтармаслигингни билурмен, Соҳибқироннинг мардлигини яна бир бор имтиҳон қилишга жазм этдим. Зотан, менинг учун бунинг ззази баланд эмас, умримнинг бу ёғи текинга қолди, шоҳидсен.
—  Унда жасур эмас, таваккалчи тентак экансен.
— Эшитган эдимки, Соҳибқиронға табъи маҳзул бнр сўзамол созанда манзур бўлмиш, машшоқлар ичра даврада кўнгул очар эрди. Ўзи эса сўқир экан. Бир куни давлатпаноҳ андин: «Отинг нимадур?», дея сўрадинг. «Отим Давлат», деди созанда. «Давлатнинг кўзи кўр, бўлурми?», дединг. Созанда айтди: «Давлат кўр бўлмаса, оқсоқнинг қошиға келурму?!».
Соҳибқирон беихтиёр кулиб, нохуш совиган вужудлари яйради.
—    Бу ривоятдур…— дедилар.
—     Менинг Искандари Сонийни сенлаб гапиришим ҳам бир кун келиб афсона бўлур…— деди Айри Қўбуз. Шундан сўнг бу тунги муғанний Соҳибқирон кўзларига гўё бошқа бир қиёфада намоён бўла бошлади. Ногоҳ унинг кеча тунда куйлаган навои-ноласн бутунича ёдларига келди. У сўзлар гўё мусиқа бирла эскир мавжларида сайрона эди:
Барги сабз ёз бўйи кун нурин эмди. Куч йиғиб, деди: «Бас, кун — ўзим эндн». Ҳасаддин сарғариб, чирт узилдию пилдираб-шилдираб қаброға инди.
Кузнинг қаро туни, момақалдироқ,
Йиғоч теграсинда тентирар япроқ.
Барқ қилич сермаб, ёқар гулханлар,
Саросар тутанқиб биқсир гулшанлар.
Ўшал гумроҳ баргидин туташиб олов,
Ул дуркун ҳам ўртанур лов-лов…
Барг енгил, енгилтак мулҳиди зардушт,
Она мулкин ёқиб бўлур модаркуш,
Макруҳдир ким кечса у ҳувзатидин,
Алҳазар ёмоннинг мазамматидин…
Тунда дарё соҳилидан етган бу оҳанглар Соҳибқироннинг оромларини олган эди, энди эса бор маъноки фикрасти била уқувларига келди. Соҳибкирон бу навода аввал гўё тамоми ўз умрларини, кейин сарбасар ўт туташган дунёни, Мовароуннаҳрни кўрдилар. Агар гумроҳ япроқ Тўхтамиш тимсоли бўлса, бу бандаи бенавонинг сеҳрли қўбузи бизнинг сайъ-қўшишимизга ншорат қилмасму?
— Айри Қўбуз… кўнглимизға келурким, навои абетнинг ила эртанги жангу зафаримизни башорат қилурсен. Айт, қувиб борсак, нобакор Тўхтамишни маҳв этурмизму?
— Асрори ғойибни билмам, Соҳибқирон, фолу таъбир ҳам очмам, қуръа ҳам солмам. Вале, Оллоҳ дилимға солса, чертиб, куйлағаймен…
Бу жавоб мужмал бўлса ҳамки, Тўхтамиш дафъ этилмаса хонадонда ёнғин ўчмағай, деган фикр Соҳибқироннинг дилларидан кетмай қолди. Кечалари Айри Қўбуз абетидан ҳакмату каромат излаб тонг отдирар, шаддод қўбузчини жулусларига чорлаб, яна муроқаба қурар эдилар. Бу мубоҳасалар одат бўлиб қолди. Шоирнинг сирли, мавҳум суҳбатлари манзур бўлар, фаросату басиратиға ботинан таҳсин айтар эдилар. Шуйла, Айри Қўбуз, чапдаст Иноқ қатори, Соҳибқироннинг ўзгалар учун ҳайратомуз, расамад мантиқидан ғайри бир маҳрамлари бўлиб қолди. Бахши ўзини ортиқ эркин тутиши билан гоҳо Соҳибқироннинг ғазабларини оширар, аммо ул зот бу шаддодға негадир «Бор, озодсен!» дея айтолмас эдилар.
Энди азиз китобхон, тушундингизки, ҳикоямизнинг нбтпдосида улар ўртасида тўсатдан бошланган мубоҳаса ҳам шул жумладан эди. Соҳибқирон бу ғалати шоир билан гоҳи хаёлан ҳам олишар, аслида эса ёлғизликда ўзлари билан ўзларн зиддиятга кирар эдилар. Баъзан эса унда ўзларини кўрар эдилар. Шиддатли воқеалар асири бўлиб, ўлимдан тап тортмай, бетўхтов қонли жангларда минглаб асирларни кўриб дийдалари қотган Соҳибқирон ўзларини гоҳи шу одамга, ёки дилларини босим чирмаётган бир мавҳум руҳиятга асирдек сезар эдилар.
Дашти Қипчоққа қочиб дараксиз кетган Тўхтамиш ҳаловатларини ўғирлади. Ул қаёнда, тинчиб кетдими? Ё қувиб бориш лозимми? Оқ Ўрдага лашкар тортиш хусусида машварати ҳарб чорлашга ҳам иккиланиб, безовта бир қийноқда юрганларида ул доғулидан элчи келиб, нома тутдиким, мазмуни ва услуби чунон дабдабаликдир:
«Нома етиб Соҳибқирон қиблагоҳимға маълум бўлғайким, аввал ҳамду сано Тангри таборакким, кўкни муаллақ, ерни мутаббақ яратибдир, дуои дуруд Муҳаммад саллолоҳу ваалайҳиссаломгаким, Оллоҳ таоло анинг туфайлидин ўн саккиз минг оламни вужудға келтирибдур, шариат андин жорий бўлиб, залолат чўлида қолғонларни ҳидоят йўлиға солибдур. Алқисса, бизнинг ҳам шу йўлға киришимиз вожиб, орамиздағи беҳуда низоъу муҳорибада кўп аҳлоллоҳи бегуноҳ забун бўлди. Мусулмонни мусулмонға мухолиф этмай, шариат тақозоси била жанобимдин сулҳи хайр умнд қилурмен. Қиёматнинг андешасини қилайлик, деб муҳр босдим. Нома тамом — вассалом».
Буни ўқигач, Соҳибқирон руҳларида енгиллик сезиб, Худога шукрона айтдилар: «Иншооллоҳ, энди даштни бежангу жадал, бехуну ажал мусаҳҳар этурмиз», деб. Хушхабар суюнчиси учун уламои фузалоға икки қалқон зар инъом бердиларким, Тўхтамиш табоҳ қилғам Самарқанд мадрасаси таъмириға мусарриф этилғай.
Кўнгиллари тинчиб, кўп тунлар сирасида илк бор жону тан роҳатида уйқу олар эдилар, аммо субҳпдамда ёбондаги қўй кўраларидан бир нағмаи ажиб оғоз этдн. Бешак, Айри Қўбузнинг навозиши эрди, эътимодларини тортди:
Тонг кавкабин уйғотган сабо,
Дала-тузда мавжлан, марҳабо,
Қўйчибоннинг нафаси, ёки
Най навоси, сўлим, дилрабо…
Ўтарингни тундан қўриқла,
Оғилларни, чўпон, қулфла:
Ею ҳадангингни унутма.
Совимасин гулханнинг қўри,
Ҳид олади ўқ еган бўри.
Қон ҳидидан масту маккор у,
Қайтиб келса — чўпоннинг шўри.
Қуйруқини қисиб келадур,
Тулки янглиғ писиб келадур,
Тун фирибгар сокин ғафлатки,
Шарпасини тўсиб келадур…
Буни эшитгач, Соҳибқироннинг кўз ўнгида Қйпчоқ даштида яраланган бўридай тентираб юрган Тўхтамиш гавдаланди. Сапчиб, шабгоҳ ҳижобини йириб, оёққа турдилар. Ул қасамхўрнинг баландпарвоз номасига лаққа тушаёзган эканлар, ҳозир тун ўртасида оёқяланг қалтираб турган бу бегона зотга нафратлари тошди. У номанинг тазвир эканлиги аён эди-ку! Қани у зобити музаффар?! Соҳибқирон гоҳида ўзларига бир дам четдан иазар солиб, илло бағирларини кўп олуда қила билмай, бу ҳолатдан тезда чиқар эдилар. Асфарий саллани бошга олгач, хулла қабо устидан шоҳона фўта боғлаб, исфаҳоний қилични саланглатиб давлатхонага чиқдилар. Соҳибқирон ҳолатидан ҳамиша воқиф Иноқ зумда пайдо бўлиб, амирларни машварати ҳарбга чорлади. Шаҳзодалар тасарруфидаги улуслардан қўшин талаб қилиб ёрлиғлар юборилди, барлос, арғин, жалойир, дўлдой, тўғай, арлот каби қирқ аймоққа чопарлар, элатларга товачилар кетдиким, борича лашкар юборсннлар.
Икки ҳафта ўтмай, салкам бир лак лашкар Қўрғон остида Соҳибқироннинг кўрикларига доҳил бўлди. Раҳтироҳ бут бўлиб, тиловати Қуръондан кейин табал деган довул ноғоранинг садоси фалакни тутди. Чор тарафдин элу улус келиб, навозишлар айтиб, қиблагоҳнинг мулозиматларида бўлдилар, дуои фотиҳа билан фатҳу зафар тилаб қолдилар. Аламбардорлар ичида Соҳибқироннинг олтин зирҳли дубулғалари йилтиллаганда «Сурон» нидолари эшитилиб, қоровул тўдаси кетидан ҳировул ва чоповул қисмлари силжиди. Чап ва ўнг қанотлар эса Сиғноқнинг яйдоқ ялангликларига чиққандагина бемалол ёйилиб ўз ўринларини олдилар. Туман-туман отлиғ — пиёда лашкар ларзасидан осмон гувлар, найзаю қалқон чақмоқдай чақнар, бийдек Қипчоқ даштларида сийрак юлғун тебранар эди.
Кун оққанда уфқда ғубор кўринди. Кўп ўтмай қоровул тўдасидан хабар етдиким, жатта лашкари етти байроқ ила келадир, човурткадан зиёда, деб.
Ҳақиқат Соҳибқироннинг бошларига найзадек келиб урилди: «Ана, Айри Қўбузнинг ярадор бўри макри ҳақидаги тунги қўшиғи айни каромат экан! Сулҳи хайр дея нома битиб, ўзича бизни ғафлатга қўйиб, орқасиданоқ лашкар солибдур, ғаддор! Майли, ул бизни бу ерларда кутмас, қанотларни ёйиб «қучоғимизга» олурмиз!..»
Ёғийга икки фарсанг қолганида Соҳибқирон тизгин тортдилар. Жувонғор ва баронғор тўдаларни иккн қанотга кенг ёйиш учун дашт кенгликлари қўл келди. Алҳол, қоровулдан чопар етдиким, қипчоқлар ҳар отға икки боғ ўтни сургатиб, сиёсат бирла тўзон тўзғитиб келурлар. Соҳибқирон мўғул жангариларининг бу кўҳнаю жўн дастурини фаҳмлаб жилмайдилар ва тўсатдан босқин қилғувчи чоповул тўдасини шабихунга, яъни тунги ҳужумга йўлладилар.
Шабихун мудҳиш чопқин билан бошланди. Фириби фош бўлганини пайқаган ғаним орқага юз тутди. Ва қанот тўдалари ичра аросатда қолиб, қолган-қутганлари пароканда ҳолатда қочдилар. Соҳибқирон лашкарлари дашт тунининг жаҳаннамидан чнқиб, ёғийни тонгдин шомгача, сўнгра яна бир тонгдин яна бир шомгача қувиб бордилар.
Энди фақат ҳировул тўдалари олдинда, жанговар ҳолатда эди. Қолган черик аслаҳаю ризқи-озуқ заҳираси билан, ҳар бир аскар тўрт хил яроғи, дўрдиғу қозони билан орқада борар, оддий сафар тирикчилиги давом этар, капалакдай қўниб учадиган чодирлар орасида гулхан яллуғланар, қумғон қайнар, мол сўйилиб, чангакларда гўшт қоқланар эди.
Икки ҳафта ўтиб, раббиул-аввал кирганида ҳировул тўдалари бир кичик кент қўрғонининг мустаҳкам истеҳкомларига йўлиқдилар. Жосуснинг хабарича, истеҳкомлар доира-доира бўлиб, уларнинг неча қатлам эканлиги номаълум. Ҳар истеҳком забт этилганда ёғий ҳимоятнинг бари жонини фидо қилар, асло қайтмас эди. Кўп қон тўкилди, Соҳибқироннинг чопқинчи тўдалари ҳам гоҳ жанглардан совути ушалиб, ўпчину қалқонлари қилич зарбидан пора бўлиб, талафот ила қайтар эдилар. Соҳибқиронни талафотлардан ҳам кўра ул қўрғон элатннинг жонфидолиғи, беҳад қурбонлари, қонли талотўплар чарчатди. Бу тош ёнғоқни айланиб ўтиб, садқаи сар, дея сафарни давом эттиришни маслаҳат кўрувчилар ҳам бўлди. Аммо Соҳибқироннинг босган изига ўз маъмурий — валийларини тайинламай орқада забт этилмаган ёғий алботисини қолдириш одатларн йўқ эди.
Етти истеҳкомни қон билан олгач, тўхтадилар. Бу қўрғонни янчиб ўтиш асли ҳеч гап эмас эди. Илло, тинмай қирилаётган бу фидойи элатнинг не асрори бор?
Оллоҳ, бу не ҳикматким, бу хил қону қирондин кўра соғу омон таслим бўлмоқ кичик қўрғон учун минг азло эмасму? Бу гилқўрғоннинг нимасини асрайдур?
«Ҳай, шабихун қилиб беталафот олурмиз», дея, Соҳибқнрон шомда бу азобли ўйлар билан беҳаловат, ҳобгоҳларига кирдилар. Сафар чарчоғида қароргоҳ ҳам тез тинди. Бедору дилхун сокинликда жанг суронидан қутулган ёбонлар бир маромдаги мунглиғ чирилдоқ садоларига тўлди. Бунинг устига, қайдадир Айри Қўбуз нохун чертиб нола қилар эди. Уйқуни бой берган Соҳибқиронни ёлғизлик, чексизлик, айрилиқ ва дарбадарлик оҳанглари чулғади. Бахшининг эса бундан узоқ ўз дунёси, ўз эртаклари…

Пири комил рахт юклаб хариға, Юрар эрди мулки Ажам сариға, йўлтўсарлар чиқиб анинг йўлидин, Хуржунини юлқиб олди қўлидин. Сўрдилар: «Не хуржунингда, эй бобо?» Деди: «Бунда бордур дурри бебаҳо.» Шунда йиртиб матосини отдилар, Дуржи бекунж — йиғоч қути топдилар, Андин дағи харсанг қути топдилар, Йиғочини болта билан чоптилар, Харсангини янчиб — туйиб отдилар, Андин битта қумалоқ мум топдилар… Йўлтўсарлар дур қидирар эдилар, Бул мум экан, ўтга ташла, дедилар. Пирн комил тиз чўкди шундаёқ: «Ёлғон дедим, мен гуноҳкор, менн ёқ!» Мум тўфон мавжларида ушибдур, Нуҳнинг нажот кемасидин тушибдур. Анда пинҳон эрди буғдой донаси, Ки ҳаботот — набототнинг онаси. Алқисса, пир ўтга бериб жонини, Асраб қолди бани башар нонини…
Ҳорғин Соҳибқирон муғаннийнинг нимасидир ҳикматомуз бўлса ҳам, бундай узоқ ва беғам ривоятига мийиқда жилмайиб пинакка кетдилар.
Ярим тунда шабихунга сурон тортилиб, Гилқўрғон забт этилди. Қон кўп тўкилиб, муҳофизадаги элатдин кам киши омон қолди. Тонгда қўрғон ўртасидан бир қур қариялар Соҳибқиронга пешвоз чиқдиларки, уларнинг қуршовида бир юсуфжамол ўсмир бор эди.
— Бу норасида кимдур?—дедилар Соҳибқирон.
— Бу бизнинг, Оллоҳ муруввати ва шаҳодати билан, бўлғуси шоиримиз,— дедилар мўйсафидлар,— шу ёшидан илоҳий сўзлар ва гўзал ашъор айтадур. Шоят пстиқболда элатимиздан авлиё чиқар, деган умиддан ўзга ҳеч нарсамиз қолмади. Хонумонимиз куйди, фақат умиднинг жони қаттиқ, барчадан кейин ўладир. Бу сабийни ҳимоя қилиб, кўп фидокор фарзандларимизнинг қокижонини қурбон қилдик. Уни сиз Соҳибқиронга ҳам бермагаймиз.
—    Биз… биз…— деб Соҳибқирон ҳайратда анчагача сўз тополмай, бу вайрона ичидаги нуроний қарияларга қараб узоқ турдилар,—ул сизнингдур, биз олмаймиз… Илло, бизга ашъоридин айтсин.
—    Айтмайдур,— дейишди чоллар.— Қўрғонимиз атрофида ер қучиб нигун бўлган ярим элатимиз ҳурмати, ҳозир Оллоҳ анинг дилиға ҳикмат каломини солмағай…
Соҳибқирон, балки умрларида биринчи мартадир, сўзни суҳбатдошида қолдириб, мусаллам орқага қайтдилар.
Хиргоҳ дарборига етмай Айри бахшининг тунги нолиши хотираларига тушиб, жунжикиб кетдилар. Нағмани бира тўла эслаб, манглайларига муштлаб афсус тортдилар: «Ўшанда шабихунни тўхтатиб, эсни йиғиб олиш айни муддао эди-ку, қартайдикму, нима бало!? Оллоҳ бахшининг дилига соладур, нечук бизнинг дилимизға солмайдур?»’
Узоқ ўлтириб, ич-этларини еб, яна надомат чекдилар.
Шу маҳал Айри Қўбуз, бамисоли руҳ, одатича беижозат пайдо бўлди.
—    Норасидани кўрдингму?—дедилар Соҳибқирон бош кўтармай.
—    Ўзимни кўрдим…
—    Элнинг орзу-умидини кўрдим, Соҳибқирон.
—    «Бани башаранг ризқи…», «Ҳабототдин наботот»!—дея нағма байтларини эсладилар Соҳибқирон товушларида андек қаҳр ила.
—    Абетни эшитибму эрдинг? Бу ривоят, дарҳақиқат, элнинг эртанги маоний ва руҳоний ризқи хусусида. Эл ани жон баробар билиб, ўзини ўтга ташлаб, асраб қолибдур…
—    Қирғин ҳисобиға… Имо-ишоратни қўйиб, бизга келиб ошкора айтсанг бўлмасму эди?
—    Устозим шайх Саййид Ваққос айтур эдиларким, «Ўқилган чала бўлур, ўқилган бўла бўлур», деб.
—    Ишорат башорат эмас.
—    Ундай даъвом йўқлигини айтиб эдим қиблагоҳга. Мен Худонинг осий бандаси, дилимга солғонидин ўзгани билмасмен.
—    Биз…
—    Сен сипоҳларингиз Соҳнбқирон эмас сен. Сипоҳларинг зса — давлатнинг бандалари.
—    Алар Худонинг бандалари.
—    Алар дунё ишлари ила тамом банд. Мен аларга илоҳий сеҳрият борлигини эслатиб, дилларини тиканак сим янглиғ чирмаган дунё ишларидин сал чалғитишга урунамен.
—    Сен ўтган гал ҳам: «Олам сеҳрлидур, тарих жаҳонгирнинг жангу жадалларидангина иборат эмас, ул афсунгар афсона-ю илоҳий ҳикматлар ила ҳам бутун бўлур», дединг, бу хотиримизда.
—    Сирру асрор, кўнгил давлати, илоҳий сўз, элумиди, норасиданинг абети каломи…
—    Бас… сенга не керак?!—Соҳибқирон бу сўзларининг ўринсиз эканини билар, жаҳлларини босишга уринар, аммо бу шаддодни қувиб чиқаролмас здвлар. Сезар эдиларки, ундан ғайри янада афтодаҳол бўлғайлар.
—    Мана, сен жанг олдидан Қуръони мажиддин варақ очиб, оят ўқурсен,— деб давом этди Айри Қўбуз,—: менинг абётим сени тааммулга солур. Қариялар сўзидин бу ҳолга тушдинг. Инчунин, бағри тош эрмассен. Менга шу керак…
Бир умр жони ҳузур-ҳаловат кўрмай, жангу жадал, қонли қиронларда дийдаю бағри тош қотган бу инсоннинг кўнглини сал бўлса ҳам юмшатиш ният эди бу девонага.
— Жаҳонгирларга бош эгмадим, инсонга қуллуқ қиладурмен,— деди шоир,
Умрида илк бор эшитаётган бундай шаддод сўзлардан вужудлари қизиб, узоқ бош солиб ўтирган Соҳибқирон аста дедилар:
— Дайрда кўп савобу гуноҳ ишларни қилдик. Ҳар неки бўлса, Оллоҳнинг мадади, бандасининг тадбири биладур. Тадбиримиз тақдирга мос тушиб, фатҳу зафар ила шу кунга келдик. Илло биз Тўхтамишдек ғаниму фазиҳга бераҳм бўлдик.
Шоирга Соҳибқироннинг сокин товушлари хуш келди.
— Тасбеҳ дея қўйнингга солганинг илон чиқибдур, ани янчмоқ вожиб,— деди Айри Қўбуз…
Биёбонда тонг оқариб, шабнам ҳовурида кўтарилган қўға, юлғун ҳидлари ҳавода кулу дуд билан қоришиқ эди. Соҳибқирон аркони ақрабони чорлаб амр этдиларким, таслим бўлган улусга шоҳона марҳамат кўргузилғай. Баковуллар югуриб-елиб элга офият бердилар, улус амирларига совға-соврун улашиб, икки кун навозиш қилдилар, Улуснинг барча элатларида шикваю шикоят тингланиб, барига хирож, жузя, қўналға, бож, шилон солиқларидан холислик эълон қилинди. Соҳибқирон кечаги қарияларга малуқона хилъатлар пешкаш қилиб, бирини улусга волий таин этгач, тиловати Қуръондан сўнг яна юришга табал қоқтирдилар. Амир ноиблари чортуғу бурғилар билан чиқишди, мағлублар ҳам эл тутиниб, улардан кўп ўқчилар, чопқичилар, найзадорлар Амир лашкарига келиб қўшилди.
Тўхтамишхон тўдалари Хўжанд суйидан кечганидан сўнг, неча кун қочиб, Гилқўрғон улусидек бегуноҳ элатлар панасида, поёнсиз қипчоқ ёбонларида пусган эди. Қоровуллар ғаним сафлари рафторини олиб келгач, нкки қанот тўдаларн ёғийни ғафлатда босиб, яна чопқин қнлдилар, жатта яна ортга юз тутди. Соҳибқирон амирлари ҳировул тўдасини пистирмага жойлаб, чоповул билан от солиб, яна қувдилар. От дупуридан биёбон тебранар эди, лак-лак лашкар ғубор ичида мағриб-га снлжир экан, кунми-тунми ўтгани билинмас, фақат сабоҳнинг намчил салқинларида ароба ғирчию қўйчибон қуррейлари, той кишнашию туя пишқириқлари қулоққа чалинар эди. Темур лашкарларининг маҳобатли юриши ҳақидаги овозаси ўзидан уч кун олдинда юрар, ёғийни йўлда боғ-роғни ёқиб, тирик жонни чирқиратиб, хонумонини совуриб, дала-тузни човурткадай қийратиб, яйловларни тап-тақир қиртишлаб, жонҳолатда қочишга мажбур этар эди.
Қувишнинг ўн еттинчи куни отлар ўла бошлади. Бу ўлат эмас, қўним керак эди, қўнимга эса гиёҳ йўқ, бутун оғирлик тевалар ўркачига тушадиган бўлди. Қаёнга қочаётир, қаёнга бошлаб кетаётнр бу чиябўри?! Қайтсанг босиб келади, қувсанг қочади, тикка жангга хуши йўқ номарднинг. Иноқнинг хабарига қараганда, бир гуруҳ амиру нўён саросимада гап қилишибдур: «Тўхтамиш биёбонлар ичкарисига атай бошлаб, борса келмас манзилларда очлик ва ўлатдан тамом толиқтириб, тиз чўктирмоқчи экан». Чап қанот қанбулида терс мунақашалар сезилар эмиш. Лашкар тўдаларида бу саросимани Соҳибқироннинг салобатигина босиб турарди.
Кўп ўтмай захираларнинг таги кўринди, ўқдонлар бўшади. Юришнинг иккинчи ойида сипоҳлар дала паррандаларининг юмуртқаси билан куи кўриб, кейинроқ дашт ўти ва турли илдизларни тановул қиладиган бўлдилар.
Итни суйига етмиш фарсанг қолгакда Соҳибқирон тизгин тортиб, бир қияликда қароргоҳ ёйдилар. Сафи бузуқ лашкар ҳорғин ва оч эди. Тунда жабдуғу тер ҳиди анқиган жолиси ҳарб суронли бўлди: ҳалиги бир гуруҳ амиру нўёнлар найзаю қиличларини қумга сан-чиб «Ул юҳо домига тортиб фириб берадур, бизни забун зтадур, тобора ичкарига бошлаб, очу ҳорғинликдак йиқилганимизда келиб чопқин қиладур. Илло Соҳибқирон амр этсалар, биз ўлимга борурмиз!» деб шовқин солдилар. Иноқ бошлиқ амирлар ва Соҳибқироннинг фарзандлари эса чиғатой дастурига кўра давлатпаноҳ олдиларида тиз чўкиб, «йўқ, ул иблисни тирик қўйиб бўлмас, қувиб етиш зарур, токи байроғини тубан қилсун ул улусни талонга ташлаб қочаётган номард билан яккаталош қилайлик, илонни янчмасак яна бош кўтарадур, ҳужумга амр этинг!», дедилар.
Соҳибқирон чорпояда ўтириб оғирлик билан тингладилар: юзларидан у ёнга-бу ёнга оққанлари билинмади.
Кейин хос чодирларида ёлғиз тўлғаниб, хорғинликдан икки ракаат номозга ҳам холлари келмай ёбонга қапишиб қолган қароргоҳнинг гўристондагидек сукунатига қулоқ осдилар. Азобли ўйлардан юзлари тош қотган, қарашлари қўрғошиндек зил: мижжа қоқмас эдилар.
Соҳибқирон ҳарбий сафарда ҳали бундай беқарор бўлганлари йўқ эди, ёбонда сочилиб ётган лак-лак лашкаргина эмас, гўё бутун дунё буюк ҳукмдорнинг тонгги ҳукмини кутар, аммо у зотнинг хаёлларида зидлик тарозусининг шайини муаллақ эди…
Оғир хаёллар қийноғида кўзи кетиб қолган экан, тонгда харир бир эпкиндан уйғониб, тиниқ идрок оғушида роҳат топдилар: узоқда юлғунзор кенгликларга қўбуз навоси таралар эди. Соҳибқироннинг қулоқларига етди:
Ортда ёбону кенглик,
Ёғий бўлмай юз тубан,
От сол тонгги эпкиндек
Омадингни топ, топ!
Ёғий бўлмай юз тубан,
Кўзи қонга тўлмиш-ов
Юҳо макрин тутибон,
Ғорга доҳил бўлмиш-ов.
Ғор совуғи қаҳрли,
Ўз қаърига тортадур.
Ул мўлтони соҳирни
Босиш хавфи ортадир
Ёғийга ҳам ёғий бор,
Йўлининг одоғи бор.
Истиқболида зулмат,
Ваҳму рихлат доғи бор.
Ўзи топган моғора,
Лаҳад бўлур ўзига.
Ўпирилиб, тоғ аро,
Тупроқ тўлур кўзига.
Гул очилсин йўлингда,
Елканг узра офтоб
Байзо қилич қўлингда
Ёвуз бошин чоп, чоп!
Иноқ ҳам бедор экан, эшик очилиб қуллуғ қилди. Сабоҳга пешвоз чиқдилар. Ёйилиб ётган қароргоҳ уйғоқ эди. Амиру амирзодалар, туманбеги, юзбонл:, еи-поҳсолор баҳодирлар, яна яқин-ёвуқдан озиқ-овқат, совға-соврун билан тунда етиб келган кент саййидлари, улус амирлари ва амалдорлар давлатпаноҳнинг даргоҳборида интизор эдилар: «Буюринг, Соҳибқирон, нима қилайлик?» Риоят вакиллари тиз чўкдилар: «Талонга ташлаб кетманг, қиблагоҳ!»
Ҳукмфармо Соҳибқироннинг бесабр жўшиб туришларидан ниятларн аён эди. Кўзлари билан оломонда Айри Қўбузни излаб, тополмагандан кейин, жиловдорга имо қилдилар: «Ё ҳазрати Баҳовуддин!»—дебузангнга оёқ қўйиб, кумуш қошли эгарга отланганларида қанотлар саф тортган эди. От йўртиб, қанот қанбулларн, манглай қисм лашкарларига бир-бир сер солиб, сафлар салоҳиятини кўрувдан ўтказиб келгач, марқаб мешидан узоқ-узоқ совуқ сув ичдилар. Бу соҳибифармонинг барқарор хотиржамликлари белгиси эди. Демак, қароргоҳда жанговар кайфият шай. Уламо фатво бериб: «Ёғийнинг юзи қаро бўлсин!»—дея ғаним томонга бир сиқим тупроқ сочдилар, кейин сипоҳу риоятдан розилик бўлгач, довул ноғоранинг садоси келдию ҳар бир навкарни ғайратга киргизувчи машҳур «Сурон!» хитоблари икки қитъа даштларини туташтириб узоқ янгради. Аламбардорлар қўлида ҳилпираган яшил байроқ ўртасидаги учта тўлиной мушкул сафарнинг янги кунига пешвоз чиққандай, тонг нурида нуқрадек йилтиллаб юксакларда сузар эди. Амирзодалар бошлиқ қоровул илғорлари сарин ҳавони ёриб, тоғдан тушган баҳор тошқинларидай олға юрадилар. Ортда — ҳар қанотига уч туман лашкар қавжироқ саҳро ёнғинларидан кўкка ўрлаган тутундай, неча юз фарсанг масофани қоплаб, уфқдан уфққача ғубор кўтарди. Ўртада, захира қўшинлар, далер баҳодирлар қуршовида бош қўмондон қароргоҳи уммондаги буюк бир оролдай силжиб боради. Шотиру жиловдорлар Соҳибқироннинг ипакдай майин қадами билан қарийб ярим куррани босиб ўтган севимли оқёл тулпорларини боладай эркалаб, сал терласа ювиб-тараб алмаштириб турар эдилар. Иноқ эса бу отлар ҳақида бундай дер эди: «Соҳибқироннинг қўнғир тулпорлари ўлимнинг йўқлиғига кафил бўла оладур!»
Ҳафта ўтмай ғажарчилар хабар етқиздиким, ёғий ёйиқнинг Туратур десан кечивуда пистирма қурмиш. Пистирмаларни қора тунда босиш амир Шайх Нуриддиннинг ҳунари эди. Чап қанотда ғаннмнинг Қозончи етовидаги чериги Кайсув бўйида қўним топмиш эдиким, шу кеча сафлари бузилиб тор-мор этилди. Уммони Қулзум соҳилида мўғулий қайтағаларнинг кўп жангари тўдалари жойлашган эди, хунрезлик кўп бўлди, катта талофот Соҳибқироннинг қонларини чеҳраларига тоширди. Бир кечаси сара қўшин олдига чоҳ қазитиб, бу ёнини аробалар билан тўсиб, гулханларни сўндиришни буюрди, захира кучлар олдида ғул билан ўзлари от сурдилар. Соҳибқироннинг салобатлари ёғийнинг Бек Ёрлиқ ўғлон, Худодод Оқтов, Кунчи ўғлон каби машҳур мубориз баҳодирларини қочишга маҳкум этди. Шундан кейин зобит лашкар икки қанотини ростлаб яна юрдию Итил бўйидаги Увак деган жойда қаттиқ савашдан кейин Тўхтамишнинг байроғи тубан бўлди. Хоиннинг ўзи эса ўғлонлари, амиру нўёнлари билан саваш майдонини тарк этиб, Булғор чакалакзорларида жон сақлаш учун кўздан ғойиб бўлди.
Шундан кейин у ўзини ўнглай олмай, хонлик марта-басини тамом бой берди.
Энди шимолий даштлар соҳиби йўқ эди. Олтин Урда улусларида Соҳибқироннинг номлари хутбага қўшиб ўқилди, у зотнинг исми шарифларн битилган тилла тангалар зарб этилди.
Соҳибқирон ўз жасур баҳодирларини тархон унвонлари, кумуш камарлар, силовсин мўйналари билан, яна юз минг кепакий динор укулка ҳамда яхши отлар билан рағбатлантирдилар, навкарларга саҳоват билан улуфа улашдилар. Дарбанд, Сарой ва Ҳожитархон қалъаларини қайта тикламоққа фармон бердилар.
Иброҳим Дарбандий қасрида сайёди хоснинг ов гўштидан зиёфат егач, Мовароуннаҳр султонининг музаффар лашкарлари «сайқали замин» сарига асъасаю нусрат ила йўл олдилар…
Соҳибқирон билан Айри Қўбузнинг сўнгги мусоҳа-балари шундан кўп йиллар ўтиб. Шому Рум фатҳидан кейин Кешда бўлган эди. Бу пайтга келиб иккалалари ҳам қадди дол пири сафед, бир-бирларидан нечун ажралолмасликлари хусусида, дайру охират, гуноҳу савоб хусусида кўп ўйлайдиган. Соҳибқирон эса, айниқса, ҳорғин ва кўп асабий бўлиб қолган эдилар…
Оппоқ сочи елкасига, оқ соқоли кўксига тушган бахши «Султони рубъи маскун!» дея таъзим билан остонада пайдо бўлганида Соҳибқирон одатларича маснад мақомларидан тушиб, ўнг қўлларидан жой кўрсатдилар. Бандалик ниятларимиз мустажоб бўлғай—дея соқол силаб омин тутгач, жим бўлиб қолдилар. Ўлтириб Оллоҳга такбир айтиш ҳамиша андак сукут тақозо этади, аммо Соҳибқироннинг ўйчанликлари нечукдур тўзимсизроқ туюлар эди.
—    Бу кеч мирзаб чертмадинг, Қўбуз?
—    Қаридим, давлатпаноҳ.
—    Сендин дағи сўрмоқчи эдик: нечун абетингни тунлари таълиф этурсен?
— Тунлари осмони фалак яқин, давлатпаноҳ.
Соҳибқирон ҳорғин жилмайдилар.
—    Шеърни Оллоҳ дилингга соладур… айтган эдинг. Илло, қўй бу мавҳумотни, Қўбуз. Ани сабийларга де. Маълумким, фақат Қуръони карим Оллоҳдин нозил бўлмишдур.
—    Қуръони карим ҳам назмий каломдур, давлатпаноҳ. Калом — Оллоҳнинг иродаси. Лавҳи Оллоҳ, ақли кулл ва ақли аввалдур. Илло, аз вақтеки, шоир жонинн асраб қолдинг, мен каломни қиличға зид қўймадим.
—    Худо олдида шоҳу гадо баробар, қолаверса, сен бизнинг виждонимиз бўлдинг.
—    Шоирнинг виждони эса сўз, алҳол, сўз — ҳақиқатдур, деб айтган эдим.
—    Кимнинг ҳақиқати, Қўбуз?— деб кескин сўраднлар Соҳибқирон.
— Ҳақиқатни бўлишдан уруш чиқодур. Соҳибқироннинг қошлари чимирилиб, қоралғон кенг яноқларига ажин йиғилди. Афтидан, қалқиб келган жаҳлни тийиб, айтар сўзларини айтмадилар. Бахши буни пайқади, ўйчан узоқ тикилишиб ўтирдилар. Кейин совиб, «Ҳа, қариб қолдик…», дегандай, бошларини оҳиста сарак-сарак қилдилар.
—    Аё, Айри Қўбуз…— дедилар Соҳибқирон бош эгиб ўтирганларича,— фаросоту башоратингға таҳсин кўп айтдик, эмди… бизнинг қазоимизни башорат қилаолурмусен?
—    … Наузанбиллоҳ…— деб сапчиб тушган кекса бахши нурсиз кўзларини катта очиб, серрайиб қолди.
—    Рубъи маскунга фотиҳи музаффар бўлиб, салтанат қуриб, исмимиз Искандари Соний, жамъи маликул-мулкни илгимизға олдик. Кимсаки, бизга юрак бермайдур, бир ўлимдин ғайри. Ер юзида бизга бош эгмаган шу қолди. Андин бизга омон бўлурму, қачон бизга дуч келғай, айт.
Соҳибқироннинг қора булутдек босиб келган бу хунук кайфиятидан астойдил чўчиган бахши бу даргоҳда илк бор ўзини йўқотди.
—    Бандаси меҳмон…— деди овози қалтираб.
—    Қазои қадар ваҳдати вужуднинг лавҳи маҳфузида, яъни дафтари аъмолида қайд этилмишдирким, андин қутулиб бўлмас, Соҳибқирон.
—    Йўқ, айт, қачон дуч келгай? Биз билишимиз керак. Етти иқлимнинг ошуби гарданимизда, улгуришимиз керак.
—    Фақир авлиё эмасмен, башорат қилмам, агарчандиким, маликулмавт юз кўргузса айтиб йиғлагаймен.
— Иўқ, чалғитма, айт, қачон?!
Ё раб! «Кулли явмин батар… «Соҳибқироннинг чеҳралари қорайиб, кўзлари ёнди. Наҳотки, моуманлик азиятидин вос-вос бўлиб, нафсилаввомадин пушаймонлик етиб, ваҳимада қолғон бўлсалар? Алҳол, юзлариға сўз айтмоқ ҳам хавфли эди. Аммо Айри «йўқ»қа яна «йўқ» деди. Соҳибқирон вужудларини ўт олгандай, ўринларидан турдилар.
—    «Калом» дерсен, «Меҳмон» дерсен, дағи «ваҳдати вужуд…» Саройимизда исқирт жандангни тарк этмай, неча йил юрдинг, индамадик, сўфий! Устозинг Шоҳ Мансурнинг терисини шилган эдилар, ё сени
ҳам…
Айрининг шу жандадан бўлак йўқотадиган шайъи йўқ, сўз эса унинг соҳиби эди, айтди:
—    Бу хирқани муршидим елкамға ёпганлар, ул зотнинг рамзи ҳолларидурким, ечилмағай. Сўфийларнинг шайхул машойихи Ҳожа Аҳмадга эса Яссида муҳташам мақбара иншо этган сен эдинг, давлатпаноҳ. Мен сўфий эмасмен, илмим ғариб.
—    Бас! Ҳар икки сўз аро бизни мот қилмоқ дилингда иддаодур… Кўланканг кўринса ўлим ёдимға тушар, нега айтмайдур, нега айтмайдур, деб шивирлайдур шайтони лаъин. Тунлари нағманг ҳаловатимизни оладур, илло… айтмайдур, айтмайдур,.. Сен шоир эмас, шумқадамсен!
Айри Қўбуз англадиким, асаб таранглиги тобига етди, энди гап қайтариш у ёнда турсин, тасалли сўзи ҳам кор қилмас. У сўзсиз, таъзимкорона бош эгароқ, орқаси билан юриб, остона томон чекинди. Эшикка етай деганда ҳалиги таранг асаб узилди чоғи, гапни бўлиб берухсат чиқиб кетаётган хирқапўшни кўрган Соҳибқироннинг жахл хуружига кучлари етмай, «Мирғазаб!», деб юборганлари эшитилди. Бўлар иш бўлган эди. Мардуд шоир шу совуқ товушдан сурингандек, шартта орқа ўгириб саройдан чиқиб кетди.
Сўнгги пайтлар Соҳибқиронда бундай ногаҳоний ҳолатлар бўлиб турарди. Совуқ тер босган манглайларини ушлаб, эгилиб қолдилар. Нима бўлди? Нима қилиб қўйдик? Бу даргоҳга беижозат кириб, беижозат чиқиб кетадирган биттаю битта девонаи диловар шу эди…
Беихтиёр эшикка қайрилиб қарадилар. Остонада қизил гарданпўш ёпинган, юзи мурдадай оқ, лекин соқоли қоп-қора мирғазаб қўлини кўксига қовуштирганча икки букилиб турарди.
— Йўқол!—деб қаттиқ товуш билан жеркидилар Соҳибқирон титраб. Шарпасиз кириб келган жаллод худди шундай шарпасиз ғойиб бўлди.
Соҳибқирон беадад изтиробда тўлғанар эдилар. Хонадан-хонага шаҳд билан юриб дару даричаларни ланг очтирдилар, гўё ҳаво етишмас, дунё тор эди. Бундай пайтда жонларига ора кирадиган, таскин сўзини, ё ҳақиқат сўзини топиб айтадиган, гоҳ беозор, гоҳ дил-зор маҳрамлари қани?! Бормиди у, ёки тушларига индими?
Йўқ, у ҳали, мумкинки, кириб келади. Ижозатсиз, айни маврудида кириб келади… Худо хоҳласа!
… Аммо Айри Қўбуз қайтиб келмади.
Унинг ўрнига шундай хабар етдиким, шоири девона тун ухламай, шу тонг олдидан рихлат топибдур. Худо раҳмат қилғай.
Қандоқ?
Шундоқ. Тинч ва беозор. Ўз ҳужрасида чўзилиб ётиб, гап-сўзсиз жон таслим қилибдур, тонгда кирсалар, оқ соқоли энгагига тарашадай тиккайиб турганмиш. Такя баковулининг айтишича, марҳум туни билан ухламай, ювиниб-покланиб, сарипой оқ кийибди. Ва айтибдики эмишким, «Иншооллоҳ, текинга қолган бу жон ҳам асқотди: ул буюк зотни бир гуноҳдан асраб қолишга яради», деб…
Бу хабар Соҳибқироннинг ичларини лахча чўғдай ўртаб ўтди. Оғир яралардан сиқтамаган, ёлғизликда ноилож инграб юбордилар. Совуқ эди, баданлари совуқ, арк совуқ, олам совуқ…
Ҳутнинг аввалида Чин-мочиндан ялавоч чопар кепиб, яна бир совуқ хабар етказди. Қошғарга қалмиқ қайтағалари оралаб, мусулмонларни қақшатиб талон қилаётган эмиш. Жаттанинг бу элати ёвқур бўлади, нима қилмоқ керак?
Бундай савол туғилганда Соҳибқирон ҳамиша толиси ҳарб чорлаб, мусолаҳат қилар эдилар. Бу гал аркони ашрафу умаро Шаҳрисабзда машварат қурди: юриш керакми-йўқми?
Соҳибқирон турли фикрларни, гоҳ жўшқин, гоҳ сўлғин нутқларни узоқ тинглардилар-у, аммо зоҳиран нечукдир лоқайд қолдилар. Кейин Конигил тепалигида чодир қуриб, Хитой элчисини қабул қилганларида, унинг чинний совғаларини олиб раъияга улашганларида ҳам, зиёфат бериб амирзодаларга малуқона хилъат ёпганларида ҳам юриш хусусида маълум қарори қатъиятлари биданмади. Ниманидир йўқотгандай, бўшанг, ҳамон лоқайд ва паришон эдилар. У зотнинг беқарор иккиланишлари амиру сипоҳлар кўнглини ҳам иккига бўлди. Иноқ баҳодир Чин-мочинга юришнинг қизғин тарафдори эдиким, унинг атрофида бир сипоҳий гуруҳ жолис қилар, «Ёвнинг яғмосини кутмасдан сафларини бузиб ғорат қилурмиз!», дер эди Иноқ баҳодир. Қошғардан келган чопар кўп сергап экан, зиёфатда кайфи ошиб, лоф урдиким, тушкун кайфиятдаги сипоҳларнинг қулоғи унинг оғзида эди:
— … Уч фил устида темир дарахтидин бир ҳужра,— дер эди чопар ҳовлиқиб,— андин сиёсат билан овоз чиқарадиким: «Эй, турк, бу филлар ҳар бири неча шаҳру кентни вайрон қилғон беш юз ёшар жангарилардур, ким муқобил бўлса рахтини елкага олур, тахти-бахтини барбод урур» деб.
Қароргоҳда ғовур тинмади, олампаноҳ эса сукутда здилар….
Ахийри, Соҳибқирон лашкару аркони давлат билан Ўтрор мавзеига кўчишга амр-фармон бердилар. Ул мавзеда юриш олдидан лашкарларнинг уч ойлик кўриги бўлиши лозим эди. Аммо бу сафарга бари бир Соҳибқироннинг оёқлари тортмас, шаштлари паст, тунлари дилларида зафар умидини порлатгувчи Айри Қўбуз абёти ҳам янграмас эди! У зот бундай сўнуқ паллаларда лашкар тортиб ўрганмаганлар.
Сарём шаҳри яқинидан Арас суйи оқиб ўтар эди. Бу ернинг осмони сокин, қишнинг аёз тунлари узун ва беҳаловат. Бедор кечаларда Соҳибқироннинг қулоқларига қўбуз оҳанглари келиб урилар, сайр соатлари гўё Айрининг арвоҳи таъқиб этар эди: «Гуноҳимиздан кеч, эй шоири девона, зафаримизни каромат қилғил…»
Шундай беҳаловат аёз тунларнинг бирида Соҳибқирон ўрда равоқидан ҳорғин юриб чиқиб, соҳилдаги сой тошига келиб ўлтирдилар.
Тўқсон эди. Узоқ ва маъюс ўй сурдилар, хотиралар оғушида қолдилар. Бу вақт улуғ зотнинг ўғиллари Шоҳруҳ Ҳиротда ҳоким, Мироншоҳ тўра Бағдодда султон, набиралари Султон Муҳаммад Кандаҳорда валий-аҳд — барини ёдладилар. Машриқдан Мағрибгача ҳукмлари юрар, етти юз мўътабар бекзодалар хизматларида қойим, барини ёд этдилар. Хирқапўш, нағмакашнинг сўзларини хотирладилар: «Жаҳонгирларга бўйин эгмадим, инсонга қуллиқ қиладурмен…» Йўқ, Айри, афсус, жаҳонгирдан ҳайиқар эдинг. Шунинг учун ниманидир айтмадинг, ниманидир яшириб олиб кетдинг. Нега?,.
Узоқ ва маъюс ўй сурдилар Соҳибқирон. Шунда тонгги соҳилнинг бир боди бади мухолиф келиб, туслари тағайюр тепиб… Фалакнинг юзи қорайди…

1963 йил.