Азиз инсон, сенга нима керак?
Қайларга шошасан, қайда манзилинг?
Асқад Мухтор
Ҳар қадамда шошаётган, шошилаётган одамга дуч келасиз. Рўпарангиздан нуқул қаёққадир шошаётган ё шошилишга шай турган одам чиқиб қолаверади, қолаверади… У шошиб ёнингиздан ўтаверади, ўтаверади… Сиз эса ҳайрон бўлиб тураверасиз, тураверасиз…
Қай томонга қараманг, шошаётган одамни кўрасиз. У турфа хаёллар гирдобига ғарқ бўлиб, атрофингизда югуради: ё танийсиз, ё танимай қоласиз. Чунки йўлингизни кесиб, баъзан тўсиб, баъзан туртиб кетаётган одам ҳақиқатдан ҳам қайгадир шамолдай елаётган бўлади.
Дарвоқе, эй одам боласи, бунчалар қаёққа шошасан? Нега шошасан? Нима учун? Менинг шошилиб бераётган саволларим ҳавода варракдай осилиб қолади. Ҳавода. Улар ҳақиқатан ҳам ердаги одамга етиб бормайди.
Шошаётган одам бу саволларни мутлақо эшитмайди. Эшитса ҳам жавоб бергиси келмайди. Чунки улардан бири шошяпти, яна бири шошиляпти, бири шошмоқда, бошқаси шошаётир, шошиб-шошқалоқлик қилиб номаълумлик сари кетаётир. Хаёлингизга келтирсангиз, Гёте ёзганидек: “Шошқалоқлик – барча адашишларнинг онаси”, экан…
Сен ҳам одатдагидай эрта тонгда шошиб уйғонасан. Кўзларингни очасану ток ургандай шошилиб ўрнингдан турасан. Ёнингда ётган ёрингга қайрилиб ё ёлчитиб қарамайсан. У ҳам сен каби шошилиб уйғонади. Уйғонадию ваннага шошади. Азбаройи шошилганидан юз-қўлига ҳатто сув тегмайди. Тишларини ювишга ҳам улгурмайди. Сен каби у ҳам ишга шошаяпти. Аслида, хотининг бозорга ошиқаяпти. Бозор ҳам зўр ва гавжум ишхона-да! Худди корхонадай гавжум!
Нонушта ҳам шошилиш ноталари остида ўтади. Оғзингдаги овқатни шошиб чайнаганингдан нима еганингни ҳам билмайсан. Сўнг, шошиб кийиниб, кўчага отиласан. Ва кўчани, йўлакларни тўлдириб ошиқаётганлар сафига қўшилиб, сувдаги балиқдай “сузиб” кетасан. Шошаётганлар тўдаси яна бир шошқалоқ билан бойийди, холос.
Уйдан ишга, ишдан бозорга, бозордан боғчага, боғчадан дўконга, дўкондан шифохонага, шифохонадан дорихонага, дорихонадан ошхонага, ошхонадан бошқа… хоналарга шошасан. Аслида, бозорга ҳам жонсарак бориб, шошқалоқ ўрдак каби бошингни тўкин расталарга уриб, арзонроқ маҳсулот излайсан. Бозор қизиқ: биттаси шошиб сотади, биттаси шошилиб олади. Лекин машҳур шеърда айтилганидек, “Молим ёмон деган кимсани кўрмайсан”. Сен фақат бозорда эмас, балки йўлда, кўчада, бекатда, ҳатто тор йўлакда ҳам шошиб кетаётган бўласан. Турфа автоларда, метрода шошасан. Худо асрасин, гавжум чорраҳада, катта-кичик машиналар сувдай оқаётган тиғиз кўчаларда шошасан. Айт, яна қаёққа шошасан? Шошқалоқлигинг боиси не? Бундан мақсад нима ўзи, биродар?
Қаён кетмоқдасан, эй аллоҳнинг шошқалоқ бандаси? Нега сабр қилмайсан, қаноатни билмайсан, шукрона айтмайсан?.. Бирим икки, икким ўн, ўним юз, юзим минг, мингим эса миллион бўлсин, деб, ҳаллослаб чопасан, қоплаб йиғасан, йиғиб асло тўймайсан. Очкўз юҳога ўхшайсан. “Еб тўймаган, ялаб тўярмиди”, деган нақл борку халқимизда! Дақиқалар, лаҳзалар, кунлар, ойлар шошиб ўтмоқда. Йиллар ҳам пойгачилар мисол шошаётир. Худди тоб солинган соат милларидай тез ўтаётир. Гўё буларнинг барчасини вақт кушандаси ютиб юбораётгандай.
Ҳой, чопиб кетаётган одам, бир лаҳза тўхта, нафас ростла, атрофингга боқ. Акс ҳолда, ҳовлиқиб кетаётиб, ўзингни бехосдан бирор-бир деворгами, дарахтгами ёки темир панжарагами уриб оласан. Энг ёмони, ўзинг каби шошиб, шошилиб кетаётган яна бир шошқалоққа уриласан. Бундан ё бошинг ёрилади, ё пешонанг ғурра бўлади, ё бурнинг қонайди…
Эсингдами, бешикдан чопқиллаб тушганинг?! Шундан буён тиним, ором нелигини билмайсан. Шиддат билан ўтаётган умринг давомида, елиб-югуриб, чопиб, ошиқиб, шошиқиб қўлга киритганинг шу биргина асо бўлдими? Бутун умринг давомида елдай шошиб эришганинг шу бир қулоч ёғоч бўлдими? Ҳиссиз, забонсиз ёғоч?!.
…Нима, ҳаётнинг мазмуни фақат шошилишдан, шошқалоқликдан иборатми? Мундоқ бир пас ўтириб, қилаётган ишларинг, ўтаётган умринг ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрдингми, жиддий бош қотирдингми? Жонсараклигинг боисини тушуниб етдингми? Чопачопдан, ҳансираб югуришдан мақсад нелигини билдингми? Биров ота-онам, дейди, биров бола-чақам, дейди, яна биров набирамнинг ҳоли не кечади, деб қайғуга ботади? Уларни дунёга келтирган аллоҳ ризқини ҳам берар…
Замон ўзгаришлари шиддат билан кечаётир. Ўтиш даврининг залворли ғилдираклари асло тинмай айланаётир. Ободлик авжига чиққан палла. Юрт билан бирга ўзимиз ҳам, қалбимиз ва турмуш тарзимиз ҳам кескин ўзгариб бораётир. Афсуски, “шоли курмаксиз бўлмагандек”, бу жараёнда баъзан кўзбўямачилик, баъзан буйруқбозлик қилиб ўз шахсий манфаатлари учун шошаётган айрим ғаламис ва чўнтакпараст кимсаларнинг ножўя, нопок ишларини кўриб ранжийсан. Эй баднафс ва очкўз банда шошилиб, шошиб ариқ қазасан, иморат қиласан, ниҳол экасан. Сен қазиган ариқнинг торлигидан сув тиқилиб ё тошиб кетаётир. Қурган иморатинг тез орада таъмирталаб бўлиб бораётир. Эккан ниҳолинг илдиз отмасдан қуриб, сўлиётир. Сабаби – шошқалоқлик! Шошилинч ёки шошқалоқлик билан бажарилган ишда унум ва барака бўлмайди. “Шошган қиз…” деган халқ мақолини эшитмаганмисан?..
Шошиб уйланганинг ёдингдами, биродар? Кейин тирикчилик, деган олис ва етиб бўлмас манзил сари елкангга “олахуржун”ни илиб, ҳовлиқиб чопиб кетдинг. Ҳамон тўхташни билмайсан. Сен интилаётган манзилнинг, аслида, манзили борми? Оқибатда, бола-чақаларингни ҳам ҳовлиқиб тарбия қилдинг. Ҳаловат нелигини билмаган саргардон умринг ҳамиша елиб-югуриш лаҳзаларидан иборат бўлди. Шошганингдан сочларингга эрта оқ тушди. Пешонангга ажиннинг машаққат чизиқлари аёвсиз муҳр босди. Кўзларингдан нур, белингдан қувват кетди. Юрагингдан чўғ, умрингдан қўр кетди, лекин сен шошилишдан асло тўхтамадинг. Тўхташ нималигини билмадинг. Энди ўрни келди, яна бир ташвишли шошқалоқликдан огоҳ этмасак бўлмайди. Агар билсанг, изингдан болаларинг шамолдай шошиб келмоқда. Уларни бир лаҳза тўхтатиш, тин олдириш ўрнига, аксинча, уларни ҳам шошқалоқликка ўргатяпсан. Масалан, биттаси болам шеър ёзади, деб, бир даста алмойи-ажмойи ёзилган, ҳаваскорлик даражасидан ҳам паст машқларни таҳририятдан таҳририятга олиб югургани- югурган. Булар шеър эмаслиги, шеърнинг ёзилиш қоидалари ҳақида шўрлик муҳаррир куюниб гапирди. Унинг жон куйдириб тушунтиришлари беҳуда кетди. Чунки бўлажак “шеърият юлдузи”нинг китоби аллақачон чоп этилибди. Китобга таниқли шоирлардан бири жимжимадор “оқ йўл” ёзиб, ёш “талант”нинг “пилигини” роса кўтарибди.
– Болани шошириб нима қиласизлар? – деган саволга ота-оналари:
– Кўрик-танловда қатнашади. Керак бўлса, ғолиб бўлади, – дейишади ишонч билан.
Шошилиб “шеърлар” ёзган, шошилиб “китоби” чоп этилган “талант” атрофида нималар бўлаётганини билолмай ҳайрон эди, лол эди, гаранг эди…
Бундай сохта шошқалоқлик кимга керак, нимага керак?.. Ахир, шундоқ ҳам ёш талантларга, ёш истеъдодларга кенг йўллар очиляпти-ку! Болани чалғитгандан кўра, унга ҳунар ўргатсангиз бўлмайдими?
Умринг гўё телба шамолдай, тезоқар сойдай ўтдию кетди. Нега бу дунёга келдингу, қандай умргузаронлик қилдинг? Қандай эзгу амалларга бош-қош бўлдинг, қандай хайрли, ибратли, савобли ишларни амалга оширдинг? Шошилинч кетаётиб беозор чумолини босиб олмадингми? Эндигина қад ростлаётган ниҳолни тўсатдан синдириб кетмадингми? Ёнингдан ўтаётган гўдакни бехосдан туртиб юбормадингми? Ям-яшил майсаларга озор бермадингми?..
Кимга меҳр кўрсатиб, кимга яхшилик қилдинг? Ким билан дўст бўлиб, кимга садоқат, вафо кўрсатдинг? Кимнинг оғирини енгил қилиб, дардига малҳам бўлдинг? Кимнинг қандай мушкулини осон қилиб, қандай оғир юмушига мададкор бўлдинг? Қайси дилозорнинг дилига малҳам бўлдинг? Ақалли, бирорта ҳурилиқони севдингми, ўзинг ҳам севилдингми? Севгининг ширин-ширин дардларига мубтало бўлдингми?..
Шошқалоқлик билан ўтган ўз умрингдан қандай маъно-мазмун топдинг? Ким ва нима учун шошилдинг?
Шошилаётиб бошингни саждага қўйдингми, билиб-билмай қилган гуноҳларинг олдида тавба-тазарру қилдингми? Охиратингни ўйладингми? Қабр азоблари ҳақида бош қотирдингми? Азиз авлиёлар ва ота-боболаринг қабрларини зиёрат этдингми, руҳларига дуо-фотиҳа қилдингми?.. Шоир дейдики:
Авлод-аждодинг ким? Шошмай фикр қил,
Шошмай сўз дегилу шошмай зикр қил.
Шошқин дарёман, деб, вақт-бевақт тошма,
Уммон бўлмоқликка, айниқса, шошма!
Сенинг шошилиб юрганингга кўп бора гувоҳ бўлдим. Сен негадир сўнгги пайтларда маънавият гавҳари бўлган – китоб дўконлари ёнидан лоқайд ўтиб кетадиган ёмон одат чиқардинг. Дўкон олдидаги расталарда ёйиб қўйилган турфа китобларга ақалли бир қараб ҳам қўймайсан. Ҳатто китобнинг номию муаллифига мундоқ кўз югуртирмайсан. Чунки сен шошасан. Фақат китоблар оламидан эмас, балки илмдан, маънавият ва маърифат дунёсидан ўзинг билмаган тарзда узоқлашиб боряпсан.
Сен ҳатто ибратхона бўлган – театрлар ёнидан ҳам бепарво ўтиб кетаётганингни билмайсан. Азбаройи тез юрганингдан театр афишасига ҳам ёлчитиб қарамайсан. Шошқалоқ биродарим, кутубхоналарни аллақачон унутиб юборганингни айтмай қўяқолай. Биламан, бир марта берилган умрингни кўпроқ тўйларга, зиёфатларга, чойхоналарга бағишлайсан. Тўйдан-тўйга шошасан, ошдан-ошга чопасан. Зиёфат, деса, елиб-югурасан. Бир гал дўстингни тўйига шошиб кириб, чиқиб кетганингни кўрдим. Чунки бошқа бир тўйга шошаётган эдинг-да! Сени яна бир азада кўргандим. Шошиб келиб, шоша-пиша фотиҳа қилдингу дарҳол жўнадинг. Азадорлардан тузукроқ кўнгил сўрашга фурсатинг етмади. Шундоқ ён қўшнинг қазо қилганида, тобутни ҳам бирров ушладингу яна қаёққадир дарҳол ошиқдинг. Билсанг, у ҳам сенга ўхшаб шошган эди. Мана, энди, “тўрт оёқли чўбин от”да мутлақо шошилмай кетаётир. Энди, у, асло, шошмаслар, шошилмаслар оламига бораётир. Аҳмад Яссавий ёзганидек:
Гуноҳингга тавба қилиб, йиғлаб юрғил,
Кетарман деб, йўл бошиға бориб турғил,
Кетганларни кўриб сан ҳам ибрат олғил,
Ибрат олсанг, ётмиш еринг бўлар гулзор…
Охир-оқибат шошқалоқлик билан ўтган умринг сўнггида сени ҳам шошилиб кузатдилар, фарзандларинг, яқинларинг ҳам шошилиб кўзёш тўкдилар. Сўнг қабринг устига шошилиб тупроқ тортдилар.
Шоирнинг ўтли мисралари ёдга тушади:
Уюм тупроқ бўлди қувончи-ғами,
Кимдир боқиб деди: “Шунга шунчами?!.”
Қабрларда қулф бўлмайди, лекин улардан чиқиб кетишнинг асло иложи йўқ. Шошишнинг ҳам заррача фойдаси йўқ.
Қабр – умрнинг сўнгги бекати, шошаётган одамнинг охирги манзили. Чунки шошаётган, шошилаётган одамни то ўзи тўхтамагунча, уни ҳеч ким тўхтатолмайди. Елиб-югуриб, ҳориб-толиб, охири ўзи тўхтайди. Тўхтаганида эса кеч бўлади…
Охиратинг обод бўлсин, шошилган одам! Токи, сенинг шошқалоқлик билан ўтган умринг, бошқа шошаётганларга ҳам сабоқ бўлсин.
Алвидо, шошган одам!..
Сен билан видолашдиму, афсуски, бу дунёни қандай тарк этганингни, мутлақо билмай кетганингга жуда-жуда ачиндим. Бу кутилмаган даҳшатли ҳодиса бир лаҳзада рўй берди. Машҳур қўшиқда айтилганидек: “Чапингдан ўнгингга боққанча бўлмас”, экан. Агар вақти-соати етиб, ажал қувиб келса, тамом, ҳеч қандай илож топилмас, на бойлик, на мансаб, на куч-қудрат уни тўхтатиб қолаолмас экан…
Ҳақиқатан сен ҳам кўплар қатори оддий тасодиф туфайли қазо қилганингни билмай, билолмай кетдинг, шошган одам.
Ўша куни хархаша қилавериб ҳоли-жонингга қўймаган ўғилчангга ўйинчоқ олиб келиш учун “Болалар дунёси” дўконига ошиқаётган эдинг. Йўл-йўлакай, хотининг айтган қандайдир юмушни бажариш учун, одатдагидек елиб-югуриб “Супер маркет” томон чопқиллаб кетаётганингни билмай қолдинг. Ҳа, ҳар сафаргидай елиб-югуриб!.. Текис кўчадан тизгинсиз хаёллар гирдобида шошиб бораётиб, кутилмаганда ўнг оёғинг билан сирпаниб кетдинг. Кетдингу икки оёғинг ҳавода ўйнаб, бошинг билан бетон йўлга йиқилиб тушдинг. Кўз олдинг қоронғулашиб, қандай даҳшатли воқеа содир бўлганини англаб-англамай ҳушингни йўқотдинг. Касалхонада ҳам ўзингга келмадинг. Тилинг калимага келмай, бирор оғиз сўз айтолмай, бу ёруғ оламни тарк этдинг. Аслида, сен меваси ейилиб, йўлакка туфлаб кетилган оддий ўрик данагига сирпаниб кетганингни билмадинг. Ҳа, шошиб кетаётиб арзимаган кичик бир данакни босиб олган эдинг. Пошнанг билан, қаттиқроқ босганингдан данак чақилиб кетган эди. Данак пуч экан…
«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 2-сонидан олинди.