Ҳе, қуриб, чириб кетгур қармоқ, ярамас қармоқ, келиб-келиб… Илоё, ўтга тушгур қармоқ, куйиб кул бўлгур қармоқ, келиб-келиб… Ҳаҳ, тиғинг тошга урилгур қармоқ, пайинг узилиб кетгур қармоқ, келиб-келиб… Илоё, занглаб кетгур қармоқ, йитиб-йўқолиб кетгур қармоқ, келиб-келиб…
Сенга улкан кўлларда, катта-катта дарёларда, қанча-қанча каналу ҳовузларда сон-саноқсиз балиқлар оғизларини ланг очиб кутиб юрибди, қачон қармоқ бирор емиш олиб тушаркин, деб чарх уриб, сузиб юрибди. Сен бўлсанг, келиб-келиб…
Эҳ, қармоқ-қармоқ, сени оч балиқлар кутиб турганда, сен келиб-келиб, келиб-келиб-а… виждонга тушасанми?.. Одамнинг энг покиза, энг тоза виждонини нишонга оласанми? Ундан кўра қурбақанинг оғзига тушмайсанми, илонларга ем бўлмайсанми?..
Нима қилиб қўйдинг, номард? Нега виждонни бадном қилдинг, қармоқ? Энди охиратда бунинг жавобини қандай берасан? Ахир, виждоннинг охиратини ҳам куйдириб юбординг-ку!
Биламан, сен нуқул виждонни овлайсан, зудлик билан палағда виждонга киришга интиласан. Ҳар қандай луқмага ўч баднафс виждонни бир лаҳзада илдирасан. Бир илдирдингми, тамом, шўрлик виждон сенинг қулингга айланади, сенинг беминнат хизматчинг бўлиб қолади. Чунки сени ҳам, сени тутиб турган қўлларни ҳам шайтон сеҳрлаган. Билмайсанки, азалдан Виждоннинг душмани Шайтондир. Одам қиёфасига кириб олган айрим Шайтон ва шайтончалар турли лавозимларни, паст-баланд амал курсиларини эгаллаб олиб, нуқул Виждонни овлаш, Инсонни бадном қилиш пайида бўладилар. Шайтон қармоғига тушган, унинг ҳаром луқмасига илинган виждонсиздан қочадилар, имонсиздан нари юрадилар.
Сен кўзга кўринмайдиган ўта хавфли, очкўз нафс қармоғисан, гоҳ чўнтакдасан, гоҳо тилдан, гоҳ оғиздан, гоҳо бўғиздан илдирасан. Баъзан тортмадан, баъзан орқадан, баъзида болишдан, баъзида нолишдан, гоҳо боридан, гоҳо йўғидан, баъзан очидан, баъзан тўқидан, гоҳ маъракадан, гоҳ тўйдан, гоҳ кўчадан, гоҳ уйдан берган луқманг аввал лаззат, кейин заҳар бўлади. Афсус, бундан тоза виждон аста-секин сўлади.
Тортил, инсофсиз! Виждонни тинч қўй! Уни ҳар хил харом-хариш йўлларга бошлама, эй баднафс қармоқ!