Ашурали Жўраев. Гапсотар (ҳажвий монолог)

Ҳой, гапсотар, гапсотар, айт, қачон жағинг қотар? Тиним билмай сайрайсан, бунча жағинг қайрайсан. Бир нафас тин олсанг-чи, гапдан сал-пал қолсанг-чи. Иш деса гап сотасан, гапдан қачон ортасан? Гап сотиш ёмон иллат, бундан юрак ейди лат.
Ҳой, гапсотар, гапсотар, айт, қачон гапинг битар? Ё гапдан ёриласан, ё гапга қориласан. Қуруқ арава мисол гапни олиб қочасан, анойи кўнгилларга уруғ каби сочасан. Уйда нуқул гап дейсан, кўчаларда гап сотиб, чойхонада гап ейсан. Дўстларинг сезар гапдан, оиланг безар гапдан. Қариндош-уруғ қочар, сендан олдин гап очар. «Иш билганга бир танга, гап билганга минг танга». Ушбу мақол шиоринг, тўхта бир зум оғзинг юм, борми номус ва оринг.
Ҳой, гапсотар, гапсотар, гап сотган доим ётар. Гап сотиб ёз қишлайсан, айтгин, қачон ишлайсан? Деҳқон ерни тоблайди, сенчи гапни қоплайсан, ҳамма ҳосил йиғганда, мадҳияни боплайсан. Эринмасдан гап сотиб, бозорни тўлдирасан, тарозуга гап қўйиб, харидорни куйдирасан: «Кеп қолинг, ҳой гапхўрлар, сотаману кетаман, бир қопгина гапим бор, сотолмасам нетаман?»
Хуржунинг тўла гапдир, ўнг-сўлинг яна гапдир. Тўйга борсанг гап сотиб, микрофонни куйдирасан, меҳмонларни кар қилиб, жонидан тўйдирасан. Режа аниқ, минг оғиз гапирмасанг бўлмайди, лекин гапдан, оғайни, қорин қурғур тўймайди. Тўймаса тўймасин нетай, гап тугаса қайга кетай?
Ҳой, одамлар, қочинглар, гапсотар келяпти, елкасида гапхалта, шамолдай еляпти. Давраларни бездириб, жонингдан тўйдиради, гап сотиб охири гап билан ўлдиради.