Анвар Суюнов. Рўзанинг биринчи куни (ҳикоя)

Акадай қадрдоним
Алишер Исҳоқовга бағишлайман

I

Бир кунда Эрганаклининг устидан қанча самолёт учиб ўтади?!
Эҳ-ҳе, ўтгани қайси-қайтгани қайси…
Баъзилари шундоқ пастлайдики, қулаб тушаман дейди гўё. Баъзилари, ҳе-е, осмоннинг тубидан юради, фақат оқиш изи кўринади. Кўмкўк майдонда билинар-билинмас бўлиб, ниначи мисол ер шарининг у бурчига энади. Булунғур ёқада сигир боқиб юрган болакайлар кўзини қисиб, бармоқларини пешонасига тираб томоша қилади.
Самолёт – улар учун хаёл. Ҳа, орзу эмас, хаёл! Хаёл бўлгандаям чексиз, аломат хаёл. У ширали, кечиб бўлмайдиган ва ўша иштончан болакайлар билан доимо бирга юрадиган умидбахш бир нарса.
Шунинг учун Эрганаклининг тепасидан сомолёт ўтиб қолса хаёллари ҳам кетади. Кетгандаям учирим лабидаги қораола, қизилола говмишларини эсидан чиқариб, етти қат фалакка чиқиб кетади.
Устара пиёзнинг пўстидек арчиган тақир бошларидан саратоннинг аччиқ иссиғи ўтиб, ҳилдиратиб ташлайдики, кўкка боқишдан чарчамайди. Айримлари пастлаган учоқларни олдига солиб қувлайди. Қуваверади, қуваверади…
Би-ир маҳал овдан қуруқ қайтган тозидай ичини уриб келади.
Мабода, юқорида темирқанотлар борди-келдиси узилса, уч-тўрттаси бир бўлиб лойқа Булунғурга ўзини отади: сув чалпитади, молтийди, уватдаги қумда аллапайтгача узала тушиб ётади; лабларидан, иякларидан лойшанг томчилар селгийди. Бир-бирига тишининг оқини кўрсатиб кулишади.
Улар ташвиш нима, ғам нима билмайдилар…

II

Саратоннинг ҳовири босилган, ой тўлишган тун. Аллақерда қорачигиртка чириллайди. Бўйдор тераклар ортидан қурбақанинг қуриллагани эшитилади. Симёғоч белидаги чироқнинг хира нурида турли-туман ҳашоротлар винғиллайди. Атрофда шундан бўлак шовир йўқ, ит ухлаган. Ҳовли саҳнида ёз оқшомининг сокин таровати кезади. Молхона томондан аҳён-аҳёнда қорамолнинг пишиллагани, сўнг пишқириб кавш қайтаргани эшитилади. Енгил шабада оғил тарафдан арпасомоннинг какра аралаш ачимсиқ ҳидини олиб келади. Кейин яна тиниб қолади.
Ичкаридан ўн ёшлардаги иштончан болакай чиқди, ошхона орқасига бурилди…
Олма тагидаги тапчанда ётган эркак чапга ўнгарилди. Кўрпани очиб, ўпкасини тўлдириб “уф” тортди. Ёстиқ бошидаги човгумни олди.
Ўзини ухлаганга солиб ётган хотини зимдан кузатди.
Эри чумакка лаб босди: қулт-қулт-қулт. Томоғидаги бағбақаси ўйнаб-ўйнаб кетди. “Худога шукр!”- деди иягидан думалаб тушган томчиларни арта туриб. Яна оёқ узатди: икки қўлини бошининг остига олиб, юлдузларга термилиб ётди.
Бола иштонбоғини тортиб ўтди: Ўн бир балорлик уйнинг ўртасида ғужанак бўлиб тўшакка ташлади. Ёстиқнинг бирини бошига ёпди. Алаҳсиради: “Эртага мениям оббор, дадангнинг самолётида учай” – деди ғудраниб.
Момоси сергак тортди:
– Ўринбой, ма болам, дустаман ётма.
Қоронғуда пайпаслаб бошига келди, бир амаллаб ёнбош ётқизди; бола тамшаниб хуриллади. Сўнг бурчакдаги офотобани олиб қўзғолди.
Эркак эшикнинг оҳиста ғижирлагани ва кампирнинг алланимлар деганини тусмоллади. Бошини кўтариб қараб қўйди. “Ухлолмаяпти, – ўйлади хотини – Сўрасаммикан, – чапга ағдарилиб юзига қаради. Кўзлари киртайиб, қовоқлари осилган. Чуқур-чуқур нафас олади. Лунжини тишлаб, бармоқларини қисирлатади, – Сочи сийраклашибди, йўғ-е, тепаси тўкилибди ҳам. Барибир тиш ёрмайди. Энамга айтсаммикан, йў-ўқ, менга тиш ёрмаган, энам билан ҳасратлашаримиди; юраги ўйнаб кетмасин дейди – барибирам айтмайди. Ювошнинг юмшаши қийин, нима қилсам экан?!”.
Узоқ-узоқларда ит ҳурди, ҳургандаям жаҳд билан вовиллади. Ёнига яна бир-иккитаси қўшилди. Лаҳзалар ўтган сайин итлар товуши узоқлашиб, зимзиё қаърига сингиб кетди. Қибла томонда бозорга борадиган машина гур-гурлади. Чироқларидан таралган нур том бўғотини ялаб ўтди; деворлар ёришди. Тапчан остидаги мушукнинг кўзлари яшил тусда товланиб, қорачиғи бирчизиқ бўлди, лабини ялаб эснади.
Хотини ҳамтўшагининг бўртиқ даҳанида, ниманидир пичирлаётган лабларида тушкунликни, мунгли бир тақдирни кўргандай бўлди; рангининг суви қочибди, юзини чанг босганга ўхшайди. Сесканди: “Астоғфурилло! – деди, сиртига чиқармади, – Тавба, тавба, тавба… Бўтанининг бетини тескари қилсин”.
Қорачигиртка чўзиб-чўзиб чириллади.           
– Ишингиз нима бўлди? – сўради аёл – Терговингиз тугай деб қолдими?
Эркак индамади. Хотинига қия қаради:
– Бирор нима десангиз-чи, одамнинг ичини пиширмай.
Эри ўрнидан қўзғолди, кўрпани оёғига ёпиб ўтирди:
– Бировдан бир тийин олмаганман, худо кўриб турибди-ку!
– Ҳа, худога аён кимлигингиз, лекин терговчи билан анов – бетингни тескари қилгур билмайди-ку!
– Майли, унгаям боққан бало бордир…
– Шундай дейсиз-да, сиз, шундай дейсиз! – Аёл жаврашга тушди – Худодан бошқани билмайсиз.
– Куфр кетма… овозингни пасайт, энам уйғониб кетади.
Хотини тинчиди, ёнбош чўзилди.
Ой тераклар тепасидан эниб, том устига тушди. Эри кўрпани бўйнига қадар тортди: – Пўлатов Бакир Темирович, айбингизга иқрормисиз? – Ой шулъасига боқиб уч кун бурунги суҳбатни ёдга олди, – Талмовсираманг! – Терговчи қаламнинг кетини столга тўқ-тўқ уриб, салмоқлаб давом этди. Шу қадар босим билан тикилдики, Бакир Пўлатовни тер босди, кафтларини эзғилаб, кўзини олиб қочди.  – Ҳеч кимдан пул олмадим, ака. Ҳали бугунгача бировдан бир сўм сўрашга тилим бормайди – Тайсалламанг! Шикоятчи туяқумирсқадай ҳарф билан лўнда қилиб ёзган – Сўроқчи ҳашаки дўқ қилди, бир даста қоғозни боши баравар намойишкорона кўтарди. Важоҳатидан Бакир Пўлатовнинг ичида титроқ турди. – Айтдим-ку… – Тутила-тутила оғиз жуфтлади, кўз олдидан болалари ўтди. – Келди. Ишим нима бўлди деди. Бошлиққа учрашинг дедим, – Кейин, “бешюмалоқ” бўлади деб шипшитгансиз, тўғрими? – Терговчи танасининг ярмини столдан ошириб, бостириб келди. – Гапиринг! Тилингизга курмов тушди?.
– Кейин…
– Нима бало мум чайнаяпсизми, ҳадеб бир гапни эзғилайсиз!
– Хонамда эдим, кириб ўтирди, сўнг: – Ака, менга шу жойни олиб беринг, рози қиламан, деди. – Бакир Пўлатов ўша кунги хотираларни титкилаб, воқеаларни жонлантиришга киришди – Очиғи, столга мук тушиб ишлаётувдим, эътибор бермабман. Икки кун ўтиб, яна сўроқлади.
– Бу сафар қаерда эдингизлар? – Сўроқчи суҳбатдошининг гапини бўлиб, алланималарни ёзишга киришди:
– Ишхона ҳовлисида, тут тагида.
– Нимага?
– Чекишга чиқувдим.
– Хў-ўш, гапни нимадан бошлади!?
– Тўппа-тўқсиндан ўринбосарликка номзодимни киритинг, – деди.
– Иннанкейин-чи!?
– Бошлиқ билади дедим.
– Аввал нимани айтувди?
– Ҳеч нимани.
– Боя “Ишим нима бўлди деб келди” дедингиз-ку!?
– Менам шунга ҳайронман.
– Нимага ҳайронсиз, нимагадир келишгансизлар-да, шунинг учун бостириб келган.
–  Бир куни қоғозга кўмилиб ўтирувдим. Бошлиқ келиб, шапалоқдек варақ узатди. Унда бўлим бошлиқлигига номзодлар бор экан. “Ҳужжатларини тахланг!” – деди чиқиб кета туриб.
– Орасида шикоятчи бормиди?
– Ҳа.
– Нега бу лавозимга ўтирмади.
Девор ортидан хўрознинг пат-патлаб қанот қоққани, сўнгра зўр бериб қичқиргани эшитилди. Мушук алланимани мўлжалга олиб, бўйнини чўзиб ҳовлидаги бедапояга урди. Йўнғичқапоя ораси илонизи бўлиб тебранди. Ой тобора пастлади, оғил олдини шибат – соя қоплади. Юлдузларнинг туси ўча бошлади. Қибладан яна шабада қимирлади. Эркак хира туман янглиғ оқимтир сомонйўлига ўйсиз боқди. Туман орасида ғира-шира юлдузлар милтирайди. Айримларини илғаш қийин. Бир пас ўтиб, миясини осмон чироқларининг сирли жилоси мавҳ этди: “Юлдуз – баланд! – дафатан боши-кети йўқ фикрлар уйғона бошлади – Ҳа, улар – юксак, чексиз коинот болалари. Уларнинг ғам-ғалваси йўқ. Бола-чақа демайди, рўзғор кемтиги демайди. Улар – озод! Кимбилсин, умри ҳам абадийдир. Шунинг учун биз… юлдуз экан деймизда…”. Шу кез симёғоч остидан бегона кучук ўчоқбошига қараб лўккилаб юрди.
– Тур, кет!
Сўкчакдаги калишни отди. Ит ортига қайрилди, думини қисиб ғов томонга йўрғалади. Аёли уйқусираб бошини кўтарди. Човгумни олиб тандирхонага юрди…
Симёғоч чироғининг хира нурлари тушиб турган айвонда қайнона-келин нималарнидир пичирлашиб чой ҳўплайди. Баъзан коса қилиб сўйилган тарвузнинг сувига нон ботириб ейди.
Тағин ўй босди:         
– Бўлимнинг янги раҳбари билан бошлиқларингиз орасида бирор нима сезганмисиз?
– Умуман ошқатиқлиги йўғийди.                   
–У номзодлигини билармиди, айтганмидингиз?
– Йўқ, ҳеч кимга оғиз очмаганман.
– Нега унда шикоятчига “бешюмалоқ бўлади” дегансиз? Дангалини гапиринг, ўзингизга яхши бўлади.
– Иккинчи мартасида хўжайиннинг олдига кирдим.
– Нима дедингиз?
– Тўра Қайтмасович шу одам ўринбосарликни сўраяпти, хатингизда ҳам борийди, нима қиламиз? – дедим.
– Телевизордан кўзини узмай: “Беш юмалоқ” бўлади, тайёрланаверсин” деди.
– Чиқа солиб хабаркашлик қилгансиз, – Терговчи қоғоз қоралаб давом этди – Пайтида порахўр раҳабарни фош қилмайсизми?.
– Йўғ-э, Тўра аканинг ундай қилиғи йўқ.
– Ичига кириб чиқмагансиз-ку.
Бакир Пўлатов жим қолди. Сўров эгасига маъносиз кўз ташлади.
Дераза пардаси оша сизиб кирган хира нур  юзини бадтар қорайтирган. Аъзои бадани терчилаётган эди. Шинам хона, бурчакда компьютер столи,  чапда бир туп қуманжир, ундан берида ҳужжатлар тахлами, комьпютер экранида қизил-сариқ балиқлар у ёқдан бу ёққа бориб келади.
Терговчи тебранма курсида бир ёнга босиброқ ўтирди-да, бошини лиқиллатди. Қоғозлар тахламидан хатжилд суғуриб олди. Бакир Пўлатов қунишиб, қиёфасига илҳақ тикилади. Боғични секин-секин, салмоқлаб ечаверди. Ичидан аллақандай варақни олиб, зўраки қовоқ уйиб, пичирлай бошлади: “Қамалиб кетасиз, ака! – Овози билинар-билинмас, пашша ғўнғиллагандай хона бўйлаб сузади – Етти йил беришади, балким ундан ҳам кўпроқ. Содда бўлманг, ака. Содда бўлманг!”. Бакир Пўлатовни залвор босди, оёқ-қўллари қалт-қалт қилиб, бошига ари уя қургандай бўлди; ҳеч нимани эслолмайди, тили калимага келмайди.
Аъзои баданидан тер қуюлаверди. “Нега бундай бўлиши мумкин – дафатан миясига шу фикр урди – Қаерда хато қилдим?!”. Сўроқчи бармоқларини лабига босиб, саҳифаларни бирма-бир ўтказди:       
– Сизни бошқа тергамайман, – Алланималарни ўқиш баробарида сўрай бошлади – Тўра Қайтмасович билан янги ўринбосарнинг таниш-билишчилигидан хабарингиз борми?
– Улар яқин эмас эди-ёв.
– Шикоятчи Эсиров билан-чи?
– У Тўра ака бизга келмасидан аввал ишларди.
– Нима иш қилгансиз, ўзи?
– Бўлимда бош мутахассисман.
– Ҳей, бунчалик анқов бўлмасангиз! – Сўров эгаси илкис овозини баландлатди, қўлини пахса қилди – Бош мутахассислигингиз маълум, улар орасида қандайдир алоқа бўлганми деб сўраяпман!   
Гумондор елка қисди, ўйга чўмди.
Теваракда аёлидан бўлак қора йўқлигини билиб ётаверди.
–Ўринбой, ма, сув ич – Ичкаридан кампирнинг синиқ овози эшитилди – Бослиқдингми? Йиғлама, берман ке, ўзимнинг қулунтойим”.
Яна бир пас ётди. Оғил томонда оппоқ сут ипакдек эшилиб, челакка тиз-тизлаб урилди. Ҳаял ўтмай челак ичи шўр-шўрлай бошлади. Тағин хаёл тортди:
–  Ҳеч бало сезмаганман.
– Одам сал синчковроқ бўлиш керак, ака. – Терговчи белгисиз томонга қараб сўзланди – Худобехабар, лаллайиб юрасизларда…
– Ростини гапиринг ака, кесилиб кетаманми?
– Бўлмасам-чи, ишни ёпишим керак.
– Жон, ака! – Бакир Пўлатов ҳеч нарсани тушунмади, лекин қаршисидаги одамдан умид қилди. Умид қилгандаям қисматим шу кишининг илигида деб ишонди – Ихтиёрим сизда экан, ёрдам беринг, учта қовурчини қотмаган болам, пишиб турган энам бор…
–Менга қаранг – Терговчи паст оҳангда, дона-дона қилиб давом этди – Сиз эътибор бермагансиз, жамики қилғилик атрофингизда бўлиб ўтган. Сиз эса, – Бир-икки дақиқа сўзсиз туриб қолди – Ҳаммани бирдай билгансиз, жиноятни ўзингизга қилдираётгандаям, буйруқни бажаравергансиз, ўргилдим! Сиз, сизнинг жойингизни кўзлаган, тушундингизми! Энди мен қандай ёрдам бера оламан?.
Бакир Пўлатов анграйиб, лаб жуфтлагани мадори етмади. Тинкаси қуриб, оёғидан қувват тортилди. Тиззалари қалтираб, ичидан иссиқ ҳовир кўтарилди. Тили танглайига ёпишиб қолгандай эди. Базўр куч тўплаб сўради:
– Акажон, шу топда ҳақиқат нонданам азизроқ, тозалигимни исботлаб бера оласизми?
– Қўлимдан келмайди.
Кун пешинга оғди. Офтоб чийпарда оралаб, девор бўйлаб олақуроқ соя ҳосил қилди. Терговчи стол тагига энгашиб сувидишни олди; қулт-қултлатиб пиёлани тўлатиб шеригига узатди. Шақирлатиб компютерда аллақандай хат битди. Хатжилдни ёпа туриб, Бакир Пўлатовга бир даста қоғоз берди-да “ўқинг” дея имлади…
– Суд ҳал қилади! – деди хонадан чиқиш олдидан.
– Турмайсизми? – Хотини тандирхона томонга ўтаётиб гап ташлади – Тўшакларни йиғиб олай, энам турган.
Тонготар қирмизи тус олиб, баҳайбат тоғлар, бепаён далалар, муаззам боғлар ошиб Эрганаклига етиб келди. Улкан қари олманинг пуштиранг мевалари, ғиж-ғиж барглари шафақдан ялтиради. Йўнғичқапоя узра жимирлаб, шудринглар кумуш тусга кирди. Ўчоқбошидан ҳўл ўтиннинг ачимсиқ оқиш тутуни кўтарилди. Хотини сигир бошвоғини ўраб подага ҳайдади. Тапчан теварагига сув сепиб, дастурхон ёзди. Онаси неварасининг сутига нон тўғради.  
–  Рўза кирмасдан отамга ош беришимиз керак, – Оминдан аввал онасига юзланди – Маъракасини эртароқ ўтказсакмикин…
–  Бугун рўзанинг биринчи куни, ҳайит билан бирга бўладида энди – Онаси юзига фотиҳа тортди – Йўл бўлсин, отланиб тургандайсан.
–  Шаҳарга тушиб келай.
–  Тинчликми, ишқилиб?
–  Ҳа, бир-икки ташвишим борийди.
–  Майли, – Пичирлаб дуо ўқиди ичида: – Қасд қилганлар паст бўлсин, – Овозини баландлатди: – Ҳамиша худойим паноҳида сақласин.
Уй ичи қўзғолди: онаси бузоқни судраклаб бедазор гирдига арқонлади. Ўғли оғил бурчагидаги эшагини етовга олди…
–  Менга қара, эгнимга қалинроқ нарса бер, – Уй биқинидаги дарчадан чиқа туриб тўхтади.
–  Чиллада қалин кийимни нима қиласиз?
–  Айтганимни қилсанг-чи!
–  Мабодо, бир-икки кунда қайтмасам, – Узоқ-узоқларга қараб сўзланди – Қорақишлоқдаги Бутунбой тоғамни айтиб отамнинг йилини ўтказинглар…
Хотини эсанкиради, бўғинлари бўшашди, ичида нимадир чирт узилгандай бўлди. Қовоғига ёш қалқди. Гапира олмади…
–  Жўртага айтдим – Кулимсираб аёлининг сочини сийпади – Ҳамма гапимга эътибор бераверма.
Йўлга тушди.
Хотини шу кўйи сўзсиз туриб қолди.
Тупроғи билқиллаб ётган кўчада бир-бир қадам босади. Товонидан кўпчиган чанг селгиб туриб қолади. Елкасига ташлаб олган костюми онда-сонда оҳиста тебранади. Бошини эгиб, аёлининг хаёлида кичирайиб, етмиш ёшар чолдай букчайиб олислайверди. Буримга етаверган сайин бамисоли қорага айланиб, саратоннинг ҳил-ҳил ҳовирига сингишиб кетди.

III

Бир кунда Эрганаклининг осмонида ўнга яқин, балким ундан ҳам кўпроқ самолёт кекса қарчиғай мисол пастлаб, бошга тегай-тегай деб парвоз қилади. Қўнаётиб ҳам, кўтарилаётиб ҳам шундай – ерга яқин, Эрганакли болаларига ёндош учади. Ҳали қисматнинг талху тақирини билмаган гўдак подачилар учоқ бўйлаб чопади.
Чопаверади.
Гоҳида говмишларини йўқотиб, катталардан дакки эшитади. Аммо, темирлочинларни қувишдан чарчамайди.
Чарчаш билмайди.
Ёвшану янтоқзорлар оралаб, тиканак босган ковулзорлар оралаб югуради.
–  Ўринбой чоп, анов самолёт сеники! – Кунда куйиб, елка териси арчилиб кетган камшик болакай бор бўйи қичқиради – Отам айтди, даданг самолётда келаркан. Югур!!!
Чилла жамики тирикликни товага солиб қовургандай қиздиради. Адирлар адоғидаги қишлоқ ўлик чиққан ҳовлидай тинчиб қолган. Фақатгина серваҳм жарлар аро лойқа Булунғур эшилиб-буралиб оқади. Иштончан подабоқарлар Император пингвинлари каби баҳайбат қоялардан қийқиришиб сувга ташлайди.
Ҳе-е узоқларга дам кўриниб, дам кўринмай сузиб борадилар…