Анвар Суюнов. Ота уй (ҳикоя)

Ёмғирдан сўнг ярқираб чиққан қуёш нурлари кўпчиган тупроқни қиздира бошлади. Тизза бўйи ўтлоқлар устида тебранаётган буғ ўрлаб кўм-кўк баҳор осмонига сингиб кетади. Пичанзорлар орасида бир маромда сайраётган муллатўрғайнинг чуғур-чуғури адир бўйлаб кезади. Ғўбдинтоғ этагидаги ёйилмаларда пода боқиб юрган болакайларнинг қий-чуви қушлар чуғур-чуғурига эш бўлиб, олис-олисларга учмоқда. Қибладан эсаётган намхуш шабада ёмғир аралаш тупроқ ҳидини узоқларга олиб кетаяпти.
Сел йўлида ҳосил бўлган ўнгирда бир қўнғир тулки шабада эсаётган томонга тумшуқ чўзиб, кўксини елга тоблаб бир пас турди. У шамол йўналиши бўйлаб ҳид олмоқда гўё. Кейин сарак-сарак қадам ташлаб сал илгарироққа юрди. Сой бошида эса нам тортган шох-шаббанинг бурқсиган тутуни кўринди. Олов эгаси тутун тагидаги қўрадан иккита усти куйган картошкани ҳалачўп билан думалатиб олди. Картошканинг пўсти чўғда куйиб, ёрилиб кетган. Ўша ёриқлар орасидан куюнки аралаш димоғёрар ҳид таралди. Қўнғир тулкини ана шу таъм безовта қилгандир эҳтимол. У қўнғирбошлар оралаб шу томонга йўл солди. Бироқ осмонда қандайдир ўлаксахўр қуш пайдо бўлдию тулки яна қўзиқулоқлар орасига уриб кетди.
Эгри-бугри сайҳонлик этагидан чиқиб келаётган отлиқ шу томонга ўрлади. Гоҳ пасайиб, гоҳ тезлашиб турган ел бир маромда тебраниб келаётган жийроннинг думи ва ёлини чилтор қилларидек ўйнайди. Офтоб отнинг хурмо тусига оловранг жило беради. От бошини селкиллата-селкиллата сувлиғини ғижирлатиб қадам ташлайди, оғзидан чайналган ўт тутамлари тушади. У яна илкис энгашиб коврак ёки барра шувоқнинг бўлиқ жойидан узиб олади. Отлиқ шундай кезлари юганни силтаб тортади: “Чуҳ, касофати мол”, деган товуши эшитилади унинг. Йилқи биқинга тушган тўмтоқ тепкидан тўрт-беш қадамга сергак тортиб, йўртиб кетади.
— Ҳорманг биродар, ош бўлсин, — деди отлиқ куймаланиб картошка тозалаётган кишига, — қўйлар овқат олдим-а?
— Саломалайкум, келинг қани, — деди у ўрнидан қўзғаларкан отлиққа қўл чўзиб, — туз тотинг.
— Майли, раҳмат. Яқин беш-ўн кунда эллик чоғли сурувга кўзингиз тушмадими?
— Йўқчимисиз?
— Ҳа, шундай. Ҳафта бўлди, бир оқшом қўйлар ҳайигиб кетибди.
Чўпон ва отлиқ анча вақтгача шу тахлит гаплашиб турди. Қибла шамоли кучайиб ёмғирнинг муздай тафтини уфура бошлади. Отлиқ чопонига ўраниброқ жиловни чўққининг ўсма тошлар оқиб тушган томонига бурди. От ўрловга кўтарила бошлади; мушакдор сонлари таранглашиб, илдам оёқ олиши ортда қолган чўпоннинг ҳавасини келтирди: “Отмисан, от! Тиллога алишсанг, ютқазмайсан, — деди ўзига-ўзи, — ҳее, бу дунёда йўқчи билан касалга қийин, икковиям қидириб яшайди”.
 — Ҳой, ёдингиздан чиқмасин-а, орасида бешта олабел совлиқ ҳам бор! Шуниси эсингизда турсин…
Тасодиф хитобдан чўпон ўзига келди. Йўқчи чўққи бошида суюнчисини айтаётган эди. У отлиққа маъқул маъносида бош ирғаб, телпагини қўлига олиб кўксига урди. Отлиқ ҳам шундай қила-қила чўққи ортига эниб кетди.

* * *
Мол одамнинг юрагининг мойидан бўлади. Оққиялик Берди чавандоз қўйларини йўқотдию ўзгарди-қолди: бир қарасанг жиззаки, арзимаган нарсага учиб-қўнадиган, бир қарасанг паришонхотир, дунё бефарқ телбадай. Баъзан яқинларининг арзимас гапига ҳам ниш отиб, кейин узоқ вақт ўзини-ўзи койийдиган одат чиқарди.
Ана шундай телбахаёл кунларининг бирида акаси Сайфи махсум эшик қоқди:
— Саломалайкум, келинг ака, — деб махсумнинг истиқболига чиқди чавандоз.
Акаси қўл бериб кўришди, лекин ҳеч сўз демади. Олдинма-кетин меҳмонхонага кирдилар. Полвоннинг хотини хонтахта устига дастурхон ёзиб, бир-икки ҳовуч қанд-қурс, майиз қўйди.
 — Яхшимисан, келин, болаларинг дурустми? — деди махсум гап оҳангини чўзиброқ .
 — Раҳмат, бирнави. Чечамлар ҳам яхшими? — деди келин қисқагина қилиб.
— А, бу, бизнинг ука қўй йўқотган десам, ўзиниям йўқотиб қўйибди-ку, — махсум укасига қия қаради. — Мол топилади, жон топилмайди, жон!
Келини индамади. Овқат баҳонасида ташқарилади. Ака-ука ёлғиз қолиб ундан-бундан гап суришди. Бу орада бировнинг машина олгани, кимнингдир тўй қилгани, яна кимнингдир ўғли чет элга кетиб, пул жўнатаётганию отаси янги иморат кўтараётганлиги муҳокама бўлди.
— Энди-и, ука мен ҳам бир омади гапни айтгани келувдим, — махсум дастурхон попугини ўйнаб давом этди. — Отамдан қолган “Волга”ни сотсак. Пулини иккига бўлардик, тенг ярими сеники, қолганини Самандар иккимиз бўлишамиз. Мана, сенинг ҳам боланг ўқишга ўтиб калланг қотиб турибди, мушкулинг осонлашарди.
Берди полвон ўйланиб қолди. Меҳмонхона деразасига шох ташлаб турган гужумнинг баргларига боқиб туриб отасини эслади. Ота-бола “Волга”ни олиб келган куни шу азамат гужум кўчатини ўтқазган эди. Яна унинг хотиридан армиядаги акасига хат жўнатганлари ҳам ўтди:
— Билмасам, отамнинг ёдгорлиги. Таъмирлаб миниб юрсак, душманкўзи эди-да?
— Қанақа душманкўзи? Ким бизга душман кўзи билан қарарди ука, — Сайфи махсум ликопчадаги парварданинг майдароғини оғзига солди. — Қизиқ гапирасан-эй, сен ҳам минганим эшак бўлсаям узангим тиллодан, дегичлар хилидансан-да.
— Шу улов юриб турса, ҳар кимга тўю таъзияга обориб кел, деб ялинмайсиз-да, — деди полвон акасига кўз ташлаб, — рўзғоримизнинг ободлиги.
— Ҳей, сени жин чалганми дейман, бу Даққиюнусдан қолган арава қанақа ободлик бўлади? Бунинг — янгиси, зўри бўлса экан, ачинсанг. Чўнтагингда пулинг бўлса, кўча тўла мошина…
Ака-ука ўртасидаги даҳанаки жанг товуши тобора баландлаб бораверди. Улар бири олиб-бири қўйиб, ўзиникини маъқуллатишга уринарди. Махсум, мен – акаман, айтганимни қил деса, чавандоз эса, акадан жўяли маслаҳат чиқса айтганини қиламан-да, дерди. Шу пайт дераза устидаги гужум шохига уя қурган мусичалар потирлаб тепага кўтарилишди. Ва бир қанча вақт муаллақ учиб туришди. Сўнг ҳовли этагидаги бодом шохига қўнишди. Уяларида эса, икки полапоннинг боши гоҳ кўтарилиб-гоҳ тушиб турарди.
— Сотасан! Гап шу, — деди махсум лаби учиб, — керак бўлса, отниям бўлишамиз, уям отамдан қолган.
 — Билганингизни қилинг, — Берди полвоннинг гап оҳанги тушди. — Хоҳласангиз икковиниям олиб кетинг, ҳеч қандай улуш керак эмас менга.
Ака-ука бир қанча вақт сўзсиз ўтирди. Берди полвон дераза пардаси устидаги қизил гардишли рамкага термулиб қолди. Унга уруш йилларида туширилган сарғиш сурат жойлаштирилган эди… Бир вақт махсумнинг кўзи илкис укасига, сўнг у қараб турган томонга тушди. Кейин дастурхонни кўздан кечирган бўлди. Кейин… ўтира олмади.
Улар ҳовли этагидаги дарвозагача сўзсиз бордилар.
 — Чечамларни сўранг, — деди полвон синиқ оҳангда.
Сайфи махсум гап-сўзсиз муюлишдаги буримга қараб лўкиллаб кетди.

* * *
Нақрачда бир сурув беэга қўй юрганмиш, деган дарак тарқалдию Берди чавандознинг ичига бурга кирди. Хабарни эшитибоқ, эртаси куни саҳарда от эгарлади. Эгар устига қайсидир кўпкаридан айирган гилам хуржунни ташлади. Унга иккита нон, бир-икки ҳовуч қанд-қурс ва халтага ўралган жойнамоз солди. Очиғи, полвон бу хабар ростми-ёлғонми билмайди. Унга қўшниси Абдурасул чилангар етказди бу гапни. Чилангар ҳам бировдан эшитибди. Аслида йўқчи халқи шундай бўлади: арзимас даракдан умид кутади, элма-эл оғиз пойлайди, маъракама-маърака хабар тарқатади, йўқотган молининг белгисигача айтаверади. Илло, идорама-идора югуриб мелисаю посбонни безовта қилмайди. Сабаби, эл оралаганни эл топади, Берди полвон эса шунча йил-ки эл оралаб юрибди.
Ғира-шира тонг қоронғусида Ғўбдинтоғнинг пастқам адирларида бир отлиқ кетиб боради. Йилқи қулоқларини диккайтириб олган. Чигиртканинг шитирига ҳам сергак қараб қўяди. Ангаралар шахмат тахтасидек майда бўлакларга бўлинган, оралиғи саккиз қаторлик қайрағоч тизмаси билан иҳоталанган. От ана шу дарахтларга қулоқ диккайтириб, тикилиб-тикилиб боради. У ўша тарафларда хатар борлигини сезди. Бирпас ўтиб, от сезими рўёбини кўрсатди. Дарахтлар орасида санғиб юрган чўпон итлари довруғ кўтариб келаверди. Отлиқ эгарга мустаҳкамроқ ўтирди. Узанги арқонини бир-икки марта эшиб зичлаб жойлади. Юганни тортаётганда, итлар қуршовга олиб, асабга тега бошлади. От гоҳ йўртиб, гоҳ тисланиб йўлида давом этаверди. Улар шу кетишда дарахтзор ортидаги сурув устидан чиқишди. “Маҳ-маҳ Оқтирноқ, маҳ”, деган овоз келди сурувнинг у бошидан. Қўйлар “дурр” этиб ҳуркиб олди, кейин тинчиб қолишди. От қораси чўпоннинг ёнига етди.
 — Ҳорманг! — деди отлиқ эгарқошни маҳкамроқ сиқиб, — итларингиз олғир экан. Сал бўлмаса отдан ағдараёзди.
 — Э-э, сизмисиз полвон ака!
Чўпон полвонни овозидан таниди, яқин келиб қўл узатди. Улар эски танишлардек сўрашишди. Чўпон ўшандан буён бегона қўй кўрмаганини айтиб, гап оҳангидан ҳамдардлигини билдирди. Суҳбат охирида Нақрачга борадиган йўлни тушунтириб, хайрлашди. От йўлида давом этди.
 – Ҳой, полвон ака, тўхтанг, — деди чўпон ҳаллослаб унинг ортидан югуриб, — манови таёқни олинг, йўлда қопқир ити бор сурувлар кўп.
— Чўпон таёғини бировга бермайди, унда барака бўлади, — деди полвон унамайроқ.
Чўпон қистаб туриб олди. Берди полвон чўпонтаёқни олиб, қайта хўшлашиб, от бошини тоғ қуймичидаги қишлоққа бурди. Бирпас ўтиб чўпон унинг қорасини кўрмай қолди.
Кун чошгоҳдан ўтганда сувлар кечиб, ангарлар кезиб келаётган Берди чавандоз Нақрачга етди. Аввал қишлоқ бошидаги жилғада отини сувлатди. Хуржундан нон билан қанд-қурс олиб, сув лабига белбоғ ёйди. У бир туюр нон ушатиб кумушдек товланиб оқаётган сувга ботирган ҳам эдики, орқадан кимнингдир томоқ қиргани эшитилди. Беихтиёр товуш келган томонга бурилди. Нишабликдан етмиш ёшлардаги оқсоқол бир киши эниб келарди.
 — Ассалому алайкум, — деди чавандоз ростланиб олиб.
 — Валайкум-ассалом, — чол эҳтиёткорлик билан қияликдан тушиб кела-кела қўл узатди. — Бу дейман, чошгойини ариқ бўйида қилаётганингизга қараганда меҳмонга ўхшайсиз. Қани, қаерлардан сўраймиз?
Чол полвон билан сўрашиб, одмигина белбоғ-дастурхон бошида оёқ узатди. Полвонни илгаридан танийдигандек қалин сўрашди. Аввалига ийманиброқ турган Берди чавандоз сал ўнғайсизликдан сўнг очилиброқ гап бошлади:
 — Аслимиз Ғўбдинтоғдан, отим Берди. Олти ойлар бурун, кўкламнинг бошида бир қўтон қўй йўқотиб қўйганман. Мол аччиғи — жон аччиғи экан, кўча-кўйда, тўю маъракада дараклаб юраман. Биров ундай-биров бундай хабар етказади, аммо излови келмадими, топилмади. Кеча бир қўшнимиз маъракадан Нақрачда беэга қўй юрганмиш деган гапни топиб келди, эрта билан шу томонга от солдим. Юришимиз шу, бобо.
— Йўқчиман, денг?! — чол бир ушатим нон солди оғзига, кейин бир муддат нонни шимиб турди. — Қўйларингиз ичида бешта олабел совлиғиям бормиди?
Бу гап полвонга аканг армиядан келди ёки хотининг ўғил кўрди дегандагидек таъсир қилди. Рости, гангиб қолди. Сўнг гап эгасига ҳайратланиб разм солди. Шу он қаршисида ҳазрати Хизрни кўргандек бўлди. “Ҳа-ҳа, Хизр бобоям шунча бўлар-да бўлса! — деди ичида, — юзлари қалам билан чизгандай ё, уста — Худо!”. Кейин унинг оқ иштон-кўйлагию серсоқол юзига қайта қараб чиқди.
— Қўйларингизни йўқотганингизда орасида қанақа қўчқорлари бор эди?
Чавандоз сўровни эшитиб ўзига келди.
— Учта қўчқорим борийди, — деди каловланиб, — каттаси кўк, иккови қорабет, бировининг орқа туёқлари оқ.
Чол салмоқлаб гап бошлади:
— Тўрт ойлардан ўтиб қолди, қишлоғимизга беэга сурув келиб ҳали унинг-ҳали бунинг экинига тушавериб безовта қила бошлади. Ҳамқишлоқлардан бир-иккиси қўйларни гумдон қилишнинг ҳам пайига тушган. Бир куни бизнинг махсарпояга оралаган сурувни невараларим ҳайдаб келиб қолишди. Бир бечоранинг ризқи қийилмасин, хабари чиқса ўзим етказиб бераман, дея эга чиқдим. Ўшандан буён қўйларингиз бизникида. Ҳа, айтганча, узун сони неччов?
— Бир кам олтмишта эди, — деди полвон.
— Демак, қўйлар сизники, — деди чол ишончи комил бўлиб, — фақат, ҳозир қўйларингиз бир кам олтмишта эмас, олтмиш учта бўлган. Бу ерга келиб тўрттаси қўзилади.
Берди чавандоз ҳайратдан лол қотди. Нима деярини билмай қолди. Қарийб ярим соатлик вақт қандай ўтганини сезиб улгурмади.
— Ҳай, турдик энди, — деди чол тиззасига суяниб, — сизни уйга бошласам. Ҳали замон невараларим сурувни сувлагани туширади, шунда кўрасиз қўйларингизни.
Улар полвоннинг отини етаклаб, кунгай бетдаги ҳовлига боравердилар.
— Шунча пайт гап олиб ўзимни танитмабман-ку, — деди чол кенг саҳнли айвоннинг эшигини торта туриб, — қарилик қурсин. Мени бу ерда Раҳмонали тегирмончи дейишади, мулла Бердибой. Олти ўғил, уч қиз, ўттиз икки неварам бор. Қани, ичкарига кирайлик, сурув келгунча бафуржа гурунг қиламиз.
Улар меҳмонхонага кирдилар. Хонанинг ҳовли тарафида кўзлари йирик-йирик, устига оқ бўздан парда тортилган дераза жойлашган. Ўнг томондаги бурчакка иккита сандиқ қўйилиб, устига кўрпа-тўшак тахланган.
Полвон билан Раҳмонали тегирмончи чамаси бир ош пиширим вақти гурунглашиб ўтирди. Бу орада дастурхон тузалиб, сергўшт қайнатма шўрва тортилди. Овқатга фотиҳа қилингач, шўриллатиб чой симираётган тегирмончи аввалроқ бошлаган гапини давом эттирди:
— Отадан учов етим қолдик. Онамизнинг чеҳрасини эса яхши эслолмайман. Лекин иккисиниям худо кўп кўрган экан, укам қовурчини қотмай бизларни ташлаб кетди. Акам уйланиб, бир болали бўлганда риҳлат қилди, — чолнинг кўзларида йиллар ҳасратидан қолган кўз ёшлар билинар-билинмас қалқиб чиқди. — Манови, ёнимиздаги уй акамнинг ўғлиники. Ўзи шаҳарда, институтда дарс беради. Аввал уни ўқитдим, орқасидан ўзимнинг болаларимни. Барига тегирмончилик қилиб, қўй-мол сотиб шаҳардан уй олиб бердим. Кейин қишлоғимдан иморат кўтардим ҳар бирига атаб. Барибир, қайтадиган жойи шу ер-да!
Тегирмончининг мунг чўмган кўзларида аллақандай масрурлик зоҳир бўла бошлади.
— Кўзим очиқлигида жойли қилай дейман-да. Ўзлари кулиб юришади, шаҳарда уйимиз бор-ку, деб. Бари бир-бири билан аҳил, интифоқчилигини кўриб яшагим келади. Тортган азобларимга ачинмайман. Аслида, ўзбекники шу — болаларининг ҳузурини кўриш! Мол-дунё топилади. Мана, сиз ҳам олти ой бурун йўқотиб, бугун топиб турибсиз. Одамгарчилик ва иймонга қолганда йўқчи бўлмаслик керак. Шундай эмасми?
 Шу вақт келиними ёки қизларидан бирими қўйлар сувлагани келганини айтиб кетди. Улар олдинма-кетин жилға охиридаги кўлмакка йўл олишди. Ҳай-ҳайлаб полвоннинг қўйларини сурувдан айирдилар.
— Энди-и, Раҳмон ака шунинг ичидан хоҳлаган олтовини айиринг, — деди полвон, — олти ой биров боқсаям энчи олади-да.
Тегирмончи кўнмади. Полвон ҳарчанд қистаса ҳам олмайман, деб қатъий туриб олди:
— Менга атаганларингизни болаларни ўқитишга харж қилинг, — деди Раҳмонали тегирмончи хайрлашаётган маҳали, — ўқимишли бўлганда эслаб юрасиз.
Кун пешинга қиялаб қолганда Берди чавандоз севинч ва аллақандай масрур туйғулар гирдобида жилға бошидаги қирдан қўйларини ҳайдаб ошиб кетди.

* * *
Сумбула кириб, сув тиниган бир кунда полвон акаси Сайфи махсум ва укаси Самандарни уйига чақирди. Бир қўчқорни бўғизлатиб, қўни-қўшниларни йиғиб худойи ўтказди. Узоқ қишлоқдан келган Зикрхон эшон хатм қилди. Ва, издиҳом охирида бир чақмоқ қўй гўшти, бир кийимлик сарпо олиб жўнади. Вақт хуфтондан ўтиб йиғилганлар ҳам тарқалишди.
— Сизлар қолингизлар, — деди полвон акаси билан укасига.
Учовлон холи меҳмонхонага қайтиб кирдилар. Полвон тахмондаги бўғчадан иккита белбоғ олиб хонтахта устига қўйди. Уларда вазни беш килони оладиган нимадир бор эди.
— От билан машинани нархлатдим, — чавандоз уларга назар солди. — Икковининг қийматидан ҳар бирингизга ўнта совлиқнинг пулини атадим.
Самандар ҳайрон қолди. Нима гап деган маънода Сайфи махсумга нигоҳ ташлади. Махсум эътибор қилмасдан полвонга қарата деди:
 — Ўзинг розимисан? Ҳарҳолда, отадан олтов бўлсанг ҳам уйингда ёлғизсан, деган бир гап бор эскиларда.
Гап нимадалигини тушуниб етган Самандар эса қизишиб кетди. Овозини баландлатиб суяктешар гаплар қилди. Бироқ…
— Ол, ука, ота уйида ҳамма фарзанднинг ҳақи бўлади, — деди полвон алланечук мунғайиб турган укасига қараб, — рўзғорингнинг бирор тешигини ямайсан.
Махсум белбоғни қўлтиқлаб қўзғалди. Икки ука унинг ортидан ташқарилади. Дарвозада қуюққина хайрлашишди. Полвон қанчалик қистамасин, менга унақа мерос керак эмас, дея укаси Самандар тез-тез юриб машинасига ўтириб жўнаб кетди.
Берди чавандоз енгил тортди. Кузнинг этни жимирлатар ҳавосидан симириб-симириб нафас олди. Тоғ бошига қўниб турган милтироқ юлдузларга боқиб кўнгли алланечук бўлиб кетди. Шу кез унинг юзидаги табассумга мойил ифодани ой ёруғида бемалол кўрса бўлар эди. Яна укасининг қилиқларидан масрурлик туйди: “Келаси йил Самандар ўғилларини суннат қилади, той қўшаман”, — деди ўзига-ўзи.
Ошхонани тамбалаб келаётган хотинига:
— Ўғлингга айт ўқишига бораверсин, — деди. — Кечикмабдими, пулини тўлашга? — деб қўшиб ҳам қўйди.
Ташқарида, гужум тагида ётган тўнғичи Бекбола суюниб кетди. Лекин кўрпадан бош чиқаргиси келмади. Тўшак орасидан уй томонга қия қараб қўйди. Сўнг ҳовли бурчагидаги қўтонга кўзи тушди. Кучур-кучур қилиб кавш қайтараётган қўйлар негадир унга яхши кўриниб кетди. Кейин ўқиш ҳақида ўй суриб ухлаб қолди.
Ҳовли бўйлаб уйқудаги олам сукунати кеза бошлади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 6-сон