I
Этаги қулоч етмас қирлар…
Сал илгарироқда нилий осмонга тўш бериб, асрлар сукунатини шимиб қари тоғ ястаниб ётади.
Айни кез биз тарифини айтмоқчи бўлган Ғўбдин адирлари баҳорги кўкбахмал чопонини кийиб, шимолдан эсаётган Илонўтди шамолининг ўзанини қуйи Зарашфонга буриб, кўклам офтобининг илиқ ва нимжўш нурларида тобланиб умр суради. Қоялар қўйнини қитиқлаб, шағирлаган чўққиларидаги қор қатламларидан эн олиб, пастдаги ёйилмалар сари Қуруқсой, Ингичкасой, Хожакабудсой, Катта Қорақасмоқсой, Бодбодсой каби сойлар қиш уйқусидан уйғонган танбал айиқ сингари чайқалиб-чайқалиб тўлқин суриб келади. Пат булутлар қўноқлаган зангори фалакда кўклам билан трамада бир-бир кўриниб қоладиган турналар занжири халқа-халқа бўлиб айланади. Тешиктош беткайида қўй ёйиб юрган қовурчини қотган болакай қадоқ қўлларини соябон қилиб, кўкдаги озод қушларнинг сирли рақсини ҳайратланиб кузатиб туради. Арпалисойнинг куншувоқ қиялигида жунининг увадаси чиқиб кетаёзган – қишки пўстинини энди ташлаётган бир қари тулки лўккилаб кетиб боради. Унинг устида тулки билан майна ўйнамоқчи бўлган икки қарға пастлаб-пастлаб, гоҳида уни чўқилаб ўтмоқчидай салт ташлаб учади…
Хуллас, пастқам адирлардан бошланадиган Ғўбдинтоғда янги бир кўклам нафаси кезади!
Ғўбдинтоғ – кўп кекса тоғ. Олимларнинг ёзишича, у палеозой даврининг қолдиғи. Мозийнинг сирли ва мавҳум қаъридан унинг минг йиллар ортида мудраб ётган шонли тарихини инкишоф этувчи турли обидалар, оламшумул топилдиқлар чиқиши тайин!. Боиси, тоғ теварагидаги бугун одам оёғи узилган Саройхона, Ғиштлитепа, Хонимқўрғон, Қаровултепа каби сайхонлик ва бўз ерларда учрайдиган уюм-юм пишган ғишт парчалари, сопол синиқлари, дўппайиб турган тепаликларда ўтмишнинг сўзга сиғмас сукунати юради…
II
Келинг, мавриди келганда мозий қатламларида хира тортиб келаётган, баайни, тарихтопар – археологлар заҳмати билан ойдинлаштирилаётган Ғўбдинтоғга тегишли узуқ-юлуқ хабару даракларга бир қур қулоқ тутайлик.
Буларнинг энг қадимийси ва, албатта, биз билганимиз, қадимшунос А.Сагдуллаевнинг Искандар Мақдуний (Александр Македонский) нинг қадимий Кирополис шаҳрига юриши тасвиридир. Муаррих ажнабий фотиҳнинг истилолари йўналишини мана бундай келтиради:
– Искандар Марақанда – Самарқанд шаҳрини эгаллаб Кирополис шаҳрига қараб йўл олди. Ҳарбий юришлар ҳозирги Сангзор, Жиззах орқали Ўратепагача давом этган.
Демак, Искандар қўшинлари Кирополисга Марақанда – Самарқанддан чиқиб, Зарафшон дарёсининг юқори оқими бўйлаб, Бахмал тоғининг гирди билан юради. Сабаби, Зарафшон дарёсининг кечуви ўтмишда унинг юқори оқими (ҳозирги Ургут, Тайлоқ туманлари ҳудудлари)да бўлган. Дарёнинг пастки қисмида кечиб ўтадиган кенгликдаги саёз оқим йўқ; Чўпонота тепаликлари, тор сайҳонликлар мавжуд.
Аҳамиятлиси муаррих айтганидек, ҳарбий ҳаракат “ҳозирги Сангзор ва Жиззах орқали” давом этган. Бундан Искандар қўшинлари Ғўбдинтоғ ва Бахмал тоғи оралиғидаги маҳаллий аҳоли билан жанг қилиб, Моргузар ва Нурота тизмалари “учрашадиган” Илонўтди дараси – “Темур дарвозаси”дан ўтиб, Жиззах ва Ўратепага чиқиб кетган деб тахмин қилишимиз мумкин.
Яна бир маълумот Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарида қуйидагича сақланиб қолган: “Бу вилоят (Самарақанд – А. С)нинг шимол томонидаги тоғ Худдин оталади, (шу муносабат билан ким) ислом дини тарқалаётганда бу тоғ эли ўз майллари билан мусулмон бўлганлар. Тотор кофирлари жанжалида (1220-1222 йиллар) ушбу тоғ теварагига қўрғон солиб улар билан урушганлар. Шунинг учун Суғуди калон ва бу тоғ теварагидаги ерлар ушрий бўлган, яъни мусулмон хонлари бу ерларнинг унумидан ўндан бир улуш солиқ олганлар. Бу тоғларда булоқлар, кўнгилочар жойлар ва роҳат орттирадиган ўринлар кўпдир. Иксир деган бир гиёҳ ҳам бу тоғларда бор”.
Муаррих маълумотлари араблар босқини ва мўғиллар истилоси даврига доирлиги ўқувчига аён. Демак, 7-8 асрларда ва ундан илгарилари ҳам Ғўбдинтоғ теварагида аҳоли муқим яшайдиган қишлоқлар бўлган. Йиллар баҳорги қушлар у ёқдан-бу ёққа учиб ўтавергани сингари силкиниб-силкиниб ўтиб кетгану Ғўбдинтоғ теварагидаги саройлар ва карвонлар қўниб ўтадиган работлар ўрни оддийгина Саройхона, Ғиштлитепа, Хонимқўрғон номи билан вақт шамолининг беаёв исканжасида нураб қолаверган.
Муқояса учун айтиш мумкинки, болалигимда бу жойларга беш-олти магизак бола қўй ҳайдаб келардигу, дўппайган тепаликлар ичра “яшинмачоқ”, “тақ-тақ” деган ўйинларимизга шўнғиб кетардик. “Тақ-тақ” учун дўнгликларни тешиб, бир нечта чуқурча ковлардик. Ўшанда от узангиси, сувлиғи, яна бир-иккита чириб қолган ханжарми ёки қилич синиғиними топганмиз. Хуллас, ўша кезлари бу жойлар бизга ўтмишдан хабар берувчи афсонавий макон бўлиб кўринарди. Буни кейинчалик ҳам кўп бор англаганман. Масалан, тоғ этагидаги қишлоқлар газлаштирилаётганда, маҳаллий аҳоли Саройхона ва Ғиштлитепанинг кўҳна қатламларини очиб, (минг йиллик!) ғиштларини газпечнинг ичига териб юборишганди…
Яна, тоғнинг шимолида ҳам ана шундай осори-атиқалар сероб. Ҳамкасбимиз Алишер Равшановнинг айтишича, яқинда Ғаллаоролнинг Хитоюзи қишлоғидаги эски мозорлардан бирида иккита 9 асрга тегишли қабртоши топилган. Улардаги оромий ёзувида битилган ёзиқларни ўқиган олимлар биринчиси 810 йил, иккинчиси 812 йилда маҳаллий аслзодалар сағанасига қўйилган деб маълумот беришган. Мутахассислар ҳозирда шу хусусда иш олиб боришмоқда.
III
Шу ўринда бу азамат тоғнинг ўрнини ҳам келтириб ўтсак.
Тошкент – Самарқанд катта автокарвон йўлининг Самарқанд вилояти ҳудудига (Жиззахнинг Ғаллаорол тумани чегараси) кираверишда, ўнг қўлда даштга туташ пастқам адирлар бошланади. Уловнинг Самарқандга яқинлашавериши сайин қора-қура қирлар катталашиб, тоғ тусини олади. Жомбой туманига етгач, йўловчининг кўз ўнгида (ўнг томонда) кунчиқарга тумшуқ тираб чўккалаётган улкан нортуя янглиғ қорамтил тоғ пайдо бўлади.
Бу – минг йиллар шамолини шимиб келаётган, кўп асрлик Ғўбдинтоғ!
Гирдо-гирдини Самарқанднинг Булунғур, Жомбой, Пойариқ, Жиззахнинг Ғаллаорол туманлари ўраб туради. Табиати ва иқлими турфа хил.
Шарқи бошқа томонларига нисбатан қуруқ ва шамолли. Бу – Илонўтдидан эсадиган елвагезакнинг таъсири бўлса керак. Бу ерда қишин-ёзин мутассил шамол эсиб туришига ҳам сабаб – шу. Шарқий кенгликларидан Жомбой тумани сарҳадларига қадар Тумшуқ, Эшмонтўб, Шувоқли, Мирзабулоқ, Қўнғирот, Ингичка, Бодбод, Бешқўтон каби бир нечта қишлоқлар тизилиб кетган.
Элимизнинг иқтисодий қувватига эн бўлиб келаётган баракали Маржонбулоқ олтин кони ҳам тоғнинг шарқий тумшуғида.
Яна, кунчиқар томони денгиз сатҳидан 856 м баландликда. Оқарсув танқислиги ҳам шундан. Ангарлари лалмикор. Боғдорчилик ва бошқа экин-тикинлар қудуқ суви билан суғорилади. Тоғ ариқлари тўлалигича дашт бўғизига етиб келмайди.
Ғарбининг об-ҳавоси бироз ўзгача. Иқлими юмшоқ – намчил, шамоли кам. Қуйимичидаги адирларнинг асосий қисми сувли. Тоғ ёнбағри бўйлаб Булунғур канали, Мирзаариқ анҳори, сал пастроқдан Зарафшон дарёсидан сув оладиган майда ариқлар оқиб ўтади. Ғарбий жанубида машҳур аллома Имом ал-Бухорийнинг хоки ётибди. Кўпминг йиллик “Кўктепа” ёдгорлиги ҳам тоғнинг ғарбий шимолига яқин.
Шимоли шарқий қисмига ўхшайди. Иқлими нисбатан қуруқ ва сершамол. Тоғ зиги билан Кешкобуд, Оболим, Чақа, Ғўбдин, Хитоюзи, Солин, Туёқли, Дувл, Нақрач қишлоқлари тизмаси жойлашган. Ундан сал шимолроқда – Зармитан тилла кони йўлига чиқишда Гулчамбар, Шўрча, Жума, Чўмичли каби бир нечта қишлоқларни кесиб Қорасув сойи оқади. Қорасувнинг охири Пойариқ туманигача боради.
Ғўбдиннинг жануби ҳам сувот. Зарафшондан сув оладиган Туятортар каналининг бир нечта тармоқлари тоғнинг жанубий қияликлари теграсини обод қилиб ўтади. Ҳарорати шарқига қараганда анча юмшоқ. Ери файзли. Деҳқончилик ва боғдорчиликка қулайлиги мўл.
Гоҳи-гоҳида Ғўбдинтоғнинг кунчиқарида ғалати тентак шамол туриб қолади. Буни Бекобод ёки Афғон шамолига қиёслаб бўлмайди. Аввали шуки, бу тўполон ҳар тўрт фаслда, киши хаёлига келмаган пайтда уйғониб кетаверади. Шунинг дастидан Тошкент – Самарқанд катта атокарвон йўлидаги “юқори нуқта”да қиш кезлари кўзни очирмайдиган изғирин ва отни кўмгудай ургунлар ҳосил бўлади. Бунақа бўронларнинг танобини эл устида юргувчи ҳайдовчилар жуда яхши билади. У Қашқадарёдан бўладими, Хоразмданми ёки сўлим Фарғонанинг хушҳаво гўшалариданми бу йўлларда кўп юрарли бўлса, албатта, бетийиқ табиатнинг толтув зарбаларидан тотиб кўрган… Шунинг учунми, тоғнинг хайвонот дунёси, ўсимликлари анчайин сербардош турлардан иборат. Масалан: ёввойи жониворлардан бўри, силовсин, чиябўри, тулки, жайра, бўрсиқларга кўзингиз тушса, жанговор қушлардан бургут, қирғий, лочин, укки, қарчиғай – нозиктаб хилларидан каклик, тувалоқ, қорабовурдоқ, беданаларни илкис-илкис учратиб қоласиз. Баҳор кезлари дашт осмонида ҳар қаноти икки қулоч келадиган тасқаралар ҳам сузиб қолади. Уларнинг асосий емаги адирлардаги чакалакзорларни ўйиб яшайдиган тўқишоёқ товушқонлардир.
Ғўбдинтоғ пичанзорларида қўнғирбош, қўзиқулоқ, қизилмия, бўзтикан, ширач, туяқорин, елкасар, янтоқ, так-так, ёввойи беда, оқуврай, сигирқуйруқ, шувоқ ва ковракка ўхшаш сувсизликка чидамли ўт-ўлан бисёр. Кўклам кезлари уларнинг сирли жилоси, ўткинчи лаҳзаларни безаб турувчи гулу ғунчалари ҳар қандай метин кишини-да энтиктириб юборади.
Тоғ ичкариси бўйлаб кийикўт, андиз, равоч, бодом, писта, тоғолча, тоғжийда, ёввойи олма, дўлана, қатрон, ёнғоқ, жинғил сингари халқ қадрлайдиган, ўзларича қадим табобатнинг томири ва минг дарднинг давоси деб биладиган ноёб ўсимликлар бор.
IV
Ҳар жойнинг ўз ажойиботлари бўлади деганларидек, Ғўбдинтоғда ҳам бошқа ҳудудларда учрамайдиган ғаройиб манзилу маконлар бисёр. Шулардан бири Жийдалисой чўққисидаги Тошқозондир. Унинг мўжизаси шуки, чўққи тик қоялардан иборат бўлиб, энг юқори қисми бамисоли бульдозер билан сурилгандек; ҳудуди кичикроқ футбол майдони каби келади. Ери теп-текис. Ноқолиб турган тошни учратмайсиз. Ўртада сув устида чайқалиб турган нилуфаргул сингари Тошқозон (қозон шаклидаги, ичи ўйиқ ёмби тош ичида жойлашган чашма) омонатгина турганга ўхшайди. Баландлиги бир одам бўйининг сал кам ярми баравар. Умумий саҳни 3 метр квадратлар атрофида. Ички қисмида – қозон тубида учта булоғи бор. Қишин-ёзин биқирлаб қайнаб ётади. У ёввойи йилқиларнинг сувлайдиган манзили. Бошқа жониворларнинг сув ичишга бўйи етмайди (албатта, сигир, ҳўкиз каби уй ҳайвонларининг тик қояга чиқа олиши амримаҳол). Ҳайратланарлиси, отлар қанча кўп сув ичишмасин, чашма қуриб қолмайди. Шунингдек, суви тошиб, қозон лабидан оқиб тушмайди; доимо бир зайлда – қозон саҳни бўйлаб кил-киллаб туради.
Яна бир мўжизакор манзил – Қуруқсой дарасидаги Каттасув ариғи лабида жойлашган қиялама тошларда акс этган от изларидир. Даранинг шимолий шарқидан оқиб тушган, баайни ердан “ўсиб чиққан” улкан тош қоянинг Каттасув гирдига ёндош қисмида 5 та от туёғи изи “муҳрланган”. Ҳар бир туёқ ўрни алоҳида-алоҳида ва аниқ, шунингдек, ҳаракатланаётган йилқининг изларига ўхшаш – жуфт-жуфт ҳолатда бир-бирига ёндош жойлашган. Фақат охиргиси (сувга яқинроғи)нинг жуфти йўқ. Излар япасқи тош устида яққол кўриниб туради; дастлабки жуфтлик бошқаларига нисбатан ботиқ ва чуқурроқ. Кейингисининг ўрни саёзроқ ва туёқларнинг думалоқлиги ҳам “бузилган”. Охиргиси, яъни жуфтсиз туёқ изи анчайин хира тортиб қолган. Кимдир буни бир пайтлар чўпон-чўлиқлар зерикканидан чекишган деса, кимдир халифа Алининг афсонавий тулпориники дейишади.
Айтишларича, 20 асрнинг бошларига қадар тоғнинг серқоя сойларидан бирида ичига 20-30 отлиқ сиғадиган ғор бўлган. Раҳматли амаким Усан бобонинг гапига кўра, ўтган аср бошидаги ур-йиқитлар пайти қишлоқ одамлари хотин-халажларини шу ерда яширишган. Лекин кейинги замонлардаги табиий ўпирилишлар натижасидами оғзи бекилиб (ҳозир ўрнини аниқлаб бўлмай) қолган.
Хулласи, шу ерликларнинг наздида бу ажиб ўлка ва унинг кўкайи бўлмиш Ғўбдинтоғ асрлар силсиласи, мангулик изи, боқийлик қўшиғи бўлиб келаётир.
Ва, шундай бўлиб қолгуси!
V
Олисдан – қуёш нури илк бор нишаблайдиган Ойқорнинг серваҳм чўққиларидан яна момо офтоб бош кўтариб келади. Зум ўтмай унинг нурлари Бахмал тоғига юзма-юз турган Ғўбдинтоғ адирларининг кўпчиб ётган баҳорги шудгорларига сингиб, саҳро сароби янглиғ тўлқин-тўлқин буғ кўтаради. Илонўтдидан эсаётган шабада қияламаларда шиғил бўлиб ўсаётган шувоқларнинг тебранишларини қиблага буриб денгиз тўлқинлари каби мавж ҳосил қилиб ўтади. Тулки билан қарғаларнинг томошасини кузатиб турган болакайнинг димоғига тобланаётган ланж тупроқ билан шувоқнинг димоғёрар омихта ҳиди урилади. Болакай худди еру-кўкка сиғмаётган қулун сингари шаталоқ отиб Арпалисойнинг Қоратош чўққиси ошувига қараб чопади. У нимага ва нима учун чопаётганлигини билмайди.
Айни лаҳзада у қалбининг туб-тубини қитиқлаб ўтаётган сирли ҳисларнинг оғушида маст. Бу – ҳар кимнинг кўнгил қатида ҳар баҳор такорланиб турадиган ва киши идрок этиши, кўнгил очиб бировга айта олиши қийин бўлган туйғу!
У ҳансираб чўққининг белигача кўтарилади. Шахдига териси торлик қилаётган ўспирин бундан-да баланд манзилларни забт этишни хоҳлайди. Бироқ унинг шу тобдаги қудрати чўққининг белигача етади, холос! У қўтир қоянинг улкан харсангига чиқиб қалбини жунбушга келтирган сирли туйғуларни қўшиққа кўчиради. Ва олисдаги қишлоқларга, бепоён кенгликларга, рўпарасидаги тоғ ўркачларига қараб ўзи идрок этмаган ҳолда мана бундай куйлайди:
Сен агар буғдойбошоқ бўлсанг, сомонингман ВАТАН,
То абад бошинг омон бўлсин, товонингман ВАТАН!