Агар Тошкент – Самарқанд катта автокарвон йўли билан кўҳна шаҳар сари юрсангиз, вилоятнинг “дарвоза”си – “Юқори нуқта” постидан ўтишингиз аниқ. Ушбу қўналға жойлашган ернинг баъзиларга маълум, кўпчиликка ноаён ўзига яраша сиру синоати бор. Масалан, бу – диёримиздаги денгиз сатҳидан энг юқори сатҳда – 856 метр баландликдаги ягона ҳудуд. Табиати ҳам бошқа манзилларникидан фарқ қилади. Ёзин-қишин тинмайдиган шамолга шу жойда дуч келасиз. Чўлга ўхшамайдиган, лекин сув соғинадиган дашт дегани ҳам ушбу юрт. Хуллас, ана шу тупроқда деҳқончилик қилаётган одамни учратсангиз, не ўйларга борардингиз? Боз устига, у олис-олислардан сув тортиб келиб, боғ-роғ яратаётган бўлса… Бундай одам, назарингизда, замона Фарҳодига айланса, не ажаб.
Қаҳрамонимиз, булунғурлик уста деҳқон, бир этак жужуқнинг отаси Илҳом ака Султонқулов ана шундайлардан. Бу одам даштни кўкаламга, лалми тўқайзорларни сувот далаларга айлантирган десам, ишонмассиз. Рости, қуруқ гапнинг ҳазми қийин. “Сўзнинг ози, амалнинг сози маъқул”, деганларидек, деҳқон бобонинг номаи аъмоли, ўтмиши-ю бугуни ҳақида бир-икки жумла шунчаки гапириб эмас, кўрсатиб ўтсак.
Гидири йўқ одам
Икки мингинчи йил, кузак боши эди. Дадам қишлоғимиздан етти-саккиз чақирим этакдаги янги томорқамизга жўхори эккан. Оиламизнинг қўли калталик қилиб, экиндан хабар оладиган валломат топилмайди. Айни шу кезлар ўқишдан йиқилиб борган мен – турган-битган бекорчихўжани уйдагилар жўхори қоровуллигига жўнатишди. Илҳом акани дастлаб ўшанда учратганман.
Сумбула. Сувлар тиниб, далалардан одам оёғи узилиб қолган; бийдай кенгликда онда-сонда бир-икки чўпон-чўлиқ билан ҳосили кечиккан деҳқондан бўлак инсон қораси учрамайди. Шахмат тахтаси каби қора-қура ангарларда кузга қолган жўхорипоя, картошкапоя, ловияпоя ва ҳакозо экинзорлар кўзга ташланади. Кимдир кўзини ишқалаганча чайласи биқинидаги қўрага ўтин қалаб, чўғ пуфлаш билан овора. Кимдир чакмонига ўралиб, тираманинг тонги эпкинидан жирканиб, худди яширган ёнғоғини ер титкилаб ахтараётган ҳаккадай жўяклар оралаб нималарнидир тепкилаб кўради.
Қўриқнинг у томонидаги олмазорлар нимяшилу нимсариқ баргларини шамол тортқилаётганидан хафадек, тўқсонни бўйлаган момо каби тебраниб кетади. Зовур бўйларидаги қирмизи тусда донга кирган сувот янтоқларида майда ҳашоротлар ўрмалаб юради. Сал тепароқда, майдонлар оралаб бир чизиқда экилган бўйдор тераклар илкис туриб қолган шамолдан қарсак уради. Теракзор бошида бир-иккита деҳқон боласи кетмон кўтариб экинзорларга сув ҳайдайди…
Менинг даладаги биринчи куним ана шундай: одамлардан овлоқда, табиат қўйнида, муҳими, имтиҳондан йиқилиб издиҳомни жиним суймай турган кезлари айни муддаога эришган – ўзим билан ўзим қоладиган лаҳзадан бошланди. Ўша куни жўхорини пойлашдан кўра атрофни кузатиш маъқул тушди-да, дала кездим. Кеч киргач, дадам қурган капада аллапайтгача шоқолларнинг чийиллашини, қари толларга уя қуриб олган қарғаларнинг потир-потирини эшитиб ётдим. Тонгласига юз-қўлимни ювиб, нонуштага уриндим. Манқалга човгум қўйиб турганимда ортимда кимдирнинг оёқ товуши ва томоқ қиргани эшитилди.
– Ҳорманг, қўшни! – бурилиб улгурмасимдан янграган ушбу хитобдан чўчиб тушдим. – Оқшом қўрқмадингизми?
Ўгирилсам, рўпарамда кунда куйган, келбати отни сескантирадиган, қўллари қавариб чимчилоқларининг бўғинлари ёрилган, кўринишидан содда ва самимий бир киши кулимсираб турарди. Икки ўртада нари-беридан танишув қабилидаги ҳангома бошланди. У томорқамизнинг кунботаридаги ўн гектарли чорбоғнинг соҳиби, ўзининг таъбири билан айтганда, “кўча кўрмаган ўзбек боласи” – Илҳом ака экан. Яхши одамнинг нуқси қаеридадир кўриниб туради, гарчи яқин танимасангиз ҳам, ана шу ундовга беихтиёр бўйсунасиз. Янги қўшнимнинг (шундай аташ ўринли бўлар) кўзларидаги ўта содда нигоҳ ва феълидаги самимият ичини ошкор этарди.
Гурунгимиз анчагача чўзилди. Мен қишлоқдан латифабоп кечмишлар сўзлайман. У ўзининг болалиги, экинлари, чорваси тўғрисида даврабоп гаплар қилади. Гоҳида қизиқсиниб Тошкентдан сўрайди. Бир неча йил Тошкент тиббиёт институтига имтиҳон топшириб, ўта олмаганлигини эслайди… Шу алфозда орамиздаги биринчи суҳбат ниҳоясига етиб, у ўз юмушига, мен ўз ташвишимга киришиб кетдик. Кузнинг куни эмасми, ҳаш-паш дегунча қоронғи тушиб, яна капамдаги ўрнимга кирдим. Сал ўтмай кўзим илинди…
– Ҳой, ука! Турсангиз-чи, қуёш тиккага келди! – яқин атрофда янграган чорловдан кўзимни очдим. Эшик олдида ўша нимтабассуми билан Илҳом ака турарди. – Қани, юринг, бизникида чой ичамиз.
Илҳом ака жўхорипоя оралатиб эргаштирди. Шатир-шутир қилиб қомати нарвонни бўйлайдиган маккапоялар ичида кетиб бораяпмиз. Бир пайт жўяклар орасидаги уюм-уюм бўлиб тизилиб ётган кўсаклар олдида тўхтадик:
– Кўрдингизми, ука! – гап бошлади шеригим. – Чайлада ётаверганингиз билан қоровуллик битмайди. Кечаси ҳеч бўлмаса товуш бериб туриш керак.
Сўнг кўсакларни бизнинг чайлага ташидик. Мен бир қопни базўр пайкалдан олиб чиққунимча, Илҳом ака икки халтани қўлтиқлаб капага ташлаб қайтади. Ишимиз адоғига етгунча терга пишиб қолдик.
Илҳом ака чой устидаги ҳангомада туни билан ўғри қувгани-ю баъзиларини таниб қолганини айтиб берди. “Ён қўшни – жон қўшни, – чой узата туриб гап ташлайди ҳамроҳим. – Ҳамсоячилик шундайда билинади. Агар сизга айтмаганимда ўзимни кечира олмас эдим”.
Хуллас, суҳбати соз қўшнимизнинг феълидаги жўмардлик мени ҳайратга солди. Уйга келиб шу ҳақда айтганимда, отам мийиғида кулиб: “Илҳом фермерми, у ичида гидири йўқ одам”, деб қўйди.
Аммо вақт ўзани турли ташвишлар гирдобига солиб, анча вақт учрашмадик…
Кўбай отанинг кўкайи тоғ боласи
Уч йил бурун, қиш адоғи билан қандайдир ташвиш чиқди-ю, Булунғурга йўл олдим. Туман марказидаги емакхоналардан бирида шеригимни кутиб ўтирибман. Онда-сонда чуғурлашиб бўй етган йигит-қизлар, тирикчилик важида илдам-илдам қадам отаётган турли ёшдаги йўловчилар ўтиб қолади. Қишнинг заҳри ҳали кетмаган бўлса-да, ҳавода ҳузурбахш майинлик бор. Пиёлага шўриллатиб чой қуяётган эдим, дераза ортида қўл телефонида зарда билан гаплашаётган таниш чеҳрага кўзим тушди. Ҳа, бу – мен бир пайтлар танишган, бегидир гаплари-ю қилиқларига ҳайратланган Илҳом фермер эди.
– Саломалайкум, ичкарига ҳайданг! – дедим деразанинг бир кўзини очиб, қўлим билан эшикка ишора қилганча. – Икки оғиз ҳангома-да!
Илҳом акани гапга солиш ҳеч қийин кечмади. Суҳбатимиз аввалига ундан-бундан бошланиб, кейин ташвишларимиз ўзанига кўчди.
– Э-э, нимасини сўрайсиз? – деб куюнади ҳамсуҳбатим. – “Хотинни эр тўйдиради, деҳқонни ер”, деганидай бизнинг ҳам ташвишимиз ер билан-да! Бир кун солиққа чопасиз, бошқа куни уюшмага. Мана, ҳозир кўкламги шудгор пайти, менинг район марказида пўрим кийиниб юришимни қаранг! Аслида, шу паллада тракторнинг белида ўтириб ер ағдаришим, уруғ сочишим керак.
– Бўлади-да бари, иш кимдан қолмаган? – дейман ўсмоқчилаб.
– “Чорваники минг йилда, деҳқонники бир йилда” – машойихларнинг гапи бу, – ўз фикрида давом этади фермер. – Экин-тикинга бир кун ҳам фарқ қилади. Давлат режаси бор. Иннанкейин, ўзимизга қанча кўп ортса, шунча яхши…
Гап гапга қовушса, вақт ўтгани ҳам, бошқа ташвишлар ҳам унут бўлади. Суҳбатимиз дақиқа сайин қизиб, ўртамиздаги бегонасираш пардаси кўтарила бошлади. Бу орада хонтахта устига егулик ҳам тортилди.
– Ҳозир кўпчилик фирибгарликни касб қилган, – чой ҳўплаб, гурунг беради ҳамроҳим. – Тавба, ҳатто давлатни ҳам туширишга ҳаракат қилади. Бундай хаёл айрим фермерларнинг ҳам хаёлини ўғирлаганига нима дейсиз?!
– Қандай қилиб? – деб сўрайман синовчан.
– Кеча қўшни қишлоқдан бир давлатманднинг арзандаси келибди, – худди менинг саволимдан энсаси қотгандек пешонасини тириштиради фермер. – Нима эмиш, у банкдан фалон миллион кредит олармиш, мен кафил ўтармишман. Борди-ю, қарзини тўлай олмаса, менинг фермерлигим давлат тасарруфига ўтиб кетаркан.
– Кейин-чи?
– Бояги валломат бир-икки ойдан сўнг танишларини ўртага солиб, бирор ака-укамга бошқа ном билан қайта очиб берармиш фермерликни. Ундирилган маблағ ўртада “арра” бўлармиш. Кўраяпсизми фирибни?!
– Нега рози бўлмадингиз? – сўрайман ўсмоқчилаб.
– Сиз феълимни яхши билмайсиз-да, – дадилланади Илҳом фермер. – Бир замонлар ер оддий одамларга мулк қилиб тақсимланганда, яхши ният билан раҳматли отамнинг шарафига “Кўбай ота” фермерлигини очувдим. Эҳ-ҳе, орадан қанча сувлар оқиб ўтди; давлатдан қарз бўлиб, ҳосил солиқни қопламаган кунларни ҳам бошдан ўтказдим. Мана, қарийб ўн етти йилдирки, ана шу ном турибди. Энди келиб-келиб, ўткинчи ҳою ҳавас деб, бир-икки сўмнинг илинжида отамнинг шаънини сотаманми!..
Ташқарида баданга хуш ёқувчи шабада кезар, дераза туйнугидан сизиб ичкарига кирар эди. Гурунгни кўнгли тоза улфат берса, танингиз ипакдек эшилиб турган елдан яйраса, одам бошқача ҳузур қиларкан. Бу орада мен кутаётган киши келди-ю, суҳбатимиз узилди…
Автобус тўлқинлар оша пишқириб сузаётган кема янглиғ шамоллар забтини кесиб боради. Адирлар бағрида дикирлаб ўйнаётган қўзичоқлар кўзга ташланади. Уйғонаётган заминнинг ҳаётбахш нафаси улов ичкарисига сузиб кириб, киши қалбида аллақандай дилгир туйғуларни уйғотиб юборади. Кўклам насимида куртак отаётган дарахтларнинг, нишлаётган майсаларнинг, қизиётган тупроқнинг, борингки, тоғлар бағрини тилиб сизаётган чашмаларнинг бўйи бор. Шу боис одам бундай дамларда олис болалигини, беғубор дамларни, кенгфеъл одамларни қўмсаб қолади.
Негадир оқкўнгил деҳқоннинг содда фалсафаси эсимга тушди. Қулоғим тагида куюниб гапиришлари эшитилаётгандай бўлди.
Зоти тоза зот айтади
Қиш. Қичирлаган аёз жамики тирикликни сиқувга олган. Ҳатто қушларнинг қанот қоқишга ҳафсаласи йўқ. Бироқ кўҳна Ғўбдинтоғнинг кунчиқардаги қуймичида туёқлар гувиллайди, қийқириғу ҳайқириқлар қайнаб-тошади. Зот эмас, ор-номус талашаётганларга қараб эл эмранади.
– Ҳей, дасти узун, нияти тоза биродарлар! Бугун солимга тўйхонадан кўп ўликмолдан ташқари беш қўчқор, икки новвос, бир той, бир туя айтилган! – дейди пўстинга ўралиб олган норғул баковул гулдираб. – Кўнгилда бўлса айтаверинг, бақириб-бақириб юрт олдида айтаман!
Чортоқнинг турли бурчакларидан қур томонга отлиғу пиёда эниб келаверди – жарчи бирма-бир товушлаб кетаверди:
– Оқтошлик Илҳом фермернинг номидан – бир қўй, устида бир биллури чопониям бор! – баковулнинг ўктам овози адирлар бўйлаб чилланинг забтини кесиб ўтди. – Ҳо-ов, илиги тўқ тақимдорлар! Отинг қушдан ўтса, ўзинг ҳалоллаб ютсанг – оласан. Биринчи такага шу марди-майдоннинг атаганини тикдим!
Отлар уюри сайҳонликнинг энишига қараб қўзғалди. Кенглик узра улоқнинг ҳавоси кўтарган қийқирувлар янграйди. Томошаталаблар ўзлари ишқибоз бўлган полвоннинг номини айтиб қичқиради. Бу орада кимлардир баҳсга ҳам киришиб кетди:
– Кўрасан, қўчқорни Собир полвон тақимлайди, – деди бири.
– Ундан Сирожиддин пешроқ! – эътироз қилди иккинчиси.
Уларнинг гапи ҳеч муросага келавермади.
– Агар Сирожиддин қўйга ташласа, қишлоққа текин олиб кетаман, лекин бундай бўлмайди! – бурнини кўтариб қаради миқтироғи.
– Қишлоқдошинг қўчқорни айирса, хўроз сўяман! – деди қотмадан келгани.
Суҳбатни эшитиб кулгим келди. Соддадилликни қаранг: солимни биров олади-ю, хўрозга “тушган” бошқа?!
Кўпкари қизигандан-қизиди. Қиш чилласининг кўкка ўрлаётган жимир-жимири-ю гала устидан кўтарилаётган буғ майдонга қайнаб ётган қозон тусини беради. Вақтни ғанимат билиб Илҳом фермерни ахтардим. Нега изладим, нима туртки бўлди, билмайман. Киши барча ташвиш-у тирикчиликдан узилган кезлари бегидир ҳангома берадиган ҳамсуҳбатни қўмсайди, шекилли.
Биз яна учрашдик. Кўп йиллар кўришмаган дўстлар каби бел олишиб сўрашдик. Зум ўтмай гап гапга уланди.
– Улоқ – элники! – дейди Илҳом ака менинг билагимдан тутиб, кўпкаридаштнинг қибла томонига бошларкан. – Гашти бошқача-да, қиш бўйи кўпкарилардан қолмайман. Қаерда полвонларни кўрсам, қўшилиб оламан. Агар шу ўртада чопиладиган бўлса, албатта, солим айтаман.
– Нега? – ҳайрат аралаш қарайман.
– Э-э, халқда ҳақингиз қолармиди?! – қаҳ-қаҳ уриб кулади паҳлавонкелбат фермер. – Эртага болаларнинг суннатида улоқ берадиган бўлсам қайтариб қўшади-да!
– Қўшмаса-чи? – унга пишанг бергим келади.
– Унда кўнглига ҳавола. Мен орзу-ҳавас билан атайман, тўй берганимда бизга ўхшаш ҳавасмандлар топилади…
Иккимиз тиззабўйи қор қоплаган кекса далаларни кесиб, автоуловга ўтирдик. Улов ичидагиларнинг аксари Илҳом аканинг таниш-билишлари экан, ғала-ғовур авжига минди.
– Ҳей, Келдибек ака, манови мухбир укам бўлади. Солим айттиришимга ишонқирамаяпти. Собир полвонни қўй сўйиб кузатганингизни гапириб беринг.
“Дамас”нинг ўнг бурчагида жуссаси ярим қучоқ келадиган, азбаройи қисилганидан фақат боши кўриниб турган киши кулги аралаш гап бошлади:
– Нимасини сўрайсиз, шармандагарчиликдан бош кўтара олмай қолдик-ку ўша кунлар, раис!
Машина ичида яна ғала-ғовур бошланди. Ҳамма айтувчини қистовга олди.
Келдибек аканинг сўзларига кўра, оқтошлик Собир полвон қайсидир улоқда тойга ташлайди. Издиҳомдан сўнг уйига қайтаётиб, кўча бошида Келдибек фермерни учратиб қолади. Фермер ундан нима айирганини сўрайди. Полвон борини айтади. Тойни қишлоққа тан қилганлигидан суюниб, уйига таклиф қилади. Дастурхон тўкин бўлади, аммо ҳалиги “қурғур”дан бир-икки пиёла симирилгач, икки биродарнинг жигар егиси келиб қолади. Бу ер шаҳармидики, зип этиб қассобхонадан жигар қўлтиқлаб келсанг! Азаматлар ўйлаб-ўйлаб фермернинг қўтонидан бир совлиқни судраб чиқиб, бўғизлашади.
“Камсуқум” меҳмон билан “саховатпеша” мезбон қишнинг қаҳратонида қўйнинг терсини шилиб, қорнини ёрган маҳал ҳалиги “номинг ўчгур” кучини кўрсатганми ёки чироқ ўчиб қолганиданми, жигархўрлар совлиқнинг… ўпкасини қозонга босишади шундай қилиб икки жигар ишқибози тонготаргача ўпкахўрлик қилади.
Эртасигаёқ Собир полвон билан Келдибек фермернинг “жигархўрлиги” оламга достон бўлиб, тўй- маъракаларда асосий “мавзу”га айланади…
Улов ичида бир ажиб – калака-ю мазахдан, таҳқиру камситишдан холи кулги янгради. Очиғи, яйраб-яйраб кулдим. Келдибек фермернинг ҳаракатлари, имоларини эсласам, ҳали ҳам завқим тошади.
Яна ўйлайман: элимизда ана шундай зот айтадиган, айтганини одамгарчилик йўсини деб биладиган фермерлар кўпайсин. Полвонини ҳурмат қиладиганлар, ардоқлайдиганлар сафи кенгайсин. Майли, минг бир хандалар ҳам тўқиб чиқилсин!
Меҳнат – бошга тож, умрга безак
Қуёш савр буржидан ўтиб, жавзони қоралаб қолган кезлари бир тўй ташвиши билан Бахмал томонларга йўлим тушди. Ўзбекнинг маъракаси нимаси билан қизиқ? Аввало, бир-бирига етти ёт бегона одамларнинг танишуви билан.
– Қани, меҳмон, қаерлардан сўраймиз сизни? – деб гап бошлади тўрда ўтирган оқсоқол.
– Биз ҳам шу атрофнинг одами, – жавоб қайтардим оқсоқолнинг гап оҳангида.
Оҳангим мўйсафидга маъқул тушди чоғи, гурунгимиз қизиб, деҳқону чорвадорнинг каму кўстини, замона зайлини муҳокама қила кетдик. Сўз айланиб Бахмалнинг ноёб олмасига келиб тақалди. Дастурхон атрофидагилар унинг тарихи, ҳосилдорлиги, етиштиришдаги ўзига хос жиҳатлари хусусида қизиқ-қизиқ гапларни айтишди. Сўнг…
– Бунинг бари меҳнатнинг меваси, – вазминлик билан сўз бошлади оқсоқол. – Яна, об-ҳавонинг ҳам таъсири бор. Мана, масалан, Булунғурнинг Оқтошидан Илҳом деган фермернинг боғида биздагидан пеш бўлса пеш, кам бўлмаган “Голден”, “Бешбармоқ”, “Семеринка”ларни кўриб, ҳавас қилганман, – мўйсафид ҳар бир жумлани чертиб-чертиб айтарди. – Жон койитиб ишламаса, Бахмалда бўладими ёки бошқа жойдами, олма тугул оддий қайрағоч ҳам битмайди. Очиғи, Илҳомнинг ниҳолни парвариш қилишини эшитиб ёқа ушладим. Ҳар бир кўчатни алоҳида тарбия қилган экан, уккағар!
Даврада “Рост, ҳамма нарса қаров билан-да, тарбияси яхши дарахт мўлжалингиздаги ҳосилни беради-да!” деган маъқулловлар эшитилди.
Менинг хаёлим эса касбига собит, ҳунарининг пири рутбасига эришган фермерга оғди. У ҳақда қоғоз қоралагим келди. Зотан, эскилар “Бир кун ҳам умр, минг кун ҳам!” деб шунчаки айтмаган. Инсон бу ёруғ ташвишгоҳга келиб, ҳаётнинг ҳар лаҳзасини чин маънода яшаб ўта олса, кўпминг йиллик устувор қарашларимизга собит тура олса, саодатли кишилар деб шуларни айтиш мумкин. Қаҳрамонимизнинг у ёнидан-бу ёнидан қарайман: ички дунёсини, тиш ёриб бировга айта олмайдиган сирларини билишга чоғланаман. Аммо… Билиш – Яратганга хос. Мен бир бандаи ожиз, кўрганларимни қоғозга туширишгагина ярайман, холос.
Уста деҳқон, моҳир миришкор Илҳом Султонқулов ҳақида билганларим ҳозирча шу.