Мани биласиз, ака, дўппим ерга тушиб кетса, биронтасига беш сўм бериб олдирадиган йигитларданман. Гастранўм мудирининг жияни деган номим бор. Мана, касби ҳалолимни кўриб турибсиз – тратуварнинг четига ўрнашволиб, кунига бир яшик «Родопи» сотаман. Молия агенти пачакилашмай турса, кам деганда йигирма сўм «ебкетди» қолади. Мандан бўладиган харажат– тоғамнинг рўзғорига гўшт ташиш-у, бир-икки сўмни участкавойга қистирвориш, холос.
Анави пирсиён маҳаллада бир студентка туради. Нима, мани еб қўярмидинг, дегандек ҳар куни ёнимдан безрайиб ўтиб кетади денг. Тантилигимиз қўзиб, ўшанга кўнглимиз кетибди-ю, у калтасоч ноз-фироқ қилаётганмиш. Мамашкамиз совчиликка бориб, сувга тушган мушукдек мунғайиб қайтдилар.
Ўша куйдирги ким бўп кетибди ўзи, дерсиз. Дадаси бор-йўғи автопаркнинг бошлиғи. Жа борса, ойига уч юз сўм чўтал туширади. Ундан кўра, автобус минган яхши-да, худонинг берган куни уйга икки чўнтак танга билан қайтасан.
Хуллас, ўша калтасоч билан йигитчасига гаплашиб қўйгим кеп қолди. Кеча инститўтдан қайтишини пойлаб, кўча бошида «хах» деб турдим. Пединститўтда ўқийди у ойимча. Битирса, ўрисчадан дарс берармиш. Биздан ортиқ тил билармикин ўзи?
Студенткага сал културной кўриниш учун бўйинга галстук илаштириб, бошга шлавпа бостирганман денг. Кутавериб, ярим пачка «Родопи»ни булутга аъзо қилвордим. Бир пайт гижинглаб кеп қолди-ку. Мундоқ қарасам, устида биронта импортний нарса йўқ. Тўртепки атласни шунчаки тиззаёптига тиктириб, магазинда ит емай ётган ўн тўрт сўм олтмиш тийинлик жимпердан кийиб олибди. Оёғидаги чалахиромни камиссиённийдан олмаган бўлса, бўличка уриб кетсин мани.
Ҳали сан рўдапо манга ноз қилдингми, дедим-у, йўлига кўндаланг чиқиб, ўқиётган пакултетига мослаб гап отдим. «Давай, красўтка, пазнакўмим», дедим. Шунда у касофати афтимга қараб туриб: «Пашўл!» деса бўладими. Сиркам сув кўтармайди мани, нервим қўзиб кетди. Шақалдириска қилиб тортворай десам, бефаросат одамлар, келиб-келиб, кучинг шунга етдими, дейишданам тойишмайди. Бунинг устига, муюлишдан кўзи жовдираган бир мухбир чиқиб қолди денг. Бўйнида аппарат. Вақтида шиппак бўлдим.
Хуллас, мандек йигитга ноз қилибсан – пушаймонда ўлиб кет, деб қўлни силтаб юрибмиз. Яна келиб ялинади, деб ўйлаётган бўлса, аммасини сўраб қўяди. Ўлмасак кўрамиз, биздан илиги тўқроқ кимни топаркин. Жа омади юришса, биронта мактабнинг директорига келин бўлади-да. Вих-хих-хи, ман бу педагўглар зотини яхши биламан. Ҳатто маориф мудири сартарош пулидан қочиб, соқолини ўзи олади.
Уни қўйинг-буни қўйинг, бошимиз омон бўлсин, ака. Ундақанги рўдаполардан кўпини илинтирамиз ҳали. Ишқилиб, «Родопи»сиз қолмайлик.
Лаббай? Сигаретдан дейсизми? Жоним билан. Ҳаммага олтмиш тийиндан бўлса, мана ўзларига эллик беш тийинга берамиз-да. Хўп бўлмаса, акахон. Кептуринг…
Ҳе, фасонингдан ўргилдим сани. Эл қатори олтмиш тийин бераверсанг, шалваринг шалвираб қолармиди. Шу дўхтир халқи ҳам ўлгудек пасткаш бўлади-да ўзи.
1976 йил.