Анвар Обиджон. Тушунтириш хати (ҳажвия)

Учаскавўй мелисамизга ёзиб маълум қиламанки, мен ким – оддий совет бангиси, қўш гумбазли ҳаммомнинг илғор ўт ёқувчиси, адолатпарвар дейилгучи мамлакатнинг адолатга ташна граждани, адабий нағмада айтганда, фуқаросидурман.
Ўртоқ капитон! Сизга устимдан тағин шикоят тушганини эшитиб, ҳаддан ташқари хижолат бўлдим. Хотиним ўзи шунақа, мактабда ўқиб юрганда деворий газетага редактур бўлган, жўрнолистлик касали ҳануз қўзиб туради. Хуружи тутганда, энг яқинидаги одамга, яъни шундоқ қўшни болишда ётувчи каминага ёпишади.
Ўтган куниям шунақа бўлди. Мен аҳмоқ ишдан ютақиб келиб, битта чой буюрибман. Чойнакни дўқ этказиб олдимга қўйиб кетди. Бир қайтарма қилай деб пиёлага қўйсам, картишка қайнатилган сувнинг ўзгинаси. Жаҳлим қўзиб: «Ў, энасини кўрмаган, шуям чойми?»– деб, ва ҳоказо, яна ҳоказо гапларни айтиб, андак тергаб ўтдим.
Хотин киши дегани асаларининг яшиғига ўхшайди, сал тегсанг, балога қоласан. Шу зардам баҳона бўлди-ю, бир вақт қарасам, мен палон гектардан палон центнердан макка олган бригадирман, палон жойга депутотман, сен ким бўпсанки, менга олифтачилик қиласан, деб тепамдан учиб юрибди. Аризасида менга сиёсийроқ айб юклаганига келсак, бу гапларнинг чиқишига ўзи айбдор. Қўлини биқинига чойнаксоп қилиб, масалангни женсоветга қўяман, деди. Шунда, мен баттар тутақиб, женсовет, селсовет ва ҳоказо, яна ҳоказо советларни бўралаб ташладим. Аммо, буни манмансираб кетиб, қасддан айтганим йўқ. Зеро, мен паҳлавон ҳукуматимизда қанча саллот-у, қанча замбарак борлигини яхши биламан.
Шу десангиз, ўртоқ капитон, хотиним: «Ҳали шунақами?» деди-ю, ташқарига қараб юрди. Ҳовлини кесиб ўтаётиб, ҳовузча бўйида таҳорат олаётган отамни ваҳшийларча туртиб юборди. Чол у тарафга учди, обдаста бу тарафга. Отамнинг ҳовузга ағдарилиши бир нав, чунки у пишиқ сузувчи, урушда Днепрни кечиб ўтган. Лекин, тилсиз-жағсиз яп-янги сопол обдаста бекорга пачақланганига кўп ачиндим. (Бу гапимдан кейин, ғилай демай, чиллашир демай, маҳалламиздаги бор йигитни қурилиш баталёнига жўнатишаётгани каби, «пишади» деган баҳона билан, обдасталарниям армияга олиш бошланмагани дуруст).
Чолни қуритиш учун паққос кийимини ечиб, айвондаги сўрига ётқиздим. Устига эндигина чойшаб тортганимда, райижроқўмда шопирлик қиладиган укасини эргаштириб, хотиним келди. Қайноғам кўзини фолчининг пилдироғидек айлантириб, менга тиралди. Қирқ беш йил яшаб, умримда бунақа сўкиш эшитмагандим, бир зумда ачамни божамга аралаштирворди. Ҳов, гўдак, дедим унга, поччангни ҳурмат қилмасанг, сочимдаги оқни ҳурмат қил, дедим. Шунда у: «Ким гўдак?» – деб бўйнини чўзди. Хато гапирибман, кечиргин, ука, дедим унга, кўриб турибман, бўғоз хотин обберишса, бола кўрадиган бўпқолибсан, дедим. Сўзим тугаб-тугамай, гарданимга гурсиллатди. Шунда: «Ҳе, ўша опангни медалига…» деб, ва ҳоказо, яна ҳоказо гапларни ишлатиб, биқинига солувдим, опаси орқамдан, укаси олдимдан тирмашиб, мени новвосағдариш қилишди. Итларнинг яйловдаги танишувига ўхшаган судра-судра бошланди.
Сўрида ётган отам менга ачиниб кетдими, чойшабнинг тагидан чиқиб келиб, бизни ажратишга тушди. Чолнинг аҳволини кўриб, хотиним бетини тўсганича даҳлизга қочди. Кейин қайноғам «бу уйдагилар ҳаммаси жинни», деб кўчага отилди.
Ўртоқ капитон! Хотиним нуқул сиёсатни рўкач қилиб, райижроқўм ходими, Афғон уруши қатнашчиси бўлган укам аёвсиз дўппосланди, деб ёзибди. Бу қип-қизил туҳмат. Биринчидан, ҳақорат қилишни қайноғам ўзи бошлади. Ҳукумат вакили эканини ҳисобга олиб, то шапалоқ тортгунча индамай турдим. Ваҳоланки, овозини вақтида ўчириш учун бўйнига тайёр чандилган галстўкни озгина тортиб қўйишим кифоя эди. Афғонда бўлганига келсак, шу болага ишониб пўрма беришганига ҳайронман. Бир куни ундан «урушда душманни дўстдан қандай ажратардинг», деб сўрасам, «кўзини рангидан», деди. Шу билан битта казармада ётганларнинг юрагига балли.
Ўртоқ капитон! Хуллас, опа-уканинг иғвосига учманг. Бу муттаҳамларга қолса, ҳатто Фарғонадаги исённиям менинг бўйнимга ағдаришади. Ўзи бу ёқда айбни кимга тўнкашни билмай туришибди.
Яна шикоятдаги гапларга қайтсак, қайноғам кетганидан кейин алам устида даҳлизга кириб бордим. Сенми ҳали мени укангга калтаклатадиган, деб, шартта хотинимнинг сочидан чангаллаб, ва ҳоказо, яна ҳоказо ҳаракатлар қилиб, уни одамгарчиликка чақирдим. Афсуски, тарбия кўрмаган бу аёл оилавий тартиб-интизомга тупуриб, отасиникига кетиб қолди. Пешанам шўрлигидан хўрлигим келиб, кечаси билан чилим тортиб чиқдим. Натижада иккита тўшак, учта кўрпа ва ҳоказо, яна ҳоказо матоҳларга чўғ тушиб, кичик ёнғин чиқди.
Ўртоқ капитон! Эрта-индин хотиним қайтиб келгудек бўлса, шу куйган латталарни пеш қилиб, янги бир шикоят ёзиши турган гап. Сиз у чаласаводга яхшилаб уқтириб қўйинг – ҳозир демократия замони! Демократия дейилганда, америкалик кимни сўксанг сўкавер деб, франциялик кимни ўпсанг ўпавер деб тушунади. Мен учун бу– қаерда чексанг чекавер дегани. Ҳуқуқим поймол этилмасин!
Яна бир гапим бор, ўртоқ капитон. Бундан кейин погонни хор қилиб, эр-хотиннинг ўртасига тушиб юрманг, каттароқ ишлар билан шуғулланинг. Масалан, мен бўғзи узилган обдастани чорсига тугиб, район суғурта идорасига борсам, таҳорат воситасининг синиши табиий офатга кирмайди, деб ҳақини тўлашмади. Илтимос қиламан, шу ишни қаттиқ текшириб, тегишли пулимни ундириб берсангиз. Агар иш ўнгидан келса, ўзларини ҳаммомда шаҳонасифат буғлаб, кейин иккаламиздан ортмайдиган кобили шўрва қайнатиб, ва ҳоказо, яна ҳоказоларни истеъмол қилиб, бир яйраган бўлардик.
Бор гапим шу. Илойим, саломат бўлайлик.
1989 йил.