Анвар Обиджон. Шилиқабилиқ (ҳажвия)

Икки қўлини боғкурси суянчиғига ярадор турнанинг қанотларидек ёйиб олган домла Сўзпардозий қаршисидаги Улуғбек ҳайкалига туяланиб тикилганича миқ этмай ўтирар, даҳолик талашаётганга ўхшарди. Луғатхўжаев эса, кенг олачипор костюми ичида товуқдек потраниб, ҳануз бидир-бидир қилишда давом этарди:
– Кейинги ойларда юз хил луғат титкилаб куним ўтди. Повулғон деган қишлоқнинг номи нимадан келиб чиққанини аниқлаш устида кўп бош қотирдим. Баъзи олимчаларимизнинг бу борадаги тахминлари мени қониқтирмайди.
Луғатхўжаев ўз бошвоқчиси домла Сўзпардозийнинг издошларини «олим», қолганларни «олимчалар» деб атар, бу иборалар устозга ёғдек синггаётгани ҳар сафар унинг юзидан ярқ-юрқ сезилиб турарди.
– Повулғон, Пунгон сингари жойларнинг номи мўғулчада соқчилар қўрғончаси маъносини англатади деган қарашларга мендаям шубҳа бор, – Улуғбекка уқдираётган кепатада сўз қотди домла Сўзпардозий. – Баҳсли фикр бу. Ҳарқалай, бирон янгироқ талқин топдингми?
Луғатхўжаев айнан шу саволни кўпдан интизорланиб кутгандек, шоша-пиша бош қимирлатди:
– Топдим, устоз, топдим. Ишончим комил, бу қишлоқ Русия ҳукмдори бўлмиш Павел Биринчи, ёинки Павел Иккинчининг шарафига қурилган. Табиийки, номини ўзбекчалаштириб, Павелжон дейишган. Бора-бора, шевада Повулғон бўпкетган.
Бу гапни эшитиб, домла Сўзпардозий пуффа тутақиб кетди. Павеллар ҳукмдорлиги даврида Туркистон Русиянинг таъсирида бўлмаганини айтиб, шу оддийгина мантиқни назардан қочиргани учун шогирдини астойдил силтаб ташлади. Шогирдлари орасида мана шу Луғатхўжаев сал нўхтасизроқ шаклланди-да. Бухоронинг номи ўрисчадаги «бугорок» сўзидан келиб чиқмаганмикан, деб илгариям ҳаммага кулки бўлганиди. Мана, яна қовун туширишига оз қолди.
– Нима бўлгандаям, устозингман, – деб ўпкаланди домла Сўзпардозий. – Сенга урилган қамчининг учи мениям тимдалаб ўтади, гулпадар.
– Узр, устоз… Сиз доим ҳақсиз…
Жазирама бўлишига қарамай, бошига қашқартелпакни бостириб, эгнига узун камзул кийган қария вош-вошлаганича келиб, боғкурсининг четроғига хамирланди. Қўлидаги белвоғда елпинаётиб: «Бай-бай-бай, шунақаям дим бўладими», дея ўзича шикоятланиб қўйди. Сўнг Луғатхўжаевга юзланиб сўради:
– Бир нарсани қидириб келувдим. Шилиқабилиқ қаерда сотилишини билмайсизми, иним?
Луғатхўжаевнинг энсаси қотди:
– Нима?!
– Шилиқабилиқ керак бўпқолувди.
– Бунақа нарсани эшитмаганман. Билмайман.
Луғатхўжаев қариядан зардали қиёфада юз буриб, оламшумул суҳбат қаерда бўлиниб қолганини эслашга уринаётганида, устознинг: «Повулғондан бошқа жойларнинг устидаям ишлаб кўрдингми?» – деган саволи тилига бошқатдан жон бағишлади.
– Бўка масаласидаям қаттиқ уриндим, – ҳисоботни тахлашга тушди у. – Буям ниҳоятда катта муаммо туғдирди. Асотирларда битилишича, бу ўрам қадимда сон-саноқсиз булоқлар чиқиб ётган ўта захкаш ерлар бўлган. «Бўка»га айнан ўхшайдиган «бокий» арабчада йиғи, булоқни билдирса, «биқоъ» – ер бўлаклари деган маънони англатишини луғатдан аниқладим.
– Яна айнияпсан, Луғатхўжаев, яна айнияпсан, – дея унинг сўзини кесди домла Сўзпардозий. – Менимча, бу ном форсийдаги…
– Ие! Қанақа форсий? Қанақа арабий? – кутилмаганда эски ўнинчи калиш билан «донолар давраси»га бостириб кирди қария. – Сувга бўкиб ётган зах ерларни далачилар «бўкак» дейишади. Бўка худди шундан келиб чиққан. Ўзбекда «бўка» деган қабила ҳам бор.
Иккала олим бир зум сўррайиб қолишди. Қирпаликда тажрибаси анча ортиқ бўлган домла Сўзпардозий ўзини тезроқ ўнглаб олди. Қарияга қўтосқараш қилиб, лабининг четидан сўз учирди:
– Биз олим одамлармиз. Ишимизга аралашманг, гулпадар.
– Олим бўлсаларинг, ҳадеб бошқа тилдаги китобларни титмасдан, ўзбекчаниям ўрганинглар-да, – бўш келмади қария ҳам.
Луғатхўжаевнинг жиззакилиги қўзиди:
– Қизиқ экансиз-ку, отахон! Сизга ўхшаган омиларнинг тўпори шевасига ёпишволсак, олимлигимиз қаёқда қолди? – сўнг устозига қараб тиржайди. – Буларга қўйиб берсак, Тўйтепаниям туркийча дейишдан тойишмайди.
– Ва! Ҳали Тўйтепаям ўзбекчамасми? – қариянинг дафъатан кўзлари олайди.
– Ўзбекчамас! – эътирозга ўрин йўқ дегандек тиззасига шап эткизиб урди Луғатхўжаев. – Очиғи, ўзимам буни ўзбекча деб юрардим. Лекин, яқинда испанча сўзлар луғатини варақлаётиб…
– Луғатхўжаев! – ўшқиргудек бир тарзда мурожаат қилди домла Сўзпардозий. – Кимга уқтиряпсан? Нимани исботламоқчисан бу чолга? – кейин қарияга ўгирилиб тумтайди. – Хуллас, ўзларига нима керагиди?
– Айтдим-ку шилиқабилиқ керак деб, – жавоб қилди қария. – Шундоқ шлўмбадан ўтиб сўрасангиз, ҳамма айтиб беради дейишганиди.
Луғатхўжаевнинг тағин энсаси қотиб: «Шлўмба нима?» – деб сўради. Қария «ҳу ана, турибди-ку», дея бармоғида темирйўл шлагбаумини кўрсатди. Луғатхўжаев кинояли кулиб қўйгач: «У нарса шлўмбамас, шлагбаум. Немисча сўз», деб калласидаги хазинани такрор намойишлаган бўлди.
– Сенларда ё ҳамият етишмайди, ё асли зотинг бошқа зуваладан, – устоз ва шогирднинг башарасидан ўзбекликни синчиклаб қидирди қария. – Ўзбекнинг гапини бир арабга илинасан, бир немисга. Сен индамай тургин-чи, гирмониялик олиминг зўр бўлса, ўзбекчадаги «шлўмба» немисчадаги «шалағваум»дан келиб чиққанини олдимда ўтириб, исботлаб берсин. Исботлаб бўпти! Масалан, биз эшикка тираб қўйиладиган таёқни тамба деймиз. Шундан кўриниб турибдики, эшикни тўсадиган таёқ – там-ба, темирйўлни тўсадиган таёқ – шлўм-ба! Қаланғи-қасанғи китобларни пайпасламасдан, маҳалла-кўйгаям аралашиб туринглар. Шилиқабилиқнинг нималигини маҳалладаги ёш болаям билади-ю, олим бўптуриб, икковинг елка қисасан холос.
Охирги сўз Луғатхўжаевнинг ичини чимчилаб, бирдан фиғони фалакка чиқди. Қариянинг кекиртагига рўмолча тиқишдан ўзини зўрға тийиб: «Ўша лаънати шилиқабилиқ нима ўзи? Кўриниши қанақа?» –деб уввос солди. Қария унинг жазавасига писандсиз боқиб, шилиқабилиқ деган нарса дувол қилиб уриладиган каттакон, лекин енгилгина ғишт эканлигини тушунтиришга тиришди.
– Э-э, шлакоблок демайсизми, гулпадар, – қарияга бурнини замбараклади домла Сўзпардозий. – Анави узун бинони айланиб ўтиб, ўнгроққа қараб юрсангиз, шлакоблок чиқарадиган кичик корхона бор.
– Одамни чалғитиб, нуқул шилиқабилиқ дейсиз! –
аразлаган боладек остки лабини буриштирди Луғатхўжаев.
– Шилиқабилиқ-да! – ўрнидан тураркан, одатдагидек ўзиникини маъқуллади қария. – Шилиқ эткизиб дуволга боссанг, билиқ этиб лойга ёпишади. Шуниям билмаганингдан кейин…
Қария, сатқайи олимлик сенларга, деган маънода қўл силтаб қўйиб, бешиктерватардек лакки-лукки одимлаб йўлга тушди.
– Шилиқабилиқ, шилиқабилиқ деявериб, калланиям шилиқабилиқ қипкетди бу чол, – дея қорачиғи ёниб сайроқиланди Луғатхўжаев, қариянинг ортидан хўмраяркан.
Домла Сўзпардозий эса, бу паллада чуқур ўйга чўмганди. «Гулпадар чолнинг Бўка хусусидаги гапларида жон бор, – дея ичида мулоҳаза юритаётганди у.– Бу топилмани матбуотда тезроқ эълон қилвормасам бўлмайди. Акс ҳолда, анави яламур оғзимдагини илиб кетади».
Домла Сўзпардозий шумшук шогирдининг кўзларига бир муддат синовчан тикилиб тургач, фармон оҳангида деди:
– Сен бола асосий мақсаддан чалғима, Повулғонни янаям тузукроқ мижиб кўр. Тушунарлими?!
– Тушундим устоз… Сиз доим ҳақсиз…
Луғатхўжаев тилида шундай деди-ю, дилида бошқа гап кечди. «Оббо, қари туллаг-ей, – деб ўйлади у. – Билсам-билмасам, мени эски ишга алаҳситиб қўйиб, Бўка ҳақидаги янгиликни ўзи каппа отмоқчи. Ҳозироқ радиога чопганим бўлсин…»
1998 йил.