Анвар Обиджон. Ошқовоқсиз сатира (ҳажвия)

Бутун бошли шаҳарда мижозимга ўтирадиган ягона ошхона шу. Биринчидан, очиқ ҳавода овқатланаман, иккинчидан, ошқовоқ сомса фақат шу ерда ёпилади.
Воҳ-воҳ, ошқовоқ дегани жон-дилим. Айтишларича, болалигимдаёқ эндигина хамаклаётган кадини маммага ўхшатиб сўрганим-сўрган экан…
Иссиққина ошқовоқ сомсаларни, одатдагидек, четдаги уч оёқли ногирон столга ёйиб, эндигина эмишни бошламоқчи бўлувдимки, тепадан «Қағ-ғ!» этган товуш эшитилди. Мундоқ қарасам, конверт чангаллаган бир қарға бошимда шақилдоқдек айланиб турибди. «Кишт!» дедим. Қарға эса, қочиш ўрнига бехос пастга шўнғиди-ю, хатни столга ташлаб, сомсалардан бирини чангаллаганича яна осмонга кўтарилди «Илойим, кекиртагидан тешиб чиқсин!» – деб қичқирдим юлиб ютар «почтачи»нинг ортидан.
Конвертни олиб кўрсам, устига: «Ошқовоқхона, четдаги уч оёқли стол, Маматвали Шампановга», деб ёзилибди.
Э, чаласавод! «Шанбанов»ни «Шампанов» дебди. «Шанбан»нинг «Шанба»дан келиб чиққаниниям билмайди.
Сомсадан бир тишлаб қўйиб, хатни очдим. Сочиқдек келадиган қоғозда тўрттагина сўз: «Маматвали плюс ошқовоқ, минус сатира, баробар – аҳмоқона тирикчилик».
На имзо бор, на хайр-маъзур. Аммо, муаллифи шундоққина тирноғимнинг устида турибди – бу ўша писмиқ сатирачининг иши, ўша ғулғулабоз ёзган буни. Асарларини янчиганимда айрим касбдошларим: «Бекорга овора бўпсан, сендақаларнинг танқидига пинагиниям бузмайди у», дейишганди. Мана, алам қипти-ку!
Шу десангиз, отам раҳматли аскиячи зотини солиқчидан ҳам ёмон кўрарди, «хиринглашиб ўтиргунча, сигирга бир қучоқ ўт юлиб берсанг, рўзғорга ярим коса, бозорга икки коса қатиқ қўшилади», дерди. Менгаям отамдан юққанми, сатирасиниям, юмориниям кўргани кўзим йўқ. Бу ёқда вагон-вагон масалалар ҳал бўлмай ётибди, ҳажвчиларни кўрсангиз, ҳануз «хи-хи-хи, хо-хо-хо, ха-ха-ха».
Мана, биттасининг ёзгани: «Бу одам ёстиққа оёғини эмас, бошини қўйиб ухлаши, шўрвадаги карамни аввал қўлида олиб, сўнг қошиққа солиши билан эмас, қошиқни тўғридан-тўғри косага ботириши билан бошқалардан кескин фарқ қилса-да, ҳамон жиннихонада даволаняпти. Чунки, у мудом ўша саволни такрорлагани такрорлаган: «Кимё завўдининг мўрисини қачон судга берамиз?!»
Бунинг нимаси кулгили? Ёзувчи бизга нима демоқчи? Мўрини «қора курси»га судрашга уринаётган одамнинг соппа-соғлигига халқни ишонтирмоқчими? Ишонтирганда ҳам, шу куладиган гапми? Жудаям одамларни кулдиргинг келган бўлса, ана, лоақал Бароқ Исрофилга ўхшаб отарчиларни мазахла, давлатга бир тийинлик фойда келтирмайдиган сақичфурушларни фош қил. Завўднинг мўрисига бало борми?
Ўзимга қолса, бунақа субитсиз жанрга бурун тиқиб, илмимни хор қилиб юрмасдим. Наилож, устознинг раъйига қараб…
Бир куни устозникида ўтириб қолдик. Орада десангиз, нозиккина идоранинг нозиккина вакили ҳам бор. Кўринишидан мушукдай мулойим, аммо гаплари йўлтўсарнинг муштидек лўнда-лўнда.
Устоз мени азалдан яхши кўради, боиси бирон марта кўзига тик боққан эмасман. Бу сафар ҳам меҳри товланиб, меҳмонга боримни борича мақташга тушди: танқидчилигимизнинг эртанги юлдузи, калласи нақ билимнинг уяси, энг муҳими – ниҳоятда жасур, табиатига ёқмаган ёки сиз билан бизга ўхшаш бамаъни китобхоннинг ихлосини қозонмаган асарларни тап тортмай савалаб ташлайди, деди. Шу йўсин, гапнинг қозонида адабиётни қовуравердик. Бир пайт, «жаз» этиб, капгирга ҳажвчилик илинди. Устоз кўзимга маънодор боққан эди, «биласиз-ку, бунақа шатмоқ жанрга азалдан тоқатим йўқ», дедим.
– Ижтимоий тараққиётнинг ҳозирги босқичида биз универсал бўлишимиз керак, – деди устоз, бурнининг учини ўйнатиб. – Акс ҳолда сиз… айтайлик, ҳатто биз ҳам четга сурилиб қолишимиз мумкин.
Юрагим бир жизиллаб қўйди.
Шундан кейин устоз муқоваси рангпарроқ китобни олиб, эрмакка варақлаган бўлди.
– Қарангки, мана шуям сатирамиш, – деди у китобни менга узатиб. – Ўқиб чиқдим… Ҳеч нима тушунмадим… Ғирт топишмоқ! Бир қишлоқи бола пойтахтга келибди, на иш, на бошпана, на ўзбекчиликни тополмай қайтиб кетибди.
– Ў! – дея сипо жилмайди меҳмон. – Шу замонда-я? Бизнинг жамиятдами?
Устоз уни маъқуллаб, бош қимирлатди:
– Ҳамма гап шунда-да. Шу типик ҳодисами?
– Кам бўлманглар-е! – дея мийиғида кулди меҳмон. – Адабиёт шу даражага тушган бўлса, адабиётшунослик олдинроқ тугаб битган экан-да.
Лабига ёпишиб қолган шафтоли пўчоғини беозоргина чимдиб олаётганимда, устоз сузилган тарзда пича жимиб турди, сўнг пўчоқнинг оғзидаги қолдиғини елкамдан ошириб туфлаб, сўзга оғиз жуфтлади:
– Биламан, анчадан бери матбуотда кўринолмай юрибсиз. Шу китобни ўқиб, бир фикр билдирворинг… кўпчиликка аралаштириб бўлсаям… Босилишига ўзим ёрдам бераман.
Меҳмон ўша мулойим оҳангда яна гап қистирди:
– Бу ёзувчининг ижодидан анча узоқман. Лекин, айтишларича, тили сал узунроқмиш. Бир ҳажвиясида ҳатто танқидчиларниям… а? Индамай қўйиб берса дейман… Униям курагини эзиб қўядиган мардлар бордир?
Хуллас, курагини ўзим эзиб қўяқолдим. Мана, энди типирчилаяпти. Шунақада бирам мазза қиламан-ей!
Умуман, номи сатирачи бўлса, ҳаммасининг бурнини ғиштга ишқалаш керак. Шуларнинг дастидан туппа-тузук хотиним ҳам айниди-қолди – ҳажвий китобни очволиб, қиқирлагани қиқирлаган. Бугун уйда қиқирлайди, кейин ишхонада… кейин кўчада… Охири нима бўлади, худо билади.
Бу ёқда тинчгина бир оилага совуқчилик тушираётгани етмаганидек, яна қарғадан имзосиз хат жўнатишади, пешанангга лақаб ёпиштирмоқчи бўлишади – «плюс ошқовоқ» деб…
– Ҳа, айтгандай… ҳў акахон, ошқовоқ сомсадан қолдими? Яна битта узинг. Сатирачиларнинг учма айғоқчиси тўсатдан ризқимни қийиб кетса бўладими. Бу касофатиларнинг қўлидан бошқа нимаям келарди…
Оҳ, оҳ, оҳ, ошқовоқдан қолмайлик, ошқовоқдан!