Ой тугаб бораётгани учун бешта жамоа хўжалигида кетма-кет томоша қўйдик, бу – олтинчиси… Охиргиси!
Ҳа, охиргиси бўлмай қуриб кетсин-а! Бунақанги расво клубни умримда энди кўришим: деразаларнинг ойналари чалапачоқ, саҳна совуқ, ҳатто кийиниш хонасигаям печка-мечка ёқиб қўйишмабди, хонандаю раққосаларимизнинг тиши ёппасига «чакира-чакир данги-ра»га ўйнаб турибди…
Ўзимга қўйиб беришса, бундақанги қаҳратонда оёғимнинг тагига буқа сўйишсаям қишлоқ гастиролига чиқмаган бўлардим. Кимсан – машҳур хонанда Рамазон Шабадаевман! Ҳозирча бозорим чаққон. Майда пул қистириладиган тўйларга анчадан бери бормай қўйганман. Начора? Бир томонда филармониямизда маблағ масаласи ишкал. Иккинчи томондан қарасак, «деҳқонларга маданий хизмат» деган гаплар бор.
Ўчакишгандай, шарфимниям уйда унутиб қолдирибман. Бу аҳволда томоғим музлаб, овозим тўғнаб қолиши ҳеч гапмас.
Ташқарига чиқиб, клуб мудирини топдим.
– Ҳў, ака, бизга битта шарф керак бўпқолди, – дедим унга. – Агар томоқни шамоллатиб қўйсам…
– Э-э, нафасингизни иссиқ қилинг, – дея сўзимни бўлди мудир. – Ҳамма сизни деб келган-а!
У, ойнаси синиқ деразалардан бирининг ёнига бориб, ичкарида ўтирганларни синчиклаб кузатаркан, ўзича ғудранди:
– Бу жўмардлар пайти келса яхобда чўмилишади. Бўйинни ўрашни билармиди булар.
Ҳафсалам совиб, эндигина изимга қайтмоқчи бўлганимда, мудирнинг «э, хайрият», деганини эшитиб, яна тўхтаб қолдим.
– Вей, Марай ака! – деразага яқин ўтирган шопмўйлов кишига қараб шанғиллади мудир. – Тўлан тумовни бу ёққа чақирворинг.
Сал ўтмай, бўйнига ола-була шарф ўраб олган бадқовоқ йигит ичкаридан ғўдайганича чиқиб келиб, тажанг қиёфада мудирга юзланди:
– Ҳа, озгина ичсам, нима қипти? Трактирим таъмирда ҳозир!
– Раисга чақади деб ташвиш тортма, Тўланвой, – деб уни тинчлантиришга уринди мудир. – Гап шундаки, анави бўйнингдаги савил бизга керак бўпқолди.
Тўлан тумов иккаламизга бир-бир ўқрайиб олиб, шарфини бўйнига маҳкамроқ чандиди. Сўнг йўтал аралаш деди:
– Шарип… ўҳув, ўҳув… ўзимгаям керак!
– Қўрқма, бирпасга оламиз холос, – тушунтирди мудир. – Мана, Рамазонжон оғайнимиз ҳозир саҳнага чиқиб, бизга ялла қилиб беради. Агар томоғи шамоллаб қолса борми…
– Меники-чи? – хириллади Тўлан тумов. – Ўҳув, ўҳув… мени томоғим-чи?
Бу гапни эшитиб, мудир афтини тириштирди:
– Э-э, сен ашула айтармидинг, ука. Айтганингдаям, уни эшитадиган тентак йўқ. Еч энди бўйнингдагини.
Тўлан тумов шарфни ечаётиб, қўлидаги соатга диққат билан қараб қўйди.
– Майли, бераман, – деди у, шарфни мудирга итқитиб.– Аммолейкин, йигирма минутдан кейин қайтиб беришларинг керак. Томошаларинг тугайдими, йўқми, йигирма минутдан кейин уйга кетиб, кино кўраман. Бугун телевизўрда «Бобби»ни қўйишади… Ўҳув, ўҳув… Тушунарлими?
Мудир сўзга оғиз жуфтлаб улгурмай, Тўлан тумов шартта ортга бурилиб, йўтала-йўтала, яна ичкарига кириб кетди.
– Гапираверади-да, – шарфни қўлимга тутқазаётиб кўнглимни тинчитган бўлди мудир. – Хижолат тортманг, Рамазонжон, бу овсар оғзига келганини саннайверади.
Ўн минутчадан сўнг менга навбат беришди. Биринчи чиқишдаёқ томошабинларни ўзимга эликтириб олиш учун қитиқни келтирадиганидан танлаб, раққосага сузилганимча куйлай кетдим:
– Сой тагида чўгалтош, воҳай бола,
Сойдан ўтолмай қолдим, воҳай бола.
Ўйинчига суйканиб, воҳай бола-ей,
Уйга кетолмай қолдим, воҳай бола…
Томошабинларнинг оҳ-войи ичидан таниш йўтални ажратиб олиб, учинчи қатордан менга хўмрайиб турган Тўлан тумовга зимдан сал кўз ташлаб қўйдим. Иккинчи қўшиқни тугатаётган вақтимда у менга қўлидаги соатни кўрсатиб, шарфни ечишимга ишора қилгандек бўлди. Мен гўё ҳеч нимани сезмагандек, безрайиб учинчи қўшиқни бошладим:
– Олма оқиб келоди,
Беҳи қалқиб келоди.
Мани ёрим шаҳардан
Писта чақиб келоди…
Залдагиларнинг завқи жўшиб, яна қий-чувни бошлашди.
– Ҳа, оласан, бола!
– Ўйинчингга вой дод!
– Ҳаҳе-е-й!
Бу ҳайқириқлар қанчалар кучли бўлмасин, уларнинг орасидан «еч энди шарипимни», деган хириллоқ товушни алоҳида илғаб олдим.
Тўртинчи қўшиқни ҳам эсон-омон тугаллаб, қарсакларни мириқиб эшитиб олиш ниятида озгина тўхталиш қилдим. Тўхталдим-у, Тўлан тумовнинг: «Менга қара, вей, Шабадаев!» – деб дағдаға билан олайганини кўриб, шоша-пиша бешинчи ашулани бошлаб юбордим:
– Фарғонани боғида, Омонгул,
Ўсма билан хина бор, Омонгул.
Кетма мени йиғлатиб, Омонгул,
Исфарада нима бор, Омонгул…
Пастда шовқин-сурон қайтадан авжга минди.
– Э, кам бўлма!
– Шарипимни чўз, вей!..
– Яшша, хўроз!
– Вей! Ўҳув, ўҳув… кинони мажақ қилдинг-ку!
Қарасам, ишлар чатоқ, Тўлан тумов ҳали-вери бўш келадиганга ўхшамайди. Юз бериши мумкин бўлган шармандаликнинг олдини олиш учун кейинги қўшиқларни бир-бирига эълонсиз улаб кетавердим. Қўшиқларим жўшқинлашгани сайин, чапани томошабинлар ҳам тобора жунбушга келишаётганди.
– Ҳаҳе-е-й!
– Ўҳув… вей, Шабадаев… Ўҳув, ўҳув…
– Э, дард кўрма-е!
– Ўҳув… бергин-да энди шарипимни!
– Яш-шавор, отаўғил!
– Шарипимни бер деяпман, шарипимни! Ўҳув…
Ўнинчи қўшиқдан кейин олдинги қаторда ўтирганлардан бири саҳнага яқин келиб, қўлимга букланган қоғозча тутқазди. Ҳойнаҳой ўша машҳур «Ҳилиллаёр»ни талаб қилишган бўлса керак, деб ўйладим ичимда. Лекин, қоғозни очдим-у, бошимдан муз ёғилгандек, миям зинғиллаб кетди – унда шундай сўзлар ёзилганди: «Шабадаев! Қишлоқиларга ортиқча талтайишни йиғиштириб, иззатингни борида шарипимни қайтариб бер!..»
1985 йил.