Миттигина, қувноққина, ебтўймасгина бир сичқонча бор экан. У суюкли онажониси билан бирга қишлоқдаги энг баланд, энг кўркам уйнинг энг чуқур кавагида яшар экан.
Бир куни онажониси тўлпоқ Сичқончанинг бурнига бурнини ишқаб эркалатибди-да: “Мана, оёқ пайларинг пишиб, тилинг сайроқланиб, ташқарига ўзинг чиқиб ўйнасанг ўйнагудек бўлиб қолдинг, энди сал эсингни йиғиб ол, одобли бўл”, деб насиҳат қилибди.
– Эсим-ку жойида, чунки қайси овқат ширинлигини яхши биламан, – дебди Сичқонча ўзини мақтаб. – Аммо одобли кўриниш учун нима қилишим керак, ойижоним?
– Кичкинтойларнинг одоби, биринчи ўринда, қандай салом беришидан билинади, – дея жавоб қайтарибди онажониси. – Ўзингдан каттароқларни учратганда, чиройли жилмайиб: “Ассалому алайкум”, десанг, улар ҳам сенга очиқ юз билан боқиб: “Ваалайкум ассалом”, дейишади. Кейин ичларида “ниҳоятда одобли бола экан, ота-онасига минг раҳмат”, деб қўйишади.
Буни эшитиб, Сичқончанинг завқи жўшиб кетибди. Қойилмақом салом бериб, бировлардан тезроқ раҳмат эшитгиси келибди-да, шоша-пиша ташқарига йўл олибди.
Кавакдан чиқибоқ, унга чақчайганича тикилиб турган бўғирсоқсимон Мушукка йўлиқибди. Сичқонча шум бароққа жилмайиб қараб, “Ассалому алайкум, Миёвпочча!” деган экан, унинг кўзидаги ёвузлик бирданига сўнибди ва сал тамшаниб қўйиб: “Ваалайкум асаломув-в…Умринг узоқ бўлсин. Ўтавер”, дебди.
Биринчи дуодан кўнгли тоғдек кўтарилган сичқонча қувончдан ирғишлаб-ирғишлаб бораётиб, чўққисоқол қари Эчкига дуч келиб қолибди.
– Ассалому алайкум, Эчкивой бува, – олдинги ўнг оёғини кўксига босибди Сичқонча.
– Ме-э-алайкум ассалом, – дея қироат билан алик олибди эчки. – Кам бўлма, бўтам. Отангга раҳмат. Агар қорнинг оч бўлса, ке, манави думбулнинг четидан озгина кемириб ол.
Сичқончанинг думбулдан қиттак тотиб кўргиси келган бўлса-да, янаям одобли кўриниш учун нафсини тийиб: “Ташаккур, Эчкивой бува, ҳали ишим кўп. Кун ёруғлигида бошқаларгаям салом бериб чиқишим керак”, дебди. Оппоқ соқоли шамолда байроқчадек ҳилпираётган қари Эчки унинг ортидан ҳавас билан тикилиб қолибди. Балки, “эҳ, қанийди, менинг невараларим ҳам шунақа ширинтой чиқиб, ҳаммадан дуо олиб юрса”, деб ўйлагандир.
Ёшу кекса ўртасида қандайдир тенглик, ўзаро меҳр-оқибат, бир-бирига яхшилик тилаш кайфиятини юзага келтирувчи мўъжизали “салом-алик” Сичқончанинг кўнглини тобора яшнатаверибди, янгидан-янги танишлар орттириш, самимий чеҳраларни кўпроқ кўриш умидида олдинга қараб бораверибди. Маккапоя тугаб, уватдаги ўтлоққа чиқиб келганида, ўсиқ шўралар орасида косасининг ичига бекинволиб ухлаётган тошбақага кўзи тушибди. Сичқонча заррача иккиланмай, ўша ширали овозда “ассалому алайкум, Тошбақа тоға”, дебди. Тошбақа эса уйғонмабди.
Сичқонча Тошбақанинг боши қайси томондалигини билолмай, косанинг теварагида уч-тўрт марта айлани чиқибди. Охири таваккалига бир тарафда туриб олиб: “Ассалому алайкў-ў-м, Тошбақа тоға! Ҳой, сизга салом беряпман, тоғажон, алик олмаяпсиз-ку. Ҳў, Тошбақа тоға, яна бир марта ассаломалайкў-ў-м! Қачон алик оласиз? Юрагим ғаш бўпкетяпти, тоғажон!” – дея худди эшикни қоққандек, Тошбақанинг косасини муштида тақиллатиб жаврайверибди. Бир пайт Тошбақа косанинг нариги ёғидан бошини чиқариб, уйқусираганча вайсаб берибди:
– Оббо-о, бу дунёда тинчроқ жой қолмабди шекилли… Ҳов, ким у ҳадеб орқа томонимга салом бераётган?
Шўрлик Сичқонча хижолат бўлиб, лип этганича ўзини ўтларнинг бағрига урибди. Ялангликка етиб борибоқ, зўр томошанинг устидан чиқиб қолибди. Шу ҳовлида яшовчи маймоқ ит – ўзининг айтишига қараганда, юздан ошиқ “жаҳон урушлари”да қатнашиб, етмиш тўққиз жойидан ярадор бўлган шоввоз Тўрткўз қўшни Олапар билан суяк учун жанг олиб бораётган экан.
Шундай жанговар ҳайвонга салом бермай ўтсам, катта одобсизлик бўлса керак, деб хаёлидан кечирибди Сичқонча ва уларга яқинроқ бориб, ёқимтой товушда: “Ассалому алайкум, паҳлавон Тўрткўз!” – дебди. Итлар унга парво қилмай тишла-тишлани давом эттиришибди. Сичқонча ҳам бўш келмабди, чангга беланган куйи, уларнинг теварагида пизиллаб, гоҳ у ёқдан, гоҳ бу ёқдан бақириб-чақириб салом бераверибди:
– Ассаломалайкум! Ҳей, Тўрткўз, ассаломалайкум! Бу қанақаси, қулоқ борми ўзи? Ҳей, ассаломалайкум деяпман! Саломга алик қани? Бунақа қилиш яхшимас! Ассаломалайкум деб турибман-а!
Шунда Тўрткўз Олапарнинг елкасидан тишлаб узоқроққа отиб юборибди-да, то душмани ўзини ўнглаб олгунча, орада Сичқончага ўқрайиб: “Вов алайкум! Кўнглинг тинчидими, қутилдимми? Бор, йўқол энди!” – деб ириллабди, сўнг қайтадан олишувга киришибди.
Кутилмаган бундай совуқ муомаладан Сичқонча донг қотиб қолибди, тўсатдан хўрлиги келиб, юраги тўлиқиб кетибди. Юм-юм йиғлаганича ортга қайтаётганида, ярим йўлда яна қари Эчкига тўқнаш келибди. Эчки бу йиғи-сиғининг сабабини суриштирган экан, Сичқонча, ҳиқиллаб-ҳиқиллаб, Тошбақа ва Тўрткўз билан бўлган воқеаларни оқизмай-томизмай айтиб берибди.
Сичқончанинг арзини тинглаб бўлгач, Эчки шундай дебди:
– Хафа бўлма, бўтам. Кейинги сафар қулайроқ вақтда учрашиб қолсанг, улар саломингга албатта алик олишади, сендан хурсанд бўлишади, мақташади. Ўзгаларга биринчи бўлиб салом бериш жуда хосиятли иш. Аммо, саломлашиш шарт бўлмаган ҳолатлар ҳам учраб туради. Ота-онанг юмушлардан бўшаб, хотиржамроқ турган чоғда шу тўғрида секи-и-н гап очсанг, тушунтириб беришади.
Кўпни кўрган Эчкининг бу гапини эшитиб, Сичқончанинг кўнгли хиёл таскин топибди. Инига қайтаркан: “Ўзгаларга салом бериш шарт бўлмаган пайтлар ҳам бўлар экан-да? Улар қандай ҳолатлар ўзи?” – деб ўйлай бошлабди, буларни онажонисидан сўраб билиб олишни дил-дилига тугиб қўйибди.
1996 йил