Қара, Аливой, қара – бир қўлида бўғча, бир қўлида бола, яна учтаси этагига осилган…
Шунақа хотинларни кўрсам, эркаклигимдан суюниб, «қуқуғ»лагим келади, яратганнинг ҳимматига тинмай тасанно айтаман. Агар тангрим озгина лойни аяса борми, ҳозир липпамга гугурт қистириб, айвонда хамир қораётган бўлардим. Унда, тўйингда ким ғижжак чалиб берарди, ука?
Ўқиш битай дедими ўзи? Тўй ҳам яқиндир? Бир акалик гапимни эшит, одамнинг жинси қанақалиги мўйловиданмас, рўзғоридаги обрўйидан билинади. Оилада эркак бўлишни хоҳласанг, маслаҳат шу – хотининг «ғиринг» деса, шапалоғинг «диринг» десин. Хотининг тилини бир марта қимирлатгунча, сен оёқни икки-уч ишлатвор.
Қўрқма, Аливой, қўрқма. Хотин зоти тўпдан ҳам пишиқ бўлади, ҳаммасига чидайди. Чидамаса, отасиникига бориб, тўртта синглисининг орқасидан навбатга туради. Ана, қўйворган хотинларимданам бирортаси эр тополмади…
Нима? Неччи марта уйлангансиз, дейсанми? Оббо укам-ей, мени буғолтир қилворасан шекилли.
Хў-ў-ш деганда… биринчисини ҳисобга олмасак ҳам бўлади, ғирт колхозчи эди, ҳатто загсдан ўтмаганмиз. Қолганларини санасак, биттаси медик, биттаси редик, яна биттаси детик…
Э, гапни бўлмай тургин! Шуниям билмайсанми: медик – дўхтир дегани, редик дегани – редакция ходими, детик – детсад, яъни боғчачи. Энди уқдингми? Каллаям боракан-да!
Хў-ў-ш деганда… Қайси хотинга келувдик? Медик, редик, детик… Ҳа, охиргиси – хэтик. Хэтикда ишларди…
Алжирама, Аливой, алжирама. Хэтик бошқа нарса, ҳўтик бошқа нарса. Тошкентда нимани ўрганяпсан? Сендақаларнинг бошида мударриснинг гаврони ўйнаб турмаса, юзта фан дўхтири сиёсатни ашула қилгандаям РСДРПни РСФСРдан ажратолмай ўтиб кетасан. Хэтик ҳам бош ҳарфларда ёзилади: ХЭТИК! Яъни «Хотинлар Этигини Тозалаш Илмий Кенгаши»!
Нега куласан? Буям овчилар жамиятига ўхшаган катта бир уюшма, раиси партия аъзоси, алоҳида идора, бешта енгил машина ажратилган. Бу ташкилотда хотинларнинг этиги қанақа чармданлиги-ю, қандай рангдалигига қараб, қачон, қаерда, қанча муддатда, қанақа асбоблар воситасида, қайси усулда, энг муҳими – кимларнинг жавобгарлигида тозаланиши юзасидан кўрсатма тайёрланади. Ҳужжатлар Олий Советда тасдиқлангандан кейин, Министрлар Совети маблағ беради…
Нима дединг, Аливой? Шуям саволми, яқинда ўрта махсус маълумотли ошпаз бўласан-а. Этикни ҳар ким билганича тозаласа, ҳукумат ағдарилиб кетадими, деганинг нимаси? Ҳудди шунақа саволни ўзингга берсам-чи? Мана, ҳамма ўспиринларга ўхшаб комсомолсан. Ўша ташкилотинг келиб сенга бирор марта чучвара тугишганми? Уларга чучвара тугдириб бўпсан, ошпазликдан ҳайдалишга тоқатинг бормиди. «Бўпти, кўрсатма-пўрсатма бериб туринглар-у, ишимга аралашманглар», дейсан, аъзолик бадалини тўлаб, осонгина қутуласан.
Яна-чи? Яна қаерларга аъзосан? Хўп, ДОСААФ – бир, китобсевар – икки, сувга чўкканларни қутқариш – уч, НТО – тўрт, «Пахтакор» жамияти – беш…
Бўлди, Аливой, бўлди, ҳамма ташкилотни санаш шартмас, шу ёғининг нишонини тақсанг ҳам, кўйлагинг илма-тешик бўпкетади.
Хў-ў-ш деганда… Ўша ДОСААФ сенга нимани ўргатади ўзи? Ғани сартарошнинг деразасини чўзмада отиб синдиришними? Масалан, мактабдан пахтага қувлашса, эл қатори тракторда бординг. Ёки ДОСААФчиларни далага парашўтда ташлашдими? Адашмасам, пашшани чўмичда уриб ўлдиришниям ўзинг ўргангансан.
Сувга чўкканларни қутқарадиганларга келсак, ХЭТИКдан унинг нимаси ортиқ? ХЭТИКда ҳарқалай тозалашга этик-петик топилиб туради. Иш кўрсатишларинг учун сенларга қаердан дарё қазиб берамиз энди? Қолавурса, қутқарувчилардан биттаси сен бўлсанг, бундан буён ариқчадаям чўмилмаганим бўлсин.
Хайр-эҳсон деган нарса савобгарчиликка қилинади. Аммо, «Пахтакор» жамиятига танга йиғиб топширганлар у дунёга камида тўрт қоп гуноҳни орқалаб жўнайди. Ўша жамиятинг қишлоққа стадион қуриш у ёқда турсин, индамасанг, устингдаги майканиям ечиб кетса керак. Сенлар берган пулга нуқул атрофдан футболчи сотволишяпти. Демак, бу жамиятингдан кўра бизга ХЭТИК фойдалироқ, тозаланган этиклар ҳарҳолда ўзимизники.
Луқмон молиячи деган бир балои офат бор, томорқангга экин эксанг-экмасанг, бир хил солиқ солаверади. Китобсевар жамиятингни шунга ўхшатаман – қовоғинг шишиб кетганини кўрсаям, роса китоб ўқибсан, ҳақини чўз, дейди. Кўзимни ари чаққан, десанг ишонмайди.
ХЭТИКдан кулишни-ку биласан, ўзинг НТОга аъзо бўлиб, илмий-техникани қанча тараққий эттирвординг? Тўғри, тан оламан, бу ташкилотда ҳуқуқинг катта, фанлар академиясининг рўйхатда йўқ академигисан. Яъни айтмоқчиманки, биров янги ихтиро кўтариб келса, академик ҳам хатосини топиб қайтараверади, сен ҳам. Лекин бундан менга, ё бўлмаса, янги келин аянгга қандай наф бор?
Ие, ҳали эшитмаганмидинг? Кечагина уйландим-ку, ука.
Ҳа энди, тўғри, карнай-сурнай чалмадик, созанда шогирдларгаям билдирмадик. Билдирсак, маҳалладаги битта одамга тўртта ашулачи бўбкетарди. Тенг-тушларинг неваратўйи қиптурса, чимилдиққа «ёр-ёр» билан киришга уяларкансан.
Хуллас, уйландик, Аливой. Аммо, хех-хе, бу ёғи сал қизиқроқ чиқди. Ўзимдаям айб бор – аҳмоқ бўлмасам, қаллиқ топишни маҳаллага яқинда кўчиб келган Мирҳол бангига ишонармидим? «Хотинимнинг кенжа синглиси тушган қишлоқда бир бева аёл бор экан», деса, «беш марта уйланганимни эшитганлар шайтонлаб қоляпти, унга таг-зотимни тушунтириб ўтирмай, ишни ими-жимида битир», деб этагига ёпишибман. Майли, у тарафни биз ҳам ортиқча суриштирмаймиз, дедим. Ичимда бўлса қалтираб: «Ишқилиб, қариганимда кирчимоли учрасин, медигимга ўхшаб шимимни қўлқопда ювмасин, редигимга ўхшаб қоғоз-қаламни кўрпагаям кўтариб кирмасин, детигимга ўхшаб ҳафтада етти кун каша едирмасин, хэтигимга ўхшаб шўрваниям найчада сўриб ичмасин», деб турибман. Мундоқ қараганда, Аливой, хотиннинг энг маъқули – кетмончиси экан. Даладан келсаёқ, унга ўзинг бригадир, ўзинг табелчи.
Хў-ў-ш деганда… гапнинг қисқаси, кеча икки эркак, уч аёл жамланиб, катта тўй қилдик. Ташқида зўр базм уюштирдик: ўзим ғижжакда «Кўча боғи иккинчи»ни эздим, поччам патнисни чирманда қилди, аммам ўйинга тушди. Мирҳол банги унга бир сўмлик қистириб, мендан уч сўм ундирволди-я. Товламачилигини бўйнига қўйиб бир урай десанг, гувоҳ кам.
Қош қорайганда иккала янга чиқиб келиб, акангни ичкарига имлашди. Остонада чўзилиб ётган мушукда пойабзалимни чўткалаб, секин келиннинг ёнига кирсам, рўмолни паранжи қилиб ўтирибди.
– Ансамбл билан гастиролда юравериб, рўзғордан узоқлашиб кетувдик, – деб гап бошладим мен. – Мана энди колхўз клубида тўгарак туздик, доим биқинингизда бўламиз, – дедим. Кейин қизиқишда: «Гапим тўмтақроқ чиққан бўлса узр, аёллар билан кўп гаплашмаганман, бу биринчи уйланишим», деворибман. Келин аянг рўмолини тепароқ суриб, қиқир-қиқир кулишга тушди. Унга суқланиброқ қараб: «Кечирадилар-у, ўзларини қаердадир кўрганга ўхшаяпмиз», дедим. У баттар кулди. Кейин елкамга шапатилаб: «Э, одам бўлмай кетинг, танимадингизми, қўйворган биринчи хотинингизман», деди…
Кулма, Аливой, кулма. Гап хотирадамас, гап эркакчиликда. Доим уйдан саҳар чиқиб, улфатчиликдан бемаҳалда қайтардик. Шу хотинимни кундузи бир марта қўшнининг маъракасида кўрувдим. Яна орадан шунча йил ўтди…
Ҳа, Аливой, тақдир мана шунақа нарса. Агар пешанангга ёзилган бўлса, ҳатто тупурган носинг оғзингга қайтиб келиши ҳеч гап эмас экан. Бунга энди ишондим, ука.
1989 йил.