Бу дунёда нима кўп? Билиб-билмай ўзлигини сотувчилар. Яна-чи? Яна… қисқартма номлар: БМТ, АҚШ, ТошМИ, СССР… ва миллион ҳоказолар.
«РАФ» – шулардан биттаси. Йўқ, бу янги ташкилот эмас, амалдорларнинг ранги ўчмай қўяқолсин. Раҳбарларни Ағдариш Фирмаси ҳали тузилмаган. Аспан атторнинг сандиғидан сал каттароқ бўлган шунақа маркали микроавтобус бор, ҳайдовчилар уни эркалабми, эрмаклабми, «Рафик» ҳам дейишади.
Идорамизга қарашли помидорранг «Рафик» жонимни ҳиқилдоғимга келтирди. Мустақил ризқ теришни шу ташкилотдан бошлаганман, аммо, бунақа расво машинага биринчи дуч келишим, «э» десам, «бе» дейди, «юрамиз» десам, «турамиз» дейди. Биринчи ҳафтадаёқ пайқадимки, уни биронта пиёниста ясаган, заводданоқ бурақ чиққан. Бурақ бўлмаса, қўл тормозини тортиб қўйганимга қарамай, ухлаб ётганимдан фойдаланиб, бировнинг урғочи эшаги ортидан бошвоқсиз ўрмалашга тушармиди? «Жаранг!» этган овоздан уйғониб кетдим. Қарасам, моча эшак шатталаганича қочиб боряпти. «Рафик» ўнг «кўзи»дан тепки ебди. То ўзимни ўнглагунимча газета дўкончаси томонга бурилиб, энди сотувчи аёлга ташланди. Тормозни босганимда газета ва музқаймоқ дўконлари аллақачон бир-бирига аралашиб бўлганди.
«Рафик»ни аёлбозликда айблашиб, пастроқ ташкилотга бериб юборишди, назоратни сусайтирганим учун менга паттамни тутқазишди.
Автобус паркига ўтиб, икки йилча ишладим. Тушумнинг яхшилигидан дастлаб суюниб юрдим, кейин сурункасига бир хил манзилга қатнайвериш меъдамга тега бошлади: охори тўкилган автобус, биқинида – 165 рақами, пешанасига «Коммунистик – Яланғоч» деб ўчмас елимда ёзиб қўйишган. Истайсанми, истамайсанми, бундан қутулолмайсан – чизиқдан четга чиқиб кўр-чи!
Даромадиям ордона қолсин деб, эркинликни қўмсаб юрганимда, олдинги муовинимиз раҳбарликка кўтарилиб, мени ишга чақириб қолди. Автобус паркидан тез жавоб олиб, эски идорамга етиб бордим. «Рафик» капитал ремонтдан сўнг қайтадан идорамизга жўнатилиб, мени кутиб турган экан.
«Рафик» аввалига жуда катта гапириб юрди (шу касбда ишлайвериб, темир зотининг тилига тушунадиган бўпкетганмиз):
– Бу идора идора бўлиб, ҳали мендақа мукаммал техникани кўрмаган!
– Аввал янги моторни авайлаб обкаткадан чиқарайлик, йўлнинг паст-баландини ўрганиб, шароитга мослашиб олайлик, кейин «Волга»ларни чангда қолдирамиз. Ҳатто, чет элники билан гаплашиб қўйиш ҳам қўлимиздан келади, тажрибамиз етарли.
– Тошиқма, ўртоқ, беҳуда шошилаверма. Ҳозирча ҳаммаси яхши, ҳамма иш меъёрида кетяпти…
Қаранг, шу темиртакнинг сўзларига чиппа-чин ишонибман. Яп-янгилигида бирон мўъжиза кўрсатганмидики, энди ишни қойиллатса, деган ўй калламга келмабди.
Мен чидам ва умид билан кутавердим, у писмайиб туриб хилма-хил майнавозликлар қилаверди. Гоҳ идорадагиларни ҳашарга олиб кетаётганимда жазирама даштда ўчиб қолади, гоҳ юқоридаги раҳбарлар билан қалтис масалани ҳал этишга бораётганимизда «пис-с» этиб дами чиқади. Баъзан қаҳратонда суви қайнаб кетса, баъзан саратонда мойи музлайди. Энг алам қиладиган жойи – одатдаги майда юмушлар вақтида миқ этмай ишлайди-ю, нозик вазиятда албатта панд беради. Агар идорамиздагиларни айрим масалаларда шаштини пасайтириб туриш учун четдан қўпорувчи юборилган бўлса, имоним комилки, бу– «Рафик».
Бир куни шаҳар четидаги истироҳат боғида «Ўзбек тили байрами» ўтказилди. Шунчаки қизиққанлар-у, кўнглида саволи сарғайиб турганлар ишдан кейин бир машина бўлиб йўлга тушдик. Икки чақирим юрмасимиздан лаънати «Рафик» қаердандир «вий-й» этган товуш чиқарди-ю, айиқнинг ўлигига айланди-қолди. Итариб кўрдик – бўлмади, судратиб кўрдик – бўлмади, охири совутиш паррагидан тортиб тутунпуркагичнинг учигача текшириб чиқдим, касалини аниқлолмадим.
Аччиқланиб биров эшигини даранглатиб ёпди, биров ғилдирагига тепди… Мен ҳам жим ўтирмадим – ўзбекча бўраласам эшитмаганга, тожикча сўксам тушунмаганга олади. Охири ўрисчалаб «подлец» деган эдим, бирданига ўзига келса бўладими – калитни хиёл бурашим билан, почтачининг соатидек текис ишлаб турибди-ку!
Аммо, энди кеч бўлганди, шу маҳалда байрам қоптими? «Махфий зараркунанда» бу сафар ҳам ниятига етди. Шунда ҳис қилдимки, бошга нима кулфат келса, ўзгаларга худодан, менга фақат шу «Рафик»дан келади.
Аслида, ҳамма айб бошлиғимизда, унинг дастидан куним қандайдир «Рафик»ка қолиб ўтирибди. Биринчи раҳбарим зўр эди – қаерга борса гапи – гап, идоранинг обрўйи осмонда, машинанинг ҳам манаман деганини танлаб, истаган вақтида янгилаб турарди. Кейинги раҳбарлар бири-биридан лапашанг чиқди. Ҳозиргиси-ку ғирт Америкабоп…
Америкада ишсизларга нафақа беришар экан. Маълумки, абжир одам ҳеч қаерда ишсиз қолмайди, танбаллар билан ногиронларгина текин нафақага шукр қилиб яшаши мумкин. Америкадагига нисбатан бизнинг мамлакатда одамгарчилик баланд – уқувсиз ланжларга шунчаки нафақа тўлашдан ор қиламиз, стипендия ва ётоқ билан таъминлаб дорулфунунда ўқитамиз, дипломлар тутқазамиз, катта мояна, ҳашаматли кабинет, кетворган котиба, хизматкор машина берамиз. Ўрнига кўз олайтирмайдиган галварсларни атрофига тўплаб олса, уларгаям маош тайинлаймиз. Кўрибсизки, бизда на ишсизлар бор, на нафақа. Америкадагидан қирқ марта қимматга тушса, нима қипти?
Ҳа, бедаво, бебурд раҳбар туфайли, идорамиз обрўсизланиб, куним «Рафик»ка қолди. Балки: «Ие, нега кунинг унга қоларкан, машина сенга тобе-ку?» – дерсиз. Ўзим ҳам шундай фикрлаб, катта кетган эканман, чуқурроқ ўйлаб қарасам, мен машинага эмас, машина менга хўжайин экан: ёнилғи деса – ёнилғи бераман, узаткичларимни мойла деса – мойлайман, фалон жойимга эҳтиёт қисм топ деса – топаман, ғилдирагимни алмаштир деса – алмаштираман. Мен томидан чакка ўтадиган тор, пастқам уйда кўмир ёқиб яшайман, у табиий газ билан иситиладиган кенг, баланд бинода туради. У туфайли кийимим гоҳ мойга, гоҳ лойга беланади, аммо ўша темиртакни доим ярқиратиб юришга мажбурман.
Кеча ҳаддан зиёд жонимдан ўтиб кетди. Бошлиғимдан бир кунга жавоб сўраб, қишлоқдаги қайнанамникига йўл олдим. Кенжа ўғлига қиз топиб, совчиликка боришмоқчи бўлишувди. Хотиним, қайнанам, қайнатам, яна уч кампиру икки чолни юклаб, «ҳайё-ҳуйт» деб қўшни қишлоққа жўнадим. Дарадаги сой устида машина баъзўр сиғадиган осмакўприк бор экан, ўртасига етганда темиртагимнинг яна овози ўчди. Эшикни очсанг, ташқарида қадам қўядиган жой йўқ, сойнинг тўлқини нақ бетингга сапчийди. Шу куйи ўтиравердик.
Кеч кира бошлаганда қайнатам секин қулоғимга шивирлаб: «Жуда пишиқиб кетдим-ку, куёв, бир илож топмасак, шармандам чиқади», деди.
– Менга қайната холоссиз, – дедим унга. – Отам бўлсангиз ҳам ёрдам беролмайман.
Қайнатам афти буришганича жойига бориб ўтирди. Ора-сира инқиллаб-инқиллаб қўяди денг. Бир маҳал: «Э худо, энди хароб бўлдим!»– деди-ю, шартта эшикни очиб, ўзини сойга ташлади.
– Вой-дод, чолимдан ажраб қолдим! – деб айюҳаннос солди қайнанам. Сўнг иккала чолга дағдаға қилди. – Нега қараб турибсанлар, хезимлар!
Орият кучлилик қилиб, аввал тетикроғи ўзини сувга отди, кейин букрироғи ҳассасига тирмашганича эшикка яқин келиб, «оллоҳу акбар», дея парашютчиларнинг сакрашидан қилди.
Учала чолни тутиб қирғоққа олиб чиққунимча она сутим оғзимга келди. Биринчи марта кийилган костюм-шимим юз жойидан йиртилиб, хиром ботинкамнинг бир пойи балиқларга қўшилиб кетди. Яхшиямки японча соатимни оғзимга солиб, дўппимни тишлаб олган эканман.
Ҳужумни қайтариш вақтида титилиб кетган полк байроғидек бўлиб, кўзларимда жиққа ёш билан машинага яқинлашдим.
– Илойим, номингга ўт тушсин, «Рафик!» – деб қичқирдим қўш муштимни ҳавода ўйнатиб. – Ҳеч бўлмаса, шўрлик қишлоқиларни аямадинг-а! Уларни нима қипқўйдинг, лаънати? Энди хотинимнинг юзига қандай қарайман?! Ҳей, қарғишдан қақшагур, «Рафик»!
Бу сурбетга гап таъсир қилармиди…
Бас энди! Асабим емирилиб бўлди, ортиқ чидолмайман. Уни авраб-мақтаб, умрида кўрмаган энг баланд тепаликка олиб чиқаман-у, секин пастга қўйиб юбораман. Қани, бошқаларнинг дастёрлигисиз ўзини-ўзи бир бошқариб кўрсин-чи. Олдиндан сезиб турибман, асли бурақ яратилган бу чиранчоқнинг фаолияти ўша ерда батамом якунланади. Нишон ҳам қолмайди.
1989 йил.