«Хўш, сизни нима безовта қиляпти?» – деган одатий саволга бемор: «Сичқон!» – дея ғайритабиий жавоб қайтаргач, Ҳабиб табибнинг ҳайратдан киприклари керилиб, қулоғига шапалоғини тутди:
– А, лаббай?!
– Хўжайинимни сичқон тинч қўймаяпти, сичқон! – тинкаси қуриб, тили гапиришга ҳам қовушмаётган эрининг ўрнига мунгланиб сўз қотди Чамбаракхон. – Ана, қаранг, чучкурганда деразаларни зирқиратворадиган одам жаранглироқ йўталишгаям ярамай қолди.
Даҳлиздаги тахта каравотда сўлиган палакдай шалпайиб ётган Восвосхўжа хотинига ўқрайиб кўз ташлади.
Ялмоғиз! Аслида, барига шу айбдор! Уйимиз сичқонбозорга айланиб кетди деб жаврайверди, жаврайверди, охири тахтамушук топишга тўғри келди. Тахтамушукка дастлабки куниёқ қориндор бир сичқон илинди…
Ҳа, илинмай ўлгур-а! Ўшандан бери Вовосхўжада ором йўқ. Сал мудради дегунча, аллақандай ғилай сичқон унинг устига бостириб келиб: «Ҳомилали хотинимни нима қипқўйдинг, чувак?» – дея кўзини ёндириб ғижинади. Ҳар ғижинганида, тишларининг орасидан «чарс-чурс» этиб учқун сачрайди.
– Кейин қўлидаги пичоқнинг тугмасини босиб, «шиқ» эткизиб очади, калламни орқага қайиради, – дўхтирга саросима-ла боқиб арзланди Восвосхўжа. – Жаллодлик манавинақа бўлади, ит, деб бўйнимга пичоқ тортганида, додлаб уйғониб кетаман. Бошқатдан кўзим илинса, яна ўша ғилай сичқон, яна ўша «шиқ» этиб очиладиган пичоқ…
Восвосхўжа аразчи боладек йиғламсираб, лаб буриштирди. Бу аҳволни кўриб, Ҳабиб табибнинг беихтиёр кулгиси қистади:
– Хех-хех– хе… Ваҳиманинг уяси бўпкетинг-е!
– Танаси бошқа дард билмас деганлари шу-да, – жаҳлланди Восвосхўжа. – Мен нима ғамда ётибман-у…
– Бўпти, бўпти, – унга тасалли берган бўлди Ҳабиб табиб. – Шунчалик юрак олдирганакансиз, ҳарқалай, ўша ғилайни муросага чақириб кўриш керакмиди-и…
Восвосхўжа: «Келишишга уриниб кўрдим», дея гап бошлади-ю, туйқус тўхталиб, хотинига юзланди: «Бор, чиқиб тур!»
– Мен бор-йўғи тахтамушук опкелдим холос, дедим унга, – хотини чиқиб кетгач, сўзида давом этди Восвосхўжа. – Тахтамушук опкелинг деб тиқилинч қилганам, хўракли тахтамушукни туясандиқнинг тагига қўйганам хотиним, ана шу кариллоқ билан ҳисоб-китоб қилавер-да, акаси, дедим.
– Сичқон нима деди, сичқон?
Восвосхўжа бу гал йиғлаб юборди:
– Йих-йих-йих… Ҳа номард, деди, айбингни келиб-келиб хотин кишига ағдарасанми, деди. Олдин сўймасамам, мана энди сўяман деб, яна кекирдагимга ёпишди. Бўйнимга пичоқни тескари ишқалаб, атайлабдан қийнади. Ҳаромзода! Йих-йих-йих.
– Ўзингизни босинг, Восвосхўжа, ўзингизни босинг,– беморнинг елкасини сийпалади Ҳабиб табиб. – Йигирма беш йилдан буён қишлоқ дўхтириман, лекин бунақа чалкаш касалликка биринчи дуч келишим. Ҳозирча тинчлантирувчи уколдан бериб турайлик-чи. У ёғини кейин кўрармиз…
Тинчлантирувчи уколи зап мўъжиза экан-да! Мана, икки кундирки, Восвосхўжанинг жони ҳаловатда. Ҳамма одамга ўхшаб, иш қилгиси келганда иш қилади, дам олгиси кел-ганда, хоҳласа чойхонага чиқиб, хоҳласа ҳозиргидек ҳовлидаги сўрига ёнбошлаб, ҳордиқ чиқаради.
Кўчадан кимдир чақирди-ю, Восвосхўжа болишдан биқин узиб, овоз қилди:
– Ҳўв! Кираверинг!
Ҳовлига Ҳабиб табиб кириб келди. Гарангсираган қиёфада саломлашганича сўрига чиқди. Ҳорғинлик билан ўтириб, юзига чала-чулпа фотиҳа тортди.
– Минг раҳмат сизга, Ҳабиб табиб, – дастурхондаги кулчани синдираётиб, миннатдорчилик билдирди Восвосхўжа. – Ўша битта уколингиз биланоқ баттол ғилай тушимдан ғойиб бўлди-қолди.
Ҳабиб табиб Восвосхўжага зимдан хўмрайиб: «Қаёққа ғойиб бўлдийки-и-н, деб ўйлаб кўрмадиларми», дея пичинглагач, собиқ бемор: «У ёғи билан ишим нима? Балки ерга киргандир, балки осмонга учгандир», деб парвосиз илжайди.
– Афсуски, ергаям киргани йўқ, осмонгаям учгани йўқ, – ҳўнграк отишга чоғланган турхатда минғирлади Ҳабиб табиб. – Ўша ғилай сичқон энди менинг калламга кўчиб ўтиб, икки кундан бери миямни ғажияпти. Андаккина мизғисам, тамом, хомилали хотинимни ўлдирган йиртқични дўппослаш ўрнига, даволаб юрибсанми, деб кўзимга бармоқ ниқтайди. Кейин мени яланғоч қилиб, каравотга бойлайди-ю, пинцетда «ғир-р» эткизиб қорнимни ёрворади. Наркозсиз-а!
Чой дамлаб келиб, уни сўрининг суянчиғи оша эрига узатаётган Чамбаракхон бу гапдан сесканиб кетди:
– Вой ўлмасам!
Восвосхўжа Ҳабиб табибга дарддошлик билан тикилди:
– Оббо-о, сизгаям қийин бўпти-ку, Ҳабиб табиб. Кўмак берай десам, қўлимдан келмаса…
– Қўлингиздан келади, Восвосхўжа, қўлингиздан келади, – негадир енг шимариб туриб сўз қотди Ҳабиб табиб. – Озгина чидаб берсангиз бўлди.
– Нимага чидаб беришим керак?
– Калтакка. Айтдим-ку, ғилай сичқон нуқул сизни дўппослашимни талаб қиляпти. То талабини бажармагунимча, тинчимни тополмаслигим аниқ. Қани, сўридан тушайлик.
Ҳабиб табиб, кўзлари қутурган буқаникидек қонталаш бўлиб, жойидан қўзғалди. Восвосхўжага давараланганича, уни сўридан қувиб туша бошлади. Чамбаракхон аввалига ҳай-ҳайлаб уларни ажратишга уринди. Бу иш қўлидан келмаслигини англагач, пизиллаб кўчага чиқиб кетди-ю, зум ўтмай, қўшниси Жаббор мелисани ортидан эргаштириб қайтди.
Жаббор мелиса сўри атрофида қувди-қувди бўлиб турганларни тезда тартибга келтириб, машмашанинг сабабини суриштирди. Сабабини эшитиб, қорин қучиб кула кетди…
Кейинги уч кун давомида кулгининг нималигини тугалай унута бошлаган Жаббор мелиса ҳовлисидан чиқиб келиб, кўча супуриб турган Чамбаракхонни кўрди. Уйқусизликдан шилпиқланган кўзларини рўмолчада артаётиб, Чамбаракхондан эри уйда бор-йўқлигини суриштираётганида, Восвосхўжанинг ўзи қўлида харажат билан бозордан келиб қолди. Восвосхўжа қўшни билан кўришаётиб, унинг бузуқ турқига ҳадиксираб кўз югуртди:
– Ҳа, Жабборвой, тинчликми?
– Унча тинчликмас, – сархуш одамдек қовоқларини оғир очиб-юмди Жаббор мелиса. – Сизни қамоққа олмасак бўлмайди шекилли.
Восвосхўжа турган жойида тарашага айланиб, тили калимага келмай қолди. Чамбаракхон эса супургини ерга отиб, эрини ўдағайлай кетди:
– Сизга айтувдим-а, дадаси, Ғулом қаллобнинг калишларини сотишга аралашманг деб. Билардингиз, четдан ўғринча мол опкелиб, илгариям қўлга тушганиди.
Восвосхўжа: «Оғзингни ёп!» – деб хотинининг унини ўчиргач, Жаббор мелисага талвасаланиб юзланди:
– Бунинг гапига парво қилманг, ҳар пайшанбада мияси чалғиб туради. Мен ҳеч қанақа калишни кўрганим йўқ! Ғулом деган зотниям танимайман! Буни ҳеч ким бўйнимга қўёлмайди!
Бу гапдан Жаббор мелисанинг зардаси қайнади:
– Э, қанақа одамсиз? Қаёқдаги калиш билан Ғуломни орага суқиб нима қиласиз? Сизни бошқа масалада қамашга тўғри келяпти.
Восвосхўжанинг юзига қон югуриб, кескин ўзини ўнглади ва: «Агар бу ишга калишниям, Ғуломниям алоқаси бўлмаса, унда нима гуноҳимиз боракан, ука?» – дея гердайиб қош сузди.
Шу савол янгради-ю, масала яна кемирувчи махлуққа бориб тақалди. Жаббор мелисанинг айтишича, ўша ғилай сичқон энди унинг тушига кириб, бўғоз хотинимнинг қотилини нимага қамоққа олмаяпсан, деб зуғум қила бошлабди. Жиндай уйқу элитсаёқ, «ғилай экстремист» унинг бўйнига тош бойлармиш-да, «Келишувчанликнинг жазоси мана шу!» – дея дарёга итариб юборармиш.
– Кеча мажлисдаям пинакка кетиб, тўсатдан бақириб юборибман, – кипригида ёш йилтираб сасланди Жаббор мелиса. – Бошлиғимиз мени ишдан ҳайдаворишига оз қолди. Гап шу, Восвос ака, сизни лоақал бирор кун қамаб қўймасам, ғилайдан қутулишим қийин. Қўрқманг, ҳибсхонага юмшоқ диван қўйдириб бераман.
Чамбаракхон биқинига қўл тираб, Жаббор мелисага дағдаға қилди:
– Ҳў, иним! Оғзингизга қараб гапиринг! Хўш, сичқон ўлдирганни қамаш қайси қонунда боракан?
Жанжал эндигина авжланиб бораётган чоғда, Восвосхўжанинг девор қўшниси Фармонқул оқсоқол кўчага чиқиб келиб, ўзини ўртага кўндаланг қилди. У томон ҳам, бу томон ҳам фикрини маъқуллатишга урингани сайин, оқсоқолнинг оғзи тобора тиржая борди. Охири ўзини қаҳқаҳадан базўр тийиб, дашном беришга ўтди:
– Бас қилинглар! Биров эшитса, ҳаммангни жиннига чиқаради-я! Ё тавба! Маҳалла оқсоқолига, келиб-келиб, қандайдир ғилай сичқондан арз қиласанларми?
– Сичқонни писандсиз тилга олганингиз чакки бўлди,– Фармонқул оқсоқолга ачиниб боқди Жаббор мелиса. – Жонингизга жабр қипқўйдингиз-да, отахон…
Жаббор мелисанинг хавотири ўринли эканлиги эртаси куни эрталабдаёқ ўз исботини топди. Артизонда юзини ювиб турган Восвосхўжа қўшни девор ортидан янграган наърани эшитиб, бир чўчиб тушди.
– Восвосхўжа-а!!!
Восвосхўжа ўзини дарахтнинг панасига олиб улгурмасидан, девор устида Фармонқул оқсоқолнинг боши балқиди. Бошдаги кўз теваракка ола-кула жаланглаб, оғзидан ҳайқириқ тоша бошлади:
– Восвосхўжа деяпман! Қаёқдасан, ҳей? Жимгина тирикчилик қилиб юрган сичқонга тегиб нима қилардинг, қизталоқвачча?!
Восвосхўжа дарахтнинг панасида шумшайиб тураркан, ҳўл юзига секингина сочиқ босаётиб, ўзича ғудранди:
– Доим шунақа! Бирон-бир бало-қазонинг дарагини айтсанг, сени ваҳимачига чиқариб, мазахлашади. Ўзларининг бошига тушса, шунақанги додлашадики, шунақанги додлашадики!.. Ҳа одамлар-а, одамлар…
2003 йил.