Анвар Обиджон. Эҳ, шўрлик эркаклар! (ҳажвия)

1. ТАЪҚИБ ҚИЛИШ

Сезяпман, у менга ҳамон ўғринча тикилиб турибди. Ростини айтганда, аёлнинг нигоҳини етти қават деворнинг ортидан ҳис қила оладиганларнинг биттаси – мен. Автобус келадиган томонга қараб-қараб қўяман-у, у турган ёққа юзланишдан ўзимни тияман. Бироқ, аниқ ҳис қиляпманки, у менинг ўнг тарафимдагиларнинг саккизинчиси. Жигарранг кастюмли тепакал кишининг елкаси оша ҳануз менга термилиб турибди. Улама киприкларини елпиғичдек тебратиб, сурмага ботирилган қошларини чимириб қўяётганини худди телевизорда кўраётгандек аниқ тасаввур қилмаётган бўлсам, нон урсин. Шунақа таъқиблардан бирам безиб кетдимки…
Хайрият, лип этиб такси келиб қолди. Тўхтатдим. Ақлим етиб турибдики, у ҳам ҳойнаҳой шу тарафга интиляпти. «Ҳайда, молодёж!» деб бақирдим шофёрга. Машина тойчоқдек олдинга сапчиди. Мана энди «кафе»га кирволиб, ҳамма одамлардек ўзимни эркин ҳис қилишим, босиб-босиб муздек пиво симиришим мумкин. Ахир, бугун маош олганман.
У қанчалар писмиқлик билан ортимдан тушган бўмасин, мен барибир хотинимни боплаб чалғитиб кетдим.

2. БИР ХОНАЛИ УЙДА

– Бўлди энди, хотинжон, чироқни ўчириб ётинг.
– Озгина сабр қилинг, дадаси.
– Бунча қайсарсан? Ёт дегандан кейин…
– Яна беш минутгина…
– Ахир, ярим кеча бўп қолди. Ётсанг-чи.
– Ҳозир деяпман-ку. Пича сабр қип туринг.
– Ўчир чироқни! Ҳе, дардисар!
– Нима?!
– Ҳа, дардисарсан! Ялмоғизсан!!!
Кунда шу аҳвол. Хотинимга конспект ёзиш зарур, менга эса – сурат чиқариш. Фотографлик ҳам қуриб кетсин.
1976 йил.