Боймамат ўтган йили биздан бир синф юқорида ўқирди. Мана энди мен билан битта партада ўтирибди. Математикани яхши ўзлаштиролмай, шу аҳволга тушибди шўрлик. Бешинчи синфда сурункасига икки йил ўқиётгани учун собиқ синфдошлари уни “Боймамат Бешинчи” деб масхара қилишади. Биз ҳам орқаваротдан уни шундай атаймиз, юзига гапирсанг, салом-аликсиз биқинингга соп қолади.
Боймамат Бешинчи синфимизда пайдо бўлгач, бир-икки ҳафтагача ўзини анча сипо кўрсатиб юрди. Кейин, думи босилган илон қўққисдан сапчигандек, бизга бирданига хуруж қилишга киришди. Орадан бир ой ҳам ўтмай, синфнинг хўжайини бўлди-қолди.
Бир куни мактабга эртароқ келиб, олма еб ўтирган эдим, синфга пишиллаганича Боймамат Бешинчи кирди.
– Ғажиётганингни қаттан ўмардинг? – лавоқ юзини осилтириб тумтайганича сўради у.
– Эртош буванинг боғидан, – дедим мен. – Аммо-лекин, ўғирлаганим йўқ, яхшиликча кириб сўрасанг, чол индамайди.
– Яхшиликча кириб олма ейишнинг қизиғи бўларканми? – лунжини баттардан шишириб тиржайди у. – Бир иш қилсанг, қаҳрамонларча қилиш керак. Тушундингми, текинхўр?
Мен “йўқ” деган маънода бош тебратдим. Боймамат Бешинчининг хуноби ошиб, мени зўр бериб тергашга тушди. Бу орада битта-иккитадан келишиб, синф болаларга тўлиб қолди. Бошқалар ҳам унинг сўзларини лоқайд тинглаётганини кўрган Боймамат Бешинчи энди барчага тенгдан ўдағайлай кетди.
– Сен зумрашалар “беш” баҳо олишни биласанлар, холос, – дея жаҳл билан ўшқирди у. – Олмани тўғрима-тўғри ейиш бор, қаҳрамонларча ейиш бор. Шунга қолганда калланглар ишламай турибди-я.
У синфдагиларга ўқрайганича пича жимиб қолди. Сўнг ўқитувчи ўтирадиган столга иккала муштини тираб, кеккайган тарзда деди:
– Дарсдан кейин икки соат муҳлат бераман. Бу ишга қизларни аралаштирмаймиз, ҳамма ўғил болалар ўз вақтида боғ ёнига тўпланишсин. Қаҳрамонларча олма ейиш қанақа бўлишини ана ўшанда кўрасанлар. Яна битта гап – кимнинг уйида саккизинчи калиш бўлса, қўлтиққа қистириб келсин. Бизга қўшилмаганларга “қуёнхон” деган лақаб қўйилади.
“Қуёнхон” бўлишга кимнинг тоқати бор дейсиз, барчамиз ўз вақтида айтилган жойга йиғилдик. Бор-йўғи олти кишигина саккизинчи калиш топиб келибди.
– Математикадан нуқул “беш” оладиганлар мана бу томонга ўтсин-чи, – ўнг қўлини ёнга чўзди Боймамат Бешинчи. – Мен қўмондонман, буйруғимни ўрнида бажаришларинг керак.
“Илғор математиклар” етти киши эканмиз. Қўмондоннинг ўнг томонида саф тортдик.
– Шу фандан баъзан “тўрт” оладиганлар бу томонга турсин, – чап ёнини кўрсатиб буюрди Боймамат Бешинчи.
“Ўртача математиклар” чап томонга тизилишди.
– Мана энди, қолганлардан зарбдор гуруҳ тузамиз, – тушунтирди қўмондон. – Бу азаматлар боғнинг ичига киришиб, алоҳида қаҳрамонлик кўрсатишади, олмани ўзлариям ейишади, бизгаям олиб чиқишади.
Шундан сўнг Боймамат Бешинчи бошқаларга иш тақсимлашга киришди. “Ўртача математиклар”нинг вазифаси девор тагида эгилиб туришдан иборат бўлиб, зарбдор гуруҳ аъзолари уларнинг елкасига оёқ қўйиб, ичкарига ошиб тушишлари лозим эди. “Илғор математиклар”дан эса саккизинчи калишлилар тўдаси тузилди. Биз илғорлар етти нафар калишлар эса олти жуфт эди. Шу сабабли мен вазиятдан фойдаланиб қолишга тиришиб, қўмондонга дедим:
– Менга калиш етмаяпти, зарбдор гуруҳга қўшилсам майлими?
– Олма ўғирлаш сенга “икс-игрек” эмас, – мазахлади Боймамат Бешинчи. – Сен “ўчакишувчи” бўласан.
Мен анқайганимча унинг кўзига тикилдим. “Ўчакишувчи” қанақаси бўлди яна?
– Дарвозанинг олдига бориб, Қоплоннинг ғашига тегасан, – кўрсаткич бармоғини менга бигиз қилди қўмондон. – Ит сен билан овора бўлиб, боғнинг бу чеккасидаги тўпалондан бехабар қолади. Ити акиллайвергандан кейин, Эртош бува ҳам ўша томонга боради, чалғийди.
Хуллас, ит билан ўчакишадиган бўлдим. Саккизинчи калишлиларга эса тупроқ кўчани тўзғитиб югуриш топширилди. Қуюқ чанг ичида девордан ошаётганлар кўзга чалинмасмиш.
– Агар Қоплон барибир сизларни пайқаб қолиб қувадиган бўлса, у аблаҳни хомроқ олмалар билан аямай бўмбардируфка қилинглар, – зарбдор гуруҳ аъзоларига далда берди қўмондон. – Қанчалик қопоғон бўлмасин, итниям жони бор.
Ўша куни мен Боймамат Бешинчи фақат математикани эмас, балки бу фанни яхши ўзлаштирувчиларни ҳам менсимаслигини англаб етдим. Боғни ишғол қилишдек “қаҳрамонона” ишда илғор ва ўртача математиклар зиммасига паст даражали юмушлар юклангани шундан дарак бериб турарди. Бу менга жуда алам қилди. Хўш, ундан қандай қилиб ўч олиш мумкин? Ортиқчароқ бир гап қилсанг, биқинингга мушт тушади, индамай юраверсанг…
Охири йўли топилди. Саккизинчи калишлилар, яъни “илғор математиклар” маслаҳатни бир жойга қўйиб, Боймамат Бешинчини оталиғимизга оладиган бўлдик. Кўнглига йўл топиш учун иложи борича ўзимизни унга яқин тута бошладик. Барча инжиқликларига ҳам, қўполликларига ҳам чидадик. Бора-бора иноқлашиб кетдик. Битта қишлоқда яшаб, битта тилда гаплашганингдан кейин шундай қилиш керак-да.
Ҳозир у математикани ҳурмат қиладиган бўлиб қолди. Бу фандан “уч” олган куни қовоқ-тумшуғи осилиб, чинакамига ранжийди ҳам. Қисқаси, ўзи сезмаган ҳолда Боймамат Бешинчи ҳам саккизинчи калишлилар тўдасига қўшилиб қолди.
Шанақа, энди у ҳам ўзимизникилардан.
1973 йил