1. ЭҲТИРОС КАМРОҚ БЎЛСИН
– Бунча хилват экан бу ер?
– Ҳа! Бундай хилват жойлар савоб иш учун яратилмаган!
– Вой, нима қиляпсиз? Қўлингизни олинг. Эрим билиб қолса…
– Тупурдим ўша эрингизга. Ошқовоқ нима-ю, у нима.
– Ҳамма эркаклар ҳам ошқовоқ. Фақат, пўсти ҳар хил.
– Баҳомни ошириб юбордингиз. Раҳмат! Мен аҳмоқ сизни тушларимда кўриб юрибман. Кеча тушимда ҳатто ўпиб олдим. Мана бундай қилиб…
– Бўлди! Бас! – столни шапиллатиб қичқирди режиссёр. – Репетиция тамом!
У гримхона сари бораётган артист йигитнинг ортидан хўмрайиб қараб қўйгач, «енгилтак аёл» ролида ўйнаётган актрисага ўгрилиб, дўнғиллади:
– Бугун сал кечиксам керак. Қизчамизни боғчадан олиб, тўғри уйга жўна.
2. КЎНИКИБ ҲАМ КЕТАРСИЗ
– Ўзи нима гап? Нега йиғлаяпсиз, синглим?
– Анави уятсиз чол…
– Хўш, хўш?
– Манави еримни…
– Хуллас… туф, – оғзидаги носни пуркаб, бамайлихотир гап бошлади чол, – ойимтилланинг ўша жойини сийпаладим. Сийпалашга ҳаққим бор.
– Ҳм-м, биласизми… Сирасини айтганда, бизда одат шунақа, синглим. Анави аёллар ҳам дастлабки пайтларда сизга ўхшаб қимтиниб юришарди. Мана энди, сийпалаш у ёқда турсин, ҳатто, кийимингни еч десангиз ҳам… Қисқаси, шароитга тезроқ кўникишга урининг…
Директорнинг бу гапидан кейин, гўшт комбинатининг ташмачиликка қарши курашувчи қоровули тантанавор қиёфада соқол силаб қўйди.
1978 йил.