Анвар Намозов. Мен — кўринмас одам (қиссадан парча)

1

Ҳаммаси оддий кунларнинг бирида юз берди.
Аслида, оддий кунларнинг бирида, деб ҳам бўлмайди. Қишлоқдан ўртоғим Йўлдош келганди. Мени қўярда-қўймай ишхонамдан олиб чиқди. “Ароқ-пароқ олиб бермасанг, ҳеч бўлмаса сув-пув билан меҳмон қил”, дея сира қўймади. Ноилож рози бўлдим. Ойда-йилда бир келади, дилини ранжитмай, дедим. Ахир, қишлоқдошларим орасида мени йўқлайдиган одам фақат шу-да!
Ишхонадагиларнинг кўзини шамғалат қилиб, секингина кўчага чиқиб кетдик. Бундай олиб қараганда, ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ, онда-сонда кафедра мудири сўраб қолмаса, бу даргоҳда бошқа кимса йўқламайдиям. Устозим вафот этганидан буён лаборатория ҳувиллаб қолган, маоши ҳаминқадар бу “шишахона”да мудирлик қилишга тузукроқ номзод ҳам йўқ. Аниқроғи, институт раҳбарияти бу борада ҳали ўйлаб кўрмаган.
Мен ҳар куни келиб, аввало бу ерни тартибга келтирар, кейин эшик-деразага кўз-қулоқ бўлиб, устозимнинг ишини давом эттирардим. Зерикиб кетганимда эса ўзимча аллақандай тажрибалар ўтказиб, китоблардаги машҳур олимларнинг ишларини гўё синовдан ўтказардим.
Чўнтагим ҳар доимгидек бўшгина. Аммо начора, меҳмон амри вожиб! Йўлдошни шаҳар марказидаги гавжум кафелардан бирига бошладим. Кафе ҳовлисига қўйилган стол-стуллардан бирини эгалладик. Официант қизлардан бирига иккита шарбат буюрганимда ҳафсаласи пир бўлиб, ёзиб олди-да, норози қиёфада бар томон кетди.
Йўлдош мени эргаштириб келганидан шод. “Эски лабораториянгда ўтирардинг мен бўлмасам”, деб қўйди. У атрофга аланг-жаланг қарар экан, худди танишларини кўриб қолаётгандек, аллакимларни нигоҳи билан изларди. Мен эса хотиржам алфозда бу ошнагинамга синчков назар ташлаб ўтирибман. Ҳали уни автошоҳбекатгача кузатиб ҳам қўйишим керак.
— Менга қара, холанг яхшими? — сўради Йўлдош эсига тушиб. — Қариб қолгандир? Кўрмаганимга ҳам анча бўлди.
— Яхши, — дедим, — ҳа, қариб қолган.
Йўлдош ўзича ғамхўрлик қилди:
— Би-ир қишлоққа олиб бормайсанми-а? Ҳадеб диққинафас уйда ўтираверадими? Сал ёзиларди, баҳри дили очиларди. Ўтган-кетган қариндошларини эсларди, қабристонни зиёрат қиларди, бирортасиникига олиб борардик.
— Кимникига олиб борардик, Йўлдош? — дедим мен. — Қариндошлар қолибдими энди?.. Фақат мен ва холам.
— Меникига олиб бор. Ҳеч бўлмаса қишлоқнинг ҳавосини туйсин, тўйиб-тўйиб симирсин. Ёддан чиқаришган, деб ўйлама. Эслаб турадиганлар кўп, ошна.
— Раҳмат шунисигаям. Бирор кун насиб қилиб қолар. Аммо қишлоққа олиб борсам, дардини янгилаган бўламан. Касал бўлиб қолса-чи?! Ўзи қари одам. Йўл азоби ҳам бор.
Йўлдош шошилмай шарбатни симираркан, ҳамон чор атрофга қарашни қўймасди. Биламан, унинг айтаётган гаплари шунчаки йўлига! Ўзиниям мингта ташвиши бор. Тўрт нафар болани боқиш осон, дейсизми! Онда-сонда иш билан келиб, ўзининг айтишича, кўнглини ёзиб кетади.
Ҳартугул мана шу Йўлдошнинг борлигиям яхши. Шаҳарга келганида баъзан йўқлаб қўяди.
— Бир жиҳатдан тўғри айтасан, — маъқуллаган бўлди у. — Дарди янгиланади, эзилади. Дарди йўқ одам бормикан бу дунёда, ошнажон?! Бошимдан нималар ўтганини биласан. Буёғини сўрасанг, хотин, бола-чақа, уй-рўзғор — иш, иш, иш… Ҳадемай болалар ҳам катта бўлиб қолади. Кейин тўй қилиб бериш керак. Мактаби бошланади. Шу шаҳрингга келиб, чигилни сал ёзиб кетаман-да, ошна! Аммо сенинг дардинг бўлмаса керак! Оиланг йўқ, бола-чақа ташвиши демайсан. Зериксанг, кино-пинога кирасан. Дўстларинг, танишларинг билан гаплашасан.
Йўлдошнинг бу гапига ҳеч нима демадим. Аслида устозим ўлганидан бери ўзимни ёлғиз ҳис қилардим. Дўстлар, танишлар қаёқда! Мендек бўш, ландовур лаборант ходимининг кимгаям кераги бор? Қовоғи солиқ кафедра мудири баъзида ҳузурига чақириб, эрмакка энсамни қотириши-ю, кейин чўнтагидан пул чиқариб, дўконга юборишини айтмаса, ўзгалар телефон орқалиям суриштиришмайди! Ишдан қайтиб, холамнинг кун бўйи йиғилиб қолган ҳасратларини тинглаб ўтираман. Ота-онам ҳақидаги хотираларини эшитиб, ўпкам тўлиб кетади. Йиғлайман. Холам титроқ қўллари билан бошимни силаб, овутаркан, ўзи ҳам аччиқ-аччиқ кўзёши тўкади. Бу дунёда устозимдан сўнг менга меҳрибонлик қиладиган инсон фақат шу киши! Холагинам уйланиш ҳақида гап очаркан, таъбимни хира қилади.
“Менга ҳам аталгани бордир, хола, дейман. Аммо ҳозир эмас…”
Сабабини айтолмайман. Бу ҳақда ўйлашнинг ҳам ҳожати йўқ. Кичкина маошим билан уйланиш у ёқда турсин, холам иккимиз турган мана шу уйнинг тўловларини тўлаш ҳам баъзида оғирлик қилади…
— Анови қизлар биздан кўз узишмаяпти, — деб туртди Йўлдош ён томонга имо қилиб. — Чиройлилигини! Ёндираман, дейди! Қара ўзинг!
Аччиғим чиқди:
— Йўлдош, энди қизлар деб каллани қотирма. Гурунглашамиз, дедингми, бўлди-да! Хаёлингни бўлма. Ҳозир у қиз дейсан, бу қиз дейсан, кеч қолганини билмай қоласан. Мен ҳали сени кузатиб, ишхонага боришим керак, йиғиштирмай келганман.
— Кузатишинг шарт эмас, — ён томондан кўзини узмай гапирди Йўлдош. — Яна ярим соат ўтирайлик. Жонон қизлар экан. Яхшиси, бориб, уларни столимизга таклиф қил. Қўрқма, пулини ўзим тўлайман.
Энсам қотди:
— Қўйсанг-чи, шу гапларни! Оиланг, бола-чақанг бор, қизларни бошингга урасанми?! Ичсанг, ича қол. Турайлик…
— Оиланинг нима дахли бор? — норози тарзда менга бир қараб олди Йўлдош. — Ўзлари қараяпти, танишгилари келяпти. Индамай ўтираверсак, ҳафсалалари пир бўлмайдими? Қара, ана! Бир-бирларига нимадир дейишяпти. Битта бақалоғи сендан кўзини узмаяпти… Ошнажон, таклиф қил. Тўртта гурунг-да! Шаҳарлик қизлар билан гаплашмаганимга қанча бўлди, биласанми?!. Йўқ, дема… Э, сен қачон айтганимга кўнгандинг! Яхшиси, ўзим таклиф қиламан. Кетиб қолма тағин.
Йўлдош шарт ўрнидан туриб, ён тарафга кетди. Шунча йилдан буён унинг қизларга суяги йўқлигини билмаган эканман. Ҳафсалам пир бўлди. Ўзимга келсак, бунақа ишларга тобим йўқ. Билмадим, бир маромдаги ҳаётга ўрганиб қолганманми, қизлар билан танишишни ортиқча ташвиш, деб ҳисоблайман. Эҳтимол, муҳаббат ёшидан ўтгандирман? Юрак қурғур шу каби ишларга дов бермас балки! Нима бўлганда ҳам бундай ҳиссиётлар, эҳтиросларга тоқатим йўқ эди. Менинг ўй-хаёлим устозимнинг ишини давом эттиришга қаратилган, келгусида буюк кашфиёт қилиш иштиёқим ҳар қандай туйғулардан устувор эди. Севги-муҳаббат деганлари мен учун иккинчи даражали бўлиши шарт, акс ҳолда ишларим чала қолиши ҳеч гап эмас. Ахир, маррага анча яқин қолган…
Йўлдош исмимни айтиб, мени чақира бошлади. Секин қарадим. Учта қизнинг даврасига ўтириб олибди. Уларни нималардир деб кулдирарди. Менга “кел”, деб имо қилди. Индамай ўтиравердим. Орадан бир зум ўтмай, у рўпарамда пайдо бўлди:
— Ҳўв, қанақа одамсан? Юрсанг-чи! Ошнангиз ёввойими, дейишяпти.
Баттар жаҳлим чиқди:
— Мен кетдим, оғайни. Шаҳарга келганингда йўқлаб тур.
— Тўхта-тўхта, — елкамдан босди Йўлдош. — Бўпти, ўзларини чақираман. Фақат кетиб қолма, илтимос. Шарманда қилма. Айниқса, биттаси сени роса сўраяпти. Ярим соат, ярим соатгина ўтирамиз.
Қизлар даврамизга қўшилишни рад этишади, деб ўйлагандим. Йўқ, орадан ярим дақиқа ўтмай, Йўлдош учаласини ҳам бошлаб келди. Мен ўрнимдан туриб, уларни кутиб олган бўлдим.
— Яхшимисиз? — деб сўрашди новчароғи.
Бош ирғаб қўйдим.
Ўтирдик. Йўлдош тезда мени улар билан таништирди. Новчасининг исми Нурия, иккинчиси жиккаккина Фарангиз, учинчи қиз — тўладан келгани Лобар экан. Йўлдош мени уларга алоҳида таърифлаб таништирди. Жойлашиб ўтириб, “яхшигина” давра ҳосил қилдик.
Мен йигитларга хос такаллуфни насия қилганимча ўтирдим.
— Ўртоғингиз намунча жиддий? — деди ёнимдан жой олган Лобар лўппи юзларини шишириб. — Биз ёқмадик, шекилли?
— Йўғ-ей, — кулди Йўлдош. — Шунчаки… афти шунақа-да! Аммо кўнгли очиқ бола!.. Хўш, қизлар, нима буюрадилар?
— Фақат музқаймоқ, — деди Нурия. — Шарбат жонга тегди.
— Жуда яхши, — Йўлдош официант қизни кутмай, дик этиб ўрнидан турди-да, ўша томонга кетди.
Қизлар нималарнидир гапириб, ўзаро чуғурлаша бошлашди. Мен уларнинг суҳбатига аҳамият бермай, шарбатимни ича бошладим.
— Бу кафега тез-тез келиб турамиз, — деди Лобар.
Унинг гапи менга қаратилганини англаб, “хўш”, дегандек тикилдим.
Лобар сўзида давом этди:
— Сизларни аввал кўрмасдик, биринчи марта келишларинг бўлса керак?
— Ҳа, — бош ирғадим мен.
— Биз эса тез-тез келиб турамиз, — гапни илиб кетди Фарангиз. — Дугоналар кўришиб турмасак бўлмайди-да! Ҳар кимнинг гапи ичида йиғилиб қолади… Бу ўртоғингиз жуда шўх экан, бизга ёқди. Йўлдош эди исми, шекилли! Сиз эса анча босиқ экансиз. Лобар дугонамизга сиз каби оғир, босиқ кишилар ёқади, Сарвар ака, — кулиб юборди у.
— Ия, нималар деяпсан? — лабларини чўччайтирди Лобар.
— Ўзингни фаришта қилиб кўрсатма, хўпми? Боядан буён кўз узолмаяпсан-ку, ёлғонми гапим? — деди Нурия, кейин менга кулимсираб қарар экан, қўшиб қўйди: — Бу дугонамиз бир кўришдаёқ одамнинг қандайлигини билади.
Лобар уларнинг гапига парво қилмай, мендан сўради:
— Бирор жойда ишлайсизми?
— Ҳа, институтда, — қисқагина қилиб жавоб бердим мен.
— Илмий иш қиларкансиз-да? — сўроққа тутди Фарангиз.
Бош ирғаб қўйдим. Шу фурсатда Йўлдошни бетоқат бўлиб кутардим.
— Намунча яхши! — кўзлари чарақлаб кетди Лобарнинг. — Мен тадқиқот ишларига шунақанги қизиқаманки… Институтингизга таклиф қиларсиз бирор кун?
— Майли, — дедим мен илмий ишлар билан қизиқадиган қизлар борлигидан бир қадар қувониб. — Агар лабораториядаги шиша-пишалар ҳидидан кўнглингиз айнимаса…
Нурия бурнини жийириб сўради:
— Жуда ёмон бўладими-а? Сиз қандай ишлайсиз унда?
Бу саволга патнисда бешта музқаймоқ кўтариб келган Йўлдош жавоб берди:
— Ўрганиб қолган бу! Минг йиллардан буён ишлайди-да! Аммо лабораторияси жуда антиқа! Мактаб давримизни эсга солади. Болалигидаёқ қандайдир колба-молбаларга қизиқарди… Қизла-а-а-р, келажаги порлоқ бу ошнамнинг!
Учала дугона кулиб юборишди. Гап гапга қовушди. Мен аввалига унча хушламай ўтирган бўлсам-да, саволларга жавоб бераверибми, сал очилдим. Лобар анча самимий экан. Кўзларини катта-катта очиб, нуқул мени суҳбатга тортаверади. Ўзи ҳақида деярли гапирмайди. Қизиқишларим, чала қолган тадқиқот ишим борасида сўзлаб бердим. Бу ишларимни давом эттиражагимни айтдим.
Лобар иккимизнинг субатимизга зимдан қулоқ солган Йўлдош “зўр-ку”, дегандек менга кўз қисиб қўйди. Кейин учаласининг суҳбати қизиб, бизга унча эътибор бермай қўйишди.
Лобар қандайдир кино тўғрисида сўзлай кетди. Мен кўрмаган эканман. Умуман, кино деганига ҳушим йўқ. Азалдан шундай. Аммо Лобар айтиб берган фильмнинг воқеалари қизиқ экан. Менга ҳам ўша дискни беришини, кейин фикр билдиришимни сўради. Хўп, дея қолдим. Шундан сўнг Лобар классик мусиқалар ҳақида сўз очди. Ўзимни қизиққандек тутдим.
Мавридини кутиб, Йўлдошга, “турамиз”, дегандек имо қилдим.
— Сиз шошиляпсиз, чоғи? — деди Лобар буни пайқаб.
— Узр, ишга боришим керак, — жавоб бердим мен ўнғайсизланиб. — Сизлар ўтираверинглар. Бемалол.
— Вой, — яна кўзларини катта-катта очди Лобар, — сиз мени ишхонангизга таклиф қилмоқчи эдингиз-ку!
Нурия уни кўрсатиб, менга имо қилди:
— Энди бундан қутулолмайсиз! Ўша лабораториянгизни кўрмагунича тинчимайди.
Мен елкамни қисиб Лобарга қарадим:
— Балки бошқа пайт борарсиз? У ёқ-бу ёқни сал-пал йиғиштириб…
Йўлдош тарс этиб елкамга урди:
— Э, қанақа одамсан? Нима, уйингга таклиф қиляпсанми-а?
Унга норозинамо қараб қўйдим.
— Майли, юринглар, — дедим ноилож.
Лобар аввал менга, кейин дугоналарига қаради:
— Булар қолишади, мен ўзим бораман.
— Ҳа-ҳа, биз бошқа куни борамиз, — тасдиқлади Фарангиз. — Лобарни “разведка”га юборамиз-у, кейин таассуротларига қараб, бирор кун ўзимиз ҳам ташриф буюрамиз.
Улар билан хайрлашиб, Лобар иккимиз турдик. Йўлдош, “телефон қиламан”, деб қўйди.
Кафедан чиққач, Лобарнинг чиройли либоси-ю, менинг одми кийинганим учунми, айримлар бизга бошқача қарай бошлашди. Ўзимни нотавон сезиб, ичимда Йўлдошдан яниб қўйдим.
— Бу ёққа, — деди Лобар, кўчанинг нариги томонини кўрсатиб.
Мен ҳайрон бўлиб, унинг ортидан эргашдим. Нариги томонга ўтдик. Лобар йўл четидаги қип-қизил “Мерседес”га яқинлашди-да, сумкасидан қора қутича чиқариб, тугмачасини босди. Машина чиройли овоз чиқариб қўйди.
— Ўтиринг, — ўнг томондаги эшикни кўрсатди Лобар, — менга манзилни айтсангиз бўлди.
Машинага секин ўтирдим. Ўриндиғи шунақанги юмшоқ эканки, чўкиб кетгандек бўлдим. Лобарга манзилни тушунтирдим.
“Мерседес” енгил вағиллаб, ўрнидан қўзғалди. Лобар уни чапдастлик билан бошқарар экан, катта кўчадаги машиналар оқимига олиб кирди.
Очиғи, яқин орада енгил машинага ўтирмагандим. Ҳозир эса хорижий машинанинг энг охирги русумдагисида кетяпман. Юрагим алланечук орзиқди. Лобарга зимдан қараб, ҳайрон бўлдим. Лабораторияга бориб нима қиларкан бу? Ростдан ҳам қизиқармикан? Майли, борсин, кўрсин! Шиша, химикатларни кўриб, ҳафсаласи пир бўлгани қолади. Бошқа нимаям қиларди? Ахир, бундай бойвучча қизлар илмий иш билан астойдил шуғулланишармиди?! Эҳтимол, қизиқиб ҳам қолар, балки илмий иш ҳам қилар. Ўзига ишонадиган қизга ўхшайди. Нима бўлсаям, ўзи билади!
— Сиз ҳам машина ҳайдоласизми? — сўради Лобар йўлдан кўзини узмай.
— Йўқ, — дедим.
— Ҳайдашни хоҳлармидингиз? Истасангиз, ўзим ўргатаман. Қийин эмас. Энг муҳими, машқ қилишда! Йўл қоидаларини ўрганиб олсангиз, ошиғингиз олчи!
Кулиб қўйдим. Тавба, танишганига ярим соат бўлгани йўғ-у менга машина ҳайдашни ўргатмоқчи! Бир гапи бордир-да! Балки мени репетитор-пепетитор, деб ўйлаётгандир? Илмий ишга қизиқаман, деётганди, илмоқ ташлаб кўраётгандир, эҳтимол! Тавба, ҳозирги қизларга ҳайронсан, сўраб-суриштирмай дарҳол сенга ғамхўрликни бошлаб юборишади.
Индамай ўтирганим учунми, йўл бўйи Лобарнинг ўзи гапириб кетди. Италия, Францияга борганларини сўзлади. У ернинг табиати, одамлари ҳақида баён қилди. Машҳур “Эйфель” минораси тарихини гапириб берди…
Институтга ҳам етиб келдик. Минг истиҳола билан Лобарни лабораторияга бошладим. Бугун тушликдан сўнг у ерни тартибга келтирмаган эдим. Ҳозир кўрса, ғирт талабанинг ўзи экан, деб кулса керак.
Лабораторияга киргач, Лобар “ву-у-й”, деб юборди. Мен мийиғида кулиб қўйдим. Кейин иш столимдаги лаш-лушларни секингина йиғиштириб олдим. Лобар ҳар бир жиҳозга ҳайрат билан тикилар, менга савол аломати билан қарар, мен эса буюмларга изоҳ берардим.
— Майлими, бу ерга келиб турсам? — сўради кейин у. — Рухсат берасизми?
— Лобар, биласизми, — дедим чайналиб, — бу лабораторияга кириш учун аслида махсус рухсатнома керак. Билиб қолишса, мени ҳайдаб юборишади.
Лобар кўзларида ишонч билан жавоб қилди:
— Агар мен учун ҳайдаб юборадиган бўлишса, ўзларига жуда қимматга тушади. Уриниб кўришсин…
Хуллас, Лобар лабораторияда анчагача қолиб кетди. Азбаройи қизиққани учун бир-иккита кичикроқ тажриба кўрсатиб бердим. У ёш боладек чапак чалиб юборди.
Кетар чоғида эса мени уйимга кузатиб қўяжагини айтди. Ишларим борлигини айтиб, узр сўрадим. Лобар қўлимдан тортқилаганча машинаси томон судради.
Бу сафар у “Мерседес”ни шу қадар тез ҳайдадики, очиғи, қўрқиб кетдим. Йўлида учраган машиналарни гир айланиб ўтар, газ устига газ босарди.
— Секинроқ, — дедим мен ўриндиққа зич ёпишиб.
Лобар қийқирганча газни янада босди. Машина самолёт мисоли учарди. Йўлимиздан улкан автоулов чиқиб қолди. Унга бориб урилишимиз аниқ эди. Мен бақиришга ҳам улгурмаслигимни билиб, кўзларимни чирт юмиб олдим.
Лаҳза ўтмай, тормознинг кучли ғийқиллагани ва Лобарнинг қичқириғини эшитдим.

2

Мен ҳаммаси тугади, деб ўйлагандим. Лобарнинг баланд овозда кулгани қулоғимга чалиниб, кўзларимни очдим.
У қаҳ-қаҳ уриб кулди.
— Ҳаммаси жойида, ҳазиллашдим, — деб яна машинани юрғизди.
Лобар эртасига, индинига, кейин ҳам лабораторияга келди. Аммо “илмий иш”дан кўра айнан мен учун ташриф буюраётганини сездим. У иш билан андармон бўлиб турганимда менга тикилиб турар, ялт этиб қараганимда кўзларини олиб қочарди.
Лобарнинг таклифи билан бир-икки марта сайрга ҳам чиқдик. Истироҳат боғи, хиёбон бўйлаб айландик. Ҳар сафар хайрлашаётганимизда у мени гапга солиб билдирмайгина қўлимни узоқ ушлаб турадиган бўлди. Мен эса сира майл билдирмасдим. Бора-бора Лобар ҳар қандай мавзуни муҳаббатга бурадиган, соатлаб гапирадиган бўлди.
Агар уни енгилтак қиз, десам, унақага ўхшамайди. Дунёқараши кенг, фикрлари тоза. Аммо мендан нима истайди, билолмасдим. Ахир, ота-онаси Лобарни менга ўхшаганларга ҳеч қачон узатмайди-ку! Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи ҳам ортиқча! Нима бўлганда ҳам  юрагимни забт этмасдан туриб, уни ўзимдан узоқлаштиришим керак.
Афсуски, кундалик бир хил ҳаётимга Лобар кириб келиб бўлган, мени ўзига ўргатиб қўйган эди. Шунчаки яқин дўст, ҳамроҳ сифатида ҳам уни алланечук қўмсайдиган бўлдим. Лобар билан кечқурунлари телефон орқали суҳбатлаша бошладик. Унинг қўнғироғини кутардим. Кўпроқ Лобар гапирар, мен жимгина тинглардим.
Бир куни лабораторияда аллавақтгача қолиб кетдик. Кейин Лобар мени уйга кузатиб қўядиган бўлди. Машинасига ўтирдик. Жим кетдик. Бир пайт Лобар машинани хиёбон томон бурди. Ҳайрон бўлмадим.
Машинасини тўхтатгач, ярим соатча уни эшитишимни илтимос қилди. Секингина бош ирғадим.
Машинадан тушиб, хиёбондаги ўриндиқлардан бирига ўтирдик. Одам сийрак, битта-иккита йўловчи ўтиб-қайтарди. Қоронғи туша бошлаганди.
Биз анча вақтгача гаплашмай ўтирдик. Ноқулай бўлди.
— Сарвар ака, мен, мен… — деди Лобар оҳиста, — неча кундан буён оғзингизни пойлайман. Бир сўз чиқармикан, дейман.
Менинг жавобим кескин бўлди:
— Кутманг, Лобар. Менинг ўз режаларим бор. Қолаверса, “тенг тенги билан…” деганлар.
— Илтимос, бундай деманг, — Лобар шундай деб менга яқинроқ сурилди-да, бошини кўксимга қўйди. — Инсоннинг инсонлиги бойлик билан ўлчанмайди, ахир! Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ.
— Йўқ, ўзимизга эмас, ота-онангизга боғлиқ, Лобар, — инкор қилдим мен. — Сиз менинг ҳаётим ҳақида биласиз, кўрдингиз, эшитдингиз… Оддий, бечорагина бўлсам… Мени бошингизга урасизми?
— Нолиманг, — шивирлади у. — Уйдагиларни эса менга қўйиб беринг. Уларни ўзим кўндираман. Сиз ёнимда бўлсангиз бас.
— Гап кўндиришда эмас. Мен… мен кейин ҳам таъна қилишларини истамайман. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ота-онасиз, етим ўсган бўлсам. Аввало, шу ҳақда суриштиришади. Хайрият, холам бор экан. Шу кишининг қўлида ўсдим. Нолимайман, аммо орттириб қўйган пулим йўқ. Ишим ҳам тайинли эмас.
— Сиз ҳамма нарсага муҳаббат кўзи билан қаранг, — секин бошини кўтариб кўзларимга тикилди Лобар. — Менга ҳам…
— Муҳаббат кўзи билан… — истеҳзоли кулиб, унинг сўзларини такрорладим мен. — Бу шунчаки китобий сўзлар, Лобар. Ҳаёт бошқа, китоб ва сиз айтган кино бошқа. Ўзингиз буни жуда яхши биласиз. Мен сизнинг бахтингизга тўғаноқ бўлмоқчи эмасман.
Лобар яна кўксимга бошини қўйди:
— Менинг бахтим сизсиз, Сарвар ака. Нега шу ёшгача уйланмагансиз, десам… балки мени кутгандирсиз? Тақдир бизни бекорга учраштирмади-ку! Толеимиз бирдир балки? Одам бахтдан ўзини олиб қочмайди, Сарвар ака. Мен… сизни эртагаёқ дадам билан таништираман.
Кулиб қўйдим:
— Ушлаганингизни қўймас экансиз-а, Лобар?.. Йўқ. Мен дадангиз билан учрашишни тасаввур ҳам қилолмайман.
— Нега? Керак бўлса, сиз ҳақингизда айтганман ҳам. Ўзлари сезди. “Ким у?” деб сўрадилар. Секингина айтдим.
— Камбағал болани бошингга урасанми, дейишмадими?
— Бизнинг оила унақа эмас, Сарвар ака.
Мавзуни бурмоқчи бўлдим:
— Сиз келажагингизни қандай тасаввур қиласиз, Лобар?
Лобар бўш келмади:
— Ишонинг, мен келажагимни сиз билан тасаввур қиладиган бўлганман! Ўзингиз-чи? Фақат ростини айтинг.
— Ростини айтайми… Мен ўзимга ўхшаган оддийгина қиз билан топишсам керак. Кичкина оиламиз бўлади. Қандайдир жажжи дунёда яшаймиз. Бошқалар билан иши йўқ, унча-мунчага қўшилмайдиган, ўз қобиғида яшайдиган кишилар бўламиз.
Лобарга қулоқ тутдим. У ҳеч нима демасди. Ранжитиб қўйдим, чоғи! У худди юрагимнинг уришини эшитаётгандек, бошини кўксимдан олмасди. Енгил шабада эсганида бир титраб қўйди. Танишган пайтларимиз ёдимга тушди.
— Дугоналарингиз яхши юришибдими? — деб сўрадим.
— Яхши, — жавоб берди Лобар. — Ўзингизнинг ошнангиз-чи? Йўлдош ака?
— Қишлоққа кетган бўлса керак. Дом-дарак йўқ. Телефон ҳам қилмади. Уйланган у, бола-чақаси бор.
— Биламан. Хотинининг исми Мавжудами?
— Қаёқдан биласиз?
— Ўзи сездириб қўйди. Сизга ўхшаб шаҳарда ўсмаган-да! Содда! Бир неча марта бизга “Мавжу”, деб мурожаат қилди…
Мен кулиб қўйдим.
— Сарвар ака?
— Лаббай.
— Эртага ҳам шу ерга келайлик, майлими?
Жавоб бермадим. Аммо уни хафа қилишниям истамасдим. Назаримда, шахсан мен учун ҳозирги ҳолатим Лобарга шунчаки кўникканим эди. Уни эса… билмадим. Бунча қисқа фурсатда севиб қолиш… Бир боқишда муҳаббат деган гаплар фақат машҳур кўрсатувларда бўлади, деб биламан. Эҳтимол, Лобар аввал менга ўхшаган йигитни учратмагандир-у, энди гўё шаҳзодасига рўбарў бўлгандек туюлаётгандир ўзига? Бундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Эҳтимол, самимий муҳаббатдир? Бироқ мендек муҳаббат ёшидан ўтганлар учун нафақат севгини, балки бу севгининг умрибоқийлигини, унинг эртасини ҳам ўйлаш керак эмасми? Дарвоқе, муҳаббат ёши… Яна шу ҳақда ўйлаяпман… Нималар деяпман? Бу туйғу ҳар қандай ёшда кириб келавермайдими аслида?
— Нега индамайсиз?
— Кеч бўлди, турайлик энди, — дедим. — Уйдагиларингиз ҳам хавотирланиб ўтиришгандир. Эртага… бир гап бўлар. Аммо хафа бўлманг-у, мен бу муносабатимизнинг эртасини кўрмаяпман. Сира кўзим етмаяпти бирга яшаб кетишимизга. Шунинг учун муносабатлар чуқурлашмасдан… Эҳтимол, сиз муҳаббат деб ўйлаган нарса шунчаки дўстлик ришталари боғланаётганидандир? Негадир жуда шошилаётгандайсиз, Лобар?
Лобар бошини кўтариб, сочларини тўғрилади. Менга норози қараб қўйди.
Машина томон юрдик. У лом-мим демас, маъюс бўлиб қолган эди. Яна ранжитиб қўйдим, чамамда. Майли, шуниси маъқул. Умидини узсин. Эртага мен бойвачча отасининг қарамига айланиб қолганимдан кўра икки ўртада Лобарнинг азоб чекишини истамайман. Устозимнинг ишларини чала қолдириш хоҳишим ҳам йўқ.
Машинага ўтирмадим.
— Лобар, буёғига ўзим кетаман, овора бўлманг.
Унинг кўзида ёш йилтираб кўринди:
— Майли, Сарвар ака… Ўзингизни эҳтиёт қилинг, — шундай деб машинасини ҳайдаб кетди.
Мен Лобарнинг ортидан узоқ вақтгача қараб қолдим. Қандайдир пушаймонлик билан бирга ажиб енгиллик ҳам туйдим ўзимда.
Шу куни кечаси билан алаҳсираб чиқдим…
Эртаси куни алланечук бўлиб юрдим. Лобарни ранжитганим кўз ўнгимдан кетмасди. Аммо шундай қилмасам ҳам бўлмайди. Агар ҳозир қандайдир ўткинчи туйғуларга андармон бўлсам, ҳамма режаларим қолиб кетади. Устоз менга бу ишлар ҳал бўлгандан кейингина расмий равишда эълон қилишимни тайинлаган эди.
Лобар… менга бир мартаям қўнғироқ қилмади. “Мен кутяпман”, деган сўзлари ёдимга тушиб, унинг қўнғироғини ўзим ҳам беихтиёр кутардим.
Иккинчи куни лабораторияга кириб келганимда мени кафедра мудири чақираётганини айтишди. Ҳайрон бўлдим. Эрталаблари сира йўқламасди.
— Ассалому алайкум, — деб кириб бордим.
Домланинг мен билан кўришгиси ҳам келмади. Унинг авзойи бузуқ, қовоғидан қор ёғарди. Хавотирга тушдим. Секин мулозамат қилгандек бўлдим:
— Домла, чақиртирган экансиз.
— Ҳа, чақиртирдим. Чақиртирса келмайсанда-а? Шунақасан! Ё ўзимиз боришимиз керакми олдингга?!.
— Узр, домла.
— Хуллас, гап бундай: лабораторияни топширасан!
Бақрайиб қолдим. Бу гап билан у жонимни суғуриб олгандек бўлди.
— Домла, тинчликми?
— Сен нима деб ўйлагандинг? — кўзларини лўқ қилди у. — Бекордан-бекорга келиб-кетиб, давлатнинг пулини еб ётаман, деб ўйловмидинг?
— Домла, бирон айб иш қилдимми? Устоз ўлганидан буён ҳеч кимни…
— Устозингни гапирма, ука. Қўй, гўрида тинч ётсин. Лаборатория вақтинча ёпилади, тушундинг? Лўнда қилиб айтганда, сенинг штатинг қисқартирилади. Ахир, фойдаси йўқ штатнинг нима кераги бор? Кеча кенгашда шу ҳақда гап бўлди.
— Кечирасиз, мен бу лабораторияда анча йилдан буён ишлаяпман. Тўғри, илмий ишим тўхтаб турибди. Аммо уни давом эттириш режамда бор. Агар бирор киши мудир қилиб қўйилса…
— Менга қара, бу мутлақо бошқа масала. Аммо сенинг штатинг қисқаргани рост. Ё буйруқни кўрсатайми?
Эрталабки нохуш хабардан шалвираб қолгандим. Ахир, институтни тугатганимдан буён шу лабораториядаман. Устоз менга бу ерни кўз қорачиғидек асрашни бот-бот тайинлаган. Маоши кам бўлса ҳам, иккинчи уйимдек бўлиб қолган. Устозим вафот этмаганида илмий тадқиқотим тасдиқланармиди! Унинг ўлими шаштимни сўндирган. Аммо васиятини ҳар ҳолда амалга оширяпман. Энди нима қиламан? Қаерда ишлайман?
— Домла, агар вақтинча ёпиладиган бўлса, бу ерга қатнаб турарман балки?
— Ия, қанақа одамсан, ука?! — тутақиб кетди у. — Лаборатория мудири бўлмаса ўзи нима бор сенга бу ерда? Илмий ишингни баҳона қиласан! Илмий раҳбаринг ўлган бўлса!
— Хўп… Менга бирор бошқа иш бериладими? — сўрадим ночорларча.
— Ука, — кўзойнаги устидан қаради домла норози қиёфада, — ана, газета тўла эълон: мингта иш бор. Битта жойга зулукдек ёпишиб олмай, бошқа юмуш ҳам қидиринглар-да!.. Тавба, без бўлиб кетгансанлар. Қорнингнинг сувини қимирлатмайсан!..
Мен унга илинж билан қараб турардим.
— Майли… — деди домла, раҳми келгандек. — Хабар олиб тур-чи, агар бирор жой бўлса, кўрармиз, аммо ваъда бермайман, бола! Энди, боргин, вақтимни олма. Калитни қоровулга топшир.
Кафедрадан чиқар эканман, марҳум устозимнинг норози қиёфаси кўз олдимда намоён бўлди. Янада изтиробга тушдим. Энди нима қиламан? Бирор чорасини топишим керак. Кенгаш… наҳотки ўша кенгашнинг лабораториядан бошқа ташвиши бўлмаса?!
Кафедра мудирининг қўлига пул тутқазсам-чи? Рози бўлар, балки?! Йўқ, буйруқ чиққан, деди-ку! Штат қисқарган бўлса, штатсиз ишлайман, десаммикан? Бу ҳам тўғри келмайди. Бирор махфий иш қиляпти, деган хаёлга бориши мумкин. Тадқиқот иши ҳақида билганида эса ўзиники қилиб олишдан ҳам тоймайди. Устоз ҳеч кимга билдирмаслигимни қайта-қайта такрорларди.
Бошим ғувиллаб кетди. Мен худди қоровул ортимдан келиб, тортиб оладигандек, калитни маҳкам ушлаб олгандим.
Тўхта, қоровул билан келишсам-чи? “Кечқурунлари келиб тураман, озгина чала ишим қолган”, десаммикан? У ҳам бирор нарсадан умидвор бўлади. Аммо ҳар кеч келаверсам, хавотирга тушиб қолиши ҳам мумкин. Қолаверса, эрталаблари ўрин алмашадиган қоровулларнинг қайси бири билан келишардим?.. Биттаси бўлмаса бошқаси барибир айтиб қўяди. Кейин лабораторияни муҳрлаб ташлашса, ҳаммаси тамом! Бу телба кафедра мудири мени қаматиб юборишдан ҳам тоймайди. Ўзи еб юборган нарсаларини ҳам бўйнимга ағдариши ҳеч гап эмас. Бировнинг тақдири, келажаги билан нима иши бор?..
Мен лабораторияга кириб, узоқ ўтирдим. Бошимга оғриқ кирди. Роса сиқилдим. Менга тегишли энг қадрли нарсани олиб қўйишяпти, ахир! Ташқарига чиқиб, бироз айланай, десам, худди лабораторияга қулф солишадигандек туюлади. Ишқилиб кутилмаган кўнгилсизлик! Балки Лобарни ранжитганим учун шунақа бўлаётгандир?
Устозимнинг суратига тикилиб, у билан ғойибона суҳбатлашгандек бўлдим. Устоз мудом, ҳар қандай энг оғир, чигал вазиятда ҳам биттагина бўлса-да, чора топиш мумкин, дерди. Ана шу ҳақда бош қотирдим.
Йўқ, ҳеч қандай чора кўринмади. Мен ҳали ғўр, хом эканман. Шундоқ устознинг шогирди бўлиб ҳам ҳалигача йўлимни тополмадим. Ахир, қанча-қанча шогирдлари учирма бўлиб кетишган. Мен эса устознинг ишини тугатолмаяпман! Саноқли кунлар қолгандир, аммо ўша сана ҳам бўй кўрсатгиси келмаяпти.
Мен ашқол-дашқолни битта-битта олиб кетиб, уйда ишлашим ҳам мумкин. Аммо улар каттагина юк машинасига жо бўлади. Бу жуда хавфли. Биринчидан, шунча жиҳозни олиб чиқиб кетиб бўлмайди. Иккинчидан, уларга зиғирча заҳмат етса, ҳамма ишни бошидан бошлаш керак. Учинчидан, талай жиҳозларни бир хонадан иборат уйимга олиб кетган тақдиримда ҳам ишимга холам халақит беради. Бу тадқиқотни якка ўзим амалга оширишим лозим.
Ҳар кеч келиб, биринчи қаватдаги дераза орқали ошиб ўтиб, секин лабораториямга кўтарилиш ҳақида ўйладим. Назаримда, энг қулай чора шу! Қоровуллар ўтирадиган жой анча узоқда. Агар қулфланган деразалар ичкаридан очиб қўйилса, буни ҳеч ким сезмайдиям. Кейин оҳистагина кириб келавераман. Лабораторияда чироқни ёқмай, шам билан ишлаб турарман. Энг асосийси, тадқиқотни тугатиш-ку! Фақат ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.
Мен лабораториядан чиқиб, биринчи қаватга тушдим. Кўча томондаги деразаларни билдирмайгина кўздан кечирдим. У ёқ-бу ёққа қараб, учта дераза қулфини очиб қўйдим. Юрагим гурс-гурс урар, ахир умримда биринчи марта ноқонуний ишга қўл ураётган эдим. Устознинг ишини рўёбга чиқарсам, мени кечиришар!
Шу пайт қўққисдан телефоним жиринглаб, оёқларимгача титраб кетдим. Худди мени пойлаб, қўнғироқ қилишаётгандек эди. Телефон экранига қарадим. Лобарнинг рақамини кўриб сал хотиржам бўлдим! Одатда, у институтга тўппа-тўғри кириб келаверарди. Фақат кечалари қўнғироқ қиларди. Балки келишга истиҳола қилиб, телефон орқали гаплашмоқчидир?
Телефонимнинг қўнғироқларни рад этиш тугмачасини босдим. Бироз ўтиб, яна жиринглади. Нима гапи бор экан шу пайт? Яна ўша тугмачани босдим.
Телефонни ўчириб ташласаммикан?
Яна жиринглади. Жаҳлим чиқиб, яшил тугмачасини босдим. Аммо телефондан бошқа қизнинг овози келди:
— Алло, алло, Сарвар ака, сизмисиз? Мен Дилбарман, Лобарнинг синглиси.
— Ким?.. Ҳа, эшитаман, — дедим хавотирга тушиб.
Телефондан пиқ-пиқ йиғлаган овоз эшитилди:
— Лобар… Лобар опам томирини кесиб қўйди. У ўлим тўшагида. Ҳозир сизни сўраяпти.

3

Мен шифохонага етиб боргунимча бўларим бўлди. Кейин эса Дилбар айтган палата эшигини очишга журъат қилолмай қолдим. Худдики ҳозир кирсам, Лобарнинг жони узиладигандек! Гўё мени кутиб ётибди-ю, кўзи тушгач, хотиржам кўйи ҳаётдан кўз юмадигандек…
Нима бўлганда ҳам ичкарига киришим керак эди.
Эшикни тақиллатиб очдим. Лобар тўшакда бемажол ётар, синглиси тик туриб кўз ёши тўкарди. Дилбар мени кўриб, салом берди.
— Ухлаб қолди, — деди кейин кўз ёшларини артиб. — Энди нима бўлади?
Мен ҳеч нима дея олмадим. Билагига осма уколлар уланган Лобарнинг аҳволини кўриб раҳмим келди. Ранги қордек оппоқ эди унинг. Ўзимга нисбатан нафрат ҳиссини туйдим.
— Одамови бўлиб қолди, — деди Дилбар. — Фақат сизни гапиради. Авваллари сира бундай эмасди… Ҳали дадам билмайдилар. Билсалар, сизни тинч қўймайдилар, Сарвар ака.
Лобар алаҳсираб алланималар деди. Яқинроқ бордим.
— Ўтиринг, — курси суриб қўйди Дилбар.
— Мен бунчаликка боришини билмагандим, — дедим тилга кириб. — Мени кечиринглар… Дўхтирлар нима дейишяпти?
Дилбар хўрсиниб жавоб берди:
— Сал хотиржам қилишди. Ҳозир бунга тинчлик керак экан…
Мен палатадан секин чиқиб, фойеда турдим. Ичимда фақат Лобарнинг тузалиб кетишини илтижо қилардим. Кейин бўлим шифокорига учрашдим. Хавф ортда қолганини айтди. “Шунчаки депрессия натижасидаги иш, телба қиз-да бу”, деб қўйди секингина.
Палата олдига қайтдим. Лобарга ачиниш билан бирга бу қилмишидан жаҳлим ҳам чиқаётганди. Бойнинг қизи! Ўзиникини қилдириб ўрганган. Энди буёғи нима бўлади? Пўписа йўли билан менга тегиб ҳам олар! Кейин бир умр ота-онасининг кўзига балодек кўриниб юраманми? Ишларим-чи? Бўлажак қайнотам ёрдам бериши мумкиндир, шу зайлда уларга тобе бўлиб яшашимга тўғри келадими кейин?
Хўш, нима қилибди, дедим мен бошқа хаёлга бориб. Ахир, бошимга омад қуши қўнгани эмасми бу? Ўзи нега Лобарни рад этдим? Ишим тўхтаб қолишидан чўчидимми? Ҳаммаси ўзимга боғлиқ-ку! Керак бўлса, ўша телба кафедра мудирининг курсисини ҳам эгаллашим мумкин-ку энди! Лаборатория ўзимнинг қўлимда бўлади. Ишимни давом эттиравераман. Тўғри, устозим, мана шу ишни амалга оширмагунча бошқа ташвишларга андармон бўлма, қанча чўзилса, шунча зиён кўрасан, деган. У ўша вақт, ўша пайтдаги шароитдан келиб чиқиб айтган-да! Бойнинг куёви бўлсам, ишни ҳам тезлаштирардим. Институтдагилар, кенгаш аъзоларини ялинтираман ҳали!
Бу ўйлардан сўнг ўзимни бир қадар қудратли ҳис қилдим.
Палата олдига тўрт нафар йигит келиб, улардан бири ичкарига кириб кетди. Лобар, акам бор, дегандек бўлувди, балки мана шудир? Агар бор гапни эшитса, мени тинч қўймаса керак. Ишқилиб Лобар уйғонган бўлсин. Тўхта, балки у ҳам энди мени кечирмас?!
Палата эшиги шахд билан очилди. Бояги йигит чиқиб, тўппа-тўғри менинг қаршимга келди. Қошларини чимириб, бироз юзимга қараб турди. Кўзлари совуқ эди унинг.
— Сарвар дегани сенми? — деб сўради кейин.
Мен ўзимни дадил тутишб, жавоб бердим:
— Ҳа, менман. Ўзим ҳам ҳозир эшитдим…
Кутилмаганда қорнимга мушт келиб тушди. Букчайиб қолгандим, тепкиям едим.
— Бу ерда жанжаллашманглар, — деган овоз эшитилди аёл кишининг. — Бу ер шифохона! Кўчада гаплашинглар.
Зўрға қаддимни ростладим. Бояги йигит менга яқин келиб, ўдағайлади:
— Юр, пастга! Тез бўл!
Шундай деб бир шериги билан ўзи олдинда кетди. Қолган иккала йигит қаршимга келиб, “марҳамат” дегандек кутиб туришди. Мен уст-бошимни тузатиб, улар ҳамроҳлигида секин зиналардан пастга тушдим. Ҳозиргина еган тепкидан ўзимга келолмаётгандим.
Йигитларнинг имоси билан улкан қоп-қора “Жип” томон юрдик. Олд ўриндиқларда бояги иккаласи ўтирарди. Биз орқага ўтирдик. Мени ўртага олдилар. Қаёққа олиб боришмоқчи? Нима қилишади? Кўзларини шамғалат қилиб қочиб қолсам бўларкан. Энди кеч, нима бўлса, пешанамдан!..
Йўл бўйи ҳеч ким лом-мим демади. Анча юрдик. Қандайдир бино ёнида тўхтагандагина машинадан тушдик. Мени ичкарига олиб кирдилар. Биринчи қаватдан пастга — ертўлага олиб тушишди. Спорт зали экан. Бошқа ҳеч ким йўқ.
Мен тўрт нафар йигит қуршовида турардим.
— Агар синглимга бир гап бўлса, жонингни суғуриб оламан, тушундингми? — деди нақ тумшуғим олдига келиб бояги зўравон.
У яна қорнимга мушт солди. Инграб юбордим. Кейин шерикларига буюрди:
— Нега қараб турибсанлар? Қани, ақлини киритиб қўйинглар-чи! Фақат юзига тегманглар, Лобар чақириб қолиши мумкин.
Учала йигит бири қўйиб, бири мени ура кетишди. Ҳар бирининг мушти тошдек. Сира аяшмади. Қорним, биқиним, оёқларим зирқираб кетди. Бошимнинг орқаси билан деворга урилиб, гангиб кетдим. Кейин ғужанак бўлиб ётиб олдим. Энди тепишга тушдилар. Додлаб юбордим. Лобарнинг акаси сочимдан чангаллаб ушлаб, бошимни ўзига қаратди:
— Ўзи нима бўлган, гапир?! Нега у дори ичади? Сендан сўраяпман, ўв-в!
— Ҳеч… ҳеч нима бўлгани йўқ, — жавоб бердим мен зўрға. — Ишонмасангиз, синглингизнинг ўзидан сўранг… Урманглар, ака…
— Сен ўзи қайси гўрдан пайдо бўлдинг?! — энди биқинимга мушт туширди у. — Аблаҳ, бошқа қиз қуриганмиди сенга?!.
Узоқ калтаклашди. Ҳушимдан кетиб қолибман…
Юзимга сув сепилгач, ўзимга келдим. Аъзои баданим қақшарди.
— Кўзингни оч! Телефонинг жиринглади. Лобарнинг рақами. Ма, ол, тезда қўнғироқ қил унга!
Ётган жойимдан қаддимни кўтариб, деворга суянганча зўрға ўтирдим.
— Тез бўл, дедим сенга!
Лобарнинг телефон рақамини тердим.
— Қаёққа кетиб қолдингиз? — деб сўради телефон орқали Дилбар. — Лобар уйғонди, келганингизни айтдим. Аҳволи яхши… Айтгандай, акам сизга ҳеч нима демадими?
— Йўқ, ҳеч нима демади… Ҳозир бориб қоламан…
Мени спорт залдаги ювиниш хонасига олиб ўтишди. Муздек сувга юз-қўлимни ювдим. Гавдамни у ёқ-бу ёққа буриб, биқинимдаги оғриган жойларни босиб кўрдим. Сал ўзимга келгандек эдим.
Қанча вақт ётганман, билмайман. Бошқа калтаклашмаса керак, ҳойнаҳой.
— Юр, ойнага тикилмай, — буюрди мен билан кирган йигитлардан бири. — Агар Лобарга чурқ этсанг, бу сафар аяб ўтирмаймиз!
Биз бинодан ташқарига чиқиб, яна “Жип”га ўтирдик. Мен йўл бўйи ўзимни бардам тутишга уриндим. Ҳозир энг муҳими, Лобарнинг соғлиғи! Акаси билан кейин ҳисоблашавераман…
Палатага кирганимдан сўнг ҳамшира билан Дилбар чиқиб кетишди. Лобарнинг ўпкаси тўлиб, йиғлаб юборди. У мендан, мен ундан кечирим сўрадик. Кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилдим. Анча ўзига келиб, рангига ранг киргандек бўлди. Ишларим ҳақида сўради. “Ҳаммаси жойида”, дедим. Калитни қоровулга бермай кетиб қолганим эсимга тушди. Бугун топширарман, аммо аввал бу калитдан иккита нусха ясатиб қўяман.
Лобар менинг олдимда ўзини айбдор санар, гоҳ кулса, гоҳ маъюс бўлиб қоларди. Энди мени буткул ўзиники қилиб олгандек қўлимни сира қўйвормасди. Икки кун ичида уйга жавоб беришларини айтди.
— Энди бора қолай, — дедим хайрлашиб. — Кечқурун келаман.
Лобар ўрнидан қўзғалган бўлди:
— Ҳозир Дилбарга ёки акамга айтаман, элтиб қўйишади.
— Керакмас, Лобар, — унамадим мен, — улар сизнинг ёнингиздан жилмасин. Ана шунда бехавотир бўламан.
Бу гапим Лобарга ёқиб, чеҳраси янада очилди.
Мен палатадан чиқиб, ишхонага кетдим. Институтга яқин жойда калит ясайдиган устахона бор. Ўша жойга кириб, лаборатория калитидан иккита ясатиб олдим.
Тезда ишга киришмасам бўлмайди. Эртага нималар рўй бериши номаълум бунақада! Ҳар дақиқа ғанимат. Энди ҳар кеча тунда келиб ишлашга мажбурман. Тонгга яқин уйга қайтаман. Куни билан дам оламан, ухлайман. Холамга меҳнат таътилига чиқдим, деб қўя қоламан. Аҳён-аҳёнда Лобар билан ҳам учрашиб турарман.
Ясама калитларни лаборатория эшигига солиб ишлатиб кўрдим. Рисоладагидек тушди! Кейин ичкарига кириб, ҳамма жойни қайтадан тартибга келтирдим. Лабораториядан чиқар эканман, алланечук бўлдим. Нима бўлганда ҳам энди бу даргоҳда расман ишламайман. Тадқиқотни тўхтатмайман, албатта. Ўғринча келиб-кетавераман.
Мен ўзимни ранжиган ҳолда кўрсатиб, лабораториянинг асл калитини бугунги қоровул — Самад амакига топширдим. У ҳайрон бўлди. Штатим қисқарганини айтдим. Агар эшикни муҳрлашмоқчи бўлса, мени чақиришини илтимос қилдим.
— Оббо, камбағални туянинг устида ҳам ит қопаркан-да, — деди Самад амаки менга бир пиёла чой узатиб. — Энди нима қиласан, ука?
— Севимли домламиз, эълонлар бўйича иш топ, деди. Кўрамиз-да!
— Ишқилиб келиб тур, укажон, бизларни унутма.
— Ўрганиб қолгандим, бу ерга, Самад ака. Сира кетгим келмаяпти. Қоровулликка бўлсаям ишга олишса рози эдим.
— Э, ҳозир қоровулликка иш топиш ҳам қийин, — бош чайқади у. — Ука, менга қара, бу, бизнес-мизнес қилсанг бўлмайдими-а? Ёш бўлсанг, яхшигина билиминг бор!
Мен гапни ўзимга тегишли мавзуга бурдим:
— Самад ака, ўзи ишларинг оғир эмасми?
— Ука, кўрасан-ку, мудраб ўтирамиз. Домла ўтиб-қайтганида ҳушёр турсак бўлди-да! Биз билан бошқа кимниям иши бўларди! Ишимиз, асосан, кундузи! Ҳамма кетгач, куни билан милдираб пишган шўрвачани ичиб, мана шу телевизорга кўз тикамиз. Кейин уйқу босади. Ахир, биз ҳам одам, ухлашимиз керак. Ёки қоровул одам эмас, деб ёзиб қўйилганми бирор жойда?! Баъзида домла тайинлайди, обход қилинглар, деб. Кундузи бир айланиб чиққанимиз бир ойга етади. Э, умр ўтяпти-да ана шундай…
Мен қоровулнинг дардини эшитиб бўлгач, чиқиб кетдим. Уйга бормай, узоқ вақт тентираб юрдим. Агар ҳозир борсам, холам хавотирланиб қолади. Меҳнат таътили ҳақида бугун айтиб, эртадан уйда қоламан. Дарвоқе, энди Лобар хусусида ҳам билдирмасам бўлмайди. Қувониб қолса керак ҳар ҳолда.
Қўлтиғимда домлам қолдирган дафтар бўлиб, ичидагиларни яна ўқиб чиқишим зарур эди. Мен кутубхонага кирдим. Столлардан бирини эгаллаб, жойлашиб ўтирдим. Бутун диққат-эътиборимни дафтардаги ёзишма ва чизмаларга қаратдим. “Такрорлаш, фақат такрорлаш керак”, дерди марҳум устозим…
Агар телефоним жирингламаганида кутубхонада анчагача қолиб кетган бўлардим. Қандайдир нотаниш телефон рақами! Аттанг, ўчириб қўймаган эканман. Ким бўлди бу? Бўлажак “қариндошлар”дир балки? Лобарнинг муштумзўр акасими ёки чақимчи синглисимикан?!
— Алло, эшитаман, — дедим пичирлаб.
— Бугун кечқурун дадам билан гаплашаман, — деган овоз келди. — Сен тайёр бўлиб тур. Дарҳол чақиртирса керак. Синглимга айтиб қўйма. Тушундингми?
— Хўп, — дедим юрагим орқага тортиб.
Калламда бори ҳам чиқиб кетгандек бўлди. Нима дейди отаси? Лобарнинг айтишига қараганда, жуда қаҳри қаттиқ одам! “Лекин бизга меҳрибон”, деган эди. Ўзимча уни кўз олдимга келтиришга уриндим. Қўнғиз ҳам боласини оппоғим, дейди. У ҳам мени айбласа керак. Она сутимни оғзимдан келтирмаса эди ҳали!
Хўп, гаплашиб ҳам олди, дейлик. Кейин-чи? Барибир Лобарнинг айтганини қилишади. У эса мендан айрилмоқчи эмас. Қисқаси, тўй! Четдан олиб қараганда, ҳаммаси рисоладагидек, ҳатто ундан ҳам зўр! Ахир, бойвучча қизга уйланишни истаган йигитлар камми дунёда? Шундайларнинг орзусига, мана, мен етай деб турибман-ку!.. Аммо, барибир юрагим қандайдир ғаш эди. Олдинда фақат кўнгилсизликлар кутиб тургандек туюларди. Майли, Лобардан фойдаланиб тадқиқотни тугатарман, илмий ишимни ҳам ёқларман. Лекин… барибир… кўнгилдаги турмуш бўлмайди бу! Билмадим, одамзоднинг ношукрлигидир, эҳтимол ёки бошқача изоҳланар, ишқилиб, сира кўнглим илимасди.
Мен Лобарнинг ҳузурига бордим. Якка ўзи экан. Роса қувониб кетди. Ўлганимнинг кунидан тиржайиб ўтирдим. Ишларим борасида, холам ҳақида сўради. Қанчалик ҳаракат қилмай, кайфиятим нохушлигини сезди. Буни ўзининг қилмиши билан боғлади. Мен эса чарчаганимни айтдим. Бор маҳоратимни ишга солиб, кайфиятини чоғлашга ҳаракат қилдим. Кейин оҳиста оғушимга олдим.
— Бугун отангиз билан учрашмоқчиман, — дедим қулоқларига шивирлаб, — сизнинг қўлингизни сўрайман. Майлими?
Лобар ўзини йўқотиб қўйди. Кейин мени қучоқлаб, икки юзимдан ўпиб олди.
Анчагача гаплашиб ўтирдик. Синчиклаб юзига термилдим. Назаримда, Лобар мендан ниманидир яшираётгандек. Ё ростдан ҳам шунақа, ёки мен ўзим ҳар нарсадан шубҳаланадиган бўлганман.
— Тўйни кичикроқ қилиб ўтказамиз, — дедим мен. — Биласиз, биз томондан фақат холам…
— Майли, — рози бўлди бошини эгиб Лобар.
Кеч тушиб қолган эди. Уйга кетдим. Овқат устида холам билан анча вақтгача гаплашиб ўтирдик. Лобар ҳақида сўз очдим. Холам қулоқларига ишонмади. Узоқ дуо қилди.
Соат ўн бирларда холам уйқуга кетди. Яна бир соатча Лобарнинг акаси телефон қилишини кутиб ўтирдим. Ҳеч қандай қўнғироқ бўлмади. Устознинг дафтарини қўлтиғимга қистирганча кўчага чиқиб кетдим. Уйдан ишхонагача икки бекат масофа бор. Қоровул ҳам ухлаб қолгандир! Мен спортчиларга хос тарзда кўча бўйлаб югуриб кетдим.
Институтга етгач, ён-атрофга кўз югуртириб, ўзим чамалаган деразаларга яқинлашдим. Бир сакраб токчасига чиқдим. Секин итардим. Очилди. Лип этиб, ўзимни ичкарига урдим. Кейин дераза тутқичидан тортиб, ёпиб қўйдим. Юрагимни ҳовучлаб, иккинчи қаватга кўтарилдим. Шарпа мисоли юрар эканман, ярим кун мобайнида соғиниб қолган лабораториямнинг эшигига етдим. Ёнимдан калит чиқариб, секингина очдим. Ичкарига оҳиста кирдим. Кейин қоронғи хонага ўзимни урдим. Эшикни ичкаридан қулфлагандан кейингина хийла енгил тортдим.
Қўйнимдан шам чиқариб ёққач, тезда тажрибага шўнғидим.
Кундузига нисбатан кечаси ишлаш яхши экан. Осойишталик қўйнида фикрлар анча тиниқлашади. Қувват ошади.
Узоқ ишладим. Тадқиқот моҳиятини ҳам тобора чуқур англаб борардим. Устозим бежиз бу ишни якка ўзим олиб боришимни тайинламаган.
Асосий суюқликнинг бир қисмини тайёрлаб, навбатдаги иш жараёнига киришдим. Ишимдан тобора куч ола бошлагандим.
Шу пайт чўнтагимдаги телефоним титрай бошлади. Уйғотувчи соатга мослаб қўйганман. Наҳотки, кетиш вақтим бўлган бўлса?
Чўнтагимдаги телефонни чиқариб қарадим. Йўқ, ҳали соат икки, қўнғироқ қилаётган одам эса Лобарнинг акаси эди. Кайфиятим бузилди.
— Эшитаман, — дедим ўзимни уйқусираганга солиб.
— Мен Замириддинман, Лобарнинг акаси, — деди у. — Тез кел, дадам сени кутяптилар.
— Кеч-ку, эртага борсам бўлмайдими?
— Кўп вайсама! Манзилни ёзиб ол.
Ноилож ёзиб олдим.
Лабораториядаги ишларимни саранжомлаб, секин эшикни очдим. Бошимни чиқариб, у ёқ-бу ёққа мўралагач, ташқарига чиқдим. Кейин эшикни ёпиб, яхшилаб қулфладим. Оҳиста қадамлар билан биринчи қаватга тушгач, ўша дераза орқали кўчага чиқдим.
Замириддин айтган манзил анча узоқда. Йўловчи машина тўхтатмасам бўлмайди. Эскироқ “Жигули” дуч келди. Анча савдолашгач, ўтирдим. Йўл бўйи Замириддиндан ёзғириб кетдим…

4
 
Мен улкан иншоот қаршисида турардим. Тушунмадим, бу хориж ташкилотими ёки шахсий уйми?..
Дарвоза олдида бугун мени калтаклаган йигитлардан бири турарди.
— Марҳамат, сизни кутишяпти, — деди у даричани очар экан, мулозамат кўрсатиб.
Сал дадилландим. Ичкарига одимлагач, бошқа йигитга дуч келдим. У мен билан саломлашиб, йўл бошлади. Қиёсига таърифи йўқ ҳовлини кесиб ўтиб, ичкари хонага кирдик. Мени бошлаб келган йигит бир эшикдан кириб кетди. Қайтиб чиққач, эшикни очиқ қолдириб деди:
— Киринг, кутишяпти.
Мен секин қадам ташладим. Ичкарига киргач, ёп-ёруғ хонадан кўзларим қамашиб кетди. Энг қиммат жиҳозлар, тўшалган гилам, баҳайбат қандилни кўриб, ҳаяжонга тушдим.
Хонада Замириддин билан тепакал киши ўтирган экан. Отаси бўлса керак. Худди уники каби кўзлари совуқ.
Бўсағада туриб, салом бердим. Алик ҳам олишмади.
— Шу болами? — сўради тепакал Замириддиндан нописанд тарзда. — Узоқдан ўхшар экан. Айт, яқинроқ келсин!
Қўрқа-писа уч-тўрт қадам ташладим. Ниҳоят тепакал менга қараб мурожаат қилди:
— Мен болаларимни қанчалик яхши кўришимни билмайсан, шекилли? Қизим сенга нима ёмонлик қилди? У томирини кесгани учун жазоингни бермоқчи эдим аслида! Замириддин қўймади.
Менинг овозим шикаста чиқди:
— Кечиринг.
— Сен қизимга уйланмоқчи экансан, шундайми?
Секин бош ирғадим.
— Нима иш қиласан ўзи?
— Институтда ишлардим…
— Дарров бўшадингми? Иш топиб беради, деб ўйлагансан, тўғрими?.. Тўйни қачон қилмоқчисан?
Бу саволни кутмаганим учун жим қолдим.
— Тўйни ўзимиз қиламиз, уч куннинг ичида, — эълон қилди тепакал ҳануз нописанд оҳангда. — Сенинг бахтинг нимада, биласанми? Қизим олдинги эрига ўхшатгани учун сени ёқтириб қолган.
Мен шалвираб қолдим. Бу одам нималар деяпти? Лобар наҳотки…
— Ҳали билмасмидинг? Ахир, сенга қандай қилиб айтсин? Қизим тарбияли, оқсуяклардан бўлса! Нима деб ўйловдинг, Забирбой бекордан-бекорга қизини сенга ўхшаган ялангоёқларга узатадими?.. Яхши бола эди, аммо босар-тусарини билмай қолди. Гиёҳвандлик туфайли ўлди-кетди. Сен ҳам эртага ўзингдан кетиб қолсанг, ҳаётдан кўз юмишинг ҳеч гап эмас. Мен сендан ҳеч нимани яширмадим, бор гапни айтдим. Алдаганим йўқ. Энди сен гапир! Менга гапнинг бўларини айт. “Кўрмаганнинг кўргани қурсин”, дейдилар. Тўйдан кейинги режаларинг қандай?
Мен Забирбойнинг қаршисида ғурурим топталаётганини яққол ҳис қилдим. Юрагим ёмон оғриди. Шунчалик ҳам камситиш бўладими? Боплаб сўкиб ташлагим келди. Майли, уриб, суякларимни синдириб ташлашсин, майиб қилсинлар, аммо буларнинг олдида нега тилим қисиқ бўлиши керак? Менинг айбим нима? “Нега бунча ерга урасан? Қизинг ҳам, ўзинг ҳам, ҳамманг балога учрагин”, десаммикан? Биламан, тинч қўймайди, ўлдириб юборишдан ҳам тоймайди. Кейин холамга ҳам шафқат қилишмаса керак. Яна… лабораториядаги ишим-чи? Тағин ўша иш! Наҳотки, мен устозимнинг васияти деб мана шу одамларга муте бўлсам?! Бу не ҳол?..
— Нега индамайсан? — деб сўради Замириддин. — Дадам куттириб қўйганларни ёмон кўради.
— Сизлар нима десангиз шу, — дедим тишимни тишимга босиб.
Ота-бола бир-бирига қараб олишди. Забирбой ғолибона кулимсираб, баттар аччиғимни чиқарди. У мол-давлати билан ғолиб, мен эса ночор, ноиложлигимдан мағлуб эдим.
Замириддин битта-битта қадам ташлаб келиб, қаршимда тўхтади.
— Сен ҳам энди кун кўраркансан-да, ука! Бугуннинг боласи! Агар синглимни бахтли қилсанг, бир умр тилла ичида бурканиб яшайсан. Бўпти, боравер. Керак бўлсанг, ўзим сени топаман… Э, менга қара, пул-мулинг борми ё берайми?..
Мен Забирбойнинг уйидан чиққанимда ичим бўм-бўш, ҳувиллаб қолган эди. Телефонимни маҳкам қисдим. Лобарга қўнғироқ қилмоқчи бўлдим. Бор аламимни ундан олмоқчи эдим. Титраётган бармоқларим билан таниш рақамларни тердим. Телефони ўчирилган экан. Аламим келиб, ўпкам тўлди. Ҳа, айни дамда шу қадар ожиз, нотавон эдим.
Тонгга қадар кўчадан-кўчага пиёда ўтиб-ўтиб, уйга ҳам етиб келдим. Уйқусизлик, жисмоний толиқиш, руҳий тушкунлик мени ҳаддан зиёд ҳолдан тойдирган эди. Уйга киргач, телефонимни ўчирдим-у, гурсиллатиб ўзимни тўшакка ташладим. Ачишаётган кўзларимни юмдим. Шу билан қотибман…

Оёғимнинг томири тортишиб оғриганидан сўнггина уйғониб кетдим. Холам неча бор уйғотибди, турмабман. Оёғимнинг томирини уқалар эканман, Забирбойнинг гаплари қулоғимга эшитилиб кетди.
Лобарнинг ҳузурига бориб, юзига тупуриб қайтсаммикан? Кейин холамни олиб қишлоққа кетардим. Ишимни ҳам ўша ерда давом эттирарман. Аммо кимнинг уйига жойлашишимиз мумкин? Йўлдошникигами? Бола-чақаси, каттагина оиласи билан яшаётган уйига?! Кейин бир келганимда бу уйни сотиб кетсам бўлади… Йўқ, Лобар билан ҳам, отаси билан ҳам ўйнашиб бўлмайди. Забирбой қўлидан келадиган ҳар қандай қабиҳликка тайёр одамга ўхшайди. Ўғлиям ҳаддини билмайди.
Тушлик овқат тайёрладим. Ўзимни чалғитишга уриндим. Дастурхон устида холам иккимиз гангир-гунгир суҳбатлашиб ўтирдик. “Уч кун ичида тўй”, дедим, Забирбойнинг сўзларини такрорлаб. Холам анграйиб қолди. Начора, алдадим: “ҳамма ишни тезлаштириб, сизни бир хурсанд қилай, дегандим, хола”. Ўзимга-ўзим эса шундай дедим: “тўйгача ўша Лобарниям, бошқасиниям кўрмайман…”
Тушдан кейин яна уйқу босди. Ухлаганим маъқул. Кечқурун лабораторияга бориб ишлашим керак…

Роса ухлабман. Қовоқларим шишиб кетибди.
Ярим тунда яна лабораторияга йўл олдим. Ичкарига киргач, узоқ вақтгача стол устидаги устознинг суратига тикилиб ўтирдим. Менинг зиммамга шунча қийинчилик, азобларни ташлаб кетгандек туюлди. Шу иш бўлмаганида… Ҳа, майли, тезлаштириш керак.
Мен тонгги соат тўртларгача қолиб кетдим. Дераза орқали кўчага чиқиб югуриб кетарканман, руҳим анча тетик эди…
Кундузи Лобар қўнғироқ қилиб қолди.
— Тўйимиз ҳақида нега айтмадингиз? — деди ўпкалаб.
— Худди сиздек иш тутдим-да, — дея жавоб бердим мен. — Аввалги эрингиз ҳақида нега айтмагандингиз?
Лобар жим бўлиб қолди. Гапиришини кутиб, мен ҳам сабр қилиб турдим.
— Қандай қилиб айтаман, Сарвар ака? — деди кейин.
Мен гўё рашк қилгандек сўрадим:
— Уни севармидингиз, Лобар? Бошқача эдими?
— Нима бўлганда ҳам биринчи эрим эди, — маъюс сўзлади Лобар. — Синфдош бўлганмиз.
— Фарзандлар…
— Йўқ… Битта ўғил туғилганди, умри қисқа экан… Сарвар ака, энди олдимга келмайсизми?
Мен ўзимни хушчақчақ тутишга ҳаракат қилдим:
— Бу нима деганингиз? Ё ҳозирдан мендан безиб қолдингизми?
У жонланиб қолди:
— Келасизми? Қачон?
— Бугун кечга яқин ўтаман.
— Ҳозир ишларингиз борми?
— Ҳа, бор.
— Сарвар ака, мени кечиринг.
— Ҳаммаси жойида. Кечқурун кўришамиз, хайр, — деб телефонни ўчирдим…
Кечқурун Лобарнинг олдига бориб, яна бир сирдан воқиф бўлдим: унинг онаси вафот этган экан. “Фаришта мисоли эдилар”, деди Лобар мижжалари ёшга тўлиб. Отаси фарзандларини деб бошқа уйланмабди.
Забирбой биз учун уй олиб қўйган эмиш. Тўйдан кейин вақтинча ота ҳовлида яшайсанлар, дебди. Бўлажак куёвининг ор-номуси билан иши йўқ. Чунки куёвтўранинг ҳовлиси, жилла қурса, икки-уч хонали уйи йўқ-да, деб ўйладим мен! Ғашим келди.
Холам ҳақида гаплашдик. “Ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаймиз, уйимизнинг тўри шу кишиники бўлади”, деди Лобар. Кейин тўй ўтказиладиган ресторан, артистлардан сўз очди. Мен тўйга уч-тўрт нафар қўшнимни айтадиган бўлдим. Институтдагиларни таклиф қилгим келмади. Ҳасадлари қўзиб, ёрилиб ўлишмасин тағин.
Тўйгача зўр бериб лабораторияда ишлашим керак. Кейин камида бир ҳафтача келолмаслигим мумкин. Ҳали Забирбой мойли жойдан иш ҳам топиб беради менга. Ёки қўли остида юрарман, муте бўлиб.
Икки кун эрта тонггача бор кучимни бериб ишладим. Менга фақат мана шу юмуш таскин берар, шахсий ҳаётимда нелар юз бераётгани билан ҳушим йўқ эди.
Кундузи Лобар билан дўконма-дўкон айланиб, кийим-кечак харид қилардик. У менга қўярда-қўймай бошдан-оёқ уст-бош олиб берди.
Ишлар поёнига етай деб қолгани учун бўлса керак, тўй куни эрталабгача лабораторияда қолиб кетибман. Энди деразадан кўчага ошиб тушиш хавфли эди. Қоровулга билдирмайгина чиқиб кета олдим ҳарқалай! Кўзларим ачишиб оғрир, бошим ғувилларди. Карахт эдим. Уйда мизғиб оламан, девдим, бўлмади. Қўни-қўшни аёллар ивирсиб юришарди. Бечора холагинам шу кунгача йиққан уч-тўрт сепини пайпаслаб ушлаб, шодон ўтирарди.
Эркак қўшнилар билан кичкина дастурхон тузаб, бир-икки шишани бўшатдик. Менга бахт тилашди. Ароқ бошимни янада сархуш қилганди. Мудрай бошладим. “Тўйдан кейин ухлайсан”, деб кулги қилдилар. Оҳорли кийимларимни кийдиришди.
Соат ўн иккиларда пастга тушиб турдик. Лобар айтганидек, оппоқ лимузин ва уч-тўртта машина келди. Бу автомобилларда бориб Лобарни оламиз-у, шаҳар бўйлаб айланамиз. Кечга яқин тўй ўтказиладиган ресторанга ўтамиз…
Қисқаси, тўйимиз қандай ўтганини билмайман. Нурия, Фарангизлар имо қилиб, Лобарнинг мени туртиб-туртиб қўйганлари эсимда…
Кўзимни очганимда ҳарир чойшаблар тўшалган диван устида ётардим. Бир зум ўзимга келолмай қолдим. Улкан хонада ҳеч ким кўринмасди. Сакраб турдим.
— Лобар, — дедим овоз чиқариб.
Эшик тақиллаб очилгач, кексароқ аёл кирди. Салом берди. Лобарнинг биринчи қаватда холам билан чой ичиб ўтирганини айтди.
Мен ювиниб-тараниб, пастга тушдим. Холам билан қучоқлашиб кўришдим. Келинлик либосидаги Лобар кулиб деди:
— Тўйдан аввал ер ағдариб чиққансиз, шекилли, кеча намунча мудрадингиз?
— Чарчабман, Лобар, тўйнинг ўй-хаёли ҳам эзиб қўяди-да!
— Болам, яхши дам олдингми? — сўради холам. — Мана, келин билан анча суҳбатлашдик, дардлашдик.
Лобарга қараб қўйдим. Унга биринчи эри ҳақида холамга айтмаслигини тайинлаган \дим.
— Ҳаммаси жойида, — деди шивирлаганча менга суйкалиб. — Қорнингиз ҳам очдир, олинг, енг.
Дарҳақиқат, қорним оч эди. Яхшилаб нонушта қилдим. Шундан сўнг Лобар мени бу уйдаги ҳар бир хонага олиб кириб, бирма-бир кўрсатиб чиқди. Қайнотам билан биринчи суҳбат кечган хона ҳам эътибордан қолмади. Кейин Лобар бир вақтлар мақтаган фильмларни томоша қилдик.
— Асал ойини қайси хорижий давлатда ўтказишни хоҳлайдилар? — деб сўради Лобар энтикиб.
Унга чиройлигина жавоб қилдим:
— Лобархон, сиз холамни эъзозлаб турсангиз, шунинг ўзи асал ойига ўтади.
— Вой, бормаймизми? — лабларини чўччайтирди у.
— Менинг озгина ишим қолган, — дея жавоб бердим. — Шуни тугатиб олай. Кейин кўрармиз.
Лобар қошларини чимириб қўйди. Унинг ёноғидан ўпиб дедим:
— Энг муҳими, энди биргамиз-ку!..
Кечқурун овқатни Лобар иккимизга алоҳида олиб киришди. Мен холамни қўярда-қўймай, етаклаб чиқдим. Бирга овқатландик. Шу аснода лабораториядаги ишимни ҳам ўйлаб ичим сиқилар, саросимада эдим. Лобарга айтсаммикан? Муаммо ечиларди. Ахир, нима бўлганда ҳам энди у хотиним-ку!..
Йўқ, менимча, ҳали эрта. Бир-икки кун ўтсин-чи!..
Уч кундан сўнг қайнотам мени ҳузурига чақиртирди. Бу сафар унинг қошида мағрур тураман, деб ўйлагандим. Йўқ, салобати босди. Иш ҳақида гаплашдик. Мени қайсидир корхонасига бош директор қилажагини айтди. Нима дейишни билмасдим. Аммо кейинги гапидан эса жаҳлим чиқиб кетди.
— Холанг шунча меҳмон бўлгани етар, — деди Забирбой. — Энди унга жавоб берамиз.
— Бу нима деганингиз?! — ўрнимдан туриб кетдим мен. — Мени шунча вақт катта қилган инсонни нега…
— Ўв, бола, — овозини бир парда кўтарди қайнотам, — менинг қизим сен билан яшаши етмагандай, бир ногирон хотинни ҳам боқсинми? Қариялар уйига олиб бориб қўй!
Мен ўзимни йўқотиб қўйдим. Эҳтимол, тутақиб кетмаганимда ҳаммаси бошқача тугармиди:
— Ўша ногирон аёл сиздан минг карра улуғ, билдингизми? Менга келсак, қизингиз ўзини ўлдирмаслиги учун келганман бу хонадонга, — кейин эшик томонга қараб бақирдим: — Лобар, бу ёққа кел, отангнинг гапини эшит.
Кўзлари қаҳр-ғазабга тўлган қайнотам менга яқин келди-да, кутилмаганда қулоғим тагига тарсаки туширди. Кейин ёқамдан ушлаб ўзига маҳкам тортди.
— Бу уйда мендан овозини баланд кўтарадиганлар бўлиши мумкин эмас, — деди у дона-дона қилиб. — Сичқоннинг ўлгиси келса, мушук билан ўйнашаркан. Мен сени илк бор кўрганимдаёқ ёқтирмагандим. Биринчи бўлиб холангни, кейин ўзингни йўқ қиламан.
Мен ёқамни Забирбойнинг қўлидан бўшатмоқчи бўлдим, аммо қўйиб юбормади.
Хонага Лобар отилиб кирди. Бизни бу аҳволда кўриб, кўзлари қинидан чиқиб кетди. Мен бор қаҳр-ғазабимни унга сочмоқчи бўлдим. Отасининг аламини ундан олиш учун қўлларим мушт бўлиб тугилди. Аммо…
Кутилмаганда Лобар аввал отасига, сўнг менга қараб тиржайди, сўнг қаҳ-қаҳ отиб кула бошлади.
Шунда кечагина холам менга айтган гап ёдимга тушди: “хотининг касал эмишми, болам?”
Қий-чув бўлиб кетди. Лобар гоҳ кулиб, гоҳ йиғлар, ҳамма жойни ағдар-тўнтар қилиб ташлаб, ортидан кирганлардан ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмасди. У бир пайт отасининг юзига чанг солганича, “онамни топиб беринг”, деб бақирди. Мен нима қиларимни билмас, довдираб қолган эдим.
Югуриб кирган ёшроқ қиз унинг билагини маҳкам ушлаб қилган уколидан сўнггина Лобар бўшашиб уйқуга кетди. Мен бошимдан қаттиқ зарба еганимни ҳам эслайман…
Нимқоронғи уйда кўзларимни очдим. Яхшигина калтаклашган, шекилли, аъзои баданим оғрирди. Негадир қўл-оёғим боғланмаган эди.
— Болам, ўзингга келдингми? — деган овоз эшитилди.
Қувониб кетдим:
— Хола, сизмисиз? Биз қаерга келиб қолдик?
— Йўқ, холанг эмасман…
Чироқ ёқилгач, ўрнимдан зўрға турдим. Холамнинг овозига ўхшатганим Лобарларнинг уйидаги хизматчи аёл — Зумрад аянинг товуши экан.
— Сени ўлдирмоқчи эдилар, бахтинг бор экан, — деди у. — Тўрт ой муқаддам ўғлим Забирбойнинг тансоқчилигига ишга олинганди. Сен ўлимга маҳкум эдинг. Ўғлим қутқариб қолди.
— Холам қаерда? — сўрадим дарҳол.
— Холангнинг қаердалиги номаълум. Хотининг жиннихонадалиги эса аниқ. Камида икки-уч ой даволашса керак. Э, сен кўп гапларни билмайсан, болам. Аслида Лобар руҳий касал. Биласанми, нима учун?! Забирбой хотинини ўлдирмоқчи бўлганида у кўриб қолган. Ўшанда кўз олдида рўй берган воқеалар жуда қаттиқ таъсир қилган. Ҳар замонда қўзиб туради. Бу ҳақда Забирбойнинг хонадонидагилар ва биздан бошқа ҳеч ким билмайди
Зумрад аянинг гапларига ишонгим келмасди. Ахир, Забирбой азбаройи қизини ўйлаб ҳам мени тинч қўйиши керак эди-ку! Лобар ўз жонига қасд қилиб, бир ўлимдан қайтган бўлса…
Жин урсин, ҳозир бу гапларнинг мавриди эмас.
— Мен холамни топишим керак, — дедим эшик томон юриб.
— Шошма, болам.
— Нега шошмас эканман? Ахир, холамни ўлдириб қўйишлари мумкин. Йўлимни тўсманг.
— Менга қара, нима қилмоқчисан, қаёққа бормоқчисан? Забирбойнинг олдигами? У билан бас келиб бўлармиди? Ўғлимга тайинлаганман, бирор хабар келтирар. Шошма. Агар тегишли идораларга арз қиламан, деб ўйласанг, бундан фойда йўқ. Фойда бўлганда ҳам Забирбой ўғлимни ўлдириб юборади. Ундай қилма, жон болам.
— Менга қаранг, — дедим, — ўғлингиз нега мени қутқариб қолди ўзи?
— Ишонмаяпсан-а, — бошини сарак-сарак қилди Зумрад ая, — майли, ўзинг биласан. Аслида гап сенда эмас, холангда. Уч кун ичида у киши шунчалик кўнглимдан жой олдики, туғишган опамдек яхши кўриб қолдим. Умрим бино бўлиб бундай кўнгли пок инсонни учратмаган эдим. Сени болаликдан катта қилгани, ҳамма-ҳаммасини айтиб берди. Ишқилиб ҳозир қаерда бўлсаям соғ бўлсин.
— Қаерда бўлиши мумкин? — дедим юрак-бағрим эзилиб. “Тирикмикан”, дейишга тилим бормади.
Зумрад ая кўнглимдаги уқиб, жавоб берди:
— Қаердалигини билмадим, аммо ҳар ҳолда тирик бўлиши керак. Чунки Забирбой аёлларни ўлдиришдан қўрқиб қолган. Сени эса ўлдиришга буйруқ берган. Ўғлим, “Сарварни ўзим тинчитдим”, деган.
Мен чўнтагимга қўл солдим. Лаборатория калити турган экан. Девордаги соатга кўз ташладим: тонгги бешу йигирма. Зумрад аядан қарзга пул олиб, у билан хайрлашдим. Ўғлига ҳеч гап бўлмаслигини уқтирдим. Ортимдан жавраб қолди.
Кўчага чиқдим. Ҳозир қаерда эканлигимни ҳам билмасдим. Биринчи дуч келган машинага қўл кўтариб, институт манзилини тушунтирдим.
Ҳайдовчи ёш экан, газни босди. Йигирма дақиқача юрдик. Мен йўл бўйи ўйлаган ягона режам ҳақида бош қотирардим. Ҳа, бошқа чораси йўқ. Энг аввало, мен учун ҳам ота, ҳам она ўрнини босган холамни топишим зарур. Кейин Забирбойдан қақшатқич ўч оламан. Менга фақат мана шу лаборатория, аниқроғи, устозимнинг иши ёрдам бериши мумкин.
Манзилга етгач, пулини тўлаб, машинанинг кетишини кутиб турдим. Сўнг атрофга аланглаб, таниш деразага яқинлашдим…
Мен етти дақиқада лаборатория ичида эдим. Аммо нақадар катта журъат, матонат билан, жиддий қарор чиқариб келган бўлсам, шунчалик ваҳима, ҳис-ҳаяжонга тушиб қолдим. Вужудим қалт-қалт титрарди. Холамнинг ҳаёти, уни қутқариш ҳақида ўйласам-да, ҳозир қўл уражак ишим ниҳоятда даҳшатли эканини ҳис қилиб, юрагим қинидан чиқиб кетаёзганди. Мен ўз ихтиёрим билан бу тажрибанинг илк “қурбони” бўламан. Аммо мени мазкур тажрибанинг муваффақиятсиз чиқиши эмас, кейинги бир умрлик ҳаётим ташвишга соларди. Нақадар қўрқинчли! Бошқалар учунгина бўлмай, ўзим учун ҳам даҳшатли бу!
Ахир, мен кўринмас одамга айланаман! Четдан қараганда мўъжизадир, аммо кўринмас одамга айланган кишининг ўзига-чи? Кўзгу орқали ҳам бир умрга ўзингни кўра олмаслик… Йўқ-йўқ, устоз менга буни васият қилмаганди. Бу ихтиро, бу кашфиёт одамзоднинг равнақи, тамаддун ривожига ҳисса қўшиши керак, дерди. Мен эса ундан шахсий манфаатим йўлида фойдаланмоқчиман. Асло ундай бўлмайди…
Узоқ ўйланиб ўтирдим. Аросат йўлида эдим. Гоҳ устознинг суратига термилиб фикримни бир нуқтага жамласам, гоҳ холамнинг гўё ёрдам сўраб чақиргани қулоғимга чалиниб, тезда бу фикрим ўзгарарди. Шу тариқа бутун дунё ва менинг митти оламим ўртасидаги қарама-қаршилик кучайиб борарди. Ахир, мени ҳеч ким кўрмайди. Мен фақат холам билан яшашим мумкин, холос. Кўринмас одамга айланганимни у киши билмайди ҳам. Сабаби, холамнинг кўзлари ожиз…
Қуёш анча кўтарилган, лаборатория ичи ёришиб кетган эди. Мен ҳозиргина ўзим тайёрлаб бўлган мана шу суюқликни сипқорсам кифоя: кўринмас одамга айланаман!.. Аслида уни тегишли идораларга топшириб, таҳлилдан ўтказишларини кутишим керак. Афсуски, бу жуда кўп вақтни олади.
Кутилмаганда эшик орқасидан қадам товушлари ва дўқ-пўписа овозлари келди. Кимлардир эшикни очишни буюрар, кафедра мудири ва қоровул ичкарида ҳеч ким йўқлигини тушунтирарди. Эшикка яқин бориб, ташқаридаги овозга қулоқ тутдим.
— Менга барибир, — деди ўдағайлаган овоз эгаси, — агар беш дақиқа ичида эшикни очмасангиз, синдириб кирамиз. Биз Сарвар Наимовга тегишли ҳар қандай буюмни олиб чиқишимиз керак, тушундингизми? Далолатнома тузасизми, бошқа иш қиласизми, сизнинг ишингиз!
Туйқус калламга урди: Забирбойнинг одамлари! Ўйлаб ўтиришнинг вақти эмас энди. Агар ҳозир эшикни очиб мени ичкарида кўришса, ўзимга қўшиб, бу ердаги ҳамма ашқол-дашқолларни ҳам олиб чиқадилар. Ана шунда жоним омонат қолиши майли, устоз иккимизнинг шунча йиллик меҳнатимиз ҳам куйиб кулга айланади.
Эшикка калит солингани эшитилди. Мен шоша-пиша бояги шишачанинг қопқоғини очмоқчи бўлдим. Аммо қўлим титраганидан шишача стол устидан тушиб кетди…

( “Мен – кўринмас одам”, “Янги аср авлоди”, 2009 йил)