Ҳаммаси бўлимимиз бошлиғи Аҳрор аканинг меҳнат таътилига чиққанидан бошланди. Яна тепса-тебранмас Миркомиловнинг тушликка чиқмагани ҳам бунга сабаб. Ўзи у унча-мунчага овқатланмайдиям.
Хуллас денг, бўлимдагилар Аҳрор ака билан яхшилаб келишиб олишибди. У гўё бошқа ишга ўтаётганмиш. Ўрнига — бўлим бошлиқлигига Миркомилов тайинланибди.
Азаматлар кадрлар бўлими бошлиғи Ҳикоят опани битта шоколад билан сийлаб, бор-йўғи — “ҳа, рост”, дейишга рози қилишганмиш.
Эртаси куни ҳаммамиз барвақтроқ ишхонага бориб, хонада Миркомиловни кутиб турдик. У кириб келиши билан ўрнимиздан туриб, илтифот кўрсата бошладик.
— Табрик, табрик, Эломон Миркомилович, — деди Баҳром ака. — Бўлим бошлиғи бўлибсиз, бир оғиз айтмайсиз ҳам.
— А? — анграйиб қолди Миркомилов жойида қотиб. Чамаси, у фамилиясига “вич” қўшиб мурожаат қилинаётгани учун шошиб қолганди. — Бўлим бош… бошлиғи?
— Ҳа-да, — гапни илиб кетди Тоживой. — Энди кечикиб келсангиз ҳам майли. Айтишади-ку, начайник ни апаздивайит, задержка будит, Эломон Миркомилович.
— Йўғ-ей, нималар деяпсизлар? — дея ҳаммага бир-бир қараб олди Миркомилов.
— Кеча фавқулодда шундай буйруқ чиқибди. Аҳрор ака вазирликка ишга ўтибди, эшитмадингизми? Шеф унинг ўрнига сизни лойиқ кўрибди.
Миркомилов ҳангу манг бўлиб қолган эди.
— Бу ёққа келинг, — деди Баҳром ака ва телефон рақамини тера бошлади. — Алё, Ҳикоят опа, яхшимисиз? Менга қаранг, бу Эломон Миркомиловичнинг бўлим бошлиғи бўлгани ростми, ўзингиз айтинг.
— Ҳа, рост, — деган чалпиллаган овози эшитилди Ҳикоят опанинг — афтидан у шоколадни паққос тушираётган эди.
— Ана, ишондингизми? — деди гўшакни қўйиб Баҳром ака.
— Бу… қанақасига, ахир? — хонада қаққайиб турганча сўради Миркомилов. — Шеф аввал гаплашиб оларди, шекилли, одатда… Бу…
— Шеф хорижга зудлик билан учиб кетганлар, — дедим “сценарий” бўйича мен бидирлаб. — Ёки сизга бўлим бошлиқлиги ёқмаяптими, а? Эшитсалар, хафа бўладилар-а!
— Йўқ… ёқяпти, нега энди… Фақат… Нима десам экан, кутилмаганда… қизиқ бўлар экан-да!
— Нима бўлгандаям сизни табриклайман, — тиржайди Фарид. — Мукофотпулларида қарашиб турасиз-да энди?.. Кредитга холодильник олганман-а… Тушликка чиқасизми, Эломон Миркомилович?
Миркомилов қўли ишга бормай, анчагача жим ўтирди. Биз оғзимизни маҳкам ёпиб, уни зимдан кузатиш билан овора эдик. Қурмағур Миркомилов гоҳ тиржайиб қўяди, гоҳ қовоғини солади.
Миркомилов шунчалик хаёлга берилган эдики, бугун ҳам тушликка чиқмади. Бош тебратишлари ҳам энди ғалати, аниқроғи, салобатли эди. “Ўзларинг бораверинглар”, — деб улкан бошини ирғаб қўйди.
Биз ошхонада роса кулдик.
— Ўл-а, шунчалик ҳам бўласанми? — деди Баҳром ака. — Амал кўрмаган-да! Хаёл кемасига ўтириб, космосга учдию кетди.
— Ростини билса, биз ҳақимизда бошлиққа чақмасмикан? — деб сўрадим мен кўнглимга хавотир оралаб. — Ҳазилни тушунмайди у. Тағин ҳамиятига тегиб, расвомизни чиқармасин.
Ҳамкасблар қўл силташди — ўша белгиланган кунгача қўйиб берадиган бўлдик…
Миркомилов тушдан кейин ҳам тузук-қуруқ ишламади. Хонага кириб-чиқиб юрди. Энди унинг бир қўли чўнтагида, қорни қаппайиб қолгандек эди. Ўзининг айтишича, ўринбосарнинг ҳузурида бўлибди. Ўринбосар ҳали билмасмиш, Миркомиловни худди аввалгидек оддийгина қарши олганмиш!..
— Сиз ҳаммага айтаверманг, — деб уқтирди унга Баҳром ака. — Жа мансабга кўзи учиб турган экан, дейиши мумкин…
Эртаси куни мен эрталаб ўрнимдан тургим келмай тўйиб ухладим. Тўғри-да, катта бошлиқ хорижда, Аҳрор ака таътилда, шундай фурсатдан фойдаланмай бўларканми? Ишга шошилмай, қовоқларим шишиб бордим. Хонага кирсам, кичкина мажлисча: Миркомилов ўтказяпти! Шунақаям кулгим қистадики, ўзимни зўрға босдим. Ишқилиб кулмаганим яхши бўлган экан, Миркомилов менга хўмрайиб қараб, қақшатқич сўз қотса денг:
— Нега кечикиб юрибсиз? Нима, бу ер сизга подахонами?.. Тушунтириш хати ёзасиз, ярим соатда столимда бўлсин.
Мен ҳанг-манг бўлиб қолдим. Мажлисимиз тугаб, Миркомилов виқор билан хонадан чиқиб кетгач, мен портладим:
— Бу нима деяпти? Тушунтириш хати, дейдими? Вой, амал кўрмаган…
Тожи мазза қилиб куларкан, менга маслаҳат берди:
— Э, ёзаверинг, буям бир ҳангома-да!
— Нега ёзарканман? Бу аҳмоқ ҳали мени ҳайфсан билан сийлашдан ҳам тоймайди. Ёзиб бўпман!
— Ёзинг-ёзинг, — деди Баҳром ака. — Мен ҳам ёздим. Ўзимиз бошлаган ўйин-да! Келишганимиздек, бир ҳафтага чидаймиз энди. Ҳайфсан бериб ким бўлибди бу? Гапи ўтмайди-ку барибир! Ана, папкасида туради тушунтириш хатларимиз, хоҳлаган вақтда кўзининг олдида олиб, йиртиб-йиртиб ташлаймиз.
— Ҳозир қаёққа кетди? — сўради Фарид. — Биз билан бир хонада ўтиришга ҳам ор қилиб қолди, шекилли?
— Аҳрор аканинг хонасини чамалаяпти, менимча, — деди Тоживой. — Унинг хонаси эса қулф. Аҳрор ака калитни ўзи билан олиб кетган.
Эшик очилиб, хонага Миркомилов кириб келди.
— Калит дейсизми? — деб сўради Тоживойдан у.
— Қўшнимизни гапираётгандим, — деди тутилиб қолган Тоживой. — Калитини нуқул бизникига ташлаб кетади-да!
— Иш пайтида қўшнини гапирманг, тушундингизми? — дўқ урди Миркомилов. Кейин тўппа-тўғри менинг тепамга келди: — Қани, тушунтириш хати?
Ходимлар менга секин имо қилишгани учун индамайгина ёзиб бердим. Бу тўнғиз қўпгур Миркомилов бало экан – тушунтириш хатимдан саккизта имло хатоси топиб, шунча ҳамкасбнинг олдида мени уялтирса бўладими!
— “Тушинтириш” эмас, “тушунтириш” бўлади. “Ирталаб” эмас, “эрталаб”! “Қорним ағриб қолди”, эмас, “оғриб қолди”, агар ростдан ҳам оғриб қолган бўлса! Саводдан берган экан-да ўзиям.
Тушунтириш хатини қайта ёзишимни буюрди. Менинг жиғибийроним чиқди. Бугун бир ҳафталик муддатнинг бир ярим куни ўтаётганини инобатга олиб, Миркомиловнинг айтганини адо этдим.
Биз кечгача бошимизни кўтармай, бурун тортмай ишладик. Орада Миркомилов чиқиб кетганидан фойдаланиб, эртани ўйлаганим учун, ҳамкасбларга таклиф киритдим:
— Эртага ҳаммамиз икки соат кечикиб келамиз, қани нима қиларкан бу хумпар!
Биринчи бўлиб Баҳром ака ўз фикрини айтди:
— Жон деб кечикиб келардим-у, аммо бу хумпар, эрталабга баланс тайёр бўлсин, деган-да! Чатоқ экан Миркомилов, билмасканмиз.
— Ие, ким бўпти Миркомилов? — дедим мен бўғриқиб. — Тоживой, Баҳром аканинг гапига қаранг!
— Менга, маҳсулотлар таннархини бултурги кўрсаткич билан таққослайсан, деган. Бугун кечгача улгурмасам керак, эрта саҳарда келиб тугатаман! — деб столи устидаги бир уюм қоғозларга имо қилди Тоживой.
Фаридга ўгирилдим.
— Мен бошқармага хат тайёрлайман, — деди у кўзларини мендан олиб қочиб…
Хуллас, эртаси куни тонг азонда биз ишхонада эдик. Миркомиловни бўралатиб сўкиб ўтирган эдик, ўзи кириб келди. “Нега паст овозда салом берасиз?”, деб яна менинг асабимга тегди. Ўзи шундоқ ҳам уни кўрсам аллергиям қўзияпти.
“Сен ўзи кимсан? Бир марта ҳазиллашганимизга кетинг курси кўриб, ғўддайиб қолдингми? Кўрмаганнинг кўргани қурсин!” — дедим мен… ичимда.
— Ассалому алайкум! — бор овозда бақирдим унга.
— Менга иддао қилманг, — деди у тешиб кетгудек нигоҳ билан.
Кечга яқин эса Миркомилов Тоживой билан Фаридга “тарбиявий соат” ўтди. Аламим келиб ўтирган эдим, бошимни кўтармай уларнинг аҳволига роса кулдим.
Бир ҳафта, ўн кундан ўтди ҳамки, Миркомилов берган вазифалар адо бўлмасди. Пайдар-пай иш буюраверади. Ўзиям “ас” бўлиб кетдик. Бош қашлашга вақт йўқ. Тушликкаям ғиз этиб чиқиб келамиз — ўй-хаёл стол устидаги юмушларда!..
Нечанчи кун эди, эсимда эмас, хонамизнинг эшиги очилиб, Аҳрор ака кириб келди. Миркомилов йўқ эди. Биз азбаройи қувонганимиздан Аҳрор акани қучоқлаб йиғлаб юборишимизга оз қолди. Шундан кейин ҳамма гапни унга етказиб, Миркомиловнинг гўрига ғишт қаладик.
— Бу галварсга айтинг, бўлим бошлиғи эмассан денг, — бақириб юборди Фарид. — Жонимиздан тўйдирди-ку!
— Таътилингиз тугагани рост бўлсин, — дедим мен ҳамон Аҳрор аканинг елкасига қоқиб. — Бизни бу эшакдан қутқаринг.
Аҳрор ака мийиғида кулиб турар, нима деярини ҳам билмасди. Унинг оғиз очишини узоқ кутишга тўғри келди.
— Мен сизлар билан хайрлашишга келдим, — деди ниҳоят Аҳрор ака, томдан тараша тушгандай. — Ўшанда фаришталар омин деган экан, юқорига кўтарилиб кетяпман. Эсларингдами, ҳужжатларни топшириб қўйганман, девдим? Ниҳоят, чақириб қолишди.
— Нима?!. — бу савол тўртталамизнинг оғзимиздан баб-баравар чиқди.
— Шундай бўлиб қолди, — айбдорона елка қисди Аҳрор ака.
— Миркомилов-чи? — бу сўроғимиз ҳам тенгма-тенг чиқди.
— Назаримда, у энди ҳақиқий бўлим бошлиғи бўлди. Ўринбосар шефга тавсия қилган экан, маъқул тушибди.
Шу вақт эшик очилди-да, ғўддайганча Миркомилов кириб келди…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 30-сон