— Ҳамманинг келини абитта ўтири-иб кашта тикса, меники китобга термилади! «Олима-да!» — Қудаси Қурбон кампирнинг маъракада катта-кичикка эшиттириб ва атайин унга тегизиб шангиллаши Собира холага оғир ботди. Атрофида ўтирган бир-икки кампир лабини қимтиди. Қўшниси Пайзи отин унинг тиззасига қўлини босиб:
— Индаманг! — деди.
Собира хола оғиз очмади. Маъракадан сўнг бошда тугуни билан қудасиникига ўтди.
— Қуда, — деди. — Мана сиз келин-кеват кўрган кайвони хотинсиз. Мангина шу ёш, лодон қизимни сизга топширганманки, билмаганини ўргатар, ўзи бовлаб олар деб. Лекин, ҳалиги, маъракадаги гапингиз тешиб кетди-да, мани, қуда!
Шундай деди-ю, овози титраб, кўзига ёш келди. Собира холанинг кўнгли бўш. Сал дили озор чекса, дарров кўзи ғилтиллаб қолади бояқишнинг. Қурбон кампир кесатиғи қудасига алам қилганини сезди-да, ичидан яйраб кетди. «Ўла, ачитибди-ку, гапим», деб хаёлидан ўтказди ва юмшоқ оҳангда:
— Ҳа, энди, оғизнинг дарвозаси йўқ, бир чиқиб кетгандир-да, бунга хафа бўлманг, — деди. — Тўғри, Маъсумахон яхши, меҳнаткаш, қобил жувон. Келиним бор, деса арзигулик. Одоби ҳам жойида. Аммо… шу бўш қолдими, ўқувради-ўқувради… Юракларим сиқилиб кетади, унга қараб! Ҳой, дейман, келин, сиз ўзингиз бир колхозчи бўлсангиз, ўқиб, нима, шаҳар олиб берармидингиз эрингизга! Ундан кўра кашта тикинг, кўрпа-ёстиқ қопланг. Бекордан худо безор, деб мундоқ насиҳат қилсам, безрайиб тураверади. Миқ этмай уйига кириб яна китобга термилади. Ана, иннакейин меникиям аланга олади-да, қуда!
Собира хола билдики, кудаси ҳам чакана аламзада бўлмабди. У ётиғи билан гапира кетди.
— Маъсума ёшлигидан шундай: кўп ўқийди. Бу дард унга йўргакда теккан. Қизлик пайти неча марталаб олдидан отиб юборганману, китобни!
— Эрминан яхши, Худога шукур. — Унинг оғзидан гапни илиб кетди қудаси. — Қаттиқ-қуруқ иш кам ораларида. Энди… Ора-сира бўп туради. Бир куни Ражаббой даладан кеч қайтиб, дам олаётса, Маъсума унга ғазал ўқибди. Чарчаган эмасми, ноилождан эшитиб ўтирган боламни уйқу босибди. Шунга қанча аразлашди-ю…
— Аразлашга аразлайди, лекин менга ўхшаб дарров кўзининг сувини сел қилавермайди қизим. Сизга ёлғон, худога чин, қуда, шу қизни ўстириб, ҳали бир томчи кўз ёшини кўрганим йўқ! Эсини танибдики, биров билан уришса, аразлайди, тумтаяди, аммо йиғламайди! Менинг йиғимни ҳам сиз йиғлаб қўйгансиз, дейди.
— Ҳа, ишқилиб омон бўлишсин… — Қурбон кампир шаҳдидан тушди. Кўп ўтмай қудалар апоқ-чапоқ тарқалишди.
Маъсума кеч қоронғусида даладан қайтди. Далачилар тушган машина қишлоқ ўртасида тўхташи билан шовқин-сурон кўтарилди.
— Маъруф, тугунни узат!
— Ҳой, тушсангиз-чи, тезроқ!
Кўчадаги тиқ этган товушга қулоқлари динг бўладиган болалар кечки овқатларини ташлаб, оналари, опаларини қаршилагани югуриб чиқишди.
Жимжит кўча оломонга тўлди.
Маъсума уйига бурилаётиб, Маърифатхон билан хайрлашмоққа қаради-ю, машинадан «тап-тап» пастга ирғитилаётган ўт боғларини кўриб, бирдан бўшашди: бугун ҳам ўт юлмабди! Тушликдан сўнг дам олишаётганда Маърифатхон кетувди-я ўтга, у китобга қизиқиб унутибди. Ана энди жазосига эшитади қайнанасининг сайрашини! Нон тугунидаги китоб биқинига ботгандек бўлди. У тугунни орқасига яширди.
Юк машинаси бир жиғиллаб қўзғалди-да, чироқларининг ёруғи йўл ёқасидаги теракларни, пахса деворни, икки тавақали сариқ дарвозани ва шу дарвозага йўналган Маъсуманинг хипча қоматини, бармоқдай-бармоқдай ўрилган сочини, елкасидаги кетмонини, чанг босган кирза этигини бир зум олтин нурга буркади. Сўнг икки думалоқ нур қўшни уй деворини, симёғочни кескин сузиб ўтди-да, узоқларга чузилган тасмадай, асфальт йўлга тўфиланди. Машина жўнади. Маъсума дарвоза тавақасини ичкарига итарди. Берк.
«Вой-ей, йўқ бўлсайди!» ширин тин олиб хаёлидан ўтказди у омадига ишонмай. Дарвоза тавақалари орасидан кўлини суқиб занжирни туширди.
Ўртаси даҳлиз, икки уй, айвонли иморат қоронғида хўмрайиб турарди. Айвон олди ишком. Ишкомдан нари — томорқа. Ҳовли пахса девор билан ўралган. Уй қаршисида молхона. Кимдир келганини сезиб, сигир шикоятомуз «мў…ў»лади.
«Э, бугун Саври холаникида маърака-ку! Кечки ўтиришга жўнагандир, қайтмайди энди!» Маъсуманинг оёғи илдамлашиб, чарчоғи тарқаб кетди. Чироқни ёқиб, тугунини сўрига қўйди. Сўнг яна келиб қолса, хархаша қилмасин, деган мулоҳазага борди-да, тугун ичидаги китобни тўшак тагига яширди. Тушликдан ортган нонни қаёқдандир етиб келиб, кўзларини мўлтиратиб турган пахмоқ кучукка ташлади. Этигини айвонга ечиб, келинлик хонасига кирди. Кенггина, токчаванд хона дид билан безатилган эди. Тўрдаги меҳробга қўйилган нақшдор сандиқ устига духоба, атлас кўрпачалар тахланган, қозиқларга ҳар хил гуллар тикилган сочиқлар илиғлиқ. Хона четида ичи чинни идиш-товоқларга лиқ тўла буфет. Полга гилам тушалган. Токчалардан бирига «Кварц» телевизори ўрнатилган.
Маъсума уст-бошини ўзгартирди-да, кўчага чиқиб, артезиан қудуғидан сув келтирди. Даҳлиздаги обрезда яхшилаб ювинди. Ўсма қўйди. Шифоньер ойнасига қараб пардоз бошлади. Сочларини ёзиб «причёска» қилиб кўрди. Орқаси билан битта ипакдек сочи уни кинолардаги француз гўзалларига ўхшатиб юборди. У сочини гоҳ ўнг томонга, гоҳ чап томонга ағдариб, бундан завқланарди. Сочларини «лайлак уя»дай тепага турмаклади. Бу ҳам чиройли чиқди. Шифоньердаги янги атлас кўйлагини олиб кийди, ўзини ойнага солди. Кўйлак хиёл узун эди. Этагини букиб боқди. Бари бир кўнглига ўтирмади. У у ёқ-бу ёққа аланглади-да, лозимини ечди.
Кўйлагини тиззасидан тўрт энли юқорига кўтарди. О…Й! Ойнадан унга бағоят келишган, бели ингичка, оёқлари бежирим, сарвқад, сочлари елкасини қоплаб, бир қарашда юракларни жазиллатадиган жонон боқиб турарди.
Бирданига рақсга тушгиси келди. Ойнага муқом қилди-да, қўлларини ўйнатди. Қошини қоқиб, кўз қисди. Шу пайт эшик ғижирлади. У гул-гул очилиб ўша томонга ўгирилди. Эри эмас экан. Қора, ўғри мушук бир зўм тўхтаб, унга кўз югуртирди-да, ўлжасини тишлаб, ура қочди.
— Ҳа, худо олгур! — деб номига пўписа қилди Маъсума аллақачон кўздан ғойиб бўлган мушукка. Қоронғилик қаъридан унга жавобан мушукнинг масхараловчи «миёв»и эшитилдию уни ўчди.
Келинчак қайтадан кийинди-ю, овқатга уннади. Картошка, пиёз арчиб, газга шўрва қўйди. Хонани супуриб, кўрпача ёзгач, кўнгли тинчиб телевизорни буради. Телевизорда фильм кетарди.
Гўзал манзаралар, бир-биридан чиройли, сўнгги модада кийинган қаҳрамонлар… Мана, йигит билан киз қўлтиклашиб, парқда сайр қилиб юришибди. Бошларига кузнинг заъфарон барглари ёғилади. Қиз — раққоса, йигит — ашулачи. Қиз жаҳонга машҳур раққоса бўлиш орзусида, йигит ҳам ундан қолишадиган эмас…
Газ вишиллади. Шўрва қайнаб, тошган эди. Маъсума югуриб чиқиб, ўтни пасайтирди. Шўрвани шопириб, тузини кўрди. Помидорни кўп солган экан, шўрва қип-қизил. Тахирроқ. Картошкаси хиёл эзилибди, у бутун, лекин салга уқаланадиган даражада ҳил-хил пишган муштдай — тухумдай оппоқ картошкаларни чинни косага олди. Косадаги буғи кўтарилаётган, «ўлган» оқ пиёз ҳалқачалари, кўк пиёзлар холдай ёпишиб қолган картошка уюмини кўриб, кўнгли ғалати бўлиб кетди. Дилидаги яқин ўтмиш хотиралари энтиктириб юборди.
Болалигида, уйларида, одатда, шўрвани алоҳида, ҳар кимнинг ўз косасига сузишгач, картошкаси билан гўштини лаганга солиб, йўл-йўл чит дастурхонга қўярдилар. Улар обдан қайнаб етилган шўрва сувини терлаб ичишар, ўртадаги картошка ва гўшт уюми димоқни қитиқловчи ҳид таратиб, кўзларини ўйнатарди.
Овқатдан сўнг отаси серюнг оёқларини чўзиб, кўрпага ёнбошлар, агар кайфи хуш бўлса:
— Ўқи, қизим! — дерди Маъсумага.
Маъсума «Кунтуғмиш», «Ширин билан Шакар», «Малика айёр»ларни шариллатиб ўқиб берарди. Айвон рўпарасидаги ишкомда йирик-йирик узум бошлари чироқ нурида маржон тизимларидай осилиб ётарди. Баъзан достоннинг энг қизиқ жойлари келиб, атрофдагилар «оҳ-воҳ» кўтаришганда, узум бошлари ҳам оҳиста қимирлаб кетарди… Оҳ, қандай бахтли дамлар экан ўша оқшомлар!..
Кейин отаси вафот этди. Оилада каттаси Маъсума эди. Онасига эргашиб далага чиқди. Онаси ҳам индамади. Бир жўяк ғўза чопиқ қилса, бир боғ ўт юлса ҳам ҳарна, деди. Ўшанда Маъсума ўн иккига тўлган эди. Шундайича мана йигирма бирга кирибди, пахтазорнинг қўйнида! Ўқиш ҳам қолиб кетди! Саккизинчи синфни зўрға битирди-ю, у ёғига сабри чидамади. Ўн саккизида уни Ражаббойга беришди.
Ражаббой қўшни маҳалладан, Маъсума диркиллаб, тўлишиб келаётган маҳалда у ўнинчини битирган, шаҳарга ўқишга бориб киролмай қайтган пайтлар эди. Уззукун мотоциклни «пат-патлатиб» изғиб юрарди. Кўплар катори Маъсуманинг ҳам кўзи тушганди унга. Кейин армияга кетибди, деб эшитди.
Кўп ўтмай Маъсумаларнинг эшигини ҳам гапдон, сермулозамат, чаққон кампирлар — совчилар черта бошлашди. Маъсума куёв танламади. Бир вақтлар қалбининг тубида туғилган жингалак соч, келишган зиёли йигит — Маъсума билан боғларда қўл ушлашиб сайр этиши керак бўлган йигит қалбининг ўша ерида ўлиб, дафн этилган эди.
Бир куни ойиси уни уй бурчагига тортди-да, кечагина армиядан тўлишиб, ақлли-ҳушли бўлиб қайтган қўшни маҳаллали Ражаббойни мақтай бошлади. Ҳамма қизлар нима қилса Маъсума ҳам шундай йўл тутди. Ахийри кўнди.
Кейинги пайтларнинг расмини қилиб, куёв-қаллиқни район марказида учраштиришди. Маъсума уялиб, Ражаббойга тик қарай олмади. Маъсуманинг дугонаси билан Ражаббойнинг ўртоғи ўзаро қандайдир имолар билан келишиб, уларни ярим соатча холи қўйишди. Ражаббой у ёқ-бу ёқдан гапирди, кейин Маъсума билан дугонасига олиб келган совғаларини берди. Маъсума Ражаббойга кўш атлас дастрўмол узатди. Шу билан учрашув тугади. Бир ойдан сўнг уни тўй қилиб тушириб олишди. Тўйдан кейингина Маъсума Ражаббойнинг юзига тик боқиб термиладиган бўлди. Ражаббой қорача, қиррабурун, йирик кўзли, гавдали йигит. Маъсума ўн олти ёшлигида хаёлида чизган йигитдан унда бир нарса — жингалак соч бор эди. У Маъсумани яхши кўрар, истакларини бажо келтирарди. Китобларни ҳам у олиб келарди. Маъсума баъзан ёзган шеърларини Ражаббойга кўрсатар, у мийиғида кулиб қўя қоларди. Лекин бу масхаралаш эмас эди, буни Маъсума тушунар ва эрига муҳаббати жўш уриб кетарди.
Маъсуманинг кўп китоб ўқиши, натижада уй ишларининг қолиб кетишини қайнанаси жанжалларда дастак қилар, Ражаббой кечалари унинг сочини силаб:
— Хафа бўлма, — дерди. — Кампир одам, китобнинг нималигини қаёқдан тушунсин…
Лекин онаси турткилаб қўймаяпти шекилли, у ҳам кейинги пайтларда ўзгарди. Машина олиш дардига тушди. Икки гапнинг бирида фалончининг хотини мунча пул ишлабди, эр-хотин машиналик бўлибди ва ҳатто: «Э, ановими?.. Ҳа, унга машинани хотини ишлаб топган, ўзи кайф-сафодан бўшамайди», қабилида учириқлар қиладиган бўлди. Ўзини аямай колхозда бир иш қилса, томорқада икки ишни бажаради. Оилани овқатдан, кийим-кечакдан сиқиб, машинага пул жамғаради. Илгаригидай Маъсумага китоб келтириш ҳам камайган.
Маъсума узун бир сўлиш олиб, кострюль қопқоғини ёпди-да, хонасига кирди. Кино тугабди.
Маъсума телевизорни ўчирди-да, кўрпачага ёнбошлади. Жимжитлик юрагини сикди. Юзини ёстиққа босди. Қулоғида нимадир сокин шовуллар эди. Бу — жимжитликнинг товуши! Чалқанчасига ўгирилди. Ҳаво дим. Саратоннинг қайноқ нафасидан тунлари ҳам ҳеч ерда ором йўқ.
«Бир эзилди, буям қайлардадир-эй!» Хаёлидан ўтказди у эрини.
«Ҳозир келса… қучоқлаб ўпиб-ўпиб оламан!» деб пичирлади у қандайдир оташин ғазаб, нозли аламзадалик билан. Тўсатдан у ҳалитдан бери фақат эринигина кутиб ўтирганини сезди.
«Келсин-чи!..» Хаёлидан ўтказди аъзои бадани ёниб. У эрини эркалашни, бутун олам бошқа ёққа кетиб ўзлари танҳо қолганларида кўнгилларига сиққанича шўхлик қилишни ёқтиради. Баъзан шунақанги ёниқ эҳтирос билан эрини эркалардики, эри унинг қучоғида ўзини йўқотиб қўярди.
У кўрпа устига жой бўлолмай тўлғанди. Ичи қизиди. Нимадир юрагини тирнагандек, ҳоли жонига кўймасди. Кўнглини бўшатгиси келарди. У ўрнидан турди-да, шеър дафтарини очди.
Ойнадан қоронғи кўчадан «виз» этиб ўтган машинанинг ёруғи тушди. Маъсума пастки лабини тишлаб, кўзларини шўх ўйнатди-да, бир варақ қоғозга ёзди:
Қирларда лолалар очилди,
Йигит-қизга гилам пойандоз.
Сизни кута бағрим эзилди,
Сиз-чи, кимга айтаяпсиз роз?
Эри келган пайтда шеърни ёстиқ устига қўяди-да, ўзини уйқуга солади!
У шеър ёзилган қоғозни ёстиқ устига, кўзга кўринарли қилиб қўйди-да, ўзи юзини бошқа ёстиққа босиб, юраги дукуллаб урган ҳолда кута бошлади. Мана ҳозир у кириб келади. Шеърни ўқийди. Сўнг одатдагича, Маъсуманинг сочидан тортади. Маъсума қарамайди…
Гурсиллаган қадам товушлари бир зум тинди-да, сўнг яна хонага яқинлаша бошлади. Маъсума қиқирлаб кулиб юбормаслик учун юзини ёстиққа маҳкам босди.
Тўсатдан… Зарб билан тепилган эшикнинг тарақлаб очилишидан Маъсума сапчиб ўрнидан туриб кетди. Уй бурчагидаги буфет ичида чинни идишлар бир-бирига урилиб, жаранглади. Эшик ёнида турган чойнак ағдарилди.
Ражаббой кўзлари олайган, ғазабдан титраган ҳолда остонада турарди.
— Падарингга лаънат сендақа хотиннинг! Сигир очидан ўлай деб қопти! На ўт юлибсан, на уйдан бирон нима топиб солибсан! Дўмпайиб ётишингни қара!
У худди овоз қайтаргичи олинган мотоциклдай вағиллаб кетди. Қани энди тўхтатиб бўлса… Маъсума тўхтатишга ҳаракат ҳам қилмади. У карахт эди. Эшитмас, сезмас, фақат лаби-лабига тегмай очилиб-ёпилаётган оғизни кўрарди холос.
Бирдан кўзи ёстиқ устидаги қоғозга тушди-ю, кўнгли юмшаб кетди. Аста эгилиб уни олди-да, оҳиста парча-парча қилиб йиртди. Сўнг шеър дафтарини деразадан кўчага, бўтана сувлар лимиллаб оқаётган ариққа отди. Дафтар қаноти ёзилган каптардек «шиғғ» этиб учиб, ариққа қулади. Майда тўлқинлар бағрида бир-икки оқариб кўринди-да… Оқиб кетди!
Маъсуманинг кўзлари тубида ҳам аллақачонлардан бери пайт пойлаб ётган бир томчи ёш сизиб чиқиб киприкларига илашди, сўнг офтобда қорайган юзида из қолдириб, атлас кўйлагига юмалади, унга ҳам сингмай, пастга оқиб тушди.