Акмал Саййид. Бозорда (ҳикоя)

Қизим Чарос билан бозорга чиқадиган бўлдик.
— Дадажон, юринг, бирор марта мени бозорга олиб бормагансиз. Аям, даданг билан бирга бориб келасизлар, мен мактабдан бўшамайман, деганлар…
Расталар озиқ-овқат, кийим-кечак, рўзғор буюмлари билан лиқ тўла. Нарироқда пистачилар қатори. Ҳамма ўз молини мақтайди:
— Кеп қолинг, ёғлиқ писта, жайдари писта!
Шундоққина биринчи қаторда жавраб, писта сотаётган аёл эътиборимни тортди. У ёстиқдек келадиган китоб ичидан бир варақни юлқиб олади-да, харидорга писта ўраб беради.
Китоб сарлавҳасига кўзим тушиб, қотиб қолдим. “Уруш ва тинчлик”. Қандай қилиб аёлнинг олдига бориб қолганимни билмайман.
— Келинг, айланай, қанча ўрай, ёғлиқ писта?
Мен анграйиб турардим.
— Ҳеч қанча!
Китобнинг анчагина қисми йиртиб бўлинган. Яна анча қисми пора-пора қилинган ҳолда писта ўраш учун китоб ичида омонатгина турарди.
Аёл важоҳатимдан таажжубланди:
— Ҳа, сенга нима керак ўзи?
— Холажон, бу китобни йиртманг, менга беринг! Мен сизга бир даста қоғоз олиб келиб бераман. Бу, биласизми, Лев Толстойнинг машҳур асари-ку?!
Аёл китобнинг у ёқ-бу ёғини ағдарган бўлди.
— Ҳа, нима бўпти! Қорнимни тўйдирармиди, ё писта ўралмасин, деб бирор жойига ёзиб қўйилганми, а айланай?
Қизим, жанжал чиқади, деб қўрқдими, қўлимдан тортқилади.
— Дадажон, юринг, кетайлик!
Мен эса унга эътибор ҳам бермай, “бечора” китобни аёлнинг чангалидан халос этмоқчи бўлдим.
— Илтимос, китобни менга беринг, қанча десангиз, шунча қоғоз олиб келиб бераман!
Пистачи аёл бир қоп жуссасини кўтариб, ўрнидан илкис қўзғолиб қўйди. Унинг пастки лаби четида осилиб қолган писта пўчоғининг бир бўлаги ҳар гапирганида силкиниб-силкиниб қўяди.
— Бор, бор, йўлингдан қолма! Ўзинг-ку, тутдай тўкиламан, деб турибсан, апирислигингга ўлайми?
Бозордагилар атрофимизда тўпланиб, бўлган воқеага турлича изоҳ беришарди. Кимдир мени “солиқчи” деса, кимдир у ёқ-бу ёғимга обдон суқланади-да, “макулатурачи” бўлса керак, дейди. Лекин ҳеч ким кампирнинг қўлидаги “Лев Толстой”га эътибор бермайди. Кўпчилик бефарқ. Балки ҳеч кимга ортиқча машмаша керак эмасдир? Тўғри-да, нима қилади бу аёл билан айтишиб? Ҳаёт уни йиллаб шу йўлда тарбиялаб қўйган бўлса! Шу бир китоб учун шунчалик даҳмаза қилиш шартми, яна бозорнинг ўртасида-я? Ишлатса ишлатар, сенга нима, дейман ўзимга-ўзим. Аммо юрагимнинг аллақаерида ғалаён кўтараётган ғойибона ҳислар бошимда ҳамон чарх ураётган маънисиз фикрлардан устун келади. Бу ҳислар ич-этимни еб, ботиний кучга тўлиб, бош кўтаради-да бўғзимга тиқилади, боз устига бутун борлиғимни остин-устун қилиб юборади.
Чидаб туролмадим:
— Бу — Толстой-ку!
— Ҳа, нима бўпти?! Соч-соқолига қарасанг, бекорчи одамга ўхшайди, яна ёзади-да! Ҳали бундан зўрини ёзади, нега ари чаққандай ёзғирасан, бунча?
Аёл пихиллаб кулди. Кулганда унинг бутун танаси қўшилиб кулгандай беёқим силкиниб кетарди.
Пистачи аёлга тушунтириб ўтиришнинг хожати йўқ эди. Обрўнинг бозори бўлмас экан. Ён-веримни ковладим; бир чақа ҳам йўқ. Одамлар орасидан таниш қидирдим. Афсуски, ҳеч кимни учратмадим.
Бу орада уч-тўрт стакан писта қоғоз воронкаларга ўралиб, бекорчиларнинг қўлига кетди.
Мен нима қилишни билмай, бир кампирнинг қўлига, бир харидорлар қўлидаги писта солинган воронкаларга нажотсиз тикилардим.
— Холажон, бошқа варақлардан фойдаланиб туринг, мен ҳозир қоғоз топиб келаман!..
Қуёш жизғанакни чиқариб, ёндираман, деб олов пуркайди. Аъзойи баданимдан тер қуйилади. Устимдаги, оҳори ўчиб қолган чорхона кўйлак жиққа ҳўл. Бозор ичи одатдагидай ғала-ғовур, бақир-чақир оғушида. “Пўшт-пўшт”лаб барчанинг асабини таранг қилаётган аравакашлар ўтиш-қайтишга йўл бермайди. Ҳар ким ўз ташвишида. Мен эса таниш излайман. Бирор жойдан эски-туски қоғоз топсаму пистафурушнинг олдига ташласам!
Қизим дабдурустдан мени туртди.
— Дадажон, менда пул бор…
У неча кунлардан бери бозорга чиқиш учун жамғариб қўйган пулини қопчиғидан олиб менга узатди. Қалқиб тушдим. Гарчи, у бераётган пул ўша китобни пистафурушнинг қўлидан қутқазиш учун етмаса ҳам, қизимдаги бу жасорат мени тамом ҳайратга солган эди. Тубанлик ва одамийлик ёнма-ён юради дейишгани шу бўлса керак-да. Инсон боласининг бир тана ичида қоқ иккига бўлиниб кетиши сиз билан биз яшаётган ҳаёт мезонини ҳамиша тош-тарозига солиб турар экан. Агар иккаласи ўртасида, худо кўрсатмасин, ихтилоф чиқса, унда ҳаёт мезонига путур етади… Бу ҳолат икки қутбнинг айролигига ўхшайди. Шунинг учун ҳам буни — ҳаёт, деб ўзимизни юпатамиз. Кўп нарсани кўзимиз билан кўрамиз, аммо эътибор бермаймиз, кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка оламиз. Аёл тушмагур яна қанчадан-қанча шундай хазиналарни йўқ қилдийкин? Унинг ёнидагилар-чи? Буни ким айтиб бера олади? Дунёнинг ишлари қизиқ: нега, жажжи қизалоқ тушунган нарсани ёшини яшаб, ошини ошаб бўлай деб қолган аёл тушунмайди? Шу мурғаккина жон англаган ҳақиқатни нега у англамайди?
— Раҳмат, қизим! — дедим зўрға.
Унинг қорачиқлари намланганига кўзим тушди. Пистафуруш эса, гўё бир ишни қойиллатиб қўйгандек, қизимга қараб хунук ва беўхшов хиринглаб қўйди…