Акбар Мирзо. Сўнгги чора (қисса)

* * *

Кечки овқатдан сўнг болалар дарс тайёрлашга кириб кетишгач, Малика эрининг ёнида узоқ қололмади. Чарчадим, дея ётоғига шошилди.
Ташқаридаги чироқ нурлари иккинчи қаватдаги хоналарга ғира-шира тушгани боис, ётоқхона ичи хирагина ёришиб турарди.
Кўзларини юмди. Шу кўйи анча ётди. Аммо уйқу қаёқда. Кўзларини қандилга тикаркан, юрагига нечундир ғулғула солган, уни ногоҳ ташвишга қўйган бугунги учрашув ҳақида ўйлай бошлади. Аслида бу ўй тушдан кейин уни бир зум тарк этмаган, ҳозиргина эри билан хонтахта атрофида ёлғиз қолишганида ҳам хаёлида эди. Эри нечундир бир-икки қараб қўйганда беихтиёр безовталаниб қолди. Яна озгина ўтирса худди иш ҳақида сўз очилиб қоладигандай, бугунги куни қандай ўтганини сўраб-суриштирадигандай чарчаганини рўкач қилиб ўрнидан турдию дастурхонни йиғиштира бошлади.
Тан олмай иложи йўқ. Бу кутилмаган учрашув уни анча шошириб қўйди. Институтда бирга ўқишган, аммо ўн уч йилдан буён бирор марта ҳам кўринмаган Баҳром исмли йигит худди шу бугун – тушдан кейин тўппа-тўғри хонасига кириб келса-я! Юраги «шиғ» этиб, қўрқиб кетди, лекин буни сездирмасликка ҳаракат қилди. Таажжубга тушди, ҳайрон ҳам бўлди, аммо тезда ўзини қўлга оларкан, совуққина қаршилади. Бироқ қўл узатиб кўришаётганида бармоқлари билинар-билинмас титраганини сезди, жойига ўтириб столи устидаги кичкина думалоқ кўзгуга кўз қирини ташлаганда эса ранги ҳам бир оз оқарган экан. Ички қўрқувни енгиб, эски танишига қараркан бутунлай хижолатга тушиб қолди: чанқоқдан силласи қуриган йўловчи, ногоҳ бир хўплам сувни кўриб ташналигини тезроқ қондирмоқ учун унга бор вужуди билан талпингандай, Баҳром ҳам жойида ўтиролмас, тинмай ёнига келишга интилар, кўзлари чақнаган бу одам қўйиб берса, ҳеч нарсадан тап торт-май, уни бағрига босгудек ҳис-ҳаяжонда эди. Буни сезгани учун ҳам хавотирга тушди. Индамай келиб шарт ўпиб олганда нима бўларди? Худди шу ҳолатга бирортасининг кўзи тушиб қолганда-чи?
Малика, балки бу нарсалар ҳақида ўйламаслик керакдир дегандай, ёстиғининг остидан кеча сотиб олган «Ҳазрати аёл» номли китобни олди. Лекин уни ўқиш учун чироқни ёқиш керак эди. Туришга эринди. Нариги хонага қулоқ тутди. Болалар ё муккасидан кетиб дарс тайёрлашяпти ёки жимгина ўтириб шоҳмот ўйнашяпти. Унча катта бўлмаган ошхонада эса эри ҳамон телевизор кўряпти шекилли, қандайдир футбол ўйинининг шовқини эшитилиб турарди.
«Йўқ, яхшилаб ўйлаб олишим керак. Агар у тентак эртага яна келадиган бўлса, орани очиқ қилмасам бўлмайди, – Малика эшик томонга бир қараб қўйди-да хаёлидан кечаётган фикрларни қувиб етди. – Бунақада одамни шарманда қилиши ҳеч гапмас. Худди қамоқдан чиққан кишига ўхшайди-я. Бунинг устига эртага албатта келаман, дегани нимаси?»
Ҳа, Баҳром ўйлаб ўтирмай эртага келаман, деб кетди. «Ахийри сени топдим, – деди у мушт бўлиб тугилган қўлларини кўкрагига қайта-қайта уриб. – Буни бирор ерда ўтириб, нишонламасак бўлмайди. Ҳечам бўлмайди, Малика! Мен, эртага албатта келаман!».
…Малика Баҳромни яхши танирди. Ўзидан бир курс юқорида ўқиган бу қора қош йигит танишганига узоқ бўлмай, дарҳол севги изҳор қилган. Ўшанда Малика учинчи курсда ўқирди. Ҳайрон. У билан на айланишга чиққан, на бирор тадбирда ёнма-ён ўтирмаган бўлса, қандай севиб қолиши мумкин? Бир-икки ётоқхонага бирга қайтмаганини айтмаса, тузук-қуруқ танишмаган ҳам. Аммо севги изҳоридан сўнг Баҳромнинг тинчи йўқолди шекилли, дарсдан сўнг ё йўлини пойларди ёки ётоқхона атрофида айлангани айланган эди. У ҳар кўрганда кинога ёки бир оз айланиб келишга таклиф қилар, рад жавобини олиб ҳафсаласи пир бўлса-да, барибир келишни канда қилмасди. Баъзида гулдаста, баъзида эса шоколод кўтариб келарди. Олмаса, хонасига ташлаб кетарди. Уни тушуниш қийин эди.
Бироқ ўқишни битиргач, Баҳром ўз шаҳрига – Янгийўлга ишга кетдию қизнинг қулоғи тинчиди. Аслида жудаям тинчимаган эди. Баҳром тез-тез Тошкентга келиб турар ва ҳар гал ётоқхонага кириб ўтарди. Малика ўқишдан қайтганда хонасида – ўз тумбочкаси устида энди одатдагидан анча катта гулдастани, ундаги турфа гулларни кўрардию Баҳром келганлигини биларди. Кейин хонадошлари ўртасида пичир-пичир, ҳазил-ҳузул авж оларди.
«– Ҳозир қайтиб келаркан, кейин биз чиқиб турамиз, хўпми, қизлар».
«– Вой, қизлар, кечқурун қолмасмикин, ишқилиб?»
«– Жа, унчаликка боришмас»
«Бу галги гулдастанинг катталигига қараганда, ошиқ йигитнинг шашти анча баландга ўхшайди. Бир кеча холи қўйсак, нима бўпти?»
Малика қизлар атай ғашига тегиш учун гапиришаётганини билса-да, лекин негадир жаҳли чиқарди. Буни кўришиб, қизлар баттар ҳиринглаб кулишарди.
Нафсиламрни айтганда Баҳром унчалик ёмон йигитга ўхшамасди. Баланд бўйли, оппоқ юзида қора қошлари дарҳол кўзга ташланадиган Баҳром доимо башанг кийиниб юрарди. Талаба қизлар уни гоҳ «Олифта», гоҳ «Ошиқу беқарор» деб аташарди. Бироқ шундай йигит негадир Маликага ёқмасди. Йўқ, қиз ундан-да, гўзал бўлгани, йигитни менсимагани учун эмас, балки: «Сиз одам билан гаплашасизу аммо хаёлингиз бир жойда бўлмайди, кўзларингиз доимо ўйнаб туради» деб жиддий ҳисобламагани боисми, кўпам хушламас эди.
Оқ халатни ечиб елкасига ташлаб олган Баҳром эса гапдан қолмасди: «Қара, ҳамма қизлар оппоқ халатда, – дерди у баъзан ўқишдан қайтаётганларида. – Уларни бир-биридан ажратиш жуда қийин. Тўғрими? Мен эса йўлимда учраган қизларни сенга таққослаб кўраман, холос. Аммо ҳеч бирлари сенга ўхшамайди. Гўзалликда, латофатда сенга тенг келадигани йўқ! Бемалол ҳаммаларини бир чеккага йиғиштириб қўйиш мумкин. Тўғри, мен уларга қарайман, лекин бирортасигаям аҳамият бермайман, чунки диққатимни тортмайди. Ўлай агар, ёлғон гапирсам!».
Малика барибир унга рўйхушлик бермасди.
Ҳа, бугун ногоҳ ишхонасига кириб келган киши – ўша ошиқ Баҳром эди. У бир оз тўлишган, виқор билан юришини қўймаган, қарашлари жиддий туюлса-да, уни аввалдан яхши билган одам ҳамон нигоҳлари ўйнаб туришини пайқай оларди.
– Сени топиб келганимга ҳайрон бўляпсанми? – сўради Баҳром стулга ястаниб ўтираркан.
– Йўқ, нега ҳайрон бўлишим керак. Телевизорда кўриб қолгансизу… Қани, бир кўриб келай-чи, Тошкентда нима қилиб юрибдийкан, деб келавергансиз.
– Тўппа-тўғри, бирдан кўриб қолдиму ёнингга чопдим. Қарасам, Юнусободдаги бу поликлиника ҳақиқатан ҳам машҳур экан. Кўчада кимдан сўрамай, дарров кўрсатиб беришди. Офарин! Малика Қўзиева… фамилиянгни тўғри айтдимми? Узр! Малика Қосимжонованинг иши бўлса керак. Қойил. Бунақа ишлар сенинг қўлингдан келади. Эсимда. Амалиёт ўтаётганингда ҳам врачлардан қолишмайди бу қиз, дейишарди. Ҳақ гап экан. – Баҳром хона ичига назар ташлаб бошини қимирлатди. Сўнг Маликага айёрона боққанича сўради: – Давлат ёрдам бераяптими ёки ҳомийларинг кўпми?
– Унисиям, бунисиям.
– Қойил, Малика. Бу ишлар ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Омадингни берсин.
– Раҳмат.
– Яхши. Демак, ишларинг зўр! Ҳа, айтгандай, эринг қаерда ишлайди?
– Шуни билгани келдингизми?
– Тўғрисини айтсам… сени кўргани келдим. Телевизорда кўрдиму юрагимдаги чўғ ҳамон ўчмаганини сездим. Ўзи… ростданам унутолмай юрардим.
– Энди бу гапларнинг фойдаси йўқ. Ундан кейин бола-чақали одамларга асло ярашмайди.
– Болалар ўз йўлига, Малика! Биласан, мен сени қаттиқ севардим. Ўйлаб кўрсам, ҳозир ҳам севарканман. Лекин шу пайтгача қаерда яшашингни билолмай юрардим. Қара, ниятим холис экан, яна топдим. Аммо мен… ўзимга ўзим қилдим, Малика. Сени менсимаганим панд берди. Барибир менга тегади-да, деб ўйлабман. Ўшанда гапинга қулоқ солмай, совчи юборишим керак эди. Мен аҳмоқ тайёр ошни оғзимдан олдириб ўтирибман. Энди шундай алам қиляптики, асти қўяверасан. Бунинг учун ўзимни асло кечиролмайман, кечиролмайман, Малика!
– Ўтган ишга салавот.
– Йўқ, ҳали ҳам кеч эмас, ҳаммасини бошқатдан бошлашимиз мумкин.
– Нималар деяпсиз? Мен кўчада қолганим йўқ. Худога шукр, бошимда эрим, олдимда уч фарзандим бор. Ҳовли бўлмаса-да, уч хонали квартирада яшайман. Бунақа гапни бошқа гапирманг. Агар… кечирасиз, мен ҳозир йиғилиш ўтказишим керак.
– Ҳайдаяпсанми? – жаҳли чиққан Баҳром аста ўрнидан қўзғалди. – Наҳот олдингда заррача ҳурматим йўқ бўлса?
– Ҳурматингизни қилиб кутиб олдим. Анча-мунча гаплашдик ҳам. Узр сўраб, мажлисим борлигини айтдим. Яна нима қилишим керак? – Энди анча ўзини тутиб олган Малика меҳмоннинг қизаринган кўзларига дадилроқ тикилди.
– Ахийри сени топдим. Буни бирор ерда ўтириб нишонламасак бўлмайди. Айт, қай пайт келай, Малика?
– Мен ҳеч қаерга бормайман. Ундан кейин бу ўтиришимизни бошқалар кўрса, нима деб ўйлашади?
– Сен у ёғидан хавотир олма. Биз ҳеч ким кўрмайдиган жойда ўтирамиз.
– Раҳмат. Менинг вақтим йўқ. Ишим бошимдан ошиб ётибди. – Малика ўрнидан туриб эшик томонга йўналди.
Баҳром ноилож унга эргашди. Аммо йўлакка чиқиш олдидан Маликанинг қўлидан шарт ушлади.
– Энди мени ҳайдаб кеткиза олмайсан! Мен эртага албатта келаман. Кўришгунча!
У шундай дедию кўзини қисиб қўйди ва шитоб билан хонадан чиқиб кетди…
Малика шулар ҳақида ўйларкан, Баҳромнинг бу ташрифи тинч, осойишга ҳаётига раҳна сола бошлаганини ҳис қилди. Юраги бесаранжон бўлди. Ахир бу пайтда болажонларига қўшилиб дарс қилаётган ёки кундан кунга бўйи чўзилиб ҳуснига ҳусн қўшилаётган қизи Дилрабо билан пичир-пичир суҳбат қуриб ўтирган бўларди. Баъзида уларнинг гаплари ярим кечагача чўзилиб кетарди. Она қизига ҳавас билан тикиларди. Чиройига кўз тегмасин, деб ўзича дуо қилиб қўярди. Наҳот, бугунги учрашув буларнинг барчасига нуқта қўйса? Энди Баҳром қачон келиб қоларкин, деб юрагини ҳовучлаб ўтирадими?
Малика ёнбошига ўгирилди. Баҳром эртага келса, нима дейман, қандай жавоб қиламан, деб ўйлаган сари ўйининг охирига етолмасди. Қайсар Баҳромнинг келиши эса – аниқ. Ишқилиб, қизининг бўйи етиб турган бир пайтда гап-сўзга қолмасайди. Агар бу миш-мишлар эрининг қулоғига етиб борса… Малика у ёғини ўйлашга қўрқди. Музаффарнинг ичи қора, рашк деганда биринчилардан борганми, сал нарсага «лов» этиб ёниб кетади. «Севган одам ўз ёрига ишониши керак, дейишади. Аммо бу кишини ҳеч тушуниб бўлмайди. Тавба, бир пайтнинг ўзида ҳам севиб, ҳам рашк қилиши мумкинми?» – хаёлидан ўтказади тинчини йўқотган аёл.
Маликанинг бундай олий туйғуларни ҳамон тушунолмаганича бор. Баҳромни ёқтирмагани тўғри. Аммо у Музаффарни ҳам севмаган. Фақат бу йигитнинг севгиси ҳақиқий – чин маънодаги ишқ-муҳаббат эканлигини сезгани, юрак-юракдан ҳис қилгани учун ҳам турмушга чиқишга рози бўлганди. Янгилишмаган экан, Музаффар уни бутун борлиғи билан суяди, еру кўкка ишонмайди.
Бешинчи курслигида учратиб қолган Музаффарни ҳам аввалига «ўткинчи ошиқ»лардан деб ўйлади. Бир кўришда ёқтириб қолиш, деган гапларга асло ишонмасди. Аммо бу нарса ҳаётда бор экан. Камгап, бироқ бир илҳоми келса, у ҳали эшитмаган алақандай китобий гапларни қалаштириб ташлайдиган Музаффар ҳам уни кўрибдию севиб қолибди. Кейин тез-тез келиб турадиган бўлди ва ҳар гал ўзи ёзган шеърлар билан қалбига оҳиста кириб келганини ўзи ҳам сезмай қолди.
Китобни севган, айниқса, шеърлар ёза оладиган кишининг юраги ҳам тоза бўлади, деб ўйлаган Малика жиззахлик бу йигитнинг севгисини рад этолмади. Ўша севги кучи ҳамон сўнмаган, вақт ўтган сари аксинча, кучайиб, оловланиб борардики, охир-оқибат бир қалбдаги меҳр-муҳаббат иккинчи юракка ҳам кўчган эди. Малика эрини севмаса-да, энди унга қаттиқ ўрганиб қолган, болаларининг отаси сифатида эъзозлар, ёру биродарларининг олдида эса ҳурматини жойига қўярди. Кейинги йилларда яна бир нарсани ҳис қилди: Музаффар бирор вилоятга хизмат сафари билан кетгудек бўлса, бир оз жаҳли чиқадиган, йўқ кунлари эса соғинадиган бўлиб қолди. Нима бу? Малика аввалига тушунолмади. Кейин ўзича хулоса қилди: эрини яхши кўриб қолган. Соғиняптими, демак, яхши кўради. Наҳот? Шунча йилдан кейин-а?
Умуман олганда Музаффар тўғри айтган экан «Ҳечқиси йўқ, менинг севгим иккимизга етади» деб. Ҳар ҳолда яхши кўриш ҳам севгига яқинроқ туйғу-ку. Балки яна йиллар ўтиб эрини ҳақиқатдан севиб қолар. Ахир ҳаётда нималар бўлмайди.
Тўғри, бу кўҳна дунёда нималар бўлмайди. Мана шу бугунги воқеа ҳам ҳеч кутилмаганда рўй берди-ку. Баҳромни яна учратаман, деб асло ўйламаганди. Бироқ… «Қаёқданам телевизорга чиқдим-а?» дея ўзини ўзи койий бошлади. Аммо журналистлар ҳоли-жонига қўйишмади-да. «Яхши ишларни тарғиб қилиш бизнинг вазифамиз!» дейишиб, бир ҳафтагача вақтини пойлашди. Охирги гапдан ўзи ҳам хижолатга тушди: «Ҳамма телевизорга чиқиш учун таниш-билиш қидирсаю сиз биздан қочиб юрсангиз.» Қараса, бўлмайди, ноилож розилик берди.
Мана, энди ўн беш дақиқалик кўрсатув деб оғримаган бошини оғритиб олди. Агар шундай бўлишини билганида асло кўнмаган бўларди. Шунча йиллар ўтиб гердайган Баҳром ёдида қолибдими? Аллақачон унутиб юборган. Ишини ўйлайди, болажонларининг келажаги ҳақида қайғуради. Бошқа нарсаларни хаёлига келтирмасди. Аёл кишининг бахти оиласида! Энг муҳими, уни жони дилидан севадиган, меҳрибон эри бор. Майли, рашк қилса, қилаверсин. Севганидан кейин рашк ҳам қилади-да! Малика ана шуларни ўйларди.
Балки шу боисми, Малика Музаффарнинг бирор гапини икки қилмасди. Асаб касалликлари шифохонасида ишлаб юрувди. Лекин орадан уч йилдан сўнг «Менга бу шифохонада ишлашинг тўғри келмайди, айниқса, кечаси навбатда қолишинг!» деб қолди Музаффар бирдан. Малика ўйлаб ўтирмади. Эри шуни хоҳлабдими, демак, райига қарши бормаслик керак, дедию шарт ариза ёзди. Шундоқ ёнгинасидаги поликлиникада шифокор бўлиб ишлай бошлади. Кейин тўрт йил ўтар-ўтмас бош шифокор бўлди-қолди. Кўнгли тўқ Музаффар эса ҳозир янаям меҳрибон. Малика йиллар ўтиб севги ҳам ўз кучини йўқотиб борса керак, деб ўйларди. Йўқ, янгилишган экан, Музаффарда бу туйғу аксинча, аста-секин кучайиб бараётгандай туюларди унга. Ҳа, эрдан ёлчиди.
Бироқ… Бугунги учрашув ёки Баҳромнинг эртага яна келиши тўғрисидаги гап-сўзлар Музаффарнинг қулоғига етиб борса нима бўлади? Ҳам севги дардига, ҳам рашк балосига бирдан мубтало бўлган эри ўзини ўзи еб қўйиши, анави шилқим Баҳром билан ёқа олишиши турган гап! Жаҳл устида бир нима қилиб қўйса…
«Туф-туф, Худо асрасин-а!» – Малика қўрқиб кетди. Бошини ёстиққа ташларкан кўзларини юмди. Лекин шу пайт йўлакда қадам товуши эшитилди. Малика эри келса ҳамон ухламаганини кўриб албатта гапга тутишидан ҳадиксираб шарт ўрнидан турди. Қўлтиғига катта сочиқни қисиб ювиниш хонасига ошиқди. Эшик олдида… эри билан дуч келганда, ё тавба, сочиқни тушириб юборди.
– Ҳа, тинчликми? – сўради Музаффар бир оз ҳаяжонланаётган Маликанинг ҳолатини сезиб.
– Устимдан муздек сув қуйиб чиқмасам…
Малика эрининг олдидан секингина ўтди-да, ўзини ювиниш хонасига олди. У атай узоқ ювинди. Зора, чиққунимча ухлаб қолсалар, деб ўйлади. Ҳа, ўйи тўғри чиқди. Ётган жойида китоб ўқиган Музаффар аллақачон хуррак отарди…

* * *

Поликлиникага ишга ўтибдики, азалдан мавжуд бўлган бир фикр уни жуда қийнарди. Аваллари эътибор бермаган эканми ёки ўзи ҳам шунақа деб ўйлармиди, ишқилиб қулоғига чалинадиган: «Қўлидан иш келмайдиган врачлар ишлайдиган жой!» деган гапларни эшитиб эшитмаганга олиб кетаверди.
Дастлабки пайтлари унчалик билинмади, аммо кейинроқ бутунлай тоқат қилолмай қолди. Бош врач бўлиб ишга киришган биринчи куниданоқ бутун ўй-хаёлини поликлиникага бўлган бу совуқ муносабатни ўзгартириш керак, деган қатъий бир фикр қамраб олди. Бу поликлиника ишини тубдан яхшилаш, малакали врачларни жалб этиш, одамларнинг тасаввури ва таассуротларини жиддий ўзгартириш дегани эди.
«Беморлар бу ерга ноиложликдан келишмасин, бунақада поликлиника ишини асло яхшилаб бўлмайди. Ўзимнинг, оиладагиларимнинг соғлиги ҳақида қайғурадиган жой, дейишмагунча бариси бекор. Шунга эришиш учун ҳаракат қилишим керак!»
Салкам уч йил ичида бормаган ташкилотию учрашмаган устозлари қолмади. Атрофдаги гап-сўзларга эътибор қилиб ўтирмади. Яхшиликни, янгиликни кўра олмайдиганларга психолог дугонасининг доно маслаҳатлари билан яхши гапларни аямади. «Оилавий поликлиника» деган гаплар чиққандан кейин эса маҳалладагиларнинг муносабати ҳақиқатан ҳам анча ўзгарди. Энди бу ерга ҳатто соғ кишилар ҳам келишар, врачларнинг илиқ муомаласи, кўйинчаклиги, маҳалладагиларнинг соғлиги ҳақида доимий қайғуришлари ҳамманинг ҳавасини келтира бошлаган ва маҳалла оқсоқоллари бу ҳақида газетага ёзишар, телевидениега телефон қилишарди.
Бозор шароити, бозор муносабати деган ҳаракатга солувчи куч ҳаммани бирдай қимирлашга мажбур этгандай тиниб-тинчимас Малика энди юқори идораларнинг эшигини дадил очиб кирарди. «Сиз врачмисиз ёки тадбиркорми?» деган саволга «Мен тадбиркор врачман!» дея дангал жавоб қайтарарди. Бора-бора у шахсий ташаббус билан чиқиб, баъзи кичикроқ шифохоналар учун бемалол тенглаша оладиган оилавий поликлиника ярата олди. «Бу маскан ўз номига муносиб бўлиши керак. Даволаш клиникасининг ярим ишини бажармаса, оддий қишлоқ тиббиёт пунктидан фарқи қолмайди-ку. Қаерга бориб даволаниш кераклигини бизсиз ҳам беморлар яхши билишади. Мен поликлиникамизни чин маънодаги биринчи шифо кўрсатадиган даргоҳга айлантирмоқчиман. Хўш, сиз бунга қаршимисиз!» Малика масалани ана шундай жиддий қўярди.
Ишлар юришиб кетди. Катта мақсадларни режалаштираётган бош врачнинг бугунги нияти агар қонун чекламаган бўлса, поликлиникани давлат ихтиёридан чиқариб, хусусий даволаш масканига айлантириш эди. Ярим йилдан буён юристлар билан мунозара олиб бораётган Малика бир дунё муаммоларга, тўсиқларга дуч келса-да, кайфиятини туширмаган, бу қийинчиликларга табиий бир ҳол деб қараш керак, деб ўзини ўзи овутар эди.
Адлия вазирлигидан сўнг шаҳар соғликни сақлаш бошқармасига ўтган Малика иши битмагач ортига қайтди.
«Давлат муассасасини ким сизга бериб қўяди?» деган саволни қайта-қайта беришди. Малика ҳам билганича жавоб қайтаради: «Агар поликлиникалар иши яхши йўлга қўйилса, шифохоналардаги беморлар сони икки марта камаяди. Одамлар, айниқса, бизнинг ўзбеклар қачон касал бўлиб, ётиб қолгандан сўнггина шифохонага боришади. Бу, айни ҳақиқат. Хўш, энди биргина беморни даволаш учун қанча дори-дармон кетади, нечта врач, қанча қариндош-уруғлар овораи-сарсон бўлишади? Агар поликлиникадаги врач ўз участкасидаги одамларни яқиндан билса, уларни соғлигида кўрикдан ўтказиб турса ва биз поликлиникаларни жаҳон андозаларига мос келадиган асбоб-ускуналар билан жиҳозлай олсак, нур устига аъло нур эмасми?»
«Ишланг, ким сизга тўсқинлик қиляпти. Бизда соғ-ликни тиклаш масаласи пулли эмас. Давлат поликлиникасида ишлаб туриб ҳам ўзингизни кўрсатишингиз мумкин! Шифохонадаги беморлар сони икки марта камаяр эмиш-а. Хўш, шунча касалхонадаги врачлар ишсиз қолишса, қаерга боришади? Ҳар йили институтларни битириб чиқаётган минглаб талабалар-чи? Нега жимсиз? Бу давлат миқёсидаги масала. Сиз кимлигингизни унутманг. Бориб ўз ишингиз билан шуғулланинг!»
Ҳафсаласи пир бўлиб ишхонасига қайтган Малика столи устида бир қучоқ келадиган гулдастани, унинг ёнида турган каттагина шоколад қутисини кўрдию… баттар қони қайнаб кетди. Илдам бориб гулларни идишдан суғуриб олди ва бурчакдаги ахлат челакка қараб… отмоқчи эди, шайтонга ҳай берди. Енгилтаклик қилишни ўзига эп кўрмади. Котибани чақирди.
– Нега бу ёққа киритдинг?
– Жудаям қайсар одам эканлар-да, – ўзини оқлаган бўлди котиба нима дейишни билмай. Сўнг астагина қўшиб қўйди – Ўзлари икки-уч кундан сўнг кириб ўтарканлар.
– Яна маълумотинг борми?
– Яна… телефонингизни сўровдилар… бердим.
Энди бу гап ортиқча бўлди. Асаблари толиққан бош шифокор ишхонада эканлигини унутишга бир баҳия қолди. Агар кўзлари жовдираб турган котиба қиз нигоҳларини олиб қочмаганида, ўзи эса оғир бўл, деган ички бир нидога қулоқ тутмаганда анчагина аччиқ гап-лар оғзидан чиқиб кетиши аниқ эди.
– Агар яна бир марта шунақанги совғалар қабул қилсанг ёки эшитиб қолсам ҳам аризангни ёзавер. Тушундингми?
– Ҳа.
– Унда гулни ҳам, шоколадни ҳам хонамдан олиб чиқиб кет!
– Малика опа, – котиба қиз ишдан ҳайдалмаганидан севиниб кўзларини пирпиратганича бош шифокорга юзланди. – Мени кечиринг. Бошқа қайтарилмайди. Фақат жаҳлингиз чиқмаса бир гап айтсам. Биласиз, олдингизга жуда кўп меҳмонлар келади. Ҳар қалай… анча машҳур бўлиб қолдик. Конфетни уларнинг олдига кўярсиз. Ахир у… пора эмас-ку.
Малика жойига ўтирар экан, кечагина билим юртини тамомлаб келган чуваккина қизга синчиков назар ташлади. Бош врачнинг бир зум жим қолганлигини ўзича тушунган котиба орқасига юришдан аввал сўради:
– Кетаверайми?
– Мен айтган нарсаларни олиб кет!
Котиба индамай ишни бажарди.
Малика беихтиёр ўйга толди. «Наҳот энди тинч қўймаса?.. Бунинг устига телефонимни ҳам билиб олибди. Шу етмай турувди. Ҳали уйимникиниям ёзиб олган бўлса-я?» Котибани чақириб сўрамоқчи бўлди, аммо фикридан қайтди. Ўрни келганда билиб оларман, деди ичида. Лекин у ўзини ҳар қанча хотиржам тутишга уринмасин, хаёлига бостириб келаётган талабалик йилларидаги ўйлардан қочиб қутулолмади.
« – Нима қилсам менга тегасан, Малика?” – сўради Баҳром бир куни унинг йўлини тўсиб.
Бироқ тақдирнинг тақозосини қарангки, орадан шунча йиллар ўтиб у Маликанинг ҳаёт йўлида яна «лоп» этиб пайдо бўлди. Бу нима, тасодифми ёки пешонасига шундай бўлиш азалдан битилганми? Баҳром ўшанда нега «Қаерда бўлсанг ҳам излаб топаман. Қани, ўшандаям қаршилик қилиб кўр-чи!» деган экан-а? Нима, барибир излаб топишини олдиндан билганмикин, ё шунга умид қилиб юрганмикин?
Нима бўлганда ҳам Малика бу учрашувни кутмаган эди. Турмушга чиқаётганда ҳам, ундан кейинги йилларда ҳам қорасини кўрсатмаган Баҳром унинг хаёлидан кўтарилган, талабалик пайтларидаги воқеаларни эса йигитларнинг шўхлигига, билиб-билмай қилган ошиқона ҳазилига ёхуд нари борса, уларнинг аламига йўйиб қўйганди холос. Лекин ёлғон бўлмасин, бир марта ўйлади. Ўйлаганда ҳам жуда қўрқиб кетди. Унда асаб касалликлари шифохонасида ишларди. Эрталабданоқ «Сизни вазирликдан чақиришяпти. Дарҳол етиб бораркансиз!» деб қолишди. Малика ўзи билмаган ҳолда ҳаяжонга тушди. «Вазирликдан келишибди» деса, бўлим бошлиқларидан тортиб касалхона бош шифокоригача оёғини қўлга олиб қолишарди. Шундан билардики, у ерда катта билимга, салоҳиятга эга бўлган тажрибали, шу билан бирга жаҳлдор ва қаттиққўл раҳбарлар ишлайди. Улар билан ниҳоятда эҳтиёт бўлиб гаплашиш даркор. Яхшиси, вазирликдан узоқроқ юрган маъқул.
Бундай гапларни кўп эшитган Маликанинг юрагини ваҳима эгаллади. Вазирликдан ким чақиртириши мумкин? Нима масалада? Бунинг устига нега дарҳол етиб бориши керак?
– Ким экан телефон қилган? – ниҳоят ўзини қўлга олиб сўради Малика.
– Шодиқулов, – қисқагина жавоб қилди бош шифокор бир оз норози оҳангда.
– Шодиқулов деганлари ким, домла? – зўрға ботиниб сўради Малика вужудидаги титроқни босолмай.
– Билмадим, янги ишга келганмиш. Вазир ёрдамчиси экан.
Бу гапни эшитган Малика баттар қўрқиб кетди.
– Сизга нима бўлди, Қосимжонова?
Қўл остидагиларни фамилияси билан чақиришга одатлаган бош шифокор ранги оқарган Маликага ҳайрон бўлиб тикилди.
Малика бир зум жойида туриб қолди. Бош шифокор саволини қайтаргандагина ўзига келди. Узр сўраб, ташқарига чиқди.
«Шодиқулов? Ахир бу Баҳромнинг фамилияси-ку!» Қайси бир курсдошидан эшитгандай бўлувди, Баҳром вазирликка ишга келяптийкан, деб. Наҳот, рост бўлса?» Агар бу гап тўғри чиқса, Баҳромнинг менга кун бермаслиги аниқ. Ана энди, аламини олишни бошлайди. Бир вақтлар айтгандай, тегмаганимга пушаймон қилади. Ёки ишимдан бўшатиб юборармикин? Э, Худо, бу не кўргилик, – ўйлаганди ўшанда Малика вазирликка етиб боргунча, – Тинчгина ишлаб турувдим-ку. Ниятига етолмаган аламзада йигитни нечун яна рўпарў қилдинг? Айт, гуноҳим не?»
Малика Соғлиқни сақлаш вазирлигига қандай етиб келганини билмайди. Муҳташам бино унинг нозик ва айни пайтда титраб-қақшаб турган қалбига баттар қўрқув солди. Бироз баланд зинапоядан кўтарилиш анча қийин бўлди, ҳатто энди чиқиб бўлай деганида оёқлари чалишиб йиқилиб тушишига бир баҳия қолди.
«Наҳот, одамзод шунчалар оғир бўлса?»
Бинога кириб чиқаётганларнинг тикилиб турганлигини кўриб уялиб кетди. Унинг учун бу ерга етиб келиш ҳам, зинадан чиқиш ҳам бирдай туюлди. Ичкарига қадам босиш эса ундан-да қийин кечди. Бир кўнгли қайтиб кетишга ундарди: «Кимга рўпара келаётганингни биляпсанми? Яна қандай лавозимдаги одамга-я! Нақ вазирнинг ёрдамчиси экан-ку. Шошма, яхшиси, ортингга қайт. Сени кўрса, эски дардлари яна қўзиб, дилингни вайрон қилади. Ундан кўра ишингни ҳам йиғиштир-да, ариза ёзиб, бўшаб кет!»
Энди ортга юрганда қандайдир куч тўхтатгандай бўлди: «Шу ерга келганда қайтиб кетасанми? Кир, киравер, кўрқма! Ёрдамчи вазир эмас-ку».
Малика ниҳоят ичкарига қадам босди. Навбатчидан Шодиқуловни сўраганда эса… у на кулишини, на йиғлашини билолмай узун йўлакнинг бир четида узоқ туриб қолди.
Шодиқулов деганлари бутунлай бошқа одам экан, яъни ўзидан уч йил аввал ўқишни битирган йигит бўлиб, унга бир-икки гап отган, аммо Малика томонидан «Безори»деган танбеҳдан сўнг «Бор-е!» деб қайтиб гапирмай қўйган, лекин яқинда касалхонада яна ногоҳ учратиб, ўзини таништириб қўйишга чақиртирган экан. Малика ҳеч нарсага тушунмади.
– Тўғриси, сизга миннатдорчилик билдириб қўймоқчи бўлдим?
– Нега? – баттар тажжубланди Малика.
– Опамларга яхши қарабсиз.
– Опангизга?
– Ўтган ой Саидмуродова деган беморни даволадингизми?
– Ҳа.
– Ўша аёл манинг опам бўладилар. Сизни танидим, аммо касалхонада гапириб ноқулай ҳолатга қўймай дедим. Мана, энди, бемалол гаплашсак бўлади.
– Аксинча, ҳозир ноқулай вазиятга тушиб қолдим.
– Нега?
– Чунки, мен кундалик ишимни бажардим холос. Бунинг учун вазирликка чақиртириб алоҳида миннатдорчилик билдириш шарт эмасди.
– Танишиб қўйсак, ёмон бўлмас. Ҳа, айтгандай мендан нима ёрдам керак бўлса, тортинманг. Мана бу, визиткам. Любой пайтда телефон қилаверинг.
Малика бу ерда кўп қололмади, вазирлик биносидан ғалати бўлиб чиқди. Зинадан тушаётганда эса қадамлари оғирлашганини сезиб «Тавба» деб қўйди ўзига ўзи…
Бироқ, айни пайтда ҳам унинг бутун вужудига қўрғошин қўйилганга ўхшарди. На иши кўпаяди, на юриши. Шу боисми, кўп нарсага етадиган ақли, энди қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида аниқ бир қарорга келишга ожиз. Воқеа чигаллашмай, чуқур илдиз отмай туриб эрига айтсамикин? Балки тўғри тушунар. Ахир турмушга чиқишдан олдин Музаффарга шунга ўхшаш гапларни бемалол айтган-ку. Агар янглишмаса, «Менинг орқамдан жуда кўп йигитлар юришади. Улар ичида ғолиб бўлиш сизга насиб этармикин?» деганди.
– Сиз албатта меники бўласиз! – доим қатъий фикр билдирарди Музаффар.
Малика бу гапларни эслар экан, мийиғида кулиб қўйди. Чунки ўшанда ичидан биринчи марта «Шу мулоҳазали, оғир-босиқ йигитта эрга тегсаммикин» деган ўй ўтганди. Бундай олиб қараганда шу арзимас хаёл кейинчалик унинг ҳаётини ўзгартириб юборди: Музаффар ҳақида кўпроқ ўйлайдиган бўлди ва охир-оқибат унга турмушга чиқди. Ҳозирча икки ўртадаги ўзаро ишонч унинг қалбида доимий хуш кайфият уйғотарди. Ишидаги қийинчиликлар, ҳечам тугамайдигандай туюладиган муаммолар асабларини толиқтирса-да, уйдаги меҳр-муҳаббатга тўла вазият бирдан юрагини тўлқинлантириб юборарди. Ойижон, дея гирдикапалак бўладиган болажонлари жонига оро киради. «Келдингми, соғинтириб юбординг-ку» дея эҳтирос билан қулоғига пичирлаб қўядиган эри бутун чарчоғини ёзиб юборади. Баъзида дам олиш кунлари айланишга чиқиб Музаффарни оҳиста қўлтиқлаб олганда эса янада яйраб-яшнаб кетгандай бўлади…
Малика хаёллар дарёсига ғарқ эди. У бир Баҳром билан бўладиган тўсиқлар ҳақида, бир эса бу гап-сўзлар Музаффарга етиб боргудек бўлса, эрига нима важ кўрсатиш тўғрисида тинимсиз ўйларди. Бугунги югур-югури, иши битмай кайфияти бузилиб қайтгани эсидан чиқиб ҳам кетди.

* * *

Кутгандан ёмони йўқ. Хоҳ дўстми, хоҳ душманми, шарт келиб-кетгани маъқул. Бўлмаса, одамнинг диққати ошиб бирор касаллик орттириб олиши ҳеч гап эмас. Бутун ўй-фикрлари алғов-далғов бўлиб кетган Малика ҳафтани хавотир билан ўтказди. Хонасининг эшиги очилса бўлди, дарров у томонга юзланади. Ногоҳ телефон жиринглаб қолса ҳам чўчиб тушади. Лекин унинг бу хатти-ҳаракати Баҳромдан қўрқаётганини англатмасди. У ҳамкасбларининг олдида ноқулай аҳволга тушиб қолмай, дея хижолат тортарди, холос. Катта бир поликлиникадаги ходимларнинг деярли барчаси хотин-қизлар. Эрталабки салом-аликдан сўнг яхши-ёмон хушхабарлар шунчалик тез тарқалдики, Малика ҳайрону лол.
Бўлмаса у бош шифокор сифатида хонама-хона гап ташиб ёки миш-миш тарқатиб юрадиган учта ҳамширани аллақачон ишдан бўшатиб юборган. Қатъий тартиб-интизом ҳам ўрнатган. Аммо… бу аёллар қачон бир-бирлари билан гаплашишга улгуради, у ҳечам билолмасди.
Аслида гап-сўзлар ҳам майли, бундай олиб қараганда барчаси арзимаган майда-чуйда оилавий можаролар. Маликанинг хавотир оладиган жойи аёлларнинг зийрак ўткир кўзлари. Бу нигоҳлардан ҳеч нарса қочиб қутулолмайди. Бегона эркак бир марта, бор ана икки марта келиши мумкин, лекин учинчи бора ташриф буюрдими, демак, «Бир балоси бор» дейишади.
Ҳамма гап ана шу «бир балоси»да. Бало ўз номи билан бало. Кишининг тилини қисадиган, обрўига путур етказадиган, соғлигидан айириб, тўшакка михлайдиган, охир-оқибат эса ақл-хушидан кетказадиган бу бало – энг хавфли душман. Оддий миш-мишдан бошланади-да, катта жанжал билан тугаши ёки қўйди-чиқдига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай балодан Худонинг ўзи асрасин!
Маликани ташвишга солаётган нарса ҳам шунда. Баҳром бу ерда кўп ўралашмаслиги керак. Агар ҳадеб келаверса, гап-сўз тарқалиши аниқ! Шунинг учун Баҳром яна келгудек бўлса, яхши гапириб орқасига қайтариб юбораман. Агар кўнмаса, хотинингизга айтаман, десам зора обрўсини ўйлаб келмай қўйса, деб хаёл қилганди. Баҳром эса яхши гапга кўнадиганлардан эмас эди. У қандай шитоб билан хонага қадам қўйган бўлса, шундай тез Маликанинг ёнида пайдо бўлди. Ўпиб кўришишга чоғланди: Маликанинг елкаларидан ушлаб ўзига тортди. Бироқ кутилмаган зарбдан орқасига гандираклаб кетди.
– Вой-бў, намунча қўрқмасанг…
Баҳром келибоқ Маликани хафа қилишдан чўчиб тилини тишлади. Кейин ҳеч нарса юз бермагандай бориб диванга ўтирди.
– Тўғрисини айт, орқангдан қанча юрдим. Икки йилча сарсон қилдинг-а? Энди ҳайдама мени. Сендан ажраладиган аҳмоқ йўқ.
– Нима деганингиз бу? – жойига ўтираётган Малика Баҳромнинг чақчайган кўзларига бир қараб қўйди.
– Буми? Бу сенга уйланмоқчиман, деганим.
– Оилангиз йўқми?
– Бор! Аммо хотинимга ажрашаман, деб келдим. Уни ҳеч қачон севмаганман, сева олмайман ҳам. Мен йўқотган муҳаббатимни қайта топдим. Тушундингми? Қай-та топ-дим. Энди уни йўқотишни истамайман. Шунинг учун сен ҳам ажрашасан! Ва биз янги оила қурамиз.
Малика кулгудан ўзини аранг босди.
– Ақлингиз жойидами, ишқилиб? Бу гапни қаердан олдингиз?
– Аввал жойида эмас эди. Худога шукур, ҳозир жойида. Айниқса, сени яна кўриб қолганимдан буён жуда тиниқлашиб кетган.
– Бошимда эрим, атрофимда учта фарзандим борлигини айтганмидим. Мен уларнинг юзига оёқ босадиган аёллардан эмасман. Бунақа кўрнамаклик қилиш менинг табиатимга тўғри келмайди, Баҳром ака. Сиз ҳам шайтоннинг гапига кирмай, оилангизга қайтинг? Обрўингизни ўйланг.
– Сен мени аврамай қўя қол. Аввал эди кўнглингга қараганим. Бунинг учун ҳамон ўзимни кечира олмайман. Ношудлик қилмаганимда балки мен ҳам одамларга ўхшаб бахтли ҳаёт кечираётган бўлардим.
– Нечта фарзандингиз бор?
– Тўртта.
– Тўртта фарзанди бор ота, бахтсиз бўладими?
– Хотиндан ёлчимадим, бахтсизлигим шунда, Малика. Аслида сенга аччиқ қилиб шарт уйланиб кетувдим. Ҳаммаси ҳам аёл-ку, туғишни билса бўлди-да, деб ўйлабман. Бироқ қаттиқ янглишган эканман. Хотинниям сал-пал яхши кўриш керак экан. Ёшликда билинмас экану, аммо ёшинг ўтаверган сари… айниқса, атрофингда қизлар гирдикапалак бўлса… бошинг ҳам айланиб қоларкан. Мана шунақа пайтда керак бўлар экан севги-муҳаббат. Агар хотинингни севсанг, атрофдагиларга эътибор ҳам қилмайсан, мабодо кўнглинг йўқ бўлса… Э, нимасини гапирай. Лекин сени Худонинг ўзи йўлиқтирди менга. Тўғрисиям, кейинги вақтларда сени кўп ўйлаётган эдим, қаердан қидирсам экан, деб бошимни қотирардим. – Баҳром бир оз тин олгач, гапида давом этди. – Жиззахга кетиб қолгансан, деб хавотирда эдим. Буни қара, Тошкентда экансан. Сени топганимдан беҳад шодман. Тўғриси, хурсандлигимни чеки йўқ. Энди, яна бир тилагим қолди холос.
– Нима экан у? – ажабланиб сўради Малика.
– Сенга уйланиш.
– Илтимос, кулгумни қистатманг. Бу ниятингиз ҳеч қачон амалга ошмайди.
– Ошади!
– Ошмайди!
– Гаров боғламоқчимисан? – Ўрнидан туриб столга яқинлашди Баҳром. Сўнг икки қўлини унга тираб Маликага бир зум тикилиб қолди. «Йўқ» деган жавобни эшитгач, яна жушқин кайфиятда гапини давом эттирди: – Унда тортишма. Бу сафар аҳдим қатъий. Мен телба ошиқдан хафа бўлмайсан. Энди, менсимаганингга қараб ўтирмайман.
Малика қайсар Баҳром билан баҳслашиб, гапни кўпайтириш бефойда эканлигини тушунди: тезроқ хайрлашмаса, бўлмайди. Нима қилса экан-а? Бундан ортиқ яхши гапириш мумкинми?
– Хўш, таклифимга нима дейсан? – қайта сўради Баҳром стулга ўрнашиброқ ўтираркан.
– Яхши, эрим билан маслаҳатлашиб кўрай-чи.
– Нима, энди майна қилишга ўтдингми? Керак бўлса, эринг билан ўзим гаплашаман.
– Қўрқмайсизми?
– Нега қўрқишим керак! Сени яхши кўришимни, аввалдан мен билан юришингни, шу пайтгача учрашиб туришимизни айтай-чи, қандай кўйга тушаркин.
– Ҳали шунақа туҳмат ҳам қиласизми?
– Агар тегмасанг… бундан баттар бўлиши мумкин.
– Сизни одам деб ўйлагандим.
– Майли, нима десанг ҳам. Лекин қайсарлик қилма.
– Кетинг бу ердан!
– Тегмайсанми?
– Ҳеч қачон.
– Унда мен билан юрасан!
– Нима! – Малика сапчиб ўрнидан туриб кетди.
– Қизишма. Яхшилаб ўйлаб кўр, ҳар замонда учрашиб турсак, олам гулистон. Сенга қўлимдан келгунча ёрдам бериб тураман, ҳеч нарсага зориқмайсан…
– Агар ҳозироқ кетмасангиз, одамларни чақираман.
– Чақир, чақиравер. Жанжаллашсак, кимга фойдаю кимга зиён. Билиб қўй, мен ҳеч нарса йўқотмайман. Сен эса жуда кўп нарсалардан айрилиб қолишинг мумкин. Эринг, болаларинг, ишхонангдан, маҳалла-кўйдаги обрў-эътиборингдан… санаверайми? Кейин афсус қилганингнинг фойдаси йўқ, Малика. Хотинимга сен билан ажрашаман, деб келганман. Ҳатто Тошкентдан иш ҳам топиб қўйдим. Танла: иккидан бири, ё менга тегасан, ёки…
– Ростдан ҳам мени севасизми? – сўради бирдан юмшаб қолган Малика.
– Севмасам, шу гапларни гапирармидим, Малика, – Баҳром қандай қилиб тик турганини ўзи ҳам билмай қолди. – Аҳмоқ бўлиб Янгийўлдан келармидим, ишқингда адои-тамом бўлдим-ку.
– Унда, сиздан биргина илтимосим бор.
– Бош устига! Биттамас, мингта бўлсаям гапиравер!
– Мени тинч қўйинг, шунда сиздан кўпроқ миннатдор бўламан. Хаққингизга дуо қилиб юраман.
– Йўқ, бу илтимосингни бажара олмайман, – Баҳром ўзини стулга ташлади. – Қўлимдан келмайди. Эндиям ношудлик қила олмайман. Агар таклифимга рози бўлмасанг… эрингни ўлдириб кетишдан ҳам тоймайман. Қамалсам, йўлини қилиб уч-тўрт йилда қутилиб чиқаман-да, барибир олдингга келавераман. Энди мендан ўлиб ҳам қутила олмайсан! Бир марта эди, ҳайдаганингда аччиқ қилиб кетиб қолганим. Бас, энди аҳмоғинг йўқ!
– Биринчидан, эримни ўлдириш қўлингиздан келмайди, – Малика хотиржам гапирди. – Иккинчидан, эрсиз қолганимда ҳам ниятингизга етолмайсиз.
– Мен бу гапларни сени қўрқитиш учун айтаётганим йўқ. Олдингда аввалги ландавур Баҳром тургани йўқ.
– Гапириб бўлдингизми?
– Нимайди?
– Мени ишдан қўйяпсиз.
– Розимисан?
– Сиздан нафратланаман!
– Нафратланасан?! Нима учун?
– Мард эркак бировнинг аёлига кўз олайтирмайди. Ундан кўра ўз хотинининг кўнглига йўл топишга ҳаракат қилади. Фарзандларига тарбия беради, уларга тўғри йўл кўрсатади. Одоб-аҳлоқ бобида намуна бўлади.
– Фалсафангни қўйсанг-чи, Малика. Мен бу ерга лекция эшитгани келганим йўқ. Бир вақтлар қўлдан чиқариб юборган муҳаббатимни қайтариб олиш учун келдим, билдингми? Энди бу йўлда менга ҳеч ким ва ҳеч нарса тўсиқ бўлолмайди. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади. Бир марта!
– Агар тўғри маслаҳатга кўнмасангиз, ўзингиз биласиз. Бироқ мен энди сиз билан бошқа гаплашмайман.
– Гаплашасан. Гаплашишга мажбур қиламан. Обрў учун, болаларингни келажаги учун шундай мажбур бўласанки…
– Сиз ҳақиқатан ҳам нафратга лойиқ одам экансиз. Сизни танламай тўғри қилган эканман.
– Ҳали шунақами? Нафратланадиларми? Нафрат қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман, сенга! Ундан кўра таклифимга рози бўл. Ҳар замонда бир учрашиб турсак, тинчгина яшайверасан. Мени бошқа…
Баҳромнинг гапи оғзида қолди. Шу пайт эшик очилиб ўрта ёшлардаги жувоннинг хижолатомуз юзи кўринди. Малика аёлни ўйлаб ўтирмай ичкарига так-лиф қилди. Гапи чала қолган Баҳром нима қиларини билмай лабини тишлаганча Маликага қаттиқ тикилди. Сўнг ноилож эшик томон юраркан, ғарибона бир товушда деди:
– Сиздан илтимос, дўхтир, дардимга шифо топинг? Бўлмаса, телба бўлиб қолишим ҳеч гапмас. Мен яна келаман.
Эшикни очган аёл дарди оғир «бемор»га йўл берди. Малика қимматбаҳо халатга тўлишиб турган, калта сочлари хафсаласизлик билан таралган, юзлари бироз сўлғин, рангпар аёлдан миннатдор бўлса-да, аслида у шу тобда ёлғиз қолишни, ўзини сурбетларча тутган Баҳром билан бўлиб ўтган суҳбатни қай тарзда кечганлигини, нималарни айта олдию ўйлаб қўйган қайси гаплари ичида қолиб кетганлигини қайта хаёлидан ўтказмоқчи, ўзича мулоҳаза қилиб кўрмоқчи эди. Кўзларини лўқ қилиб ўзининг шаҳвоний ҳис-туйғуларини яшира олмаган, димоғи баланд ошиқнинг олдида ғурурини, номусини сақлай олдими ёки ранглари оқариб шалвираб қолдими? Таклифига нима деди? Жавоб қайтара олдими?
Малика кўринишидан ўттиз ёшлар чамасидаги жувонни ўтиришга таклиф қилди, аммо ўзи хаёлида кетма-кет чақмоқдек «ялт» этиб пайдо бўлаётган саволлар гирдобидан қутулолмади. Бош шифокорнинг ўйчан ҳолатини гапларимни диққат билан тингламоқчи чоғи, деб тусмол қилган жувон дардини шошмасдан тўкиб соча бошлади. У қўлидаги кичкина рўмолчани қайта-қайта тахлар, ҳар замонда гапираверайми, дегандай шифокорга тезгина нигоҳ ташлаб олар, баъзан ийманиб, баъзида эса фикрини очиқроқ ифодалашга тиришар эди.
Малика аёлнинг узул-юлуқ гапларидан исми Назокатлигини, эндигина йигирма уч ёшга кирганлигини, бефарзандликдан алам чекавериб юрак-бағри эзилганини ва яқинда поликлиника атрофидаги «Бўстон» маҳалласига кўчиб келганини англаб олди. Лекин унда ҳеч қачон бундай бепарво муносабат бўлмаган эди. Келган ҳар бир беморни иложи борича қабул қилишга, касалини аниқлашга, даволанишига ёрдамини аямасди. Энг муҳими, майин табассуми ва бир оғиз ширин сўзини асло дариғ тутмасди. Бу сафар унга нима бўлди? Ие, бармоқлари нега титраяпти? Ҳали ранги ҳам оқариб, кўриниши бир ҳолатдадир?
Малика ўрнидан туриб кетганлигини сезмай қолди. Бу пайтда гапини тамомлаб бош шифокорнинг оғзига қараб турган Назокат ҳам беихтиёр жойидан қўзғалди.
– Нима маслаҳат берасиз, опа?
– А-а! – савол Маликани хушёр торттирди. Ноқулай вазиятга тушиб қолганини сезиб дарҳол қўлига қалам олдида бир парча қоғозга нимадир ёзди. Сўнг жилмайишга ҳаракат қилиб деди: – Гапингизни тушундим, синглим. Мен бир танишим билан гаплашиб кўраман. Эрта-индин вақти бўлса, бориб учрашасиз.
Бош шифокорнинг ҳолатига тушуна олмаган Назокат қайта-қайта «раҳмат» айтиб чиқиб кетди. Малика ўрнидан турганда шкафнинг ичидаги катта ойнага ўзини солмоқчи эди. Шу тобда бу нарса хаёлидан кўтарилди – аста юриб келиб ўзини диванга ташлади.
«Демак, бу сафар келишида асл қиёфасини намоён қилди. Аввалига севаман, деб яхши гапириб кўрди, бўлмади. Кейин қўрқитишга ўтди, эплолмади. Энди эса… ҳар замонда учрашиб турсам бўлди, эмиш. Вой, аҳмоғ-ей! Ўзини ким деб ўйлаяпти? Демак, у аввалдан ҳам севмаган».
Малика хаёлан ўзи билан ўзи гаплаша бошлади. Бироқ бирдан эшик очилиб котиба қиз ичкарига мўралади.
– Нима гап?
– Агар манда зарур ишингиз бўлмаса…
– Тинчликми?
– Тикувчимникига ўтиб келмоқчийдим. Кейинги ҳафта… дугонам турмушга чиқаяпти.
Малика нима ҳам дерди. Тўйга янги кўйлак кийиш керак, албатта. Айниқса, келиннинг ёнида юрадиган бўлса… Рухсат олган Барнонинг кўзлари порлаб кетди. Эшик қандай очилган бўлса, шундай оҳиста ёпилди. Малика орқасига суянди. Кўзларини юмди. Бироқ хаёлига келган аёвсиз фикрдан унинг шаҳло кўзлари чарақлаб очилди.
«Туҳмат қилса-я?!»
Маликанинг ғуруридан асар ҳам қолмади, у туҳмат тошининг зарбини яхши билар, ҳаётида бундай балога учраган одамлар билан кўп гаплашган, уларнинг аянч-ли тақдиридан, ғам-ғуссага ботган қора кунларидан хабардор ҳам эди. Бу офатдан Худонинг ўзи асрамаса, жуда қийин. Банданинг қўлидан баъзан ҳеч нарса келмайди. Унинг қаршисида шундай ночор аҳволга тушиб қоладики, ҳақиқатни рўёбга чиқаргунча она сути оғзига келади. Гоҳида курашиб мағлуб бўлиш ҳам ҳеч гапмас…

* * *

Кузнинг изғирин шамоли таъсир қилдими, хонага кирган Малика анчагача плашини ечмай ўтирди. Ишни нимадан бошлашни ўйлади. Аслида у эртанги бажариладиган юмушларни қоғозга ёзиб кетишга одатланган эди. Бунга ўргангани учун эрталаб режа тузишга бош қотирмас, келардию ғайрат билан ишга киришиб кетарди. Мана уч кундирки, столи устидаги қоғоз оппоқ. Унда на бирор белги, на бирор сўз йўқ.
Ногоҳ эшик тақиллади. Малика бошини кўтарди.
– Редакциядан келишибди, Малика опа. – деди котиба қиз ичкарига киргач негадир мамнун қиёфада, – Хотин-қизлар журналидан экан.
– Шунинг учун хурсандмисан?
– Ахир биз тўғримизда ёзишса, ёмонми?
Маликанинг қошлари туташди. Унинг мухбирлар билан учрашишга, газета ёки телевиденияга интервью беришга умуман хоҳиши йўқ эди. Ҳаётида бир марта телевизорда кўриндию бошига бир дунё ташвиш орттириб олди. Энди ундан қутулолмай юрганда, яна нимаси бу?
«Шу етмай турувди, – ўйлади Малика ноилож ўрнидан туриб плашини ечаркан. – Журналдан келишган бўлса, ҳойнаҳой расм ҳам сўрашади. Агар суратим Баҳромнинг қўлига тушиб қолса… яна келишини давом эттираверади. Эй, йўқ, менга ҳеч қанақа мақтов керак эмас!».
– Кирсинларми?
Жойига келиб ўтирган Малика бир муддат ўйланиб қолди. Сўнг чуқур «уҳ» тортди-да, котибага юзланди.
– Майли, кирсин-чи.
Малика тўғри ўйлаган экан. Журналда бўлим бошлиғи бўлиб ишлайдиган ўрта ёшлардаги аёл атай ўзи келибди, очерк ёзармиш, тадбиркор аёл, тажрибали шифокор, меҳрибон она сифатида таърифлаб каттагина суратни ҳам босиб чиқарармиш. Ўзини Сожида Бону деб таништирган мухбир аёл бир зумда ёзилажак очеркнинг мазмунини айтиб, қаҳрамонимни қизиқтира олдим, деб ўйлади. Бироқ, бош шифокорнинг ўйчан қиёфаси уни лол қолдирди. Кўпни кўрган мухбир аслида очерк қаҳрамонини бироз уялишини (номига бўлса-да), журналнинг муқовасида катта рангли сурати берилишини эшитиб кўзлари севинчдан порлашини, поликлиникадаги яхши ишларни кўрсатишга шошиб қолишини кутганди.
Лекин Малика хотиржам эди. Гўё ёнига ҳеч қанақа мухбир келмаган, аксинча, қандайдир бемор ташриф буюриб ўз дардларини шоша-пиша айтмоқдаю шифокор унинг сўзларини жимгина, сиполик билан эшитиб ўтирибди.
– Хўш, нима дейсиз. Режам сизга маъқулми? – Ниҳоят ҳамроҳининг фикрини билишга қизиқди мухбир.
– Очерк деганларида мақтов кўпроқ бўлади-да. – Малика мухбир аёлга синчков назар ташлади.
– Нима, бу ёмонми?
– Йўқ, ёмон эмас албатта. Лекин мен сизнинг муаммоли мақола ёзишингизни истардим. Яъни…
Шу пайт котиба қиз чой кўтариб кирди. Малика гапни нимадан бошлашни ўйлагунча яна чиқиб келган Барно қўлидаги шоколад қутини диван олдидаги мўъжазгина ишланган хонтахта устига қўйди, чойнакдаги иссиқ чойни икки марта қайтарди. Кейин майин табассум ила бош шифокорга юзланди.
– Малика опа, диванга ўтиб бемалол суҳбатлашинглар. Қани, меҳмон, марҳамат!
Маликанинг юзига ним табассум югурди. Ўрнидан тураркан, мухбир аёлни диванга таклиф қилди. Котиба аввал меҳмонга, сўнг мезбонга худди келинлардек чиройли қилиб чой узатди. Бош шифокор яхшилаб ювилган, эримай артиб-тозаланган чойнак-пиёлага разм солиб қўйгач, аста гап бошлади.
– Очеркни мен тўғримда эмас, аксинча, мени қийнаётган масалалар, олдимда турган муаммолар ҳақида ёзсангиз. Ёки бир текширув ўтказсангиз, буни сизларда журналист тадқиқоти ёки журналист текшируви деб аташади. Яъни шу кейинги икки йил ичида поликлиникамизга қарашли маҳаллалардан шаҳар шифохоналарига нечта бемор мурожаат қиладию уларнинг қанчаси ётиб даволанди. Агар иложини қилолсангиз, ўша беморларнинг ётган кунларини, даволанишга қилинган сарф-харажатларини ҳам ўргансангиз. Кейин уларни аввалги йилларга таққослардик. Менимча, шунда масала ойдинлашади-қўяди. Биз яхши ишлаётган бўлсак, демак, ҳудудимиздан камроқ беморлар борган, агар ишимиз қониқарсиз бўлса, шифохоналарда ётганлар сони кўп. Бу тадқиқот мен учун жуда зарур, Сожидахон.
Маликанинг ҳолатида ўзгариш бўлди. Ҳар замонда чойдан хўплаб қўяркан, юрагининг тубига чўккан шижоати, ғайрати аста юзага чиқа бошлади.
– Тунов куни вазирликка боргандим. Катта амалдорлардан бири, биз поликлиникаларни қисқартиш устида иш олиб бораяпмиз. Маълумингизким, бозор иқтисодиёти шароитида иложи борича воситачилардан воз кечишга ҳаракат қилинади. Демак, биз ҳам ўз соҳамизда воситачилик вазифасини ўтаётган поликлиникалар хизматини кескин равишда қисқартиришимиз керак. Бу янги давр талаби. Бемор касалини текшириши учун поликлиникага қатнаши, навбат кутиб вақтини бекорга сарф қилиши шарт эмас. Эндиликда улар тўғридан-тўғри касалхоналарга бориб бемалол мурожаат қилаверишлари мумкин. Агар шунга эришолсак, биласизми, қанча штатларни қисқартиришимиз, давлатнинг миллионлаб маблағларини тежашимиз мумкин, деб қолдилар.
Лекин мен бошқача фикрдаман. Тўғри, ёмон ишлаётган поликлиникалар йўқ эмас. Уларда тепса тебранмас, қуруқ йўл-йўриқ кўрсатишдан бошқасига ярамайдиган врачлар ҳам бор. Бироқ бу барча поликлиникаларни қисқартириш, бутунлай йўқ қилиш дегани эмас-ку. Балки уларнинг ишини қайта кўриб чиқиш керакдир, участка шифокорларининг масъулиятини ошириш лозимдир. Зарур бўлса, аттестация ўтказишсин, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб боришсин. Ахир бу каби ишлар вазирликда ўтирган ўша амалдорларнинг биринчи галдаги вазифаси-ку!
Сиз балки ишонмассиз, биз атрофдаги маҳаллаларда яшайдиган одамларнинг поликлиникага бўлган муносабатини ўзгартира олдик, деб ўйлайман. Ҳозир поликлиникамизни оилавий поликлиника деса ҳам бўлади.
Аммо юқоридагиларнинг поликлиникаларга воситачи деб муносабат билдирилаётганига ҳайрон бўламан. Нима дейсиз, шу муаммоларни кўтариб чиқсангиз бўладими? Бу ерда бизни мақташнинг ҳечам кераги йўқ. Аслида вазифамизни сидқидилдан бажаряпмиз холос. Мақсадимиз одамларга биринчи тиббий ёрдам бериш. Сиз буни баландпарвоз гаплар, деб асло ўйламанг. Иш тажрибасидан келиб чиқиб тиббиёт тизимини бутунлай кенгроқ маънода тушуна бошлаяпман холос. Мен унинг асл моҳиятини энди-энди англаяпман. Яъни мен одамларни даволаш эмас, балки касалликнинг олдини олиш тарафдориман. Биз катта-катта шифохоналаримиз, уларнинг сони, биратўла юзлаб беморларни бирданига қабул қилишларию касални даволашга кетган сарф-харажатларнинг улканлиги билан мақтанмаслигимиз керак. Буни соғлиқни сақлашга берилаётган катта эътибор эмас, аксинча лоқайдлик деб таърифлаган бўлардим. Қани, ўзингиз айтинг, Сожидахон, ёнғинни олдини олиб, ҳудудида бирор марта ўт балоси чиқишига йўл қўймаганними ёки олов ичида қолган уйни қанча куч ва техника сарфлаб ёнғинни маҳорат билан ўчирган ходимни мақташ керакми?
Сиз журналист бўлсангиз, шулар ҳақида ёзинг. Ахир поликлиникалар иши ҳам худди шунга ўхшаб кетади. Биз маҳалладаги ҳар бир хонадонга кириб, уй эгаларининг соғлиғини назорат қилиб турсак, бошланадиган касалликни олдини олсак, ўйлайманки, шифохоналарга оғир аҳволдаги беморларнинг бориши кескин камаяди. Соатлаб операция қилишга, ўлим билан олишишга кўпам ҳожат қолмайди. Менимча, тиббиётнинг асл мақсади шунақа бўлиши зарур.
Малика сўзини тамомлаб мухбир аёлга кўз қирини ташлб қўйди. Орадаги сукут узоқ чўзилмаслиги учун яна ўзи гап бошлади.
– Бу гаплар очеркка мавзу бўлармикин?
– Нима ҳам дердим, мақсадингизни тушундим, муаммоларни ёритишга ҳаракат қиламан. Лекин сиздан анча нарсани ўрганса бўларкан.
– Кўп гапириб бошингизни оғритиб қўймадимми, ахир. – Бирдан ҳушёр тортди бош шифокор. – Узр, агар зериктириб қўйган бўлсам.
– Нега унақа дейсиз, Маликахон. Шундай эҳтирос билан гапирдингизки, мен ҳам тўлқинланиб кетдим. Бир томондан эса шундай мавзуларни ёритмаганимдан хижолат тортдим. Кўрдингизми, хонадан чиққандим, сиздай ажойиб шифокорни учратдим.
– Мен Музаффар акамга доим гапираман. Журналистлар ҳам бирор касбга жиддий ихтисослашиши керак, деб.
– Кечирасиз, у киши ким?
– Музаффар Қосимжонов. Эшитганмисиз?
– Ёшлар журнали бош муҳарририни назарда тутаяпсизми? Ҳм, у киши сизнинг турмуш ўртоғингизми? Жуда ажойиб учрашув бўлди-да, Маликахон. Танишганимдан беҳад хурсандман. Буни қаранг, ҳеч ўйламагандим. Унда… расмингизни муқованинг биринчи бетига берсак ҳам бўларкан.
Аёлларнинг самимий кулгиси янгради. Эшик очилиб котиба қиз кўринди.
– Чойни янгилаб келайми, Малика опа?
– Йўқ, раҳмат. – Мухбир ўрнидан қўзғаларкан, миннатдорчилик билдирди. – Қизғин суҳбатингиз учун сизга ҳам катта раҳмат, энди поликлиника билан таништирсангиз дегандим.
– Бажонидил.
Малика йўл бошлади.

* * *

Котиба эшикни очди…
– Сизни сўрашяпти, Малика опа.
– Ким?
– Танимадим. Қандайдир… эркак киши.
Малика гўшакни кўтарди. Котибанинг эшитмаётганига ишонч ҳосил қилгач, овоз берди. Аммо… кейин афсусланди, тутоқиб кетди.
– Яна нима дейсиз? Тинч қўясизми-йўқми?
– Тинчлик истасанг, яхшилаб гаплашиб олишимиз керак, – овоз келди гўшакдан.
– Мен сиз билан гаплашишни истамайман!
– Шошма, шошма, Малика. Биринчидан, аввал гапимга қулоқ сол. Иккинчидан, муҳим бир нарсани ҳал қилиб олишимиз зарур. Қўрқма, бегона жойга таклиф қилмайман. Аввал эшитсанг-чи! Муҳим бўлмаса, телефон қилармидим. Ҳа, айтгандай, эртага бошқармада йиғилиш бор-а. Биламан, таклиф этилгансан. Боришинг шарт. Мажлис уч соатлар давом этса, роса бирларда тугайди. Демак, сени бир яримда Ўрдадаги Анҳор кафесида кутаман. Агар ишхонангга бориб тўполон қилишимни истамасанг, албатта келасан. Бу сафар кўп вақтингни олмайман. Хўп, кўришгунча! Кутаман!
Алоқа узилди. Баҳром Маликанинг жавобини ҳам кутмай атай гапни қисқа қилди. Рад жавобини эшитишдан қўрққанлиги аниқ. Буни Малика ҳам тушунди. Бироқ у айни пайтда жуда таажжубда эди. Бошқармага таклиф этилганлигини, йиғилиш қачон бошланишию соат нечада тугашини қаёқдан билдийкин?
«Наҳот Барнодан ҳамма гапни билиб турган бўлса? Арзимайдиган совға-саломга сотилдимикин-а?» Малика бу гапларни кўнглидан ўтказар экан, аччиғланди. Ҳозироқ котибани чақириб уришмоқчи бўлди. Лекин… у яна Раҳмоннинг гапига қулоқ тутди. Подадан аввал чанг чиқариш маъқул эмаслигини ўйлаб фикридан қайтди.
У эндигина дераза ёнига келганда, хўжалик мудири Карим ака рухсат сўраб ичкарига кирди. Қўлидаги қоғозларга қўл қўйдиргач, мулойимлик билан «Соғ бўлсинлар», деди-да хонани тарк этди.
Малика кундалик юмушларини давом эттирмоқчи бўлди. Аммо қаёқда. Баҳромнинг ногоҳ қўнғироғи, кун режаларидан хабардорлиги уни яна ўйлашга мажбур этди.
«Энди, осонликча ундан қутула олмайман, шекилли. Нима қилсам экан-а? Музаффар акамга айтсаммикин?… Бироқ гапимни тўғри тушунармикинлар? Ёки бироз шошмай турайми? Уф, бу хира пашшадан қандай қилиб қутуламан энди?»
Хаёллар гирдобида қолган Малика эртанги учрашувнинг натижасини кутишни маъқул топди. Қани, Баҳром бу гал нима деркин?…

* * *

Тушлик вақти бўлгани учунми, кафеда одамлар кўп эди. Малика атрофга синчков нигоҳ ташларкан, хаяжонланаётганини, кимдандир қўрқаётганлигини сездирмасликка ҳаракат қилди. У зинадан тушгандаёқ ўрнидан туриб олган Баҳромни кўрганди, бироқ атай кўрмаганга олди. Эрим учраб қолса-я, деган ўйда шундоқ кираверишда бироз туриб қолди. Таниш чеҳрага кўзи тушмагач, ҳавотири ортга чекинди. У энди аста бир четдаги столга – Баҳром олдига яқинлашди. Истамайгина бош ирғаб саломлашди.
– Қани, марҳамат, ўтирсинлар, – илтифот кўрсатди Баҳром жилмайганча.
– Кўп ўтиришга вақтим йўқ, нима гапингиз бор? – Малика курсидан жой оларкан, стол устидаги нарсаларга тезгина нигоҳ ташлади. Бу ерга азиз бир меҳмон келадигандай тайёргарлик кўрилган эди.
– Аввало келганинг учун минг бор ташаккур. Сен гўзал ва латофатли бўлиш билан бирга ақлли аёл ҳамсан. Мендан қанчалар жаҳлинг чиқмасин, барибир мулоҳаза қилиб иш юритишингга ишонардим. Қани, мана булардан ол-чи, – Баҳром гап орасида Маликани тамадди қилишга чорлар, гоҳ яхна шарбатдан, гоҳ чойдан қуйиб узатар, икки кўзини қимтинибгина ўтирган аёлдан узолмас эди. – Энди сенга ростини айтай, бир даргоҳда ўқиганимиз, ўтмишга айланган бўлса-да чинакамига яхши кўрганим ҳурмати, сенга асло ёмонлик истамайман. Тунов кунги аҳмоқона гапларимни унут. Олдингга қандай бориб қолганимни, нималар деб алжираганимни ўзим ҳам билмайман. Тўғриси… ўша кунлари хотиним билан ит-мушук бўлиб юрувдим. Аламимни кимдан олишни билмай турганимда ногоҳ телевизорда сени кўриб қолдим. Ҳаётимда менга шундай бадбахт хотин учраганига, турмушим заҳар-заққумга айланганига, умрим шу шаллақи аёл билан ўтаётганига сени айбдор деб ўйладим-да, уйдаги бор нарсаларни остин-устун қилиб юбордим. Аслида эса… бунга ўзимнинг ношудлигим, сен учун курашмаганим сабаб эди. Ҳа, айб ўзимда. Аммо бу ҳақиқатни тан олиш жуда оғир кечди, Малика.
Баҳром бир зум тин олди. Бўш қадаҳларни ароққа тўлдиргач, бирини Маликага узатди. Аёл афтини буриштирди. Баҳром мажбур қилмади. Қўлига қадаҳни олиб, унга тикилиб турди-да қайтиб жойига қўйди. Яна Маликага тикиларкан, бир ютиниб қўйиб гап бошлади.
– Кейин… кейин кўзимга ҳеч нарса кўринмай қолди. Шаҳарда қолганингни, қаерда ишлашингни билдим-у тўғри олдингга келдим. Ўшанда шайтоний хаёллар ақлимни ўғирлади. Сен ҳақингда турли бўлмағур ўйларга бордим. Кимга турмушга чиқдийкин? Эри қанақа одамийкин? Ахир у ҳеч кимни севмасди-ку, эри билан аллақачон уришиб қолгандир, балки ажрашгандир ёки бирортаси билан… э, нимасини айтай сенга. Бошим айланиб, ақлимни йўқотдим. Шунинг учун аввалига яхши гапирдим, кейин юрагингга қўрқув солдим. Ваҳима қилсам, таклифимга рози бўларсан, деб ўйлабман-да. Ўша пайтдаги бирдан-бир мақсадим сени бағримга босиш, нима қилиб бўлса ҳам сенга етишиш эди. Аҳмоқлик ҳам шунақа бўладими? Буларни айтишга… ҳа, майли, ўтган гапларни унут, Малика. Бу ерга таклиф қилганимнинг сабаби битта, у ҳам бўлса – сендан кечирим сўраш. Ҳа, ўша куни тўғри айтдинг, севган одам бунақа қилмайди, деб. Ҳақиқатан ҳам шайтоннинг гапига кириб тинчингни буздим, юрагингга озор етказдим. Энди ўйлаб қарасам, катта хатога йўл қўйган эканман. Мен севган одамнинг эмас, аламзада эркакнинг ишини қилибман. Илтимос, мендан жаҳлинг чиқмасин. Агар кечиролсанг ўзимни бахтли ҳисоблардим. Негаки, сенга дўст тутинаман деб наф-ратингга учраб ўтирибман. Мен аҳмоқлигимни энди билдим.
Сен… ҳамон ўша мен билган гўзал ва вафодор Маликалигингча қолибсан. Сенга бахт тилайман, Малика, ҳақиқий бахт. Энди сенга яна етишолмагач, хотиним билан ярашишга, ўша шаллақи билан яна муроса қилишга тўғри келади. Сен ҳақ гапни айтдинг, тўртта болада нима гуноҳ. Яна уларнинг уволига қолмай. Ҳа, айтгандай, хотинга мана бу совғани олувдим. Бир кўр-чи, сохта эмасмикин?
Малика секин оқаётган анҳордан кўз узиб Баҳромга қаради. Бу ўша кунги қўпол, шиддаткор, нияти бузуқ Баҳромми ёки… Наҳот бир ҳафтанинг ичида шунчалар ўзгарган бўлса? Балки ростдан ҳам уни синаб кўриш учун ҳар хил гапларни айтгандир. Ахир бир гал суҳбатда эри ҳам худди шундай гап қилганди: «Эркакнинг табиати шунақами, гўзал хонимларни кўрганда атай гап ташлаб кўради. Қандай аёллигини билишга қизиқса керак-да». Демак, Баҳром шундай йўл тутдимикин? Энди қўлга киритолмаслигига ақли етиб «кечирим» сўраётганмикин?.
Бироқ унинг кўзлари бу сафар ҳам алдамаяптимикин? Бир текисда, худди ёдлаб олгандай майин ва таъсирчан сўзлари юракданми ёки бу чекинишнинг ортида қандайдир сир бормикан? Баҳромнинг узр сўрашини ўзига мулоҳаза қилиб кўраётган Маликанинг хаёлида турли ўй-фикрлар чарх урарди.
У айни пайтда ўзини ор-номуси топталган, ноҳақ хўрланган одамдай ҳис қилар, муз қотган юраги ғазаб ва нафратга тўла эди. Бу жажжи юракдаги муз қатлами шу қадар улкан, шу қадар чексиз эдики, унинг атиги бир четини, бир бўлагини илитмоқ жуда мушкул эди.
– Мен бунақа нарсаларни тушунмайман.
– Ҳар қалай аёл кишисан-ку, бир кўр-чи? Қўрқма, сенга бераётганим йўқ-ку.
Баҳром тилла занжирни осилтириб тураверди. Малика ноилож қўлини чўзди. Кейин бир зумгина кўрган бўлдию дарров эгасига қайтарди.
– Ҳақиқийми?
– Шунақа бўлса керак.
– Раҳмат сенга.
Баҳром бир зумга гапидан тўхтади. Официант аёл икки косада яримлатиб қуйилган иссиқ овқат келтириб қўйиб кетди. Малика назарини солиб ҳам қўймади. Тобора тўлқинланиб бораётган Баҳром гапи узилганидан жаҳли чиқди, лекин «ёқимли иштаҳа» тилаган фартукли аёлга индолмади. Маликани овқатдан ичишга ундади. Кейин яна гапини давом эттирди.
– Агар хафа бўлмасанг, бир нарсани сўрасам. Аввало, бундай бўлишини асло хоҳламайман. Лекин мободо, эринг сенга хиёнат қилганини билиб қолсанг…
– Музаффар акам сиз ўйлаган эркаклардан эмас!
– Бунинг учун минг раҳмат унга. Мен фақат мабодо деб сўрадим, холос.
– Ажрашармидинг ёки сенам юриб кетасанми, деган саволларингиз ҳам бордир?
– Умуман…
– Бунақа нарсаларнинг ташвишини қилмай қўяқолинг. Ҳар қандай шароитда ҳам сизга ишим тушмайди.
– Ҳозир гапириш осон, Малика. Чунки бунақа воқеа бошингга тушмаган. Ундан кейин эрингни бегона аёллар билан дон олишиб юрганини билмайсан. Агар эшитсанг, ўзингни қаерга қўйишни билмай қоласан. Дунё кўзингга қоронғу кўриниб кетади. Юриш-туришингда ҳаловат йўқолади, еб-ичишингда эса маза-матра бўлмайди. Ҳатто болаларинг ҳам сенга юпанч бўлишолмайди. Шундай руҳан тушиб кетасанки, ниҳоят, ўзингни ўзинг ўлдиришга қасд қиласан. Бироқ… ўлдира олмайсан. Охиратинг куйиб кетишидан қўрқасан. Бу ёмон нарса, Малика. Аввало бошингга тушмасин. Тушса, сен меҳр қўйган, покдамон эр деб юрган азиз киши юзингга ноҳақ тарсаки туширгандай ёки боплаб туфлаб юборгандай бўлади. Кейин эса… бу дунёда ёлғиз қолган етим қўзидек бошингга не ташвиш-у маломатлар, не-не кўргулигу жабр-жафолар тушишини билмай сарсон-саргардон кезасан.
– Шифокорлик касбини ташлаб, фалсафадан дарс бермаяпсизми мабодо?
– Сен кулма, Малика. Бу шафқатсиз дунёда нималар бўлмайди, дейсан. Кутилмаган воқеалар, ноҳақлигу бахтсизликлар олдида бош эгиб қолишинг мумкин. Билмадим, ўшанда ҳам кулармикансан ёки…
– Нимага шама қиляпсиз? – Малика олдига қўйилган косадаги овқатни нарига олиб қўйди.
– Озгина ичсанг-чи! Қўрқма, куф-суф қилинмаган.
– Худди бирор нарсани биладигандай бемалол гапирганингизга ҳайрон бўляпман-да.
– Ҳайрон бўлма, шунчаки сўрадим-қўйдим. Эрингга ишонганинг яхши, албатта. Фақат… жуда қаттиқ ишонаверма, демоқчиман, холос. Ҳа, айтгандай, сендан яна бир нарсани сўрамоқчи эдим.
– Йўқ, раҳмат, энди мен тураман.
– Ҳозир, бир дақиқа. Сўнг иккимиз бирга турамиз. Мен сени кузатиб қўяман.
– Керак эмас! Мен ўзим кетаман.
– Ҳа, яхши.

* * *

Малика ёлғиз қолди дегунча ўзи билан ўзи гаплашадиган бўлиб қолди.
«Наҳот Музаффар акам менга хиёнат қилаётган бўлса?» Ўйида тинимсиз чарх ураётган бу гумондан қутулишнинг чораси йўқ.
Кечалари уйқунинг ўрнига шу шубҳа пайдо бўларди.
– «Оила ва жамият» газетасида «Энди нима қилай?» деган мақолани ўқидингизми? – сўради Малика дам олиш куни эридан гап олиш мақсадида.
Тушликдан сўнг энди диванга ёнбошлаган Музаффар эринибгина хотинига жой бўшатди. Малика эрининг ёнига ўтираркан, қўлидаги газетага термулди. Эр-хотин бундай мақолалар юзасидан тез-тез фикрлашиб туришлари боис, бу аслида одатдаги савол эди. Аммо шу сафар Музаффар пешонасини тириштирди. Сўнг қўлини Маликанинг елкасига аста ташларкан, норози қиёфада деди:
– Ке, қўй, бировларнинг муаммосини. Ишдан ҳам гап очмасанг, жуда яхши бўларди.
– Нега энди? – ажабланди Малика эрининг қўлини елкасидан оларкан. – Ёки ўзингиз ҳаётий бирор воқеа-ни гапириб берасизми?
– Қанақа воқеани?
– Дейлик, сизни бир аёл ёқтириб қолди. Уйланганингизни, ҳатто фарзандларингиз борлигини ҳам билади. Аммо шуларга қарамай ёқиб қолдингиз. Бу ҳақда ноқулай бўлса-да у сизга гапирди. Хўш, нима қилган бўлардингиз?
– Ёқтиришини давом эттиришини сўрардим.
– Нима учун?
– Бу унинг шахсий иши. Истаганича ёқтираверсин.
– Ҳазил қилмай гапирсангиз-чи!
– Ҳазили йўқ, – жиддий оҳангда жавоб қилди Музаффар. – Мениям аёллар ёқтирса, бу яхши гап-ку?
– Ёқиб кетдими, дейман. Балки, сиз ҳам бирортасини ёқтириб қолгандирсиз?
– Нега энди бирортасини, масалан, менга кўп аёллар ёқади.
– Ростданми? Демак, менга хиёнат қилаётган экансиз-да…
– Ёқтириш билан хиёнат ўртасида ер билан осмонча фарқ бор, – Маликанинг гапини чўрт кесди Музаффар.
– Кечирасиз, менимча, ораси бир қадам, халос.
– Наҳот?
– Ҳа, шунақа.
– Лекин сен бу гал баҳслашмоқчи бўлган рақибга ўхшамаяпсан қандайдир… Ўзингни ғалатироқ тутяпсан-да. – Музаффар оёқларини йиғиб бутун вужуди билан хотини тарафга қараб ўтирди.
– Сизга кўп аёллар ёқишини билмаган эканман.
– Рашк қилаяпсанми?
– Нега энди?
– Аёл киши ўзининг чиройли одоби, муомаласи, юриш-туриши билан ўзга эркакнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиши мумкин. Бу муносабатларнинг севги ёки хиёнатга умуман алоқаси йўқ.
– Қайси бир китобда: мутлоқ вафоли эркакларни «Қизил китоб»дан қидириш керак, деб ёзишган экан.
– Балки бу гапни ишхонангдаги ғийбатчи аёллардан эшитгандирсан?
Малика эрига тезгина қараб оларкан, китобдан ўқиганини таъкидлади. Музаффар хотинига яқинроқ сурилди.
– Шу бугун тинчгина дам олсак бўлмайдими?
– Бўлмайди.

* * *

Кузнинг гоҳ илиқ, гоҳ изғиринли кунлари қизғин иш билан ўтиб борарди.
…Қиш бошланган кунларнинг бирида эндигина тушликдан қайтган Малика столи устида дафтар ҳажмича келадиган оч жигарранг конвертни кўриб таажжубга тушди. Бир кўнгли Барнони чақириб сўрамоқчи бўлди, аммо тезда фикридан қайтди. Аста жойига ўтираркан, қўлига қайчи олди.
– Расмларми?
Малика конвертни ёнидан очиб унинг ичидан анчагина суратларни олди. Кейин уларга қўрқибгина нигоҳ югуртираркан, бирдан бўшашиб кетди: гўё устига кимдир муздек сув қуйиб юборди. Бироз ўзига келгач расмларни битталаб кўра бошлади. Аммо энди унинг кўзлари катталашиб, юпқа лаблари титрашга тушди. Сўнг ичида нимадир оловланди, ҳарорат бутун вужудини қиздира бошлади. Шарт ўрнидан туриб кетди. Расмларни стол устига ёйиб ташлади. Нигоҳи суратдан-суратга ўтаркан қандай қилиб бақириб юборганлигини ўзи ҳам сезмай қолди:
– Вой, ифлос-ей!
Малика ичидан тошиб келаётган ғазаб ва нафратни боса олмади: столи устини сидириб юборганди, расмларга қўшилиб турли қоғозлар ҳам полга ёйилди. Ногоҳ орқасига юрганди, курси ағдарилди. Гурсиллаган овоздан хавотирландими, эшикда котиба қиз кўринди.
– Ёп эшикни!
Эшик қандай шошиб очилган бўлса, шундай тез ёпилди. Фиғони фалакка кўтарилган Малика бир зум нима қиларини билмай қолди. Сўнг билинар-билинмас титраётган қўллари билан столга таянди. Аммо бу ҳолатда кўп туриш мумкин эмасди. Истаган пайтда хонага кимдир кириб қолиши… Худо кўрсатмасин, мабодо расмларга кўзи тушса… Малика ақлини йиғди, тишини-тишига босганича суратларни тўплаб, яна конвертга жойлади. Иш жойини бироз тартибга келтирган бўлди, кейин аста диванга келиб ўтирди.
«Вой ўлай, энди нима қиламан!». Малика ичида бошланган ғалаённи босиш учун кўзларини юмди, бошини диванга қўйди. Йўқ, у хаёллар гирдобидан қутулолмади.
… Шаҳд билан ётоқхонага кирган Малика янглишмаганди. Ишдан келган Музаффар кийимларини алмаштиргач, одатдагидай бир зум дам олиш учун ўрнига чўзилган эди. Малика эшикни зичлаб ёпгач, қўлидагини эрига отди. Музаффар эпчиллик қилиб илиб олмаганда, ярим килоча келадиган конверт «шап» этиб юзига тушиши аниқ эди.
– Нима бу? – хотинининг кутилмаган зардасидан жаҳли чиқса-да эр ўзини қўлга олди. Тўғриси, ранги оқариб титраб-қақшаб турган Маликанинг тажовузкор ҳолати аччиқланишига йўл қўймади.
– Сиз, сиз мунофиқ, экансиз. Билдингизми?
– Мунофиқ!
– Ҳа, ундан ҳам баттарсиз. Сиздан нафратланаман! Уятсиз! Хотинбоз! Хўш, ким у? Қайси ўйнашингиз?!
– Қаердан олдинг буларни? – ниҳоят тилга кирди Музаффар. У ўсал бўлганидан шунчалар қизариб-бўзариб кетгандики, умрида ҳеч қачон бунақанги аянч-ли аҳволга тушмаган эди.
– Нима ишингиз бор? Нима, хотиним менга ишонади, орқамдан пойлаб юрмайди, истаган пайтимда маишат қилавераман, деб ўйлаганмидингиз! Одамлар гапиришганда ишонмагандим, энди ўз кўзим билан кўриб турибман. Кеч бўлсаям, кўзимни мошдек очиб қўйишди. Афсус, шунча умрим бекор кетди. Танлаб-танлаб хотинбоз бир шоирга эрга тегибман-а!
– Бўлди, бир пас шошмай турсанг-чи!
– Э-э, йўқ, энди, сиз шошмай туринг. Мени шу пайтгача лақиллатиб юрганингиз етар. Наҳот, умид билан бир ёстиққа бош қўйган, бунинг устига севиб уйланган эр фоҳиша бир аёл билан кўча-кўйда қучоқлашиб, ўпишиб юрса? Ҳали, бошқа ҳолатдаги суратларингиз ҳам бордир? Уларни қачон оламан!
– Нималар деяпсан, Малика! – Музаффар расмларни отиб юборди – Булар ғирт туҳмат-ку! Мен умуман бегона аёл билан бўлмаганман!
Бу гапни эшитиб Малика баттар тутоқиб кетди. Расмлар ичидан бирини қўлига олди-да бармоғи билан ниқтаб деди:
– Унда, мана бу қайсидир кўл бўйида яланғоч аёлнинг устида ётганингиз ҳам ёлғонми? Ана шу фоҳиша билан машинада ўпишиб турганингиз-чи?
– Ҳозир сенга ҳаммасини тушунтириб бераман. Ўтир, – Музаффар ўрнидан туриб Маликанинг қўлидан ушлаб ўтқазмоқчи бўлди.
Малика шарт қўлини тортиб олди.
– Кераги йўқ, шундоқ ҳам ҳаммаси ойдек равшан! Энди сиз билан яшашга ор қиламан. Марҳамат, мард бўлсангиз, уйни бўшатиб қўйинг. Бўлмаса, мен кетаман. Болаларимни оламану, бошим оққан томонга жўнайман!
– Малика, Малика, – хотинини тинчлантиришга уринди Музаффар.
– Сиз билан бошқа гаплашмайман. Уруш-жанжал ҳам қилмайман. Яхшиликча ажрашаман-қўяман.
– Гапимга қулоқ солмайсанми?
– Йўқ.
– Аввал эшитсанг-чи? – астойдил жаҳли чиқди Музаффарнинг.
– Агар мен номусимни сақлай олмаганимда, қўлингизга бегона эркак билан ўпишиб турган расмларимни бериб кетишганда сиз нима қилган бўлардингиз? Мени кечирармидингиз? Гапиринг!.. Яна шунақа, пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга! Гап тамом! – Бевафо эрнинг кераги йўқ, менга.
– Шунақами? Тушунишни истамайдиларми? Яхши, кейин афсус қилмайдиларми?
– Афсус қилсам, эрсиз ўтарман.
– Нимаям дердим, – бир оз ўйланиб турган Музаффар эшик томонга йўналди. – Аммо кетиш олдидан бир гапни айтиб қўяй. Мен бу аёл билан умуман бирга бўлмаганман. Хоҳла ишон, хоҳла ишонма. Бироқ атай уюштирилган қандайдир бўлмағур расмларни деб ажралиб кетишимиз бу ғирт аҳмоқлик. Қўяётган шартинг аҳмоқликдан бошқа нарса эмас. Кимдир бизни уруштириб қўймоқчи. Ажраб кетишимизни хоҳлаяпти. Мана бу расмларга қараб шундай хулосага келдим. Сен эса қайсидир ғаламиснинг бўҳтонларига дарров ишоняпсан, ўйламай-нетмай лаққа тушяпсан.
– Суратлар туҳмат эмас. Сизнинг жирканч башарангизни фош қилувчи ҳақиқат улар! Ўзингизни оқламай қўя қолинг. Сиз билан бир дақиқа ҳам яшай олмайман.
– Болаларни тирик етим бўлишини истайсанми?
– Уларга ҳам хотинбоз ота керак эмас. Агарда мана бу расмларни кўришса борми, бир умр афтингизга қарашмайди.
– Жинни бўлдингми?
– Унда тинчгина кета қолинг.
– Демак, охирги гапинг шу!
– Ҳа!
Музаффар ноилож костюмини елкасига ташлади. Малика нимадир демоқчи бўлган илтижоли нигоҳлардан кўзини олиб қочди.
Эшик «Қарс» этиб ёпилди.
Бироқ хиёл ўтмай эшик қайта очилгандай бўлди. Малика «Уф» тортиб йўлакка чиқаркан «Яна нега қайтдингиз?» деб эрига жаҳл қилмоқчи эди, бироқ… тили гапга айланмади: ланг очилган эшик олдида тиржайганча Баҳром турарди.
Малика турган жойида қотиб қолди. Қўрқиб кетганидан ранглари оқарди. Ўзига келиб эшикни ёпмоқчи бўлганди, нимагадир қоқилиб йиқилиб тушай деди. Шунда у сесканиб кетдию…
Хаёлини йиғиб олди.
Ичига туфлаб қўйгач, аста ўрнидан турди. Хонадан чиқар экан, ўйлади: «Наҳот, бу расмлар рост бўлса? Баҳромнинг ёз бўйи қилган иши шумикин ҳали?. Нима қилсам экан-а? Аввал текшириб кўрсаммикин? Ҳа, айтгандай, аввал Бахтигул билан маслаҳатлашсаммикин?»
Малика уйга етиб келгунча тузган режасини ҳозирча сир тутишга қарор қилди.

* * *

У ишдан шунчалар ҳориб қайтдики, на кечки овқатни ейишга, на болалар билан гаплашишга кайфияти бўлмади. Ўзини қўлга олишга қарор қилгани рост, бироқ ички бир изтироб, дарз кетган юрак туғёни етилиб келаётган вулқонни эслатарди.
Соат ўн бирга яқинлашганда эшик қўнғироғи чалинди. Болалари ухлаб қолган шекилли, қўнғироқ қайта овоз берди. Малика ноилож ўрнидан турди. Қовоқлари осилган, овзои бузуқ эрига кўзи тушиб ҳайрон бўлди ва истар-истамас салом берди-да ошхона томонга ўтиб кетди.
Тишини тишига қўйиб чой қўйди, қизи тайёрлаган овқатини иситди. Бироқ Музаффар ҳадеганда ётоқдан чиқавермади. Одатда у ишдан кеч келишига қарамай, уйга қувноқ кайфиятда қадам ранжида қиларди. Кийимларини тез алмаштирарди-да «Хўш, жоним, бугун қўлларидан қандай таом еймиз?» дея ошхонага кириб келар, севимли ёрини елкаларидан қучиб (агар болалар бўлмаса), бўйнидан аста ўпиб қўярди. Бунга ўрганиб қолган Малика шу тобда аччиқланган ҳолатда бўлишига қарамай бироз хавотирланди. Кейин ўйлади: «Расмларни кўрдимикин? Балки шунинг учун кайфияти йўқдир?».
Малика дастурхон ёзишдан аввал, нимадир баҳона қилиб хоналарига кирди. Кирдию ишдан қандай кийимда келган бўлса, шундайича ўринга ташлаган эрини кўриб баттар таажжубланди. Дим тушганча ётган Музаффар оёқ товушини эшитса-да ўгирилиб ҳам қўймади.
– Нима ётиш бу, Му…, – ниҳоят тилга кириб сўради зардаси тошган Малика, бироқ у эрининг исмини айтиб чақиришдан ўзини тийди.
– Нима гап? – Бироздан сўнг яна қайтарди Малика.
– Ишдан бўшатишди, – деди Музаффар бошини салгина кўтариб, лекин унинг овози жуда заиф эшитилди.
– А-а…
Малика тилини тишлади: сал бўлмаса «Ажаб бўпти!» деб юбораёзди.
– Нега бўшатишди? – ўзини хотиржам тутишга уринган Малика беихтиёр дераза рахига суянди.
Музаффар истамайгина ёнбошига ағдарилди. Сўнг хотинига кўз қирини ташларкан, ғижиниб гап бошлади.
– Бир фирибгар аёл мени тоза боплади. Биз уни туппа-тузук шоира деб юрсак, учига чиққан ғирт кўчирмачи экан. Зулфиянинг шеърларини фақат сарлавҳасини ўзгартириб олиб келса, қарамасдан босиб юборибмиз. Мана, – Музаффар ён чўнтагидан икки букилган журнални олиб оёқ томонига ташлади. – Падарингга минг лаънат.
Малика журнални варақлар экан, унинг ўрта саҳифасида жилмайиб турган аёлга нигоҳи тушди-ю… бирдан қути учиб кўзлари қинидан чиқиб кетаёзди.
– Ахир бу, бу… – нафрат туйғуси шунчалар кучли эдики, у бирданига портлагани туфайли Маликанинг бўғзига тиқилди.
Музаффар ялт этиб хотинига қаради. Малика расмларни ўзи билан олиб келмаганига жуда афсусланди. Агар ёнида бўлганда роса мавруди келган экан-да: суратларни битта-битта эрининг башарасига отарди. «Манави ўйнашингиз-ку бу аёл!» деб шармандасини чиқарарди.
Малика журнални беихтиёр ғижимлай бошлади. Музаффар унинг бу қилиғини тушунмай анграйиб қолди. Вужудини нафрат туйғуси эгаллай бошлаган аёлнинг хаёлидан айни пайтда. «Алдаган бўлса, жуда боплабди. Сизга ўхшаган хотинбозларни худди шунақа қилиб таъзирини бериш керак. Тавбасига таянтириш зарур!» деган фикр кечди.
– Сенга нима бўлди, Малика? – ўрнидан туриб кетган Музаффар хотинига яқинлашди.
– Қайтар дунё деб шуни айтсалар керак-да. Бировни алдамоқчи бўласан-у, аммо ўзингни ўзинг алдаётганингни билмайсан. Қилган гуноҳимни ҳеч ким кўрмаяпти, деб ўйлайсан. Аммо бир кун келиб шундай шармандаи шармисор бўласанки…
– Нима деганинг бу?
– Тушунмадингизми?
– Йўқ.
– Қизиқ… шу нарсани деб ишдан бўшатишдими?
– Ҳа.
– Аввал танимасмидингиз бу аёлни?
– Бир-икки кўрганман, – деди Музаффар анча синиқ овозда. Бироқ сал ўтмай қиёфасига жиддий тус берди. – Менинг ўрним кимгадир керак бўлган. Бўлмаса, бунақа материалларни назм бўлими тайёрлайди. Шеърларни текшириш ҳам уларнинг вазифаси. Аммо… калтак негадир менинг бошимда синди. Ҳа, майли, бу кунлар ҳам ўтиб кетар.
Музаффар хотинининг қўлидаги журналга қўл чўзар экан, ҳамон ҳайратда эди. Кўзларида ғазаб учқуни сачраётган Маликанинг айни пайтдаги ҳолати ваҳимали эди. Унинг нимадир демоқчи бўлиб турганлигини Музаффар ички бир туйғулари ила сезиб турарди. Ғижимлаб ташланган журнал, гоҳ қимтилган, гоҳ билинар-билинмас титраган нозик лаблари, баъзида маъюс, баъзида эса чақнаб турган шаҳло кўзлари Музаффарни таажжубга солар, гўё у қандайдир сирдан воқиф, ниманидир биладию, аммо айтишга қийналаётгандай тутарди ўзини.
– Журнал менда туради.
– Нега? – баттар ҳайратланди Музаффар.
– Сизни ишдан олишган кундан эсдалик учун. Ундан кейин мана бу аёл менга ёқиб қолди. Баъзида суратини кўриб тураман.
– Устимдан куляпсанми? – деди Музаффар бироз саросимага тушиб.
– Нега энди? Менинг эримни шарманда қилиб обрўсини туширган, жонажон ишидан кетишга мажбур қилган сохта шоира билан бир учрашмоқчиман.
– Нима? Э, қўйсанг-чи бўлмағур гапни. Мен ўзим…
– Тилингиз қисиқ жойи йўқми, ишқилиб? – Малика хонадан чиқаркан, эрининг гапини бўлди.
– Йўўқ, – деди Музаффар бўғиқ овозда.
Малика эрининг ёнидан ўтаркан, кўзларига разм ташлади. Музаффар доска олдида саволга жавоб бера олмаган ўқувчидай бирдан қизариб кетди, сўнг негадир ютиниб қўйди.
Малика бошқа индамади.
Хонадан чиқиб кетиши билан Музаффар ўзини яна ўринга ташлади.

* * *

Кейинги кунларда Маликанинг қўли ишга бормай қолди. Гўё кимдир унинг орзу-умдларини чилпарчин қилган-у энди келажакдан нажот йўқ. Раҳбарнинг ғайрат-шижоати сўнганини ходимлар аллақачон пайқашган, ишдан кетган эри тўғрисидаги миш-мишларни ҳам эшитиб улгуришган. Аммо булар ҳақида ҳеч ким гўё гаплашмайди. Бир қарашда ҳар ким ўз вазифасини бажариш билан банд: ортиқча гап-сўз эшитилмайди, бекорчи югур-югур кўзга ташланмайди.
Малика ҳамкасбларининг самимий муносабатларини сезиб турса-да, лекин назарида улар сал бошқачароқ бўлиб қолгандай туюларди. Аслида у ўзини қийнар, ичидан зил кетар, меҳр қўйган эри хиёнат қилганига сира чидай олмаётган эди. Фиғони кўкка кўтарилган пайтларда «ҳозирча жим туриш керак» деган қарорни бузиб, эри билан орани очиқ қилиб олгиси келарди. Шунда сал ҳовуридан тушармиди, алами босилармиди.
Шубҳа-гумон аёлнинг ичини кемириб борарди. Ўйлаган сари ўйининг адоғига етолмасди. Тунов кунги суҳбатдан кейин эридан бутунлай кўнгли қолди. Демак, ўзини шоира деб таништирган анави аёлни аввалдан яхши билган. Пинҳона учрашиб турган, шунинг учун шеърларини журналда чиқарган. Вой писмиғ-ей, яна тилим қисиқлик жойи йўқ, дейди-я? Эридан нафратлана бошлаган сари, қандайдир куч унинг қулоғига шивирлай бошлади.
«Эрингга бўш келма, шарт бориб ёқасидан ол. Расмларни кўрсатиб, шармандасини чиқар. Нимани кутяпсан? Сени менсимай, оёқости қилган бевафо эркакни нега аяб ўтирибсан? Хиёнатини фош этмайсанми? Гапларига ишониб ўтирибсанми? Топган баҳонасини қара, бўлимдагилар айбдор эмиш. Ахир расмлардан кўриниб турибди-ку бу аёлнинг кимлиги. Тили қисиқ бўлгани учун ҳам ўзи кўрсатма берган, ҳатто кўриб, текшириб чиқишларигаям вақт қолдирмаган. Бошлиқнинг дағ-дағасидан қўрққан-да у бечора ходимлар ҳам. Ҳа, бу ерда эринг айбдор. Буни ўзинг ҳам билиб турибсан. Шундай экан, уни аяб ўтирма! Хиёнат қилиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўй. Нима, сенинг орқангдан юрганлар йўқми? Бутун бойлигини оёғининг остига ташлайман деганлар қанча. Ҳамон гул кўтариб келиб турганлар ҳам бор. Сен бўлса, ўзингни фақат эрингга бағишлаб юрибсан-а… Қадрингга етмаган одамнинг боридан йўғи яхши. У ҳам хор-зор бўлиши керак. Қўрқма, эрсиз ўлиб қолмайсан. Қани, тур, ўйланма!»
Малика бундай нохуш ўйлардан базўр қутуларди. Баъзида юраги эзилиб, кўзларидан шув этиб ёш оқарди. Кейин бирортаси кўриб қолмасин, деб шоша-пиша артишга тушарди. Ўзини қўлга олганда эса яна бир қандайдир куч уни ёвуз фикрлардан воз кечишга ундарди.
«Сабр қил. Шайтоннинг гапига қулоқ солма. Сен ҳали қаердан биласан, балки буларнинг барини ҳақиқатдан ҳам кимдир атай уюштиргандир? Ҳамма расмларда, ҳатто журналдаги суратда ҳам ўша аёл экан, бу бир кишининг душманлик иши эканлигига наҳот ақлинг етмаяпти? Эрингни ишдан бўшатиш, сенинг мустаҳкам иродангни синдириш, номусингни булғаш учун атайлаб қилинган бўлса-чи. Яхшилаб ўйла, Малика. Бир томонда фарзандларингнинг бўйи етиб турибди. Олдинда қатор-қатор тўйлар бор. Агар ажрашсанг кунинг кимга қолади? Нияти бузуқ Баҳромгами? Бу кўнгилсиз воқеаларни у содир қилаётганини наҳот пайқамаётган бўлсанг? Агар ёдингда бўлса, «Исботлаб бераман» деганди. Мана қандайдир йўллар билан исботлади ҳам. Хўш, энди унинг гапига, у олиб келган беҳаё расмларига ишонишинг керакми? Сен ақлли аёлсан. Етти ўлчаб бир кесишинг зарур. Кейин афсус-надомат қилганингни фойдаси йўқ. Оила муқаддас нарса. Уни асраб-авайлаш кўпроқ сен каби оқила аёллар қўлида. Душманнинг синов учун берган ёлғон зарбидан дарров ўзингни йўқотиб қўйма. Ақл билан иш тут. Сабр таги олтин, деб бекорга айтишмаган. Сабр-қаноатли бўл, Малика!»
Шўрлик Малика икки ўт орасида қолганди. Нима қилиш кераклигини билолмай, ҳайрон. Сабр қилай деса, эрини кўрган сари ёниб кетарди. Ёқасидан олай деса, сал нарида тиржайиб турган Баҳром кўзига кўринарди…
Алламаҳалгача қизининг ёнида ётган Малика беихтиёр марҳума онасини эслади. Раҳматли бир гапни кўп такрорларди. «Эшит, – дерди қизини ёнига ўтказиб олиб.
– Инсоннинг икки елкасида биттадан фаришта ўтиради. Чап елкасидаги фаришта гуноҳ ишларини, ўнг томондагиси эса қилган савобу яхшиликларини ёзиб туради. Яратган эгам ўз бандаларига меҳрибон зот. Буни қара, агар бандаларим савоб иш қилса, дарҳол ёзинглар, деб ўнг елкада ўтирадиган фариштага кўрсатма берган экан. Мабодо гуноҳ қилиб қўйса, чап елкадаги фариштага сабр қилишни уқтирган экан. Яъни «Эрталаб гуноҳ иш қилса пешингача, агарда кундузи содир этса, кечқурунгача ёзмагин, балки бандам ўз гуноҳига дилдан иқрор бўлиб, астойдил тавба қилса, мен уни мағфират қилувчиман», деб амр қилган экан. Бу гапларда ҳикмат кўп, қизим. Одамзот шайтоннинг эмас, раҳмоннинг гапига қулоқ солиши зарур. Шундагина қилган ишларидан пушаймон бўлмайди. Доимо сабрли бўл, она қизим!»
Малика марҳума онаси билан хаёлан гаплашганича тунларни бедор ўтказарди. Фақат тонгга яқингина кўзи илиниб бир зумгина ором оларди. Бироқ у уйқусида ҳам тинч ётмасди, тушида кимлар биландир урушиб чиқарди, эрталаб турганда бутун вужуди зирқираб оғрир, баттар толиққан, баттар эзилгандай ҳис этарди ўзини. На кечаси, на кундузи тинчлик йўқ эди бечора Маликага.
Баъзида кечалари бўладиган аёз гўё қаттиқ қишдан дарак берарди…

* * *

Йўқ, энди бундай яшай олмайди. Қачонгача қўл қовуштириб ўтиради. Юрагини эзиб, ўзига ўзи азоб бергани етар. Турмуши қандай осуда эди-я. Тинч ҳаёт йўлида безори Баҳром пайдо бўлдию ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетди. Энди ишининг қизиғи ҳам, елиб-югуришининг маъноси ҳам йўқолгандай. Эридан-ку бутунлай кўнгли қолди. Расмлар минг уюштирилган бўлса-да ўша беномус аёлни сувдан кўтариб чиққани, қирғоққа ётқазиб ўпгани рост эмасми? Ахир ҳаммаси аниқ-тиниқ кўриниб турибди-ку. Яна қанақа исбот керак?
Эрининг беҳаё қилиқлари муҳрланган суратларни ўйлар экан. Малика тутоқиб кетарди. Шундай пайтларда юраги зардобга тўлиб кетган аёл шарт ўрнидан туриб рақиби билан курашга отланганини ўзи ҳам сезмай қолади. Ҳа, ҳеч нарсани кутмайди, ортиқча сабр ҳам қилмайди. Энди унинг йўқотадиган нарсаси йўқ, ҳозироқ бориб Баҳромнинг ёқасидан олади.
Энди эшик тутқичини ушлаган пайтда қандайдир куч уни яна тўхтатди. Сабр қилишга ундади. «Сабр! Ахир қачонгача! Ундан кейин нимани кутаман? Эрим, отаси қариб қолганлигини баҳона қилиб Жиззахга кетиб қолган бўлса, Баҳромнинг келишини, юрагимни тиғлаб кетишини кутайми? Ахир бардошим тугаб боряпти-ку. Дардимни кимга айтай? Кимдан ёрдам сўрай?»
Малика кўз ёшларини тиёлмай, йиғлаб юборди. Ноилож ортига қайтди. Ўтирса, беаёв ўй, шафқатсиз хаёллар яна фикру зикрини яна ўғирлашини билиб, деразадан ташқарига – кеча ногоҳ ёғиб ўтган биринчи қорга термулди.
Мактабдан қайтаётган болаларнинг шодон қий-чуви оламни бузарди. Ўғил болалар қор баҳона қизларнинг ортидан югуришади. Гоҳ узоқдан қор отишади, гоҳ яқин келиб юзига муздек қорни ишқаб кетишади. Гўё шу билан ўзларининг борлигини маълум қилгандай, қандайдир эски аламларидан: балки ёзган хатларини ўқимай йиртиб юборганми ёхуд берган гулларини олмаганми, ишқилиб ҳам жаҳл, ҳам меҳр аралаш аяб-аямай хуморидан чиқиб олишаётгандай. Лекин қизлар ҳам анойи эмас чоғи, ўчини олиш учун ҳаддидан ошган болаларни қувлаб кетишади.
Беғубор ёшлик, меҳр-муҳаббат тўла нодонлик. Ҳазил-ҳузил ила ўтаётган бетакрор дамлар. Малика бу қувноқ манзарага тикиларкан, мийиғида кулиб қўйди.
Бироқ унинг хаёли тиниқланган дамлар узоққа чўзилмади. Эшик очилиб ҳеч кутилмаганда остонада Баҳром пайдо бўлди. У сипо кийинган, юриш-туришлари аввалгидай шиддаткор эмас, ўзини босиқ тутишидан анча қуйилиб қолганга ўхшайди.
– Ниятингизга етдингизми? – деди Малика саломга алик олиш ўрнига.
– Қанақа ниятимга? – аллақачон диванга бориб ўтириб олган Баҳром пешонасини тириштирди.
– Расмларни ким жўнатди менга? Бу сизнинг ишингиз! Одам дегани ҳам шунақа пасткаш бўладими?
Ҳамон дераза ёнида турган Малика кесиб-кесиб гапирди. Баҳром ўзини ҳеч нарсадан хабари йўқдай тута бошлади.
– Расмлар? Нималар деяпсан, Малика.
– Сиз нима қилган бўлсангиз, шуни гапиряпман! Лекин бу номарднинг иши, билиб қўйинг! Яна севаман деб оғиз кўпиртирасиз-а? – деди жаҳл билан Малика.
– Севишим рост. Фақат…
– Бас қилинг! Чиқинг, хонамдан!
– Хафа бўлдингми? Сен мендан эмас, жонажон эрингдан хафа бўлишинг керак. Агар билсанг, менга раҳмат айтишинг лозим. Кўзингни мошдек очиб қўйдим, қандай аблаҳ одам билан яшаётганингдан огоҳ этдим. Музаффарни хиёнаткор, разил одам эканлигини, сенга бевафолик қилиб юрганини исботлаб бердим. Хўш, гапимга энди ишондингми? Куппа-кундузи бегона аёл билан қучоқлашиб, ўпишиб юриш севган одамнинг ишими? Мана, яна бир марта кўриб қўй. – Қизишиб кетган Баҳром костюмининг чўнтагидан бир даста суратлар чиқариб Маликага узатди, – Ма, ол! Хўш, гапир. Сени бирор марта чўмилишга олиб борганми? Мана бу аёлга ўхшаб, меҳр билан икки қўллаб кўтарганми? Ёки «Мовий гумбоз»га олиб бориб қўлларингдан ушлаб ширин суҳбат қурганми?
Малика томоғига тиқилган тахир нарсани аранг ютди. Баҳромнинг қўлидаги расмларга қарагиси, эрининг янги саргузаштлари бўлса, томоша қилгиси келди. Бироқ…
– Шунақа пасткашлик қилишдан уялмайсизми?
– Бу пасткашлик эмас. Агар билсанг, бу – бир вақтлар меҳри тушган ва севиб қолган, аммо унга етишолмаган аёлни бевафо эридан ҳимоя қилиш дейилади. Ке, қўй, Малика, Музаффар ўзи сенга муносиб эмасди. Фақат чиройли гаплари, севдим-куйдим деган шеърлари билан бошингни айлантирганди холос. Ширин сўзларга маҳлиё бўлиб қандай турмушга чиққанингни ўзинг ҳам билмасанг керак. Мендек ғурури баланд, тўғри сўз, ҳақиқий севган йигитлар эса паст кетмаганмиз. Хўш, мендан устун қўйган эринг, шуми?
– Сизнинг ишингиз бўлмасин, билдингизми? Марҳамат қилиб, хонани бўшатиб қўйинг.
– Ҳайдамасанг ҳам кетаман. Лекин мендан бекорга ранжияпсан. Ўшанда гапимга ишонмагандинг, мен фақат уни исботлаб қўйдим холос. Мана, эрингни кимлигини билиб ҳам олдинг. Нима, ёмонми? Ахир у сени бир умр алдаб юриши мумкин эди-ку. Қуда-андали бўлганда билиб қолсанг, нима бўларди? Бундай шармандаликка чидай олармидинг? Билсанг, мен сени ботқоқдан чиқариб қўйдим. Кўрнамак эрингни кимлигини вақтида билиб олдинг. Энди нима қилиш кераклигини ўзинг биласан. Ҳа, айтгандай, Музаффар билан ажрашмадингми?
– Ажрашгандир, деб ўйладингизми? Бечора Малика эрсиз қолган бўлса, борақолай деб келибсиз-да.
– Бирга яшаяпсанми?
– Ҳа.
– Ёлғон гапирма. Мен ҳаммасини биламан. ЗАГС га ҳам бориб келдим. Ажрашди, дейишди. Кечагинда уйингга телефон қилиб ўғлингдан сўраб олганман. Эринг аллақачон кетиб қолибди-ку, кимни алдаяпсан?
Маликанинг юзига ним кулгу югурди. Шкаф томонга қараб аста қадам ташларкан, режаси тўғри чиққанлигидан ичида хурсанд бўлди. Демак, «Никоҳ уйи»га бориб тўғри қилган экан. Яхшиям ҳар эҳтимолга қарши деб у ердагиларни огоҳлантириб қўйгани. Ўғли ҳам уқтирган гапларни айтибдики, боплабди. Малика психолог дугонасидан яна бир бор миннатдор бўлди. Тўғри айтган экан. Наҳот шундай иш бўлишини олдиндан сезган бўлса?
Шкафни очган Малика у ердан конвертни олди-да келиб Баҳромнинг олдига ташлади.
– Олиб кетинг! Энди ҳаммаси кундай равшан.
– Мендан хафа эмасмисан?
– Йўқ, раҳмат сизга. Кўнглингиз жойига тушган бўлса, марҳамат, кетинг энди.
– Менинг мақсадим бунақа эмасди, Малика. Сенга дўстликни таклиф қилгандим.
– Ҳаётимни заҳарлаган одамни кўрарга кўзим йўқ.
– Ҳаётинг ҳали олдинда, Малика, – Баҳром расмларни конвертга жойлагач, ўрнидан туриб стулга келиб ўтирди. – Фақат мени ёнингдан ҳайдамасанг, бас. Сен учун жонимни беришга тайёрман.
– Кетинг!
– Бир марта бағримга босмагунимча тинчимайман.
– Кетасизми-йўқми?
– Сен яна жаҳлимни чиқаряпсан, – Баҳром бирдан юмшади. Қўлидаги конвертни стол устига ташлаб ичидан расмларни қайта чиқарди. Шошмасдан кўраркан, ҳам ачиниш, ҳам пичинг, ҳам ғараз аралаш гапида давом этди. – Аслида эринг билан ажрашганинг чакки бўлибди. Сал шошибсан. Бу нохуш манзараларни атай суратга олганимни сезмадингми? Сезгансан, бироқ Музаффарни кечирмагансан. Лекин мана бу аёл «Шоира қиз» ролини тоза боплаб ижро этди-да. Сув тегса борлиги билинмайдиган чўмилиш кийимлари билан сени доғда қолдирди. Атай ўзини чўкканга солса, эринг бечора уни икки қўллаб қутқариб юрибди. Қирғоққа чиққач соддалик қилиб нафас олишини текширса, шоира қизимиз уни шарт ўпиб олади. Сўнг бағрига тортади. Қандай ажойиб кўриниш. Мана, бу-чи? Машинада ҳам сценарий бўйича бўйнига осилган ва ўпиб олган. Хуллас…
– Гапингизни ғирромлик билан исботлабсиз-да.
– Агар хоҳласанг ҳаммасини ёндириб ташлайман. Ҳали сендан бошқа ҳеч ким билмайди. Истасанг, кечирим сўрайман. Тиз чўкишга ҳам тайёрман, Малика. Қилган гуноҳимни оқлай, хўп, де. Мен аҳмоқ қайсарлигингни билардим, аммо ироданг синса, қийналсанг, таклифимга рози бўларсан, деб ўйлагандим.
– Ҳеч қачон!
– Эрингни ишига қайта тиклаб қўйсам-чи?
– Керак эмас!
– Яхшилаб ўйлаб кўр, Малика.
– Жуда яхшилаб ўйлаганман. Энди ўч олиш навбати менга келди. Сизни ҳам шундай шарманда қилайки, бировнинг ширин оиласини иккинчи бузмайдиган бўласиз. Мен бу ишга ҳеч кимни аралаштирмаган эдим. Энди керакли одамларни ишга соламан. Яланғоч ҳолатда дарвозангиз тепасига осиб кетишади сизни! Бола-чақангиз, қўни-қўшнилар бир томоша қилишсин. Бўйнингизга шундай хат ёзиб илиб қўяйки, ўқиганлар афтингизга туфлаб ўтишсин. Шунақа, энди орқага қайтиш йўқ. Мард бўлиб майдонга чиқдингизми, бу ёғига ҳам чидайсиз!
Малика Баҳромнинг ранги ўзгара бошлаганини кўриб гапини тугатди ва ҳеч нимага қарамай шарт хонадан чиқиб кетди.
Бундай гапларни кутмаган Баҳром хиёл вақтгача ўрнидан қўзғала олмади. Сўнг ҳозир қўлга тушиб қоладиган ўғридай секингина поликлиникани тарк этди. Орадан ҳеч қанча ўтмай Тошкент ҳалқа йўлида пайдо бўлган «Мерседес» русумли машина Янгийўл шаҳри томон шиддат билан бурилди…

* * *

Орадан уч-тўрт кун ўтиб қабулхонада яна телефон кетма-кет жиринглади. Беихтиёр трубкани қулоғига тутган Маликанинг қовоғи уюлиб, пешонаси тиришди.
– Яхшимисан, Малика… Баҳромнинг таниш товуши эшитилди гўшакдан. – Нима ишим бўларди. Соғ-лигингни, тинч юрганингни билмоқчийдим… яхши бўлса, хурсандман… Йўқ, шошмай тур. Сенда зарур ишим бор. Телефонда айтиб бўлмайди. Кўришим керак. Қачон борай?… Йўқ дема, бўлмаса, огоҳлантирмай кириб боравераман. Нима, ишхонангда жанжал кўтаришимни хоҳлаяпсанми? Кўрарга кўзинг йўқ бўлса-да, кўрасан! Гапларимни эшитасан! Эртага албатта бораман. Алло, нега индамайсан? Алло, гапирсанг-чи?
– Яна нима истайсиз мендан?
– Яхшилаб гаплашиб олишимиз керак.
– Истамайман!
– Унда, эрталабдан бориб оламан-да, «Малика, менга турмушга чиқ!» деб бақира бошлайман.
– Бу ҳафта ишларим жуда кўп.
– Унда кейинги хафта бораман. Хўш, душанба оғир кун, сешанба… сешанба бемалол. Алло, эшитяпсанми? Сешанба куни албатта бораман, келишдикми? Нега энди, кечга яқин? Менга фарқи йўқ! Бўлди, бўлди, келишдик.
Баҳром гўшакнинг пешонасидан ўпиб, аста жойига қўйди. Оғзининг таноби қочди. Наҳот, Малика ўзгариб қолган бўлса? Ундан осонликча қочиб қутулолмаслигини билдимикин? Ёки эрига аччиқ қилиб… қизиқ? Лекин у дарров таслим бўладиган аёллардан эмасди-ку? Нима жин урдийкин?
Айланма курсида ҳузур қилиб ўтирган Баҳром гоҳ таажжубга тушса, гоҳ ширин хаёлларга берилди. Ишни ўйламаслик учун котибани чақириб, бирор соат безовта қилмаслигини тайинлади.
«Малика, Малика. Наҳот таклифимга рози бўлсанг? Ахир сен ор-номусни ҳар қандай нарсадан юқори қўярдинг-ку? Нима бўлди сенга? Ёлғиз қийналдингми ёки пулга зориқдингми? Иш тугашига келинг, дейишингни тушунолмай қолдим. Ростдан ҳам мен билан гап-лашгинг келяптими ёки атай шундай дедингми? Балки ўйлаб кўриб ҳамон яхши кўришимни тушунгандирсан-да. Лекин сени оғир ташвишга қўйдим. Тинчгина турмушингни бузиб, юрагингни тилка-пора қилдим. Сен мени асло кечирмасликка ҳаққинг бор эди. Ҳатто исмимни эшитишга тоқат қилолмасдинг-ку, Малика? Нима бўлди сенга?
Мен эса сендан асло хафа эмасман. Хира пашшадек атрофингда айланаверсам-да, аслида сенинг ҳаракатларингни тўғри деб баҳолайман. Ичимда, ҳақиқий пок аёл шундай бўлиши керак, деб тан бераман. Эрингга бўлган садоқатингга, меҳр-муҳаббатингга лол қоламан. Сени ўйласам, ишхонамдаги кўз сузиб ишва қилаётган баъзи жувонлардан нафратлана бошлайман. Уларни эзиб ташлагим келади. Бачкана қилиқларини кўриб энсам қотади. Бир оғиз гапимга «йўқ» демай, «Ўйлаб кўриш керак» деб нозланишини кўриб, ёқамни ушлайман. Кейин менга нима, деб қўл силтайман-да, уларни майна қиламан, устидан куламан, бу кунингдан баттар бўл, деб хўрлайман. Сен эса… бутунлай бўлакчасан, Малика. Ўз қадрингни биласан. Уни хор қилмайсан, бировга ҳам хор қилдириб қўймайсан. Шунданми, олдингга интилавераман. Сен билан дилдан суҳбатлашгим, қилбимдаги дардларимни, ичимни кемираётган изтиробларимни тўкиб сочгим келди. Гўё фақат сенгина уларни тушунадигандай.
Хотинимни севмаслигим рост. Уйлан, дейишди, уйланганман. Бироқ кўнглимдаги аёл бўлиб чиқмади, шунданми, ҳамон бефарқман. Негаки, дилгир эмас, покиза эмас. Эркак киши бора-бора хотиннинг туруш-турмушига, табиатига кўникиб кетаркан. Мендай йигитга нега шунақа анқов хотин учрайди, деб баъзида ёниб кетаман. Уни сенга таққослайману ҳаётимдан нолий бошлайман… Сен латофатли аёлсан, Малика. Сенга уйланганимда албатта бахтли бўлардим. Армонсиз яшардим. Не қилайки, тақдиримиз бошқа-бошқа экан.
Бироқ мен сени яна учратдиму қайтадан дарвеш бўлиб қолдим. Билмадим, бу севгиданми ёки ҳирсданми, ажратолмай ҳалакман, Малика. Қайсарлигинг, чўрткесарлигинг, менга бўлган нафратинг, оилангга чексиз садоқатинг ва ойдай ҳусну жамолинг, ҳамма-ҳаммасини қўшганда ҳам сени унутолмаяпман. Нечун? Буни ўзим ҳам тушуна олмайман! Қалбимдаги шу ғала-ғовур фикрларни сенга айтгим келади. Аммо… энди айтолмаслигимга кўзим етиб турибди. Ёмон кўриб қолдинг. Мени кўришни ҳам, эшитишни ҳам хоҳламайсан.
Аслида… сенга ёмонлик қилмай, бошиданоқ дўст тутинсам бўларкан? Шунда сенинг нафратингга эмас, ҳурматингга сазовор бўлармидим.»

Баҳром кунни шу тарзда кеч қилди. Алламаҳалгача ухлолмади. Хотини Малоҳатнинг «Ҳм, нега, ухламаяпсиз?» деб бир-икки туртиб қўйганига деярли аҳамият қилмади. Вақт эса шундай имиллаб ўтардики, ё тавба ўн бирми, энди, ўн иккими?..

* * *

– Салом, салом. Наҳот, мени кутаётган бўлсанг? – ичкарига ошиққан Баҳром Маликага қўл узатди.
– Мен сиз билан сўрашмайман.
– Шундайми? Наилож.
Баҳром шундай бўлишини аввалдан билгани учунми, заррача хижолат тортмади. Бориб диванга ўтираркан, аксинча, қувноқлик билан гап бошлади.
– Шундай қилиб кўзларимга ишонмай турибман. Қаршимдаги ғурури баланд Маликами ёки тақдирга тан берган ожизами?
– Сиз билан охирги марта яхшилаб гаплашиб олмоқчиман, – совуққина жавоб қилди Малика ўз ўрнига ўтираркан.
– Нега энди охирги марта? – Баҳромнинг жилма-йиб турган юзи бирдан жиддий тус олди. Маликанинг кўзларига синчков назар ташларкан, икки ёнга ташлаб олган қўлларини йиғиштириб, олдинга бир оз эгилди ва яна қайта сўради:
– Нечун охирги марта?
– Етар, шунча азоб-уқубат етказганингиз. Ҳаётдан тўйиб ҳам кетдим. Бошимни қаёққа уришни билмайман. Бу бевафо дунёда кимга ишонишим керак ўзи? Умид билан бир ёстиққа бош қўйган эринг билдирмай сенга хиёнат қилса. Иш билан овунай десанг, олдинга юришга йўл беришмаса, кимдир эса пайтдан фойдаланиб, ўйнаш бўлишга ундаса!
– Мен сени ўйнаш бўлишга ундаган эмасман!
Ҳалитдан буён жим ўтирган Баҳром гап шу ерга келганда негадир ўрнидан даст туриб кетди.
– Нима, ёдингдан чиқдими, эрингдан ажрашгин, сенга уйланаман, деганим. Унамадинг, тўғрими? Айб ўзингда. Рост, сенга ёмонлик қилдим, лекин буларнинг барчасига жаҳл устида, ўзимни билмаган ҳолда қўл урдим. Э, нимасини айтай. Қани энди мени кечирсангу, ўлгунча бирга бўлсанг.
– Тўртта болани ташлаб, хотинингиз билан ажрашармидингиз?
– Бўлмасам-чи! Уни севолмадим, Малика, севолмадим! Ҳеч қачон севолмайман ҳам. Тушунаяпсанми, кўнглим йўқ унда. Айниқса, ҳозир шундай кўнглим совиганки…
– Шу гапларни хотинингиз эшитиб қолса, нима бўлади?
– Эшитса нима? Қўрқадиган жойим йўқ. Кетса, яна яхши, – деди Баҳром қўл силтаб.
– Ажрашдим. Тошкентдан иш ҳам топиб қўйдим дегандингиз-ку?
– Лекин сен менга тегишга рози бўлмаяпсан-ку!
– Гапингиз ёлғон эканлиги ошкор бўлдими?
– Бу мен учун муаммо эмас, Малика. – Баҳром столни айланиб ўтиб Маликанинг олдига келди.
– Яқинлашманг.
Баҳром бир оз ортга чекиниш ўрнига Маликанинг стули орқасига ўтиб уни елкаларидан қучмоқчи бўлди. Малика силтаниб ўрнидан туриб кетди.
– Тортинг қўлингизни. Сизда озгина бўлса-да инсоф борми? Оиламни буздингиз, эримни ишдан олдирдингиз! Яна нима истайсиз?
– Меники бўлишингни!
– Ҳеч қачон!
– Сени тинч қўйишимни хоҳлайсанми-йўқми? – Баҳром ўйлаб ўтирмай Маликанинг ўрнига ўтириб олди. – Гапир, хоҳлайсанми?
– Хоҳлайман.
– Унда икки таклифимнинг бирига кўнишинг керак.
– Қайси таклифингизга?
– Нима, ёдингдан чиқдими? Ё менга тегасан ёки ҳар замонда учрашиб турамиз.
– Ҳеч қачон!
– Унда, охирги шартимни эшит. Агар шунга ҳам рози бўлмасанг, ўзингдан кўр.
– Яна қўрқитмоқчимисиз ё… пасткаш ишларингизнинг давоми борми? – деди Малика ғазаб билан.
– Нима деб ўйласанг, ўйлайвер. Мақсадим сенга уйланиш! Агар бунга кўнмасанг, мен билан бир марта бирга бўласан. Бошқа сени безовта қилмайман. Эркак-лик гапим шу! Охирги шартим ҳам шу! Фақат бир марта!
– Мени зўрламоқчимисиз?
– Керак бўлса зўрлайман ҳам. Яхшиси, ўзинг рози бўл, Малика, – деди Баҳром безрайиб туриб.
– Озгина уялсангиз бўларди.
– Врачда уят нима қилади.
– Инсон сифати-чи? Ёки одамийлик қиёфангизни ҳам йўқотганмисиз? – сўради Малика овози титраб.
– Охирги шартимни айтдим сенга.
Малика бир зум ўйга толди. Кейин дераза ёнига борди. Ўгирилиб Баҳромнинг кўзларига тикилди.
– Ниятингиздан қайтинг, Баҳром ака.
Исмини эшитган Баҳром ғалати бўлиб кетди.
– Қайтолмайман, Малика, – деб юборди суст кетиб.– Сен билан бир мартагина бирга бўлсам, бўлди, бу дунёдан армонсиз ўтаман.
– Шу ердами?
– Хоҳлаган ерингда!
– Ҳазиллашмаяпсизми?
– Янгийўлдан ҳазил учун келганим йўқ!
Малика Баҳромдан кўзларини олиб қочди. Буни ўзича тушунган Баҳром аста у томон кела бошлади. Малика «на чора» дегандай елкасини қисиб қўйди-да, столи устидан калитни олиб қаршисида кўзлари ёниб турган Баҳромга узатди.
– Сизга шу нарса керакми?
Баҳром бир зум анграйиб қолди. Тили гапиришга айланмади. Қаршисида маюсланиб турган аёлга тикиларкан, нима қилишни билмай, қўллари билинар-билинмас титрай бошлади. У кеча Маликанинг учрашувга розилик берганига таажжубга тушган бўлганди, ҳозирги ишидан эса тамомила лол бўлди.
«Нима бўлди бу қайсар Маликага? Наҳот тақдирга тан берган бўлса? Ёки кейинги тинчи учун ноилож рози бўляптимикин?» Баҳром ҳамон ўйларини йиғиб ололмаётган эди.
– Хўш, тураверамизми шунақа қилиб?
Баҳромнинг ори келди. Маликанинг қўлидан шарт калитни олди. Аммо эшикни беркитишдан аввал йўлакка чиқди, атрофга ўғринча назар ташлади. ҳаяжонланаётган бўлса-да, кўнгли бир оз жойига тушди чоғи, эшикни ичкаридан қулфлади.
– Бошқа безовта қилмайсизми?
– Йўқ! Қилмайман. Фақат бир марта… бир марта… Бўлақол, ечинсанг-чи? Ёки ўзим…
– Намунча ҳаяжонланяпсиз?
– Бирдан… ҳеч кутилмаганда…
– Бўпти, унда, ҳеч нарса бўлмайди.
– Ие, нималар деяпсан? Шу нарсани бир умр кутиб яшаяпман-ку. Наҳот, сенинг ойдай жамолингга бугун етишсам? Фақат… бунақа вазиятда… Сен билан… Ҳа, майли, нима бўлса, бўлди.
Бир зумда Баҳром турсикчан қолди. Сўнг қизариб-бўзариб чироққа ишора қилди.
– Менга барибир.
Баҳром ичидан тошиб келаётган қалтироқни қандай босишни билолмай беихтиёр чироқни ўчирди. «Шуниси маъқул. Ёруғда унга яқинлашолмайман. Юрагим дов бермайди. Кўзларига тик қарасам… шарманда бўлишим аниқ! Кейин устимдан… Э, Худо, ўзинг куч-қувват бер. Мени шарманда қилма!». Баҳром шу билан кўнглига таскин бергандай бўлди ва Маликага аста яқинлашаркан, овози титрашига қарамай, сўз айтишга ўзида куч топа олди:
– Ечинмайсанми, нега турибсан? Сенинг навбатинг.
– Йўқ, энди менинг навбатим! – Деразага тутилган қалин парда бир томонга «шарақ» этиб тортилдию…
Баҳром турган жойида ҳайкалдек қотиб қолди. Юзига «тарс» этиб тушган шапалоқдан ўзига келди. Бироқ дами ичига тушиб кетганидан тили айланмади, оёқлари қалтираб ўтиришга жой қидирди.
Малоҳат бориб чироқни ёқди.
Ранги бўздай оқариб кетган Баҳром Маликага еб қўйгудек бўлиб хўмрайди. У хотинининг олдида бунчалар шарманда бўлишини асло хаёлига келтирмаган эди.
Малоҳат стул устига ечилган кийимларни олди-да, эрининг башарасига қараб отди. Баҳром кийина бошлади.
– Сен хотинбоз неча марта қасам ичасан! Янгийўл қолиб, энди Тошкентга ўтдингми? Бу ерда хотиним билмайди деб ўйладингми? Эркакмисан ўзи, эркакмисан! – Малоҳат жон ҳолатда эрининг ёқасидан тутиб силтади. Эндигина тақилган кўйлак тугмалари тирс-тирс узилди.
– Қасамхўр. Хотиним яна кечираверади, деб ўйладингми? Бу кунингдан ўлганинг яхши эмасми? Гулдай умримни ҳазон қилдинг-ку, касофатинг ўзингга ургур!
Малика бу гапларни кутмаган эди. Демак, Баҳром аввал ҳам қўлга тушган экан-да? Нега бу ҳақда кеча индамади, Малоҳат? «Ўз кўзим билан кўрмоқчиман. Нима деса «хўп» денг» деб ялингани бежиз эмас экан-да.
– Қани олдимга туш. Мен энди буни шундай қолдирмайман. Маҳалла-кўй олдида, ота-онанг олдида шармандангни чиқараман!
Баҳром «Қўйвор!» деб силтанди. Афтидан у ўзини ҳўкиздай етаклаб олиб кетишларини истамади.
– Йўқ, мен билан бирга кетасан!
– Маликада бир оғиз гапим бор.
– Гапир!
– Ташқарига чиқиб тур.
– Менинг олдимда гапирасан!
– Чиқиб тур! – ўшқирди Баҳром.
Ранглари кўкариб, титраб-қақшаб кетган Баҳромнинг кўриниши на фақат Маликани, балки Малоҳатни ҳам бироз қўрқувга солди.
– Чиқ, дедим сенга!
Малоҳат ноилож эшикни очиб, ташқарига чиқди.
– Уйга борибсан-да.
– Бордим. – Овози титраб чиққан Малика аста столга яқинлашаркан, кўзи қирини қайчига ташлаб қўйди.
– Ўч олмоқчи бўлдингми?
– Яхши гапга кўнмадингиз.
– Мени бопладим, деб ўйлаяпсанми? Шундай қилсам, Баҳромдан қутуламан деб, хомтама бўлдингми? Э, йўқ, мендан осонликча қутулолмайсан. Шарманда қилиш қанақалигини энди сенга кўрсатиб қўяман. Ҳа, айтгандай, эринг билан ярашиб олибсанми? Ажрашмаган экансан-да. Лақиллатмоқчи бўлганмидинг? Ҳа, яхши, мана буни табрик учун олиб қўй. Эрингга ўзим алоҳида юбораман. Омон бўл!
Баҳром шарт орқасига бурилди. Эшик «қарс» этиб ёпилди. Оёқларидан мадор кетиб ўзини зурға тутиб турган Малика курсига ўтириб қолди. Стол устига ташланган оддий конвертга қўрқибгина қараб қўйди. Кейин юрагига ғулғула тушди.
«Нима бўлиши мумкин ичида?» Чақмоқдек ялт этиб фикридан конверт кўзига катталашгандек кўриниб кетди. Бундан юрагини баттар ваҳима эгаллади. Ваҳима борган сари бутун вужудини қамраб олди. Йўқ, Малика жойида ўтира олмади. Ўрнидан отилиб турди, ҳозироқ бориб конвертни ушлаб қолмаса, гўё унинг ичидан қандайдир қўрқинчли маҳлуқ чиқиб қоладигандай пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди ва шарт конвертга ёпишди. Қўллари титраганича бир амаллаб уни очдию бир қанча суратларга кўзи тушди.
Маликанинг томоғига нимадир тиқилгандай бўлди. Базўр ютинаркан, суратларга тез-тез нигоҳ ташлади: уларнинг бирида Баҳром Маликанинг қўли устига қўлини қўйиб турибди. Бошқасида Баҳром унга қандайдир тилла занжир узатяпти. Кейингисида Малика тақинчоқни қўлига олиб кўряпти. Ундан сўнг… Бирдан Маликанинг кўзи олди қоронғулашиб кетди. Оёқлари қалтираб аранг диванга етиб борди.
– Вой, ифлос-ей, буларни қандай ўхшатди экан? Ғижимлаган суратда гўё Малика Баҳромнинг бўйнига осилиб олган, Баҳром эса уни маҳкам қучиб турибди. Бошқа биттасида уларнинг ўпишаётгани акс этган.
Малика қўлидаги расмларни нима қилишини билмай қолди. Уларни қанча ушлаб турган сари юрагини шунча ваҳима босар, ичида бирдан пайдо бўлган олов бутун вужудини тобора куйдириб, қовжиратиб борарди.
Бу расмлар Музаффарнинг қўлига тушиб қолса, нима бўлади? Бунақа пайтда эркак киши мулоҳаза қилиб ўтирармиди? Ҳамма нарсани остин-устинини чиқариб ташлайди-да, кейин ўйлаб кўради. Малика эрини билмаса экан. Балки Баҳром аллақачон эрига ҳам уни бадном қилувчи бу суратларни етказган бўлса-чи? Ёки ҳозир йўл-йўлакай ташлаб ўтса-чи? Музаффар қандай кўйга тушдийкин? Тишини қайраб эшик олдида кутиб тургандир?
«– Мени Жизахга жўнатиб юбориб, нима ишлар қилиб юрибсан?! – Малика юзига тарсаки тушгандай сесканиб кетди. – Хўш, энди сен бу суратларга нима дейсан? Шу йўл билан мендан қасос олмоқчи бўлдингми? Садоқат, аҳду вафо ҳақидаги гапларинг чўпчак бўлиб чиқдими?
– Мен… мен бу одамдан занжир олмаганман.
– Унда, ўпишганинг-чи, у ҳам ёлғонми?
– Ёлғон! Ҳаммаси ёлғон!
– Мени лақиллатолмайсан! Йўқол, кўзимдан!»
Малика тамомила ўзини йўқотиб қўйди ва беихтиёр «Эй, Худойим, туҳматдан ўзинг асра!» деб юборди. Кейин нафаси сиқилаётгандай бўғила бошлади. Бир зумда расмлар хиралашиб, айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Юрагини чангаллади. Нимадир демоқчи, кимнидир чақирмоқчи бўлди, бироқ овози хириллаб чиқди. Оғриққа чидолмай олдинга энгашди. «Йўқ, бу хавфли». Бундай фикр унинг хаёлидан кечдими ёки кимдир қулоғига шивирладими – билолмади. Малика амаллаб қаддини тутди. Энди унга яна озгина куч, салгина қувват керак эди: Малика сўнгги кучларини йиға бошлади: бармоқлари орасида қолган расмлар аста ғижимланди, кўзлари қисилиб, пешонаси ажинга тўлди, қуруқшаган лаблари оҳиста пичирлади:
– Ифлос, туҳматинг бошингни… есин!
Малика ўрнидан тура олмади. Юрагини ушлаганича диванга ёнбошлаб йиқилди. Қўлидаги суратлар полга тушди. Худди шу пайт хона эшиги очилиб, остонада фаррош аёл кўринди. Маликанинг бармоқлари суратларни бир амаллаб диван остига сура олди…

* * *

Қиссанинг ушбу бобини ёзмоқчи бўлмаганимни энди англагандирсиз, Баҳромни бегуноҳ бир аёлга қилган ёмонликлари ўзи учун фожиага айланишини сира кутмагандим. У Маликанинг сўнгги огоҳлантиришидан тўғри хулоса чиқариб олди, деб ўйлагандим. Бироқ, Баҳром яна шайтоннинг васвасига учди. Маликанинг ёнига қайтиб борганида… минг афсуски, уни ажал қувиб келган экан. Хотини пойлаб келганидан жаҳли чиққан, аёллар ичида шармандаи шармисор бўлганидан фиғони фалакка кўтарилган Баҳром машинанинг мингга қўйиб учириб кетди. Қоронғу тушиб қолганига, Малоҳатнинг «ҳай-ҳайи»га эътибор ҳам бермади: «Сенми мени пойлайдиган! Сенми ҳали мени шарманда қиладиган!» дея бақирди, ўшқирди, елкасидан итариб-итариб юборди. На светофорнинг қизил чироғига, на қаршисидан келаётган машиналарнинг «четроқ юр» дегандай қилган сигналига, чироғини ёқиб-ўчишига парво қилмади. Оқибатда эса… Янгийўлга кираверишдаги светофорнинг қизил чироғида бирдан тўхтаган «Камаз» машинасини пайқамай қолди.
Малоҳатнинг «Кўзингга қара!» деб қичқириғидан ўзига келганда эса… кеч бўлди.
Малоҳат болаларининг бахтига тирик қолди. Охирги сонияда бошини сақлаш учун ўзини ён томонга ташлагани жонини омон қолдирди – Аллоҳнинг унга раҳми келди. Баҳром эса машина рулини чангаллаганича жон таслим қилди. Унинг чақчайган кўзлари очиқ қолди.
Тонгга яқин Тошкентдаги шифохоналарнинг бирида Малика ўзига келган бўлса, Янгийўлдаги шифохонада Малоҳат ҳушига келиб кўзларини очди.
Фожеадан бехабар бўлган Малика дарҳол Малоҳат ҳақида ўйлади: уйига тинчгина етиб олдимикин? Шарманда бўлган Баҳром йўлда уриб-нетмадимикин?
Ҳуши ўзига келган Малоҳат шу ондаёқ Малика тўғрисида ўйлади: ўз номига, аёллик шаънига, муқаддас оиласига доғ туширмаган аёллар бор экан, ҳали уларнинг иймонига путур етмаган экан, дунё давом этади, этаверади! Қиёмат бўлмайди.

Бироқ… Қиёмат ҳақ гап.

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 9-сонидан олинди.