Аҳмаджон Мелибоев. Эркин Сиддиқ нима дейди?

Латифагўй, беназир инсон Эркин Сиддиқов ҳангомаларини кўпчилик адабиёт ихлосмандлари яхши билишади. Уларни тўплаб “Хотин йўғида” сарлавҳали бир китоб қилдим. Тезда тарқалиб кетди. Ўқиб кўрсам, кўп ҳангомалар қолиб кетибди. Эркин ака билан нашриётда бирга ишлаган ҳамкасблари мен эшитмаган яна қанча ичакчўзди воқеаларни ҳикоя қилиб беришди. Ўз-ўзидан “Хотин йўғида”нинг иккинчи, қайта ишланган ва тўлдирилган нашри юзага келди. Муҳтарам журналхонлар эътиборига янги китобдан бир-икки шингилини ҳавола қилишни лозим топдим.

Сиз бемалол қайтаверинг

Ёшлар нашриётида ишлаб юрган кезларимиз. У пайтлари ёш ижодкорлар, айниқса шоирлар, китоб чиқариш учун йиллаб навбатда туришарди. Нашриёт режаси бир неча марта тасдиқдан ўтар, тинимсиз ўзгариб турарди. Деярли ҳар куни ишхонага вилоятлардан шоирлар келиб, қўлёзмалари ҳаракатга тушган-тушмаганлиги билан қизиқишарди. Ҳар йили кузда ноширлар ҳам пахта теримига жалб қилинар, бирор киши бу ишдан ўзини четга олса, мукофотдан маҳрум қилинарди.
Ана шундай кунларнинг бирида ишхонада Эркин аканинг бир ўзи қоровул Фозил ака билан ҳангомалашиб ўтирган экан, эшик аста очилиб, нашриётнинг шеърият бўлимига қўлёзмасини анча аввал ташлаб кетган ёш шоир йигит ийманибгина кириб келибди.
– Ассалому алайкум!
– Ваалайкум ассалом, келинг йигитча, хўш хизмат, – дебди Эркин ака мулойимлик билан.
Шоир Эркин аканинг салобатидан гапини йўқотиб қўйибди.
– Ҳойнаҳой иш сўраб келгандирсиз, бизда уч киши навбат билан қоровуллик қилишади, ҳозирча учалалари дуппа-дуруст ишлаб туришибди, устиларидан шикоят тушаётгани йўқ, беш-олти йилдан кейин бир хабар оласиз-да, укажон…
– Йўқ, мен…
– Э-ҳа, бирор кишининг ўрнига пахта теримига бормоқчимисиз? – У йиллари пахта сиёсати шунақа қаттиқ эдики, ўзингиз бора олмасангиз, ўрнингизга бошқа бировни жўнатишга мажбур бўлардингиз.
– Йўқ, ҳалиги…
– Дарвоқе, кўзимга иссиқ кўринаяпсиз, ҳойнаҳой, пастимиздаги магазинда ишласангиз керак? Нима, дўконга тансиқроқ бир нима келдими?
– Мен… ҳалиги, шеърларимни ташлаб кетувдим, нима бўлдийкин, шуни билгани…
– Қачон келдингиз?
– Эрталаб поезддан тушдим.
– Э, шунақа демайсизми, шеърларингиз кўпмиди?
– Ҳа, юзтача бор эди.
– Янгимиди?
– Янгилари ҳам, эскилари ҳам…
– Хавотир олманг, йигитча, – дебди Эркин ака меҳрибонлик билан. – Бизда ҳозиргача бирор кишининг қўлёзмаси йўқолган эмас. Мана, менинг ўзимга бундан ўн-ўн беш йил аввал беш-олтита қўлёзма ташлаб кетишган. Делога тикиб, сейфга жойлаб қўйибман. Ҳар куни, кунора очиб, бир-бир шамоллатиб қўяман. Қандоқ бўлса, шундоқ турибди. Менга ёқиб қолдингиз, укажон. Худо хоҳласа, шеърларингизни топиб, ўзим сейфнинг тўрига олиб қўяман. Сиз бемалол қайтаверинг…

Дадиллик

Бир йили Эркин ака билан машинада Жиззахга бориб, ўша йиллари донгдор пахтакор сифатида чўлда машҳур бўлган совхоз директорининг уйида меҳмон бўлдик. Зиёфат биз кутганимиздан ҳам аъло бўлди. Уй эгаси шахматга ишқибоз экан, қўни-қўшнилари, собиқ райком котиби, яна бир-икки киши келиб, зиёфатга йиғилганлар ўртасида мусобақа қилишни мўлжаллашди. Ютқизган киши навбатдаги зиёфатни зиммасига олиши керак. Мен мезбонларга бош бармоғим билан Эркин акани кўрсатиб, “Эҳтиёт бўлинглар, шахматни зўр ўйнайди, шу чоққача бировга ютқизган эмас”, деб шивирлаб қўйдим. Фикримни худди эшитиб тургандай, Эркин ака: “Қани, бир-икки партия ўйнанглар-чи, юришларингни кўрайчи”, деди.
Мусобақа бошланди. Биз икки киши дастурхоннинг бир четида ўзаро гаплашиб ўтирибмиз. Эркин ака мезбонларга эшиттириб:
– Карпов Багиода Корчной билан ўйнаганидаги ўн еттинчи партия эсингиздами? – деб сўраб қолди. Мен дарҳол жавоб қилдим:
– Ҳа, эсимда. Ўттиз иккинчи юришда Анатолий фили билан рақиб пиёдасини урмай, нақд ютуқни қўлдан бой берган-а.
– Шу ҳолат бир вақтлар Капабланка – Ласкер ўйинида ҳам юз берган, аммо Ласкер филини мардона қурбон қилиб, ғалабага эришган, – деди Эркин ака. Ва яна қўшиб қўйди:
– Дадилликни Фишердан ўрганиш керак. Спасскийни айни шу дадиллиги учун таъзирини берган. Унинг юришларига беш кетаман-да!
Ҳазилни давом эттирдим.
– Эркин ака, ўзингиз ҳам беш йилча олдин Мамажон ака Муҳиддинов билан ўйнаганингизда қора отни оқ филга алиштирмай, сал қолган ютқизиб қўйишингизга…
– Ҳа, – деди Эркин ака кўзойнагини тозалар экан, – ўшанда мен устоз пиёдани с7 хонасига суришини сира ўйламаган эканман.
– Отни а4 дан с5 га олиб ўтганингизда ҳам бўлар эди-ку?
– Йўқ, бўлмасди, Мамажон ака руҳни е8 га босишга тайёр бўлиб турганди…
Бу гаплардан кейин биз билан ўйнашга мезбонларнинг чоғи келмади. Эркин ака:
– Майли, мен битта фигурамни олиб қўяман, ютқизсам, “Тошкент” меҳмонхонасида зиёфат бераман деса ҳам, у кишига рақиб топилмади.

Анжирхўрлик

Куз ойлари эди. Маҳмуд ака Яҳъёев, Эркин ака, мен – учовлон эрта азонда анжир егани Эски жўва бозорига тушдик.
Бозор гавжум. Мевалар сархил. Аввалига бир кило анжир олиб, шу яқин-атрофдаги чойхонага кириб, аччиқ чой дамлатиб, бир оз ўтирмоқчи бўлдик. Тўғрироғи, Маҳмуд ака шундай таклиф киритди. Аммо Эркин ака кўнмади.
– Анжирни шу ерда, тоғоранинг бошида ейиш керак, гаштли бўлади, – деб туриб олди. Иложсиз кўндик.
Анжир сотаётган аёлларнинг кўпи Эркин акани танишар экан, «Э, жингалак соч, келдингми, яхши юрибсанми, ҳали ҳам иштаҳанг ўша-ўшами?», деб сўрашишди.
– Иштаҳамга сен мегажинларнинг кўзи тегди, энди мен ейдиган овқатга ёш бола ҳам тўймайди, – деди Эркин ака афсуслангандай бўлиб.
Биз бу гапларнинг маъносини тушунмай, гоҳ Эркин акага, гоҳ сотувчи аёлларга қараб турибмиз.
– Иштаҳанг бўлмаса, ўтган йилги шартни такрорлаймиз экан-да, тўйгунча ейишми? Аммо ўшанда ҳаммамизни чув тушириб кетгандинг, – деб қолди сотувчи аёллардан бири.
– Майли, – деди Эркин ака. – Аммо бу сафар бир ўзим эмасман, иккита шеригим ҳам бор. Булар номига бир-иккита ейишади, холос. Шарти – тўйгунча. Қани, қўй анжирингдан…
Анжирпуруш пештахта устига уч-тўртта барг ёзиб, тоғорадан бир жуфт-бир жуфт анжир олиб қўя бошлади. Эркин ака шумлик учунми ё аввалдан шунақа ноёб тажрибага эгами, сотувчи анжирни барг устига қўйиб улгурмай лаққа-лаққа ютади. Сотувчи сал ҳаялласа, тоғорадан ўзи олиб ейди. Бошқа бир аёл «ўн тўртта, ўн олтита, ўн саккизта, йигирмата», деб санаб турибди.
Саноқ йигирма олтитага борганда анжирпурушнинг қўли қалтирай бошлади:
– Ҳой, йигит ўлгур, бўлди энди, ёрилиб ўлма тағин, муллакамлар ҳам бирортадан ейишсин, олинглар, бу ярамасга қўйиб берсангиз тоғора-поғораси билан ейди, яна иштаҳалари йўқмиш, – деди бизларга ишора қилиб.
Эркин ака «Эҳ, энди иштаҳа келганида расво қилдинг-да», деб қўлини артди. Биз ҳам шоша-пиша уч-тўрттадан едик. Бозордан чиқаётганимизда Эркин ака ғудраниб қолди:
– Бир марта тўйиб ейишга ҳам қўйишмайди-я…

Қоғози яхши, аммо…

Эркин ака билан хонада қўлёзма ўқиб ўтирган эдик, ҳар икки куннинг бирида нашриётга келиб, муҳаррирларнинг бошини қотирадиган “жўқий” муаллифларимиздан бири, қўлида бир папка шеър, очерк ва мақолалари билан ассалому алайкум дея кириб келди. Бундан атиги уч кун аввал ҳам келиб, айтиши бўйича, кечаси ёзиб тугатган ҳужжатли қиссасининг қўлёзмасини ташлаб кетганди. Иш кўплигидан уни варақлаб чиқишга ҳам улгурмагандик.
– Мана, янги шеърларимдан олиб келдим, Умар Ҳайёмга ҳавас қилиб, беш юзта рубоий, уч юзта тўртлик ёздим. Мабодо керак бўлиб қолса деб, туман газетасида босилган очеркларимни ҳам ола келдим. Бир кўрасизлар-да, акалар, – деди у умидворлик билан.
Эркин аканинг пешонаси тиришди, сабаби нашриёт раҳбарлари тавсиясига кўра, шу муаллифнинг ижод намуналаридан умумий тўпламга киритишни режалаштирган эдик. Ҳар икки кунда бир папкадан қўлёзма олиб келади, аммо уларнинг ичидан битта ҳам яроқлиси чиқмайди.
– Домлажон, – деди Эркин ака ҳазин бир оҳангда, – худо хайрингизни берсин, бизга раҳмингиз келсин, бошқа ҳамма ишларни йиғиштириб, уйга ҳам бормай қўлёзмаларингизни ўқиб ётибмиз. Аммо ҳалигача маъқул бўладиганини топа олганимиз йўқ.
– Майли, майли, – деди муаллиф хотиржамлик билан, – булари ёқмаса бошқасини олиб келаман, уйда ҳали кўп.
– Ундай бўлса мана бу ўтмаганларини олиб кетинг-да, биродар, шкафлар тўлиб кетиб, қўйишга жой топа олмаяпмиз, – кесатгандай бўлди Эркин ака. Шу пайтгача индамай ўтирган эдим, гапга аралашгим келди.
– Овора бўлиб кўтариб юрадиларми, яхшиси макулатурага топшира қолайлик, – деган таклиф киритдим. Эркин ака дарҳол жавоб қайтарди:
– Э, йўқ, ўтган ҳафта икки қоп қилиб олиб борсак, уёқ-буёғини титкилаб кўришдида олишмади. Изза бўлиб қайтариб олиб келдик.
Бу гап муаллифга ҳам қизиқ туюлди шекилли:
– Ие, нега олишмайди, сифатли оқ қоғозга босилган бўлса, – дея ҳайрон бўлиб сўради. Эркин ака суҳбатга нуқта қўйди:
– Макулатурачилар ҳам димоғдор бўлиб кетишибди. “Қоғози ёмон эмас, аммо бир томонига ёзилган шеърларига чидаб бўлмайди” дейишяпти, ярамаслар…

Икки ярим йилгача хайр…

Бошқа нашриётларни айта олмайман, аммо “Ёш гвардия”да ўзига хос кун тартиби бор эди. Эрталаб ишга биринчи келган киши, албатта, чой қўйиши керак. Бир-икки пиёладан мириқиб ичилгач, муаллифларнинг қўлёзмалари билан ишлаш бошланади. Соат ўн иккиларга яқинлашганида тушликни қаерда қилиш масаласини ҳал қилиш лозим бўлади. Бордию сомса ейдиганлар кўпчиликни ташкил қилса, бирорта чаққонроқ йигитни олдиндан ўчиртга қўймаса бўлмайди. Лағмон ейиладиган бўлса ҳам шундай. Баъзан Эркин ака Миробидов ёки Ҳамид Жалоловнинг кўнгли “думба-жигар”, яъниким ўша пайтлари бағоят машҳур бўлган тўрт тийинлик пирожка тусаб қолади. Бошқалар қаршилик қилишмаса, пастга тушиб ўтирмай, хонанинг ўзида овқатлана қоламиз. Бир гал мен, бошқа бир гал Саидғани Сайдолимов хизматда бўламиз.
Пирожкахўрлик тугагач, шахмат мусобақаси бошланади. Ўтган кунги олишувда қаттиқ эзилганлар рақибларидан ўч олиш мақсадида астойдил жангга киришадилар. Мусобақа то директоримиз тушликдан қайтгунларича давом этади.
Эркин ака шахматга унча қизиқмайди, томоша қилиб туришни, ютқазаётган томоннинг асабига тегадиган луқмалар ташлашни ёқтиради. Шу боис, баъзи ўйинлар охирига етмай, жанжал бошланиб кетади.
Бир куни китоби нашриёт режасига кирган, аммо қўлёзмаси муҳокамадан ўтмаган бир муаллиф келиб қолиб, шахмат ўйинига киришиб кетди. Устма-уст уч марта ютқизди. Асаби таранглашиб турган эди, Эркин ака оловга керосин сепди:
– Ука, аввал ҳам шахмат ўйнаганмисиз?
Муаллифнинг жон-пони чиқиб кетди. “Мени ким деб ўйлаяпсиз, фалон-фалончиларни эзиб юрган одамман. Разрядим бор. Хоҳласангиз, сизни ҳам… эзиб қўйишим мумкин. Ўйнайсизми?”, деди жаҳл устида.
– Ўйнайман, – деди Эркин ака босиқлик билан, – менинг разрядим йўқ, аммо битта арзимас шартим бор.
– Қанақа шарт? – ҳайрон бўлди муаллиф.
– Ютқизиб қўйсам, беш йилгача қўлимга шахмат ушламай, эртадан кечгача қўлёзма таҳрир қиламан. Мабодо ютиб олсам, беш йилгача нашриётга келмай турасиз. Омон-эсон пенсияга чиқиб олай, ана ундан кейин бемалол…
Эркин ака шундай дея тахта устига шахмат доналарини шахдам тера бошлади. Ўйин бошланди. Бир зумда хонага одам тўлди. Униси уни юр, буниси буни юр, деб тургандан кейин нима ҳам бўларди. Орадан ярим соат ўтиб, ҳар икки томон ҳам дурангга рози бўлишди.
– Хўш, – деди муаллиф Эркин акага қараб, – шартингиз нима бўлди?
– Икки ярим йилгача хайр, – деди Эркин ака ва ўрнидан даст туриб ташқарига чиқиб кетди.

Жабалапа

Нашриётда йилига бир-икки марта мукофот пули ҳам олиб турар эдик. Бундай пайтлари Эркин аканинг саҳийлиги тутиб, бизларга тушликда лағмон ёки сомса олиб берар, баъзан бошқаларни аралаштирмай, иккаламиз собиқ “Тошкент” меҳмонхонасининг олтинчи қаватига кўтарилиб, бир-биримизни меҳмон қилар эдик.
Шундай зиёфатлардан бирида сафимизга нотаниш бир йигит келиб қўшилди. Иккаламиз билан ҳам қирқ йиллик қадрдондай қучоқлашиб кўришди. “Э акахонлар, сизларни ҳам кўрадиган кун бор экан-ку”, дея гоҳ Эркин акани, гоҳ мени бағрига босади, суюнганидан кўзларига ёш олади. Бу ҳам майли, офитсиантни чақириб, қовурилган жўжа, бедана, ичкилик буюради. Ароқни стаканларга тўлдириб-тўлдириб қуяди. Э, охири бахайр бўлсин-да, дея бир-биримизга қараб турибмиз, чунки чўнтагимиз унча бақувват эмас. Янги танишимиз бўлса овқатни паққос тушириб ётибди.
Эркин ака аввалига ҳазил-ҳузул қилиб бемалол ўтираверди, аммо меҳмон йигит қўшни столда ўтириб, биз томонга ишвали қараётган аёлларга бизнинг номимиздан бир шиша коняк, бир шиша шампан виноси, шоколад совға қилган эди, бирдан ҳушёр тортди.
– Дўстим, – деди у меҳмон йигит томонга аста энгашиб, – сиз ҳадеб овора бўлаверманг, овқат топилади, аммо дўст топилмайди. Аҳмаджон билан гаплашиб туринглар, мен бориб антиқа бир таом буюраман, мазза қилиб еймиз, ана ундан кейин бизникида бир кеча меҳмон бўласиз…
Бу гап янги танишимизга маъқул келди. Эркин ака ўрнидан туриб, аввал бизга хизмат қилаётган офитсиант аёл билан бир нималарни гаплашди, жаҳли чиқиб, бир оз тортишгандай ҳам бўлди, сўнг ошхона томонга ўтиб кетди. Орадан беш-ўн дақиқа ўтгач, хотиржам бўлиб қайтиб келди ва:
– Э биродар, ўзиям қайнонаси суйган йигитлардан экансиз, зўр таом буюриб келдим. Бир мазза қилайлик. Анави бемаза офитсиант бўлса жабалапа тамом бўлди дейди-я. Тўппа-тўғри ресторан бошлиғининг олдига кирдим, илтимос қилдим. Олдига бир пачка пулни поп этиб ташладим. Ўзиям “хўб бўлади, ака” деворганини билмай қолди. Қани, овқат келгунча элликтадан олиб турайлик…
Меҳмон бундай номли таомни эшитмаган экан, қизиқиб сўраб қолди:
– Ака, жабалапа дегани нима ўзи?
– Франтсузларнинг таоми, – бамайлихотир жавоб берди Эркин ака, – бизда энди-энди урф бўлаяпти, Парижда бўлса, истаган пайтингда ейсан. Бир ой яшаб роса тўйдим. Озроқ ҳиди бор, аммо жоннинг роҳати. Э, юрган эканмиз-да паловхонтўрага маҳлиё бўлиб.
Меҳмон бирдан ҳушёр тортди.
– Ака, бу таомингиз яна, ҳалиги… қурбақанинг гўшти эмасми?
– Ие, биласиз экан-да, – хурсанд бўлиб кетди Эркин ака, – гўшти эмас, сон гўшти денг. Ўзим кўзим билан кўриб, ёғлисидан танладим. Эҳ, бир мазза қиладиган бўлдик-да.
Ранги қув оқарган меҳмон ёнини ковлаб, бир сиқим пулни офитсиант аёлнинг қўлига тутқазди-ю, ўзини ташқарига отди.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2010-йил, 5-сонидан олинди.