Ўзи ғалати кун бўлди. Ҳаво ҳам шунга ўхшаган. Қандайдир дим, бўғилиб кетаётгандек бўласан-у, чуқур нафас оламан десанг, ҳаво бемалол, кўкрагинг тўлади, “Ҳаво етмаяпти-я!”, деб ёзғирмоққа чоғланган одамга алам қилади.
Нима хоҳлаётганингни ўзинг ҳам билмайсан.
Ўзи-ку, одам деган худойим берган ҳар бир кунга шукр қилиб яшаши керак. Кун билан куннинг фарқи йўқ. Лекин бу дунёда Ҳеббимга ўхшаганларга ҳамроҳ б…лсанг, тағин эрталабдан кўзингга чўпдек қадалиб турса, куфрга ботасан Йўқ, тағин ҳам истиғфор айтаман, тавба дейман, Ҳеббимни менга ака ё ука, ё бир ҳамхона қилиб яратганда куним қандай ўтарди! Ундан ҳам, ўзимни шунақа яратганда борми?! Минг бор тавба қиламан, оллоҳ меҳрибон, раҳмимни еган, шукр, минг бора шукр!
Турибди ҳишшайиб! Эшикни одамга ўхшаб очса майли. Бу… ширқ этиб тортади-да, тураверади. Забон йўқ. Гапни тиланиб оламиз. Лош долонда, бир қўл эшик тутқичида! Турибди. “Ҳа?” дедим, ёруғ оламни тўсмасанг-чи, дегандай. Қани эди бу дунёда андиша, юз-хотир, муомала деган нарсалар бўлмаса-да, кўнглингда нима кечса, ҳаммасини тилингга чиқарсанг! “Ҳў-ўв! Фалон-писмадон!.. Турқингга сени!” деб бошласанг. Начора, бу ҳам одам боласи, ўзи одам бўлмаса ҳам, бир бечора муштипар шуни одам бўлади деб умид билан туққан. Айтдим-ку, бунда тил-забон йўқ, сувга чўкиб ўлаётган бўлса ҳам, ҳишшайиб қараб тураверади, ёрдам кераклигини ўзингиз фаҳм қиласиз. “Менинг олдимга”, дейди. Эй, ҳей, гапини қаранг! Ўзидан ҳам чала. Одам боласи тушунадими? Биз-ку, қарғадан ошнанг бўлса, емишинг… дегандай, ўрганиб кетганмиз. “Сизнинг олдингизгами?”, деб жўрттага анқовсирайман. “Сиздан бошқа ҳамма тушган” эмиш. Худди менга олдин тайинлаб қўйгандек.
Башарасидан маълум, бир амал теккан бунга.
Бўғилмайсанми шундан кейин. Ўзини кўрсанг зарданг қайнайди-ю, гапини эшитгандан кейин айниқса… Бўғиласан, ҳаммага етган ҳаво сенга етмайдигандек бўлади. Ҳавога тўйсанг ҳам, тўймасанг ҳам алам қилади.
Ўзи ҳаётга бир мартагина келасан, шунда ҳам Ҳеббимга ўхшаган нокасга ёзғириб ўтасан – ботиб кетади-да одамга. Бўлмаса, кунда нима айб, худонинг ҳамишагидек карами кенг бир куни… Ҳеббимга ўхшаганлар кенг дунёни кўзингга тор қилиб юборади-да. Мана, деразадан қарасанг, одамлар бемалол, эмин-эркин яшаб юрибди-ку, ишга келишади, уйга боришади, кўчаларда юришади, бир-бирлари билан ширин суҳбат қуришади, чақ-чақ қилишади… Сен эса эрталабдан Ҳеббимнинг турқига рўпара бўласан!
Менинг айтганларимга ҳам кўп ишонаверманг-ку, шу бўғилсам, енгил тортаманми деб атай ошираман, ёмон кўрганимга ёлғонни атай ёпиштириб ташлайман, туҳматдан ҳам қайтмайман баъзан. Лекин ичимда. Биров ҳисоб сўрамайди-ку, тўғрими? Бўлмаса, айтдим-ку. Ҳеббим ҳам худойим яратган бир жонзот, елканинг устида бир пўстаккалла, пўстакнинг тагида йилтир иккита тешик… Лекин бунинг қилиқларига сира чидаб бўлмайди-да!
Ўзи оти асли Бегимқул бўлган, ҳужжатида “қул”ини ёзишмаган. Мен уйқаштириб Ҳеббим дейман, ичимда албатта; кўпчилик Ҳайкал дейди. Ростдан, бетаъсир – минг уриш, минг сўк, парвоси йўқ, ҳишшайиб тураверади. Кўзи йилтиллашини айтмаса, нималигини билиб бўлмайди. Ғайрат ака бир к–ни: “Буни бундай деманглар, ҳайкал зўр одамларга қўйилади, бу нима постамент, тамал тоши. Устига нима қўйманг – фарқи йўқ, миқ этмай кўтариб тураверади”, деди. Ботир ўшанда: “Унда, эшак экан-да”, деди. Лекин лақаби ўзгармай қолаверди.
Ғайрат ака шунақа топиб гапиради, доим унинг калласига беш кетиб юрардим, бир воқеа ўтди-ю, шу билан гапини унча ёқтирмайдиган, ҳатто ғашланадиган бўлдим.
Бир куни йўқ ердан Ҳожиқул Ҳеббим билан уришиб қолди. Ҳеббим, фаросатдан худо қисган, бир мундайроқ гап қилувди. Ҳожиқулнинг ҳамиятига тегиб кетди. Шу ҳам одамми, нимасидан хафа бўламан, деб ҳай берса-ку, олам гулистон, лекин чумолини гапирсанг ўзига олиб, бастини ростлайдиган Ҳожиқулдан ўтиб тушди. Бир сапчиб Ҳеббимнинг олдига борди-да: “Сен ҳайкални… онангни… Чавақлаб ташлайман лекин!” деб бақирди. Бир қўлини орқа чўнтагига ҳам юборди-ёв шунда. Қалтирашидан, пичоғи бўлса, яна аччиқ устида бир нарса қилмасин деб ажратишга интилган эдим. Ғайрат ака енгимдан тортиб, қулоғимга секин: “Эчки билан хўкизнинг урушидан зўр томоша чиқармикан”, деди Енгимни бу қўлим билан тортиб олдим, лекин орага тушмадим. Қараб туравердим: Ҳожиқул титрабқақшаб бақиради, Ҳеббим ўша-ўша, ҳишшаяди. Менга эса Ғайрат аканинг тиржайиши ўтиб тушди. Ҳожиқулдан жаҳлим чиқди. Қўлингдан келмайдиганни нима қиламан бақириб? Одам ҳам ўзини шунча хўрлатадими? Очиғи, худонинг ўзи кечирсин, Ҳожиқулнинг Ғайрат акага қасдмақасд Ҳеббимни чавақлаб ташлашини ҳам истадим лекин.
Мен ҳамма нарсага баҳо берадиган ва ҳамма нарсада ўзини ҳақ деб биладиган одамларни, балки ўзим ҳам шундайдирман, азалдан ёмон кўраман. Ғайрат ака бир кўрсин эди “Одамнинг табиатида йиртқичлик бор, у ов қилиб, ҳайвонларни ўлдириб туриши керак, хусури қонмаса, қонида тажовуз тўпланиб қолади. Урушларнинг олдини олиш йўли шу” деган гапига исботни! Шу одамга ҳайронман лекин: нима гап бўлса албатта битта назария тўқийди! “Дўқ уриш инсон қонида қадимқадимдан сақланиб келаётган ҳайвониятнинг инъикоси”, дейди масалан.
Сал ўтказиб тушдим. Ғайрат ака, Ботир, Сафарниёз ака, Ҳожиқул билан мен бўлдик. Буларнинг авзоидан билдимки, Ҳеббим домладан топшириқ олган, лекин нима топшириқлигини айтганича йўқ, мени кутган, ҳамма унинг оғзига маҳтал. У менинг кўришиб-сўрашиб бўлишимга ҳам тоқат қилди, кейин худди биз гала бўлиб ҳозир бировнинг томорқасига кириб кетамиз-у, у қайтараётгандек, “Хо-ош”, деди. “Ҳайкал олиб келамиз” экан. Ботир пиқ кулди-ю, дарров оғзини йиғиштириб, “Нима билан?” деб сўради. “Трамвайда”, деди Ҳеббим. Ғайрат ака илжайиб: “А, трамвайдан бу ёғига-чи?” деб суриштирди. Сафарниёз ака бир пасда росмана дардмандга айланиб, афтини тириштирди: “Бирга боришим мумкин, лекин юк кўтариш менга мумкин эмас”, деди. “Ош мумкин-а?”, деди Ботир. Ҳожиқул бутун юк бир ўзига қолаётгандек зорланиб: “Ҳовлида аравағалтак бор-ку” деди. Ботир: “Шунча одам, кўтаролмаймизми-я!”, деди. Ғайрат ака яна аччиқ илжайди: “Ҳайкал – санъат асари, уни аравағалтакка солиб, балога қолмайлик”, деди. Ботир ирғиб турди-да, бу қўлига кўринмас кепка олиб, у қўлини кўринмас уфққа чўзиб, Ленин бўлиб берди. Ҳожиқулнинг ранги бўзарди, Сафарниёз ака уришиб берди: “Бунақа маймунликка, биласизми, неча йил беради?”. “Ленин маймунми?” деди Ботир. Сафарниёз ака тилини чўқиллатди. Ҳожиқулга жон кириб: “Битта ўзи кетса ҳам майли эди, бу ҳаммамизни…”, деди. Ботир чўчиди-ю, лекин хўрозлик қилди: “Бориб айтинг, Алиев қилди, мен қўшилмадим, деб”. Ғайрат акага худо берди: “Нега индамай қараб турдингиз, бари бир, иштирокчисиз, дейишади. Ана, политехда ўн беш киши битта ҳазил учун кетди. Еткизганни ҳам тортиб кетишибди, ўзи бошлади деб”. Шундан кейин ҳамма бирдан жимиди. Боядан бери навбат тегмай турувди, ниҳоят сўрамоқчи бўлган гапимни сўрадим: “Хўш, обкеладиганимиз қанақа ҳайкал ўзи?” Бирдан Ҳеббимга савол ёғилди: “Кимнинг ҳайкали?” “Каттами?” “Ҳайкалми, бюстми?” “Қаердан олиб келиш керак?”
Ҳеббим жим.
Сафарниёз ака: “Лениннинг ҳайкали-да, бошқа кимники бўларди”, деди. Шунда Ботир: “Бор-у бизда Ленин. Яна биттасини …ми”, деб юборса бўладими? “Ҳий-й!” деди Сафарниёз ака кўзи пешонасига чиқиб. Ҳожиқулнинг ранги қочиб, юпқа лаблари ўз-ўзидан пирпираб қолди. Ғайрат аканинг кўзойнаги йилт этди-да, кўзини ёпди. Ботирнинг сўкиниши баралла эди, лекин ваҳимадан эшитмаганга олдик, ўзининг ҳам кўзлари ғилтиллаб кетди. Агар Хеббимнинг ҳануз ўша-ўша ишшайишини айтмасак. Айтдим-ку бошда, бунинг нималигини билиб бўлмайди, деб.
Яна жимлик қўл келиб, Ҳеббимга дона-дона: “Айтинг, домла қаердан кимнинг қанақа ҳайкалини обкеласиз, дедилар. Гапиринг”, дедим. Сизга айтмабман, жаҳлим чиқса ё бирон нарсадан бошим қотса, гапимни, айниқса саволни дона-дона чертиб айтаман. Ўзим ҳайронман шу одатимга, адашиб кетмай дейманми…
Буни қаранг, билмас экан! Домла эрталаб кираверишда унга: “Тўрт-бештанг бориб ҳайкални олиб келасизлар”, дебди. Бор гап шу, бошқасини билмас эмиш. Трамвайни ўз калласи билан топибди, жониворнинг ишлаганини қаранг! “Билмийман, лекин борамиз. Мен хўп, деганман, ким бормаса, бормади, деб домлага айтаман”, дейди яна. Айтмади бу, бир марта айтган ҳам.
Бизда бир Ҳаким ака деган ишларди. Ўзи ёмон одам эмас, лекин кимнинг олдига кимлар келиши билан жуда қизиқар, айниқса қизу жувонни кўздан қочирмасди. Худди мутахассислиги шунданми дейсиз. Билмадим, кўрганми ё тўқиб чиқарганми, бир куни: “Домла котиба чой узатганда пиёлани мана бундоқ қилиб олади”, деб домланинг шу аснода Холиданинг тирсагидан билагигача қандай силаб қўйишини кўрсатиб бизни кулдирди. Лекин Х,еббим кулмади. “Бу билан нима демоқчисиз?”, деди. Хдким ака биз кулганга маст, Х,еббимга қараб: “Э-э укам, домламиз ҳам эркак, чиройли-чиройли қизларни териб юради, демоқчиман”, деди. Х,еббимнинг туси ўзгармади, лекин кўзлари йилтиллагандек бўлди: “Туҳмат! Мен буни бундай қўймайман”, деди. Х,аким ака, жа унақа юраги ботир эмасди, лекин Х,еббимни жини суймаганигами, ишқилиб: “Қўйманг! Сизни эркак деб туҳмат қилди, деб ўзларига кириб айтинг!”, деб тишини гиззилатиб қолди. Х,еббим: “Айтаман ҳам!”, деди. Биз айтдиқўйди-да деб ўйлабмиз, чиқиб кетганига эътибор ҳам бермабмиз. Х,али тарқалганимиз йўқ, Холида телефон қилди, Х,аким акани домла чақиряпти, деди. Ботир: “Уҳ, Хдйкал бориб айтган, шоҳим, сизни эркак деб туҳмат қилди, деган”, деб ҳазиллашди. Хдммамиз кулдик. Хаёлимизга ҳеч нарса келгани йўқ. Мен чой қўйдим, ҳали шиша банкадаги сув вижиллаганча йўқ эди, Х,аким ака қийшиқ илжайиб қайтиб келди. Фақат Сафарниёз ака: “Х,а?”, деди, сезгир одам-да. Х,аким ака бошини ғалати чайқади: “Домла менга янги лавозим очмоқчиман, шу ўринга сиз жуда бопсиз, десалар, эплай оламанмикан, депман, жуда эплайсиз, дедилар, мен ҳам майли, сиз нима десангиз шу-да депман. Рози бўлишдан олдин қанақа лавозим деб сўрамайсизми, дедилар. Мен аҳмоқ сўрабман ҳам. Менга ҳарам оғаси бўласиз, нечтасининг билагини силаганимни санаб юрасиз, дедилар”. Бунақа пайтда ишонасизми, одамнинг калласига ҳеч нарса келмай қолар экан. Лаҳзада етим бўлдик, Худди бошимизга ногаҳон ажал келгандек. Нуқул бир-биримизга жовдираймиз. Ажалнинг ўқи ҳам бунча бефаҳм бўлмас. Худди отамизни бир телба ўлдириб қўйгандек. Телбага нима ҳам дейсан!? Нега ўлдирдинг, деб сўрасанг, ўлдираман, деб олдиндан айтдим-ку, деб турса. “Айтаман дедим-ку сизларга. Айтдим-да. Мен тўппа-тўғри одамман”, дебди.
Кўрдингизми унинг қандай тўппа-тўғрилигини!
Бир ойча у билан гаплашмай юрдик, лекин бир жойда ишлагандан кейин юз юзга, кўз кўзга тушади, ҳишшайиб қўлини чўзиб турса, қандай қайтарасан, бир тескари қарайсан, икки тескари…Кейин… бу ўртада Ҳаким ака ҳам ишдан бўшаб кетди.
Ҳеббимга ҳатто ноқулай ҳам бўлгани йўқ.
“Ўв, бўлмаса, бориб домладан аниғини сўраб келинг”, десак, бунга ҳам йўқ дейди. Домла шуни ҳам эплолмадингми, деса, қанақа одам бўлар эмиш. Одам! Шу-я?!
Тортишдик, калламизга жўяли фикр келмади. Бу тўнка-ку маълум: бормади булар, мен нима қилолардим, деб тураверади. Ҳар биримиз ўзимизча шуни ўйладикми, кўп тортишмай, оғзимдан илиниб, домлага мен борадиган бўлдим. Кўчада ғижиллашиб туравермаймиз-ку.
Долонда бораётиб, менга айтмай домланинг олдига кирибсиз деб ёзғириб юрмасин, деган андиша билан Аҳмаджон аканинг хонасига бош суқдим, у Холидага суқланиб қараб ўтирган экан, сал ранги қочиб нима гаплигини сўради. Мен тушунтирдим. Пешанаси тиришиб кетди. “Менга индамадилар, сизларга айтган бўлсалар, албатта, бориш керак”, деди. “Бориш керак, лекин қаёққа? Шуни билмаяпмиз-да. Домладан сўраб беринг”, дедим. Аҳмаджон ака ўрнидан туриб кетди. “Илмий котиб завхозми сизларга – нима бўлса мени рўпара қиласизлар. Билмайман мен, лекин борасизлар” деди. “Бўпти, суҳбатингизни бузманг, ўзим сўрайман” деб эшикни ёпаётсам, Холидачаси нима дейди денг! – “Домла академияга кетдила-а!” Шуни олдиндан айтса бўлмасмиди?
Э-э, бор-э, менга нима, деб чиқаётган эдим, долонда Шермат учради. Рассом – ҳайкал-пайкал қаерда бўлишини шу билади.
“Комбинат иккита, – деди у. – Қайсиси?”
Ўзим билмаган нарсани бунга қандай тушунтираман. Шартта қўлтиғидан олиб ташқарига, ҳалиям Ҳеббимга қараб тумшайиб турган шерикларим олдига судрадим.
Гапни бир жойга қўя олмаганимиздан, иккаласига ҳам борадиган бўлдик. Ҳайкалнинг пири ўзинг, домла шуни билиб, энг зўрини Шермат танлайди, ўзи бошчи бўлиб борсин, деганлар, деб алдаб Шерматни ҳам қўшиб олдик. Шермат унча ишонмади-ю, лекин биз билан трамвайга чиқди. Биринчисига бордик. Шермат билар экан, тўппа-тўғри ҳовлисига бостириб кирдик.
Ҳайкал деганининг макони шу ер экан. Саноғи йўқ, Одамдан отгача, кийикдан кучуккача – ҳаммасидан бор. Не-не виқорли улуғлар бу ерда ағнаб ётибди. Битта Лениннинг ўзидан эллиги бор-ов. Йигирматачаси калланинг ўзи. От минган, гимнастёркали комиссарларми, Фрунземи, булар ҳам бир ўн бештача. Спортчилар, колхозчилар, шахтёрларми-эй… Хуллас, ҳаммаёқ ҳайкал. Жуда катталари ҳам бор, лекин булар бўлак-бўлак, оёғи, бели, боши алоҳида, ҳар ёқда тумтарақай ётибди. “Буларни бир-бирига кийиштиришади”, деди Шермат. Сафарниёз ака анча таъсирланди: “Кийдиришгунча одам кўзидан панароққа қўйишмайдими? Ҳар ҳолда санъат асари, жудаям ёмон кўринар экан. Одамнинг кўнглига ҳар хаёл келади-я”, деди. Шермат сал энсаси қотиб: “Ҳаммаёғи девор билан ўралган, яна қанақа пана жой керак. Кейин, нима бўпти, катта ҳайкаллар шундай бўлак-бўлак тайёрланади”, деди, Ҳожиқул эса: “Салобати йўқолиб қолар экан”, деди. “Аиримларга нима, – деди Ғайрат ака, – бир тошнинг устига яна биттасини қўнқайтириб қўйса, ўшанга ҳам сажда қилаверади”. Ҳеббимга қараб турибман, бўйни жиқ-жиқ терга ботган, лекин Ғайрат аканинг гапини тушунмасликка олди. “Буларнинг ҳаммаси буюртма, ҳали катталари катта-катта майдонларга, кичиклари колхоз-совхозларга ўрнатилади”, деб тушунтирди Шермат.
Офтоб кўзга уради, иссиқ, шу ҳавода мижинг-мижинг тортишиб юравердик. Биздан бошқа ҳеч ким йўқ. Буларни ўғирлаб кетишмасмикан, деб ўйладим-да, кейин олиб бориб қаерга бекитиқча ўрнатади, дедим.
Бир жойда жуда каттасининг бўлаклари ётган экан, этикнинг ўзи қайрағочдай баҳайбат, елканинг ўзи супадай, ўртасида ўпқондай ўйиқ, каллани шу ерга кийиштиришса керак-да. Кўкракдаги тугманинг ўзи рапидадек. Баҳайбат нарса бўлак-бўлак ётибди-ю, ҳаммасининг нимасидир таниш. Шунинг учунми, арқон билан пешанасининг таги, кўзининг устидан, кейин буруннинг остидан, яна иякнинг тагидан сириб боғланган улкан каллани кўрибоқ бу кимнинг бўлаклари эканини билдик – Ленин. Каллаки, маҳалланинг иккита дошқозони бир-бирига қопланган, ундан ҳам катта, жуда катта! Калла дегани, ҳайкалники бўлса ҳам, елкада туриши керак шекилли, ерда бир ўзи турса, ҳақиқатан ҳам одамга жуда ёмон таъсир қилар экан. Қўрқинчли. Яна уч жойидан сирмалган арқонларнинг учи унинг қоқ тепаси -тепакалнинг ўртасидан ўйилган тешикдан чиқарилган, буни кўрган одамнинг миясига минг хаёл келади. “Воҳ, Сафарниёз, ёзсангиз бўлди, аниқ қамашади лекин”, деб ҳазиллашди Ғайрат ака. Ботир: “Мияси моғорламасин, шамол кириб турсин, дейишган-да”, деб қитмирлик қилди. Ҳожиқул жаҳли чиқиб: “Сиз жонингиздан тўйган бўлсангиз, бошқалар шундай эмасдир”, деди. Шу аснода Ҳеббим: “Ана шу калланинг ўртасидаги тешикдан чиққан арқонларни кранга илдиради, кран билан катта машинага ортишади”, деб билағонлик қилди. Ғайрат ака бунга энди ақли етгандек “Э-э… шунақами” деб чўзди. Ҳеббим шунда яна бир доно гап айтди: “Каллани елкага кийдиргандан кейин арқонни ечиб олиб, тешигини суваб қўйишади”, деди! Э-э, шу ақлни берган отангга раҳмат, дедим ичимда.
Хўб айландик, нимага келганимиз ҳам эсдан чиқа-ёзган эди, майдоннинг охиридаги баланд чинор тагида бир одам қопқора лойга беланиб, куймаланиб турган экан, ёнига бордик. Одам бўйидан анча баланд, қаддини тик тутиб, бир қўли билан соқолини тутамлаганча ўйга чўмган саллали одамнинг ҳайкали, Форобийми, Берунийми, Ибн Синоми, ишқилиб, шарқ алломаси. Катта ҳайкалнинг олдида кичкинаси, бўйи бир газча келар, шунга қараб каттасини ишлаяпти экан, Эгасига салом бердик-да, томоша қилишга тушдик. Бизга роса қизиқ-да, ҳайкалтарошнинг ишини кўрмаганмиз. Ғайрат ака ҳайкалнинг айланиб томоша қилди, офтоб томондан, тескарисидан қаради, узоқдан туриб, иягини ушлаб тикилди. “Мана, қаранг, ҳайкал чизиқлар гармониясига қурилади, сиз буни тушунишингиз керак”, деди менга худди икковимиздан бошқа ҳеч кимнинг бунга ақли етмайдиган алфозда. “Салла ўрамидаги чизиқларни қаранг, пешанадаги ажинларга уйғун, улар ўз навбатида соқолдаги чизиқларга, соқолдагиларга қўлга, қўл эса тирсак билан яхтакнинг бўртмаларига уланиб, тикка оёққа тушган, пойафзалнинг учлигини кўраяпсизми, ҳаммасини бир-бирига боғлиқ -тепадан – бошдан оёққа – пастга тик шаршарадек қуйилиб тушган тошқин фикр!” Ғайрат ака ўзи топган гапларга ўзи жўшиб кетди.: “Энди пастдан қаранг: тепага интилган шиддат! Исён – фикрнинг исёни! Бу аср қолоқлигига қарши кўтарилган фикрга қўйилган ҳайкал.”
Охирги гапни бошқалар ҳам эшитди. Ботир ожизланиб, ҳавас билан қараб қўйди. Ҳожиқулнинг энсаси қотгани аниқ билинди. Сафарниёз ака шунчаки маъқуллаб бош ирғади, у чарчаган, чанқаган, устига устак, уйқуси ҳам келаётган эди. Шермат, таниш экан, аллақачон ҳайкалтарош билан суҳбатга киришиб, нима масалада келганимизни тушунтириб ётган эди, бўлмаса, Ғайрат аканинг гапи учун менга “Ким қайдаги қуруқлар билан ошначилик қиласиз-да”, таъна қиларди. Фақат Ҳеббим ишшайиб: “Фикрга ҳайкал қўйиладими-я, бу Берунийнинг ҳайкали-ку”, деди.
Ҳайкалтарош шу иссиққа қарамай бошига бўғирсоқдай қилиб берет қўндирган дароз, бети бужур бир одам, балонинг ўқи экан, гапимизни тушуниши билан: “Сизларни ҳужжатсиз, рухсатномасиз қайси аҳмоқ юборди ўзи?!”, деди. Ҳеббим даррор ўзига келди: “Аҳмоқ деманг! Бизни домла юбордилар”, деди. “Нима, домла сени ҳайкал олиб кел, деб юбордими?”, деди ҳайкалтарош. “Ҳа”, деди Ҳеббим. Ҳайкалтарошнинг аччиғи келди: “Хўп, мана ўша ҳайкал. Елкангга ортиб кетавер”, деди. Ҳеббимнинг шунда башарасини кўрсангиз, “Бу ҳали қуримаган-ку, эзилиб кетмайдими?” дейди! Бу тўнкага шунча гап етиб боргани йўқ, ҳали ҳам бўлса бир амаллаб олиб кетиш пайида, Ҳайкалтарош ҳали ҳам вазмин одам экан, Ҳеббимга эмас, бизга тушунтирди: “Кеча домла билан кўришувдик, конференция олдидан иштирокчиларга Берунийингизни бир кўрсатсак, дедилар, мен, майли, иш тугасин, макетини берарман, дедим. Лекин эрта ё индин одам юборинг деганим йўқ. Тугатай, кейин бераман, деганман”. “Э-э, буниси кичкина-ю, конференцияга каттасини қўйиш керак-да. Буни обкетмаймиз”, деб Ҳеббим баттар ҳайкалтарошнинг энсасини қотирди.
Ҳеббимнинг ҳамишаги тўнкалигими ё домла тушунмаганми, хуллас, бекорга келган эканмиз, бекорга қайтяпмиз. Ҳаммамиз мулзам, эзилган, бир аҳмоққа эргашиб аҳмоқ бўлганимиздан ўзимиз ҳам хуноб. Айтдим-ку уни сўккандан ҳам, уришгандан ҳам фойда йўқ. Қон бўлганингиз зиёда.
Яна трамвайга чиқдик. Фақат мен эмас, бошқалар ҳам чарчаган, бировнинг бировга гапиргиси йўқ. Нима учундир ҳамма нарса барибир, ҳафсала ўлди, трамвайда тик турган бўлсам, шу туришимда, шу карахт қўйимда шаҳар оралаб кўчадан эмас, худди дунёдан ўтиб кетаётгандайман.
Ростдан, тик турибман, шерикларим тик турибди, қийналиб йилтираётган дарахтлар, пардадек осилиб қолган кўкимтир тутун – ҳаммаси минг йил шундай туради-ю, лекин ўзинг бу дунёга ҳозир трамвайда келиб, унинг деразасидан қараб… ўтиб бораётгандайсан. Уйинг, ота-онанг, ишхонанг, севганинг – фақат хаёлингда бўлган, ўзинг тўқиб чиқарган уйдирмага ўхшаб қоларкан. Карахт бир донолик, фақат ич-ичингда бир афсус, ўзингга бир ачиниш…
Ҳеббим ҳам қандайдир чўкиб қолган, ўзича бир нарсаларни ўйлаяпти, фил миясига хижолатга ўхшаган фикрлар келган шекилли, бошини баланд кўтарган бўлса ҳам, жовдиранқираб қарайди. Сафарниёз ака, боши эгик, кўзлари очиқ, мудрайди. Ҳожиқулнинг тишга қараган кўзлари қотиб қолган, маънисиз. Ботир ҳаммамизга бир-бир илинж билан кўз ташлайди, лекин сўз қотишга ботинмайди. Шермат алланечук чорасиз кўринади, кап-катта йигит худди етимга ўхшайди шу тобда. Ўттизга борган, оилалик, йўлини топган йигит етим бўлса нима қилибди, деган ўй келмайди одамга.
Жуда ториқиб кетдим. Одамнинг умри шундай ўтиб кетса, эртага майдонда савлат тўкиб турадиган ҳайкалнинг бошини жойига ўрнатиш учун албатта тепасидан ўйишса, кейин сувашса, мудом шу институтда, шу одамларнинг орасида ишласам, шундай яшайверсам, бир-бирига тўғри келмайдиган ўйлар келади калламга. Бу ёғи шу-да энди, дейман, шу гапни ҳам хаёлимда жуда эринчоқлик билан айтаман, худди фикрларим ҳам бу иссиқда эриб бораётгандай.
Трамвай бўлса юлқинади, лопиллайди, бир қўлимиз билан тутқичга осилиб, биз ҳам чайқалиб кетяпмиз.
Трамвай бекатда тўхтади, яна юрди, одам тушди, кирди ва шу вақти… бир қизил, йўқ, алвон, йўқ-йўқ, қирмизи… ловуллаб турган кўйлакда бир қиз трамвайни ёндириб чиқди. Ҳамма ёқ қизил, алвон, қирмизи яшнаб кетди. Худди бир меҳрибон одам “Ҳе нодон, ўзингга қамалиб олмай, атрофга ҳам бир қара!” деб қоқ пешонамга, икки қошимнинг ўртасига қарсиллатиб туширгандек, кўзимга олов урилди. Бирдан дунё ўзгариб кетди-да. Э-э, б, қиз эмас, билмайман, бир гув этган алангами, жинсми, фариштами, ишқилиб, қараб туриб бўлмайди, кўз чидамайди, ҳали юзини, ўзини тузукроқ кўрмай биляпманки, жуда гўзал, сўлим, сулув, дилбар, таърифга тил айланмайди. Яна нима десам? Одам бидирлаб қолади! Сўзнинг ранги ўчади таърифига. Бу гўзал шу пайтгача қаерда бўлган, ердами, қандай маконда, нима еб катта бўлган экан, бизга ўхшаб нон-чой биланми, ота-онаси занжабилми ё бошқа би… анвои мевалар бериб ўстирганми… умуман бу ўзи онадан туғилганми ё шу ҳам бирор йигитни яхши кўрармикан… ичимдан бир оҳ келди, одам боласи ҳам шунчалар бўладими, ўзингиз айтинг, шунчалар бўладими, деб бақирдим-ов ичимда. Парпираб турарди-да ўзи ҳам!
Унга қараган одам нега гавдам қийшиқ, нега кўзларим чақнаб турмайди, нега бундай пачоқ қилиб яратилганман, деб ўз-ўзидан ўксиниб кетади, қарай олмайди, эй-й, нега мен эзилиб юрибман-а, ахир, ҳаёт мен яшагандан мутлақо бошқача экан-ку, бу дунёда бахтиёрлар бор-ку, мен нега бундайман, деб ўзига қарши исён кўтаргиси келади.
Қўйинг-чи, мен шу тобда дунёни тамом унутиб, мана шу қизга асир эдим, фақат мен эмас, темир трамвай шу қизни деб юраётган, бундаги одамлар ҳам шу қиз айтгани учун худди шу йўлдан бораётган эдилар.
Сафарниёз ака “Ҳий-й””, деб юборди.
Бошқа шерикларимга қарадим. Ғайрат ака, калласи жойида турмайди, бир қизга, бир-бир бизга қарайди, кўзойнаги йилт-йилт чақнайди, илжайиши худди бетига ёпишиб қолган расмдек липиллайди, Шерматнинг оғзи ним очиқ, тишлари йилтирайди, кўзлари секин ёнган; қизнинг ҳар бир аъзосини: юзи, сочи, елкалари, кўкракларини, оёқларини бир-бир ушлаб кўраётганга ўхшайди, ҳатто мўйловигача диккайиб қолган. Ҳожиқулнинг эса кўзи сал ғилайланиб қолган.
Ў, Ҳеббимни кўриш эсдан чиқаёзибди: у бир-бир бизга, бир қизга қарайди, ҳишшайишида қандайдир, гўё: “Ҳеҳ, буларга жон кириб қолганини қара!” дегандай одамни пастга урадиган ғалати бир завқ бор.
Сафарниёз ака секин енгимдан тортиб, оғзини қулоғимга олиб келди-да: “Ҳамма ишингни ташлаб кетсанг-да шу қизнинг орқасидан… Э-э, яшайсан, яшайсан, бир яшайсан-да…” деб қўл силтади.
Ҳожиқул бу гапни эшитган экан: “Орқасидан боринг, панароққа ўтгандан кейин, нархини айтади”, деди қизга етишни хаёлига ҳам келтиролмайдиган бир алам билан.
“Нима бўлганда ҳам сизга кўнмайди”, деб рашкланди Шермат.
Ҳожиқул хунук илжайди: “Кўнади, бунақалар фақат пулга юрсин-да”, деди.
Сафарниёз ака: “Э-э қ”йинглар шунақа гапларни. Шундай чиройли қиз, гулдай очилиб турибди, деди ҳасрат билан.
“Очилгани билан, бари бир, биров узади, аллақачон узган ҳам. Қаранг, ака, анча кўрилган, бўлмаса бунча етилмайди”, деди Шермат.
“Кўзини қаранг, ейман, дейди”, деди Ҳожиқул.
“Шермат, ука, сиз рассомсиз-ку, гўзалликни тушунасиз, қаранг, қандай чиройли! Нима ишингиз бор, бузуқми, йўқми, сизларники эмас-ку. Қаранг, кўзингиз дам олсин, кўнглингиз қувнасин, одамлар кўрсин, кўриб роҳат қилсин, деб яратилганку бу гўзаллик. Боши бўм-бўш ҳайкалга ҳам сиғинамиз-ку,”, деди Сафарниёз акахафа бўлиб.
Шермат яна бир нарса демоқчи эди, Ғайрат ака орага суқилди: “Нимани тортишяпсизлар? Шу… гўзалми? Гўзаллик нима эканини биласизларми ўзи? Сип-силлиқ бу, ҳамма ёғи ширғай, нигоҳингиз тойиб кетади. Гўзалликда қирра бўлади, тушунасизми, қирра, кўзингиз ш– қирраларда тўхтайди, шу тўхтамларда фикр пайдо бўлади. Бу қиз қанақа ҳамма жойида одамнинг кўзи сирғАлиб кетади, бирон нарсани ушлаб бўлмайди, бўм-бўш. Сизларга ҳам ҳайронман”, деди. Бу гапдан кейин ҳамма жимиб қолди. Нимагадир жуда ғашим келди: “Хўп, майли, сизнингча бўлсин, қизнинг ҳалиги… қирраси йўқ, лекин, айтинг, қирралиги қанақа бўлади? Битта мисол келтиринг, чиройли киноюлдузлардан бўлса ҳам”, дедим. Ғайрат ака аввал бошини чайқади-да, кейин “Киноюлдузлардан?! Бўёғ-у уларнинг ҳамма ёғи, қирра нима қилади?”, деб калта кулди. Жуда жаҳлим чиқди: “Бунга ҳам хўп. Сиз айтган қирралик гўзалга Дилором мисол бўладими?”, дедим. Дилором узун бўйли, қоқсуяк, инжиқ, заҳар, кўп китоб титкилайди, лекин ўқигани юқмайди. “Ҳайронман, шу буржуа олимлари нега доим тескари хулоса қилишади-я”, деб юради, негадир Ғайрат ака шундай калласи бўлиб, у билан яқин, ғудинг-ғудинг суҳбат қуради, мақолалари балодай чиқади, ҳамма устидан Ғайрат ака қараб беради, дейди, мен, очиғи, аниқ бир гап айтолмайман, шу қариқизнинг ақлхонасида тайинли илм бўлишига ҳам ишонмайман, агар ҳам баъзи шоирларга ўхшаб, ярим кечаси ичиб олганда илҳоми келиб қолмаса. Саволимга келсак, Ғайрат акага ботиб кетди, кутганимдек менга қараб “сен билан тенг бўлдимми-я” деган маънода бир тиржайди-ю, терс бурилди, Ботир биқинимга туртди, биламан – исида “Маладес!” деди.
Бу орада Сафарниёз ака бошини тебратиб, “Ўй! Ўй!”, деб инграганди, яна бирон касали тутди, деб қараб қолдим. У завқини шунақа билдираётган экан. Э аттанг, Ғайрат ака билан манжашиб, Сафарниёз аканинг ўй-бўйига алаҳсиганимда қиз аллақачон олдинги эшикка етиб олган, тушишга шайланиб турган экан, трамвай тўхташи билан тушдию кетди. Ерда одам сийрак эди, одамлар орасида у баландгина адил қомат, қизил куйлакда, хипчагина қаддидаги ҳар бир бўртган жойи худди кулол дастгоҳда меҳр билан юмалоқлагандек бежирим кетиб боряпти, дод деворгинг келади.
Шу пайти Сафарниёз ака: “Э ўтирмайман сизлар билан, нима яхши нарса бўлса бўлғаб ташлайсизлар! Одам эмассизлар-да шу”, деб ўрнидан қўзғалаётган эди, Ботир елкасидан босди: “Одам эмасмиз, деб айтинг, ака, сўлакайини оқизган биринчи ўзингиз-ку, биздан авло жойингиз йўқ. Нима, нарёқдагилар унга қарамадими, бир қаранг, уларнинг ҳам калласи ўша ёққа бурилган”, деди. Сафарниёз ака елкасидан унинг қўлини олиб ташлади-ю, жойидан турмади.
Трамвайчи темирини кўтариб тушди. Қиз секин бир-бир босиб кетаётган эди, трамвайдагиларнинг кўзи ўша томонда, назаримда, ҳамма лол.
Ана шу пайти Ҳеббим гапга кирди. Ҳеббим ғаламис бир гапни айтди, негадир тирик жонга ўҳшаб, кўзларига бир маъно кириб гапи…ди: “Зўр, зўр, дейсизла… . Феҳ-ҳ! Ҳаммаси –хотину қизнинг пошшоси ҳам ўша ишнинг гадоси Ўша пайтда ҳаммаси бир гўр бўлади. Ҳеббим гапини тугатмай, бирдан ҳингил-ҳингил қилди. Ҳали унинг нимани тасаввур қилишига ақлимиз етганича йўқ, хунук бўлса ҳам, ишқилиб, кулишни билан экан-эй, деб ғалати бўлиб турибмиз, Ғайрат ака, кейин тан олдим, бари бир, соддалиги бор, умуман, ёмон одам эмас, “Тушунмадим, Бегимбой, ўша ишингиз нима ўзи” деб чин кўнгилдан сўради.
Ҳеббим шунда… қиздан кўзини олиб, бизга қаради, гўзалларнинг кетворгани ҳам, бари бир, нима қилишини айтди! “Қойилми!” дегандек яна ҳингиллади. Шунда кўзимга унинг шу ҳингиллаши суюқ бир нарсага ўхшаб ялпоқ бетига ёйилиб кетди, ўлай агар, кўзимга шундай кўринди.
Бирдан юрагим эзилди, узоқлаётган қиз худди уни Ҳеббим булғалагандек, энди мумсик, хунук кўриниб кетди.
“Э-э… одам эмас экансиз!” деди Шермат.
Ғайрат бир гап айтмоқчи бўлди-ю, гапи оғзига тиқилди, жирканган кўйи қотди.
Сафарниёз ака сапчиб туриб, нари кетди, ўша ёқдан туриб, суф сенларга дегандек қўл силтади.
Ботир Ҳеббимга тик қараб: “Одам сасимасин экан, ёмон бўларкан!”, деди.
Ҳожиқул унга унсиз жўр бўлиб, бош ирғади-ю, негадир жовдираб менга қараб қўйди, кўзимнинг қирида илғадим буни.
Ҳеббим ҳаммамизни уриб ташлагандек яйраб ҳингиллайди. Шу туришига қараб турганимда калламга ярқ этиб бир шубҳа урилди: пойлаган бу, ҳозир ҳам пойлаб юради, пойлашни яхши кўради, шундан роҳат олиб юради, номланиши эсимга келмаяпти, бир нима “изм” деган шунақа касал бор, жинси бузуқлик, бу ўшанақа, деб ўйладим ва шуни бетига айтдим. “Ўзингиз кўргансиз, пойлаб юрасиз-да, а?, дедим, ҳозир бутимга тортиб юборади деб, шайланиб ҳам турдим. Йўқ Ҳеббим яна худди ҳингиллашини тўхтатолмагандек, “Нима бўпти?”, деди, кейин ўзини тутиб олди-да, беозоргина “Пойламаганда билмайманми?” деб ғулдиради.
У нимани айтган эди, мен буни сизга атмай, бу-ку – ифлос, лекин сиз нима гуноҳингизга шу гапни эшитишингиз керак?
Энди айтинг, мен шундай одам билан бир жойда ишлайман, шу билан бир ҳаводан нафас оламан. Яна, қаранг, ҳайкал деб ҳаммамизни аҳмоқ қилди, майли, баҳарнав бир гўзални кўрдик, кўзимиз яйрасин, деганда, майли, Ғайрат аканинг гапи, ҳамма нарсадан қиррами, тумшуқми ахтаради, лекин Ҳеббимни қаранг, росмана одам шу гапни айтадими? Яна ҳингир-ҳингир қилади, ҳаммангни бопладимми дейди! БўғИлмай бўладими?! БўғИламан-да, ахир, ҳаммага етган тоза ҳаво менга етмаётгандек бўлаверади. Э-э худо, дейман, мени-ку яратибсан, нима қилардинг Ҳеббимни яратиб, дейман, ҳаммани одам қилиб тўратасан, нега буни бунақа бино қилгансан дейман, хунобим ошади, ёзғираман, кейин ёлғиз қолган пайтларим истиғфор айтаман, тавба дейман, шу дунёда борлигимга, эгамнинг ўзи мени Ҳеббимга ўхшатмаганига, тириклигимга одамларга одамга ўхшаб, гўзал, чиройли, сулув, сўлим, моҳитобон, малоҳатли қизларга – бокира фаришталарга мияси айнимаган тўрт мучали бутун, йигитга ўхшаб қарашимга, соппа-соғ одамлигимга шукр қиламан.
Ҳа энди, баъзан бўғиласан-да одам, умр шунақа нарсалар билан ўтиб кетаётганини ўйлаб…