Мени шайдо қиладурғон бу кўнгилдур, бу кўнгил,
Хору расво қиладурғон бу кўнгилдир, бу кўнгил.
Лутфий
…У вақтлар эндигина биринчи синфга қатнай бошлагандим. Болалигида ақли етмаган кўп нарсаларни вақт ўтган сайин чуқурроқ ҳис қиларкан киши. Уйимизда отамнинг кичик синглиси Моҳинисо тўғрисида кўп гап қўзғарди. Ойим доим “У сенга амма бўлади”, деб уришарди, мен амма десам, гўё Моҳинисодан узоқлашиб кетаётгандек “опа”лашни қўймасдим. Мен уни жуда яхши кўрардим. У ҳам мени ўзи билан олиб юришни ёқтирар, кўнглим нимани тусаса бирпасда истагимни муҳайё қиларди. Бизнинг уй қишлоқнинг бир четида, опамларники эса марказда – мактабнинг ёнгинасида эди. Мактабга ўтганда ҳам, қайтганда ҳам уларникига кириб ўтардим. Чунки опамларнинг ҳовлисидаги икки туп ғуж-ғуж ҳосил қиладиган беҳи мевасининг ярмини мен тугатардим, десам лоф бўлмайди. Поччам – Маҳкам ака шофёр бўлиб, сира мени зериктирмас, машинасида ҳар хил жойларга сайрга олиб борарди.
Опам ҳақидаги суҳбатни кўпинча ойим бошларди.
– Учрашмаган мулла-эшони, кўрсатмаган табибу бахшиси қолмади. Қийин бўлди Моҳинисога, умри бекор ўтяпти, саккиз йил – айтишга осон, – дерди-да, кейин мени энди кўраётгандек уришарди, – бор, бор, ўйинингни ўйна, катталарнинг гапига қулоқ солишни сенга ким қўйибди!
Мен нари кетсам-да, барибир севимли опам ҳақидаги суҳбатни яшириқча эшитардим.
– Палон жойда янги бахши чиқибди, – дея давом этарди ойим, – бир бориб учрашса бўлармиди? Жуда илми ўткир дейишяпти. Бир-икки дардига даво истаб борганлар шифо топиб, бахтлари очилиб кетибди. Моҳинисони ҳам азиз авлиёлар пешонасини силаб, қўллаб юборишса ажаб эмас. Қанчадан-қанча табаррук жойларда ис чиқардик, “Оқмозорбува”да расм-русмини қилиб хўроз сўйдик, “Пошшо пирим” зиёратида қўй сўйиб, қон чиқардик… Зора буниси…
Бундай кезларда отам узоқ сукутга чўмар, кўзлари атрофини, пешоналарини ажин қопларди. Отамнинг ғамга ботишидан ойимнинг гаплари шунчалик ёмонмикан, деб ўйлардим. Бола бўлсам-да, гап Моҳинисо опамнинг ойим айтгандек, “тирноққа зор бўлиб ўтаётгани” ва унинг фарзанд кўришини барча қариндош-уруғимиз исташаётганини тушунардим. Барибир бола эдим-да. Ўша куниёқ эшитганларимни опамга оқизмай-томизмай етказдим. Янги бахши ёрдам берар, дебман. Опам гапларимдан роса йиғлади. Тушдан кейин далага ҳам бормади. Мен катта айб қилганимни билиб, уларникидан кетиб қолдим.
Бир куни опам бизникига йиғлаб келиб қолди. Эшитишимча, ўша куни Маҳкам акам аллақайси гурунгда кимдандир фарзандсизлиги ҳақида гап эшитиб келиб, аламини опамдан олибди. Шу сабаб бўлдими ёки ҳаммасини олдиндан мўлжаллаб юришган эканми, ўша куниёқ уйимизга қариндошларимиз, тўғрироғи, отамнинг уруғлари йиғилишиб, узоқ суҳбатлашишди.
– Гулдай умрингни хазон қилиб ўтаверасанми бировнинг эшигида? – деб гап бошлади катта аммам, – маслаҳатимиз шу: ундан чиқасан.
– Бахтларингни бошқа-бошқа синаб кўринглар. Сизларнинг йўлларингизни нималардир боғлаб қўйган… Бахшилар ҳам шундай дейишяпти, – кекса момом юмшоқ қилиб гапирди. – Уруш-жанжалсиз, келишиб, яхшиликча ажрашасизлар.
Опам “ўлганим яхши эди бу кунлардан”, деди секин йиғи аралаш.
– Ноумид шайтон, Худойимнинг марҳамати беқиёс, – дея овутди кўнгли бўш кичик аммам кўз ёш қилганча, – э, Парвардигор, меҳрингни дариғ тутмай, шу бечорага ҳам кўп қатори битта фарзанд ато қилсанг бўлмайдими?..
Хуллас, опам бизникига кўчиб келди. Бизники унинг ота ҳовлиси эди. Опам негадир кўп йиғлар, аммо буни ҳеч кимга сездирмасликка уринарди. Шундай пайтларда олдига бориб қолсам, мени кўрган заҳоти йиғидан тўхтар ва менга ҳар хил эртаклар айтиб берар, “Шундай қилиб, улар муроду мақсадларига етибди”, деган сўзларни айтаётганида кўзлари яна намланарди.
Энди опамнинг келинлик уйига ойимнинг “Ёмон бўлади, у ёққа бошқа кирмагин”, деганига амал қилиб кирмасдим. Лекин баъзан Маҳкам акам мени кўчада кўриб қолса, қўярда-қўймай уйларига олиб кирар ва мен яхши кўрадиган беҳилар билан сумкамни тўлатгач:
– Опангнинг аҳволи қалай? – деб сўрарди.
– Ҳеч кимга билдирмай йиғлагани-йиғлаган, – дердим ростини сўзлаб.
— Мендан салом айтгин, – дея Маҳкам акам ғамгин бўлиб қоларди.
– Яна кирибсан-да, – беҳиларни кўриб уришарди ойим. – Ҳадеб бировникига киравериш уят бўлади.
– Маҳкам акам бировмас, – йиғлагудек бўлиб қарши гапирардим.
Опам бу гапларни эшитиб маъюс тортарди. Ёлғиз қолганимизда Маҳкам акамнинг саломини айтардим. У эса хурсанд бўлар ва “Яна сўраса мендан ҳам салом дегин”, дерди сал кўнгли ёришиб.
Опамнинг бизникига келганига бир йилдан ошганда тўй бўлди. Уни қўшни қишлоққа узатиб юборишди. Энди у қишлоғимизга кам келар, шунда ҳам сира кўчага чиқмас, кетаётганида эса янги уйига оёғи тортмаётгани билиниб турар, баъзан озгина кўз ёши ҳам қилиб оларди. Опамнинг ҳозирги эрини ҳамма ёмон дерди: ойим ҳам, бошқа қариндошларимиз ҳам, аммо унинг ўзи сира ҳам зорланмасди.
Бир гал опамга эргашдим. Сўқмоқ оралаб боряпмиз. Уларнинг қишлоғига ҳали уч чақиримча бор, йўлимизнинг икки томони ўсиқ жўхоризор. Бир вақт рўпарадаги жўхоризор шитирлаб, кимдир кўринди.
– Вой, ўлмасам! – деб юборди опам юзларини рўмолининг чети билан тўсиб. Қаршимизда девдай бўлиб Маҳкам акам турарди.
– Моҳинисо… Моҳи… – деди у опамга яқин келиб, менга биринчи марта парво қилмасдан, – ортиқ чидай олмайман!
Опам рўмоли билан юзларини баттар яширди.
“Нимага чидай олмас экан?” – ҳайрон бўлганимча Маҳкам акамга қарадим. Унинг кўзлари қизарган, юзлари шиддатли эди. Опам ерга қараганича индамай турарди.
– Ҳаммасини унутибсан-да…
– Йўқ, йўқ, унутганим йўқ, – аста бош кўтариб пичирлади опам.
– Бўлмаса, – деганча Маҳкам акам менга бир қараб олди–да, опамга яқин бориб нимадир деди.
– Қаерга? – опамнинг овози ваҳимали эшитилди.
– Узоққа, бу ерлардан жуда узоққа.
– Ҳозир кетолмайман… кейин… кейин бўлса майлига.
Опам юзларини тўсиб турган рўмолини қайириб, Маҳкам акамга пичирлаб нимадир айтди. Маҳкам акамнинг юзлари тундлашди ва қўққисдан қандай пайдо бўлган бўлса, шу кўйи жўхоризорга сингиб кетди. Опам кўзларида ёш қалқиганича қолди.
– Уни кўрганимизни ҳеч кимга айтмагин, – дея ялинди опам ўзига келгач. – Айтмайсан-а?
– Ҳеч қачон, ҳеч кимга. Агар айтсам Худо… – Мен қасам ича бошладим.
– Қўй, қўй, қасам ичма, ёмон бўлади, – опам кафти билан оғзимни тўсди. – Сенга ишонаман.
– Хўп.
Кейин йўл-йўлакай у худди ўз-ўзига гапиргандай пичирлади.
…Кетгунингча текис, равон йўл бўлса. У қуёш ботаётган маконга туташиб кетса. Шу йўлдан уфққа бош қўяётган қуёшни қувлаб бораверсанг, олдингда қизариб товланаётган уфқ, қип-қизил нурли йўл… қандай яхши… Ортингга сира қарамасанг… Сенга ҳеч ким халақит бермаса…
Бу гаплардан ҳеч нарса англамадим.
Опам фарзанд кўрди. Қариндош-уруғимиз бундан хурсанд эдилар. Барчалари “марҳаматини дариғ тутмаган” Худога шукр қилишарди. Опам ҳам ўзини хурсанд кўрсатишга уринар, аммо унинг шодлиги ўзи учун эмас, гўё қариндошларимизнинг кўнгли учун зўрма-зўракидек туюларди менга.
Шу воқеадан бир ҳафта ўтгач, Маҳкам акам авто-ҳалокатга учради. Қишлоғимизга бу мудҳиш хабар тарқалганида опам эндигина туғруқхонадан бизникига келиб турган жойи эди. У чақалоғини ойимга ташлади-ю, касалхона томон югуриб кетди. Мен унга эргашдим. Палатага кирганимизда устига оқ чойшаб тортган Маҳкам акам, очиқ турган бошини у ёқ–бу ёққа ташлаганча:
– Моҳинисо, Моҳинисо… – деб алаҳсирарди.
– Мана, мен келдим, кўзингизни очинг, – деди опам йиғламсираб.
– Моҳи… келдингми, Моҳи? – деди Маҳкам акам кўзларини очиб, сўнгра мажолсиз қўлларига опамнинг қўлларини олиб, рангсиз юзларига суртди. – Мен ваъдамни бажара олмадим. У ёққа кетолмайдиган бўлдик…
– Кетамиз, сиз албатта тузаласиз, тузалишингиз билан… – Опам Маҳкам акамнинг қўлларини, юзларини силаганича тинмай гапирарди.
– Шунақа бўп қолди, Моҳи… Эшитдим, бола кўрибсан… Мен… Менинг аҳволим… Кетолмаймиз чоғи, Моҳи? Мендан энди рози бўлгин… – Маҳкам акам ҳўнграб юборди. Эр кишининг йиғиси хунук бўларкан.
– Кетамиз, албатта кетамиз, – деди опам ҳам кўз ёш қилганича.
Маҳкам акам бошқа гапиролмади. Докторлар опамни палатадан олиб чиқиб кета бошлашди. Мен опамнинг қўлидан маҳкам ушлаб олгандим. Палатанинг очиқ эшиги олдида ранги қув ўчган янги поччам бизга совуқ тикилиб турарди.
– Номаҳрам, – деб бақирди у опамга қараб. – Ўз жавобинг ўзинг билан. Акангларникидан қайтиб келма!
Опам унинг ёнидан бир сўз демай ўтиб кетди. У мени етаклаганича унсиз йиғлаб борар ва ҳар замонда “у атайин қилган барини”, дея пичирларди.
Ўша куни кечқурун Маҳкам акамнинг жони узилди. Опам уввос солганча бош-кўзини юлиб йиғлади. Боласига қарамай қўйди. Эрталаб опамни оғилдан топишди. У ўзини осиб қўйганди.
Уларнинг қабрларини ёнма-ён қазишди. Биринчи марта йиғлаб қабристонга бордим… Мен ҳаммасини бошқалардан яхшироқ билардим… Қабрлар опам айтган эртакдаги Тоҳиру Зуҳроларникидек эди, гўё… Кимлардир тириклигида уларнинг йўлларига Қоработир бўлгандек…
Ҳар сафар қишлоққа борганимда ўзимдан саккиз ёш кичик бир йигит билан узоқ суҳбатлашаман. У – Маҳкам, опамнинг ёлғиз фарзанди. “Исми Маҳкам бўлсин”, деганди опам ўша куни касалхонадан келаётганимизда. Бунинг васият эканлигини билмагандим… Кейин отамга айтганман.
Доим опамнинг уфқ, йўл, қуёш ҳақида айтганлари қулоғим остида такрорланиб туради. Энди-энди у сўзларнинг моҳиятини теранроқ тушуняпман…
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 4-сон.