Сайдан (яъни Сайдирасул) кўпдан бери Норхолга соядай эргашиб юрарди… Норхол тўққизинчида, ўзи ўнинчида ўқиб юрган кезлари. Э йўқ, бе йўқ, бир кун у қизнинг йўлини тўсиб, ёдлаб олган шеърини эсдан чиқариб қўядигандек, шоша-пиша, «мен сени севаман», деди. Дабдурустдан айтилган гапга Норхолнинг кулгиси қистади.
– Нима қилай шунга? Қоч, йўлимни тўсма.
– Мен сенга, сени севаман, деяпман?!
– Ҳай, нима қилай севсанг? Қоч йўлимдан!
– Қочмайман. Олдин айт: сен ҳам мени севасанми, йўқми?
– Э бор-э! Калланг ишлайдими ўзи?
– Ишламайди. Айт: севасанми, йўқми?
Сайданнинг бир этикка икки оёғини тиқишидан қизнинг аччиғи чиқа бошлади.
– Қоч, бўлмаса, ҳозир бориб отамга айтаман.
– Айтсанг айтавер. Отангдан қўрқмайман. Бари бир сени севавераман.
– Э бор-э! – деб Норхол уни силтаб, кетди, қолди.
Шунга ҳам бир йилча бўлди. Лекин ҳалиям Сайдан Норхолнинг кетидан қолмайди. Нуқул севиш-севмаслигингни айт, деб тиқилинч қилади. Норхол эса… гарчи ўшанда отамга айтаман, деб уни қўрқитган бўлса-да, отасига айтмаган. Сайданнинг қилиғига роса кулганди.
Сайдан ўзи зўр йигит-да! Қадди-қомати келишган. Тенгқурлари унинг олдида шунақа титрашадики, асти қўяверинг. Қаерда жанжал – Сайдан ҳозиру-нозир, тағин енгиб чиқади. Норхол уни севадими – ўзи ҳам билмайди. У йўлини тўсиб, саркашлик қилгандан кейин у ҳақда оз-моз ўйлаб қўядию, кейин эсдан чиқаради. Унинг сўроғига бир нима демайди. Чунки, мактабни битириб, ўқишга бормоқчи. Институтга кириб ўқийдиган бўлгач, севмаслиги керак-а. Йўқса, хаёли бўлиниб, миясига дарс кирмай қолади. Сайдан-ку, ўзи яхши йигит-а, лекин… Норхол рўйхуш бермаслигининг сабаби бор. Онаси севишганларни жуда ёмон кўради. «Ота-онаси турганда қиз боланинг шуйтиб юришини ким қўйипти?» дейди. Норхол онасининг раъйига қарайди. Иложи қанча – ўқишга юбормай қўйишлари ҳеч гап эмас. Устига устак бирон киши, «фалончи фалончига кўз сузибди», деб қолса борми, худо урди-да. Шу куниёқ Барлос қишлоғини қора мушук каби миш-миш оралайди. Ўзини ақлли қиз деб ҳисоблайдиган Норхол эса гап бўлишни истамайди. Аввал гап-сўз бўлиб, кейин қиз томондан ота-она «совчилик»ка қатнаб юрганини кўп кўрган. Ана, Улбозорнинг отаси Боғмон ака ҳам Абулхайрнинг орқасидан югуравериб, овора бўлиб кетди-ку! Тўғри, Сайдан Абулхайрга ўхшаганлардан эмас, яхши йигит, лекин Норхолга ҳали ҳеч ким керак эмас. Тўғриси – шу. Сайдан эса буни тушунмайди. Нуқул севасанми, йўқми, айт, деб оёқ тирайди. «Севаман десанг, бас, қачонгача бўлсаям кутаман. Агар бошқа дардинг бўлса, буни айт, орқангдан овора бўлиб юрмайин», дейди. Албатта, Норхол майли, демаган, демайди ҳам ҳам. Сайданни ўлгудай яхши кўриб қолганда ҳам , бари бир, айтмасди. Қадрини биладиган қиз бунақа гапни оғзидан чиқармайди-ку! Лекин узил-кесил йўқ дейишга ҳам, рости, тили бормайди. Бир йигит соядай кетингдан эргашиб юрса, ғалати-да. Шунинг учун ҳам дугоналарининг Норхолга ҳаваси келади. Унинг йўлини пойлаб Сайдан мактаб атрофида айланишгани-айланишган. Унга раҳми келибми, гоҳо дугоналари Норхолни койишади: «Нимага уни қийнайсан? Бер-да, жавобини! Ё ҳа де, ё йўқ!» Аслида ким унга овора бўл, депти. Норхол айтиптими? Бир гал кампирга ўхшаб мижинглайдиган дугонаси шунақа гапни айтганда Норхолнинг жини қўзиди: «Жуда жонинг ачиб бораётган бўлса, бор, ўзинг тег. Менга зарил эмас». Буни қаранг, бу гапи Сайданга ҳам етиб борипти. Ўша куни яна йўлтусарлик қилди: «Бу нима деганинг? Севмайман, деганингми? Бари бир мен севавераман. Лекин сен ҳам мени севишинг керак-ку!», деб туриб олди. «Севаман деганингча қўймайман!», дейди. Билиб олгани – шу. Худди тўтиқушга ўхшайди.
Бугун дам олиш куни бўлгани учун Норхоллар далага ишга чиқишди. Сайдан ҳам шу ерга келдию Бир оёғини ерга, иккинчи оёғини велосипедининг педалига тираганча, ишдан бош кўтармаётган қизларга пича қараб турди-да, кейин қаёққадир ғойиб бўлди. Норхол иккита дугонаси билан токзор орасидаги йўлдан уйга қайтишаётганда Сайдан велосипедини учириб келиб, уларнинг йўлига кўндаланг қилди-да, қизларга: «Сизлар кетаверингизлар. Менинг Норхолда ишим бор», деди. Норхол ҳам дугоналарига эргашиб кетаётганди , Сайдан астагина, лекин буйруқ оҳангида: «Тўхта, гапим бор», деди. Худди унга боғланиб қолгандай, Норхол тўхтади. Ҳар доимгидай, бор-э, деб кетаверса, бўлардию, нимагадир кетолмади. Сайданнинг овозидаги ҳукм оҳанги таъсир қилдими ёки унинг нияти қатъийлигини сезгач, кетаман, деб балога қолишини билдими, ҳар қалай, унга бўйсунди. Йўқса, у бир қилиқ чиқаришдан тоймайди-да. Э, бу Сайдан!.. Қизнинг вужудига титроқ югурди. Дугоналари эса узоқлашиб кетяпти. Ниҳоят, Сайдан велосипеддан тушди.
– Юр бу ёққа! – У хотинини етаклагандай, Норхолнинг қўлидан тортиб, токзор орасига бошлади.
– Охирги марта сўраяпман, – деди Сайдан ўқрайиб, – мени севасанми, йўқми?!
Норхол унинг сўроғидан кўра важоҳатидан қўрқди. Йиғлагиси келди. Ерга қаради. Кейин нима бўлганини ўзи ҳам билмай қолди. Бир пайт ўзини Сайданнинг қучоғида кўрди… Сайдан уни қўйиб юборганда Норхол бирдан хавфсираб қолди: дугоналари кузатишаётган бўлса-я!? Энди Норхол билан Сайдан ўпишди, деган гап бутун қишлоққа овоза бўлади. Онаси ер муштлаб қарғанади. Шуни ўйлаб, Норхол даҳшатга тушди. Юрагини ўртаётган алам билан Сайданга ёмон тикилди. Шунда у аввалгидай қўрқинчли туюлмади. Афтидан, ўпич олганидан хурсанд, лабини ялаб, кулимсираб турибди. Кулимсираши қурсин, масхара қилаётганга ўхшайди. Норхол шартта бурилиб, уйига жўнади. Орқасидан Сайданнинг югуриб келишини, тиз чўкиб «мени кечир!», дея илтижо қилишини истади. Лекин… у шошганча кетиб бораркан, йўл бурилган жойда бояги икки дугонасини кўрди. Улар шивирлашиб, ишшайганча, Норхол томонга қараб қўйишди. Норхол эса ўзини бепарво тутишга уринди. Қарамасдан ўтиб кетдию Худо берди уларга, энди гап тарқатишгани-тарқатишган. Тешик қулоқ – онаси ҳам эшитади. Шунинг учун Норхолнинг ўзи айтгани маъқул. Кейин боши балога қолмайди. Нега энди анави кечирим сўрашга изидан келмаяпти? Норхол унинг нима қилаётганини, қай ҳолатда турганини билишни истарди, аммо орқасига бурилиб қарашга юраги бетламасди. Кўчани тўлдириб ўтишни истамай, томорқа тарафдаги ёлғизоёқ йўлга бурилди. Назарида ҳамма кўчага чиқиб тургандай: «Ай-яй,яйй! Норхолни қаранглар! Шундай қиз куппа-кундузи анави Сайдан билан токзорда ўпишиб юрипти-я!» деяётгандай бўлаверди. Сайдан… орқасидан келмади-я! Қандай қилиб унинг… Жуда иссиқ экан… Шундагина Норхол терлаб кетганини, Сайдан ўпган бети тобора қизиб бораётганини ҳис қилди. Ўпиш қизиқ бўларкан. Ўша пайтда унинг ичидан бир тўлқин отилиб чиқаётгандай бўлаверди. Агар Сайданнинг ўзи қучоғидан бўшатмаганда унинг бағридан чиқиш хаёлига ҳам келмасмиди? У қўйиб юборгандан сўнг бир лаҳза ҳайрон бўлиб турдию, кейин алам қилиб кетди-да. Ўпишга-ку, ўпди, тағин юзингда кўзинг борми демай, тиржайиб тургани ортиқча.
Норхол пақир кўтариб, молхонадан чиқаётган онасини кўрдию, бўшашиб кетдию
– Ҳа, нега бу ёқдан келяпсан? – сўради онаси ҳайрон бўлиб. Сўнг Норхолнинг олазарак кўзларига кўзи тушдию, ранги ўчди. – Нима бўлди?!
– Сайдан… – дедию, ўпкаси тўлиб, Норхол йиғлаб юборди.
– Нима Сайдан?! Урдими?!!
– Йўқ.
– Бўлмаса, нима қилди?!
Норхол йиғини авжга чиқарди.
– Ҳай, бунча изиллайсан? Гапирсанг-чи!! Нима бўлди ўзи?
– Қўлимдан ушлади.
– Ким? Сайданми? Қайси Сайдан? Давлат бовойнинг неварасими?
– Ҳа. Ўша!
– Вой қирилгур-эй! Нимага ушлайди?! Нима керак экан унга? Нима деди?
– Сени севаман, дедию Севиб қолганмиш!..
– Вой қирилгур-эй! Вой, ер юткур-эй! Севармиш?! Ҳа, илоё, севгинг бошингни есин! Бурнингни артиб ол, демадингми? Ҳалигача кўчада жанжал қилиб юради-ку, вой мишиқи-ей! Олдин отанг ўзини эплаб олсин, де! Ана! Ана шу-да. Булар…
Худди шу пайт пойлаб тургандай, отаси келиб қолди.
– Ҳа, она қизим, сенга нима бўлди?
Норхол ҳўнграб йиғлаб берди. Онаси қишлоқни бошига кўтариб қарғанди.
– Бу – Давлат бовойнинг невараси!.. Вой ер юткур-эй!..
Бу гап ўша оқшом бутун Барлосга овоза бўлди.
Норхол кечаси тушида уни кўрди: Сайдан унинг билагидан маҳкам тутиб олганмиш. Норхол, қўйвор, деб ялинса, нуқул ишшаярмиш…