Танача кўзини сузмаса, буқача ипини узмайди.
(халқ нақли)
Абдумажид узум узиш мавсуми бошлангандан бери вино заводида хўжалик вакили бўлиб турипти.Барлосдан келган узумларни топширишда бош-қош бўлади. Баъзан топширувчи ва қабул қилувчи орасида жанжал чиқса, хўжалик тарафда туриб, жанжални бартараф этади. Ҳар замонда хўжалик раҳбари Хидир Собирович ҳам келиб хабар олиб туради. Ҳар қалай, Абдумажиднинг ишидан мамнун шекилли, шу вақтгача танбеҳ бергани йўқ. Ҳа, Абдумажид ўз ишига пухта, шу сабабли гап эшитгани йўқ.
Тарозихонада ўтирганди. Хўжаликдан уч машина узум келди. Шартта қабул қилувчи билан келишиб, иккитасини “ҳаллади”. Шу пайт қулоғига майин ва нозли овоз эшитилди:
– Ака, бизнинг машинани ҳам тарозига киритингизлар.
Абдумажиднинг қаршисида келишган, қорача, хушбичим, шим кийган ёқимтойгина қиз кўзларини сузиб турарди. “Ким экан бу!? Ким бўлсаям бир балоси бор!”
– Сизни нега навбатсиз киритар эканмиз?
– Во-ой, бизам узум обкелганмиз.
– Қаердан?
– Барлосдан!
Барлосга шаҳар медтехникумининг қизлари узум теришга ҳашарлашиш учун келганини
Кунда уларнинг бир-иккитаси машиналарга миниб, заводга келиб – кетишини ҳам Абдумажид яхши билса-да, ўзини гўлликка солди:
– Йўқ, бўлмайди. Навбатингиз келса кирасиз, – деди-да, атайлаб, йўл ёқасидаги узун курсига бориб ўтирди. Кутганидек, қиз унинг ёнига бориб ўтирди: “Ҳақиқатан, бунинг бир балоси бор!”
Шу пайт ўша машина кабинасидан яна бир қиз тушиб келди ва у Абдумажиднинг иккинчи томонига ўтирди.
– Олдингизга қизлар кўп келиб турадими? – сўради биринчи қиз.
“Овози бирам майин-эй! Бирам майин! Гапиртириб қўйиб, эшитаверсанг!”
– Келиб туради. Аммо сизлар жуда бошқача экансизлар.
– Дарров сизга ёқиб қолдикми? – иккинчи қиз кўз сузди.
– Жудаям ёқиб қолиларингиз. Шунинг учун озроқ гаплашиб ўтирайлик деб машинангизни навбатсиз қўймадим. – Абдумажид тўғрисини айтиб қўя қолди, чунки яхши билади, ёлғон гапни излайверса, чалкашиб кетади. Тўғрисини айтса, кўпинча қизлар гапига ишонишмайди ёки ҳазилга йўйишади.
– Ундай бўлса, ҳали,.. бир кўришдан севиб ҳам қолдим дерсиз?! – сўради қорача қиз.
– Севганимни билмадиму, ту-урсам, ёнимда бир ма-айин, но-озли “ака!” деган овоз эшитилгандаёқ юрагим ларзага тушган эди. Ичимда бир нима “шиғғ” этиб, ўгирилсам, сиз турибсиз. Кўзларингиз… айтгандай, исмингиз нима?
– Малоҳат!
– Кўзларингизга қарадиму, ўзимни йўқотиб қўйдим. Билмайман, бу кўзларни сизга ким бахш этган. Турибман, турибман, тилимга калима келмайди. Жавоб беришим керак, аммо тилим айланмайди.
– Шунда шартта севиб қолдингизми?
– Йўғ-э! Севиб қолишдан худо асрасин. Бу юрак севавериб, севилавериб, адои-жудо бўлган. Энди тинч яшагиси келади. Шунчаки Малоҳатга қараб, яхши қиз экан, уйланган йигит бахтли бўлади, деб ўйладим.
– Ундай бўлса, уйланинг. – Малоҳат сўз ўйинини давом эттираркан, яна шод кулмоқчи бўлдию, ўз оғзидан чиққан гап ўзига эриш туюлиб, ранги ўзгарди.
Ўзгаришни Абдумажид дарров сезди.
– Уйланардим-ку, хотиним, бола-чақам бор-да. Агар иккинчи хотин бўлиб тегсангиз йўқ демасдим.
– Бизлар тегаверамиз, – деди Малоҳат ўзини ўнглаб. – Кўчада қолган қизлармиз. Бизларга эр бўлса бўлди!
“Бир нима бўлган бу қизга. Ишқилиб, соғ эмас!”
– Биз бир илтимос билан келгандик, – деди иккинчи қиз суҳбат мавзусини ўзгартириб. – Агар бажараман десангиз айтаман.
– Ий-е! Сизлардай қизлар илтимос билан келаркан-у, мен йўқ дейманми? Агар қўлимдан келса албатта…
– Қўлингиздан келадию, лекин… янаям…
– Тўғриси, бизга спирт керак, – дея Малоҳат шартта мақсадга ўтди, елкаларини Абдумажиднинг елкаларига сийпаларкан, ёнламасига қараб. – Хўш, юрак урадими?
“Эритдинг қизча! Эритдинг! Ҳисобни аниқ олган экансан!”
– Қанча?
– Икки литр!
“Эҳ-ҳа! Икки литргина спирт учун шунчалар муқаддимами?”
– Идишларинг борми? Мен кўп сўрайсизларми, деб ўйлагандим. – Абдумажид қизларнинг идишини олиб, ичкаридан спирт тўлдириб чиқди. – Қачон керак бўлса келаверингизлар. Бизда деҳқончилик.Сизларга спирт нима керак?
– Операция қиламиз, жарроҳ спирт топиб келинглар деган эди.
– Узумзордами?
– Шунақа…
Анча суҳбатлашиб ўтиришди. Бу орада машина узумни заводга топшириб чиқди. Учаласи хайрлашгани ўринларидан туришди.
– Меҳмондўст экансиз. Эртага яна келсак, спирт олиб берасизми? – сўради иккинчи қиз.
– Малоҳат келсин. Малоҳат менга ёқиб қолди. Қанча спирт деса, олиб бераман. Севмай десам ҳам бўлмаяпти. Юракка буйруқ бериб бўлмас экан.
– Бизларни ғалати қизлар экан, деб ўйлаётган бўлсангиз керак-а, – дея иккинчи қиз яна ташаббусни ўз қўлига олишга интилди.
– Шунақага ўхшайди.
Қизлар машинанинг кабинасига киришди. Малоҳат кабина эшиги деразасини тушириб, бошини чиқарди-да, сўради:
– Шунча суҳбатлашдик, ёрдам қилдингиз, аммо ҳалиям исмингизни билмаймиз. А!
Айниқса, “а”ни шунақа ноз билан айтдики, Абдумажиднинг вужуди шодликдан титраб кетди.
– Абдумажид!..
Эртаси куни Абдумажид дафтарига қунт билан ўтган кун ҳисоб-китобини қилаётган эди, нимадир елкасига тегиб кетгандай бўлди. Эътибор бермай, елкасини силаб қўйди-да, яна ишини давом эттираверди. Кимдир кўзларини икки кафти билан ёпди. Абдумажид бу кафтлар устига ўз кафтларини қўйди. Майин қўллар. Қиз боланики! Абдумажид билан қанақа қиз ҳазиллашмоқчи экан. Абдумажид кафтлардан билакларга ўтди, сўнг билаклар эгасини елкаси оша пастга тортиб юборди. Қиз унинг елкасига қапишиб қолди. Абдумажиднинг вутун вужуди қиз вужудини ҳис қилиб, ҳаяжонга тушди. Қиз ҳамон ўзини тортиб олмасди. Гўё ҳеч нарса сезмагандай.
“Э, бу фақат Малоҳат бўлиши мумкин!”
– Кимсиз?
Қиз пиқиллаб кулиб юборди.
– Малоҳатмисиз? Малоҳат!
Малоҳат шарақлаб кулиб юборди-да, кафтларини унинг кўзларидан олди.
– Ур-ре! Шунча вақт тополмадингиз! Бопладим, бопладим! – Малоҳат сакраб-сакраб куларди. Баданига қапишиб турган шими, йигитча кўйлаги унинг чиройини янада очган, ҳатто кийимига қотиб қолган узум шираси ҳам унга жуда ярашиб турарди. Ўзиям алоҳида тайёрланиб келганга ўхшайди. Дуррачага ўралган сочлари жуда чиройли таралган, борлиғидан атирнинг хушбуй ҳиди тараларди.
Абдумажид ўзини тутолмади. Шарт турганча ёш қизчадай шўх-шодон сакраётган Малоҳатни шартта белидан опичиб, икки айлантириб, кейин ерга қўйди.
Қиз бирдан тинчиб қолди. Кўзлари бесаранжомланиб, қорача юзи қип-қизариб кетди.
– Сиз мени кутганмидингиз?
– Сизни кутмоқ гапми? Кечадан бери оромимни йўқотиб, фикру-ёдим сиз бўлиб қолдингиз. Сиз келдингизу, гўё ҳамма ёқ чароғон бўлиб кетди. Гўё қалбимга нур ёғилди. Энди билсам, мен сизни севиб қолибман! Мен сизни жонимдан ҳам яхши кўраман, Малоҳат! Йўқ, , менинг Малоҳатим! – деди Абдумажид, кулиб юбормоқдан ўзини аранг тутиб. Шунчалар масхарабозлик қилишга қодирлигини ўзи ҳам энди англаб турар, бундан ҳам ғурурланиб, ҳам ҳайратга тушарди. (Жигит-да, жигит!)
– Ёлғончи!
Малоҳатнинг ноз билан айтган шу бир сўзи Абдумажиднинг юрагини яна ҳаприқтириб юборди.
– Ии-и, шошманг, шошманг! – Қиз Абдумажид яна беўхшов ҳаракат қилиб қўйишидан қўрқди. – Юринг, яхшиси, машинага чиқиб ўтирамиз.
Малоҳат келган “ГАЗ-53” орқароқда навбат кутарди.
– Ҳар куни машинама-машина юрасиз. Кунлик топшириқ нима бўлади? Домлаларингиз уришмайдими?
– Абдумажид акамиз бор, нима ғамимиз бор! Домлаларга обборган спиртимизнинг ярмини берсак бўлди, олам гулистон .
– Қолган ярмичи?
– Қолган ярмига қизлар байрам қилдик. Ҳаққимиз бордир ахир! Куни билан чангга, ширага ботиб ишлаймиз.
– Мен ҳаққингиз йўқ, демадим, шекилли.
Уларнинг машинаси тарозидан ўтиб, узумни тўкиш учун ичкарига кириб кетди.
– Сизнинг машинангизни кўрдик, энди юринг, меникини кўрасиз.
– Вой, сизнинг машинангиз борми?!
– Ана! Хизматингизга мунтазир.
Абдумажид ўтган йилги терим мавсумида яхши ишлаб анча пул топган, мукофотга янги “Москвич” олган, нималарнидир ўйлаб (нималарни экан??) бугун миниб келган эди.
– Ўҳ-ҳў! Ҳали яп-янги-я! – МАлоҳат машинани сийпалади. – Ростдан ўзингизникими?
– Ҳа!
– Тағин… – Малоҳат айёрона кўз сузди, – отангиз олиб бермаганми?
– Ўтган мавсумдаги ҳалол меҳнатимга олганман, – деди Абдумажид “ҳалол”га урғу бериб, Малоҳатни орқа ўриндиққа ўтирғизаркан, ўзи ҳам ёнига ўтириб.
– Ҳалол меҳнат билан бир йилда бир машинага пул орттиролсангиз, унда… чинданам, иккинчи хотин бўлиб эса-да, сизга тегиш керак экан
– Тўғри қиласиз. Кейин маза қилиб, сизни машинада катайса қилдириб юраман. Кейин ширага, чангга ботиб юрмайсиз.
– Оҳо! Шунақамикан? – Малоҳат ширин жилмайди.
Абдумажид ўзини тутолмади. Шартта қизни қучоқлади. Оғушига тортди. Энди ўпмоқчи бўлаётганди, Малоҳат ҳеч қандай қаршилик кўрсатмасдан, аммо янада кучлироқ малоҳат билан, йигитни баттар жунбушлантириб, кўрсаткич бармоғини йигитнинг лабларига босди:
– Ҳей, ҳей! Куппа – кундузи-я! Янгамдан балога қолиб кетманг тағин!
Абдумажид ноилож қизни бағридан бўшатди, аммо ҳамон бир қўлини унинг белидан тортиб олмади. Малоҳат бунга қаршилик билдирмади.
“Тамом. Малоҳат энди унинг ихтиёрида. У ҳамма нарсага рози. Қандингни ур, жигит!”
– Эртага домладан жавоб олиб, уйга бориб келмоқчи эдим.
Малоҳатларнинг уйи қўшни тумандаги қишлоқлардан бирида экан. Тахминан эллик чақиримча бор.
– Менам борайми?
– Борасизми?
– Ҳа-да! Биратўла иккинчи қайнона-қайноталарим билан танишиб оламан. Бу кўзларни сизга бахш этган одамларни кўрмасам бўлмас. Таништирасизми? “Москвич”да бориб келамиз.
х х х
Малоҳатларникида икки соатча ўтиришди. Малоҳат оиланинг катта фарзанди. Саккизта ука-сингиллари бор. Ота-онаси мўмин-бечора одамлар бўлиб, хўжаликда ишчилик қилар эканлар.
Малоҳат узумни жуда зўр теради. Домлалар ҳурмат қилишади. Шу сабабли ота-онасини кўриб келиш учун алоҳида машина ажратишган. Абдумажид бор-йўғи шофёр. – Икковлон юрганини шундай тушунтиришди. Тўғрироғи қизиққанга шундай тушунтиришни келишиб олгандилар.
Шундай ота-онанинг, оиланинг қизими, а, Малоҳат?! Абдумажидни нега бошлаб келди? Ота-онасини кўрсатишгами? Ахир мақсад тамоман бошқа. Йўлда Абдумажид машинани хилватга бурмоқчи эди, Малоҳат тўхтатди: “Аввал бориб ота-онамни кўрайлик. Қайтишда пешанага нима ёзилган бўлса шу…” Индамай, айтганига кўнди. Абдумажидни ипсиз боғлаб олди Малоҳат. Нима деса хўп деб, олдига тушиб юрипти. Уч кун истаганича текин спирт олиб берди. Бугун ишини ташлаб, уни кўтариб юрипти. Ҳали нияти амалга ошадими ё яна унинг олдига похол ташлаб, қочиб қоладими? “Кўпни кўрган йигит экансиз!”, деди кеча, уни мақтаб. Ўзи-чи!?.
Қайтишда анча йўлгача ўз ўйлари билан бўлиб, Абдумажид ёнида ўтирган Малоҳатга эътибор қилмади. Қиз ҳам тинчланиб қолган, илгариги шўхликлари йўқ, ҳар замонда Абдумажидга сал-пал назар ташлаб қўйганини эътиборга олмаса, ўзи билан ўзи банд эди.
Абдумажид ниҳоят бир қарорга келди: Тамом. Ҳозир Малоҳатни манзилига етказадию, иккинчи марта бу қизни ўзига яқинлаштирмайди. Тинчлик керак!..
Йўл четидаги чойхоналардан бирига кўзи тушдию, Абдумажид қаттиқ ичкиси келаётганини пайқади. Э, унга нима? Дунё остин-устун бўлиб кетмайдими? Нима бўлса бўлганича бўлиб бўлган бу қиз? Абдумажидга қолган бўлса сарқитнинг ҳам сарқити қолган, ювиндиси қолган. Ақли кирар жойга кириб, етар жойига етиб бўлган бу қиз! Тағин нимасини ўйлаяпти? Ҳозир тўйгунича ичади. – Ҳаммасини унутади.
Чойхонада анча ўтиришди. Ростакамига ҳаммасини унутиб, бир шиша ароқни тенг бўлиб ичишди. Ичмаса керак деб, янаям ҳар эҳтимолга қарши битта пиёлага қуйиб, Малоҳатнинг олдига қўйганди, Малоҳат бу одатдаги ишдай, пиёлани олдию, ичиб юборди. Ўзиям жуда зарил бўлиб турган экан. Ноз-фироқ ҳам қилиб ўтирмади. Кейин сал ўзига келди шекилли: “Ҳа, нега ўй суриб қолдингиз?”, деб сўради хиёл жилмайиб. Унинг ғамгин ўтиришлари, кўзларининг ўйчанлиги унга янаям латофат, кўрк бағишлаган, турган туриши гўзал эди Малоҳатнинг. Жудаям гўзал эди Малоҳат! Ҳа, ота-онаси топиб исм қўйишган. Шундай гўзал қиз ёнида ўтирсаю, Абдумажид дунё ташвишларига кўмилса… адолатдан эмас бу ахир! Бир имо қилса бас… Яна нима керак унга?!
Икковлон иккинчи бор қадаҳларни бўшатишгандан сўнг Абдумажиднинг кайфияти жойига тушиб, Малоҳатга суқланиб тикилди. О-оо! Зўр! Зў-ўўр! Яна пиёлаларга қуйган эди, Малоҳат унинг билагидан тутди:
– Сиз рулдасиз, ичма-анг!
“Ичманг” сўзини чўзиб, шунақа ялингансимон айтдики, Абдумажид ёнидаги гўзал қиздан бўлак дунёдаги ҳамма нарсани унутди.
Илиқ мезон кечи кира бошлаган, ғира-шира тушиб қолганди. Бундай, бир-бирига термулиб ортиқ ўтиришга иккаласининг ҳам сабр-тоқати қолмаганди. Абдумажид тезда яна бир шиша ароқни жиз-бизи билан қўшиб харид қилдию, машинага олиб чиқишди.
“Москвич” катта йўлга чиқиб, чойхонадан сал ўтгандан сўнгги хилват бир йўлакка бурилди-да, кимсасиз қоронғилик қаърига шўнғиди…
Винзаводга етиб келганларида вақт ярим тунга бориб қолган эди. Узумни топшириб, энди жўнамоқчи бўлиб турган хўжалик машиналаридан бири – ўша яқин таниши – “ГАЗ-53” шофёри – дан қизни жойига олиб бориб ташлашни илтимос қилиб, “Москвич”га қайтди.
– Машинадан тушмайман, – деди Малоҳат. У хомуш тортиб, кўзлари аллақандай нурсизланиб, бездай бўлиб, бир нуқтага қадалиб ўтирарди.
– Унда… нима қиласан?
– Сизникига бораман.
– Бизникида нима қиласан? – Абдумажид аччиқ билан шу гапни айтишга айтдию, тилини тишлади. Боши ганграб кетди.
– Менга уйланасиз, – деди Малоҳат аста, аммо қатъий лоқайдлик билан.
– Ни-ма??? – Абдумажиднинг тили танглайига ёпишиб қолгандай бўлди.
– Менга уйланасиз!
– Қиз чиқмадинг-ку! Сени бошимга ураманми?
– Бари бир. Мен билан бирга бўлдингизми? – Бўлдингиз. Сизни оиламга бекорга кўрсатдимми? Мен уларга ҳаммасини айтиб бердим.
– Нимани? Қанақа ҳаммасини? Унда ҳали орамиздан ҳеч нарса ўтмаганди-ку!
– Унда ўтмаган бўлса, чойхонадан кейин ўтдими? Бари бир ўтишини билардим. Шунинг учун “шу йигит куёвларингиз бўлади”, деганман.
Абдумажид ҳангу-манг бўлиб қолди. Малоҳат ҳозир унга дўқ ураётганди. Уйланишга мажбурсан, деяётганди. Йўқса…
– Сиз ахир қиз эмасссиз-ку! – Абдумажид беихтиёр яна сизлашга ўтди. У тамом бўлган эди. Тамом бўлганини англаб, аъзойи-бадани бўшашиб кетди. Бу гаплар Дилоромга етиб борса, у кейин Абдумажидни тириклайиб пишириб ейди. Келин-куёв вақтлари кунига уришиб туришган бўлса-да, кейин ойдай тирикчилик қилиб кетишган, фарзандлари бор. Тўғри, Дилоромга жудаям кўнгли тўлмайди. Шу сабабли манави воқеалар… Эхх!!!
– Ишонсангиз ҳам, ишонмасангиз ҳам ўзингиз биласиз, лекин бир мартага айтиб қўйишим керак: Сизга қадар бирон йигит менинг ҳатто қўлимни ушлаган эмас. Қиз эмаслигим эса… Унда тўққизинчи синфда ўқирдим. Қўшнимиз келин туширди. Мен келин кўргани бордим. Ёш эмасманми, қизиқиб, биринчи кечаси қандай ўтганини суриштирдим. Келинчак жуда қийналганини, бу қийноқларни ҳеч кимга раво кўрмаслигини айтди. Мен қўрқиб кетдим. Бунақа бўладиган бўлса, мен ҳеч қачон эрга тегмайман, дедим. Ке, мушкулинг осон бўлсин, мендай қийналиб юрма, деб у менга қаламни тиқиб олди. Бор-йўғи шу. Ёш бўлганман, яхши-ёмоннинг фарқига бормаганман. Кейин билсам, ўша келинчак менга душманлик қилипти. Тузатиб бўлмас душманлик қилипти. Нега энди бировнинг душманлиги туфайли, мен айбсиз бўлсам-да, бутун умр бебахт бўлиб қолишим керак экан? Нима? Бахтли бўлишга ҳаққим йўқми менинг?!
Айтинг!!! – Малоҳат қалтираб, телбанамо нафратли кўзларини Абдумажидга тикди. Нафратга тўлган кўзлар янада гўзал, янада офатижон эди, аммо… Абдумажид дош беролмай, кўзларини олиб қочди..
– Ҳа майли, гапларингга ишондим ҳам дейлик. Мен сизни бари бир ололмайман. Уйда хотиним, икки болам бор.
– Алдаманг! Хотинингиз ҳам, болаларингиз ҳам йўқ. Шунчаки, тағин менга тармашиб қолмасин, деган ўйда ҳар эҳтимолга қарши тўқиган афсонангиз бу.
“Сеники-чи? Сеники бориб турган эртак-ку!”
– Мен сизни алдаб нима қиламан? Тўғриси, агар уйланмаган бўлганимда сиздай қизни жон-жон деб олардим.
– Ҳалиям олаверинг. Олинг деб турибман-ку!
– Йўқ, сиз мени тушунмаяпсиз. Сиз ҳақиқатан ҳам гўзалсиз, аммо мен хотинимни ўйламаганда ҳам икки боламни ўйламай иложим йўқ.. Ишонмасангиз, боринг-да, анави “ГАЗ-53”нинг шофёридан сўранг. Қаранг, сизни кутяпти. Ўзиям тоқати-тоқ бўлиб кетди. Аччиғи чиқса, ҳозир кетиб қолиши мумкин. Йўл-йўлакай мен ҳақимда сўраб биласиз. Ёки… – Абдумажид тушуниб, жимиб қолди. Малоҳат шофёрнинг кетиб қолишини кутаётганди Кейин… О, айёр қиз!
Малоҳат пешанасини олдинги ўриндиқнинг орқасига қўйди.
– Ҳеч бўлмаса, болаларимни ўйланг, – дея ялинишга тушди Абдумажид. – Ахир, гўдакларнинг бахтини ўғирлаш ҳисобига бахтли бўлолмайсиз!
– Нега? Менинг бахтимни ўғирлашди-ку! Менинг бахтимни ўғирлаганлар бахтли яшашяпти. Мен нима қилишим керак?! А!? Нима қилай?! Ўшалар туфайли бор иффатимни ер билан яксон қилиб, сизга безбетлик қилиб ўтирипман-ку! Нима керак ўзи сизга?! – Малоҳатнинг хўрлиги келиб, йиғлаб юбормаслик учун яна пешанасини ўриндиқнинг орқасига тиради. Чидолмай, ўкраб юборди.
Абдумажид тумшайиб қолди. Овутишга, қизга қўл теккизишга юраги бетламасди. Малоҳат тезда ўзини тутиб, йиғисини тўхтатди:
– Бўпти! Нима бўлгандаям бир мартага менга уйланасиз, кейин ҳайдаб юборсангиз ҳам, – деди қуруққина қилиб, бурнини тортаркан. – Бир мартага уйланасиз, – деди у такроран дона-дона қилиб.
– Ийе! Бир мартага сизга уйланадиган бўлсам, хотиним бир мартага кетиб қолса, кейин қайтиб келмайди. Бу ёғини ҳисобга олмайсизми?
– Сиз-чи? Мени чойхонама-чойхона олиб юришни ҳисобга олмайсизми? “Москвич”да хилватларга олиб кетишни-чи? “Арабча ўйна”, деганларингизни-чи? Нима? Сизга бировнинг бекордан-бекорга боқиб қўйган қизи борми, истаганча топтайверадиган?! Ҳайданг машинангизни уйингизга.Мен тушмайман! Билдингизми, туш-май-ман!!
Абдумажид лол бўлиб қолди. Хилватга ўтгандан сўнг кайф-сафо деганларидай, маза бўлди. Яна еб-ичишди… кейин Абдумажид машинасининг магнитофонига арабча қўшиқлари бор кассетани қўйиб, Малоҳатни ярим яланғоч қилди-да, арабча ўйнаттирди. Гўё ўша ширин дамлар бир умр давом этадигандай эди. Малоҳат нозли қарашлар билан бутун гавдасини, белини, белидан пастларини ликиллатиб ўйнаганида Абдумажид телбаларча жазавага тушган, “ўйна, ўйна! Арабча ўйна!”, дея ўзи ҳам шод қичқирганча, рақс тушиб кетганди. Энди эса…