Бийдай адирда янтоқларнинг эчкилар кемириб ташлаган бутоқлари унинг зўрға босиб келаётган қадамларини орқага тортади. Юрган сари оёқлари оғирлашиб, хос-бехос қайрилиб кетар, ўзига бўйсунмагандек судралиб-судралиб орқада қоларди. Пастки жағлари оғирлик қилгандай, ҳар замонда сўйлоқ тишлари кўриниб ғижирлаб кетарди. Кўзларини базўр очар, бир қадам наридаги нарсани кўриш мумкин-у, узоқларга тикилишга мадор ҳам, ҳафсала ҳам йўқ эди.
Илгаргидек мағрур боқишлар, ўткир нигоҳлар билан зийрак термулишлар қани…
* * *
Ҳов бир пайтлар унинг нигоҳидан ҳеч бир шарпа қочолмасди. Ўтовдан сал тепароқда жойлашган майдонтошда орқа оёқларида чўнқайиб ўтириб олиб олисларга шубҳали, тамшаниб, сержаҳл термулар, қуёшнинг қандай ботишини кузатгандек тикилиб ўтирарди.
Кечки подасаноқдан кейин у бироз енгил нафас олди. Яна ўша майдонтошга чиқиб ўтирди. Ким билсин унинг бу одатий ишни нима мақсадда қилишини. Балки ҳақиқатдан ҳам қуёшнинг ботишини томоша қилар. Пальтонинг қора тугмасидек бурнини хавога нуқиб бир нималарнинг ҳидини олади гўё. Ўнгу сўлга қараб ҳавони искайди. Кўзларини катта очиб, қулоқларини динг қилади, бақувват олд оёқларини қизиган майдонтошга тираб, туғилганда бус-бутун бўлган, энди эса тўрт энлик тумтоқ думини билинар-билинмас қимирлатиб қўяди. У ёшлигида бу тошга чиқолмасди. Шалпанг қулоқларини осилтириб, думини ликиллатиб атрофида айлангани-айланган эди. Бир-икки марта унинг мақсадини англаган чўпон уни кўтариб тошга чиқариб қўйганди. Шундан бери майдонтош унинг қароргоҳи. Кўпни кўрган чўпон-чўлиқларнинг айтишича, ўлганига кўп йил бўлган Лома ҳам бутун умрини худди мана шу жойда ўтириб ўтказган. Лома Кўкбўри кучга тўлиб ўзини кўрсатмагунча яқин атрофга бирор жонзотни яқинлатмаган экан. Унинг ҳайбати шу даражада бўлганки, Амударё тўқайларида юрган йўлбарслар ҳам Шайтондарадан бу ёғига ўтишолмаган. Қачонки, Кўкбўри ёшига етиб, куч-қудрати билан Боботоғ этакларини ўз тасарруфига ола бошлагач, ёши бир жойга бориб қолган Ломани бир кечада майдонтошнинг ўзида яксон қилиб кетган.
Бу шалпангқулоқ ҳам шу тошга интиқ бўлавериб, чиқишга ҳаракат қилавергач, чўпон-чўлиқлар ўзларича, «Шу чўппол Ломанинг изини ҳам босади-ёв» деб унга ҳам Лома деб ном беришди. «Лома»нинг маънисини ҳеч ким билмайди. Чўпон-чўлиқлар ўртасидаги миш-мишга қараганда олис тоғлару дарёлар, кўллару чўллар ортида, дунёнинг катта қисмини эгаллаб ётган сувларнинг нариги ёғида бўридан катта, палангдан кичик, жондорсифат Лома деган жонивор яшар экан. Яқин атрофда ягона исм бўлгани камдек, ўзи ҳам бетакрор бўлиб етишди. Уни кўрганда одамнинг танига титроқ турадиган, этхўрлар думини қисиб олисларга қочиб қоладиган бўлишди. У ит зоти яшаши мумкин бўлган ёшни ортиғи билан яшади. Унинг ҳаётига ҳеч ким хавф сололмади. Қачонки, Шайтондарада Кўкбўри пайдо бўлмагунча. Кўкбўрини бир марта яқиндан кўришга муваффақ бўлган яккаю ёлғиз чўпон ҳамроҳларига шундай ҳикоя қилиб берган: «Шайтондара ўртасида катта-кичик шу яқин атрофнинг ўн-йигирма чоғли бўрибосар итлари тўда бўлиб турибди. Ер тизза бўйи қор. Итлар гир айлана бўлиб, гоҳ ўртага талпинади, гоҳ орқага тисарилади. Бозор чўпоннинг айиқдай келадиган ити тўда ўртасига ҳаммадан олдин хадахалаб кирмоқчи бўлади-ю, юрак бетлолмайди. Тўда ўртасида эса улкан Кўкбўри важоҳат билан ҳурпаяди. Унинг бўрилигига шубҳам бор биродарлар. Кўзимга шер бўлиб кўринди. Гала ўртасида ёлларини ҳурпайтириб мағрур турибди. Оёқларини кенг ёйган, думи ҳам арпа еган тарлоннинг думидай гажак. Уёқ-буёғига таҳдидли боқиб, ҳамлага шайланади. Лабларининг четини жийириб сўйлоқ тишларини иржайтиради. Бир пайт тишларини ғижирлатиб теварагига чанг солди. У увилламади, ангилламади, улимади ҳам. Унга ёпишган итлар жон талвасада увиллаб, думларини чотлари орасига қисиб орқасига қараб қоча бошлади. Худо зўрдан зўрни яратар экан-да. Жусса бошқа экан, юрак бошқа экан, дея ҳаммани оғзига қаратган эди ўшанда чўпон. Шундан озгина вақт ўтиб Ломани тинчитиб кетган Кўкбўрининг қудратига ҳеч ким шубҳа қилмай қўйди. Чўпонман деганнинг тинчи бузилди.
Кичкина Лома эса мана шу жойни мустаҳкам эгаллаган эди. У ҳам эндиликда чинакам кучга кирганди. Фавқулодда қулоғига чалинган овоз уни сергаклантирди. Олдинига англай олмаган бўлса ҳам кейингиларини аниқ-тиниқ эшитди.
— Лома ол, Лома бос!
Худди сувга сакраган ғаввосдек бир сапчиб орқа томонга ўгирилиб олди. Чақмоқдек миясига урилган фикр подаётоқни айланиб ўтишга ундади. Демак майдонтошга чиқиб олиб ҳид олиши фойда бермабди. Кутилмаганда очиқ-текис жойдан бўриларнинг сурувга ҳужум қилишини кутмаган эди. Бу шамолнинг тескари эсганидан. Ломани чалғитишга уринибдими, бу бўрилар ҳам анойилардан эмас. Лома подаётоқни айланиб югурар экан орқа оёғида оғриқ сезди. Буни оғриқ ҳам деб бўлмайди. Қўрққанда юраги орқага тортиб кетадигандек бир ҳол. Ўша Кўкбўри билан илк олишувда олган жароҳати яна эсига тушди. У қачон бўриларга рўбарў бўлса, ёшлигидаги Кўкбўридан орттирган ярадорлиги ичида бир симиллаб қўяди.
Кўкбўри бутун яйловга номи чиққан, ўзининг қонхўрлиги билан донг таратган пайтлар. Кўкбўрининг улкан панжалари қолдирган излар ҳам чўпонлар юрагига қўрқув соларди. Бу ерларда чўпон-чўлиқ Кўкбўрини яхши биларди. Одатда бўрилар гала бўлиб юрса у ёлғиз юрар, бирор бир галада уни учратиш мушкул эди. Ўтган вақт мобайнида атай уни овлаш учун овчи ёллаб қилган ҳаракатлар бесамар эди. Буни баъзилар мағрурликка йўйса, баъзилар уни қариб қолганга, чиқаришди, яна бировлар эса у бўри қиёфасидаги ажина дейишарди. Қўрқув ва йўқотиш нималар қилмайди, дейсиз. Кўкбўри дохил бўлган маконда қиёмат-қойим бўларди. Унинг бир ўзи қилган ишни бутун бошли гала ҳам қилиши мушкул. Одатда қудратли бўриларнинг теварагига кўп бўрилар йиғилади. Лекин унинг ёлғизлиги жумбоқ эди. Унинг омон юриши сабаби ҳам балки шундандир. Хоҳлаган қўтонга кириб келар, қўйларни емаса ҳам бўғизлаб кетарди. Ҳатто чўпонларга ҳам ҳамла қилишдан тоймас, далада бўш қолдирилган эшакларни ҳавасига бўғизларди. Бир воқеадан кейин у милтиқдан қўрқадиган бўлди. Ўшанда Лома ҳали бироз кичик, айиқ боласидек пахмоқ жунли, етилиб келаётган кучук эди. Лекин у ҳам ҳеч нима қилолмади. Кўкбўрининг бўғзига қараб чанг солганда бўри чап бериб, унинг орқа икки оёғини қўшиб тишлади-да ёнига улоқтирди. Бўлди Ломанинг бошқа саси чиқмади. Кучукни биргина ўқ товуши асраб қолди. Бир замон ўзига келганда подада қий-чув, қўйлар бир чеккада ғуж бўлиб, қулоқлари тиккайиб турарди.
Шундан кейин Ломанинг юрагида оғриқ, оёғида мана шу чандиқ қолди. Лекин Лома ҳақиқий бўрибосар бўлиб етишди. Боботоғнинг манаман деган бўриларини ер тишлатди. Лекин Кўкбўри….
Лома бундай пайтда нима қилишни билади. Тўғридан борса ҳам, четдан айланиб борса ҳам бўрилар бир икки қўйни ёриб ташлашга улгуради. Қўй дегани бефаросат келади. Улар Ломани ҳам бўри деб тум-тарақай қочишади, бўрига эса шу керак. Қўйларнинг ҳуркканини кўриб, улар ҳам қочиб қолишади. Лекин ўртадан югурган ит бўрига етолмаслиги аниқ. Қўйлар ҳалал беради. Шу сабаб Лома подани айланиб югурди. Унга қўй эмас — бўри керак.
Чўпоннинг милтиғидан ҳавога икки ўқ узилди. Бу вақтда Лома йиртқич галанинг ёнига етганди. Поданинг ичидан отилиб чиққан Чиноқ билан Оқтуёқни Лома аниқ таниди. Оқтуёқ эпчил бўри ҳеч қачон Ломага бетма-бет келмаган. Уни доим чалғитиб келган. Чиноқ эса Қоплоннинг “қадрдони”. Худо зўрдан зўрни яратар экан-да. Жусса бошқа экан, юрак бошқа экан. Улар бир неча марта куч синашган, доимо кучлар тенг келиб бири бўлмаса бири чекинган. Шундай жангларнинг бирида Чиноқнинг бир қулоғи Қоплоннинг оғзида қолган. Шундан чўпон-чўлиқлар бу бўрини Чиноқ дейишади, лекин қўлга туширолмайди. Бу гал Қоплоннинг ошиғи олчи бўлди. Подадан айрилиб чиқиши билан Оқтуёқни оёқлари остига олди. Бўри буни сезмай қолди. У ҳар доим соядай келиб, соядай кетарди. Иккаласи ғуж бўлиб думалаб кетишди. Шу кетишда Лома Оқтуёқнинг бўғзига ўткир тишларини ботирган, уни бир ҳамлада қонига ботириб кетди. Олдинига тепаликка қараб чопган Чиноқ бирдан йўлини ўзгартирди. Лома Чиноқни кўздан қочирмади. Изма-из унинг орқасидан таъқиб қилди. Боботоғнинг ўркач-ўркач, серқоя адирлари бутун яйлов бўйлаб ирмоқ-ирмоқ бўлиб дараларга бўлиниб кетган ёмғир сувларининг излари бўйлаб чопиб бораркан, Чиноқнинг хавотири ортди. Орқасида арлони — Оқтуёқ йўқлигини пайқаб қолди. Сарғиштоб кўзлари олазарак бўлди. Орқасидан изма-из келаётган Ломанинг қораси яқинлади. Кўзлари ёшланиб, йўлни кўришда хиралашиб бораверди. Энди арлони Оқтуёқни қайтиб кўрмаслигини англаб безовталиги ортди. Вужудида қони кўпирди, жаҳли чиқди. Шарт тўхтаб, калтафаҳим қўйни бўғизлагандек Ломани ҳам ғажиб талагиси келди. Ниятидан қайтди. Олдин ҳам унга бас келиш қийин бўлганини яхши билади. Кучига ишонмади. Лекин жуфтини ўйлаб инграб-ғингшиб йўлида давом этди. Шунда учиб бораётган бўрининг хаёлига эски ҳийла келди, югуриб бораркан, кўнгли таскин топди. Ломанинг бу ерларда қайтиб бўлмаслигини тасаввур қилиб тани роҳатланди. Юришини секинлатди ва йўлни бироз чапга олди. Шайтондара сари бурилди. Ўзини тетик ва бардам тутишга ҳаракат қиларди. Режаси бўйича ҳаммаси тўғри кетаётган эди-ю, лекин юрагидаги ваҳима барибир босилмасди. Чунки бу жарликлар Кўкбўрига тегишли. Бу маконда қари Кўкбўрига дуч келишни нафақат чўпону чўлиқлар, ҳатто унга қавмдош жондорлар ҳам хоҳлашмас эди. Кўкбўри галага қўшилмаганидек ўзининг олдига яқинлаштирмасди ҳам.
Чиноқнинг йўлни бу тарафга солиши ҳам Кўкбўридан фойдаланиш эди. У ўйлардики, аввало Лома бу ёқларга келмайди, келганда ҳам Кўкбўри уни тирик қўймаслиги аниқ. У Ломани ажал оғзига ҳайдаб бораман деб ўйларди.
Ломанинг кўзига ҳозир ҳеч нима кўринмас, фақат ўлжасига етишнигина ўйларди.
Чиноқ эса негадир тулкига ўхшаб йўлни чап солиб-чап солиб югурарди. Гоҳ ўнга, гоҳ чапга қўққисдан бурилиб қолар, Лома ўзини ўнглагунча анча йўлни босиб қўярди.
Шунда яқингинадан Кўкбўрининг узиб-узиб увлагани эшитилди. Бу овозни эшитиш Чиноққа ҳам Ломага ҳам қанчалар даҳшат. Ҳай-ҳай-ҳай! Ломанинг танига енгил титроқ кирди, бироз секинлади.
Бу овозни танимай, унутиб бўладими? Аммо бўрибосар Лома яна Чиноқнинг изидан тезлаб кетди. У таъқибни тўхтатмади, Чиноқ қочишни. Унинг ўйноқлаб югуриши Ломанинг баттар қонини қайнатар, ғазабини оширарди. Аммо энди ораси тобора узоқлашиб борарди. Ҳар қадамда қари Кўкбўрига дуч келишни ўйлаб тайсалланиб қадам босарди. Шу пайт узоқдан ўқ овози эшитилди. Демак чўпонлар ҳам йўлга чиқишган. Улар ҳализамон етиб келишади. Лома жонланди, қадамини тезлади, қўрқув бироз чекинди. Панжалари ерга чуқурроқ ботар, тирноқлари ҳар қадамда намчил тупроқни кўчириб юборарди. Чиноқ худди Лома етиб келгандек, думини аввалига ҳаволатиб, кейин орқа оёқлари орасига қисди. Лома бу гал адашмаслиги керак. Бўрининг орқа оёқлари лапанглаб тумшуғи олдида ўйноқларди. Ҳозир қўллайдиган усулини яхшилаб амалга оширса, Чиноқ оёқлари остида бўлади. Акс ҳолда ўзининг оғирлигини назорат қилолмай йиқилиши ҳеч гапмас. Яна бир қадамдан кейин Чиноқнинг орқа яғринига бир томонлама зарба бериш керак. Лома худди шундай қилди. Бақувват олд оёқлари билан Чиноқнинг чап яғринига зарба берди. Бўри эса бир ғингшиб мувозанатини йўқотди. Лома баҳайбат гавдаси билан уни бутунлай йиқитиб тушди. Бу шунчалик тез содир бўлдики, энди Лома Чиноқнинг оёқлари остида ётарди. Чиноқ пайтдан фойдаланиб олдинга илгарилади, аммо оёқлари оғирлашди, бўйнидан пастга нимадир тортаётгандек бўлди. Бу Ломанинг бақувват жағлари эди. Лома кўзлаган жойидан ушлагани учун қимир этмай ётган ҳолида Чиноқнинг ҳолдан тойишини кутарди. Бир муддатдан кейин Чиноқ итнинг устига йиқилди, аммо бефойда типирчилар эди. Ит туриб, чўнқайиб ўтирди. Олд оёқларини ялади, югурганида терлаган бурунлари устига ёпишган Чиноқнинг жунларини ялаб туширди. Оёғида негадир оғриқ туйди. Бир-икки қадам ташлади-да, ҳолсизланиб узала тушиб ётиб олди. Кейин бу ердан тезроқ кетиш учун Шайтондара бўйлаб илдамлади. Унинг йўли унмасди. Оёғидаги оғриқ борган сари кучайиб бутун танига ёйилгандай бўлаверди.
Бўри итдан қўрқмайди, у одам қўлидаги милтиқдан қўрқади. Кўкбўри даранинг нишаб еридан тепага чиқиб, Ломанинг йўлини кесиб чиқди. У одатдагидай ирилламади, акилламади, Ломани хотиржам кутиб турди. Итлар билан олишувда қари жондор кўзларини Ломага тикиб, оёқларини кенг ёйиб, елка жунларини ҳурпайтириб турарди. Қадам товушлари эшитилди. Лома ириллашини қўймай бўйнини елкалари орасига олиб қадамини секинлатди. Бўри ҳам тишларини иржайтириб, ириллаб ҳамлага шайланди. Лома ҳужумни кутди. Лекин ҳадеганда Кўкбўридан ҳамла бўлавермади. Бир неча вақт шундай туриб, сўнг икки-уч қадам олға юрди, ваҳ-ваҳ шунда вазият келди. Бир умр кутилган вазият. Улар фақат мана шу бугунни кутишди асли. Шу бугун қачондир келишини, иккала жувонмард ҳам бирга-бир қолишларини юрак-юракдан билиб юришди. Мана ўша вазият. Мана Боботоғдаги тўрт оёқлининг икки зўри дуч келди. Лома орқа оёқларига чўнқайиб, худди майдонтошдагидек ўтирди. Бошларини сарак-сарак қилиб, худди ўзига келиб олмоқчидай ликиллатди. Тумшуғини олдинга чўзди, ҳавони ҳидлади, ўша таниш ҳид. Бўри бўрилигини қилди, ит итлигини қилади энди. Афсуски, шундай олишув гувоҳсиз эди. Кўкбўри бўридай ҳамла қилди, Лома итдай ҳимояланди. Кўзлар-кўзларга тўқнаш келди. Кўкбўри ҳайқириб, ўкириб тикка келди, Лома ҳам одатдагидай унга чап бермади, айёрлик қилмади, тўғри келди. Иккаласи ҳам орқа оёқларида тик туришди, олд оёқлари билан гоҳ ўнг, гоҳ чап томондан бир-бирларининг юзларига, бўйинларига зарбалар беришди. Кўкбўрининг чап томондан олд оёқлари тирноғи Ломанинг лунжини йиртиб ўтди. Лома Кўкбўрининг бўғзига тишларини ботирди. Энди бақувват жағлар жангга кирди. Улар бир-бирини аямай талар, тишлаш билан баравар оёқларини олдинга сермаб-сермаб олишарди. Лома Кўкбўрининг чап жағини бўғзи билан қўшиб тишлади, бўри эса Ломанинг чап қулоғига тиш ботирди. Иккиси ҳам ҳолдан тойишди, бир муддат шундай туришди. Кейин Лома бор кучини йиғиб силтаб тортган эди иккаласи баравар дарага юмалаб кетишди. Олдинига хас-чўплар, кейин майда-катта тошлар билан қўшилиб пастга шўнғишди. Бир-бирини қўйиб юборишмай тошдан-тошга урилиб, пастлаб кетишаркан, чуқур-чуқур нафас олганча, ириллаб тишлаган жойларини қўйиб юбормасликка ҳаракат қилишар, уларга қўшилиб катта-кичик тошлар эргашиб юмаларди. Чанг-тўзонда жарлик пастига кетаркан Лома тишлаган жойини ноилож қўйиб юборди. У энди ўзини тутиб қолишга, мувозанатини сақлашга урина бошлади. Кўкбўри ҳам ўзини ўнглолмай нарига юмалади. Энди улар ўз ҳолича, ўзлари билан ўзлари бўлиб қолишди. Лома бу тўс-тўполондан иложи борича четлашга урина бошлади, тошларга урилганда ҳар ёнга ўзини ташлар, иложи борича, бир қадам бўлса ҳам четланар эди. Бир бурда бўлиб тошдан-тошга урилиб пастга бориб тушди. Танаси худди кечки пайт майдонтошга чиқиб ўтиргандай қизий бошлади, бўйин жунлари ораси терлаб кетди. Ломанинг кўз олди қоронғулашди, сўнг ҳушини йўқотди. Бир маҳал томоғи қуриб кўзларини очди, аллақачон тонг отган эди. Олам ёп-ёруғ, қуёш тепада қиздира бошлаган, танаси жонсиздек ўзига бўйсунмайди. Ҳолсизланиб зўрға оёққа турди. Атрофга сер солди. Бир неча қадам наридан Кўкбўрининг орқа оёғи ва думи кўриниб турарди. Ит бориб рақибини ҳидлаб, тумшуғи билан оёғини туртиб кўрди. Енгилмас Кўкбўрининг очиқ, қотиб қолган кўзлари ва суяги чиқиб турган бўғзи кўринарди.
Лома Шайтондаранинг пастки лаби бўйлаб секин кета бошлади. Қўйлар юриб сув йўлидек қилиб ташлаган тарам-тарам йўлдан тепага қараб аранг чиқди. Чиқиб олгач, қуёшнинг қайноқ тафтида олға босди. Томоғи қуриб борар, тили осилиб қолган, оёғига илашган ҳар бир хас унга оғирлик қилиб борарди. Бир муддат юргач бошлари оғирлик қилиб, кўзлари тинди, ортиқ ҳоли қолмай ўзини ерга ташлади.
Олис-олисдан қўнғироқ овози эшитилди, овоз борган сари яқинлашиб кела берди. Овозга қўшилиб қўйларнинг оёқ товуши, марашлари ҳам эшитила бошлади. Итларнинг ҳургани, кейин қулоқларини, юзларини искаётганини ҳис қилди.