Абдусаттор Содиқов. Тушларимга киринг, онажон (қисса)

ВИДО

Онам оламдан ўтибди!
Бу совуқ хабардан танам жунжикиб, баданимга саноқсиз игналар санчилгандек, бутун вужудим титраб кетди. Қишлоққа, онам яшаган ҳовлига қанчалик шошилмай, ошиқмай, оёқларим худди менга бўйсунмаётгандек, юришим унмасди. Бир чойнак чой ичгунча етадиган манзил менинг назаримда соҳили кўринмайдиган денгиздек ҳадсиз-ҳисобсиз туюларди. Ҳовлига қачон, қай ҳолатда кириб келганимни ўзим ҳам билмайман.
Оёқларим беихтиёр мени онам доимий турадиган хонага етаклади. Бир неча аёл уй ўртасига қўйилган каравотни қуршаб олишган. Каравотнинг бош томонига оҳиста чўкдим. Назаримда, онам юзига оқ чойшаб ёпиб, оҳиста нафас олиб ухлаётгандек.
Онамнинг юзидан чойшабни кўтардим. Мана, ҳамиша йўлларимга талпиниб, мени бағрига босиб кутиб оладиган онам кўзларини юмганча тинч ва осуда ётарди. Серажин юзлари бироз оқариб, қовоқлари салқиган, кумушранг, сийрак сочларининг бир толаси пешонасига тўзғиб тушган. Уйқусини бузиб қўйишдан чўчигандек титроқ қўлларим билан ўша тўзғиб турган бир тола сочни тузатиб қўймоқчи бўлдим…
Онам кўзларини очишини, менга аталган сўнгги сўзларини айтишини жуда-жуда истадим. Атрофдаги таниш-нотаниш аёлларнинг “Бандалик-да, онангдан ажралиб қолдик, Оллонинг ҳукми бу”, “Онаси ипакдек майин аёл эди-я” деган гаплари қулоғимга узоқ-узоқлардан эшитилаётгандек гўё.
Аёллардан бири пичирлаб ёнидагига “Мунча дийдаси қаттиқ бўлмаса, ҳатто кўзига ёш келмайди-я”, деса яна бири “Шўрлик болагина карахт бўлиб қолди, шекилли”, дерди.
Хонада нафас олишга ҳаво етмаётгандек. Юрагим санчиб, кўз олдим қорон­ғилашди, қандайдир куч икки чаккамни қисиб, бошим ғувуллаб, оёқларимдан жон кетгандек бўлди. Деразага яқинлашиб, энтикиб чуқур-чуқур нафас олдим. Беихтиёр онам мени айнан шу хонада қучоқ очиб кутиб олмаслигини, сочларимни, елкаларимни силаб эркалай олмаслигини кўз олдимга келтирдим. Шунда қандайдир ички бир куч бўғзимдан бўғгандек бўлди. Бутун вужудим, борлиғим “дағ-дағ” титраб ортимга қандай бурилганимни сезмай қолдим.
Юзларимни каравотда ётган онамнинг юзларига босиб, ўкириб йиғлаб юбордим. Онам ҳам менга қўшилиб йиғлаётгандек, унинг муштдеккина вужуди дийдоримдан ларзага келгандек бўлди, гўё.
– Қўй, ўғлим, онангга энди озор берма, тинч ётсин, – деди аёллардан бири.
– Ота-она ўлмоқ мерос, бу ҳар кимнинг бошида бор савдо, – дея юпатмоқчи бўлди бошқаси.
Онамнинг бағридан ажралгим келмасди. Кўзларимдан қуйилиб келаётган ёшларни тўхтатишга менда на куч, на мадор бор эди. Негадир унсиз тўйиб-тўйиб йиғлагим келарди. Гарчанд бу кўзёшлар тақдири азални ўзгартира олмасада, онамнинг мана шу даргоҳ, ўзи туғилиб ўсган уйга бир неча дақиқалик “меҳмон” эканлигини ўйлаб, эзилардим. “Ўлим ҳақ”, деганлари шумикан?!
Кўзимни очиб, пешонамни силаб турган бир кампирни кўрдим. Танидим, бу қишлоқнинг кайвониси Ойдин момо эди. У киши бошимни силаб:
– Онанг билан рози-ризолик қилгин, болам! Фарзандларнинг ризолигини эшитмасдан майитларнинг, танасидан сўнгги нафаси чиқмай турармиш…
Онажоним! Берган туз-насибангиз, кўкракдан ажратган жон ато этгувчи оқ сутингизнинг ҳар томчисига рози бўлинг! Мен сиздан мингдан-минг розиман! Сиз ҳам рози бўлинг!..
Назаримда, шу он онамнинг киприклари қимирлагандек, оқ чойшаб ёпилган таналаридаги ифорли садарайҳонлардан ўткирроқ ҳид анқигандек ва шу билан онам менга ризолик бергандек бўлди…

ҚУЁШ ЮЗИДАГИ БУЛУТ

Онам вафот этган кунлар авжи саратонга тўғри келди. Биз ака-укалар, қариндош-уруғлар офтобрў девор ёнида саф тортиб турибмиз. Қуёш терак бўйи кўтарилиб, пешонамизга олов пуркайди. Не ажабки, тасодифми, мўъжиза рўй бердими, қаёқдандир пайдо бўлган бир парча булут қуёш юзини тўсиб қолди.
Табиатнинг қудрати, мўъжизаси олдида биз ҳамиша ожизмиз. Қуёш чарақлаб турса, булут унинг юзини хиёл тўсиб, бизга соя ташлаб тургани чиндан-да мўъжиза эди. Онамни сўнгги йўлга кузатиш дамлари тобора яқинлашмоқда. Шаҳарда турадиган акамдан эса ҳамон дарак йўқ. Қариндошлар, қишлоқ оқсоқоллари акамни сабрсизлик билан кутишарди. Нима бўлса ҳам у онамнинг дафн маросимига етиб келишини ички бир интиқлик билан кутар эдим.
– Ана келди, ана келаяпти! – атрофдагилар бирдан жонланиб қолишди.
– Онам, онажонимдан ажралиб қолдим! – акам сафда турганларнинг елкасига бошини қўйиб йиғлаб юборди. – Меҳрибонимнинг бир оғиз сўзини эшита олмай қолдим. Мени армонларга ташлаб кетган онажоним қани?! – Акам шашқатор ёши билан онам ётган хонага юрди. Бирозгина сукут чўмган ҳовли, онам хонасидан яна йиғи овози кўтарилди. Акамни бағрига босиб йиғлаётган холамлар, аммамларнинг оҳу фарёдига чидай олмасдан, атрофда турган одамларнинг ҳам кўзларидан ёш қуйилиб келар эди.
Шундан сўнг онамни сувга олишди. Ҳовлига бир неча дақиқалик сукунат чўкди: хотин-қизларнинг йиғиси тинди. Ҳар ким ўзича овоз чиқармай, ич-ичидан эзилиб хўрсиниб-хўрсиниб ўтирарди. Шу пайт қуёш юзини тўсиб турган булут оҳиста тарқалди. Хаёлимга келган фикрдан кўнглим бироз ёришгандай бўлди.
…Ёзнинг иссиқ кунларида онам садақайрағоч соясидаги каравотда ўтирарди. Кейинги пайтда кўзлари бироз хиралашиб қолди. Шу боис узоқдаги нарсани яхши кўролмасди. Бирон шарпа кўринса, ён-атрофида ўйнаб юрган набираларини чақириб, ким келаяпти, деб сўрарди. Ҳовлимиз яқин бўлганлиги сабабли биз тез-тез келиб турардик. Бироқ акам узоқда яшаганлиги сабабли аҳён-аҳёнда келарди. Онамнинг уни тез-тез соғиниб қолаётганлигини билардик. Шарпа эшитилди дегунча онам серажин, қалтироқ панжаларини кўзига соябон қилиб йўлга қарагани-қараган эди. Акам келаётганини эшитса, ўтирган жойида қўзғалиб қўярди. Тиззаларини уқалаб, атрофни пайпаслаб кавушини излар ва ўғлининг ҳузурига ошиқарди. Киприклари пирпираб мийиғида жилмайиш пайдо бўларди. Унинг бужмайган юзидаги кулгичлари ўзига бирам ярашиб кетардики…
Мен энди билдим: одам билан табиат ўртасида кўзга кўринмас ўхшашлик, уйғунлик бор экан. Қуёш бамисли онамнинг йўлга нигорон кўзларию, булут унинг юзларига соя­бон панжалари эди. Булут узоқ шаҳардан етиб келган ўғлининг дийдоридан хурсанд бўлган волидамнинг юзидан туширилган соябон қўлларию, қуёш эса севинчдан порлаган кўзлари эди. Энди сен онамнинг меҳр тўла кўзлари бўлиб порлайвер, қуёш!

ЁМҒИР ТОМЧИЛАРИ

Онамнинг хокипокларини қабрига қўяётганимизда атрофдаги хас-чўпларни шивирлатиб ёмғир томчилари туша бошлади. Ажабо, тепада саратон қуёши чарақлаб турсаю, ёмғир ёғса!
– Майидга ёмғир тегса савоб бўлади, – деди мўйсафидлардан бири.
– Марҳуманинг қайсидир хислатлари Яратганнинг ўзига хуш келган бўлса ажабмас. Аслида ҳам онахонимиз жаннати аёл эди-да, – ёнидагиларга уқтирди ҳамқишлоқларимдан бири ва яна қўшиб қўйди: – Ҳар кимга ҳам Тангрининг бундай иноятлари насиб этавермайди.
Ёмғир майдалаб, томчилаб ёғаяпти. Кетмон ва белкураклар қўлдан-қўлга ўтади. Ҳамма ҳам қабрга бир кетмон тупроқ ташлашга ошиқади. Қабр – марҳумнинг у дунё­даги чин уйи. Кўз очиб-юмгунча бир уюм тупроқ пайдо бўлди. Ёмғир томчилари юзимга урилар экан, қайдандир эшитган ривоят хаёлимдан ўта бошлади.
…Норасида гўдакларини тупроққа берган оналар жаннати бўлар эмиш. Ҳеч эсимдан чиқмайди: онам бизларни ер-кўкка ишонмас, жуда-жуда эҳтиётлар эди. Унинг укаларимни ёлғиз қолдирганлигини эслай олмайман. Бунинг сабабини ке­йинчалик, эсимни таниганимда билганман. Онам табиатан ўйчан, зукко, серфикр, камгап аёл эди. Бировга ҳасрат қилганлигини эшитмаганман. Мавриди келиб қолса, бошимни силаб “сенинг ҳам ака-опаларинг кўп эди. Беш нафар иниларингни – Яратганнинг ўзига керак экан – чақалоқлигида ерга берганман”, деб хўрсинарди.
Одамлар ўзаро пичирлашиб, ёмғир ёғишини Оллоҳнинг марҳамати деб башорат қилишарди, балким шундайдир. Айтишларича, норасида гўдаклар руҳи онаизор ҳузурига биринчи бўлиб пешвоз чиқармиш. Дийдорига тўймаган онажонини кўзёшлар билан кутиб олармиш. Ҳозир шивалаётган томчилар ҳам марҳум акаларим, опаларим кўзёши бўлса ажабмас.
Марҳумлар ҳурмати ҳақи онаизоримга жаннат эшиклари очилгани рост бўлсин…

АЖИН ИЗЛАРИ

Сочларимни, юзимни силаб, ўйнаб ўтирган қизчам ногаҳон сўраб қолди:
– Пешонангиздаги чизиқлар нима, дада?
– Буми, ажинлар, – дедим пешонамни силаб.
– Бу чизиқлар нечта, уни ким чизган? – у яна бидирлай бошлади.
Қизчамнинг саволларига жавоб бераяпману хаёлим бошқа ёқларда эди. Яна онамни эслаб кетдим. Мен ҳам онамнинг сочларини тўзғитиб, юзини силаб ўйнаганман, эркаланганман. Лекин онамнинг юзидаги ажин излари нечта эди? Мен буни ҳеч сўрамаган эканман. Онамнинг сийратини кўз олдимга келтирсам, унинг ўйчан вазмин чеҳраси қайтадан жонлана бошлайди.
Турмуш ташвишлари, ҳаёт юмушлари билан бўлиб онамнинг хузурида ҳамиша ҳам жамулжам бўлавермасдик. Акам, опа-сингиллирим узоқ шаҳарда яшагани боис тез-тез келишнинг иложи йўқ эди. Бирон тўй, марака баҳона тўпланишиб қолардик. Энди эсласам, биз ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб онамнинг қандай хаёллар, ўй-кечинмалар гирдобида қолганлигига эътибор бермас эканмиз. Ўғил-қизларининг йиғилганидан онамиз ўзида йўқ шод бўлди, деб ўйлаб юраверган эканмиз. Аслида, шундай бўлганмикан?
Ҳамма оға-инилар тўпланишиб бағрини тўлдирганимизда унинг хурсанд бўлганлиги рост. Лекин шундай пайтлардаги ҳолатини хотирамда жонлантирсам, кўз илғамас бошқа нарсалар ҳам қайта жонланади. Онам ҳар қанча хурсанд, бахтиёр бўлганда ҳам бошқа аёллар каби очилиб-сочилиб, яйраб кулганлигини камдан-кам учратганман. Нега шундай экан-а? Жилмайганда унинг серажин юзида кўз илғамас бир дард, мунг бордек туюлаверарди. Ҳолбуки, биз ўғил-қизлари жам бўлиб, бағрини тўлдириб турардик-ку. Унда онам қалбини ички бир туғён, дард билан ўраб турган ҳис нима бўлиши мумкин?
Ҳамма ўғил-қизлари жам бўлардик, дедим. Аслида, шундаймиди? Унинг ҳали кўкракка тўймасдан, атак-чечак бўлмасдан ерга берган беш ўғил-қизи-чи! Онаизор уларни унутиши мумкинми? Бамисоли оққушларга айланган норасида гўдакларни унута олмаган экан-да! Балки энди, у дунёда ҳур норасидаларини бағрига босиб, дийдорига тўйгандир. Ҳаёт бунчалар чигал бўлмаса. Биз тириклар ёди оналарни қабрда ҳам тинч ётишга қўймаса, тириклигида қаддини букиб, пешонасига ажинлар солганимиз етмасмиди?..

“РАВНАТУН”

Кейинги пайтда онамнинг қон босими кўтарилиб турарди. Қон босимини ўлчаб турадиган таниш дўхтир унга “Равнатун” дорисини ичиб туришини маслаҳат берди. Онам табиатан ишонувчан бўлганлиги боис докторнинг тавсия этган дорисига қаттиқ ихлос қилар эди. Қачон боши оғриб, безовта бўлса шу дорини ичарди.
– Мана шу ялтироқ қоғоздаги ҳаворанг, тариқдек дорининг қуввати жуда яхши экан-да, болам, ичдим дегунча бош оғриғим қолади, – дерди онам мамнун ҳолда бошини ирғаб-ирғаб.
Онамнинг ёнидан “Равнатун” дориси узилмасди. Ўтирган жойида – кўрпача тагида албатта ўша дори турарди. Сафарга чиқса, меҳмонга борса ҳам ана шу дорини рўмолчасининг бир учига тугиб оларди. Мен ҳам қаерга борсам дорихонадан албатта “Равнатун”дан икки-уч қути олиб келардим. Маҳалламиздаги дорихона ходимлари мени таниб қолишган. Айниқса кўзлари чарақлаб кулиб турадиган истараси иссиқ сотувчи қиз мени кўриши билан “Сизга “Равнатун”ми”, деб жилмайиб турарди.
Орадан анча вақт ўтди. Шамоллабман шекилли, сира йўтал қолмасди. Бир куни ишдан қайтаётиб йўталга қарши бирон дори илинжида дорихонага бурилдим. Таниш қиздан дори сўрамоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эдим, у ҳар галгидек жилмайди:
– Ҳойнаҳой сизга “Равнатун” керакдир-а? Онангизга ҳамиша шу доридан олиб борасиз-ку.
– Энди бу дори керак эмас, – деган сўзлар оғзимдан чиқиб кетганлигини билмай қолдим. Сотувчи қизнинг дори узатган қўллари муаллақ қолди. Дарҳол ўзимни қўлга олдим.
– Ҳа, майли бераверинг, бир кун керак бўлиб қолар.
Сотувчи қизнинг қўлидан дорини олиб, пулини тўладим-да, шартта ортга қайтдим. Ташқарига чиққач қалтираётган қўлларимга, кафтимдаги малҳамга термилдим. Кўз ўнгимда “Равнатун” ичаётган онамнинг нозиккина жуссаси қайта жонлангандек. Йўталга қарши дори олиш хаёлимдан кўтарилибди…

РЎМОЛЧАДАГИ ҚУРУТ

Болалагимда онам билан автобусда қаергадир сафарга чиққанимизда кўнглим айниб қайт қилдим. Шунда йўловчи аёллардан бири менга бир дона қурут бериб: “Мана шуни шимиб юрсанг, кўнглинг кўтарилмайди”, деди. Ҳақиқатдан ҳам қурутни шимишим билан кўнглимдаги беҳузурлик босилди. Шу-шу онам ёнида қурут олиб юрадиган бўлди. Қачон сафарга чиқмоқчи бўлсам ёки сафардан келсам, албатта менга бир неча дона қурут тутқазарди. Онам қурутни рўмолчага тугиб, билагига боғлаб оларди.
Дафн маросими ўтказилган кун кечаси тушимга онам кирди. У бошимни силаб, пешонамга қўлини қўйганча мени эркалаб: “Чарчаган кўринасан, озгина иситманг ҳам бор. Мана бу қурутларни оғзингга солиб ол, бироз дармон бўлади”, дермиш…
Нимадандир кўнглим ғаш, ниманидир йўқотгандек карахт юрганлигимнинг боисини энди тушунгандек бўлдим.
– Келинойи, онамнинг билагида ҳамиша рўмолча боғланган бўларди. Мабодо шуни кўрмадингизми.
– Вой эсим қурсин-а, онамнинг рўмолчасини бекитиб қўювдим, ҳозир олиб чиқиб бераман, – янгам уйдан шошиб-пишиб рўмолчани олиб чиқди.
Воажаб, кечаси тушимда кўрган рўмолчанинг ўзи-ку бу! Унинг бир учига ёнғоқдек-ёнғоқдек қурут доначалари тугилган эди…

ҲИКМАТ

Энамни набиралари жуда яхши кўрарди. Бири тиззасига бош қўйиб ётса, бошқа бири елкаларига чиқиб оларди. Волидамнинг набираларидан ранжиб, уришганлигини ҳеч эслаёлмайман. Шунда жаҳлим чиқиб болаларни уришиб бердим:
– Энамни ўз ҳолига қўясанларми-йўқми. Бундай оёқ-қўлини ёзиб ўтирсин ахир!
– Қўй, болаларни уришма, – дерди онам тиззасига бош қўйиб ётган набираларини эркалаб. – Шулар бор, мен борман, болам. Сен иш билан кечгача кўчада юрасан. Булар менга энг яхши овунчоқ. Чурвақалар мени зериктириб қўйишмайди. Кўрсатганига шукр, илоҳим ажалга сабр берсин-да, Эгам.
Энам ўтирганда ҳам, ётганда ҳам шу сўзларни пичирлаб кўп такрорларди. Бу сўз менга эриш туюларди.
– Эна, нафасингизни иссиқ қилсангиз-чи, нега шу сўзни такрорлайверасиз? – дедим бир гал ўзимни тутолмай.
– Эй, болам, вақти келиб нега шундай деганимни тушуниб қоларсан, – онам бошини сарак-сарак қилиб жилмаярди. – Ажал деган асов отнинг қанотлари бўлармиш. Бу учқур отнинг қачон, қаердан келишини ҳеч ким билмайди. Бандасини елкасига миндириб бир зумда арши-аълога учади – кетади. Умр деганлари шу экан – оқар дарёдек оқади, кетади.
…Йиллар ўтди. Ўзим ҳам бобо бўлдим. Бир куни ишдан чарчаб келиб ухлаб қолибман. Бошимда нимадир ғўнғир-ғўнғир қилади. Тушимми-ўнгимми, деб кўзимни очсам, тепамда атак-чечак қилиб юрадиган набирам турибди.
– Бо-бо-жо-он, бобожон, – дерди ғўлдираб.
Ўрнимдан сапчиб туриб кетганлигимни билмай қолдим. Набирамни бағримга босдим. Энди тили чиқаётган дилбандимдан биринчи бор бобожон деган сўзларни эшитишим эди. Бағримда типирчилаётган набирам эмас, қуёшнинг бир парчаси эди, гўё.
Набирам қиқирлаб кулар, гоҳ гандираклаб, гоҳ йиқилиб-суриниб мендан узоқлашмоқчи бўларди. Ҳаракатларини кузатар эканман унинг ўсиб-улғайишини кўрсам, деган ўй-хаёллар вужудимда тинмай чарх урарди. Эҳ-ҳе, у кунларга қанча вақт бор-а… Чевараларни ҳам бағримга босиш насиб этармикан? Илоҳим шу кунларга етиб юрайлик-да. Шунда беихтиёр онам кўз ўнгимда гавдаланди. Лабларим эса онам айтган ҳикматни пичирлаб такрорлади: “Ажалга сабр берсин-да, Эгам!”

ОНАМНИНГ ИСИ

Хизмат сафари тугаб, шаҳардан уйга қайтиш учун автобус бекатига келдим. Биз томонга қатнайдиган таниш машинани излаб, автобусларнинг “пешонаси”даги ёзувларни ўқийман. Шу пайт уч-тўрт қадам наридаги онахон қўлини кўзларига соя­бон қилиб мени ёнига имлай бошлади.
– Ҳой, Адҳамжон, яхши ишлаб юрибсанми, қишлоққа борай дебсан-да, бери кел, бир кўришиб қўяйлик, – онахон чап қўлини букчайган белига қўйиб ўрнидан аранг туриб юра бошлади.
Мен аввалига ҳайрон бўлиб ён-атрофга қарадим. Онахон бошқа бировнинг оти­ни айтиб чақирарди. Хаёлимни йиғиб олмасимдан у қаршимда пайдо бўлди.
– Вой бўйларингдан ўргилай, шаҳар ёқибди, оқариб, бўйга тортиб қолибсан, – онахон мени бағрига қаттиқ босиб, пешонамдан ўпди. – Сен ўзимизнинг Қаршигул чопончининг ўғлимисан, адашмадимми? Кўз қурғур сал хирароқ-да, узоқдагини олдингидек илғайвермайман. Истаранг иссиқ-да, бир кўришдан танидим. Қишлоғимизда чопон тикишда онангни олдига тушадиган чевар йўқ, бобонгнинг чопонини ҳам тикиб берган, қўли дард кўрмагур. Невараларимнинг эгнидаги чопончалар ҳам энангники.
Бошига қишлоқча иккита пахта рўмол ўраган, қуёшдан юзлари қорайиб кетган онахон мени тобора бағрига қаттиқроқ қисиб ҳол-аҳвол сўрашарди. Шу топда димоғимга мен кўпдан соғиниб юрган бир ис урилди. Бу онамнинг иси эди!..
– Эй эна, нима қилиб юрибсиз бу ёқларда. Мен сизни излаб чарчадим, юринг тезроқ, машина кетаяпти! – кўзлари уккиникидек ўйнаб турган шоп мўйлов йигит кампирнинг қўлидан ушлаб тортқилаб кетди. Юрагимнинг бир парчаси боғланиб қолгандек кампирга эргашиб бир-икки қадам қўйдим. Ундан ажралгим келмасди. Нотаниш онахон автобус зинасида ортига қайрилиб ўзича менга нималарнидир уқтирмоқчи бўларди. Ўғли уни жеркиб, судраб автобусга чиқариб кетди. Бир зумга кўз олдим қоронғилашди. Бошим айланиб, ҳозиргина онахон ўтирган ўриндиққа ўзимни ташладим.
Онамдан ажраганимдан кейин кўнглим нимадир истар, юрагим ниманидир ахтаргандек бўларди. Руҳимни безовта қилаётган бу ҳолат нима эканлигини ўзим ҳам билмасдим. Ўша нотаниш онахон билан учрашув ҳаммасига ойдинлик киритгандек бўлди. Фарзанд иси, гўдак иси деган сўзларни кўп эшитганман. Болаларимни эркалаб бағримга босганимда буни такрор ва такрор ҳис этганман. Ҳаёт ташвишлари, турмуш қувончлари билан бўлиб кўп нарсага эътибор бермас эканмиз. Онам кўпинча гап орасида “Ўғлим, бу ўткинчи дунёда одам одамга ғанимат”, деб қўярди. Бу сўзлар маъносини сочимга оқ тушганда англаб етгандек бўлдим. Юзлари серажин, қадди букилган оналарни кўрсам юрагим ҳапқириб кетаверарди. Онамнинг ислари қайта-қайта димоғимга урилаверди.

ЭРТАК

Кечки овқат пайти дастурхон атрофида жамулжам бўлиб ўтирганимизда, ойнаи жаҳонда дунёнинг қайсидир бурчагида қурғоқчилик давом этаётганлиги, очарчилик туфайли қурбонлар сони кўпайиб, ҳаётдан кўз юмаётганларнинг кўпчилиги қариялар ва болаларни ташкил этаётганлиги ҳақида гапириб қолишди.
– Уларнинг овқати тугаб қолганми? – қизиқиб сўради мактабга қатнаётган набирам. – Овқат олишга пуллари йўқми? – Мени бир зумда сўроққа кўмиб ташлади у. Набирамнинг сўроғига жавоб қайтараяпману, кўз ўнгимда онам гавдаланди. Изғиринли қиш оқшомлари онам сўзлаб берган ҳикоялар ёдимга тушди…
– Ўша йиллари қаттиқ қурғоқчилик бўлди, – ип йигираётган калавасини тиззасига қўйиб ҳикоясини бошлади онам. – Нарх-наво осмонда. Бир бурда нон отлиққа бор, пиёдага йўқ. Қишлоқларда уйма-уй иш излаб юрган мардикорлар кўпайиб кетди. Катталар бола-чақа боқиш илинжида узоқ-узоқларга кетиб қолишди. Очликдан силласи қуриган болалар уйдан ташқари чиқолмасди. Шўрлик аёллар дуч келган ўт-ўлан, исмалоқни ўлиб қолмасин деб болаларининг оғзига тиқишарди.
Қўшнимиз Тўхтагулнинг тирикчилиги, кун ўтказиши жуда мушкуллашди. Касалманд эри ўлиб қолди. Бир этак болаларни боқиш онанинг гарданига тушди. Қишлоғимиз атрофига буғдой экиларди. Ҳамманинг кўзи буғдойзорда. Очликка чидай олмаган ёш-яланглар, хотин-халажлар кечаси буғдойнинг бошоғини ўғирлаб чиқишарди. Ўша йиллари одамлар орасида айғоқчилар кўпайиб кетди. Шундай қалтис бир паллада Тўхтагул бечора ҳам кечаси бошоққа чиқибди. Олиб келган буғдой бошоғини молхонада келига солиб майдалабди. Келининг дуп-дуп овози ташқарига эшитилмайдими, буни билган айғоқчилар “юқори”га айтиб боришибди. Эрта билан бир тўп одам Тўхтагулнинг уйини босди. Келидан ўтказилган буғдойни сомон тагига кўмиб қўйган экан, топиб олишди. У ҳам нари борса бир дўппи чиқади, холос.
Тушга яқин қишлоқ одамларини мактаб ҳовлисига тўплашди. Ўзларини қайсидир идора вакиллари деб таништирган нотаниш кимсалар Тўхтагулни муҳокама қилгани келишганини айтишди. Буғдой бошоғини ўғирлагани учун уни жиноятчи деб эълон қилишди. Шу ернинг ўзида суднинг ҳукми ўқилди. Тўхтагул беш йилга кесилиб кетди.
Суд ҳукми ўқилаётганда Тўхтагулнинг атрофга нажот билан мўлтираши юрагимни эзиб юборди. Оёғидаги йиртиқ ковушидан яланг бармоқлари чиқиб турарди. Уни машинага ўтқазиб олиб кетаётганларида ортидан чирқираб йиғлаган болаларининг оҳу фарёди ҳамманинг юрагини эзиб юборди.
Тўхтагул узоқ тоғли қишлоқдан келин бўлиб тушган эди. Укалари келиб жиянларини олиб кетишди. Болаларнинг кейинги тақдири нима бўлди, эшитмадик. Улар яшаётган ҳовли ҳувуллаб қолди. Очарчиликдан бир оила пароканда бўлди…
Онамнинг бу ҳикоясини айтиб берсам набираларим “Бобо, бу эртакми”, деб сўрашади. Ҳа-ҳа, бу эртак, дейман бош ирғаб. Бир бутун ночор оилани вайрон қилган, одамларнинг бошини еган ўша дамлар қайтиб келмасин. У кунларнинг эртакка айлангани рост бўлсин, дейман ичимда…

САРҒАЙГАН ВАРАҚ

Энам шу варақни асраб-авайлаб ёнидан қўймасди. Мерос ҳақидами ёки васиятномами билмадим, букланиб, сарғайиб кетган дафтар варағини узатди опам. – Ҳар ҳолда сен тушунарсан, доим қоғоз ичида юрасан.
Варақни авайлаб очдим. Қоғоздаги дастлабки сатрларга кўз югуртирдим. “Салом, энажон, соғ-саломат ўтирибсизми?” деган сўзлар билан бошланган дастхат меники эди. Қоғоз тутган қўлларим титради, кўнглим бузилди, ўпкам тўлиб кетди. Беихтиёр ёшлигимга, болалигимга қайтгандек бўлдим.
…Қўшнимиз Зумрад хола билан аҳил яшардик. Ўғли Муродбек чаққон, бақувват йигит эди. Уй-рўзғор ишларимизга қўлидан келганча ёрдамлашарди. Уни ҳарбий хизматга чақиришди. Зумрад хола ўғлидан интиқлик билан хат кутарди. От миниб юрадиган почтачи уйма-уй газета, хат тарқатарди. Мурод акамдан хабар олиши билан қўшнимиз бизни чақирарди. Зумрад холанинг саводи бўлмагани боис уни мен ўқиб берардим. Хатни эшитиб бўлгач, қўшнимиз қоғозни қайта-қайта ўпиб, кўзига сурарди. Мени ҳам дуо қилишни эсидан чиқармасди.
– Сен ҳам катта бўлиб, шаҳарга ўқишга кирсанг, менга хат ёзасан, – дерди онам мийиғида кулиб. – Мен ҳам қўшнимизга ўхшаб хушхабарчини интиқлик билан кутаман. Илоҳим, шу кунларга етиб юрайлик.
Яхши ниятлар ижобат бўлиб мактабни битиргач, ўқишга кирдим. Онамнинг қувончи еру кўкка сиғмасди. Шаҳарга кузатиш учун неча кунлар ҳозирлик кўрди. Бир халтада ўрик туршаги бўлса, яна бирида қурут. Оби ноннинг толқонию, майиз ҳам эсдан чиқмади. Ҳовлимиз темирйўлнинг ёқасида жойлашган бўлиб, шаҳарга поёздда қатнардик. Темирйўл бекатига кузатишга чиққан онам мени бағрига босиб, хайрлашар экан, “хат ёзиб тургин болам”, деб тайинлади.
Шаҳарга келиб, ётоқхонага жойлашган куним онамга саломнома ёздим. Опам тутган, сарғайиб кетган варақ – мана шу хат эди. Кейинчалик ўқиш ташвишлари, амалиёт баҳона хат ёзишга вақт тополмадик. Кўз очиб-юмгунча талабалик йиллар ҳам ўтиб кетди. Институтда ишга олиб қолишди. Илмий иш билан бош қашишга имкон бўлмади. Тақдир экан, уйланиб, шаҳарда яшаб қолдим.
Опам айтганидек қоғоз ичида қолиб кетганим рост. Илмий ишни ёқлаш учун ёзилган рисолалар сандиқ-сандиқ бўлса ажабмас. Узоқ сафарлар, илмий изланишлар, таассуротлар неча-неча китоб бўлишлиги тайин. Шогирдларимнинг илмий ишларига кечалари уйқудан кечиб ёзилган тақризу тавсиялар-чи.
Ҳаётда бир киши қилиши лозим бўлган барча ишларга улгурибман-у, лекин онамни эслаш, хат ёзишга фурсат топмабман. Уюм-уюм рисолалар аслида онамнинг интизорлик билан кутган бир парча қоғозга тенг келармикан?!
– Намунча даминг ичингга тушиб кетди, шунчалик муаммо кўпмикан бу қоғозда, – хаёлларимни бўлиб юборди опам. – Ё сенга меросдан камроқ тегибдими? – ҳазиломуз гапини давом эттирди у.
– Ҳа, мерос ҳақида бўлса бунчалик куюнмасдим, – бу қоғоз оддий хат, ўз қўлим билан ёзган мактуб экан! – мана, ўқиб кўринг! – хатни опамга узатиб, ўзим чорбоққа чиқдим.
Қишлоқ ҳавоси барибир кўнгилга ўзгача бир енгиллик, таскин бағишлайди. Салқин ҳаводан нафас олиб, қушдек енгил ҳис этдим ўзимни. Чорвоқдаги дарахтлардан турли мевалар ҳиди димоғимга урилади. Жўжаларини етаклаб юрган товуқ “қо-қо”лайди. Оғил айвонида ем талашаётган қўчқорчалар бир-бирлари билан шоҳлашади. Дарахт остидаги бузоқча чўзиб мўрайди. “Жонивор сувсаган бўлса керак” хаёлимдан ўтказдим. Болалигимда чорва молларига қараган дамларим эсга тушиб кетди. Челакда қудуқдан сув олиб бузоқча олдига қўйдим. Сувни апил-тапил симирган бузоқ қулоқларини силкитганча чўзиб мўради.
Мендан келган хатни бағрига босиб, қўни-қўшниларникига чопаётган онам кўз ўнгимда гавдаланади. Болакайлар хатни ўқиётганида қандай ҳолатга тушган экан, муштипаргинам. Катта шаҳри азимда ўқиётган ўғлидан келган биринчи мактуб. Бундан кейин ҳам кўзи тўрт бўлиб бир парча қоғозга интиқликда яшаган беозоргинам. Хаёлимда у от минган хушхабарчига “менга ҳам ўғлимдан хат борми”, дея ҳамон қўлини чўзиб тургандек…

СИЙРАТ

Ҳеч ким онадан жудо бўлишни хаёлига келтирмас экан. Гарчанд ўлим ҳақ бўлса-да, оналарнинг фарзандини ташлаб кетишига сира ақлим бовар қилмайди. Йўқса, онамиз ҳаётлиги чоғида нималар қилмас эдик. Онамдан хотира сифатида бир-икки дона сурати қолди холос. Ҳужжатларга тушган суратини бироз катта қилиб, ёзув столига қўйиб қўйганман. Негадир сувратларини деворга осиб қўйишни табиатим ёқтирмайди. Ҳар гал ёзишга ўтирганимда онам қаршимда менга термилиб тургандек бўлади. Унинг истараси иссиқ чеҳрасидан таралаётган илоҳий бир нур хонамни ёруғликка тўлдираётгандек, руҳи менга мадад бераётгандек ҳис этаман ўзимни.
Кейинги пайтларда кечалари кўзимдан уйқу қочадиган бўлди. Кунлар, ойлар ўтган сари нимадир мени безовта қилар, онамга бўлган соғинч ҳисларим, ўртанишларим гирдобдек ўзига тортарди. Сокин ва осуда тунлари шифтга тикилган кўйи онамни эслайман. Қоронғи тун зулмати қаъридан аста-секин онамнинг маъюс ва ўйчан сиймоси пайдо бўла бошлайди. Унинг қиров қўнган қошлари ва оқ дока рўмол тагидан тартибсиз юзига тушиб турган сочлари ўзгача бир нур таратиб, тун зулмати чокларини сўтиб юбораётгандек. Шунда кўзимни янада маҳкамроқ юмиб оламан. Кўзимни очсам, бирон ёруғлик тушадиган бўлса онамнинг кўз олдимда, хотирамда жонланаётган қиёфаси, сиймоси чўчиб кетмаса деб қўрқаман.
Онам “соғиндингми, болам, ўрним билиниб қолдими?” дегандек оҳиста, беозор бошим узра эгилади. Мана, онамнинг мен учун азиз бўлган сиймоси: серажин пешонаси, сийраклашиб қолган қош-киприклари, бироз шишинқираган қовоқлари. Қирра бурни, тишлари тушиб қолганлигидан осилиб турадиган ияги, ажин тушган бўйни. Қалтираб турадиган букчайган панжалари, билагида осилиб қолган эт билан териси. Ўқловдек-ўқловдек бўртиб турган кафтидаги томирлари. Онам оҳиста эгилаётгандек, оловли лаблари пешонамга теккандек бўлди. Мана онамнинг таниш чеҳраси. Салгина юрса ҳансираб, ўпкаси оғзига тиқилиб қолаётгандек энтикиб-энтикиб нафас олиши. Унинг юрак уришларини, нафасидаги тафтни сезгандек бўламан, гўё. Кўзларимни янада маҳкамроқ юмаман. Хонада шунчалик сукунат, жимлик ҳукмронки, юрагимнинг уриши темирчининг босқонидек гуппиллаб эшитилиб туради. Ўзимни онамнинг бағрида ҳис этганим сари хаёлим узоқ-узоқларга, болалигимга етаклаб кетади.
…Ана, ёмғирда шалаббо бўлиб, уст-бошим лойга беланиб ҳовлига қўрқа-писа кириб келаяпман. Эски ҳовлимизда ўртада ошхонаси бор уч хонали уйимиз бор эди. Ўчоқ ана шу ошхонада бўлар эди. Қиш кунлари ташқаридаги тандир ва ўқчоқларни қор босиб қоларди. Ана шунда ошхонамиз асқотарди. Унинг эшигини очиб, ичкарига мўралаганимда онам ҳар галгидек ўчоққа олов ёқаётган бўлади. Менга кўзи тушиши билан қўлидаги косовни ташлаб, мени дарҳол бағрига босади. Онамнинг бирор марта ранжиб, мени уришганини эслай олмайман. Уст-бошимни ечиб, ўчоқда ловуллаб ёнаётган оловга қурита бошлади. Ўзимни уйга олиб кириб кўрпага ўраб ташлади. Қалин кўрпа орасида баданимга иссиқ югуриб, ухлаб қолдим…
Қишлоғимиз темирйўл чеккасида жойлашганини айтган эдим, ариқдан сув келмасди. Цемент ҳовузга вагонда сув олиб келиб, қуйиб кетишарди. У ҳам бир-икки кунга етмай тугаб қоларди. Шунда ҳамма қишлоғимиз ўртасидаги қудуқдан сув ташишарди. Қудуқ атрофида ҳар гал хотин-қизлар гавжум бўларди. Онам эрта саҳардан иккита челак кўтариб сувга кетарди. Онамнинг гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга қийшайиб сув олиб келаётган ҳолати ҳамон кўз ўнгимдан кетмайди.
У кишининг тўнғич фарзандлари турмаган – чақалоқлигида ерга берган. Биз эса ёш бола эдик. Отам ишга кетганда рўзғорнинг барча юмушлари онамнинг елкасида бўларди. Ёз бўйи онам даладан шох-шабба, оққурай, тезак териб қишга ўтин ҳозирларди. Молларга хашак, сомон ташиш, янтоқ чопиш унинг гарданида. Кузда томсувоқ қилардик. Онам енгларини шимариб, отам билан ёнма-ён лой кечарди. Дунё ташвишларидан бехабар биз болалар эса лойдан “ҳаммомпиш” ўйнардик. Отам билан онам чанқаганда уларга ичиш учун сув ташиб турардик ва бу билан катта иш қилгандек бир-биримизга мақтаниб ҳам қўярдик. Шундай бўлса-да, меҳнатдан онамнинг қадди букилган эмас. Ҳаётининг сўнгги кунларигача ҳасса таянмади.
Кейинги пайтда онам билан суратга тушмоқчи эдик. “Эна, сизни ўртага олиб набираларингиз билан рангли суратга тушамиз”, дердим онамга. Онам “хўп бўлади”, дегандек бош ирғаб кулиб қўярди. Биз тирикларнинг ташвишимиз ҳеч қачон тугамайди ва эҳтимол тугамас ҳам. Тонг отиши билан хизматга ёки шахсий ишлар билан “чопа-чоп” бўлиб онамга берган ваъдам хаёлимдан кўтарилиб кетарди. Ишдан кечқурун ҳориб-толиб қайтгач, онамнинг пинжига кириб бироз тин олгач, “эртага албатта суратга тушамиз”, дердим, пинак аралаш. Тонг отиши билан эса яна югур-югур…
Рўзғор деганининг кам-кўсти ҳеч битармикан? Гўё бу дунё тириклар ихтиёрида-ю, ҳар лаҳзанинг ҳисоб-китоби унинг қўлида деб биламиз. Ва шундай ўй-хаёл билан вақт деб аталмиш фурсатнинг, имкониятнинг ўтиб бораётганлигини англамай қоламиз. Ўлим деб аталмиш қудратли бир хилқат, ҳақиқат жондек азиз онамни бағримдан қил суғургандек юлиб олгач, кўзим очилди. Ва энди кеч бўлди. Шу тариқа амалга ошмай қолган ўй-хаёллар, ваъдалар армонга айланди. Армон – ортга қайтмас фурсат, аччиқ ҳақиқат эканлигини кеч англадим…
Сурат – ҳар кимнинг тилсиз ва ҳиссиз нусхаси. У ўзидан ортда қолаётганлар учун ёдгорлик деб биламиз. Аслида-чи? Инсон учун энг азиз ёдгорлик – бу хотирот эмасми? Хотиротда ўтмиш, бутун бир жонли ҳаёт қайта тикланиши, акс этиши мумкинку! Шу боис менга онамнинг сувратидан сийрати азизроқ. У кишининг сийратигина шунчалар ўйлашга имкон яратди-ку!..
Онам ўзининг титроқ панжалари билан бошимни силаётгандек. Мен энди онаси бағрида кўкрак эмиб, тамшаниб, мириқиб ухлаётган чақалоқдек ҳис этаяпман, ўзимни. Она учун фарзанд ҳамиша бола бўлиб қолади, дейишгани шу бўлса не ажаб?
Бутун борлиғим, вужудим ёқимли бир энтикишдан селдек эриб борарди. Энди онамнинг сийрати кўз қорачиқларимга сиғмай қолди. Унинг нурли сиймоси бутун хонамни эгаллади. Йўқ, унинг сийратига хона ҳам торлик қилаяпти. У аста-секин бутун борлиқни, ер-осмонни эгаллаб олди. Онамнинг нафаси юзимга, кўзларимга беозоргина урилар, вужудимга жон бахш этаётгандек бўлаверарди…

ОЛМА ГУЛЛИ ЧОЙНАК

Ҳисобот чўзилиб кетди. Барча бўлимлардаги кўрсаткичларни таққослаб, жамлагунча вақт алламаҳал бўлди. Уйга келсам дарвоза қулф. Қанча тақиллатмай, ичкаридан садо чиқмади. Онамнинг вафотидан кейин биринчи марта кеч қайтишим. Яхшиям ёнимда калит бор экан, йўқса ташқарида қолиб кетармидим.
Дарвозани очиб, ичкарига қадам ташладим. Ҳовли зим-зиё, ҳамма ёқ жимжитлик. Онам ҳужрасининг эшиги тепасида хира ёниб турувчи фонус ҳам ўчиқ. Оҳиста уйга бош суқдим. Бир-бирининг пинжига суқилган болалар ширин уйқуда. Хонтахта ёнидаги ёстиққа омонат бош қўйган болаларнинг онаси ҳам пинакка кетган.
Шу топда чанқоғим тутди. Хонтахтадаги чойнакка қўл узатдим: бўм-бўш. Пиёланинг шақир-шуқуридан онаси эринибгина кўзини очди. Ёстиқдан бошини кўтаргиси келмай минғирлади:
– Газхонада совуқ чой бор, ичиб келақолинг.
“Газхона” аталмиш ошхонага киришим билан кўнглим алланечук бўлиб кетди. Онамнинг ҳужрасига шу хона орқали ўтилар эди. Оёқларим беихтиёр мени ҳужрага етаклади. Қоронғи хона сукунат қўйнида. Дераза токчасидаги фонус ҳам ўчиқ. Онам борлигида бу фонус ҳовлига шуъла сочиб турарди. Кечалари ишдан қай маҳал қайтсам ҳам онам уйғоқ ўтирган бўларди. Гоҳида ўзимча сездирмай оёқ учида ҳужрамга кириб кетардим. Онам даҳлиздаги оёқ кийимларимни кўриб, келганимга ишонч ҳосил қилмагунча уйқулари келмасди. Ҳужрага кириб чироқни ёқдим. Кўпдан бери одам ўтирмаганидан зах ҳиди анқийди. Хонтахта ёнида нон увоғини қитир-қитир кемираётган сичқон жон талвасасида ўзини сандиқ тагига урди.
Хонтахта атрофига кўрпачалар ташлаб қўйилган. Тахмондаги кўрпа-ёстиқ, рўзғор анжомлари онам тириклигида қандай тахланган бўлса, шундай турибди. Улар орасида менга таниш бўлган олма гулли чойнак кўринмасди. Ишдан қачон қайтмайин, устига сочиқ ташланган олма гулли чойнагини кафтлари орасига олганича. Чойнак қопқоғига иягини тираган онам хаёл суриб ўтирарди. Шарпамни сезиши билан сергакланиб, ёнидан жой ҳозирларди. Чанқоқни босиш учун совуқ сув симирганимда, онам бошини чайқаб пичирларди:
– Қизиб келганда совуқ сув томоқни олади. Мана, илимилиқ чой бор, – пиёлада чой узатарди. Шу топда ўша чойнакда чой ичгим келди.
Тахмоннинг пардасини кўтариб, чойнакни топдим. Уни олаётганимда жўмраги “шилқ” этиб узилиб тушди. Кимдир унинг жўмрагини синдириб қўйгану, ҳеч ким сезмасин, деб омонатгина жойига ўрнатиб қўйган шекилли.
Эртаси куни чойнакни устага чегалатишга олиб бордим.
– Ўх-хў, бу мендан ҳам қари-ку, – фиғони кўкка чиқди устанинг. – Буни чегалагунча баҳридан кечган маъқулов, иним?
– Онамдан қолган ёдгорлик, – дедим ўпкам тўлиб. – Уни қўлга олсам онамни кўргандек бўламан.
– Ундоқ бўлса икки кундан кейин келасиз, – ҳолатимни тушунди шекилли, уста бироз бўшашди. – Кўзим яхши ўтмайди. Қуёшнинг ёруғида секи-и-и-ин ишлайман…
Ҳар куни кечки пайт дастурхон атрофида жамулжам бўламиз. Овқатланиб бўлгач, ҳар ким ўз иши билан машғул бўлади. Болалардан бири дарс тайёрлашга ўтирса, бошқалари телевизордан кўз узишмайди. Секин ташқарига чиқиб, оёқларим чигалини ёзаману, онамнинг ҳужрасига кираман. Олма гулли чойнакка чой дамлайман. Сочиқ ташланган чойнакни кафтларим орасига олганча хаёл сураман. Эшикка кўз тикиб, кимнидир қидираман. Худди онам менинг йўлимга кўз тиккандек…

“Шарқ юлдузи”, 2017 йил, 10-сон