Шу ҳақда ўйладиму шохлари айқаш-уйқаш ёввойи олма, бандлари сертикан, қип-қизил наъматак, эгри-бугри толу гўштидан кўра данаги катта ўриккача кўзимга кўриниб кетди. Тавба, ҳатто сим-сим ёғаётган ёмғирнинг ҳам бошқача — чучмал сувини туйгандек бўлдим. Ажабки, қаҳрамоним ҳам шу боғга мос, яъни хулқ-атворию ўзини тутиши одатдаги одамлардан бўлакчадек туюларди. Хулласки, мен виқорли, бағрикенг ва покиза ёввойи боғни ҳам, қаҳрамонимни ҳам шундоққина кўриб турардим.
Қаҳратон қишда латта қўлқопу пахталик нимча кийволиб, тош-метин музлаб ётган ерни нақ бўйи баравар зил-замбил лўм билан тешиб, дарахт эккан одамни кўрганмисиз? Ёки ҳали муз тугамасидан эрта баҳор ташвишида қадди дол бўлиб қоп-қоп мевали дарахт данакларини орқалаб, қайсидир ҳувиллаб ётган тепаликларга ариқ олиб, садафдек қадаб чиққан кимсани-чи? Кўчатларни экиб, кўкартириб қўйганидан кейин кимдир унга «Ҳой, боғбон амаки, бу теракларни қанча йилдан кейин кесиб пуллайсиз?» деса у ажабланиб: «Бу нима деганинг, биродар? Менинг вазифам кесиш эмас, экиш. Пул қилганга Худо инсоф берсин. Яна шунақа дарахт эксин», дейди астойдил жаҳли чиқиб.
Гоҳо бундай одамлар «осмондан тушган эмасмикан», деб ўйлаб қоламан. Аслида эса улар биримизнинг отамиз ёки ака-укамиз. Ҳа, улар ҳам одам наслидан туғилганлар.
Бу гапларни айтаётганлигим сабаби шуки, барчамиз ҳам, жумладан, биз самовийлар деб ўйлайдиган инсонлар ҳам аслида Яратганнинг бандаларидир. Кимнинг насли эканлигимизни унутмасак бас.
Энди қаҳрамонимнинг хулқ-атворига қайтайлик. Бир куни комхўз мудири шаҳарлик ҳунармандларнинг қутқусига учдими ёки ёмон кўриндими, ёз бўйи нақ ўнта дарахтнинг соясини берадиган азим чинорни кесдириб қўйди. Бизнинг қаҳрамон эртасигаёқ мудирга рўпара келди. Дедики, ким сизга бундай ҳуқуқ берди, рухсатномангиз борми?
Мудир на кулишни, на куйишни билади. Керза этик кийволиб, алмойи-алжойи гапларни айтиб юрадиган аллақандай одам унга ақл ўргатмоқчи, бунинг устига кимсан комхўз мудирига. Хоҳласа экади, хоҳласа кесади, бу унинг иши. Тўғрироғи, унга буюрилган иш. Ким ҳақ, ким ноҳақлиги тўғрисида боғбонимиз кўпам тортишмади, бунинг сабаби кейин маълум бўлди. Қишлоқда боғбон мудирни судга берганмиш, деган миш-миш тарқалди.
Бир куни, қайси хусусиятини ёзсам экан, деб уни гапга солмоқчи бўлиб ахтардим. У эса қаерда денг — икки томонидан кунига минглаб машиналар ғиз-ғиз ўтадиган марказий кўча четида йиғма дала-боғ стулида оёқларини чалиштирганча термосдан пиёлага чой қуйиб, хўплаб ўтирарди. Савлатли машиналарда ўтаётган туманнинг катталаригаям, кичикларигаям, ҳатто ажабланиб қараётган нотанишларгаям беписанд. Бундай бепарволик ўзига ҳам ёқади шекилли, бошини баланд кўтариб, атрофга мағрур назар ташлаб қўяди. Ахир у мағрурланса арзийди-да. Бугун ҳам анча иш қилиб қўйди: баҳорда эккан дарахтларининг тагини юмшатди, суғорди, наъматакка уланган атиргулларнинг ёввойи шохчаларини қирқди. Шундай бўлгач, кўчма чойхонасида у ҳузурланмай, ким ҳузурлансин!
Буни қарангки, унча-мунча одам дарахт кўкартиролмаган тошлоқ ерларда унинг ниҳоллари яшнар, кўкка бўй чўзар, ҳосил берарди. «Оҳ-оҳ, — дейди у ўтган-кетганларга. — Бу юртнинг тупроғи олтин. Тошда ҳам ғунча гул очади. Кўчат экиш — роҳат».
Гоҳида боғ стулию, термоси, иш қуроллари кунлаб кўчада қолиб кетади. Уни билганлар ҳа, боғбон амаки шу ерда ишлаётган экан-да, деб қўяди. На бирон муттаҳам ўғирлашга ва на бирон ҳазилкаш беркитиб қўйишга жазм этолади.
Хуллас, у ҳақдаги антиқа гаплардан баттар ажабланардим.
Эмишки, бир куни қулупнайчи деҳқонлар билан баҳслашиб қолибди. Баҳснинг шарти шу бўлиптики, қаҳрамонимиз поездни қулупнайзор ёнида тўхтатиб, ҳосилни унга юклаб кетармиш. Тўғри, худди шу ердан шаҳар чеккасига қатнайдиган поезд ўтарди. Ҳа, ўтарди, лекин бекат йўқ эди. Ҳамма гап шунда-да! У поезд машинистини қандай кўндирган ёки сеҳрлаган — ҳар ҳолда одамларни ҳайратда қолдириб, сўзининг устидан чиқибди.
Бунисиям майли. Яна бир баҳслашганида вертолётни қулупнайзорга қўндиргани ҳақидаги гаплар ҳаммани ҳайратга соларди.
Шундай қилиб, у менга бу гапларни жиддий ва ҳеч бир эҳтиросга берилмай сўзлаб берди ва мен эса бу ҳангомаларни бошқалардан эшитганим учун ростдан ҳам шундай бўлса керак-да деб, ишониб борардим.
Ўзининг ажабтовур табиати одамларнинг эътиборини тортаётганини у сира билмасди. Ёки билса ҳам парво қилмасди. Қолаверса, биз учун ғалати туюлган эгасиз ерларга беминнат, текин, ёйинки, ҳисобчилар айтмоқчи «ўз ҳисобидан» боғ-роғлар қилиш ва улардан заррача манфаат кўришга интилмаслик, нафақат интилмаслик, ҳатто ўйламаслик ҳам одамларнинг унга нисбатан айрича қарашларига сабаб бўларди. Ҳа, ношукур бандалар-а! Эмиш-ки, у киши ҳақида қанча кўп ғалати гапларни айтишса, шунча кўп гуноҳи тўкилиши учун ҳам шундай ишлар қилиб юрармиш.
Кези келганда битилажак асаримга яна бир персонажни киритгим келиб қолди. Бошида қаламга олган комхўзнинг қоровул йигити бор эди. Вазифаси алмисоқдан қолган, эшигию деразасига қачон қайси рангли бўёқ текканини билиб бўлмайдиган, жазирамада ҳовури чиқиб ётадиган пастқамгина бетон бинони қўриқлаш. Бизнинг идорамиз ҳам худди шу бино ёнгинасида бўлгани учун бир куни ҳашарлашиб атрофига 10-15 туп терак кўчатларини экдик. 3-4 кун ўтгач, бундоқ қарасак кўчатлардан ном-нишон йўқ! Кимга арзимизни айтамиз, албатта қоровулга-да.
У эса қотиб-қотиб кулади: «Ҳой инсонлар, ишни кўпайтириб нима қиласизлар, ахир эртага тераклар бўй чўзса, бизнинг ҳам ишимиз кўпаяди. Тўкилган баргларини супуришимиз керак». Бу гаплардан кейин ким осмондан тушгану кимнинг оёғи ердан узилган ажратинг-чи?!
Хаёлимга негадир бот-бот ёввойи боғ манзараси келаверади. Айтгандай, бу боғни қаерда кўрган эдим? Ҳа, ёдимга тушди, тоғда!
Ёзнинг қайноқ кунларидан бирида ўт-ўланлар чирмашиб ётган сўқмоқлардан кўтарилиб борардик. Қанчалик юқорилаганимиз сайин шунчалик ҳайратимиз ошарди. Атроф гўзал ва пурвиқор эди. Бундай манзараларни кўп кўрганман: тоғнинг яланглигига чиқсангиз рўпарангизда мана-мен деб мағрур яна бир ўркач туради. Одам табиати шунақа, яна юксакликни қўмсайди. Бизда ҳам шундай бўлди. Кел, шунисигаям чиқа қолайлик дедик ва йўл-йўлакай елим халталаримизга исириқ, дўлана, наъматак кабиларни териб олдик. Ёз бўйи шу ерда хордиқ чиқараётган дўхтир ҳамроҳимиз эса аллақандай ўт-ўланларни юлиб олар, биз эшитган-эшитмаган номларни айтар ва муҳими, бу гиёҳлар қайси хасталикка даво-ю қандай ишлатишни майдалаб тушунтириб борарди.
Дафъатан ялангликда бодомзорга дуч келиб қолдик. Тўғрироғи, бодомзору мен ҳозиргача кўрмаган бутазор, сал нарида олмазор, аллақандай дарахтларга чирмашиб ётган печаксимон ўсимликлар, одамни сархуш қилувчи ҳид қаердандир, эҳтимол, бундан ҳам юқоридан, тоғли чўққидан оқиб келаётган жилға ҳаммамизни сеҳрлади қўйди. Ажаб, бундай ёввойи боғ қандай пайдо бўлди экан? Шунчалик баландда, тоғу тошлар орасида?! Ўз саволимга ўзим жавоб топгандайман: табиатга тасанно! Биз ҳам унинг бир бўлаги. Юксаклик, беғуборлик, бағрикенгликни йўқотмай яшамоқ керак.
Бесабр болалардек бодом дарахтларига тирмашдик. Қайси биримизнингдир бўйимиз етиб, ҳосилни териб, чўнтакка урдик. Бошқамиз пастдан туриб тошми, аллақаердан топиб келган калтак биланми мевасини уриб туширдик. Яна бошқамиз шохларини бехосдан синдириб олдик. «Намунча аччиқ, — дедик биримиз афтимизни бужмайтириб, — шунга овора бўлиб юрибмиз». Дўхтиримиз ақл ўргатади: «Шу аччиғи даво-да, аслида кўп дорилар тоғ ўт-ўланларидан тайёрланади. Шифобахш ўсимликларни табиатнинг ўзи яратиб қўйибди».
Майда-майда кўримсиз, лекин сал қизарган тоғ олмасидан татидик. Анчадан бери биз туймаган аллақандай ширин маза берарди у. Дўхтиримиз яна гапиради: «Экологик тоза, ниҳоятда шифобахш».
Мен эса бу ўт-ўланлар табиат ҳосиласи бўлса, шунча баландликка бодомларни ким эккан, деб ўйлайман. Бунинг устига пишиб етилган ширин мевасига ҳеч ким тегмаган. Юрагим туб-тубидан жавоб келади: э, хаёлпараст, уни табиатнинг бир бўлаги бўлган сен каби инсон эккан, меваси бир ўзи учун эмас, йўловчилар, ҳамма учун. Шундай юрт билан, шундай одамлар билан фахрлан!
Тўсатдан момоқалдироқ гумбурлади. Тоғлар қўрқинчли акс-садо берди. Бу овоз кучидан аллақаердадир ҳарсанг тошлар думалаб кетди шекилли, бўғиқ ҳайқириқ анчагача элас-элас қулоққа чалиниб турди.
Шаррос ёмғир қуйди. Ўзимизни буталар орасига олдик, лекин барибир шалаббо бўлдик. Кейин бирпасда қўл узатса етгудек, қора булутлар қаёққадир ғойиб бўлди. Атроф ёришиб, бахмалдек товланди. Кўйлакларимизни ечиб қарадик, заррача ғубор йўқ. Демак, бутазорлар ҳам чиннидек, тоза, покиза.
Эҳ, бу юксаклик, мусаффолик!
Шамоллаб қолсак керак деб ўйлагандик. Қаёқда! Она сутига тўйган чақалоқдек бардам ва тетик эдик.
Ўйларимни ёзаётиб, шу ерга келганда илкис деразам ортидан «чиқ-чиқ» этган овозни эшитдим. Хаёлим бўлиниб, эринганча ўгирилдим. Ё тавба, тушимми, ўнгимми? Қаҳрамоним — аллақачон қуёшда қорайиб улгурган ўша киши ток қайчи билан ўтган кузда эккан анор кўчатларига шакл берарди.
Аллақандай куч мени ташқарига ундади: эшигинг тагида бегона ишласа-ю, сен мук тушиб ўтирасанми. Тур, унга ёрдам бер.
Белим қақшаб, ўрнимдан қўзғалдим. Кўчага чиқдим. Сезмабман. Анҳорга бўтана сув келибди. Ҳаво ёқимли, ўригу бодомларнинг гули аралаш муаттар ис, гўё жаннат иси келарди.
Боғбон ёнига бордим. Ток қайчини қўлидан олиб қарашмоққа чоғландим. Қизиқ, у ниятимни қаердан билди, ишидан кўз узмай гап бошлаб қолди: «Балли, болам! Ният қилганингни ўзи катта гап. Ростдан ҳам яхшилар кўп. Худо хоҳласа, ҳадемай ҳаммаёқ анорзор бўлади. Бола-бақра ейди. Одамдан шу қолади-да».
Кўзимга кеч кузда қуёш нурида шуълаланиб оқаётган анҳордаги катта-катта қизғиш анорлар кўринди ва ўйладим: табиийликда юксаклик, эзгулик бор экан. Бундай боғлар ҳам кўпаяверади.
Энди чизгиларимни мухтасар қилсам бўлар. Уни ким қандай тушунди, ўзига ҳавола. Мен эса шундай гапни айтмоқчийдим: бу ғанимат дунёда аслимизни унутмай мағрур ва покиза, эзгуликка йўғрилиб яшамоқ керак.
Буни қандай ифодаламоқчи эканлигимни сиз билан фикрлашдим, холос. Асарни эса насиб этса ёзарман.