Абдусаттор Ҳотамов. Танҳолик (ҳикоя)

Булар қояларми? Ҳа, шундай! Бағрида лахта-лахта қорлар ялтираб ётибди. Устида қўнғир булутлар ўрлаяпти. Тош уйча пастроқда, ўтлоқми ё яйлов – ўша жойда. Теграсида арчазор кўзга ташланади. Юсуф етиб келдим деганди. Э, хом хаёл экан! Юқорига инқиллаб юргани сайин ўркач-ўркач тоғлар ўчакишаётгандек ортига тисланар ва тобора қуюқлашаётган булутлар унинг устига бало-қазодай ёпирилиб келарди. Чарчаб, халлослади. Қўлларини тиззаларига тираганича букчайиб туриб қолди. Ер сузиб атрофга қаради. Сал нарида атрофини аллақандай узун-калта ўт-ўланлар қоплаган ҳарсанг ялтираб кўринди. Қаддини тиклаб, ўша томон судралди.
Бориб чўкди. Димоғида янги асалними, гунафшаними, хуллас, тоғ гиёҳларининг ёқимли ҳидини туйди. Тош намхуш ва илиқ эди. Танига қувват, ҳузур бағишлади.Симиллаб оғриётган оёқларини узатиб, ҳорғин нафас олди. Пастга, энди қуюқ қайрағочу терак­лар орасида қолган қишлоққа разм солди.
Сиҳатгоҳ дарахтлар панасида йўқолган, фақат қизил шиферли томлари қизғалдоқзор мисол элас-элас кўринарди. Ҳа, айтгандай, унинг ёнида илгари дам олгани келиб, кўп-кўп вақтларини китобга мук тушиб ўтказган пастқамгина уй.
Дарё бўйидаги бу хонадон, айниқса, ёз бўйи уч-тўрт кунга шаҳардан ҳордиққа чиқадиганлар учун қулай гўша, атрофи қуриган шох-шаббалар билан ўралган ҳовлида турфа гуллар ифор таратарди.
…Юсуф зўраки йўтал овозидан чўчиб, сергакланди. Ажаб, кимсасиз жойда овоз қаердан келаяпти, шундай ёнгинасиданми?
У ўтирганича ортига ярим ўгирилди. Кейин қотди-қолди. Гўё боши ўрнига қайтмаётгандек. Беш-олти метр нарида йигитлардек хипча, оппоқ калта соқоли ўзига ярашган чол тарғил от қайишини тутганича унга қараб турарди.
Юсуфнинг ичида бир нарса узилгандек бўлди: Балки бу… Хизр бобо! Болалигида бувисидан эшитгандики, кимнингдир иши юришмаса ёки қийин аҳволга тушиб қолса рўпарасида пайдо бўлади.
– Ассалому алайкум, – деди чол қаддини адл тутганича. Кейин саломига аликни кутмаёқ сўради: – Биз томонларда нима қилиб юрибсиз, тақсир?
Ажаб, унинг овози ҳам ёшлардек кўринган гавдасига мос бўлиб, шошқалоқ ва ўктам эди.
Йигит ўрнидан туриб, чол томон чўлоқланди. Юраги гупиллаб ураркан, бу не синоатки, йўқ жойдан от­лиқ чол пайдо бўлса, деган ўйдан безовталанарди. Осмондан тушдими ёки ер қаъридан чиқдими? Шу топда вужудини жумбоқли саволлар қамраб олган эса-да, қандай қилиб чолга қўл узатганини билмай қолди.
Қариянинг кафти иссиқ ва қаттиқ эди. У йигитнинг қўлини қўйвормай кўзига тикилди:
– Мабодо табибга келмаяпсизми? – Унинг овозида одамни ўзига тортувчи меҳр ва илиқлик товланарди.
– Ҳа, шундай, шундай! – Юсуф хурсандлашди.
– Унда мен билан юринг,– чол йигитнинг қўлини қўйиб, отни етаклади. Юсуф шунда билдики, қария тоғ ёнбағридан ўтган илонизи йўлдан чиқиб келган ва юқоридаги ўша – тош уйга бошлаб борарди.
Бироз юришгач, чол ортига ўгирилди. От ёнига келиб, икки кафтини бирлаштирди ва “тугун” ҳосил қилди.
– Қани, меҳмон, бунга тиззангизни қўйинг-чи.
Юсуф тушунолмай турганди, овозини баландлатди:
– Қани, бўлинг, ҳозир ҳаво ташлаб юборади. Тез­­роқ етиб олайлик. – Унинг аллақачон оқарган қуюқ қа­лин қошлари остидаги қийиқ кўзлари жиддий боқиб турарди.Йигит беихтиёр ясама тугунга тизза босди. Чол “хўп-па!” деди-да, уни от устига итқитиб юборди. Кейин жиловни тутганича яна олдинга тушди. Тарғил эса устидаги юкка парво қилмай енгилгина йўрғалаб борар, чолнинг қадамида чарчоқ, ҳорғинлик сезилмасди.
Атроф сокин, фақат от туёқларининг сўқмоқ тошларига тақиллаб урилиши эшитилар, гоҳида какликми ёки бошқа қушнинг ёқимли сайраши жимжитликни бузиб турарди.
Ярим соатга етмай сайхонликка чиқишди. Рў­парада ўша тош уй пайдо бўлди. Юсуф қийшайиб, чап оёғини ўнг томон олганди, от тепасидан сирғалиб пастга тушди. Болдирлари зириллаб оғриб, туриб қолди.
Чол отни етаклаб, уй ёнига ўтди ва уни тош-қумлари қирқиб олиниб, баҳайбат девор ҳосил қи­линган майдончадаги бостирма томон олиб борди. Боғлоқ арслондек кўппак ит бегона исини туйди шекилли, қаттиқ ҳуриди. Чол этиклари билан ер тепинди: “Бўлди, ўзимизнинг одам!” Қайтиб келганида Юсуф эгнидаги кийим-бошини кафтлари билан қаттиқ-қаттиқ қоқарди.
– Бекор қилаяпсиз, – деди мўйсафид унга тик бо­қиб. – Тоғу тошларда чанг йўқ, ғубор йўқ.
Юсуф зўраки илжайди:
– Ҳа-а-а… Билмапман.
Чол юринг, деди-да олдинга бошлади. Майда тошлардан ясалган зиналарни босиб уй ичига киришди. Рўпарада темир каравот, китоб жавони, токчаларда идиш-товоқлар.
– Қани, марҳамат, – деди чол ортидан келган Юсуфга каравот тўридан жой кўрсатиб. Кейин этиклари товонини бир-бирига ниқтаб ечиб, ўзи пастроққа чўкди. Фотиҳа ўқигач:
– Ана энди гаплашамиз. Оёғингиз қачондан бери оғрийди? – деб сўради дафъатан.
Юсуфга жон кирди: “Бекорга табиб эмас экан. Касалимни сўрамаёқ топдию қўйди”.
– Ўн йилдан ошди, – деди хомуш тортиб. – Совуққа олдирганман, сувда. Кўп дўхтирларга кўрсатдим, бўл­мади. Ўзи бу тузалмайдиган дардми, билмадим. Э, аслида дўхтирларда айб йўқ. Муолажаларни охиригача олмадим. Мухбирман-да, бизни оёғимиз боқади. Сизни айтишди, дўхтир-табиб экансиз. Шунга…
Чол чопонини ечиб, ёнидаги кўрпача устига ташлади. Рўпарасидаги китоблар бетартиб қўйилган шкафга тикилганча қолди. “Тузалмайдиган дард…”, де­ди секин. Ажаб, шу тобда кўзидаги тийракликни гўё қаёққадир суриб ташладию хомушлик гирдобига ғарқ бўлди-қолди. Юсуф унинг йигитларникидек бояги чақноқ ва ўткир кўзларида энди мунгликни пайқади. Гавдаси ҳам букчайиб қолгандек эди.
– Узр, отахон, – йигит дардман оёқлари­ни тагига босиш учун чордона қуриб олди. – Агар бирор нобоп гап айтган бўлсам кечиринг.
Чол сергакланди:
– Йўқ, унақа деманг. Қаригандан кейин хаёл бебош бўлиб қоларкан.
Ола-чалпоқ булутлар орасида кўриниб-кўрин­маётган қуёш тоғ ёнбошига ўтди, шекилли, хона қо­ронғилаша бошлади. Чол “Ё, пирим!” деб ўрнидан туриб, ҳовли томон йўналди.
Бирпасдан кейин ташқарида “пат-пат” моторнинг овози эшитилди. Табиб қайтиб кириб, девордаги ёқ­гични босганди, хона ёришди.
– Ўғиллар барака топишсин, – деди у жойига келиб ўтираркан. – Тош ва семондан шу уйни қуриб беришди. Тоғдан сув қувури тортишди. – У жилмайди. – Кўчма электр станцияси ҳам бор. Мана, туппа-тузук яшаб юрипман.
– Бир ўзингиз, ёлғиз… – Юсуф ўзининг бу гапидан хавотирга тушди. Чол нима ишингиз бор, деса қандай одам бўлади.
– Бе-е, – деди қария бошини сарак-сарак қилиб. – Шу яхши-да. Ана бир китобда ёзиб қўйипти. – У боши билан жавонга имлади. Пайтида ёлғизлик ҳам яхши.
Юсуф боя бу қария отга миндириб олганда, ҳа, энди вақтим тежалади, дорини оламану ортимга қайтаман, деб ўйлаганди. Ҳозир эса чолнинг ичида қандайдир дард борлигини сезиб, унда мухбирларга хос қизиқиш уйғонди.
– Қани, оёқларингизни кўрсатинг, – қария Юсуфга яқин сурилди. Кўриб, болдирларини бир-бир эзди. – “Оғрияпти, лекин қаттиқ эмас”, деди ўзига-ўзи гапираётгандек. – Дори тайёрлаб бераман. Дўхтирларга бошқа рўпара бўлмайсиз. – Кейин қўшиб қўйди. – Менга ҳам келишингиз керак бўлмайди.
Чол жойига бориб ўтирди ва илкис сўради:
– Меҳмон, мабодо сиз билан илгари учрашмаганмизми, жуда таниш кўринасиз?
– Эслолмайман, отахон. Одам одамга ўхшайди-да.
Чол ўйчан:
– Ҳа, тўғри айтасиз, – деди.
Юсуф жойидан қимирлаб олди:
– Дорини берсангиз, қоронғи тушмасдан санаторияга етиб олай.
– Хўп, – деди чол ўрнидан туриб. – Мен нариги хонадан тайёрлаб чиқаман. Унгача зерикиб қолмай набирамнинг чизган расмларини кўриб туринг. Ўзи ҳамшира, санаторияда. Рассомликка ҳам қизиқади. Шу уйга келволиб, хаёлидаги одамларними, қишлоқ манзаралариними чизгани-чизган. Шаҳарликка ўхшайсиз, кейин баҳо берарсиз.
Чол каравот оёғига етганида кўрпачага қайта чўкди. Уф тортди. Кейин:
– Тақдир экан, ўттизга чиқаяпти. Узатолмаяпмиз. Куёв бўламан деганлар кўп. Ҳаммасига йўқ дейди. Умри ўтиб кетаяпти-да, – деди бош чайқаб.
Қария боя бирданига хомуш тортганига сабаб шу набираси эканлигига Юсуф гумон қилиб турар, лекин эшитганидек, унинг нега шаҳарда оиласи бўлатуриб кексайган чоғида бу ерларда тентираб юрганига ҳай­ронлиги бу тахминини йўққа чиқарарди.
– Ҳа, майли, – деди чол қўл силтаб. – Ўзи бир ўлимдан қолганига ҳам минг қайта шукр. Меҳмон, шо­шаяпсиз-а, ҳозир гапимни тугатаман. Ўшанда набирам ўн олти ёшда эди чамамда. Баҳор серёғин келганди. Шу пастдаги дарё бор-ку, бўтана сувлари тўлиб оқарди. Бир кун қаттиқ сел қуйди.Умримда бундай офатни кўрмагандим. Тоғдаги тошлар пастга учиб туша бошлади. Бу энди кўчки эди-да! Ваҳимали. Набирам тепа яйловдан сигир-бузоқ ҳайдаб келаётган экан. Бу ишни шу қизалоққа ишонган ота-онаси ҳам аҳмоқ! Қиз бечора бало-қазодан тезроқ қочиб улгурай деб дарёдан сузиб ўтай депти. Ўзи балиқдек сузонғич эди-да. Бир пайт дарё оқизиб кетибди…
Ташқарида от узоқ кишнади, ит қисқа-қисқа ҳуриб қўйди. Юсуф пардаси икки тарафга сурилган қўшқават деразадан ҳовлига қаради. Шитирлаб ёмғир ёға бошлаган, хонага тоғ гиёҳларининг ифори тараларди.
– Ана, – деди чол ўрнидан туриб тефалда чой қўйишга тутинаркан. – Бугун кетолмайсиз. Тағин селда қолиб бир кори-ҳол юз бермасин.
Юсуф ўйлади: “Қария эзмалик қилмай дорини бериб қўяқолганда-ку, хонамга етиб олардим”. Кейин: “Ичида дарди кўпга ўхшайди. Бечора, эзилиб гапираяпти-да”, деган ўй ўтди кўнглидан.
Чол қўшни хонага кириб кетди. Юсуф мой бўёқда ишланиб, ёғоч рамкага солинган расмларни бир-бир кўра бошлади. Мана, қишлоқнинг баҳордаги манзараси. Ўриклар оппоқ гуллаган, илонизи ариқ бўйларида ялпизлар, ҳали сўлиб улгурмаган гунафшалар. Бу – оппоқ дока рўмолини елкаларига ташлаб олган, чеҳрасидан нур ёғилиб турган буви. Ҳовлидаги темир каравотда ўтирибди. Атрофида ироқи дўппи кийиб, сочларини қирқ кокил ўрган қизалоқлар. Оғизларини ярим очганча унга ҳайрон қарашаяпти. Эртак эшитишаяпти, шекилли… Бу… – Юсуфнинг қўллари титраб кетди. Бу-ўзи-ку! Қора, қалин сочлари ёнига таралган, юз суяклари хиёл бўртган, қалин қошлари остидаги катта-катта кўзлари жиддий боқиб турибди. Портрет! Бундан ўн, ўн беш йилча аввалги кўриниши. Юсуф расмга тикилиб қараётиб остидаги бир бурчакка билинар-билинмас майда харфлар билан битилган сўзларни кўриб қолди. Синчиклаб ўқиди: “Хаёлимдаги ёр…”
Анчадан кейин чол қўшни хонадан чиқиб келди. Елим идишдаги суюқликни каравот четига эҳтиётлаб қўйиб, чой дамлади.
– Энди шу ерда тунайсиз, меҳмон, – деди жойига хотиржам бориб ўтираркан. – Би-ир отамлашамиз-да. Сўнг бепарво сўради:
– Расмларни томоша қилдингизми?.
Юсуфнинг юзи ловуллаб кетди:
– Ҳа, яхши, – деди овози хиёл титраб. – Набирангиз зўр рассом экан-ку. – Исми нима?
– Турсуной. Кенжа ўғлимнинг қизи. Боя айтдим-ку, отаси ўрмон хўжалигида ишлайди, онаси санаторияда ошпаз. Ўн беш ёшидан унга қарашарди. Кейин ҳамшираликни битирди. Лекин китобга муккасидан кетган.Даволанувчиларнинг китобларини ҳам қўймайди.
Чол маъюсланиб қолди. Юсуф Турсунойнинг кимлигини ўйларди. Сўнг негадир бояги суҳбатни давом эттиргиси келди:
– Ҳа, гоҳо ёлғизлик одамни поклайди. Ҳаёти ҳа­қида ўйлашга мажбурлайди. Шунда гуноҳу савоблар кўз ўнгидан ўтади, – деди бироздан сўнг.
– Гуноҳ… Ў-ў, меҳмон, бундан азият чекканларга ҳеч бир дори-дармон малҳам бўлмас экан. Айниқса, ҳиёнат… Бу гуноҳи азим.
Чол яна маъюсланди. Хонада иштаҳани қўзғатувчи овқат ҳиди пайдо бўлди. Юсуф қорни очганлигини сезди ва шу заҳотиёқ бу истак қариянинг афтодаҳол ҳолати олдида ортига чекинди.
Чол ниҳоят жавондаги китобларга қараб дадилланди:
– Беадад шукрки, энди боболаримиз мероси ўзимизга қайтди. Қаранг, бизнинг қандай кўп маънавий бойликларимиз бор. Дорилардан тополмаган давони шулардан топамиз. Масалан, мана Аҳмад Яссавий нима дейди:
Дунё, мансаб дема, учма ишвага,
Дўстлардан ажраб ҳам ёв бошига ет.
Мухбир экансиз, ўқиган бўлсангиз керак, аллома шоир инсондаги энг даҳшатли ёвни нафс деб тушунади. Бу ёвнинг бошини янч, уни жонинг ичида ҳатто ғимирлашига ҳам йўл қўймай ўлдир, шунда пок ва ҳалол, мағрур яшайсан , демоқчи назаримда.
– Шундай. Бобомизга тасаннолар бўлсин. Инсон руҳиятини шунчалик чуқур англаб, тасвирлаб ўтган. Лекин қойил, сиз донишмандлар китобларининг ашаддий ишқибози экансиз.
Чолга мақтов ёқди шекилли, бош силкиб деди:
– Э, мен бу тоғу тошларда йигирма беш йилдан бери яшайман. Боя айтдим-ку, набирам Турсуной китоб жинниси деб, ўша олиб келиб беради. Ана, жавонда “Ўзбек халқ эртаклари”, “Калила ва Димна”, “Минг бир кеча”… Эртаклар одамни поклайди-да. Болалигимда ўқигандим, мана кексайган чоғимда… – у жилмайди, – маъносини тушунаяпман.
Чол ўрнидан қўзғалди:
– Электр қозонга шўрва солгандим. Хабар олай, пишиб қолгандир. Турсунойнинг укаси эрталаб овқат олиб келади. Янги соғилган сутдан тайёрланган ширгуруч, қаймоқ билан бирга нонушта қиламиз.
Юсуфни хаёл элитди: Эртаклар, “Калила ва Димна” … Турсуной… У бундан анча йиллар аввал дарё бўйидаги ўша анвойи гуллар чаман очилиб ётган ҳовлида дам олувчиларга саватда нон сотиб, челак­лардаги пўчоқларни йиғиштириб юрган қизалоқ эмасми? Оҳудек ҳуркак, мовий кўзлари доим ерга боқиб турадиган, юпқа юқори лаби устида билинар-билинмас қора туклар, қайсидир юзида кулгичи… Юсуф ўша йили уйланиш баҳонасида кўп қизларга разм солганди. Лекин бунақаси… фақат китобларда бўлса керак. Чиройли дегани ёқимтой дегани эмас, – ўйларди у. – Ёқимтой бўлса ҳам чиройи одамни тортмаслиги мумкин. Ажабки, бу сарвқоматда иккиси ҳам мужассам эди. Агар бундайлар келинлик либосини кийса… уларга осмондаги ўн беш кунлик ой ҳам ҳавас қилса керак.
Ҳа, бу ўша! Онаси ҳам ҳадеб: ”Турсуной, нонни сотдингми? Пўчоқларни сигирга бердингми?” деб шанғиллаб сўрайверарди. У онасидан бекитиқча Юсуфнинг китобларини ҳам сўраб турарди. Шунда кўзлар тўқнашарди. Бир куни Юсуф унга: ”Намунча чиройлисиз? Ўзим шаҳарга олиб кетайми?” деди. Қиз қиё боқиб жилмайдию қизил дуррачасини учирганча оҳудек дарров кўздан ғойиб бўлди.
… Юсуф ниҳоят ўрнидан туриб, табиб кирган хона томон борди. Чиқиб келаётган чолнинг қўлидан икки коса шўрвани олиб, хонтахта устига қўйди. Ортидан қошиқ кўтариб чол ҳам чиқди.
– Ана энди овқатланиб олайлик, – деди у. – Кейин гаплашаверамиз. Сиз мухбирлар одамни эшита биласиз. Шунинг учун гапим кўпайиб кетди.
Овқатдан сўнг Юсуф бўш идишларни қўшни хонага чиқариб қўйди.
– Келинг, меҳмон, – деди чол жойига ўтиргач. – Энди сизга бир беморнинг дори даволаёлмаган дардини айтиб бераман. Эшитиб, куйиб кетдим. Бечора, жонига шифо истаб келган экан. Менга: ”Сиз тоғда юрган одамсиз. Кимга ҳам айтардингиз? Ахир буни ҳеч кимга айтолмасам ёрилиб ўламан. Бир кун келиб ёруғ оламдан ўтсам бу дард билан гўрим тутаб ётмасин”, дейди ичи куйиб. ”Майли, – дедим аҳволига ачиниб, – ахир кўнгилни бўшатиш ҳам бир даво. Лекин мен ҳам ожиз бандаман.Вақти келиб кимгадир айтиб қўйсам гуноҳкор бўлиб қолмай, деб қўрқаман”. Алам ўтиб турган экан, “Ҳа, майли, айтсангиз айтаверинг, фақат исмимни айтмасангиз бўлди” деди. Кейин сўзлаб берди.
Чол уф тортиб ёстиққа ёнбошлади ва аста ҳи­коясини бошлади.

* * *

– Ўшанда пенсияга чиққандим. Бу энди анча йиллар аввал бўлган гап. Шу ўрмончи ўғлим келинг, бир умр ишлаб чарчадингиз, тоғларда дам олиб кетинг, деб қолди. Ўша йили ёз иссиқ келганди. Бордим. Ёшликда тоза улоқ чопганман, ўзим ҳам, ўғлим ҳам биттадан отга минволиб, тоғ ёнбағирларидаги ўрмонларни роса айландик. Тоза ҳаво-да, ёшаргандек бўлдим. Бундоқ атофларга қарасам, ҳеч нарса экилмаган жойлар бир талай. Юқорироқда ҳам шунақа жойлар бўлса керак, дедим. Йўқ, бир отахон бодомзор қилаяпти, деди ўғлим.
Ўзи уч-тўрт кун туриб қайтмоқчи эдим. Ким экан қариган чоғида боғ яратаётган, деб қизиқиб қолдим. Ўғлим, албатта сизни у билан таништираман, деб қолди. Тонг отиши билан йўлга тушдик. Сўқмоқлар оша қияликдаги бодомзорга кўтарилиб бордик. Рўпарада дов-дарахтларнинг шоҳ-шаббасидан қурилган, устига шифер ёпилган туппа-тузук чайла. Уйча дейсиз гўё. Ўғлим чайлага етмасданоқ от устида: ”Ҳой, Болтабой ота, шу ердамисиз?” деб чақирди. Ичкаридан, ишонасизми меҳмон, бўй-басти худди менга ўхшаган, чамамда етмишдан ошган бир киши… уни чол деб бўлмасди, чунки соқол, мўйлови қиртишлаб олинган, спортчиларнинг оқ майкасини кийган одам чиқиб келди. Ўғлим камтар хўжайинлардан, отдан тушиб, икки қўллаб кўришди. Кетидан мен ҳам қўл узатдим. Уйчага кириб хайрон қолдим. Думалоқ стол атрофида тўртта стул, ёнида диван, фонарми, яна алланималар кўринди. Хуллас, замонавий чайла!
– Бу менинг отам, – деди ўғлим фотиҳа ўқилгач. – Сизнинг боғбончилигингизга қизиқиб қолдилар. Бир суҳбатлашсангиз. Тажриба алмашиш демоқчиман. – Кейин менга қараб илжайди. – Балки шу тоғларда сизга ўхшаб боғ қиларлар.
Ўғлимнинг дафъатан мен кутмаган гапини маъ­қуллаб бош силкитдим, кўнглимдан “Ростдан ҳам шундай бўлиши мумкин-ку”, деган ўй ўтди. Ахир инсондан нимадир қолиши керак-ку.
Ҳуллас, шу куни ўғлим мени ташлаб, хизматига кетди. Янги танишим боя мен бошламоқчи бўлган ҳикоясини айтди. Меҳмон эшитасиз-а, ҳа, балли! Мана у нима деди:

* * *

– Хотиним ўзимдан анча кичик, боғча мудираси эди. Колхознинг боғчасида. Икки қиз, икки ўғлимиз бор эди. Аёлим нуқул: ”Бўлди энди, туғмайман, шу чурвақаларни катта қилиб олайлик”, дерди. Тўғрисини айтишим керак, боғча ҳисобига рўзғоримиз бутун эди. Лекин мен ич-этимни ердим: ”Бу болаларнинг ризқи бўлса, бир куни тешиб чиқмайдими?”. Одам боласи ҳамма нарсага ўрганади, дейишади-ку. Бу, тўғри гапмас. Харомтовоқдан менинг жаҳлим чиқарди. Охири бир кун: ”Бу ишингни йиғиштир, – дедим. – Бўлмаса, охири вой бўлади”.
У эса менга бақира бошлади: “Нима, сиз китоб-дафтар кўтариб юриб рўзғор тебратмоқчимисиз? Унақада икки дунёда ҳам косамиз оқармайди”. Мактабда биологиядан дарс берардим-да. Аввал тиббиёт техникумини битиргандим. Текширувчилар билан қўрқитмоқчийдим, бобиллаб берди: ”Э, қўрқманг, ундайларга қалқон раис акам бор”.
Чиндан ҳам қиличдек қоматли, доим тилла тишларини кўрсатиб жилмайиб юрадиган колхоз раисининг қўли узун эди. Идора ёнидаги меҳмонхонада казо-казолар билан тез-тез базми-жамшид уюштирарди. Унга таниш-билиш хотинларни ҳам чақирарди. Мен аҳмоқ бундан бехабар хотинимдан нега кеч келадиган одат чиқардинг, деб сўрасам, у, комиссия келиб қолди, меҳмон қилдик, дерди нуқул.
Бир кун мактабдан қайтаётсам ўқувчимнинг онаси дўхтир аёлни кўриб қолдим. Ота-оналар мажлисига келиб турарди. Чапани, эркакларга ўхшаган ҳарактери бор эди. Саломлашиб кетаётсам, тўхтатди.
Хотиним …Ҳомиласини олдирганини айтиб, яхши қилибсизлар шунга келишиб, деди хайрихоҳлик билдиргандай.
Шу ерда мен тамом бўлдим. Ичимда бир нарса лов этиб ёнди. Тутуни бўғзимда турдию қолди. Ўзи ундан шубҳаланиб юрардим. Ҳеч кимнинг бошига бу кун тушмасин, биродар. Қотиб туравердим. Дўхтир қаёққадир шошаётган экан, аҳволимни сезмади, лекин тайинлади:
– Яхши парвариш қилинг. Вақт ўтиб қолган экан.
Шундан кейин бўладиганим бўлди. Йўқ, бу мен билан боғлиқ бўлиши мумкин эмас, аниқ билардим.
Ич-этимни еб, жинни бўлаёздим. Шундай аёл билан яшаяпманми? Уришиб, жанжал кўтарсам, қуда-анда, бола-чақа олдида қандай одам бўламан? Шунча йиллик ҳурмат-иззатимни сувга оқизаманми? Буёқда болалар, неваралар бош эгиб қолади. Агар мабодо сиртдан кечирсам ҳам… йўқ, хиёнатни кечиролмайман. Ўқувчиларимга ҳалоллик, садоқат, ибо-ҳаё тўғрисидаги панду насиҳатларим қаёққа кетади? Ўша эркаклар эгри кўнглига нима келса қилаверадими? Имонсиз аёллар-чи, наҳотки хиёнатни шунча жўн, оддий деб тушунишса?!
Шундай хаёллар билан юрганимда ичимдаги бир одам дейди: ”Агарда сен ҳам умрингда бир марта бўлса-да бегона аёлга кўз олайтирганингда бундай аламли изтиробга тушмасдинг. Ўзимнинг ҳам гуноҳим бор-ку, деб таскин топардинг. Поклигинг сени… азоб­лаяпти”. Шайтонни вужудимдан ҳайдаб чиқараман: “Йўқол, иблис! Сенинг касрингдан қанчадан-қанча оилалар барбод бўлади. Қанчалаб ориятли эрлар бош эгиб, фарзандлар отасиз қолади.
Шундан кейин биродар, хотинимга заррача меҳ­­рим қолмади, руҳим чил-чил синди. Ахир ўша во­қеа бўлгунча у билан кўп йиллар аҳил-иноқ яшаб кел­гандик-да. Ҳаммаси тушдек ўтдию кетди. Биродар, шунга амин бўлдимки, нафсга тенг келадиган золим йўқ. Уни енголмаган киши иблис қурбони бўлиши тайин. Ўзингиз ўйланг, биродар, нега инсон пок туғиладию айримлар турфа гуноҳларга ботиб дунёдан ўтиши керак? Нима учун ундайлар покиза тупроқни гуноҳлари билан ифлослантириши керак?
Шундан кейин хотиним менга меҳрибон, кетимдан соядек эргашиб хизматимга тайёр юрадиган бўлиб қолди. Бу эса баттар нафсониятимга тегарди. Асабим бузилиб, бақирадиган, ҳатто невараларимни урадиган одат чиқардим. Қарабсизки, дами ичидаги ёмон отлиғ бўла бошладим!
Ўрмон хўжалигида танишим бор эди. Олдига бордим: бир парча ер беринг, ўша ерда овуниб юрай дедим. Кейин кучим етганча тоғу тошларда боғ яратай. Шундай дедиму қандай ишга аҳд қилганимни тушуниб турардим. Оилам бағридан ташқарида, тоғу тошларда… Бу осон эмас. Лекин хиёнаткор хотин билан ҳар кун, ҳар соат кўришишга мажбурлик ундан ҳам оғир. Шунинг учун биринчи йўлни танладим. Очиғини айтай, кейинчалик бир бева аёлга уйландим. Лекин кўнглим танҳоликни тусайверади. Шунинг учун бу тоғлардан нари кетгим йўқ.

* * *

Табиб чол боғбон танишининг фожиасини сўз­лаб бераркан, Юсуфнинг юрагида қат-қат изти­роб­лар тўлғанди. Энди ташқарида ҳамон электр қув­вати ҳайдаётган “пат-пат” овозини эшитмай, жим ўтираверди. Бироздан кейин қарияга қаради, унинг оқарган қора қошлари остидаги қийиқ кўзларида ажабки, ёш милтилламоқда эди.
– Ана, меҳмон, – деди табиб тўсатдан ўз ҳо­ла­тидан уялиб. – Вақти келиб бир нарса ёзарсиз. Са­доқат ва хиёнат ҳақида. Менинг нафсим балодир, ёнар ўтга салодир, дейишади-ку, тахминан шу маънода: токи бошқалар бу қаттол душманнинг қулига айланиб қолишмасин. Нафс… бу, биласиз, кенг маънодаги тушунча-да.
Кейин зўраки жилмайди:
– Ўзим ҳам ёшлигимда унча-мунча ҳикоялар машқ қилиб юрардим. Ҳавас-да. Лекин барибир чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин. Шунинг учун бу иш сизга ҳавола, меҳмон.
Солярка тугади, шекилли, чироқ ўчди, лекин кеч куздаги ойнинг ёруғи ойнадан ола-чалпоқ тушиб турар, энди атрофга сокинлик бостириб келарди.
Чол ўтирган жойидаги каравотнинг юқорисига узала тушди, Юсуф қуйида ёстиққа бош қўйди. Кўп ўтмай табибнинг хуррак овози эшитила бошлади.Юсуф дардли ҳикоя таъсиридан сира пинакка кетолмади. Бунинг устига оёқларининг симиллаб оғриши кучайган, қайси ёнбошига ағдарилса, каравотнинг қийшик тахталари ғийқиллаб, белига тошдек ботарди.
Бирон соатдан кейин чолнинг изтиробли инграши эшитилди. У ичидан хўрсинар, одамнинг йиғлаш олдидаги ҳолатини эслатадиган ўксик овоз чиқарарди. Сўнг тушида бўлса керак, “иҳ, иҳ” деди оғриқли товушда. Бора-бора жимиб қолди.

* * *

Юсуф уйғонганида офтоб тоғ ортидан кўта­ри­лаётганди. Болдирларида оғриқ тўхтабди. Хонтахта устига бир даста пул ташлаб ташқарига чиқса, чол бостирма остидаги от охурига беда солаётган экан. Қозиққа боғланган ит Юсуфга бир қараб қўйди-да кечаги шўрванинг суягини ғажишда давом этди. Юсуф обдастадаги сувдан юз-қўлини ювиб, рўмолчасига артинди.
– Яхши ётиб турдингизми, меҳмон? – Чол йигит томонга келди. Энди у дастлаб кўринганидек бардам ва тетик эди.
– Раҳмат. Дорингиз сабаб бўлди, шекилли, ҳар­ҳолда оғриқ пасайгандек.
– Аввало Худо шифо берсин. Биз бир сабабчи, холос. Буёғини айтсангиз давосиз дарднинг ўзи йўқ. Фақат хиёнатдан ўзи асрасин.
Кейин Юсуфни бостирманинг нариги томонига бошлади.
– Бу ёққа юринг. Мўъжизани кўрсатаман. Тоғларда қуёш эрта чиқади. – Кейин ҳаяжон аралаш завқланди. – Нурларини қаранг, эртакка ўхшайди-а? Ҳа, яшанг. Қандай жаннатмакон юртимиз бор. Гиёҳлари-чи. Ҳавосини қаранг, мармардек мусаффо! Шу ёшдаям ишлагинг келаверади. Анув, тепадаги боғларга қаранг. Бодомзор ёнида ёнғоқзор… Ўша юраги куйган бечора чол эккан. Қоп-қоп ҳосил олаяпти.
– Ҳа, ҳа! Лекин у мард экан. Болалари, набираларини ўйлапти. Бошлари эгилиб қолмасин, деган-да. Ҳаммасини ичига ютипти. Кейин қадимги замон чолларига ўхшаб елкасига тўнини ташлаб чўлу биёбонларга кетиб қолмапти. Ёки аламдан ичкиликка берилиб нопок йўлларга кириб кетмапти. Дардини меҳнат билан енгипти.
– Отангизга раҳмат! Ҳаммасига вақт даво, тоғнинг ҳавоси ҳам. Ахир одам фақат еб-ичиб, кайфу сафолар суриб, гуноҳларга ботиб ўтиб кетавермаслиги керак-ку. Кейин ҳаммасининг савол-жавоби бор.
Қария шундай деб ортига қайтди. Чўян обдастани энгаштириб, ҳафсала билан қўлларини ювди. Бостирма устунига илинган сочиққа артинди.
– Қани, меҳмон. Энди нонушта қиламиз. Ҳозир неварам келади. Кейин санаторияга кетаверасиз, таксида.
– Такси… – Юсуф анграйганди, қария жилмайди:
– Бу – тарғил-да. Миниб олсангиз бўлди, ўзи етказиб қўяди. Текинга! Боргач яна шу йўлга ўнглаб қўйсангиз ўзи қайтиб келаверади. Ҳар куни бўзчининг мокисидай қатнайвериб ўрганган. – Кейин самимий кулди. – Ҳавотир олманг. Адашмайди. Тоғда йўл битта.
Сўнг қария тобора юқорилаётган қуёшга кўзларини қисиб қаради:
– Одам бу дунёда тоғлардек пок ва мағрур яшаши керак. Тўғрими? Ҳа, балли! Яқинда набирам келтирган газетада бир шеър ўқидим. Ёқиб қолиб, ёдлаб олдим.
Тоғларга чиққанга улуғлик ёрдир,
Тоғларга чиққанлар тоғ бўлиб қайтар.
Қойил-а! Бу шеърни кеча сизга айтган боғбон ўртоғимга ҳам ўқиб бердим. Тоғларга бекор келмаган у. Қаддини кўтариш учун юрипти. Боғлар барпо қилиб.
Юсуф ўйчан:
– Шундай бўлса керак. Инсон бир марта яшайди. Сиз айтгандай ҳар қандай гуноҳлардан нафсни тийиш керак. Қаддини тоғлардек тутиб юриши керак. Лекин бу осон эмас, мардлар шундай яшайди, – деди.
– Балли, – деди чол жонланиб. – Мени тушунипсиз. Энди мен отни эгарлай.

* * *

– Қаерларда қолдингиз, жўра? – сўради Юсуфнинг ҳамхонаси. – Сизни ўйлаб ухлолмай чиқдим.
Юсуф айтганди, чеҳраси ёришди:
– У ҳақда эшитгандим. Тоғ тепасидаги уйда яшаркан. Фақат қаҳратон қишда шу ердаги ўрмончи ўғлиникига келаркан…
– Ҳа, биларкансиз, лекин у бир боғбон чол ҳақида эзилиб гапириб берди. Тоғ ёнбағрида бодомзор, ён­ғоқзор ташкил этипти.
Ҳамхона ажабланди.
– Мабодо, ҳув анави кўриниб турганлар эмасми?
– Ҳа,– деди Юсуф ажабланиб.
– Э, у боғларни ўша отахон экиб кўкартирган. Бир пайтлар мактабда биологиядан дарс берган экан. Аввал дўхтирликни битирган. Табиблиги шундан.
Юсуф анграйиб қолди. Аммо чолдан эшитганини тилига чиқармади:
 “Бечора қария, ҳиёнатдан юраги куйган экан. Бошидан кечирганларини бошқа чол номидан айтиб, ичини хўп бўшатипти. Лекин зўр! Адабиётга қизиқиши бекор эмас экан.
Жонли ҳикоя қилди. Хиёнатга ҳеч ким дуч келмасин, деди кўзлари ёшланиб”.
Юсуфнинг ичида бошқа бир одам овоз берди: “Сен-чи, сен Турсунойга айтган сўзингга хиёнат қил­мадингми? Майли, ўша селда уни дарёдан кўтариб ўтиб, жонини қутқарипсан. Оёқларингдаги оғриқ шундан. Буни чолга ҳам айтмаганинг одамийлигинг. Аммо қизнинг севгисига муносабатинг… Бу нима?”
Эрталабки нонуштадан кейин Юсуф буюмларини жомадонига жойлаб, уйига отланди.
– Ҳа, – сўради ҳамхонаси ажабланиб. – Ҳали вақт бор-ку.
– Шундай бўлиб қолди, – деди у Турсунойни кўриб қолишдан чўчиб. Кейин бош чайқади. – Дардни аввало ўзимиз орттирамиз. Давосини топиш эса шунақа қийин.
Давосизлари ҳам бор.
Мияси ғовлаб чиқдию, кетди.

* * *

…Юсуф анча йиллардан кейин тоғ ёнбағридаги ўша сиҳатгоҳга борди. Муолажадан сўнг каравотда дам олиб ётганди, челакда сув, пол артгич кўтариб фаррош аёл кириб қолди. Йигит ўрнидан туриб, стулга чўкди ва юраги ачишиб кўнгли тубида ётган саволни берди: “Бу… Турсуной деган ҳамшира ҳалиям ишлаяптими?”
Фаррош сергакланиб, у томон ярим ўгирилди:
– Вой, у институтни битириб, катта дўхтир бўп кетган. Ҳозир ўзимизнинг дўхтирхона бошлиғи.
Юсуф яна сўрашдан тийилолмади:
– Оилали бўлса керак?
Аёл пол артишдан тўхтаб, юзлари ёришди:
– Ўқитувчи йигитга турмушга чиққан. Садоқат деган ширингина қизчаси бор.
Юсуфнинг кўнгли нурланди. “Ҳа, яхши бўпти” деди-да, қушдек енгил тортиб ташқарига чиқди. Ёқимли куз шабадаси эсаётган хиёбондаги қайрағоч, терак­ларнинг ҳамон яшил япроқлари аста чапак чаларди. Сал нарида, тепалик бағрида баҳорда қизғалдоқлар орасида қоладиган оддийгина ўша хонадон ўрнида энди қадди узоқдан кўринадиган ғиштли уй. Эшикдан қизил дуррачаси учини шабадада учирганича жилмайиб Турсуной кириб келаяпти. Ёнида ўзига ўхшаган, юпқа юқори лаби устида чиройли холи бор қизчаси. Ҳойнаҳой ота-онасини кўргани келаяпти. Чеҳрасида ҳаётидан мамнунлик.
Юсуф бу манзарани хаёл қилдими ёки ростакамига кўрдими, билолмай қолди. Ҳарҳолда Турсунойни шундай кўришни жуда истарди.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 10-сон.