Бу йигит билан тасодифан учрашиб қолдик. Географлар денгиз сатҳидан фалон километр баландликда деб таърифлашади-ку худди шундай тоғ қишлоғидан икки ўғли билан ушбу оромгоҳнинг сув ҳавзасида чўмилишга келган экан. Барваста, икки елкасига икки ўтов тиккудай алп йигит…
Одам бундай кўнгил яйрайдиган жойларда янги таниш орттиради, телефону манзил алмашиб ўз-ўзидан иноқ бўлиб қолади. Қолаверса, ким биландир суҳбатлашиб кўнгил ёзишнинг ҳам ўз завқи бор-да. Танишимни ҳам, каминани ҳам худди шундай бир мойиллик чулғагандики, буни йигитнинг салом-алигиданоқ илғаш мумкин эди.
Камина ҳам албатта суҳбатдош топилганидан хурсанд бўлдим.
— Бу ерлар чорванинг макони экан-да, — дедим гапни нимадан бошлашимни билмай. — Қаранг, тоғу тошларда қўй-қўзию, моллар ўтлаб юрибди. Оёғи бўш, мазза қилиб. Худди расмга чизгандег-ей…
Йигит ҳам шу гапимни кутиб турган экан чоғи менга қараб тўлқинланиб гапира бошлади:
— Фақат сиз отларни кўрмаяпсиз-да. Улар бундан-да баланд жойларни ёқтиришади. Ў-ў-ў, бошқача жонивор улар! — Кейин қийиқ кўзларини юмиб, завқ билан бош чайқади. – Зийрак, ақлли. Садоқатда унга тенг келадигани йўқ. Лекин йилқи зоти барибир озод юрганидагина гўзал бўлади-да.
Суҳбатдошим билан гапимиз қовуша бошлаганидан баттар хурсанд бўлиб:
— Садоқат дейсизми? Нима шоир-поир эмасмисиз, ука? Тўғриси, отларнинг садоқати ҳақида кам эшитганман, қолаверса буям бир жонивор-да. — дедим бироз таажжубу ҳазил аралаш. Ва беркитмайман, кўнглимнинг бир чеккасида унинг давом этишини истардим.
— Оз бўлсаям эшитган экансиз-ку, унда нега ажабланасиз? — суҳбатдошим кутилмаганда аччиқлангандек гапирди.
— Саволингизда мантиқ бор, — бўш келдим бироз ва йигитни кузата бошладим. У эса ҳавзанинг темир тўсиғига кўкрагини босганча сувга тикилиб қолди. Хипча, лекин чайирлиги шундоқ билиниб турган гавдасига мос узун бармоқли қўли билан қувур устунни аста шапиллатиб урар, афтидан, ниманидир ўйларди. Кейин менга илкис ўгирилди:
— Биласизми, ака, мен от жиннисиман. Атиги биттасини боқаман. Лекин отмисан от! Қорабайир. Ишонасизми, ўтган йили машинага алмашмадим. Йигит от сотмайди, дер эди кексалар. Садоқатли дўст-да. Алдашни билмайди, елпатаклик қилмайди. Мағрур ва тик қомат. Бундан ортиқ тағин менга нима керак. Ҳеч нарса! Отлар ҳақидаги китобларни ўқишни яхши кўраман. Зўр-да! Ахир тулпорлар… Ў-ў, боболаримиздан мерос… Нега индамайсиз, ё гапларим ёқмадими?
Йигитнинг бироз зарда аралаш таънаси менга тегиб ўтди:
— Э, оғайни, — дедим ўзим билмай муштларимни тугганча, — нима, мени бирор олифтага ўхшатаяпсанми? — Кейин шошиб хатомни тузатдим, – ўхшатаяпсизми? От билан бошимдан ўтказган воқеа ҳам бор.
Унинг қийиқ кўзлари катталашди:
— Йўғ-э, — деди йигит ажабланаркан. — Сиздек бир зиёли одам … Лекин гавдангиз спортчиларникига ўхшаркан. Хавф? От сизга хавф солдими?!
Уни қизиқтириш учун атайин жавоб айтмадим. Бориб чинор остидаги ёғоч ўриндиққа чўккандим, у ҳам ёнимга келиб ўтирди.
Бир оёғимни иккинчиси устига чалиштирдим-да, жим қолдим. “От жинниси”га бу ерлар менга бегона эмаслигини айтиб қўймоқчи бўлиб, хотирамни титкиладим.
— Авазбек деган курсдошим бўларди, — дедим ўзимга ўзим гапираётгандек секин. — Биз физкултура институтида ўқирдик. Мен боксга ишқибоз бўлсам, у кураш деса ўзини томдан ташларди. Таътил вақтида қишлоққа келганимда кўрардим: ҳовлисига тирранча болаларни йиғволиб, бир-бири билан олиштираверарди, олиштираверарди. Мен эса эски латта-путта тўлдириб, дарахтга илинган қопни дўппослайверардим. Иккаламиз саҳарлаб дарёдан кечиб ўтиб, сўқмоқлар бўйлаб югуришни канда қилмасдик. Институт биринчилигига тайёрланардик-да. Бир куни Авазбекнинг отаси Ёдгор амаки сайхонликка чиқманглар, ҳавонинг авзойи бузуқ, сел келиши мумкин деб қолди. Ёшмиз – ўт-олов. Э, дедик қўл силтаб, нима, ёш боламизми қўрқадиган. Мабодо ёғиб қолса бир қочиш қиламиз. Ит қувса ҳам етолмайди. Ва кулиб жўнаб кетдик. Кўп ўтмай момақалдироқ гумбирлаб қолди. Кейин ёмғир томчилай бошлади. Э, ука, одамзот қанчалик кучли бўлмасин, мўъжизалар яратмасин, табиат ҳодисалари олдида барибир ожиз экан. Тоғни урса талқон қиладиган ёшдамиз-у, лекин жонимизни қандай сақлаб қолишни билмай талвасага тушдик. Биз турган тоғ ёнбағрида бир кичик ёнғоқзор бор эди. Ёнғоқзор пастликда, бироз чуқурликда, ниҳоллар эса ҳали ҳосилга кирмаган. Ўзимизни ўша ёққа урдик. Барибир қаттиқ жала дарахтнинг қуюқ япроқларидан ўтиб, кийимларимизни жиққа ҳўл қилди.
Зум ўтмай момақалдироқнинг еру кўкни титратувчи овозию, осмонга ўт ёқиши етмаганидек қасир-қусур овозлар эшитила бошлади. Авазбек бундай даҳшатли воқеани жиллақурса бир марта кўрган бўлса керакки, “Сел тоғдаги тошларни бир-бирига уриб, дарёга итқитаяпти, – деди овози титраб. Энди биз ўтиб келган яккачўп кўприк ҳам тамом…” Мен эса “Ўзимизчи, ўзимиз…” дедим-да, тоғу тошларда ўлиб кетамиз шекилли, деган гапни айтишдан уялиб турардим.
Ҳикоямни тўхтатиб, ёнимдаги ҳамроҳимга қарадим. Ажабки, у ҳеч нарса эшитмагандек ҳавзадаги сувнинг енгил шабадада жимирлашига боққанича сира таъсирланмай бепарво ўтирарди. Йигитнинг авзойидан, хўп, ака, шунга шунчалик ваҳимами, деган ифодани пайқагандек бўлдим. Ўзимча ўйладим: “Тоғ одамлари учун булар воқеа эмас, оддий турмуш тарзи”.
Йигит фикримни уққандек бирдан менга қаради ва тиззамга яхшигина шапиллатиб урди:
— Буни отга нима дахли бор, ака?
Азбаройи тиззам оғриганидан ўрнимдан сапчиб турдим:
— Бор-да, агар Ёдгор амакининг Қорабайири бўлмаганида биз ҳозир… тупроқ тагида ётган бўлармидик. Ахир, сел тоғ харсангларини ҳали ниҳолдек ёнғоқзорга суриб келаётганди-да. Бир-биримизга елка тираб ўтиравердик. Қачон тоғдан баҳайбат ҳарсанглар думалаб, дарахтларни ағдаради-ю, бизни мажақлаб ташлайди – гўё шуни кутаётган эдик.
Бирдан отнинг кишнашини эшитиб қолдиму, Авазбекка ялт этиб қарадим. У гўё буни мендан олдин эшитгандек ўрнидан дик турди-да:
— Саман, бу Саман! — деди жиннига ўхшаб сакрай-сакрай. Кейин иккаламиз таваккалига пастга-ялангликка отилдик. Сал нарида шовуллаб ёғаётган жаланинг нимранг пардаси остида ер тепиниб кишнаганича айғир турарди. Йиғламоқдан бери аҳволда от томон югурдик: “Э, жонивор-а, жонивор, яшавор-а…” Борасолиб Саманга мингашиб олдик ва шу заҳоти биз ҳозиргина жон сақлаб турган жойга бўтана сел аралаш кичиги одамнинг калласидай тошлар юмалай бошлади, дарахтларнинг қарсиллагани эшитилди. Отнинг танасидан илиқ нам ҳиди чиқар, бу эса бизга, тавба, жуда ёқарди. Авазбек энгашганича айғир бўйнини, мен эса шеригимнинг ҳўл танасини маҳкам тутганча қишлоққа қайтиб борардик.
Ҳикоям йигитни унчалик қизиқтирмади, шекилли:
— Кейинчи, — сўради ҳафсаласи сўниб.
— Кейин… Бундан кейин бунақа об-ҳавода тоққа чиқишга тавба қилдик.
— Шуми? — йигит ўрнидан туриб, яна темир панжарага суяниб олди.
— Шу, — дедим энди мен ҳам айтганимга пушаймон бўлиб.
— Бўпти. Энди мендан эшитасиз-а? Раҳмат. Бир кун тўй бўлаётганди. Унча-мунча кураш тушиб турардим. Ҳаваскорлик-да. Қишлоқда менга ўхшаган кураш ишқибозлари кўп. Улар орасида ота-онасидан етим қолган бир йигитча ҳам бор эди. Баланд бўй, келбатли. Исми Зафар эди. Зўр полвон бўламан деб юрарди. Авлодлари полвон ўтган. Ҳар ҳолда унга ишониш мумкин эди. Қойил-э, ўзидан катталарнинг ҳам курагини ерга тегдирарди-да. Йигит гапни кесиб-кесиб айтар, гоҳида одати бўлса керак, жингалак қўнғир сочларини шаҳд билан силаб қўяр, бу каби ҳаракатлари ва аллақачон офтобда қорайган чеҳрасидан чапанилиги шундоққина билиниб турарди. Хуллас, тўйда у ҳам бор экан. Одамлар қизиқ-да, унга тегажоғлик қилиб, мен билан кураш тушишга гиж-гижлашишарди. “Тушганим бўлсин, деди у баланд келиб, йиқитаман уни!”. Бола-да, ғўрлиги бор, бу ёғи ғурур дегандай. Гаплари ғашимни келтирди-ю, жаҳлимни ичимга ютдим: ”Кел, шу кўнгли яримни хафа қилма”, дедим ўзимга-ўзим. Нима қилишимни билмай қолдим. Лекин бир нарса аниқ: бир кўтаришда белини қайириб қўяман. Тағин энди чиниқиб келаётган бўлса, етимгина бола, майиб бўлиб қолса-я, деб безовталандим. Тушмасам йигитнинг сазаси ўлади, ўзим ҳам ғалати бўлаяпман… Энг ёмони, йиқитсам кучига ишончи йўқолади. Одамнинг кучи ишончида, тўғрими, ака? Шундай қилиб, одамларнинг қийқириғи остида у билан кураш тушдим ва… — йигит кулиб юборди, — енгилдим. Енгилгандаям…
— Йўғ-э, шу гавда билан-а? Тағин чавандоз бўлатуриб…
— Яшанг! Мен асли курашчи эмасман. Чавандозман, тўғрироғи, тракторчилик қиламан. У эса ёш, ўсадиган бола. Ютсин, кучига ишонсин, дедим-да. Белимни маҳкам тутганидан билдимки, зўр полвон чиқади. Қўллари тош мисол қаттиқ. Бир кўтариб ташлаганди, қаранг-а, кучини сездим. Оёғимни омонат қўйипман, денг, оқибатда нима бўлди, қарс этиб тўпиғим чиқди-қўйди. Буни кейин жойимга бориб чўккалаганимда билдим. Сир бой бермай ўтиравердим. Ҳамма тарқасин, кейин уйимга кетарман дедим.
Тўй теракзор ўртасида, бир сайхонликда бўлаётганди. Ҳеч ким қолмагач алам қилиб ўзимга-ўзим: ”Келиб-келиб боланг тенги боладан енгилдинг-а, бунинг устига чўлоқ бўлиб ўтирипсан, э, баттар бўл, аҳмоқ!”, – дедим. Шу пайт юрагимнинг бир чеккасида: ”Қизиқ одам экансан-ку, ҳаёт фақат ғалабадан иборат эмас, ёшларга ҳам йўл бериш керак. Бунинг устига ўзинг ичингда розийдинг. Енгилганинга… хурсанд бўлсанг-чи. Кўнгли яримнинг кўчасида ҳам байрам бўлди-да”, дерди кимдир.
Оёғимнинг оғриғи бетайин ўй-хаёлларимдан устун чиқди. Отимни боғлаш одатим йўқ. Ақлли. Эмин-эркин юрсин дейман. “Қоравой, қайдасан? Кел!”, деб чақирдим. Овозим тоғларда акс-садо бериб, масхара қилгандек ўзимга қайтди: ”Қо-ра-вой, қай-да-сан? Кел!”. Сой бўйида ўтлаб юрган экан, кишнаб етиб келди. Чўлоқланиб, икки-уч қадам юргандим, жонивор менга суркалиб тўхтади. Сезгир-да, пайқади. Амаллаб миниб, тўппа-тўғри касалхонага кетдим. Ҳовлисига, аниқроғи эшиги олдидаги зина ёнида туриб қолди. Оғриққа аранг чидаб ерга тушдим. Кейин: ”Бор, дедим юзига шапатилаб. Хотинимни чақириб кел”. Бир кишнадию ўйноқлаб жўнади жонивор. Сўнг билдим, оёқ суягим ёрилган ҳам экан.
Йигит шуларни айтиб, ўркач-ўркач тоғларга қараб жим қолди. Гўё ўша отни қидираётгандек кўзларини қисиб, атрофни назардан ўтказди. Балки шу топда қайлардадир ўтлаб юрган айғирини соғиниб қолгандир. Оти ҳам уни кутаётгандир. Эгасининг қаттиқ, лекин аллақандай меҳрли кафтлари билан ҳар куни бошдан-оёқ силаб-сийпаши, эринмай чўмилтириши, бўйнидан қучоқлаб-қучоқлаб олиши хумор қилгандир. Бу энди каминанинг хаёли.
— Анчадан кейин айғирни миниб, хотиним келди. Аёлимнинг айтишича, ҳовлига кириб, ер тепинибди. Қаттиқ-қаттиқ кишнабди. Буни кўриб хотиним ичидан зил кетган чоғи: ”Хўжайинимга бир гап бўлган, шекилли”.
Дўхтирлар дориларни аёлимга ёзиб бергач, у қишлоққа қайтиши керак эди. Қаранг, жўнаган деб ўйлаган хотиним бир пайт палатамга кириб келди.
— Отингиз оёқ тираб туриб олган. — деди у маъюсланиб, — қамчигаям қарамайди, “чуҳ”гаям, нуқул пишқиради”. Дарров тушундим. Палата деразасини ланг очиб бақирдим: “Қоравой, қани, уйга кет-чи!” Қарасам, қулоқларини бир чимириб қўйди. Демакки, тушунди. “Бор, дедим хотинимга, энди гапингга киради. Фақат уйга бориб, оққанд беришни унутма”.
Негадир хотиним ҳалиям қотиб турарди. “Ҳа, дедим жаҳлим чиқиб, нега қоққан қозиқдек турипсан?”. “Вой, деди у ерга қараб, кўчада қандоқ қилиб от миниб бораман, одамлар бу хотинни нима жин урди, демайдими?”. “Э, хотинжон, дедим ўзим кутмаган ҳолда юмшоқ оҳангда, бу отни миниб юриш фахр-ку. Қадди-қоматини қара, оёқлари узун, текис, ёллари-чи, сенинг сочингдек майин, силаган саринг силагинг келаверади. Лекин у айғир-да, ғурурли, буни ёқтирмайди”. Кейин хотин билан пачакилашганимга ўзимнинг ғашим келди. Овозимни баландлатдим: “Бор энди, гапни кўпайтирма, мин-да кет”.
Аслида уни ҳам тушуниб турардим, хотин шаҳарлик эди-да.
Ойнадан қараб кўнглим бузилди, от зина олдига келиб аёлимни миндирди: “Эҳ, Қоравой, ўзинг зўрсан-да”. Хайрлашди шекилли, бир кишнадию дарвозадан чиқди-кетди. Шу-шу, энди бу сўз ярашса керак, маликам от миниб, касалхонага анча қатнади. Ҳар келганда чўлоқланиб Қорабайирнинг олдига бораман. Кўзларидаги мунг йўқолаёзган, қадди баттар тикланаётгандек туюлди. “Сенга раҳмат, дедим кўнглим кўтарилиб, садоқатингга раҳмат, Қоравой. Мана энди соппа-соғман”.
Йигит ўз гапларидан ўзи завқланди, кейин “Ака, тағин бу бола жа-а оширворди-ку, деб ўйламанг, отни тушунган одам мени тушунади” деди жилмайиб. Шу пайт икки ўғли ҳавза сувидан чиқиб келди.
— Энди биз кетдик, — деди у тезгина қўл узатиб. — Булар тўгаракка кеч қолишмасин. Бўлмаса, Зафарбек таъзирини беради.
— Ким у Зафарбек? — шошилиб сўрадим.
Йигит орқасига ярим ўгирилганича шаҳд билан қўл силтади:
— Э, ака, унутдингизми, ўшанда мени курашда йиқитган бола-да. Аллақаердан чемпион бўлиб келган. Ҳозир курашдан дарс беради.
Шундай деб ўғиллари билан илдам жўнади-кетди.
* * *
Ажаб, ўша куни ўзимнинг ҳикоям… ўзимни қизиқтириб қўйди. Авазбекни ҳалиям шу атрофда яшайди деб эшитгандим. Бир қидириб топмайманми, деб ўйладим ва машинада айланма йўллар билан юқоридаги қишлоққа чиқиб бордим. Баландликдан қулоқларим шанғиллаб, томи қизил черепица билан ёпилган қўш дарвозали бино олдида тўхтадим. Яшил рамкадаги ”Ёшлар спорт мажмуи” деган ялтироқ ёзувга кўзим тушди. Дарвоза ёнидаги эшикни очган қоровул чолдан сўрагандим: “Бу атрофда Авазбек деган одам яшамайди”, деди сира иккиланмай. Сўнг ҳафсалам пир бўлганини сезди, шекилли, бироз ўйланиб аниқлашга тушди: ”У одам ўзи нима иш қилади?” “Шу атрофдаги мактабда дарс берарди. Тошкентда бирга ўқигандик. Отасининг исми, янглишмасам, Ёдгор ака эди” дедим.
Қоровул дафъатан жонланди: “Э, сиз Холдорбойни айтяпсизми, у киши кейинчалик фермерлик қилганлар. Шу тоғу тошларда мева-чева етиштириб, машина-машина савдога жўнатардилар. Бу бинони шу киши қурган. Ҳозир йўқлар. Курашчиларга ҳомий бўлиб қаёққадир кетганлар. Ўғли Сардорбек у кишининг касбини олган спортчи.
— Зафарбек? — бўшашдим бирдан.
— Ҳа, энди ўғиллари-да. Бўлмаса учта азамат ўғиллари бор, — кейин яқин келиб секин шивирлади. — Асраб олганлар. Шунақа бағри кенг одам у.
— Мени кечирасиз, исмлари ҳам бошқа. Мабодо адашмадингизми? — сўрадим.
— Йўғ-э, меҳмон, асли исмлари Авазбек. Лекин қишлоқда Холдорбой деймиз. Кураш тушганларида кўрганмиз. Кўкракларида холлари бор.
Бирдан сув бўйида учратганим чавандоз йигит, тўғрироғи, ўзи айтмоқчи тракторчи йигитнинг гапларини эсладим. У Зафарбекнинг ота-онаси йўқ, шунинг учун … унга енгилдим деганди. Қаранг-а, қоровул чол буни тасдиқлаяпти.
Кўнглимда қувончми-ғурурми, ишқилиб, ёқимли бир туйғулар жимирлади. Илойим, ҳамманинг ҳам тоғлардек ишонгани бўлсин. Бу энди менинг гапим эмас, қоровул чолнинг гапи. Тўғрироғи, дуоси. Ҳарҳолда мен шундай тушундим.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 30-сон