Иш, иш деб юраверган экан.
Нўъмонжон бугун бир яйради.
Ҳаммасига янги йил арчасига ишхонасидан берилган чипта сабаб бўлди.
Нўъмонжон ўзиям кун бўйи касаба қўмитаси раисаси Салима Абдубакировнани алқаб, унга ғойибона раҳмат айтиб юрди.
Бўларкан-ку одамга ўхшаб дам олса.
Бунинг устига жажжи қизалоғи Меҳринисанинг туғилган куни эди.
Ишқилиб, қўшалоқ байрам бўлди.
Лобарниса уйда қолди, қўни-қўшни аёллар ёинки Меҳринисанинг синфдошлари, дугоналари чиқиб қолгудай бўлса уялиб қолмайин дея ҳар эҳтимолга қарши дастурхон безаб, меҳмонларни кутиб ўтирадиган бўлди.
Нўъмонжон янги йилдан сал бурунроқ қизчаси “Алифбе байрами”га чақирганда ишдан қолишнинг иложини тополмай, боролмаганди. Меҳриниса индамаган бўлса-да, кечқурун уни сал мунғайган аҳволда кўриб анча эзилди. “Насиб қилса тез орада маза қилиб шаҳар айланамиз”, деганди ўшанда. Мана, нияти холис экан, ҳаммаси ижобат бўлиб турибди.
Нўъмонжон қизчасини аввал янги зоопаркка олиб борди. Икковлон ҳайвонларни мириқиб томоша қилишди. Сўнг марказий майдонга ўрнатилган улкан арча ёнига келишди.
Байрамнинг бариси шу ерда экан.
Ўзиям шаҳардаги бари истироҳат боғларининг аттракционлари кўчиб келибди-ёв. Бунинг устига ранг-баранг шарлар, Қорбобо билан Қорқиз; каттагина саҳнада эса эртаклар қаҳрамонлари рақс тушиб ётишибди.
Рости, буларни кўриб Нўъмонжоннинг ўзи ҳам ҳаяжонланиб кетди. Ёдига пахта далаларида ўтган болалиги тушиб, хўрсиниб ҳам олди.
Меҳриниса ҳам роса яйради. Бир қўлида дадаси туғилган кунига совға қилган жажжигина ўйинчоқ телефонни маҳкам бағрига босиб олганча қиқирлаб кулгани кулган.
Бола, бола деймиз-у, болаларнинг жуда фаросатли, сезгир эканликларини, уларнинг бирдан катта бўлиб қолганликларини сезмас эканмиз-да.
Бу ҳақиқатга Нўъмонжон шу ерда яна бир бор иқрор бўлди.
Рўзғор ўз номи билан рўзғор-да, ўзига яраша камчилиги, муаммолари ҳам чиқиб туради. Очиғи, баъзан эр-хотин жиқиллашиб қолишади, сабаб эса ўша сабил қолгур пул бўлади.
Нўъмонжон заводда токар, бешинчи разрядли, қўли гул уста. Лобарниса ательеда тикувчилик қилади.
Ойликка яшашади. Бошқа қаердан ҳам даромад қилишарди. Аксига олиб, кейинги ярим йилликда заводга буюртмалар камроқ тушди. Бу эса маош чўғига таъсир кўрсатмасдан қолмади. Ательега келиб кийим тикдирадиган мижозлар сони ҳам тобора камайиб бормоқда.
Хуллас, хотин эрталабдан арзи додини айтиб туради:
— Дадаси, у нарсага пул керак, бу нарсага пул керак…
Нўъмонжон аввал ётиғи билан тушунтиришга уринади:
— Сал сабр қилиб тур, бўп қолар…
Аммо бунақа ваъдаларни эшитавериб безор бўлган хотин ҳам бўш келмайди. Хуллас, жанжал тайёр-да.
Нўъмонжон баъзан ўзини босиб туролмай, қизалоғи Меҳринисанинг ёнида ҳам хотинини, ҳар қалай, бақириб-чақирмаса-да, сал дағалроқ оҳангда жеркиб қолган жойлари бор, буни тан олади. Аммо бундай пайтлари ўзига қўрқув билан термулиб қоладиган, иложини топса бурчакка биқиниб оладиган қизалоғининг кўп гапларга ақли етишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Буни тасодифан билиб қолди.
Шодон кайфиятда юрган Нўъмонжон бир пайт сал зингил солиб қараб кўрдики, ўзи бирон ширинликми ёки пуфакми сотиб олиш учун дўкончага яқинлашса бас, қизалоғи безовталаниб атрофга аланглар, иложи бўлса уни чалғитиб, нарироққа судраб кетарди.
Ота эътибор бера бошлаганидан сўнг ҳам бу ҳол бир мартагина содир бўлиб қолмади, уч такрорланди, тўрт такрорланди. Ниҳоят ажабланган Нўъмонжон энгашиб, ёнидан ўтиб бораётган Қорбобони хурсандчиликдан кўзлари чақнаб кузатаётган қизалоғидан сўради:
— Меҳри, бирон нима оберай.
Қизалоқ жон ҳолатда совғасини бағрига босиб, кескин бош чайқади:
— Ҳеч нима керакмас.
— Нега ахир?
Қизалоқ дадасига тиниқ кўзларини тикди:
— Бу ер қиммат бўлади…
Нўъмонжоннинг юраги симиллаб оғриб кетди. Буни қизчасига сездирмасликка уринганча, иложи борича қувноқ ва бепарво тарзда гапиришга уринди:
— Бугун пулимиз кў-ўп. Истаган нарсангни айтавер.
Нўъмонжон сезди: қизчаси ўзига ишонқирамай қараб қўйди-да, сўнг уни саҳна томон судради:
— Юринг, эртак томоша қиламиз.
Нўъмонжон эса ҳақиқатан ҳам бугун тузуккина, тўғриси, уйда байрамдан кейин қолган бор пулни олиб чиққанди. Шу сабабли у қизчасининг кўнглидаги бутун хавотирларни бир йўла ҳайдаб солишга аҳд қилди.
Меҳриниса қийма кабобни яхши кўргич эди. Нўъмонжон қизчасини деярли судраб бориб майдон ёнидаги осмонга тутуни ўрлаб турган ошхонадан тўртта қийма кабоб олиб берди. Қизалоқ:
— Қиммат бўлса олманг, — дейишга улгурди, холос.
Хурсандлиги боисми, Нўъмонжон чиндан ҳам очиқмаган эди. Шу сабабли бирдан безовталаниб қолган қизчасининг қайта-қайта манзиратларига жавобан:
— Раҳмат, қорним тўқ, — деди-да, чой ичиб ўтираверди.
Меҳриниса барибир иккита кабобни дадасининг олдига суриб қўяркан, одатига кўра, ширингина жилмайганча дадасини жуда яхши кўриб кетган маҳаллари айтадиган гапини такрорлаб:
— Дадажонимдан айнанай, — деб қўйди.
Меҳрибон ота учун бундан ортиқ мақтов бўлиши мумкинми ахир…
Кабобхўрликдан сўнг олма шарбатидан ичишди. Ана ундан кейин шоколад ейишди.
Ахийри, Нўъмонжон кутганидай, кўнглидаги гумонлари ариди ва отасинининг бир кунлик халифа эканлигига ишонч ҳосил қилди шекилли, Меҳриниса яна шўх-шодон, яйраб кулишга ўтди.
— Ҳали театрга борайлик, — дерди ич-ичидан севинчи тошиб бораётган ота ҳаяжон билан, — мазанинг зўрини ўша ерда кўрасан. Қорбобонинг ўзи “Қачон Меҳри қизим келаркин” деб совғасини қопига жойлаб ўтирибди…
Қизалоқ дадасининг гапларига чиппа-чин ишонар, тезроқ театрга боришга, Қорбобонинг қўлидан совға олишга шошарди.
Ота-бола мана шу кайфиятда театр биносига ёнига қўл ушлашиб, шахдам қадамлар билан етиб келишди ва…
Аввал қўйин чўнтагига, сўнг бошқа чўнтакларига шоша-пиша қўл солиб чиққан Нўъмонжоннинг юраги орқасига тортиб кетди — чипта йўқ эди.
Уйдан олиб чиққани аниқ ёдида бор, хотини ҳам “Эҳтиёт бўлинг” деб қайта-қайта тайинлаган эди. Демак чипта ё зоопаркда йўқолган, ё майдонда. Эҳтимол автобусга минганлари маҳал тушиб-пушиб қолгандир.
Болалар театрга гуррос-гуррос оқиб келардилар. Деярли бариси ё отаси, ё онаси етовида.
Отасининг қўлидан маҳкам ушлаб олган Меҳриниса гердайиб турар, ҳозир, тез орада дадажониси билан улар қатори театрга тушишини ўйлаб энтикарди.
Чипта эса йўқ эди. Чўнтакларини қайта-қайта кавлаштиравериш бенаф эканлигини англаган Нўъмонжоннинг пешонасига совуқ тер тошди. Бунақа пайтлари одам эсанкираб, нима қиларини билмай қолади.
Нўъмонжон довдираб турди-турди, ахийри қўлини қизчасининг қўлчасидан чиқариб олиб:
— Шу ерда қимирламай туриб тур, ҳозир келаман, — деганча театр биноси ён томонидаги “касса” деб ёзилган туйнук томон ошиқди. Афсуски, туйнук ёпиқ эди. Бу тушунарли, албатта: каникул пайти чипталар олдиндан тарқатилади-ку…
Бўшашибгина қизи ёнига қайтаётган Нўъмонжон “Чиқмаган жондан умид” қабилида кириш эшиги ёнига борди. Семириб кетганидан қорни олдинга осилиб тушган, ҳарсиллаб нафас олаётган, ёғочи чидамаганиданми, каттакон темир стулга ялпайиб ўтириб олган тунд башарали эшикбоннинг авзойидан яхшилик кутиб бўлмасди.
Шундай бўлса-да, Нўъмонжон саломни қуюқ қилди:
— Ассалому алайкум, амаки. Янги йиллар билан. Яхши юрибсизми…
Эшикбон ўсиқ қошлари орасидан Нўъмонжонга ўқрайиб қаради:
— Нима керак?
— Биласизми, амаки, склерозлигим тутиб, билетни уйда қолдирибман. Шунга, сиздан илтимос, қизчам хафа бўлмасин…
Дунёда бировдан бир нимани илтимос қилишдан оғири йўқ. Айниқса ҳамсуҳбатинг сенга ошкора ишонқирамай, шубҳаланиб қарай бошласа.
Эшикбон гапни чўрт кесди:
— Жой йўқ. Қизинг икки соат тик турмайди-ку…
Нўъмонжон тушунтиришга уринди:
— Ахир, бизнинг билетимиз бор, ўша жой бўш бўлади-ку…
Эшикбон ишонқирамай сўради:
— Нечанчи место эди?
Нўъмонжон елка қисди:
— Жой номерига қарамабман, амаки. Илтимос, ўтказиб юборинг…
Шу сўзларни айтаркан, Нўъмонжон ер остидан энди ниманидир кўнгли сезгандай жовдирабгина қараб, ўзи томон яқинлаша бошлаган Меҳринисага кўз ташладию, баттар эзилди.
Эшикбон пинак бузмади:
— Жой йўқ. Сенга ўхшаган одамларнинг гапига ишонаверсам, театрни одам босиб кетиб, туришгаям жой қолмасди.
Дили оғриган Нўъмонжон қизи яқинлашиб қолганлиги боис беихтиёр паст овозда сўради:
— Мен қанақа одам бўлибман?
Эшикбон бўйнини чўзди:
— Қанақа бўлардинг, ёлғончи одамсан-да. Бир ярим минг сўмлик билет учун қизингни ўртага қўйиб қасам ичаяпсан. Имонсиз…
Меҳриниса қабатига келиб қолган эди ва бу сўзларнинг барисини эшитди. Уят-номусдан Нўъмонжоннинг қулоқлари шанғиллаб кетгандай бўлди.
— Нима дедингиз? Ўйлаб гапираяпсизми? — деди у деярли шивирлаб.
— Тўғри-да, — баттар авж қилиб, деярли бўкириб гапиришга ўтди эшикбон. У нимагадир келасола отасининг пинжига суқилган қизалоқни кўргандан кейин баттар қутуриб кетди: — Оппоққина қизчангга битта билет оберолмасанг нима қилиб юрибсан эркак бўлиб?! Яна мени алдаганинг ортиқча. Қасамхўр!
— Дадажон, дадажон, кетдик! Уйга кетайлик! — жон ҳолатда Нўъмонжоннинг қўлидан торта бошлади қизалоқ.
Нўъмонжон ҳали бирон марта қизининг олдида бу қадар шарманда бўлмаган эди. Назарида театрга келаётган катта-кичик унга нафратланиб, ўғрига қараётгандай тикилаётган эди.
Уят, даҳшатли даражадаги уят шўрлик отанинг кўксини тилка-пора қилиб ўтгандай бўлди.
Зеро у қизчаси учун мардлик, шижоат намунаси эканлигини яхши биларди. Қизалоқнинг назарида отаси дунёдаги энг кучли, энг ақлли, энг сахий, энг меҳрибон, энг ростгўй одам эди. Қизалоқ бунга чиппа-чин ишонарди, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди…
Ҳозир эса мана шу ота бир семиз, тепса-тебранмас эшикбон ёнида ер билан битта бўлиб турарди…
— Дадажон, кетдик… — ёлворди қизалоқ.
Қизалоғи зўр бериб қўлидан тортаётганини илғаган Нўъмонжон унга эргашиб бир қадам ташладию, шу заҳоти тўхтаб, эшикбонга ўгирилиб, аста сўради:
— Сиз мени… ёлғончи дедингизми?
Бу овозда недир бир қаҳр, бетийиқ нафрат бор эди. Буни илғаган эшикбон жон ҳолатда чўнтагидан ҳуштагини чиқарасола чуриллатиб чалди.
Ердан чиқдими, осмондан тушдими, ишқилиб, шу заҳоти эшикбоннинг ёнида спорт либосини кийиб олган, йигирма ёшлардаги кирпи сочли бақувват бир йигит пайдо бўлди.
Эшикбон Нўъмонжонга ишора қилиб, ўзи ортга ташлади:
— Манави мени сўкди, ўлдираман, деб қўрқитди. Ўзининг билети йўқ экан, қизим билан мени ичкарига киритиб юбор, деб талаб қилди. Болаларни қўрқитаяпти…
Нўъмонжон ўзини оқлаш учун оғиз очишга ҳам улгуролмади. Уни қандайдир истеҳзо билан, мазах аралаш беписанд кузатиб турган йигитча ошиқча зўриқишсиз ҳам “ийя!” дея гавдасини чап томонга эгиб, ўнг оёғини баланд кўтарди ва кучли зарба Нўъмонжоннинг қулоқ чаккасига келиб тегди.
Нўъмонжон бир неча қадам нарига гандираклаб бориб йиқилди. Энг ёмони — шошилишда қўлини қўйиб юборишни ҳам унутган экан, унга қўшилиб Меҳриниса ҳам қулади-ю, иккинчи қўлидаги ўйинчоқ телефон отилиб кетиб, чил-чил синди…
Спортчи йигитча Нўъмонжоннинг бошига келди ва сўзларни чертиб-чертиб деди:
— Шу ерда яна қорангни кўрсам ўлдираман!
Меҳриниса изиллаб йиғлаб юборди:
— Дадажо-он!..
Зўравон саллона-саллона, елкаларини учириб-учириб юриб ортга қайтди ва театр ичига кириб кетди.
Нўъмонжон бир амаллаб ўрнидан турди. Томошага келаётганлар уни четлаб ўтишга уринишарди. Фақат бир жувоннинг ачиниш аралаш:
— Бечора… — дегани қулоққа чалингандай бўлди.
Нўъмонжон пиқиллаб, энтикиб-энтикиб йиғлаётган қизчасини етаклаб театр ёнбошига ўтди. Адашмаган экан, ариқда кўлмак сув бор эди.
Нўъмонжон рўмолчасини ҳўллаб аввал ўзининг, сўнг ариқ лабида ўзига қўрқув билан тикилиб турган, энтикиб-энтикиб қўяётган Меҳринисанинг уст-бошини артиб тозалади.
Шундан кейин ота-бола индамай йўлга тушишди. Бу сафар улар қўл ушлашиб олишмаган эди.
Нўъмонжон атай театр тарафдан юрмади, узоқ бўлса ҳам айланма йўлдан юрди.
Бояги хуш-хандон кайфиятдан асар ҳам қолмаган эди.
Нўъмонжон қизининг юзига қарашга қўрқарди. Бир ваҳимали ўй унинг ич-этини ерди: “Энди нима бўлади?..”
Нўъмонжон бир нарсадан, қизининг олдида уялиб қолишдан, унинг ўзига нисбатан чексиз ҳурматини йўқотиб қўйишдан чўчиб юрарди. Мана шу даҳшатли воқеа рўй берганди…
Майдондан автобус бекати томон ўтаётганлари маҳал Нўъмонжон йўл четига ўрнатилган, арча расми солинган дўкончани кўриб қолди.
Нўъмонжон шу томонга юрди.
Келиб кўрдики, чиройли салафан халтачаларга солинган янги йил совғалари сотилаяпти. Буни кўриб Нўъмонжон сал дадиллашгандай бўлди. Сўнг шоша-пиша чўнтагидан бор пулини чиқариб санаб кўрди. Бир минг олти юз қолибди. Энг арзон совға эса бир минг тўрт юз сўм тураркан.
Нўъмонжон совғани олаётганини кўрган маҳал қизалоқ безовталаниб уни туртди:
— Керак эмас, дадажон… Кетайлик…
Нўъмонжон, гарчанд овози титраётганини сезса-да, иложи борича хотиржам оҳангда гапиришга уринди:
— Қорбобо сенга аталган совғасини шу ерга ташлаб кетибди…
Шу сўзларни айтаркан, Нўъмонжон лаблари қийшайиб кетаётганлигини ҳис қилди. Унинг ўпкаси тўлиб турарди. Агар қизи ёнида бўлмаса, эҳтимол, кўз ёшларига эрк берармиди…
Қизалоқ совғани олди. Сўнг:
— Дадажонимдан айнанай, — деб раҳмат айтган ҳам бўлди.
Фақат бу сўзларни Меҳриниса чин юракдан эмас, қўрқа-писа айтди. Зеро, қизалоқни отасининг аҳволи, кўз қарашлари қўрқувга солмоқда эди…
Нўъмонжон чўнтагида қолган икки юз сўмни маҳкам қисимлаганча бекат томон юрди. Уйга етиб олсин, кейин… Кейин нима бўлишини Нўъмонжоннинг ўзи ҳам билмасди. Аммо у тезроқ уйга етиб олишга, хонага қамалиб олишга, эркатой қизалоғининг кўзидан нарироқ бўлишга интиларди… Токи кўнглини тилка-пора қилаётган уят, номус, шармандалик ҳислари билан ўзи яккама-якка қолсин…
Нўъмонжоннинг бахтига, автобус тезда келақолди. Йўловчилар кўпроқ экан. Аммо ота-бола олдинги эшикдан амаллаб ичкарига кириб олишди.
— За проезд! — қичқирди кимдир Нўъмонжоннинг ортидан.
Ўгирилишнинг иложи йўқ эди. Шу сабабли Нўъмонжон чўнтагидан иккита юзталик чиқариб, ёнида турган йўловчига тутди:
— Илтимос, биттага узатворинг.
Эллик ёшлардаги йўловчи жувон пулни олиб, чиптачига узатди. Шу маҳал орқадан яна овоз келди:
— Яна бир юз йигирма.
Бекатда фақат қизи билан иккови автобусга чиққани яхши эсида қолган Нўъмонжон ажабланиб, айни пайтда юраги зирқираб ёнидаги ҳожатбарор йўловчидан сўради:
— Йўл ҳақи ошдими?
— Йўқ, бир юз олтмишдан.
Худди шу лаҳзада ортдан эшитилган амирона овоз Нўъмонжонни ўгирилишга мажбур этди:
— Болангга пул тўла!
Ўн олти-ўн етти ёшлар чамасидаги чиптачи ўзига кўзини лўқ қилиб қараб турарди. Бу ўсмир йигитчадан “гуп” этиб қўланса папирос иси келди.
Нўъмонжон Меҳринисани қўлидан тутиб сал олдинроққа олиб ўтишга уринаркан:
— Бу ҳали еттигаям тўлмаган, — деди иложи борича мулойимлик билан.
— Ёлғон ҳам эви билан-да, ака, — деди чиптачи беписанд, ҳаттоки нафрат оҳангида. — Бу сўлоқмондай болангиз камида ўн бирга боргандир.
Нўъмонжоннинг миясига қон гуп этиб урилди. Бояги эшикбоннинг ҳақоратлари, зўравоннинг калтаклари, қизининг олдида шармандаи шармисор бўлгани — буларнинг бариси унинг сабр косасини тўлдиргандию, мана энди безбет чиптачининг ҳақоратомуз гаплари сўнгги томчи бўлиб қуйилмоқда эди.
— Оғзингизга қараб гапиринг, ука, — деди Нўъмонжон титраб-қақшаб. — Турса чиптангиз бир юз олтмиш сўм турар, менинг болам эмас.
Чиптачи Нўъмонжонга ёвқараш қилиб, баланддан келди:
— Автобусга миндингми, марҳамат қилиб пулини тўла. Отангнинг таксисида текин катайса қилдирасан болангни. Бир юз олтмиш сўм учун қизингни ўртага қўйиб қасам ичаяпсан. Эркакмисан ўзи…
Дир-дир титраётган Нўъмонжон қизининг жон ҳолатда қўлидан торта бошлаганинию:
— Дадажон… дадажон… — деб ёлвораётганини ғира-шира ҳис қилди.
Худди шу маҳал бўғриқиб кетган, лаблари пир-пир учаётган Нўъмонжонга бир кўз ташлагандаёқ зиддиятнинг даҳанаки жанг доирасидан чиқиб кетаётганини илғади шекилли, жувон тезлик биланг жажжи сумкачасидан беш юз сўмлик чиқариб, чиптачига узатаркан:
— Бешигини тебратганмисан, нимага “сен”лайсан отанг тенги одамни! — деди дўқ аралаш. — Ма, манавиндан ол оладиганингни. Сен аввал одамни ҳурмат қилишни ўрган! Ким қўйиб қўйди ўзи сени бу ерга? Ёшинг нечада?
Пулни олган заҳоти бирдан мулойим тортиб қолган чиптачи ялтоқилик билан ўзини оқлашга уринди:
— Биздаям план бор, кеннойижон…
Жувон тўнғиллади:
— Биламиз қанақа планларинг борлигини…
Уят-номусдан адойи тамом бўлган Нўъмонжон нима қилаётганини ўзи ҳам тўла идрок қилмаган ҳолда… беихтиёр шоша-пиша чўнтакларини кавлай бошлади. Гўё мўъжиза юз берадию, бирор чўнтагидан юз йигирма сўм чиқиб қолади. Бир чўнтак, иккинчи чўнтак, учинчиси… Уларнинг бариси бўш эди. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, ахир…
Нўъмонжон ҳамон довдираган, карахт аҳволда шимининг орқа чўнтагига қўл солди ва бармоқларига силлиқ бир нима илашганини ҳис қилгандай бўлди. Наҳотки…
Нўъмонжон ҳовлиққан тарзда ўша нарсани олди. Бу ғижимланган иккита чипта эди. Янги йил томошаси чипталари… Қизи билан ўзига…
Чипталарга анграйиб қараб қолган ота ёнида турган қизалоғининг пичирлаганини эшитгандай бўлди:
— Дадажонимдан айланай…