5-синф ўқувчилари жисмоний тарбия дарсида юз метрга югуриш синовидан ўтадиган бўлишди. Мамасоли ака болаларни стадионга олиб чиқди.
“Старт” деб ёзилган чизиққа тўрт ўқувчи қўйилди. Уларнинг орасида синф чопағони Носир ҳам бор эди.
Қолган болалар билан “Финиш” деб ёзилган чизиқ ёнида турган Мамасоли ака секундомер тутган қўлини юқорига кўтариб, пастга туширди ва қичқирди:
— Марш!
Тўрт ўқувчи бирдан чопиб кетишди. Носир зувиллаб учиб келиб, финиш чизиғидан биринчи бўлиб ўтди.
— 7 сония! — деб юборди секундомерга қараган Мамасоли ака ҳайрон бўлиб.
Болалар чувиллашиб Носирни олқишлашди:
— Қойил!.. Ўзиям мингга қўйиб учдинг-а!..
— Топширдимми, устоз? — деб сўради Носир ҳарсиллаб.
— Бўлиши мумкин эмас! — деди ҳамон кўрсаткичдан кўз узмаётган Мамасоли ака баттар ажабланиб — Ахир бу жаҳон рекордидан ҳам юқори-ку! — Ўқитувчи вақт ўлчагичини бир-икки силкитиб кўрди. — Бузилганга ўхшайди. Қани, шу гуруҳ яна бир марта югуриб кўрсин-чи.
Тўрт ўқувчи финиш чизиғига боришди. Яна старт берилди ва Носир яна зувиллаб келиб финиш чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди.
Мураббий баттар ҳайрон бўлиб, кўзларини пирпиратди:
— Ё тавба! Олти ярим сония! Бўлиши мумкин эмас! Бу ахир… бу ахир…
— Топширдимми, устоз? — деб яна сўради Носир ҳарсиллаб келиб.
Мамасоли ака шубҳаланиб юз метрлик масофага қаради:
— Шу сал камроқми дейман-да, саксон-тўқсон… йўқ, нари борса етмиш десак, ҳм-м, олти ярим сонияни учдан бирга оширсак… йўқ, барибир бўлиши мумкин эмас!
Мамасоли ака Носирга қаради:
— Бу нима деган гап, а, Абиров?! Ахир ким ҳам ишонарди бунга? Менга қўшиб ёзгансан дейишади. Бунақаси бўлиши мумкин эмас, дейишади, тамом-вассалом….
Носир ҳам ҳайрон:
— Нима қилай, устоз?
Мамасоли ака ўйланиб қолди, чаккасини қашиди, ахийри бир қарорга келди:
— Менга қара, Абиров, югурсанг ҳамма қатори югур. Тушундингми? Ортиқча ғалванинг нима кераги бор? Барибир ҳеч ким ишонмагандан кейин… Хўпми?
— Хўп, устоз.
— Бу бошқа гап. Қани, болалар, яна бир марта.
Тўрт ўқувчи яна старт чизиғига бориб туришди. Старт берилди. Бамисоли учиб келаётган Носир ярим йўлда тўхтаб, шериклари ўзидан ўтиб кетишини, деярли финишга етиб олишини кутиб турди. Кейин чопиб бориб, барибир биринчи ўринни олди.
Мамасоли ака секундомерга қараб мамнун бўлди:
— 14 сония! Бу бошқа гап. Ана энди ўхшади. Бўлар экан-ку.
— Топширдимми, устоз?
— Топширдинг, Абиров, топширдинг. Маладес! Баҳойинг “4”.
Носир эътироз билдиришга уринди:
— Устоз, мен синфнинг энг чопағониман…
Мамасоли ака унинг гапини бўлди:
— Бор, халақит берма, бўлмаса “икки” қўяман.
Носир елкасини қисиб қўйганча нари кетди. Мамнун Мамасоли ака болаларга қаради:
— Қани, энди кимнинг навбати?..