Абдуқаюм Йўлдош. Бой (ҳикоя)

I

Оддийгина кўклам кунларидан бирида Ўзбековул чўпонсиз қолди. Гап шундаки, йигирма йил мобайнида бу касбни ҳалол ва беминнат адо этиб келган Норбой бобо туман ижтимоий таъминот бўлимига қатнай-қатнай, ахийри бир амаллаб қарилик нафақасини тўғрилаб олди-ю, ўзининг ҳам роса жонига тегиб юрган эканми, кўк ҳангисини шу куннинг ўзида арзон-гаровга сотиб юборгач, энди кўликсиз қолганини, яёв юрса оёғи оғришини рўкач қилганча, “ола таёғимни кимга берсаларинг бераверинглар, бизники энди бўлди”, деган қатъий қарорини эълон қилди.
Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ. Шу кунга довур аксарият раият “сенам одаммисан” дегандай андак юқоридан келиб қарайдиган, тўй-маъракаларга, қўноқлар олдигаям чақирилавермайдиган, байрамларда йўқланмайдиган Норбой бобонинг қадри бир кунда билинди-қолди.
Ям-яшил қирда молларни сурнай чалиб боқиб юрадиган, чўпонлик таёғини фахр ила ўз сулоласи вакилига топширадиган чўпон фақат киноларда, тузсиз телекўрсатувларда ёинки бачкана газета мақолаларида бўлади. Воқелик эса сал бошқачароқ. Чунончи, Ўзбековулда мол боқиладиган майдон тобора камайиб бормоқда, бу эса чўпоннинг бошига ит азобини соладиган даражадаги муаммоларни қалаштириб ташламоқда эди. Мисол учун, кейинги уч-тўрт йил ичида далага адашиб кириб кетган мол ҳеч қандай гап-сўзсиз сўйилиб, гўшти давлат ҳисобига ўтказиб юбориларди. Табиийки, бу мол учун жавобгарлик чўпоннинг зиммасида. Ана энди жанжални кўринг. Эгаси “Тўла!” дейди, чўпон ўзини айбсиз қилиб кўрсатишга уринади. Бунақанги бошоғриқлар истаганча, ҳатто керагидан ортиқ даражада топилади…
Хуллас, қишлоқни кунига бир чимдим бўлсаям кўк ўт еб, қуруқ ўт-сомондан чиқиб кетган молларнинг аянчли ўкириши тутиб кетди. Не-не келинчаклар ўроқни қўлтиққа қисиб далага жўнаворишган, эгилиб бир тутам ўт юлиб келишни ўзига ор санаган не-не эркаклар уйларидаги заифаларининг аччиқ-тизиқ таъна-дашномларига чидай олмасдан чопоннинг барини қайирганларича чойхонага қочиб чиқишган…
Ҳар не бўлса-да, ушбу мушкул вазиятдан чиқиб олмоқнинг йўлини қидирмоқ ва топмоқ жоиз эди. Ёшлар таёқ кўтариб, “оши ҳалол” йиғиб юришдан ор қилишади, кексаларнинг эса барисига вазифа тақсимланиб бўлинган: ким жарчи, ким даллол, ким ёзғувчи, ким битмайдиган жойниям битириб қайтадиган совчи, ким элликбоши…
Чойхонадаги йиғин эрталабдан то намозшомгача давом этди. Бировлар номзод кўрсатишдан чарчамади, бошқалар эса минг бир асосли далиллар билан уларни рад этишдан. Ҳалиги, ўз номзодини қайтиб олувчилар бор-ку, уларнинг сони ҳам ўн бешларга бориб қолди-ёв.
Алоҳа, бешинчи марта қайнатилган улкан самовар бўшаши арафасида аксарият якдил бир тўхтамга келдики, чўпонликка Абдирайим қаттиқнинг кенжа ўғли Хўроз духёлдан муносиб одам йўқ!
Тўғри, аввалига Абдирайим тоғанинг ўзи қаттиқ оёқ тираб туриб олди. Лекин совчиликка боравериб, тили ипакдай эшилиб кетган Эшвой мерганнинг сўзамоллиги шу ерда қўл келди.
– Менга қара, Абдирайим жўра, – деди мерган салмоқланиб. – Овулда камида икки юзта қорамол бор. Ҳа, ана, катталарники шулардан қирқтаси дейлик. Шундаям бир юз олтмиштаси қолади. Нархни оширмасанг ҳам ойига икки қоп уннинг пули шундайгина киссангга тушиб турибди-да. Икки қоп ун-а!..
Мерганнинг чуқур мулоҳазали нутқи, айниқса икки қоп ун борасидаги ҳисоб-китоблари охир-оқибат Абдирайим қаттиқни таслим этди.
Йиғин тугаб, мушкул вазифани шараф ила адо этганидан мамнунлик туйган овул фаоллари кўкракларини керганларича уй-уйларига тарқалишаркан, биз фурсатдан фойдаланиб, воқеамиз қаҳрамони бўлмиш Хўрозқул хусусида мухтасар маълумот бериб ўтсак.
Вақтида тўйларда ароқ тўла косага нон тўғраб ейи­ши билан машҳур бўлган Абдирайим қаттиқнинг кенжа ўғли ақлан сал заифроқ бўлиб ўсди. Овулимизда “довдир, меров”, қисқаси, “жинни” маъносини билдирадиган “Духёл” лақаби ҳам Хўрозқулга шу сабабли тақалган. Болапақир мактабниям ёлчитмади. Бир амаллаб ҳижжалаб ўқишни, пул санашни ўрганиб олгач, учинчи ё тўртинчи синфдайди шекилли, хуллас, мактаб билан хайр-маъзурниям насия қилганча ота кўрсатмасига биноан ўзини уй ишларию томорқа парваришига урди. Шундан буён “фақир киши панада” қабилида эл кўзидан йироқда, жимгина кунини кўриб юради.
Хўрозқул ёш болалар учун яхшигина эрмак эди. Тез-тез шумтакалардан биронтаси деворга чиқиб олиб, ҳовлида тимирскиланиб юрган қаҳрамонимизга қарата “Хўро-оз!” деб қичқириб қолса, Хўрозқулимиз дарров шу тарафга ўгириларди-да, худди ош еяётгандай, ўнг қўлининг бармоқларини жуфтлаб, катта очилган оғзига олиб борганча айлантираверарди. Мабодо чақирувчи яна бир марта “Хўро-оз!” деб қолса борми, тамом, қаҳрамонимиз буткул жўшиб кетганча, энди қолган беш бармоғиниям оғзига яқин олиб борганча айлантираверарди, айлантираверарди. Орадан не фурсат ўтиб, машғулотини тугатгач эса, зўр ишни уддалаб, энди қонуний олқишини кутаётган болакайдай иршайиб тураверарди.
Ушбу нақлимиз муқаддимасида ё ўн тўққиздан йигирмага, ёинки йигирмадан йигирма бирга ўтган Хўрозқулимиз шунақа бола эди.
Овул фаоллари йиғинида балки қаҳрамонимиз исми мутлақо тилга олинмаган ҳам бўларди. Бироқ, тасодифни қарангки, бир ойча бурун, тўппа-тўсиндан Хўрозқулнинг исми жуда машҳур бўлиб кетганди. Ўзбековулнинг бош ҳисобчиси Зикир тирриқнинг хотини Гулафзал чеча қўшни қишлоқдаги опасининг уйидан мўлжалига қараганда икки кун эртароқ қайтади ва “Марказга бир ҳафтага ҳисобот топширишга кетаман” деган эрини уйда, яна бегона бир аёл билан бемалол ошхўрлик қилиб ўтирган ҳолда кўради. Хотинининг айюҳаннос солиб, меҳмоннинг юзини тимдалашга чоғланаётганини кўрган ҳисобчи жон ҳолатда орага тушиб, шошганидан бўлса керак: “Бу меники эмас, буни мен Хўрозқулга обкелдим!” деб юборади…
Шу-шу, овулда бирон бегона қиз-жувоннинг шарпасини илғаб қолишса бас, одамлар: “Бу хоним Хўрозқулга тегишли-да!” дея қочириқ қилишга тушардилар.
Ҳар ёмоннинг бир яхши томони бор, деб бежиз айтишмаган. Табиат қаҳрамонимизни ақлдан қисгани билан куч-қувватдан роса сийлаганми ёхуд бола бечора ҳовлида тимирскиланиб юравериб сиқилиб кетган эканми, ишқилиб, кенг далага чиқди-ю, орқаси ер искамайдиган бўлди. Итда тиним бор, битда тиним бор, ҳа, ана боринг, қурт-қумурсқаю қуш-даррандада тиним бор, бизнинг Хўрозқулда тиним йўқ. Пичоқда ўхшатиб ишлов берилган ола таёғини елкасига ташлаб олганча гоҳ поданинг бошида пайдо бўлиб қолади, гоҳ охирида, гоҳ ўртасида… Ҳатто тол туш палласиям сигирлар яйдоқ далада эринибгина кавш қайтариб ётган маҳал уларнинг орасида чўпонимиз калити бураб қўйилган қўғирчоқдай питирлаб юрганини кўриш мумкин эди.
Аҳли овул: “Ниҳоят чўпонга ёлчидик-да!” дея енгил нафас олди. Ҳайтовур, бу ёқда раият хурсанд, у ёқда ойига икки қоп уннинг пулини қуртдай санаб олаётган Абдирайим қаттиқ; орада Хўрозқулимизга ҳам у-бу томиб туради шекилли, кунда-кунора ўн бармоғини оғзида айлантириб, минг қўйли бойдай иршайгани-иршайган…

II

Камдан-кам учрайдиган воқелик, яъни ҳар учала томон ҳам бир биридан ризолик туйиб, аҳил-тотувликда кечирилаётган кунларнинг бирида ошдан тош чиқиб қолди.
Буни энди тўппа-тўсиндан “тош” деб ҳам атаб бўлмайди. Дейлик, даставвал юмшоққина бир нимайди, бора-бора қаттиқлашди, ниҳоят тошга айланди…
Халқ, бари бир, доно-да. Бундай пайтлари соддагина қилиб: “Кўрмаганнинг кўргани қурсин”, дейди-қўяди. Жуда тушунмасангиз, “Етишган етти иштон ки­йибди” деб қўшиб қўяди.
Ким эканлигини энди ҳеч бир ўзбековуллик аниқ айтиб беролмайди, ҳар қалай, молини текин боқ­тирадиган раҳбарлардан бирови бўлса керак, эрталаб подага молларини қўшишга олиб чиққан маҳал жафокаш чўпонимиз шаънига бир-икки мақтов сўзларини айтиш ва унинг елкасига оталарча ғамхўрлик ила қоқиб қўйиш билан кифояланмай, қўлига битта илвираб қолган бир сўмликни тутқазади.
Хўрозқулнинг денг, боши осмонда, тилла топган гадодай, кўринганга бир сўмлигини кўз-кўз қилиб, иршайгани иршайган. Ҳар қалай, ойлик пулни отаси йиғиб олиши сабабли, қўли пул кўрмай юрган-да бечора.
Ҳай, майли, кўнгил-да; ушбу ҳодисот балки ўз-ўзидан унутилиб, барҳам ҳам топиб кетарди, аммо сахий амакимиз чоғроқ бир даврада ўз ҳотамтойлигини писанда қилиб ўтишни уддалайди. “Шу-у, – дейди амаки салмоқланиб тебранаркан, уч-тўрт бор машқ қилиб, роса ҳадисини олган мурувваткорона оҳангда, – анчадан бери Абдирайим қаттиқнинг чўпон улига ҳар куни уч-тўрт сўмдан бериб тураман, барака топсин, болапақир биздинг сийирларди бир бошқача тўйдириб, сағринини ялтиратиб қайтади-ей. Билмадим, уккағар, ем-пем берадима?.. Отасига раҳмат аммо-лекигин!” Албатта, раҳмат аслида кимнинг бузрукворига қаратилгани хусусида баҳслашишимиз мумкин. Ва-лекин, ўтлаб кетишдан ўзимизни тийиб, воқеанинг мухтасарроқ баёнига ўтадиган бўлсак, қўпол бир нақл бор-ку: “Қўшнингнинг хотини қиз кўринади”, деган, ана ўшанга ўхшаб, даврадагилардан бири қўйиб-бири олиб, ҳақиқатан-да сахий амакининг моллари даладан қоринларини бошқача қаппайтириб қайтиши, елинлари бошқача тирсиллаб туриши хусусида ўзларининг “Гап бу ёқда экан-да” қабилидаги мулоҳазаларини тўкиб солишга шошдилар.
Ушбу мусоҳаба ҳосиласи сифатида ярим кечаси кимдир исириқ тутатиб, моллари бошида айлантириб юрганини ҳамда эртаси куни Хўрозқулимизнинг қўлига нақд етти сўм тушганини қайд этиб ўтмоғимиз жоиз. Етти сўм-а!
Айниқса, сахий тоғалардан бири гуриллаб: “Бешни ташла! – дея чўпонимизнинг кафтига қарсиллатиб ураркан, – шундай пуллардан бир қопини йиғсанг, зўр хотин олиб бераман!” қабилида ваъдани қуюқ қилиб юбориши воқеамизни тадрижий ривожланишдан олиб, жадаллаштиришнинг қия сўқмоғига солиб юборди.
Орадан бир ой ўтар-ўтмас Хўрозқулимиз молини подага қўшишга ҳайдаб чиққан ҳар бир овулдошимизнинг қўлига суқланиб қарайдиган одат чиқарди. Энг аянчли ҳамда кулгули томони шунда эдики, ўша одам бир сўм ёки уч сўм берса-берди, бўлмаса… тамом деяверинг. Қўли қисқалик қилганми, хасисликми – бунинг фарқи йўқ. Ит тинади, бит тинади, қурт-қумурсқа тинади, қуш-дарранда тинади – бизнинг Хўрозқул тинмайди, ола таёғини азот кўтарганча айнан ўша пул бермаганларнинг молини тирқиратиб қуваверади, қуваверади. Шўрлик тилсиз жониворлар ҳалоллаб на бир тутам ўт ея олади, на бир қултум сув ича олади – балои қазодай қайдандир етиб келган Хўрозқул таёғи билан оч биқини аралаш бош-кўзига аямай ураверади… “Хасис” моллар думини хода қилиб у ёққа қочади, бу ёққа қочади, кечқурун қорни қапишган, кўзидан ёш оққан, сулайган, йиқилгудай аҳволда тентираганча бир амаллаб ҳовлисини топиб келади. Ана шундан кейин ҳам молига жони ачиган киши киссасини кавламай кўрсин-чи.
Ахир, эл барибир доно-да. Ўхшатиб, топиб айтган: “Аҳмоққа закун йўқ”. Қани, овулдан қайси мард Хўрозқул билан тенг бўлади, ким у билан олишади? Ахир, аслини олганда у ҳали бола-ку! Бунинг устига ҳалигидақа! Одам деган сал бағри кенгроқ бўлиши керак-да! Қўйинглар, ундан кўра беринглар ўша эл қатори атаганларингни, қулоғимиз тинч бўлсин, молимизам…
Алқисса, йиғила-йиғила бир сўмлик-уч сўм­лик­лар­дан бир ун қоп тўлди. Хўрозқул хотин борасида доно маслаҳат берган тоғасини етаклаб борди-да, хазинасини кўрсатди. Донишманд тоға сарғайган мўйловини силаб бир чуқур ўйларга толди, сўғин, нечукдир янги хром этигида қопни уч-тўрт бор тепиб кўриб, неларнидир чамалади. Алоҳа, жамғармадан бир қисим олиб, кител шимининг чуқур чўнтагига соларкан: “Бу тоғабаччаларингга”, дея изоҳ берган бўлди-да, ниҳоят жиянига иккинчи қимматли маслаҳатни берди: “Жиян, йиққанинг қалин пулига етсаям катта гап. Тўй бор, сарпо-парпо дегандай. Хотин оламан десанг, сен энди ўнталик, йигирма бешталик пулдан йиғ!”
Айтилган сўз – отилган ўқ. Оқил жиян иршайиб кулди. “Жияман!” деди. Жийдиям!
Мана шунда Хўрозқулимизнинг хотираси фав­қулодда кучли эканлиги яна бир бор аён бўлди-қолди. Яхшиям, овул аҳли бахтига ўша кунлари пул сал қадрсизлана бошлаганди, лекин шунга қарамасдан бир сўмгинани топишнинг ўзи осон эмасди. Шунинг учунми, Хўрозқул сал инсофга келиб, пастроқ тушди ва худонинг берган куни эмас, ҳафта-ўн кунда мол эгаларидан ўн сўмлик, йигирма беш сўмлик кўринишидаги солиқ олиб турадиган бўлди. Сиз агар Хўрозқулимизнинг яйловда қайси ҳўкиз ёки сигирни тирқиратиб қувиб юрганини кўрсангиз, билаверингки, ўшаларнинг эгаси ўн кундан ошиб кетсаям чўпонимизнинг “законний налуги”ни тўламаган бўлиб чиқади.
Янглишиш ҳақида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Эл адашса адашар, лекин бизнинг Хўрозқулимиз адашмасди…
Йил охирига бориб овулда боқувга олиб чи­қи­ладиган моллар туёғи деярли икки баробарга камайиб кетди. Хўрозқулнинг кўнглини овлашдан чарчаган ёки бунга қурби етмай қолганлар аста-секин молларини уйда боқишга ўтдилар.
Худди ўша кунлари мен ғалати бир хабар эшитиб қолдим. Айтишларича, Хўрозқул судхўрлик қила бошлабди, яъни баъзи овулдошларига устамаси билан қайтариш эвазига қарз бера бошлабди. Элчилик, бунақа одамлар ҳамиша чиқиб туради: кимнинг тўйи бор, кимнинг маъракаси.
Аввалига бу гапга ишонмадим. Аммо Норқул бригадир кўпчиликнинг олдида кўзларини катта-катта очганча:
– Абдирайим қаттиқнинг улидан бир ойга ўн минг олиб, ўн бир минг беш юз қилиб қайтардим, – деб тургандан кейин ишонмай қайга ҳам борардим.
Энг қизиғи, Хўрозқулнинг пулни тийин-тийини­га қадар аниқ санаши, фоизни ҳам тўппа-тўғри ҳи­соблаши, асло адашмаслиги, бу борада унча-бунча ҳисобчиларни ҳам йўлда қолдириб кетиши ҳақидаги гап-сўзлар эди.
Очиғи, бу гапларга унчалик парво қилмадим. “Болапақирнинг иккинчи истеъдоди очилибди-да”, деб қўя қолдим. Бунинг устига воқеалар тафсилоти билан тўлиқ танишиб ўтиришга фурсатим ҳам бўлмади: армияга кетдим.

III

Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтди. Таътилга қишлоғимга келдим.
Тошкент аэропортидаги таксичилар ўртасида мисли кўрилмаган талашиш-тортишиш, силтовлар, дўқ-пўписалар, олиб қочиб кетишлардан бир амаллаб асраб қолган катта жомадоним ёнимда. Кайфим чоғ. Уддабурон таксичи акамиз ҳам магнитофонни варанг­латиб қўйган.
Туман марказидан ўтиб, овулга қайрилиш йў­ли­даги усти ҳали-ҳамон ёпилмаган ночоргина бекатда қаққайиб турган Норқул поччамни кўриб қолиб, машинани тўхтатдим.
Поччам билан қучоқлашиб кўришдик.
Машинага ўтирдик. Қариндош-уруғларни, уйдагиларни сўраб чарчамайман, поччам жавоб бериб.
Ҳатто мана шу чанг кўчалар ҳам одамнинг кўзига иссиқ кўринаркан.
Овулга яқинлашган маҳалимиз кўзларимга қалқ­қан қувонч ёшларини яширинча артиб олдим.
Поччам ёнбошида турган тугунчани олдинги ўрин­диққа қўйди.
– Магазиндан озроқ соримой обидим. Эриб кетмасин.
Мен кулдим:
– Қишлоқда яшаб туриб, дўкондан сарёғ сотиб олгандан кейин…
Шу пайт бизни оппоқ “Волга” қувиб ўта бошлади. Бундай разм солсам, рулда сулувгина жувон. Чангда қолган машинамиз секинлашгач, ҳазиллашгим келди:
– Ўҳ-ҳў, қишлоғимизда янги қиз пайдо бўптими? Ҳойнаҳой, Хўрозқулга тегишлидир?
Назаримда, бу гап билан мен ҳалиям овулни ҳатто майда-чуйда гап-сўзларига қадар унутмаганимни, соғинганимни таъкидлаб ўтмоқчийдим. Аммо оғзининг таноби қочиб ўтирган поччам бирдан бе­зовталаниб, у ёқ-буёғига қаради, сўнг жиддий тортиб, тасдиқ маъносида бош қимирлатди ва ҳурмат-эҳтиром билан деди:
– Ҳа, ҳа, Хўрозбойнинг иккинчи хотини.
– Ие, – қулоқларимга ишонмадим мен, – Хўрозқул қачондан бери қўшхотинли бойга айланиб қолди?
– Анчадан бери, – синиқ кулимсиради поччам. Сўнг хўрсиниб қўйди. – Умуман, укам, сен қишлоқда бир йил бўлмадинг. Бу орада кўп нарсалар ўзгариб кетди.
– Овул жойидами ахир?
– Худога шукр, жойида… Энди, ука, мен шу ерда тушиб қолсам.
– А?
Поччам кўзларини олиб қочди:
– Суюнчини таксичи акам олар. Мен шу ерда тушиб қолай.
– Почча, янги уй олдиларингизми?
– Йўғ-э!
– Ҳамсоя эдик шекилли?
– Ҳа, энди… Бўлмаса, ука, нима десанг де, лекин аввал Хўрозбойникига кириб…
– Қаёққа?
– Хўрозбойникига. Уйиям шундай йўлнинг бўйида. Шундай-шундай, армиядан келаяпман, дегандай…
Назаримда, поччам мени мазах қилаётгандай эди.
– Нима, у суюнчи бергич бўлганми?
– Энди, ука, – типирчилаб қолди поччам, – шундай кириб, арзимаган бир-иккита нарса совға қилсанг…
– Кимга? – тамоман гарангсиб қолдим мен.
Поччамнинг жаҳли чиқди:
– Айтдим-ку, Хўрозбойга деб!
– Нега энди? Армияга у мени юборганмиди?
– Нега, нега, дейсан-а! Айтдим-ку, овулда кўп нарса ўзгариб кетган деб.
– Нима ўзгарган ахир?
– Кўп нарса, – дея жеркиб берди мени поччам. – Сен ҳали ёш боласан.
– Хўрозқулдан катта эдим шекилли?
Поччам чидай олмади – тамомила бўғриқиб кетди:
– Ҳой, ука, шундай кириб, хизматдан отпускага келдим, бизга нима хизмат бор, деб бир оғиз айтиб қўйсанг, нима, бир жойинг камайиб қоладими?
– Почча, мени мазах қилаяпсизми?
– Уф-ф! Нега тушунмайсан-а?! Чулчитмисан нима бало?!
– Бундай тушунтириб гапиринг-да бўлмаса!
– Тўхтатинг мошинани! Ака, илтимос… Гап шу: ё ҳозир тўғри Хўрозбойникига борамиз, ё мен тушиб қолиб, яёв кетаман!
– Нега ахир, почча?
– Уф-эй! Қани, туш-чи бу ёққа.
Иккаламиз машинадан тушиб, йўлнинг бу чеккасига ўтдик.
– Ука, – шу сўзни айтаркан, поччамнинг товуши тит­раб кетди. Ўзиям кичкинагина, муштипар одамга айланиб қолгандек бўлди. – Ука, беш-олти кун турарсан, ўзинг ҳаммасини тушунарсан, тушунмасанг, халтангни кўтариб армиянгга кетарсан. Биз бу ерда қоламиз. Элда гап ётмайди. “Фалончи армияда ишлаётган қайниси билан келаётиб Хўрозбойнинг уйи­ни босиб ўтибди”, деган гап чиқса… менгаям яхши бўлмайди, сенгаям.
Мен чидай олмасдан баралла кулиб юбордим:
– Ё сиз жиннисиз, почча, ё мен. Ўлай агар бир нарсани тушунган бўлсам.
Поччам яна тутақиб кетди:
– Сен жиннисан! Ўша ёқларда стариклардан таёқ еявериб, сатрясена мазга бўлиб қолгансан!.. Эй, мусулмон, ахир ўзбекчалаб айтаяпман, шундай кириб: “Хўрозбой ака…”
– Ака?
– Уф-ф! – йиғлагудай бўлди поччам. – Айтдим-ку, сен кетасан, биз қоламиз деб…
– Шунга нима бўпти?
– Нима бўпти дейдия яна!.. Эртан Хўрозбой хафа бўлиб қарзини сўраб турса, емдан сиқса, мойдан сиқса…
– Қанақа мой?
– Мой-да, оқ мой! Мойсиз овқат пишириб бў­ла­дима?
– Энди овқатга ўтдингиз, почча…
– Менга қара, тушунмаганингни кейин тушуниб оларсан. Ҳозир гапнинг қисқаси шу: ё мен билан Хўрозбойникига борасан, ё мен яёв кетаман! Агар ўзинг кетадиган бўлсанг, бир-биримизни кўрмадик, тамом-вассалом. Уйингга борганда қайтадан кўришаман.
– Йўқ, почча, – энди менинг қоним қайнай бошлади. – Ё сиз менга ҳозир ҳаммасини тушунтириб берасиз, ё ҳозирнинг ўзида сизни зўрлаб мошинага тиқаман-да…
Менинг ҳезланганимни кўрган поччам хавотирланиб орқага чекина бошлади.
– Жон ука, менинг бўлмаса опангнинг ҳурмати, Хўрозбойникига…
– Э, тупурдим ўшанингизга! Пишириб қўйибдими менга духёлнинг уйида!
Ранги кесакдай оқариб кетган поччам атрофга жовдираб аланглади.
– Бўлди-ей, биров эшитиб қолади!
– Эшитса нима? Духёлни духёл дейман-да!
– Бўлди, дейман! – поччам қошимга илдам келиб, атрофга олазарак аланглаганча пичирлаб гапира бошлади. – Ука, сенинг ўзи эсинг кўп-ку, тушунасан-ку барини. Биласан, аҳмоққа закун йўқ. Сен у билан тенг бўлма. Ўзи бир аҳмоқ бўлса.
– Шу ўзимизнинг чўпон Хўрозқулни айтяпсизми?
– Э, у ҳозир чўпон эмас, овулнинг энг бой одамларидан. Обрўли. Икки қаватли қаср қуриб олган. Иккита хотини бор. Биттасини ҳозир кўрдинг. Пул одамни ўзгартириб юбораркан… Фермани сотиб олган. Ем-пем, ўт-пўт – бариси қўлида. Магазинларнинг барини хусусийлаштириб олган… Хўрозбойнинг ўзи ёмон эмас. Яхши. Қарз сўрасанг йўқ демайди. Процентга беради. Фақат сал инжиқлиги бор. Обрўталаброқ. Эътиборни яхши кўради. Айтганини қилсанг сендан яхши одам йўқ. Яқинда банкда пул бўлмай қолган экан, уч ойлигимизни ёнидан тўлади. Яхши одам… Сал инжиқлиги бор… Яхши гапни яхши кўради. Уч-тўртта калласи қизиган ёрдамчилари бор. Ўшалар аҳмоқ. Саллани ол деса каллани оладиганлардан… Ўчакишиб нима қилдик… Шундай кириб, бир оғиз қиёмат қарз саломимизни бериб ўтсак бўлди-да. Хурсанд бўлади. Обрўйим бор экан, дейди… Айтдим-ку, арзимаган бир совға берсанг ҳам бўлади, деб… Жиянларга қолганиям етади… Ўйланма. Сен кетасан. Қасдига олса, хафа бўлса, қиёматгача эсидан чиқармас. Ем деб молни ҳаром қотирадиган бир нарсани ташлаб кетади. Магазинга бориб олиб: “Мунга мой берма, мунга ун берма…” деб туриб олади. Одамлар кулади, лекин бир нарса демайди. Қасдига олса, охири қишлоқдан кўчиб кетишга мажбур қилади…
– Ўзбековулнинг мафиози экан-да, – дея истеҳзо қилишга уриндим мен.
– Нима десанг де, ука… Энди, ўзи бир ақли заиф бечора-да. Уриб бўлмаса, сўкиб бўлмаса… Бўлмаса, ўзи яхши одам. Лекигин қасдлашиб қолса ёмон… Ке, қўй, ўшаминан тенг бўласанми. Ўзингни ўйламасанг бизни ўйла… Озгина бўлсаям қарзимиз бор… Қарзи бор одамнинг тили қисиқ бўларкан… Эртан бир кун қайтиб кетсанг… Эсидан чиқармайди… Мени менсимади, беобрў қилди, деб… сомонхонамизга ўт қўйиб юборишдан ҳам тоймайди. Исботлаб кўр-чи. Милиса чақирсанг, справкаси бор. Кейин… кўз кўзга тушади, ўзбекчилик…
– Нима қил дейсиз, почча?
Тўғриси, у кишининг аҳволини кўриб эзилиб кетдим.
– Шу, кириб, бир оғиз… йўлнинг бўйида… Арзимаган эсдалик совға…
Кўзларига ёш қалққан поччам ортиқ гапиролмай қолди.
– Юринг-е…
Қайтиб таксига миндик.
Қирдан энаётган чоғимиз овулимизнинг ўртасига қурилган ягона икки қаватли, томига қизил шифер ёпилган уйга кўзим тушди.
– Шуми?
Поччам сўзсиз бош ирғади.
Қасрга яқинлашганимизда шу тарафдан келаётган оқ соқолли қарияни кўриб қолдим. Бўлам Мирза бобони таниб, ҳайдовчидан машинани тўхтатишни илтимос қилдим. Йўл четига ўтиб, бизга диққат билан қараб турган Мирза бобо машинанинг секинлашганидан ниятимизни илғади шекилли, шоша-пиша қўлини силкитиб “Асло тўхтаманг!” ишорасини қилди. Бетма-бет бўлганимизда иккала қўлини кўксига қўйиб, муло­йимгина табассум қилиб турган бўлам “Аввало бу ёққа қадам ранжида қилсинлар” дегандай зўр эҳтиром ила қасрни кўрсатиб турарди…
– Энди қаёққа юрай, йигит? – дея сўради ҳайдовчи.
Поччам шоша-пиша жавоб берди:
– Овулимизнинг энг бой, энг ҳурматли акахони бор. Аввал шу кишиникига бир дақиқага…
Таксичи маъқуллаб бош ирғади:
– Агар бой бўлса, албатта, аввал шу кишиникига кириш керак. Хўш, йигитча, нима дейсиз?
Товушим негадир бўғилиб чиқди:
– Ҳайданг… Хўроз…бойникига!
Поччам яйраб кетди:
– Сенинг бўладиган бола эканлигингни билардим!

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 1-сон