Дўстим Ғозиқул Раббим ўғли хотирасига
I
Азроилнинг қўлига тушганимизни эшитган юқори курсдагилар “чуқур таъзия” ва “ҳамдардлик” изҳор этишиб, далда беришмоқчидай елкамизга қоқиб-қоқиб қўйишди-да, қўшни бригадага ўтиб кетишди.
Биз – рўй берган воқеадан гангиб, ҳали ўзимизга келмаган биринчи курс талабалари – қудуқ ёнида уймалашганча қолавердик. Деярли йигирма кун ўқиб, бир-биримиз билан сал-пал танишиб улгурган бўлсак ҳам ҳали ҳеч ким жўрабошилик ролини ўз зиммасига олмаган, шаддодгина курсбошимиз Шафиқа эса, табиийки, қизлар бригадасида қолганди. Ниҳоят, кимлар гуруҳдошлари билан, кимлар вилоятдошлари билан, бир-бирларидан мадад излагандай чекка-чеккага ўтишиб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб тўпланиша бошлашди. Ҳозиргина боплаб таърифи келтирилган Азроилнинг шарпаси бошимизда ваҳима солиб тургандай шивирлабгина, шундаям аллақандай бегона мавзуларда гаплашардик; ҳеч ким тилининг учида турган саволни беришга журъат этолмасди.
Қуёш бота бошлади. Енгил шабада эсди, шундай шийпон ёнгинасидан бошланувчи пахтазордан гупиллаб дефолиант ҳиди урилди. Гуруҳ-гуруҳга бўлинган кўйи шаҳардан олиб келганларимизни иштаҳасизгина тановул қилишга киришдик.
Қалбга баттар ғашлик солиб намозшом чўкди. Тақдирга тан бериб, шийпон ичида амал-тақал қилиб қурилган қинғир-қийшиқ, ғийқиллаб турувчи омонат икки қаватли сўриларга жойлашишга тушдик. Ток йўқ. Кимдир чигитланган пахтани консерва банкасидаги ёққа шимдириб, сўнг пиликдай эшиб ёқиб қўйган эди, биз ўзимизча “барак” деб атаган шифтларини ис босган шийпонимиз ичи бир оз ёришди. Фақат қўлбола чироғимизнинг ёмон томони шу бўлдики, пашша-чивинлар бирданига кўпайиб, ҳамма ўзини “шап-шуп” уришга тушиб кетди.
Ана шунда… Ана шунда Азроил етиб келди!
Шийпон ёнида штаб “Виллис”и тўхтагани, унинг эшиклари қарсиллаб очилиб-ёпилганини эшитдик. Ҳаммамизнинг нафасимиз ичимизга тушди, баракка жимлик чўкди. Эшик шиддат билан очилди ва декан ўринбосари бошини суқиб: “Стройса! Тез!” деб бақирди.
Ташқарига чиқдик. Кўпчилик ўзини орқага ураверганидан ўринбосарнинг ўзи бақириб-чақириб бизни “П” шаклида сафга тизиб чиқди. Машина ортидан қўлида чўғи қип-қизариб турган сигарета билан бир дароз одам тушди. Сергак тортдик. У соябони кенг шляпа, чорхона-чорхона костюм, пахталик шим, кирза этик кийган, қўлидаги чўпонларникига ўхшаш узун таёқнинг бир учи ерда судралиб келарди; юзини нимқоронғиликда аниқроқ кўриб бўлмасди.
– Боллар! – деди у паст, лекин ўзига ишонч аралаш сал димоғдорлик сезилиб турган ҳирқироқ овозда (ундан олдиндан қўрқиб, олдиндан нафратланиб турганимиз учун бу сўзни “моллар” тарзида эшитдик). – Сенларнинг баринг иккинчи-учинчи курсда менинг қўлимдан ўтасанлар. Ҳар биринг билан биттама-битта ўтириб лаборатория, зачёт қабул қиламан, имтиҳонларингга қатнашаман. Так што, мен билан ҳазиллаша кўрманглар, барибир ўзларингга ёмон бўлади. Ким агар яхши ишласа, ким менинг айтганимни қилса, мен ҳам ўша болага қўлимдан келганча ёрдам бераман… Дипломга яримларинг етиб борсаларинг ҳам катта гап… Мен биламан… Ҳар йили пахта пайти анча-мунча бола ҳайдалади. Биринчи курсга атайлаб йигирматача бола ортиқроқ олинади… Астойдил ишланглар, шунда домлаларнинг кўзига ҳам яхши кўриниб қоласанлар… Анави ёққа, – у зовурнинг нариги томонига ишора қилди, – ўтиш бўлмасин. У ерда курсдошларинг бор, лекин уларнинг отряди оддий, бизники бўлса махсус сельхозотряд… Отрядда 76 киши бор. Сенларнинг ҳаммангни Қодир акам, – у ўринбосар томон ўгирилди, – танлаб олганлар. Баринг қишлоқдан келгансанлар, пахтанинг ичида ўсгансанлар. Так што, мен сенлар билан ишлашиб кетаман, боллар.
Декан ўринбосари ҳам нутқ ирод этди. У кишининг гапларидан маълум бўлдики, комиссаримизни Исроил Жабборович деб чақиришимиз керак экан, факультетлар, институтлар орасида ўтказиладиган мусобақада албатта биринчи ўринни олиб, факультетимиз саккиз йилдан буён қўлдан бермай келаётган Қизил байроқни бу йил ҳам сақлаб қолишга муносиб ҳисса қўшишимиз керак экан; ўқишга борганимизда у кишига кўп ишимиз тушаркан. Так што, у кишининг кўзига ёмон кўриниб қолмаслигимиз керак экан, агар ким ёмон кўриниб қолгудай бўлса, ўзидан ўпкаласин экан, чунки ҳар йили йиғим-терим даврида ҳеч бўлмаса бошқаларга ибрат бўлиши учуноқ ўн-ўн беш талаба институтдан ҳайдаларкан.
Саволлар бўлмади.
– Боллар, отбой! Эрталаб олтида подъём, ўн икки яримдан биргача абет. Полядан қоронғи тушганда қайтамиз. Нормани бажармаганлар поляда мен билан қолади, бажарганлар учун соат ўнда отбой. Тушунарлими? Тушунарли бўлса, бугунга отбой! Ҳамманг бориб ухла. Кимнинг у ёқдан бу ёққа юрганини кўрсам қаттиқ хафа қиламан.
II
Ўт кетгандай ё ой куяётгандай кимдир темирларни бир-бирига уриб даранглата бошлади, ўткир овозда бир неча бор “Подъём! Сельхозотряд, подъём!” деб такрорлади. Ваҳимага тушганлар ўринларидан сапчиб туришди, бу қадар эрта туришга ўрганмаганидан ётишда давом этганлар, ўтириб ухлаётганлар устидан кўрпалар сирғалиб бетон полга туша бошлади. Қоронғилик (эшик ёнида биттагина фонус ёниб турар, Азроил Жабборовичнинг қўлидаги фонарь ҳар замонда кўзларни қамаштириб қоларди), шовқин, норози хитоблар, тўнғиллаб сўкинишлар… “Лоток” деб аталувчи бетон новда туриб қолган, тиш пасталаридан сут рангига кириб бораётган сув, совуқ ҳаво, кўкда чарақлаётган юлдузлар, тиқилинчда, гугурт чўплари ёруғида шоша-пиша ейилган бир-икки луқма нон; жунжикиб, қунишиб, меровланиб сафда туриш…
Азроил орамиздан вақтинчалик ошпаз ва чойхоначи танлаб олгач, ҳар биримизни фамилиямизни айтиб ўртага чиқариб, иккитадан этак ва биттадан рақам тақдим эта бошлади. Тонг қоронғилиги сабаб бўлса керак, Азроилнинг юз қиёфасини яна яхшилаб кўра олмадим. Фақат этак олаётганимда унинг ич-ичига ботган икки жағида олхўридай-олхўридай икки ғудда тинмай бориб келаётганини кўриб қолдим…
Асфальт йўлдан озроқ юргач, Азроил бизни тўхтатиб, пайкалга ишора қилди:
– Ҳар ким хоҳлаган жойидан терсин. Норма 120. Бугун биринчи кун бўлгани учун майли, 100 бўлсин. Абетгача 60, абетдан кейин 40, Қани, боллар, бошланглар!
Бир вақтлар, “Чинор” романида бўлса керак, чигирткалар ҳақида ўқиган ва тушимда бу вабони вошиллаб, йўлида учраган бор нарсани еб битириб, ортидан шудгорлаб ташлангандай ер қолдириб кетаётган қора издиҳом тарзида кўриб чиққан эдим. Биз ҳам ранг-баранг либосли издиҳомдай ўзимизни пахтазорга урдик. Пайкал бир машина теримидан ўтган, лекин барибир оппоқ чамандай, ерда ҳам бир олам пахта оқиб ётар, гўё комбайн ҳавасга ғўзалардаги пахталарни ерга тўкиб чиққандай эди. Ҳар ким кўзига яхши кўринган ва танишига яқинроқ жойга ташланди. Ҳали шудринг кўтарилмаган эди, бир пасда жиққа ҳўл бўлдик. Худди афсонавий жонзотлардек гап йўқ, сўз йўқ, дилда бироз ваҳима билан ягона мақсад – ён-атрофдагилардан ортиқроқ этак пахта тўкиш дарди билан жон-жаҳдимиз-ла ишга киришиб кетдик…
Кейинроқ мен ўзимча шундай хулосаларга ҳам бордимки, афтидан, Азроил ҳам, бошқа домлалар ҳам инсон психологиясидан анча-мунча хабардор бўлишган; эҳтимол, улар қадим замонлардаёқ бир-бирига нотаниш бўлган тўдаларнинг, ҳатто чексиз-чегарасиз майдонда ҳам ҳосилни бир-биридан қизғаниб, кўпроқ олиб қолишга уринганликларини билганлар ва бундан тегишлича хулосалар чиқаришиб, “зарбдор бригада” тузиш фикрига келганлар. Шунингдек, улар бу тажрибаси биринчи курсларда, айниқса кечагина қишлоқдан келган, катталарга ҳурмат-ишонч қон-қонига сингиб кетган содда болаларда ошиғи билан ўзини оқлашини ҳам яхши билганлар. Эҳтимол, улар ўтган байроқдор саккиз йил тажрибасига кўр-кўрона суяниб қўя қолгандирлар…
Кўпчилигимиз “хомлаб” қолдик; энгашгач, минг машаққатсиз қаддимизни тиклай олмасдик. Кун чиқиб, ғўзалар қуриганидан сўнг бармоқларимиз тилиниб, қонаб кетди. Ўрганмаганимиз учунми, бутифос ҳидидан бошларимиз айлана бошлади, айримлар теримни тўхтатмаган кўйи ўхчиб-ўхчиб қўярди… Йигирмага яқин бола “абетгача 60, абетдан кейин 40” теролмадик. Аммо Азроил ўз айтганини қилди – йўл устига “Виллис”ни қўйдиртириб, чироғини пайкалга қаратдирди, шу ёруғликда биз – арвоҳдай рангсиз шарпалар ғимирлаб юриб, икки этакдан пахта тердик. Шу билан ҳам нормаси тўлмаганлар шийпонга келгач, чорак соатда ювиниб-овқатланиб бўлгач, ошхонага ўтиб картошка тозалашга тушдик. Ўтирган жойида мулгиб бораётганлар Азроилнинг тавсиясига кўра пиёзга ўтказилди. Мен ҳам ўтмас пичоқ билан пиёз артишга тушдим. Улар аччиқ эди, ўта аччиқ эди, шу қадар аччиқ эдики, кўз ёшим тинмай қуйилиб келарди, қуйилиб келарди…
Эртаси куни норма 120 га чиқди (“абетгача 70, абетдан кейин 50”). Шунга қарамай, атиги ўн учтагина бола бу кўрсаткичга эришолмади. Кечки “профилактика”дан кейин эса атиги олти бола ошпазга ёрдамга келдик. Ҳолбуки, шу куни қўшни бригададан келган курсдошларимизнинг айтишича (улардан бирини ушлаб олган Азроил “Партизан!” деб баракдан ҳайдаб чиқариб юборди), уларда норма 70, ўртача кўрсаткич эса 50 килонинг нари-берисида экан.
Биринчи беш кунликда ғолиб чиқдик.
Тушлик чоғи кичкинагина йиғилиш ўтказилиб, проректор Азроилга “Фахрий ёрлиқ” ва пул мукофоти топширди. Шунда кўпчилик Азроилнинг юзини биринчи марта кўрди-ёв. У мутеларча қўл қовуштирган, юзи қувончдан ял-ял ёнар, оғзининг таноби қочмаслиги учун қалин лабларини қаттиқ қимтиб, кўзлари ғилтиллабгина турар, сийрак сарғиш сочли бошида шляпасининг чуқур ботган айлана изи қолганди. Уни саҳар бўзарар-бўзармас, тонг қоронғисида, оқшом йигирма бешлик чироқнинг хира ёруғида (пахтазорда тепангда ғўддайиб турганда бош кўтариб қараш қайда!) худди мўмиёдай ҳиссиз юзли бир одам деб юрардик…
Еттинчи куни яна машина бир бор ўтган янги пайкалга тушдик. Сал чатоқлик ҳам рўй берди: бригадир от чоптириб келиб, бақириб-чақирганча, йиғлагудай бўлиб бизни ҳайдаб чиқара бошлади. Биз бажонидил унинг айтганини қилдик. Мен унинг аҳволини тушунардим албатта: қайси деҳқон қўл теримидан (бу иккинчи терим-а, иккинчи!) манфаат кўрибдики… Бу энди бригада чўнтагидаги пулни чақирилмаган ҳашарчиларга улашиш билан баробар-да. Тўртинчи терим, подбор бўлса ҳам ҳар қалай тушунарли, бироқ иккинчи теримни қўлда ўтказиш… Азроил хўп уриниб бригадирни ҳовуридан туширолмагач, йўлдан ўтаётган машинани тўхтатиб, унга ўтирди-да, қаёққадир жўнаб қолди. Ажойиб ҳисларга чўмилиб, бригадирни етти авлоди билан қўшиб алқаб дам олиб ётган чоғимиз “Виллис”да проректор, декан ўринбосари, бўлим бошқарувчиси ва Азроил етиб келишди. Улар бригадирни чеккароққа олиб ўтишиб, нақ ярим соат алдаб-аврашди. Қизиққонроқ проректор бу орада икки марта дўқ ҳам уриб юборди (шунда биз унинг “сиёсат… отчёт… секретарь… олти миллион… душман…” деган сўзларни чала-чулпа эшитиб қолдик). Охир-оқибат бўйинбоғли басавлат зиёлилар оми бригадирни енгишди – у ночор аҳволда мунғайиб турди-турди-да, бизларнинг қайтадан пайкалга кираётганимизни кўргач, илдам отига миниб, уни бош-бўйни аралаш аямай савалашга тушди. От аянчли кишнаганча ўқдай учиб кетди. Қуюқ чанг кўтарилди. Кейинроқ эшитишимизча, бригадир шу куни шом палла отида йиғлоқи ўлан айтиб кетаётиб зовурга йиқилиб тушган, икки қовурғаси синган, кўкраги эзилган, шу билан терим охиригача шифохонада ётган…
Теримни бошлаганимизга ўн бир кун бўлди. Иккинчи беш кунликда ҳам ғолиб бўлдик. Проректор Азроилни қучоқлаб, икки юзидан чўлпиллатиб ўпиб олди.
Албатта, мен тушунаман – иш одамни ўлдирмайди. Лекин мен бошқа бир нарсани тахмин қиламан: иш эмас, иш муҳити, шундаям одамнинг ўзини жисман эмас, одамдаги одамийликни ўлдириши мумкин. Эҳтимол, иш билан ишнинг фарқи бўлмас, аммо бир ишдаги микромуҳит иккинчи ишдагидан кескин фарқ қилиши мумкин экан.
Ўзим қишлоқда ўсганман. Мол-ҳол, томорқа, пахта дегандай, ишқилиб, кунига юмуш топилиб турар, меҳнат қилиш овқатланиш каби оддий эҳтиёжга, табиий бир нимага айланиб кетганди. Ҳатто, эсимда, эрта кўклам чоғи ҳўкиз арқонлаб келаётиб, ҳар йили томорқа экиладиган жойдан занглаган белкурак топиб олдим. Ўшанда бир дона чучмомани қулоғимга қистириб олганча енгимни, шимимнинг почалари қайириб астойдил ер ағдаришга тушиб кетгандим. Ора-сира сўлқиллаб ётган ернинг палахса-палахса бўлиб ағдарилаётган, ўсимликларнинг қизғиш-оқиш томирлари бор муздай бўлакларини қўлимда узоқ ушлаб турар, ҳидлар, увалатар эдим. Тушгача ишладим, қўлларим қавариб кетди, ҳарсиллаб қолдим. Лекин… лекин бу, агар сўзларим ялтироқ бўлиб туюлмаса, лаззатли, илоҳий меҳнат эди. Йўқ, гап кимгадир яширинча яхшилик қилиб, бундан ич-ичимдан яйраганимда ё кишини сархуш этувчи баҳор ҳавосида эмас эди, гап… аллақандай бошқа бир нимада эдики, буни сўз билан тузукроқ тушунтириб беролмайман, деб қўрқаман.
Бу муҳитда эса, ҳали тонг отмасданоқ “бугун роса чарчайман-да” деб кўнгил хижил бўлиш, Азроилнинг кўз қарашлари, гап оҳанги, зуғумидан қўрқиш, ваҳимага тушиш, кайфиятсизлик, ҳамма нарсадан, аввало ўз-ўзингдан норози бўлиш, ўзингни омадсиз, камситилган, фақат бажарувчи қўғирчоқ ўрнида кўриш – буларнинг бариси меҳнатни оғир, кишини жисман ва маънан эзадиган ёвуз кучга чиқариб қўйди. Оқибатда мен уни ёмон кўриб қолдим, мен ундан безиб қолдим. Энди иш – оғир, машаққатли мажбурий машғулотга айланди. Кимдир мендан озроқ терса бадхоҳлик билан қувонардим, кўп терганларни кўрганда эса ичимдан қиринди ўтадиган бўлди; уларнинг барини бирдай ёқтирмай қолдим; асабий, жиззаки, ҳатто ғаламисроқ одамга айланиб бораётганимни ғира-шира англардим. Ва шу билан бирга мени айнан ишнинг ўзигина эмас, балки “чарчадим…” ёки “чарчайман…” деган фикрлар тезроқ ҳоритаётгани билиб турар, кўпчиликни кузатиб туриб эса фикримнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилардим. Бошқа “оддий” отряддагилар бизни очиқдан-очиқ мазах қилишар, истеҳзо билан қарашар, айниқса, энг оғири, энг суяк-суякдан ўтиб кетадигани – баъзилари бизга ачиниб қарашарди. Бундай нигоҳларни ҳис қилганим он номусдан ерга кириб кетгудай бўлардим… Шийпонимизда оқшом “партизанлар” қандай қилиб ўз табелчиларини алдаганлари, қандай қилиб бир этак пахтани уч-тўрт марта “айлантирганлари”ни, қандай қилиб камроқ териш ва айни замонда штабга тушмасликка муваффақ бўлганларини айтиб оғиз кўпиртиришар, ишқилиб, гап мавзуси килограммдан, қандай қилиб озроқ ишлаганини (!) кўз-кўз қилишдан нарига ўтмасди. Кун килограмм, тун килограмм, саҳар килограмм, шом килограмм, ҳатто босинқирашу тушларда ҳам килограмм… Дунёда нималар бўляпти, бу билан қизиқмай қўйдик. Қизиққан тақдирда ҳам на вақтимиз, на Тошкентдан кўтариб келган газета-журналлардан бошқа ўқийдиган нарсаларимиз бор эди; кичкинагина, эскидан эски телевизорни эса Азроилнинг ўзи кечки саккиз яримда ёқиб, тўққиз яримда ўчирарди.
Муҳит хулқимизга таъсирини ўтказа бошлади: кўп сўкинадиган, арзимаган гапга эринмай жиқиллашадиган, “Алининг аламини Валидан олиб”, сал баҳона топилса бас, бир-биримизга аямай заҳримизни сочадиган бўлдик. “Партизанлар”ни ҳе йўқ, бе йўқ, тўсатдан “оқсуяклар” атаб икки марта дўппослаб олдик, бир марта улар ҳам йиғилишиб келишиб пўстагимизни қоқиб кетишди. Роса калтак еган бўлсак-да тўпланиб қолган алам, ғазабимиз бир кунча камайиб, сал енгил тортгандек бўлдик…
Қўлларимизни қоп-қора кир чолмадек босиб, тарам-тарам ёрилиб кетди; ўсиб кетган тирноқлар орасига кир тўлди; шампунь кўрмаётган сочлар аввалига қуруқшаб, сўнг ёғ босиб гуллай бошлади; қоп-қора тусга кирган лаблар пўрсиллаб ёрилди, оғизни сал каттароқ очсак ё кулсак, улардан қон сизиб чиқарди; соқол-мўйловлар ўсиб кетди; ғўза баргларидаги ширага шимган кимнинг шими, кимнинг кўйлак-майкаси қўйиб қўйилса, худди крахмаллангандай тик турадиган ҳолга келди; ётоқда пайпоғу пайтаванинг ҳиди димоқни ёрарди; гоҳ қайнатилиб, гоҳ қовурилиб берилаётган ҳар кунги “шланг” – макарон деган бало ва қотиб қолган аччиқ буханка нондан жиғилдонлар қайнарди…
III
Ўн иккинчи куни тушлик маҳали гўштсиз “шарманда шўрва”га бўктирилган нонни шоша-пиша ямламай ютаётганимизда барагимиз эшиги бир лаҳзага тўсилди – бир гавда липиллаб ўтди, сўнг яна ёрқин қуёш нурлари оқиб кира бошлади ва:
– Ёқимли иштаҳа! – деган қўнғироқдек овозни эшитдик.
Агар ўша пайтлари ёшлар орасида расм бўлган ибора билан айтсак, “биз тахта бўлиб қотиб қолдик”. Гап бу сўзлар шаҳардаги ҳар ошхонада учрайдиган “Приятного аппетита!” тилагининг таржимаси эканлигини кўпчилик билмаслигида эмас (о, она ўзбек тили, биз сени қанчалар хор қилиб қўйдик!), гап овоз қиз боланинг овози эканлигида эди. Оғизга солганимиз оғизда, ютаётганимиз томоғимизда, ушлаганимиз қўлимизда қолди. Қиз яна бир бор жарангдор товушда: “Ҳорманглар, йигитлар!” деди-да, ўнг тарафдаги омборхона ҳисобланмиш кичкинагина ҳужрага кириб кетди. Боя бир сас чиқаришга улгуролмаганлар мана энди гувиллашга тушишди: оҳ, вой, дод, ўлдим, куйдим… Бироқ довдир бу ҳаяжонни бошқа бир:
– Боллар! – деган овоз босди. Устимиздан совуқ сув сепилгандай бирдан ҳушёр тортдик. – Беш минутдан кейин стройса!
“Абетгача 80” термаганлар насибасини олганидан сўнг Азроил отрядимизга Ўғилой исмли ҳамшира келганлигини, энди “вазелин-мазелин, анальгин-панальгин”ларни шу қиздан олишимиз мумкинлигини тўнғиллабгина эълон қилди. Биз пахта чигитларидай бир-бирига ўхшаб кетадиган кунларимизда шу ўзгариш юз берганига ҳам шукр қилдик. Шу пайт эски сатил кўтариб, Ўғилойнинг ўзи ҳам чиқиб қолди.
Қиз ўн саккиз яшар эмасди, шунинг учунми, унинг хунуккиналиги дарров кўзга ташланарди. Кўзлари кўк, майда сепкил тошган бир бурдагина юзи ҳам, сириб боғлаган рўмолидан чиқиб пешонасига тушиб турган бир тутам сочи ҳам сарғиш, лаблари юпқа, қирра бурун, озғин, умуман даставвал болалигида кўп касал бўлган нимжон қиз таассуротини қолдирарди. У тор куртка, торгина шим кийган, айниқса шими унинг чиллакдек оёқларини ошкор этиб турар, кимдир дарҳол маъноли йўталиб “арматура…” деб қаттиқ шивирлаганда қизнинг қоматига, бошқаси пайровни илиб кетиб: “ой”ини олиб ташласа ҳам бўларкан…” деб ҳуснига ишора қилганида, холисанилло айтганда, унчалик янглишмаган эди.
Кечқурун келганимизда қизнинг ҳужрасида чироқ ўчиқ эди. Кимдир заҳарханда билан: “Ойимқиз сайру саёҳатда”, деди. Аммо… шийпон атрофи топ-тоза қилиб супурилган, кўлоблатиб сув сепилган, дарахт тагига бўшаган чой яшиги қўйилиб, унга ёпиштирилган чизма қоғозига бир нималар ёзилган эди. Яқинроқ бориб “Қотган нон учун” деган сўзларни ўқидик. Яшик ёнига ариқ бўйида тўнтарилиб ётган кастрюл келтирилиб, унга “Қолган овқатлар учун” деб ёзилганди. Шунча болага бир ўзи ошпазлик қилиб жуда чарчаётганидан ҳар куни нолийдиган Қадамдан ҳам, касаллик тарихини кўтариб келганида (у июль ойида сариқ бўлган экан) кўз олдида йиртиб ташлаган декан ўринбосарини кўрганида қалтироғи тутиб қоладиган нимжон самоварчи Тиллодан ҳам бундай ёруғлик чиқмаслигини билганимиз учун бу кимнинг иши эканлигини зумда тушундик. Янгиликни муҳокама қилиш учун ичкарига кирарканмиз, 25 лик чироқ хира ёритиб турса-да, барагимиз ҳам ёғ тушса ялагудай тозалаб қўйилганининг гувоҳи бўлдик. Учинчи янгиликни чойхоначи етказди: Ўғилой декан ўринбосари билан аввалига қизариб-бўзариб нима ҳақдадир роса тортишибди, сўнг у билан “Виллис”га ўтириб жўнаб қолибди. Ўринбосарнинг бундай ишларга суяги йўқлигини эшитиб улгурганимизданми, кимдир чўзиб ҳуштак чалди, кимдир маъноли илжайди, кимдир ёмон сўкинди. Аммо тўртинчи янгилик ҳам бизни махтал қилиб қўймади – машина келди, ундан бир-бирига кийдирилган учта каттагина пластмасса тоғора кўтарган Ўғилой, декан ўринбосари, бир ўрам симни елкасига ташлаб олган яна бир киши тушди. Бадқовоққина бу одам монтёр экан. У тўнғиллай-тўнғиллай, кўрпаларимизни ифлос этиги билан босиб-янчиб ўтиб бир пасда барагимизнинг олти жойига, қизнинг ҳужраси эшиги тепасига патрон ўрнатди, патронларга юзлик лампочка қўйиб ёқиб юборди. Атроф кундуздай ёришиб кетди денг… Намозшомкўрга ўрганиб қолган эканмиз, ҳаммамиз бир-биримизга, тепага афтимизни бужмайтириб қараймиз.
Ўша куни мен одам кўнглини овлаш учун тоғларни қўпориш шарт эмаслигини, кичкинагина илтифот, арзимаган майда эътиборнинг ўзиёқ кўнгилга илиқлик бахш этишига амин бўлдим. Айниқса, Опа (Ўғилойни энди кўпчилик ҳурмат билан шундай атай бошлади) ўнга яқин кирсовун билан тоғораларни ўртага қўйиб, овқатдан сўнг самоварда иссиқ сув бўлишини, кирларимизни ювиб олишимиз мумкинлигини, тез кунда ҳаммом ҳам бўлишини айтганида; бир-иккита озроқ терган болани ҳайдаш билан қўрқитиб жўнаб кетаётган ўринбосарнинг ортидан чопқиллаб борасола, энди қўзғалаётган машинани тўхтатиб, ундан бир қучоқ газета-журнал олиб келиб бизга берганида; овқатимизда хуш бўй таратиб турган шивитни, нонларнинг кесиб тайёрлаб қўйилгани, идишларни ювиш учун бўш қозонда илиқ сув тайёрлигини кўрганимизда… Энг муҳими, Опа буларнинг барини табиий бир нарсалар ўрнида кўрар, қилганларини таъкидлашни афтидан хаёлига ҳам келтирмасди. Кимнингдир “Нега аввалроқ келмадингиз?” деган саволига мулойимгина жилмайиб: “Сизларни эсдан чиқаришган экан-да, укалар. Ўзи шундай бригада борлигини кеча эшитиб қолдик”, деб, “Газеталар нега авваллари келтирилмасди?” деган саволга эса: “Ҳа, энди, кўзларингизни аяшгандир-да”, дея жавоб қайтарди. Опа бир оғиз бўлсин ҳеч кимни ёмонламади, фалончи шу ишни қилмаган-да, демади, балки шуниси билан ҳам бизга янада кўпроқ хуш ёқди. Ҳатто биров бурчакдаги устун ортидан сохта ваҳима билан: “Ўртоқ врач, гинеколог керак!” деб қичқирганида Опа бир лаҳза ҳам довдирамасдан ўктам овозда: “Ўзингизгами?” деб жавоб қайтарганида ишга чиққанимиздан буён биринчи марта яйраб-яйраб, думалаб-думалаб, кўзимиздан ёш чиққунча кулдик…
Шу оқшом ТошМИнинг олтинчи курс талабаси беморларни қоп-қоп макаронлар уюлган, эски музлатгич ғувиллаб турган, уч салафан қопда нон турган, бир каравот, бир столу уч оёқли табуретка аранг сиққан хонада қабул қилди.
Оқшом ётоғимизда қандайдир дориларнинг ўткир ҳиди гуркираб кетди.
Эрта саҳар, ҳамишагидай юлдузлар чарақлаб турган палла, Азроил нормани эълон қилаётган эди, елкаларини қучганча Опа оқ халатда қунишибгина чиқиб келди. “Ассалому алайкум, яхши ётиб турдиларингизми?” деб сўрашди Опа. Биз ўрганмаганимиздан бўлса керак, қимтиниб бир нималар деб ғўлдираган бўлдик. Азроил тўнғиллади:
– Ётавермапсиз-да.
– Йўғ-е… Ҳа, мана, рўйхат.
– …?
– Бу ерда олтита касалнинг фамилияси ёзилган. Рухсат берсангиз, соат ўн бирларда штаб машинаси келганида уларни тумандаги поликлиникага олиб борсам.
– Нима?! – Азроилнинг кўзлари олайиб кетди. – Олти киши?! Менга қаранг, Островский қорда яланг оёқ темир йўл қуриб…
– Корчагин… – деб юборди кимдир даврадан эҳтиётсизлик билан.
– Қирқ еттинчи! – таҳдидли хўмрайди Азроил. Ҳаммамизнинг нафасимиз ичимизга тушиб кетди – у ёнидан машҳур “қора дафтар”ни чиқариб, унга нимадир белгилаб қўйди. Бу дафтар Азроилга картотекадай гап эди. У ҳар рақамга (Азроил бирортамизнинг исм-фамилиямизни билмас, аммо ҳаммамизнинг рақамимизни ёддан билар, чақирганда, гапирганда, уйғотганда ҳам фақат рақамимизни тилга оларди) алоҳида бет бағишлаган, унга, эшитишимизча, фақат ўзигагина маълум иеролиглифлар билан гоҳо нималарнидир ёзиб қўярди. Юқори курсдагиларнинг айтишига қараганда, синов-имтиҳонлар, лабораториялар пайти шу дафтар унинг столида очиқ тураркан. – Боллар, сенлар бораверинглар кечаги қартага, мен етиб оламан.
Кейин қандай суҳбат бўлиб ўтгани номаълум, аммо одатдагидай қовоғидан қор ёғаётган Азроил далага келганидан беш дақиқа ўтар-ўтмас бошини эгиб олган, ёноқлари қизариб кетган Опа елкасига этак ташлаб келди ва урти олмадай шишган жағини рўмол билан боғлаб олган Аширнинг ёнида пахта теришга тушиб кетди.
Бу кунга келиб ўртача кўрсаткичимиз 165 ни ташкил этганди. Талаба бўлиб пахтага борган ёки шу соҳада ишлаётганлар учун бу рақам анча шиширилгандай туйилиши мумкин. Аслида ҳам шундай. Кун бўйи минг ўлиб тирилсак ҳам 120 дан оширолмасдик. Гап шундаки, отряддаги ўттиз бола подбор терарди. Ҳа, ўша, ерда хас-тупроққа қоришиб ётган подборни. Ёш болага ҳам аёнки, пахтага қараганда подборни териш бир неча баробар осон, унинг вазни ҳам кўнгилдагидай. Тележканинг қуйи қисмига бир тирсакча қалинликда оқ пахта яхшилаб зичлаб босилади, сўнг ўртасига подбор уйилади, буни энди тепкиламаса ҳам бўлади. Шундан кейин “маскировка”нинг олий нуқтасига етилади: аввал рисоладаги қовун-тарвуздай ё ундан ҳам каттароқ тош-кесаклар, этак-этак нам тупроқ подбор устига ташланади, устидан эллик-олтмиш пақир сув қуйилади, ниҳоят яна бир тирсакча пахта тўшалади-да, армонсиз тепкиланади. Қараб турибсизки, бир тележка пахта (оқ пахта-я!) гоҳо уч тоннадан ҳам кўпроқ тош босиб турибди-да. Тарозидагилар ҳамма нарсани билишади, лекин миқ этмай тураверишади; лаборант қизча тележканинг қанотини очдириб бир тутам пахтани нари-бери текширади-да, “олий сорт, қўл терими” деб қоғоз ёзиб бераверади… Ноинсофлик жуда ҳаддидан ошиб кетган тақдирда “скидка” кўпроқ қўйилади ё бирон ҳафсалалиси тележканинг устига чиқиб қарар, жуда қунт қилса тележка пахтани ағдарган пайти қарар, барибир, оқ пахтани кўради-да, шу билан ўзини ишонтириб, дарҳол орқага қайтади. Чунки бу ерда у яна бир муддат ушланиб қолгудай бўлса пахтани бунтга чиқариб бераётган элеваторнинг дақиқа сайин ишдан чиқаётгани, бечора ишчининг сўкина-сўкина тош ёки кесакни инқиллаб кўтариб, ёнидаги худди шундай тош-кесаклардан уйилган тоққа олиб бориб ташлаётганининг гувоҳи бўлиб қолиши мумкин ахир. Тўғри, бу ўринда ҳам йўл бор, яъни бир-иккита тиррақи талабанинг гўрига ғишт қалаш билан қутулса бўлади. Бу одам энди, сал қўполроқ тарзда айтиладиган бўлса, гўё “сен кар, бунинг устига гунгмисан?” деб берган саволига “ҳа, мен карман, бунинг устига гунгман” деган жавобни эшитиб, демак, тўғри топибман деб кетаётган одамдай… фақат бу ўзини атайин гўл тутади, унга шу маъқулроқ, ундан шуни талаб қилишяпти… Эсимда, совхозимиздаги пахта пунктининг тарозисида бир тележка пахта тортилаётган пайти юқоридан маъсул раҳбар келиб қолди. Тележканинг бўлса ҳамма томонидан сув чакиллаб томиб турибди. Шўрлик бригадирнинг фидокорлиги қўзиб кетиб, укаси ҳайдайдиган ўт ўчириш машинасини чақирган, ўшандан тележкага пахта ортиш жараёнида сув қуйдиртириб турган экан. Тарози денг, беш тонна саккиз юз килограммни кўрсатиб турибди. Ҳа, ана, бир тоннаси тележканинг оғирлиги дейлик, шундаям ақл бовар қилмас вазн! Пункт мудири илоннинг ёғини ялаган одам эди – бир сатил сувни шу заҳоти тележканинг тагига қуйиб юборди-да, фаррошга кўз қисди. Фаррош ҳам эсликкина экан, шошиб швабрасини ишга солди, яъниким тарози (устида тележкаси билан!) ювиляпти. Раҳбар бу кўзбойлоғичликка қараб турди-турди… кейин оҳиста, чарчоқ овозда фаррошга: “Опа, сув пахтага сачрамасин, сифати бузилади”, деди-да, югурдаклар қуршовида ичкарига кирди-кетди…
“Маскировка” ҳаммамизнинг кўз олдимизда, баъзида шахсан декан ўринбосари бошчилигида амалга оширилар, мактаб даври “стажи” ҳам борлиги сабаблими, бунга эътибор бериб ўтирмасдик.
Институт раҳбарлари орасида Азроилнинг яхшигина суянчиқлари бор шекилли, бир пайкални “ҳар ким хоҳлаган жойидан” оралаб, чала-чулпа териб улгурмасимиздан янгисини рўпара қилишар, баъзан қаршилик кўрсатиб қолган бригадирни бир амаллаб кўндиришарди.
Маълумки, домлалар пахтага кўпи билан бир ойга юборилади. Кейин уларнинг ўрнига бошқалари келишади. Шунинг учунми, биринчи сменадаги домлалар пайкални тозалаш, уни далолатнома билан топшириш сингари расмиятчиликларга вақт сарфлаб ўтиришмас, ҳосилнинг баракасини учиришиб, “мендан кейин дунёни сув босмайдими?” қабилида ҳар куни кечагидан кўпроқ пахта топширишнигина ўйлашар, бор ақл, бор заковат, бор истеъдодларини фақат шу мақсад йўлига тиккан эдилар. Бунинг устига ишнинг қизғини, мусобақаларнинг гуркирагани, мукофотларнинг зўри шу муддат ичида бўлар, кейинги ойларда ҳашарчилар асосан далада ғимирлаб юриб республика режаси тўлишини сабр билан кутишсалар бас эди.
IV
Ҳаддан ортиқ тортинчоқ кишидан ҳақли равишда шубҳалана бошлайдилар…
Гуруҳдошим Шукуржон ўзи аввалдан уятчангина бола эди. Пахтага келганимиздан кейин бутунлай ўз қобиғига ўралиб олди. У иложи борича ўзини мендан ҳам, бошқалардан ҳам олиб қочар, беихтиёр кишида унинг бутун саъй-ҳаракатлари ёлғиз қолишга қаратилган, деган фикр пайдо бўларди. Абитурентлик чоғларидаёқ унинг бағоят ўқимишли, ақлли, кўнгилчан эканлигини англаб олган, у билан уч-тўрт китоб олди-берди қилишга улгурган, ҳар қалай, орамизда яқин танишликка ўхшаш бир туйғу пайдо бўлгандай эди. Энди эса у сира менинг кўзимга тик қарамас, арзимаган нарса сўрасам ҳам “отим қора” қабилидаги баҳоналар билан қизариб-бўзариб, қийналиб рад жавобини берар, чой узатсам олмас, гуруҳимизда каттагина алюмин чойнак бўлса ҳам эринмасдан бориб ўзига самовардан чой олиб келар, темир кружкаси совиб улгурмаганидан кўпинча чой ичмаёқ ўриндан туриб кетаверарди. Беш-олти киши бўлиб идиш-товоқ ювишга навбатчилик уюштирайлик, деган таклифимни эшитиб дарҳол қатъиян рад этди, ҳатто қўрққанидан ранги бўзариб кетди, кўзлари бўлса ғилтиллайди… Сўрининг иккинчи қаватида қисилишибгина ётардик. Бир оқшом қарасам, Шукур ечинмасдан ётибди, кейинги оқшом эса адёлини узун қилиб эшиб орамизга ташлаб қўйибди. Тор жойда томоша, деганларидай бунга ҳам кулгим қистайди, ҳам жаҳлим чиқади, у бўлса миқ этмайди, яна ердан кўз узмайди… Умуман, унинг баданига бехосдан салгина тегиб кетсам ҳам ўзини ток ургандай четга тортаётганини илғаб юрардим. Кўнглим ғаш тортиб, Шукурни синчиклаброқ кузата бошладим. У кўп қашинарди. Бу албатта янгилик эмас, деярли ҳамма қашинар, битлар ҳам пайдо бўлганди. Лекин Шукур ҳаддан ортиқ кўп қашинарди, айниқса кечалари ғортиллатиб қашинаверарди, қашинаверарди… Мен йўталсам ёки ўгирилсам, нафасини ичига ютиб жим бўлиб қолар, бироқ ўзини икки-уч дақиқага базўр босиб турганидан қийналиб нафас олиши, тишларини ғижирлатиши, қандайдир бужмайиб қолганидан сезар ва раҳмим келиб енгилгина хуррак ота бошлардим. Кўпчилик бармоқлари орасини дока билан боғлаб олганди, шунинг учун Шукурнинг деярли ҳамиша қўлларини латта-путталарга чирмаб юришига унчалик эътибор бермагандим. Бир куни тушга яқин у бир-икки қалтираб, титраб кетди-да, сўнг шоша-пиша мендан узоқлашиб, ғўзалар орасига чўнқайиб олди. Мен энгашган кўйи кўз қирим билан уни кузатиб турардим. Сассиз юриб бориб унинг устига энгашдим. Шукур латта-путталарни ечиб ташлаб, жон ҳолатда қоп-қора қонга беланган бармоқлари орасини қашияпти экан. Мени кўриб даҳшатга тушди, сўнг, тўлиб турган эканми, кўзларидан дувиллаб ёш қуйилиб кела бошлади. Ўзи ўғил боланинг йиғисига тоқат қилолмайман, Шукур бўлса ҳам тинмай қашинади, ҳам йиғлайди, денг…
Шукур пахтага жўнаш олдидан ётоқхонадаги ўртоқлари билан туғилган кунни нишонлаб, тунги соат бирларда квартирасига келиб ётган экан, хўжайиннинг эрдан чиққан қизи қалам сўраб чиқиб қолибди… Уч кун пахта тергач, бармоқлари орасида аввалига қизғиш доғлар пайдо бўлипти, сўнг улар бўртиб-бўртиб, учида сарғиш сув йиғилган тугмачадай-тугмачадай тошмаларга айланибди. Аёвсиз қичитармиш. Энг ёмони – тошмалар сонида ҳам пайдо бўлиб, кундан кун кўпайиб кетаётганмиш. Шунга “таносил касаллиги орттирдим” деб жон-жаҳони қоронғи бўлиб юрган экан. Бошқаларга ҳам юқиб қолиши мумкин деган ваҳимадан-ку бўлари бўпти тоза. Номус кучли эмасми, ҳатто ўзини ўзи ўлдириш фикрига ҳам борипти. Опа келганида аввалига қувонибди, лекин барибир уят устунлик қилибди…
Кечқурун шолғомдай қизарган, қўрқувдан дағ-дағ қалтираётган Шукурни деярли судраб Опанинг олдига олиб кирдим. Опа тошмаларни синчиклаб кўздан кечираётган палла бало-қазодай бўлиб Азроил кириб келди. Шукур иккаламиз бужмайиб, кичрайиб қолдик. Жой йўқлигидан Азроил устундай бўйи билан тик тураверди. Шими туширилган Шукурнинг бўлари бўлди. Опа унинг тошмаларига қўнғир ранг суюқлик сурди, лейкопластирь ёпиштирди, иккала қўлини бармоқларининг учига қадар докада боғлади.
– Нима бўпти? – сўради Азроил.
Опа лотинчалаб бир нима деди.
– Қичимами?
– Йўқ, қўтир. Диспансерда беш кун ётса отдай бўлиб кетади. Бу касаллик бир хил овқат еяверганда, ҳаво ёқмаганида, тери орасига кўп чанг ўрнашиб қолганида пайдо бўлади. Ҳалиям болаларингиз соғлом экан, бўлмаса шу вақтгача камида ярмиси бу касалликка чалиниши керак эди. Қани, сиз ҳам бармоқларингизни кўрсатинг-чи, – менга мурожаат қилди Опа.
– Қирқ бешниям балнисага обормоқчимисиз?
– Олимовними? Албатта, – жилмайди Опа. – Нима, сиз яна ўн кундан кейин ярим отряд диспансерга тушишишини хоҳлайсизми?
– Ўн беш кунлардан кейин бўлса… – тайсаллади Азроил (тушунарли, бу муддатдан кейин биринчи сменадаги домлалар шаҳарга қайтишади). – Йод-под суриб туришнинг иложи йўқми?
– Йўқ. Менда… – Опа яна лотинча атамани тилга олди, – мазининг ўн процентлиси йўқ. Қаранг, Олимовда касаллик бундан камида ўн кун бурун бошланган. У диспансерда ҳеч бўлмаса бир ҳафта ётиши керак.
– Ўн… – Азроил бизга ғўддайиб қаради. – Менга қаранг, синглим, мен етмиш олти киши ҳисобига пахта топшираман, бунга чойхоначи, ошпазни қўшсак…
– Мен сизга ВККнинг қоғозини олиб келиб бераман, домла.
– Мендан қоғоз эмас, пахта сўрашади, синглим, пахта! Мени ҳам тушунинг-да…
– Мени кечирасиз, домла, лекин мендан болаларнинг соғлигини сўрашади.
– Қўйинг, синглим, ярашмаган гапларни. Сиздан фақат характеристика сўрашади. Ўшани эса, мана, мен ёзиб бераман. Агар биронта касал чиқмаса, “аъло” чўнтагимда деяверинг. Майли, уйингизга бориб беш-олти кун дам олиб келинг, мен сизга машина тўғрилаб бераман. Майли, қирқ бешинчи болаларга қараганда камроқ терсин, мен рухсат бураман. Хўпми, синглим… Мен ҳам тушунаман, биронтаси илтимос қилгандир, балки танишингиздир, агар яхшилаб текширсам, бир вилоятдан чиқиб қоларсизлар…
Опанинг дока ўраётган қўллари титраб кетди, ранги оқарди.
– Йўқ, домла.
– Э-э…
Азроил эшикни тарақлатиб ёпиб чиқиб кетди.
Барибир, Азроил Азроилллигига борди – эрталаб Опа ўртага чиқарган етти боланинг ҳар бирининг устига бостириб бориб, уриб юборгудай важоҳатда: “Бугун пахта тероласанми?” деб сўради. Опанинг жон куйдириб тушунтиришларига қулоқ солмади. Оқибат, Шукур билан Аширгина шифохонага борадиган бўлди. Шундаям уларнинг гуруҳдошлари, “земляклари” нормадан ўн-ўн беш килодан кўпроқ пахта теришса, уларнинг йўқлигини билдиришмаса. Биз рози бўлдик. Азроил яна олти кишини подборга ўтказди.
Соат кечки олтилар чамаси пайкал ёнига иккита “Икарус” келиб тўхтади. Уларнинг олдингисидан тушган Опа рўмолини силкитиб бизларни чақира бошлади. Бордик. Ажаб, “ҳаммом” куни экан. Териб қўйган пахталаримизни топширишга чопдик. Опа ҳам хирмон бошига келди. Бир лаҳзада пайкал оралаб юрган Азроил пайдо бўлди. У Опанинг жилмайиб “Ҳорманг” деганига жавоб ҳам бермай тўрт қадам наридан дўқ ура кетди:
– Бу нима қилиқ? Ким сизга ҳуқуқ берди? Болларни нега ишдан чалғитасиз?
Опа чўнтагидан бир варақ қоғоз олди:
– Мана, штаб бошлиғи тасдиқлаган жадвал. Унга кўра бригадамиз ҳозир ҳаммомга бориши керак. Шошилмасак бўлмайди, автобусларни топгунча ярим соат овора бўлдим.
– Менга қаранг, яхши қиз, – вишиллади Азроил, – менинг ўз хўжайинларим бор, улар менга бундай кўрсатма бермаган. Так што, автобусларни қайтариб юборинг-да, дарров баракка боринг. Тамом!
– Минздравнинг буйруғига кўра, домла, ҳашарчилар ҳар ўн кунда бир марта ҳаммомга бориб туришлари шарт. Бундан хабарингиз бордир, – йиғлагудай бўлди Опа. – Навбатимиз ўтиб кетади ахир.
– Билмайман, билмайман. Ўн йилдан буён пахтага чиқаман, бунақа буйруқни биринчи эшитишим. Ундан кейин, ҳамма буйруқлар ҳам бажарилавермайди. Ўзингиз ҳам осмондан тушмагансиз, буни яхши биласиз. Нима кераги бор, ўзингизни укаларингиз тенги болаларга яхши кўрсатавериб, шу билан шохингиз чиқиб қоладими?
– Домла!
– Бўлди! Ҳамма ишга!
– Мен… мен устингиздан шикоят қиламан… Мен рапорт ёзаман!
– Тўғри …овнинг олдига борақолинг, бир йўла мулла бўлиб қайтасиз. Ёзадиган бўлсангиз ҳам баракка бориб ёзинг, бу ерда ивирсиб юрманг!
– Мен… “Комсомолька”га… “Правда”га… – кўзларидан шашқатор ёш қуйилиб кела бошлаган Опа қўллари билан юзини тўсганча шийпон тарафга чопиб кетди.
Автобуслар қайтиб кетишди.
Кечқурун Азроилнинг хонасига проректор, декан ўринбосари ва ёнбошига “медицинское” деб ёзилган машинада келган уч киши йиғилишди. Бир соатлар чамаси ғўнғиллашиб, орада овқатланиб ҳам олишгач, Опани чақиришди. Яна ярим соатча вақт ғўнғир-ғўнғир, гоҳ эшитилиб қолаётган кескин товушлар, столни муштлаб қолишларда ўтди. Ниҳоят… кўзлари қизариб кетган Опа отилиб чиқди-ю, чопиб бориб ўз хонасига кириб кетди. Биз унинг ҳўнграб юборганини, бўғилиб ҳиқиллашга тушганини эшитдик. Овқат емадик ҳисоб. Турли шубҳа-гумонларда ўтган яна ярим соатдан сўнг ҳайъат чиқиб келди. Машиналар ўт олдирилди, қай биридир чўзиб сигнал берди ва шунда… кичкинагина тугунни бағрига босган Опа хонасидан чиқди. Опа остонага етганида тўхтаб, ним ўгирилди, паст овозда: “Хайр, йигитлар…” деди.
Кўчага чиқиб, Опамизни олиб кетган машина ортидан узоқ қараб қолдик…
Эртаси куни тушликка келаётган маҳалимиз кунчувоқда кўрпа тўшаб, яланғоч баданини офтобга тоблаб ётган новчагина йигитни кўрдик. Шу йигитни Опамизнинг ўрнига қўйишипти. Опамизни эса бу ердан икки чақиримча наридаги бригадага юборишибди. Йигит тақа мўйлов қўйган, ялтираб турган қуюқ сочларини тепага тараган, умуман, ўз ташқи кўринишига баъзи қизларга қараганда ҳам кўпроқ қарайдиган олифталардан бири эканлиги кўриниб турарди. Шунинг учунми, кўпчилик уни биринчи кўришдаёқ ёқтирмай қолди. Бунинг устига хоразмлик ошпазимиз Қадам бир гап топиб келди. Унинг айтишича, шу кунгача ҳар куни кичкинагина декча қозонда икки маҳал уч-тўрт кишига мўлжаллаб сергўшт, ёғли овқат тайёрлаб келаркан. Уни Азроил баъзан штабдан келган биронтаси, баъзан маъруза ўқишга келганлардан бири (буни қаранг, лектор жимжимадор имзони олиб, тишини кавлаганча қайтиб кетавераркан) билан баҳам кўраркан. Қадам Опанинг столига ҳам биринчи куниёқ Азроилнинг кўрсатмасига кўра ликопчада қулинг ўргулсин қовурдоқни олиб кириб қўйган экан. Бир пайт Опа овқатни олиб чиқиб “тақ” этказиб унинг олдига қўйибди-да, шу ерда турган Азроилга эшиттириб: “Болаларнинг ризқи тешиб чиқмаса олинг, ўзингиз енг!” депти. Сўнг ўзининг кичкинагина, қозоқи пиёладай келадиган косасига ярим чўмич макарон шўрва сузиб олиб кириб кетипти. Бақалоқ ошпазимиз бундан қатиқ таъсирланиб юрган экан. Янги врач Раимберди бугун унга беписандлик билан: “Йигит, бизга қиладиган овқатингда сабзини кўпроқ ишлат, мен “С” витаминини яхши кўраман”, деганида аввалига индамапти. Кейин, туриб-туриб ўзига алам қилиб кетибди. Шу алам таъсирида “Мана, сенга “П” витамини!” деб пиёздан, “Мана, сенга “К” витамини!” деб картошкадан роса солипти, “С” ва “Г” витаминларидан умуман ишлатмпти. Қилар ишни қилиб қўйиб, энди қалтираб юрган бақалоғимизни роса мақтовларга кўмиб ташладик… Сезганимиздай, қаҳрамонлик охири Қадам учун аянчли тугади – Азроил уни ошпазликдан олиб ташлади.
Оқшом Азроил билан Раимберди магнитафонни варанглатиб, сигарета тутунига кўмилган кўйи битта “Русская”ни бўшатишганини кўргач эса иккаласини бирдай ёмон кўрадиган бўлдик.
V
Алами ичида юрган, ҳар куни тунги тўққиз-ўнгача пахта териб, шундан кейин яна ўз севимли пиёз-картошкаларига рўбарў бўлаётган собиқ ошпазимиз сабаблими, кунда-шунда келиб-кетиб юрган “партизан”лар сабаблими, ишқилиб, миш-миш ғимирлаб қолди: эмишки, бундан тўрт йил бурун бизга ўхшаган отряд болалари байрамда ўзларини мастликка солишиб Азроилни роса қўрқитишган, ўшанда у бир ҳафтача биронтасига миқ этолмай юрган экан. Тўғри, у йили Азроил энди институтни битирган ёш, ғўр йигит экан, лекин… уриниб кўрса бўлади, чиқмаган жондан умид. 5 ноябрда келганимизга бир ой бўлиши, Азроилнинг шаҳарга қайтиб кетиши эҳтимоли режамизни тезлаштиришни тақозо қиларди. Ўзига “Крамер” лақабини олган Қадам ишни шундай ташкил этдики, бир йўла етти-саккиз киши пул йиғишга тушди. Апил-тапил қилиб қирқ сўм тўпланди. Терган пахталаримиз учун бизга ҳақ тўланмас, ҳали ноябрь охири, декабрь бошларида йигирма-ўттиз кун бекордан-бекорга далада юришимиз эҳтимоли назарда тутилиб, пулимиз ўша “қора кунлар”га асраб қўйилмоқда экан, яъни ейиш-ичишимизга тўлаш учун. Талабаларга спиртли ичимлик сотиш ман қилинганидан маҳаллий аҳолидан кимдир бу пулга иккита ароқ олиб келиб берди.
Илмий адабиётда “плацебо эффекти” деган тушунча бор. Буни пуч ёнғоқ тарзида ҳам ишлатишади. Бунда, масалан, бир пулга қиммат ҳабдорини мақтай-мақтай шифобахш хусусиятга эга мўъжизавий дори сифатида тақдим этиш ва кутилган натижани қўлга киритиш мумкин. Ёки бошқа бир мисол: мулла ўқиётган “куф-суф”га дилдан ишонсангизгина тиш оғриғингиз қолади. Бизнинг барагимизда шунга ўхшаш бир нима юз берди. Ишонасизми-йўқми, ароқнинг бор-йўғи биттаси ичилди, лекин деярли ҳамма маст бўлди. Жуда кўпчилик бир қултум ҳам ичмади, жуда кўпчилик шунчаки ҳидлаб қўяқолди, аммо ҳамма маст бўлди! Бу ҳодиса бир куни оқшом оч қоринга юз грамм отиб олган Қадамнинг: “Чақиринглар Азроилни бу ёққа! Ўғри у!” деб алжираган дамдан бошланди. Қадам тузуккина алёр айтаркан, тили алжираса ҳам сўзлари маънолигина эди: “Ота-боболаримизни эслайлик… Йигит номимизни оқлайлик!..” Шунда “плацебо эффекти” юз кўрсатди. Кўпчилик шунчаки бўш ёки сув солинган пиёлаю стаканларни бир-бири билан чўқиштира бошлади. Улар сув ёки ҳавони худди Қадамдай афтларини бужмайтириб ича бошлашди, худди Қадамдай кўзларидан ёш чиқа бошлади, худди Қадамдай енгларини ҳидлашиб “закуска” қила бошлашди. Организмда ғалати сирли бир нима рўй берди ва кўпчилик Қадамга ўхшаб чайқалиб, алжираб, кўзлари сузилиб, билса-билмаса чекишга тушиб кетишди. Кўзларни ачиштираётган қуюқ тутун кўпчиликнинг чиндан ҳам маст эканлигига сўнгги далил бўлди. Демак, қандайдир ишлар қилишимиз керак, деган ўйлар бошларда чарх ура бошлади. Кўзлар қизарди, қонлар кўпирди, пешоналарга иситма тошди, қўллар мушт бўлиб тугилди, калта-калта нафас ола бошлашди, кўкраклар кўтарилиб тушарди. Шу билан бирга ҳамма жонсараклик билан сўнгги турткини энтикиб кутарди. Уям топила қолди – меҳмонга келган “партизан” ҳамиша мўмин-қобилгина бўлиб юрадиган Комилнинг ёнидан ўтаётиб (у сўрида кўмирдай қорайиб кетган оёқларини осилтириб ўтирарди) сал тисланди, лекин елкаси унинг оёғига тегиб кетди. Комил ўрнидан сапчиб турасолиб, худди ҳиндулардай қаттиқ наъра тортди-да, бошқа бировга қаратилгани очиқ-ойдин кўриниб турган беадад ғазабда тишларини ғижирлатиб бўкирди:
– А-э-э! Сальхозотряд, бормисан, ур олифталарни, у-р-ур!
Бу нидо порох бочкасига тушган учқун бўлди. Ҳамма бир-бирини босиб-янчиб бечора “партизан”га ташланди. Кимлардир ҳафсала билан бир онда чироқларнинг барини синдирди. Зим-зиё қоронғиликда сўкинишлар, оҳлар, ҳайқириқлар, ёрдам сўрашлар… Чеккадаги сўрининг иккинчи қавати қулаб тушди, бу жангга янада шиддатлироқ тус берди… Шу билан бирга бу телба издиҳом худди кимнингдир измига бўйсунаётгандай аста-секинлик билан бўлса-да, Азроилнинг хонаси томон силжиб борарди. Йиқилаётганлар шу томонга қараб йиқилар, қочган ҳам шу томонга қараб қочар, қувган ҳам шу томонга қараб қувар, ортга, сўриларга қайтган жонга биров қайрилиб қарамас, улар гўё дам олиш учун чиқаётган ўйинчилардай гап эди. Улар ўрнига янгилари майдонга тушарди.
Мана, оқим Азроилнинг ҳужраси эшигига тақалди… яна бир силтов ва парда тутилган ойна қарсиллаб синди, эшикнинг иккала тавақаси тарақлаб очилиб кетди, бирданига беш-олти бола бир-бирини босиб полга йиқилиб тушди, бирон жойини ойна кесди шекилли, кимдир ваҳшиёна тарзда чинқириб юборди. Агар шу чинқириқ бўлмаганида, агар шу лаҳзада Муқбил тошотарнинг муносиб ворислари чироқни кўзлаб улгурмаганида, агар Азроил одатдагидай ўзига тўла ишонган овоз билан бир бақириб берганида эҳтимол, исён шу билан тугаган-қўйган бўларди. Лекин мерганлар ўз маҳоратларини намойиш этиб улгурдилар, Азроил сапчиб ортга чекинганча ваҳимага тушгани яққол билиниб турган қалтироқ овозда: “Нима бу… Нима гап?” деди ва… оловга мой сепилди. Бир онда кичкинагина хонага энг камида эллик киши кириб улгурди, уларнинг ярми қават-қават бўлиб чўзилиб ётар, бир қисми девор ёнидаги шкафни тепиб синдириб, унинг ичидаги қоғозларни сочар, бир қисми бир-бири билан аямай солишар, яна бир қисми эса уриб-тепиб деразани синдиришарди. Уруш асосан хонада ва дераза ёнида давом этар, худди ҳинд фильмларидагидай гурсиллашлар ҳам, дод-войлар ҳам, “ийя!”лар ҳам ошиб-тошиб ётар, буларнинг қай бири рост, қай бири ясама эканлигини англаб бўлмас, шу билан бирга энг кучли зарбалар албатта нишонга тегмас, беш-олти бола қўлида ўйнаётган қўлбола тўқмоқлар эса нуқул деворга ё деразанинг ҳозирча бутун ромига қарсиллаб келиб тегар, бундай битта зарб ҳар қанақанги одамнинг бош чаноғини мажақлаб ташлаши тайин эди. Кўкка чиқиб улгурган ойнинг хира-оқиш ёғдусида икки узун гавда шоша-пиша деразадан сакраб тушди, бири қўрқув билан: “Оломон бу! Ўлдириб қўяди!” деди, иккаласи ўзларини асфальт йўл томон уришди. Ғалаба шароби бизни янада сархуш этди, қийқириқлар билан ташқарига отилдик, жон-жаҳдимиз билан ошхонанинг омонат тикланган деворларини ер билан яксон қилдик, ҳар томонга тарқалиб гулханлар қалашга тушиб кетдик. Кўпчилигимизнинг қонимизда оташпараст боболаримиздан бир нима қолган шекилли, кўкка ўрлаётган оловга қараб туриб тотли ғалаба ҳисларини яна бир бор туйдик, кўнглимиз тўлиб, йиғлаб ҳам олдик. Лоток ортида яна бир гулхан тиллари биланглаб кўринди, қора тутунидан баллон ёқилаётганини тахмин қилиб шу тарафга отилдик. Энди йигирма-ўттиз қадам чопганимни биламан, нимагадир қоқилиб юзтубан йиқилдим. Тиззам жизиллаб кетди. Гугурт ёқдим. Олдимда қозиқлари тепага қараб қолган борона ётарди. Баҳордан бери ётаверганидан бўлса керак, роса занг босган. Қизиқ устида билинмаган экан, тиззам лўқиллаб оғрий бошлади, қон этигимга оқиб кирар, пайтавамдан сизиб ўтган илиқ суюқлик бармоқларим орасида билчилларди. Борона устига кўкрагим билан йиқилмаганим учун шукроналар айтиб, рўмолчамда яра ўрнини сириб боғладим.
Оқсоқланиб баракка қайтдим. Ўрнимга ётдим. Ухлолмадим. Лўқиллаш худди минг оёқли жондордай шошилмасдан, бир маромда, аста-секинлик билан юқорига силжимоқда эди. Ўзимни яна бир бор маст ҳис қилиб (эшитганмиз, ўқиганмиз, кинода кўрганмиз ахир) оёғимни кўтариб ётмоқчи, шу билан оғриқнинг юришини тезлаштириб, уни тезроқ вужудимдан чиқариб ташламоқчи ҳам бўлдим, аммо бу масхарабозлигим ўзимга бачкана туюлиб, дарров ҳушёрлигимга қайтдим. Бирин-кетиин кириб келган болалар индамасдан ётиб қолишди. Оғриқ ҳақида бировга гапиргим келмади, гўё бу кеча мастлик сингари оғриқ ҳам ёлғондай…
Кечаси деярли ухламадим. Энди кўзим илингандай эди, нимадир шиқирлади. Бошимни кўтариб икки шарпанинг оёқ учида Азроилнинг хонасига кириб кетаётганини кўрдим. Шу вақт увишиб қолган оёғимида яна оғриқ пайдо бўлди, тишимни тишимга босиб, кўзларимни чирт юмиб олдим…
Тонгда Азроил “…ҳаммаларинг билан кечқурун гаплашаман… ҳайдатаман… институтда гаплашаман…” деб роса пўписа қилди, бироқ кўпчилик сездики, у уйдаги гапни кўчага олиб чиқмайди, у бундан манфаатдор эмас, аксинча, ҳатто обрўйи тушиб қолиши мумкин. Бунинг устига Қадам ўртага чиқиб, бор айбни оқшом бостириб келган “местнийлар”га тўнкаб туриб олди. Шу сезги сабаблими, биз ўзимизнинг жамоа, куч эканлигимизни илғаб олдик, орамизда қандайдир яқинлик пайдо бўлди гўё. Шу сезги сабаблими, оғриқ оёғим қалтираб бир этак пахтани кўтаролмай турганимда бир эмас, уч бола кўмакка келди. Ранги сарғайиб, куни билан қайт қилиб юрган Қадамга ҳам икки-учтаси ёрдамлашаётганини кўрдим.
Ўнг оёғим соат сайин қизариб, дўмбирадай шишиб бормоқдайди. Тушлик чоғи Азроилнинг деразалар ўрнига картон қоғоз, фанерлар қоқилган, сал тартибга келтирилиб улгурган хонасига кириб, врачга оёғим шишаётганини айтдим. У сигаретасини оғзидан олмай, истеҳзо билан тикилди-да: “Кеча камроқ ичиш керак эди, йигит”, деди.
Муолажадан умидимни узиб, тушликдан кейин ҳам далага чиқдим. Ҳар нарсадан бохабар Қадам ҳаммамизга шипшитиб чиқди: энди икки-уч кун жимгина юришимиз керак экан, Азроил кечаги воқеани хўжайинларига чақолмагани аламига арзимаган нарса топсаям уч-тўрт кишининг устидан рапорт ёзиб бериши аниқ экан.
Кечқурун овқат тортмади. Ўрнимда чўзилиб ётавердим. Кимдир ғишт қиздириб келиб оёғимга босди, кимдир қайноқ сув солинган грелка қўйди. Иссиқ элитиб ухлаб қопман. Жиққа терга ботиб уйғонганимда тахминан ярим кечаси эди. Оёғим ваҳимали тарзда шишиб кетган, лўқиллаш ўнг оёғим бармоқлари учидан тортиб то миямгача етганди. Оғзим қуруқшаган, вужудимнинг ярми иссиқ плита устида ётгандай қизимоқда, иккинчи ярмида жон асари йўқдай, муз. Амаллаб қаддимни кўтардим. Кўз олдимни туман босди, миям шанғиллаб кетди. Ўнг оёғим тўнтарилиб қўйилган кувидай юқоридан пастга қараб шишиб кетган, кенг-мўлгина шимим сирилиб турарди. Иккинчи қаватдан пастга осилиб тушиш дўзах азоби бўлди… Чап оёғимга этик кийдим, ўнгига шиппак ҳам бормади. Сўри тагида ётган тўқмоқлардан бирини олдим. Қўполлигини айтмаса, тузуккина ҳассаликка ярарди. Бир оёқда сакрай-сакрай ташқарига чиқдим.
Йўлим сира унмасди, тошбақа мисол судралиб кетаётгандай эдим. Икки ёнда одатда комбайинлар қайрилиши учун тайёрланадиган йўл бўлиши эсимга тушди. Улар сертупроқ, аммо ҳозир шудринг тушиб тургани учун унчалик чангимаса керак. Сирғалиб пастга тушдим.
Шундай қилиб, беш-олти дақиқа асфальт йўлда ҳаккалайман, сўнг пастга сирғалиб тушиб тупроқ йўлда эмаклайман; ҳамма жойим лойга беланганини айтмаганда, йўлим уна бошлади.
Зовур… О, бахт! – узоқдан трактор товуши эшитилди, зум ўтмай унинг чироқлари кўринди. Сал одам башара кўриниш учун уст-бошимни қоққан бўлдим. Йўл чеккасида ҳурмат юзасидан ним эгилиб, бўш қўлим кўксимда уни кута бошладим. Келди. Ўткир чироқлар нуридан кўзим қамашиб, “тўхтатинг, бирга кетайлик” ишорасини қилдим. Трактор сал секинлади, сўнг бирданига газ бериб юлқиниб олдинга интилди-да, ўтди-кетди. Ўзиям олтитами тележка судраб келаётган экан, улар биланглаб-биланглаб илон изи қилиб юра бошлади, агар ўзимни пастга отмаганимда охирроғидагилар қаноти билан уриб кетиши тайин эди.
Ер билан битта бўлиб ётибман-у, хўрлигим келади… Тракторчини ҳам тушунардим албатта: ярим тун, уст-бош лой, қўлида таёғи билан зовурдан чиқиб келган арвоҳ, шу қабилидаги ҳикоятларнинг ёдга тушиши…
Опа шифокорлик қилаётган шийпонга етишимга икки юз қадамча қолди. Осмонда чарақлаб турган юлдузларнинг жойлашиш ўрнига қараб барагимизда “подъём” бўлгани, ҳозир болаларнинг чой ичишга тушганини тахмин қилдим. Шошилиш керак эди. Режамга кўра, ҳеч бўлмаса ишга чиқар маҳалига қайтиб улгуришим керак эди. Сабаби… сабаби шуки, мен ўқишни истардим, тўсатдан Азроил тузадиган рўйхатга тушиб қолиб, бошимга ғалва орттиришни истамасдим, емаган сомсага кимнинг пул тўлагиси келади…
Билмадим, бу масофани қанчада судралиб босиб ўтдим, аммо осмонда юлдузлар сўнгани, уфқда илк заррин нурлар пайдо бўлгани ёдимда. Шийпон жимжит эди. Ҳамма ишга кетганмикин деб ўйладим, бироқ самоварчининг чой қайнатаётганини кўриб, болалар ҳали ухлашаётганини тушундим. Энди шишган оёғим бир бўлак ёғочга айланган, гўё ҳозир уни урсам, қирқсам, куйдирсам ҳам ҳеч нима сезмайдигандай эди; муз белим томон ўрламоқда эди… Кўринишим билан самоварчини чўчитмаслик учун судралиб ичкарига кирдим. Бу жойларда ҳамма шийпонлар икки томчи сувдай бир-бирига ўхшаш бўлишини билганим учун ўнгдаги ҳужрага етиб олдим. Эшик тутқичидан ушлаб, минг машаққат билан қаддимни ростладим. Оғир-оғир нафас олган кўйи секин эшикни тақиллатдим. Ичкаридан қиз боланинг “ҳозир” деган товуши эшитилди. Бирдан енгил тортдим, шу қадар енгил тортдимки, ичи бўм-бўш мўмиё вужудга айланиб қолгандай сездим ўзимни, шу билан мени ушбу лаҳзага қадар ушлаб, суяб турган номсиз қудратли бир нимадан айрилгандай бўлдим ва “Опа…” дея шивирлаганча бетон полга гурсиллаб йиқилдим. Онгимни қуюқ туман қоплаб бораркан, назаримда, Опанинг қичқириб юборганини эшитгандай бўлдим…
VI
Мен йўналишни бутунлай қарама-қарши томонга олган, Ўғилой опа эмас, у кишининг курсдоши врачлик қилаётган бригадага келиб қолган эканман. Кейинроқ гапириб беришларича, мени кушеткага ётқизишгач, пичоқ билан шимимни кесаётган қиз оёғимни кўрган заҳоти “Қорасон” дея чирқираб йиғлаб юборганмиш. У беш-олти йигитни машина топиб келишга юборибди, кўзидан дувиллаб оқаётган ёши тинмай менга укол қилипти. Шу пайт бўлим бошқарувчиси “Жигули”сида келиб қолипти. Машина бир пасда мени туман марказидаги шифохонага етказиб келипти. Аммо қон заҳарланиб улгурган экан, олти соатлик машаққатли операциядан кейин ҳар қалай тиззамдан юқорисини сақлаб қолишипти…
Уч сутка кўз очмабман. Опа ҳар куни икки-уч марта ҳолимдан хабар олиб кетаркан. Аммо соврин барибир Азроилларда кетди – кўзимни очган лаҳзада Азроилни, декан ўринбосарини, Раимбердини кўрдим. Кўрдим-у, хира онгимда нариги дунёда Азроил билан ўтирибман, деган ўйдан даҳшатга тушиб, яна ҳушимдан кетдим.
Қисқаси, улар ярим кун мобайнида енгимдан кириб, ёқамдан чиқишди. “Ҳай-ҳай” демасам тиз чўккудай бўлишди. “Қизил диплом”, кандидатлик диссертациялари тимсолида олтин тоғлар ваъда қилишди, бутун қариндош-уруғларим учун институт эшигини ланг очиб қўйишди, ҳатто проректорнинг шахсан ўзи келиб, мен билан жуда қуюқ сўрашиб кетди… Пировардида, улар айтиб туришди, мен тушунтириш хати ёздим, яъни, мен фалон куни йиқилиб тушдим, домлаларга айтмадим, яширдим, арзимаган нарса деб ўйладим, оёғим шиша бошлагач, фалон бригададаги ўртоғим билан маслаҳатлашай деб йўлга чиққандим, айб ўзимда. Сана. Имзо.
Улар чиқиб кетишди. Опа кирди. Кўзлари киртайиб, янада озиб қолибди бечора. Олдимда бир фурсат жимгина ўтирди. Кейин секингина: “Буларнинг кўпаяётганига ўзимиз ҳам айбдормиз-да, ука…” деди. На таъна қилди, на ёзғирди. Шунчаки, ўз-ўзига айтаётгандай гапирди. “Сиз” демади, “ўзимиз” деди. Мен… минғирлашга тушдим; кўп йиллардан буён муҳандис бўламан деб юрибман, пахта терадиган янги комбайн яратмоқчиман, ҳатто оғма шпинделлар билан ишлайдиган биттасини калламда пишитиб ҳам қўйганман, фақат чизмалар чизишни ўрганиб олсам бас, мактабда муаллим йўқлигидан чизмачилик ўтмаганмиз ахир; мана кўрасиз сизнинг болаларингиз пахтага лола сайлига чиққандай ҳавасга чиқади… Қанча кўп гапирсам, ўзимга шунчалик ишонмай бораётганимни сезиб жим бўлиб қолдим. Опа маъюс жилмайди.
Уйга кетар маҳалим Опа бир даста гул кўтариб келди.
Ўқиш янги йил арафасида бошланди. Дарсларга протез оёқ билан қатнай бошладим. Негадир… ҳаммага шубҳаланиб қарайдиган бўлиб қолгандим. Уйдагиларнинг ачиниш тўла нигоҳлари ҳам жонимдан тўйдириб юборди. Бу ерда эса болаларнинг кўпроқ гапираётгани ичи ачиётгандай, гапирмаётганлари хушламаётгандек туйилаверди. Оёғим ғичирлаши билан кўп домлаларнинг асабига тегаётгандайман… Бу ёқда ўзимни аллақандай хиёнат, алдов шерикчиси, қўрқоқ, виждонсиз, латта йигит сифатида ҳис қилиш… Чидолмадим. Сиртқига айлантириш баҳонасида ўқишни ташладим. Номард Азроиллар номига бўлсин бир марта “қўй, ука, ўқийвер”, дейишмади. Мен бўлса… Гуруҳдошларим икки-уч марта уйга излаб келишибди, бироқ мен бир йилча Қўшработда, туғилган қишлоғимда кутубхоначи бўлиб ишлаб юрдим.
VII
Мана, орадан олти йил ўтиб, бу воқеаларни эсга олдим. Йўқ, бу билан кимнидир айбламоқчи, кимгадир нимадир таъна қилмоқчи эмасман. Бир нарсани жуда яхши биламан: ҳаммасига ўзим айбдорман, одам тақдири фақат ўзига боғлиқ.
Шукр, ёмон яшамаяпман. Уйим, гулдай хотиним, уч фарзандим, машинам бор. Ҳисобчиман. Узумчилик бригадасида. Ҳурматим жойида. Одамга яна нима керак?
Лекин, барибир, баъзан, йилда бир-икки бор, нимагадир ўз-ўзимдан, ўтаётган кунларимдан қониқмай қоламан, гўё ўзга бировнинг умрини яшаётгандайман, асл ҳаётим эса бутунлай бошқача бўлиши керакдай… Гўё ҳаётда ўзим жуда истаган, менга жуда-жуда зарур бир нимани бой берганман-у, унинг ўрнига унча зарурияти йўқ бўлган бошқа нарсага эгалик қилаётгандайман…
Шундай изтиробли лаҳзаларда пахта далаларини узоқ кезаман, бирон дарахт тагида, протезимни ечиб қўйиб, салқин шабадага пешонамни тутган кўйи тракторчилар ишини кузатаман, ўзим мактаб партасидан орзу қилганим – оғма шпинделлар йилтираб кўзимга кўринаверади… Оқшомлари бўлса, хотин-болалар ухлагач, стол лампаси ёруғида илмий журналлардан, трактор паспортларидан олганларим – конструкторлик чизмаларига соатлаб термиламан, уларнинг сирини очгувчи аллақандай сирли калит қидираман; бу калит эса яқингинада, жуда яқингинада тургандай, уни мана-мана қўлга киритадигандайман…
Балки мен бағримни ўртаб бу сатрларни ёзмас ҳам эдим. Лекин… институтни битириб келган йигит бугун менга “амаки” деб мурожаат қилди… Машинага ўтирарканман, кўзгуда акс этган ёқаси ғижим кўйлагимга, ўсиб қолган соқол-мўйловимга, пешонамда пайдо бўлган қат-қат ажинларга, кўзларимда қотиб қолган маҳзун ифодага қарадим-у, умримнинг асосий қисми ўтиб қўйгани, энди “амаки”га айланганим, бу номга нафақат жисман, балки маънан ҳам етиб келганимни англаб, кўксимда чидаб бўлмас бир оғриқ туйдим.
Наҳот, наҳот умр ўтган бўлса?..
Наҳот бундан бу ёғи фақат яхши ейиш, яхши ичиш, кўпроқ мол-дунё тўплаш, машина янгилаш, бировдан орттириброқ тўй-маърака ўтказиш ташвишларидангина иборат бўлса? Наҳот булар майда-чуйдаларни, ҳеч бўлмаганда иккинчи даражали ишларни эмас, ҳаётимнинг асосини, бор мазмунини ташкил қилса?.. Наҳот мен сўнгги дам қониқиш билан ўз-ўзимга: яхши яшадим, яхши яшаш учун курашдим, мақсадларимга етишдим, ўтган умримдан розиман… дея олсам?
Наҳот, наҳот умр ўтган бўлса…
(1987)