Абдуқаюм Йўлдош. Видо зиёфати (ҳикоя)

Институтнинг охирги босқичида ўқиётгандим.
Аниқ эсимда, намозшом палла эди. Гуруҳдошим Ҳамид тўсатдан хонага бостириб кирди ва менга диққат билан тикилиб тураверди. Ранги бўзариб, кўзлари алланечук бесаранжом боқарди.
— Ҳа, жўра, тинчликми? — дедим.
Ҳамид оқариб кетган лабларини аранг қимирлатиб, пичирлади:
— Ишлар чатоқ, жўра…
Беихтиёр ўрнимдан туриб кетдим.
— Нима гап, жўра?
Ҳамид яна пичирлади:
— Хайрлашгани келдим.
Юрагим “шув” этиб кетди.
— Майнавозчилик қилманг, — дедим иложи борича дадил гапиришга уриниб.
Ҳамид индамай ортига ўгирилди ва хонадан чиқиб кетди.
Мен жойимда тахта бўлиб қотиб қолгандим.
Алоҳа, ўзимга келдим ва йўлакка отилдим. Бироқ йўлак бўм-бўш эди.
Ётоқхонада, айниқса, талабалар орасида гап ётармиди?!
Орадан бир чой қайнагулик фурсат ўтар-ўтмас Ҳамиднинг бедаво дардга чалингани, нари борса уч-тўрт ойлик умри қолгани ҳақида совуқ хабар тарқалди.
Гуруҳимиз етакчиси Қадам оға ранг-қути ўчган ҳолда йигитларни ўз хонасига йиғди.
Ҳамма жим. Охири Қадам оға ўшқириб берди:
— Нима, бу ердан ўлик чиққанми, баринг қовоғингни осиб олибсан?
— Энди чиқади…
Бу гапни Шуҳрат шивирлаб айтди. Аммо ҳамма эшитди.
Қадам оға довдираб, Шуҳрат томон ўгирилди:
— Шунча тез эканми?
Шуҳрат қайғу ичида елка қисди. У ер-бу ердан шивирлашлар эшитилди:
— Мен уч ой деб эшитдим… Мен икки ой деб… Мен уч кун деб…
Ҳамма жим бўлиб қолди.
— Ўзи асли қанча қолибди, аниқ айтадиган мард борми?
Қадам оғанинг бу саволи жавобсиз қолди.
— Дўст кулфатда билинади, — деди ногаҳон ўртага чиққан Шуҳрат жиддий тарзда. — Яқин жўрамиз бундай аҳволга тушганда биз қўл қовуштириб ўтирсак уят бўлар…
Кўзлари жиққа ёшга тўлган, томоғига нимадир тиқилган Шуҳрат ортиқ гапиролмай қолди.
Бундай қарасам, уч-тўртта йигитнинг ҳам ўпкаси тўлган.
Қадам оға Шуҳратни жеркиди:
— Индамасак, типпа-тирик одамни бориб кўмиб келишдан ҳам қайтмайсан, сен бола! Аввал ўзини топайлик, гаплашайлик…
— Айтмайди… — умидсиз бош чайқади Шуҳрат.
— Нимани айтмайди? — ҳайрон бўлиб сўради Қадам оға.
— Ўша… қачон содир бўлишини…
— Ўзимга қолганда-ку, ичидан суғуриб олиб бўлсаям, билиб олардим-а… Тўхта, тўхта, — шундай дея оқсоқолимиз Шуҳратга ёвқараш қилди, — сен икковинг қизларнинг кетидан юрардиларинг. Ё… бир нарса орттирдингларми?
— Қани энди шундай бўлса, — дея оғир уф тортди Шуҳрат. — Ўпкаси қаттиқ шамоллаган экан, сув йиғилибди. Қорнида шиш бор экан.
— Менинг отам врач, — деб қолди шу пайтгача жим ўтирган Нодир. — Сув йиғилаётган бўлса… умид қилмаса ҳам бўлади…
Бу сўзлар қулоққа ҳукмдай эшитилди.
Хонага яна пашша учса эшитилгудек совуқ сукунат чўкди.
— Ёрдам… берамиз, — деди ниҳоят Қадам оға ҳамманинг фикрини уқиб бўлиб. — Фақат… аввал ўзини топайлик-чи…
Шуҳрат орага гап қўшишга уринди:
— Бунақа пайтда одамнинг ёлғиз қолгани яхшимикин…
Отаси туфайли бирдан бу соҳанинг билимдонига айланиб қолган Нодир бош чайқади:
— Йўқ, бунақа тузалмас касал ёлғиз қолса ўйланавериб, ич-этини еб қўяди. Кўпроқ дўстлари даврасида бўлгани, ўйнаб-кулиб қолгани маъқул…
— У ҳозир қаерда бўлиши мумкин?
Шуҳрат елка қисди:
— Билмадим… Бирон арзонроқ кафеда ўтиргандир. Шу гапни эшитганидан бери оз-моз ичадиган бўлиб қолди…
Қадам оға яна Шуҳратга шубҳаланиб тикилди:
— Демак, аввалдан хабаринг бор экан-да?.. Нега бизга айтмадинг?
Шуҳрат шоша-пиша ўзини оқлашга тушди:
— Уч-тўрт ойдан бери ўпкам оғрийди, деб қон туфлаб юрарди. Ўтган ҳафта мажбурлаб олиб бордим врачга. Биттасининг диагнозига ишонмади. Кеча ўзи бошқасига борганди. Ана шундан кейин… менинг хабарим йўқ, бир-иккита боланинг олдига кириб, хайрлашиб чиқибди…
Нодир аста ўрнидан турди ва бениҳоя қайғули тусда садо берди:
— Хайрлашиб эмас, жўра, видолашиб. Мен уни кўрдим. Ўз кўзларим билан кўрдим, — шу ерга келганда “қулт” этиб ютиниб олган Нодир гапини китобийроқ тарзда якунлашга уринди: — Шамдай сўниб бораяпти бечора…
Йигитларнинг киприклари пирпирай бошлаганини пайқаган Қадам оға бақириб берди:
— Бўлдида-эй! Аввал топайлик, гаплашайлик…
Бироқ ён бергиси келмаган Нодир таассуф билан бош чайқади…
— Умид йўқ, Қадам оға… Раз сув йиғилаётган бўлса, қорни шишаётган бўлса…
— Нафасингни иссиқ қил-эй! — дея ўшқирди Қадам оға. — Унинг жўрасимисан, гўрковмисан?..
Хуллас, кичик-кичик гуруҳларга бўлиниб, Ҳамидни излайдиган, топган заҳоти яхши гап-сўзлар билан ётоқхонага олиб келадиган бўлдик.
Ҳар қалай, отаси врачлиги боис бош маслаҳатчига айланган Нодирдан керакли йўл-йўриқ сўраб олган Қадам оға алоҳида тайинлади:
— Биронтанг унинг олдида касалликдан гап очма!
Буни қарангки, Шуҳрат янглишмаган экан: орадан бир соат ўтар-ўтмас Ҳамидни қаҳвахоналарнинг биридан маст ҳолда топишибди.
Ҳамидни таксига ортиб олиб келишди. Хонасига олиб чиқиб, ётқизиб қўйишди.
Шу оқшом талабаларнинг Ҳамидга меҳрибонлигини кўрсангиз эди! Ким пешонасига муздай сочиқ босган, ким қайноқ чой дамлаб келган… Воқеадан аллақачон хабар топган қизларимиз эса қайдандир қатиқ олиб келишиб, угра ош қилиб беришга ҳам улгуришибди.
— Аламидан ичаяпти-да бечора, — дея изоҳ берди Нодир оғзидан боди кириб-шоди чиқаётган Ҳамидни қучоқлаб оларкан. — Ахир осонми, шундай йигитнинг дунёни ташлаб кетиши?..
Биз йигитлар ярим кечага қадар Ҳамиднинг бошида ўтирдик.
Ниҳоят Қадам оға ҳаммамизни ҳайдаб солди:
— Қани, ҳамманг хонангга шагом марш! Ҳаво етмай қолди-ку бечорага!
Гуруҳ етакчимизнинг талабига кўра беморнинг ёнида ўртоғи Шуҳрат ва врачнинг фарзанди бўлганлиги сабабли “дўхтир” лақабини олган Нодир қоладиган бўлди.
Эртаси куни стипендия олдик.
Орамизда мард йигитлар кўп эди. Ўшалар стипендиясини ярим-ёрти қилиб ўтирмай, бутунича Ҳамидга бериб қўя қолишга қарор қилишибди.
Ёнингдаги ўртоғинг шундай қилиб тургандан кейин…
Натижа шу бўлдики, қизлар бир ойлик стипендияларининг ярмисини, йигитлар эса тўлалигича Ҳамидга аташди.
Пулни Қадам оға ўз қўли билан йиғди ва пешинга борибгина сал ўзига келган Ҳамидга топшириб чиқди.
Гуруҳ етакчимиз пул бериш учун қандай баҳона топган, билмайман, лекин Ҳамиднинг хонасидан чиққанида унинг кўзлари тўла ёш эди.
Бизнинг шоша-пиша берган саволимизга жавобан Қадам оғамиз титроқ овозда пичирлади:
— Бечора йиғлаб юборди… Барисини билиб турибди-да…
Бу гапни эшитган қизлар ҳиқиллашга тушишди.
Сўнг ҳаммамиз бошимиз эгик ҳолда хона-хонамизга тарқалдик.
Менинг ҳам кўнглим ҳувиллаб қолган эди.
Ахир, мана, Ҳамид йигирма йилдан ошиқроқ яшади, эр йигит бўлиб етишди, беш дақиқаси кам олий маълумотли мутахассис, у ёқда ота-онаси не-не умидлар билан йўлига кўз тутиб, сарғайиб кутиб ўтиришгандир. Бу бўлса… яна бир-икки ойдан сўнг… йўқ…
Ишонасизми, Ҳамид, ҳа, ўша, ёруғ дунёда кўражак кунлари саноқли қолган жўрамиз Ҳамид, биз йиғиб берган пулга ҳашаматли ресторанлардан бирида… бунинг номини нима деб атасак экан, ўтириш қилиб бермоқчи бўлибди. Тумтароқ ибораларга ўч “дўхтир” Нодир ибораси билан айтганда “Видо зиёфати” ўтказиладиган бўлибди.
Видо… Ҳар қанча китобий бўлмасин, бу сўз, барибир, совуқ эшитиларкан.
Дарвоқе, Қадам оғанинг раҳбарлигида йигитлар ўзаро келишиб, Ҳамиднинг номидан тузуккина диплом иши ёзишни бошлаб юборишди…
Зиёфатни қолдиришнинг иложи бўлмади, бордик. Дастурхон атрофида йигирма чоғли талаба.
Аввалига қандайдир ўнғайсизлик, ноқулайлик бордай эди. Устига-устак, нечукдир ҳеч кимдан сўрамасданоқ жўрабошиликни зиммасига олган Нодир дастлабки кириш сўзидаёқ қовун туширди. Яъни, у салом-алигу “Хуш келибсизлар”дан сўнг ўзича гапни айлантираман деган ўйда ногаҳон:
— У дунёда юрганларнинг жойлари жаннатнинг тўридан бўлсин, — деб юборди.
Давра музлаб кетди.
Қизлар бошларини эгиб олишди. Ҳамиднинг юзи бўрдай оқарди.
Жаҳлдан бўғриқиб кетган Қадам оға киши билмас Нодирга муштини ўқталаркан, сакраб ўрнидан турди-да:
— Қани, йигитлар-қизлар, дастурхонга марҳамат, — деди кўтаринки оҳангда. — Бугун Ҳамид жўрамиз дўстларини сийлаб дастурхон ёзган экан, уни худо сийласин…
— Менам шуни айтаяпман-да… — дея жон ҳолатда орага қўшилишга уринди типирчилаб қолган Нодир.
Лекин Қадам оға бир ўқрайишда уни қайтариб жойига ўтқазиб қўйди-да, имосига маҳтал бўлиб турган йигитларга ишора қилди:
— Очмайсизларми анави бўйни узун зормандаларни!
“Бўйни узун зормандалар” даврага илиқлик ва ҳатто айтиш мумкинки, шўхчан руҳ олиб кирди. Шишалар бўшаган сайин йигит-қизлар дадиллашиб, ўзаро гурунглашишга, вағир-вуғир қилиб баҳслашишга киришиб кетишди. Мусиқа янгради. Рақс…
Ҳамид кўп ичди ва тез маст бўлиб қолди. У энди гоҳ у жўрасини, гоҳ бу жўрасини маҳкам қучоқлаб олар, юзларидан ўпар, сўнг йиғламсираб, қучоғидагининг қулоғига:
— Умид йўқ, биродар… — деб шивирларди.
Охир-оқибат бу қучоқлашлару шивирлашлардан қизлар ҳам бебаҳра қолишмади.
Албатта, қизлар ҳамма гапдан бохабар эдилар. Аммо “Эрта-индин ўламан” деб турган кишининг ўз оғзидан бу гапни эшитиш баттар оғир эди. Балки шу сабаблидир, қизлар тез-тез яширинча ўгирилиб, қуйилиб келаётган кўз ёшларини нафис дастрўмолчаларига артиб-артиб олардилар.
Энди…
Майли, бор гапни очиқ айтайин.
Гуруҳимизда Шаҳло исмли қиз ўқирди. Гўзал қиз эди бу Шаҳло деганлари. Сарвиқомат, юзи сутга чайиб олингандай оппоқ, қошлари қалдирғоч қанотидай, киприклари қуюқ ва узун-узун. Кўзлари эса… бу кўзлар гўдак боланики сингари беғубор эди. Шаҳлонинг ўзиям гўдак сингари содда ва ишонувчан эди. Кўпларимиз унга ошиқ эдик. Ҳаттоки бачкана сериалларни томоша қилаётиб ҳам дарё-дарё кўз ёшига ғарқ бўладиган Шаҳло жўрамиз Ҳамиднинг ўз оғзидан “Умид йўқ…” деган жумлани эшитгандан шўрқиллаб йиғлайверди, йиғлайверди…
Қадаҳ сўзлари қайта-қайта айтилавериб, ҳамманинг кўнглига урди. Ҳатто Ҳамид ҳам қадаҳ кўтариб, ғўлдираганча бир нималарни гапирган бўлди. Мен фақат унинг:
— Ҳур кетиш қиз болага ярашади… — деганини англагандай бўлдим. Бир неча лаҳзадан сўнг у яна гапини такрорлади: — Ҳурлик қизга ярашади, йигитга эмас… Мен ҳур кетишни истамайман… Ўзим бориб, жаннатнинг тўридан сизларга жой олиб тураман…
Ва ҳоказо…
Хуллас, бир амаллаб ётоқхонага қайтиб келдик.
Ҳамма хона-хонасига кириб кетди.
Нимагадир кўнглим ғаш бўлаверди. Ухлай олмадим.
Аста кийиниб, қоп-қоронғи йўлакка чиқдим.
Шунда… икки қадам нарида… Шаҳло турадиган хона эшигини оҳиста тақиллатаётган Ҳамидни кўрдим.
Ичкаридан Шаҳлонинг:
— Ким у?.. — деган хавотирли овози эшитилди.
— Бу мен… — дея аста шивирлади Ҳамид.
— Тинчликми, Ҳамид ака?
— Шу… — Ҳамид чайналиб қолди.
— Мазангиз бўлмаяптими?
— Ҳа, ҳа, мазам бўлмаяпти… — шоша-пиша такрорлади гўёки баҳона топилганидан қувониб кетгандай Ҳамид.
— Унда… — қиз бир лаҳза ўйланиб қолди. Сўнг: — Мен Абдували акани чақирай бўлмаса, — деди. — Бир ўзим эдим. Анора холасиникига кетувди…
Абдували деганлари… мен эдим.
Худди шу лаҳзада Ҳамид мен томонга ўгирилди. Кўзларимиз тўқнашди.
Ҳамиднинг кўзларида ёвуз бир ўт чақнарди.
Тўсатдан… Ҳамид менга кўз қисиб қўйди ва:
— Абдувалини безовта қилмайлик, — деди иложи борича секин гапиришга уриниб. — У маст… Қотиб ухлаб ётгандир… Мен… сиз билан хайрлашгани бир минутга… Бошқа кўришамизми-йўқми… Дўхтирлар “Умид йўқ” деб айтишди…
— Унақа деманг… Унақа деманг…
Қиз шоша-пиша эшикни очди.
Қоронғи йўлакка бир тутам нур тушди.
Ҳамид шу заҳоти ўзини ичкарига олди.
Эшик ёпилди.
Кўнглим бўм-бўш бўлиб қолди.
Бориб тақиллатай десам… Ҳар қалай, Ҳамид — бемор. Бемор бўлганда ҳам тузалишига умид йўқ бемор. Эҳтимол, чиндан ҳам хайрлашишга киргандир…
Нима қилишни билмайман… Ҳовлига чиқаман, қайтиб ётоқхонага кираман, хонамга кираман, ёта олмай яна ҳовлига чиқаман…
Бир пайт Шаҳло ётган хонадан қиз боланинг заиф овозда чинқиргани эшитилгандай бўлди…
Аммо шу заҳоти ўчди бу овоз…
Эртасига Ҳамид йўқолиб қолди. Хонадошининг айтишича, тонг қоронғисида гандираклаб кириб келган-у, нарсаларини олиб, индамасдан чиққан-кетган. Шаҳардаги барча қаҳвахоналарни тит-пит қилиб ҳам уни тополмадик.
Аммо бу қидир-қидирларга, бизнинг ваҳимага тушиб излашларимизга гуруҳдошларимизнинг биттасигина қўшилмади. У ҳам бўлса Шаҳло эди…
Қиз кун бўйи хонасидан чиқмади.
Ҳамидни қидиришни давом эттирдик.
Тез орада унинг қишлоғида эканлиги маълум бўлди.
Ҳаммамиз сал енгил тортдик.
Қадам оға диплом ишининг менга берилган қисмини талаб қилиб қолди.
Нимагадир… ёза олмадим. Қўлимга ручка олсам, бас, ним қоронғиликда менга қараб кўз қисиб қўйган Ҳамиднинг нигоҳидаги ёвуз оловни эслайман-у, ўз-ўзидан дунёга сиғмай кетаман… Назаримда, ўша тун бир ёмон нарса содир бўлгандек… Гуруҳ раҳбаримиз мени уришди, сўкди, ҳатто урмоқчи ҳам бўлди, аммо мен: “Ўлдирсанг ўлдир, барибир ёзмайман”, дегандай без бўлиб туравердим.
Тез орада менсиз ҳам кўплашиб, ҳашар йўли билан ёзилган диплом иши раҳбарларга кўрсатилди. Ҳар қалай, домлалар тушунган зиёлилар-да, Қадам оғанинг куйиб-пишиб тушунтиришларидан кейин “Эрта-индин ўладиган бола”га раҳмлари келиб, кўзда ёш билан аъло баҳо қўйиб беришибди…
Лекин… Шаҳло ҳаммадан ўзини олиб қочадиган, биров билан очилиб гаплашмайдиган бўлиб қолганди.
Шаҳло ерга қарагани-қараган. Боланикидек беғубор кўзларида эса энди чексиз-адоқсиз ғуссани, изтиробни илғаш мумкин эди…
Диплом ҳимоя қилган куниёқ Шаҳло юртига жўнаб кетди. У ҳатто ўқишни тугатганимиз эвазига уюштирилган зиёфатда ҳам иштирок этмади.
Хабар вақтида борган экан, Ҳамид етиб келди.
У дуч келганни қучоқлаб, йиғлаб-сиқтаб миннатдорчилик билдирди, ичиб, маст бўлиб қолганда эса “жаннатнинг тўридан жой” ваъда қилавериб ҳамманинг жонига тегди.
Мана шу ўтиришимизда домлалар баъзан нақадар раҳмдил ва саховатли бўлиб кетишини ўз кўзимиз билан кўрдик. Қадам оғанинг: “Саноқли кунлари қолган”, деган ваҳимасидан сўнг Ҳамидга диплом шу ернинг ўзида қўш-қўллаб тутқазилди.
Бир пайт қарасам, Ҳамид курсимиздаги қизлардан бирининг қўлларини маҳкам чангаллаганча, жон-жаҳди билан шивирлаяпти:
— Хонангизга бораман. Мен сиз билан видолашмоқчиман. Врачлар “Умид йўқ” деб айтган…
Кўрдимки, қиз бечоранинг кўзлари тўла ёш.
Дарров нари кетдим.
Мен… Шаҳлони излардим. Шаҳлони қўмсардим. Аммо у йўқ эди.
Кўпчилик “эрта-индин ўладиган” Ҳамид билан овора бўлиб, Шаҳлонинг йўқлигини сезмай ҳам қолди. Орадан кўп ўтмай мен Шаҳлонинг ўз уйида… жонига қасд қилганини эшитдим…
Орадан йиллар ўтди. Ишладим.
Қўшни вилоятдаги заводлардан бирига бош муҳандисликка таклиф қилишди. Ишга борган куним касаба қўмитаси раиси Кўбай ака:
— Бир ишчимизнинг аҳволи оғирлашиб қолибди. Шуникига кириб чиқмоқчийдим, — деб қолди.
Дарҳол ўрнимдан туриб, мен ҳам боришимни айтдим.
Йўлда бу ишчининг кимлиги билан қизиқдим.
— Э, ўзи бир алкаш, — деди Кўбай ака жаҳл билан. — Ичгани ароқ-вино. Ўзи институтни битирган, дипломиям бор. Лекин ишни эплолмади, пасайиб-пасайиб, охири оддий ишчи бўлиб қолди. Бўшатиб юборайлик десак, оғир касал, бечоранинг кўпи билан икки-уч ойлик умри қолган, дейишипти врачлар. Икки-уч марта ёрдам ҳам бердик. Ачинади-да одам…
Машинада мавзе адоғидаги кўп қаватли уйлардан бири яқинига бордик.
— Ана, ўзиям чиқаяпти, — деб қолди Кўбай ака.
Мен раис кўрсатган томонга қарадим.
Дарҳақиқат, йўлакнинг қўпориб олинган эшиги ўрнидан букчайган, соч-соқоли ўсиб кетган киши чиқиб келмоқдайди.
У аста юриб ёнимизга келди.
— Кечирасиз, раис ака, — деди ҳазин товушда. — Касалхонадайдим… Аҳволим оғир… Ўҳ-ҳў… Биласиз, ўпкага сариқ сув йиғилган, яна уч ой яшайманми-йўқми, худо билади… Кеча врачим ҳам “Умид йўқ” деди. Тишларим такиллаб турибди… Умид йўқ, раис ака…
Раис типирчилаб қолди:
— Қўйинг, қўйинг, Ҳамиджон, дарров бориб ўрнингизга ётинг. Ўлимни ўйламанг. Озроқ моддий ёрдам олиб келдик. Мана, олинг. Яна тўғрилаб берамиз…
Бу гапларни эшитган ҳалиги одам мамнун тарзда илжайди…
Бу илжайиш… Бу сўзлар…
Ҳамидни танидим.
“Ўламан”, деб қўрқитиб, Шаҳлодайин маъсума қизни расво қилган Ҳамид.
Бу эса яшаб юрибди… Ҳали кўп яшайди…
— Ҳамид… — дея олдим базўр.
Ҳамид сесканиб кетиб менга қаради. Сўнг, таниди, аниқ таниди — ранг-қути ўчганча ўгирилди-ю, уйи томон илдам юриб кетди.
Кўбай ака унинг ортидан бақириб қолди:
— Ўраниб ётинг, ука, айтаман, эртага хабар олишади…
Қулоқларим шанғиллаб кетиб, кўз олдим қоронғилашди…