Ҳар доимгидай, ғалабанинг эгаси кўп бўлди.
Дўстовуллик Эшимқул калнинг тўнғич ўғли шаҳарда ка-атта амалдор бўлгани хушхабари қишлоққа етиб келар-келмас, Холиқулнинг болалигида тиришқоқ бўлганини билганлару ҳов ўша замонлар, яъни болакай қишлоқ мактабида ўқиб юрган чоғларидаёқ уни тўғри йўлга солган, бугунги мартабага эришишига ҳисса қўшган, наинки камтарингина ҳисса қўшган, балки асосий сабабчи ҳайбаракаллачилар жуда кўплиги аён бўлди-қолди.
Айниқса, мактаб директори Азимбой жўшди:
— Мен билардим! — деди домла кўрсаткич бармоғини бигиз қилганча оғзидан кўпик сачратиб. — Мен билардим, келажакда Холиқул… Холибойнинг катта одам бўлиб кетишини! Шунинг учун мактабда унга эътибор берардим, алоҳида ғамхўрлик кўрсатардим… Ҳа, мен билардим…
Даврада ўтирган Содиқ ҳисобчи эшимчага қўшимча бўлди:
— Бўладиган бола бошидан маълум. Холиқул… э, Холибой бизнинг қўшнимиз эди, кўзи чақнаб турарди, шундай кўз ўнгимда катта бўлди. Мен ўзим болалигидан эринмай унинг тарбияси билан шуғулландим, одам бўл, дедим, ўқи, дедим…
Хуллас, Холиқулни зарур китоблар билан таъминлаб турган кутубхоначи ҳам қолмади, уни шаҳарга олиб борган ҳайдовчи ҳам қолмади… ва аён бўлдики, бугун кўксига ураётганларнинг ҳаммаси мактабда эски кийимларга ўраниб юрадиган жимитдайгина Холиқулда фавқулодда истеъдод учқунларини вақтида, эҳтимолки, вақтидан бурун илғаб олишган ва бу учқуннинг аланга олишига ўз ҳиссасини қўшишган экан.
Бундай туяга миниб, узоқни кўрадиган оқиллар сафида мактабда ўттиз беш йил математика фанидан дарс бериб, охирги икки йилда ичкиликка ружу қўйган, сўнг винохўрликни бир амаллаб ташлаб, ўтган йили эсон-омон нафақага чиқиб олган Михлибой ака ҳам пайдо бўлди.
Дастлаб, муждани эшитган маҳал уйда, арзимаган бир қоп буғдойни дея ўзаро қирпичоқ бўлаётган кап-катта, ҳаттоки оилали, бола-чақали фарзандлари орасига тушишга уринаётган Михлибой ака жанжаллашаётганлар эътибори чалғиганидан мамнун ҳолда, балки уларни янада чалғитмоқ қасдидами, атай бепарво оҳангда гапиришга уринди. Зеро, муаллим ичкиликка берилиб ўтказган икки йили давомида уйда обрў-эътиборини анча йўқотиб қўйган ва энди аввалги мавқеига эришолмай ҳалак эди.
— Ҳа, Холиқулми? Уни ўзим одам қилганман.
Бир-бирларига чақчайиб қараб турган фарзандлар ногоҳ ўртада муштдайгина бўлиб, айбдор одамдай елкаларини қисиб олганча бужмайиб турган падар томон қарашди.
Ота бундан мамнун бўлди чоғи, беписандликка зўр берди:
— Юрарди бурнини оқизиб. Одам бўл, деб роса қулоғини чўзганман. Неча марта дарсдан чиқариб юборганман. Кўзида ёши, мўлтираб келиб турарди. Кечирим сўрарди. Уришиб-уришиб, кейин дарсга киритардим. Институтга ўзим тайёрлаганман. Киргандан кейин келиб раҳмат айтиб кетган. «Бир умр унутмайман», деган…
Михлибой ака гапни опқочар, фарзандлари ўзига қизиқиб қарай бошлашганини сезган сайин ўзини тутолмай, тўқимага баттар зўр берарди. Зеро, асосий гап тўғри эди, яъни ҳақиқатан ҳам Михлибой ака кўп қатори Холиқулни ҳам ўқитган. Бунинг учун маош олган. Эҳтимол, жаҳли чиққан пайтлари дарсдан ҳайдаб солса солгандир, буни аниқ эслолмайди. Фақат… юрагини жизиллатиб ўтиб кетган хотира шу эдики, бир гал, дарс тайёрламай келганда, ўнинчи синфда ўқиётган, кап-катта йигитча бўлиб қолган Холиқулни:
— Сен одам бўлмайсан, бола! Отангга ўхшаб умринг бировларнинг қўйини боқиб ўтади! — деб сўкканди.
Бу ёқимсиз ҳодиса муаллимнинг ёдида қолгани сабаби шунда эдики, ўшанда, дарҳақиқат, чўпоннинг ўғли Холиқул жуда изза бўлган ва синфдан йиғлаб чиқиб кетган эди.
Михлибой ака ўша воқеага сал бошқача тус беришга уринди: «Шундай қаттиқ турмаганимда одам бўлиши қийин эди, юрарди чўпон таёғини елкасига солиб… Демак, тўғри қилганман…»
Ана шу далда таъсирида бўлса керак, собиқ ўқитувчи мақтанишни ҳаддидан ошириб юборди.
— Институтда ўқиб юрганидаям уч-тўрт марта келиб раҳмат айтиб кетган. Янги ишга кирган пайтларидаям бир-икки марта кўришиб эдик, кейин ишларга чалғидими ё вақти камми…
Ҳамқишлоғи Холибойнинг катта одам бўлиб кетгани хабарини олиб келган Тиркаш почтачи ҳам муаллимга ҳурмат билан термулганча:
— Ҳа, давлатнинг иши, вақти кам-да, бўлмаса-ку… — деди.
Бу пишанг ўзига жуда ёқиб кетган Михлибой ака сарғайиб кетган ингичка мўйловини силаб, мамнун бўлиб ишшайди:
— Бўлмаса-ку…
Шу билан бир қоп буғдой жанжали ўз-ўзидан барҳам топди. Фарзандлар шу-ундай катта амалга ўтирган одамни ўқитган, хусусан, уни одам қилган ўқитувчининг олдида тўрт пуд ғалла дея ёқа бўғишишни ўзларига эп кўришмади шекилли…
Кутилмаганда оилада Михлибой аканинг обрўйи кўтарилиб кетди. Фарзандлари энди унинг олдида овоз кўтариб гапирмайди. Улар орасидаги барча низолар пичирлаб, шивирлаб дўқ уришлару бир-бирига мушт дўлайтиришлар орқали ҳал этиларди.
Бундан кекса муаллимнинг боши осмонда эди. У оғзининг таноби қочганча қўлини орқасига қилиб ҳовлида у ёқдан-бу ёққа гердайиб юраркан, ҳатто ёдида қолган қўшиқларни хиргойи қилишдан ўзини тийиб туролмасди.
Шундай кунларнинг бирида падар ёнига тўнғич ўғил Исроил яқинлашди.
— Ота, кеча телевизорда Холибой акани кўрдик. Жуда басавлат одам бўлиб кетибди, — дея бошлади гапини ўғил.
— Ҳа, энди, ўзи олдиндан ҳам илиги тўқ эди-да, — деди ота сир бой бермай.
Исроил энсасини қашлади.
— Бир маслаҳат бор эди, ота.
Михлибой ака ҳушёр тортди. Зеро, пенсияга чиққач, фарзандлар у билан деярли маслаҳатлашмай қўйишганди.
— Хўш? — дея ўғлига саволомуз қаради Михлибой ака.
— Бир-икки жойда сизнинг… Холибой ака билан яқин эканлигингизни айтувдим… Ҳамма ҳайрон қолди. «Шундай танишларинг бўлиб, шуйтиб юрибсизларми?» дейишди.
Михлибой ака тушунмади.
— Қандай юрибмиз экан?
— Анави… орқасида ҳеч кими йўқ одамларга ўхшаб-да… Холибой ака… керак бўлса бир оғиз гапи… ёки бир телефони билан катта-катта ишларни тўғрилаб юбораркан. Шунга… илтимос қилсангиз… сизга йўқ демайди-ку… бундай бир сўм ойлиги йўқ ишда эзилиб юравермай, бундай бир одамга ўхшаб ишлай… заправкагами, солиққами ишга кирсам девдим… Исмоил арендага бир «Дамас» гаплашиб берсин деяпти…
Михлибой аканинг ичидан қиринди ўтди, аммо сир бой бергиси келмади.
— Қандай бўларкан, ўзи яқинда ишга ўтган бўлса…
Ўғил қўл силтади:
— Э, у кишига нима, бир оғиз гапи, бир телефони… Эл қатори хизматини қиламиз… фақат сал кейинроқ… уч-тўрт сўм топгандан кейин…
Михлибой ака ўғилларининг бундай меҳрибон бўлиб қолганлигининг сабабини илғагандай бўлди.
— Сал ўйлаб кўрай-чи, — деди у киши вақтдан ютиш учун.
Аммо Исроил бўш келмади:
— Ўйлаб ўтирасизми, ота. Ўзингизнинг шогирдингиз бўлса. Ўзи «Устоз, бизга нима хизмат бор?» деб турган бўлса. Фойдаланиб қолинг-да. Бизни ўйламасангиз, ана, невараларингизни ўйланг…
Михлибой ака шунча ўйланди, аммо катта амалдор Холиқулнинг «Устоз, бизга нима хизмат бор?» деб турганини эслолмади. Шундай бўлса-да, ўзининг обрўсини ўзи тўккиси келмай:
— Бир ўйлаб кўрай эмаса, — деб қутулди.
Михлибой ака яна бир ҳафтача фарзандлар ардоғида бўлди. Бироқ бу меҳрибон зотлар сафига баъзи қариндош-уруғлару туниш-билишларнинг ҳам қўшила бориши кекса ўқитувчининг кўнглини ғаш қилди. Зеро, оғзи бўшроқ Исроил баъзи давраларда ичиб олиб:
— Бизди пахан зўр. Холибой акадай одамди одам қиған! Бир оғиз гапи билан любой проблемани ҳал қилиб ташлайди! — деб алжиб юрганини орқаворатдан эшитган эди.
Бир ҳафтадан сўнг ўғиллар ғингший бошлашди:
— Шунча қийинми энди… шундай бориб… Ўзи «Бизга нима хизмат?» деб турган бўлса…
Норозиликнинг бу тарзда ғўнғиллаб-тўнғиллаб ифода этилишига яна ўша не-не умидлару орзулар билан бу хонадонга танда қўйиб олган таниш-билишлару хеш-уруғларнинг асабий тарзда пишқиришлари қўшиларди…
Охири чидай олмаган ота:
— Йўлга бир сўмим бўлмаса, битимни сотиб бораманми! — деб қутулди.
Бу важ асосли эди. Аммо Михлибой ака ишончли деб ўйлаган зирҳли қалқони уч кунга зўрға чидаш берди, холос…
Энди барча катта-кичик давралар тўри эгасига айланган Эшимқул кал… э, Эшимқул ака кутилмаганда келаси ҳафта амалдор ўғли тўнғич қизини чиқараётганини эълон қилиб қолди. Шунга отасига хизматидаги ходимларнинг биттасини юборибди, фалон куни қишлоқдошларни йиғиб келаверсин, тўй ресторанда бўлади, дебди. Бу эълон айтилган заҳоти негадир кўпчилик бир овоздан тўйнинг ресторанда ўтказилиши нақадар ажойиб, замон талабига мос эканлигини айтишга шошди…
Хуллас, шаҳарга, тўйга борадиганлар рўйхати тузила бошланди. Бу масъулиятли ишга қишлоқ оқсоқоллари бош-қош бўлишди.
Ниҳоят, иккита «Дамас»га сиғадиган ўн икки кишининг исм-шарифи расман тасдиқланди.
Михлибой ака «Ишқилиб, мени ёзишмасин-да», деб юрагини ҳовучлаб турганди, аксига олиб, уни унутишмабди.
Буни эшитган тўнғич ўғил отасининг олдига ҳовлиқиб кириб келди:
— Энди бормасангиз бўлмайди, ота. Холибой акаям хафа бўлади, устозим келмабди деб.
Дарҳақиқат, боришдан ўзга илож қолмаганди.
Исроил кўп нарсани тушунадиган киши сифатида отасига ақл ўргата бошлади:
— Амалдор одам тўй қилмайди, ота, тўёна йиғади. Холибой акаям пишиққинага ўхшайди, тепага кўтарилганида берганини қайтариб олмоқчига ўхшайди. Сизам тўёнани тузукроқ беринг, қариндош-уруғларга айтдим, топганини йиғиб беришади. Илтимосни ана ундан кейин айтинг. «Болалар хизмат қилади яна», деб қўшиб қўйинг. Шунда шогирдингизнинг ҳам кўнгли хотиржам бўлади, хизматниям оғринмасдан қилади.
— Тўёна? — деди ота саволомуз.
Ўғил минг қўйли бойдай бепарво қўл силтади.
— Бу томонини ўйламанг… Сиз у томоннинг ғамини енг…
Михлибой муаллимнинг «ўзи одам қилган» шогирди, бугун каттакон амалдорга айланган Холибойникига тўйга бораётганини эшитган таниш-билишлар, хеш-уруғлар топганини олиб келаверишди. Фақат… фақат уларнинг ҳар бирининг «кичкинагина» илтимоси бўларди: кимнидир ишга жойлаштириш керак, кимнидир ишдан олиш керак, кимга трактор, кимга ер, кимга тегирмон… Айниқса, иккита беш юз сўмлик кўтариб келган етмиш яшар Олима момонинг илтимоси қатъий бўлди:
— Холибойга айт, менинг иккала неварамни мелисага ишга жойлаб қўйсин! Унга нима, бир оғиз гапи…
Илтимослар шу қадар кўп эдики, охири Михлибой ака уларни чалкаштириб юбора бошлади. Шунда оқил тўнғич ўғилнинг маслаҳати билан алоҳида бир дафтарча тутилди ва барча буюртмалар унга қайд этила борди.
Михлибой ака тўёнага аталган пул ёки совға-саломни олар, илтимосчининг талабини дафтарчага тиркар, айни пайтда юраги дук-дук урган ҳолда бошини кўтармасдан ўтираверар, нимагадир келгувчиларнинг кўзига тик қарашга чўчирди.
Михлибой ака йўл бўйи режа тузиб келди.
Режа унчалик ёмон эмас эди. Тугунчадаги ўттиз минг сўмча пулни, иккита чопонни беради-да, Холибойни чеккароққа чақириб:
— Қани, бир гаплашиб олайлик, ука, — дейди.
Табиийки, Холиқул:
— Биздан нима хизмат, устоз? — дейди.
Шунда муаллим ўзининг собиқ ўқувчисига ўғлининг илтимосини шипшитиб қўядию, қолган илтимослар рўйхатини беради-да, шу билан қутулади-қўяди. Уларни бажарадими-бажармайдими — Холиқулнинг иши. Муаллимнинг вазифаси — топшириш, холос…
Бутун кечаси йўл юришди. Шаҳарда тўй наҳорда бўларкан. Эшимқул кал қўлидан қўймаётган зарҳал ҳарфли таклифномада ҳам «наҳорги ошга» деб ёзилган эди.
Тўймисан тўй экан-да ўзиям! Бунақанги маҳобатни, бунақанги тўкин дастурхонни умрларида кўрмаган вакиллар ҳазилакамига довдирашмади. Ҳатто Эшимқул кал ҳам қалтираб қолди.
Ресторан деганлари қишлоқдаги мактабнинг стадионига ўхшаган катта жой экан. Яна қанақа жой денг. Шифтида алламбало катта, ўзиям камида мингта чироғи бор қандил. Нақшинкор деворлар кўзни қамаштиргудай ялтирайди. Бутун залга, ҳа, бутун залга қип-қизил, чўғдек ёниб турган гиламлар тўшалган. Қишлоқда бундай гиламни деворга илиб қўйишга кўзи қиймайди одамнинг. Шу гилам устидан оёқ кийимини ечмай ўтавериш керак экан. Ана шунда камида беш юзта одамга мўлжаллаб тузалган очилдастурхонга дуч келасиз. Э, нималар йўқ эди бу ерда! Олма-узумдан тортиб майизгача, шоколаду печеньедан тортиб таъми ўзимизнинг ҳандалакни эслатадиган банан деган алламбало!
Ҳамқишлоқлари қатори тугунча кўтариб олган Михлибой ака ҳам уялиб-қимтиниб кўрсатилган столга ўтирди. Тўрда артистлар мақомни айтиб ётишибди. Михлибой ака шунча аланглади, аммо Холибойга кўзи тушмади. Боя дарвоза ёнида қўлини кўксига қўйиб турганлар сафида кўрингандай бўлувди-я. Вақт эса ўтиб борарди. Бунинг устига дарҳол ош тортилди.
Михлибой аканинг томоғидан овқат ўтмади. У ошдан кейин қайтиб кетишлари эҳтимоли борлигидан хабардор эди. Михлибой ака бир нарсага ишонди: у ҳеч қачон собиқ ўқувчиси ёнига бориб, бетакаллуф оҳангда «Гаплашиб олайлик, ука», ҳатто «ака» ҳам деёлмайди.
Михлибой ака аста сирғалиб даврадан чиқди ва чиқиш эшиги томон юрди. Шу заҳоти хизматдаги уч-тўртта сертакаллуф йигит унинг ҳузурига отилиб келишди:
— Хизмат, ака?
Муаллим беихтиёр илжайиб қўяркан:
— Мен ҳозир, — деб ғўлдиради.
Капалакнусха бўйинбоғ таққан йигитча тавозе билан ўнг томонга ишора қилди:
— Эшикдан чиққанингиздан ўнг томондагиси эркакларники…
Михлибой ака қизариб-бўзариб:
— Хўп, хўп, — деганча ташқарига ошиқди.
Муаллим энди икки қадам юрганини билади, капалакнусха бўйинбоғ таққан бошқа йигитча қошида пайдо бўлди ва сал эгилинқираб, деярли шивирлаб сўради:
— Агар кўнглингиз тусаётган бўлса, анавидан ҳам бор, ака. Хоҳласангиз чойнакда олиб келиб бераман…
Буни эшитиб баттар довдираб қолган муаллим бир амаллаб:
— Йўғ-э, йўғ-э, — деганча олдинга интилди.
Бу йигитларнинг одобини қаранг! Оддий бир муаллимга худди министрга муомала қилгандай муносабатда бўлишаяпти-я… Ҳа, шаҳар — шаҳар-да…
Муаллим одам гавжум йўлаклардан зипиллаб ўтиб, дарвозага яқинлашган маҳал секинлади. Ҳа, мана, икки тарафда қатор туриб олган йигирматача одам, бари бирдай қўлларини кўксиларига қўйганларича, келаётганларга:
— Хуш кўрдик, акалар … Хуш келибсиз, акалар… Марҳамат, акалар… — деб туришибди.
Михлибой ака Холиқулни узоқдан таниди. Дарҳақиқат, анча тўлишибди, чакка сочлари сал оқарибди. Чиндан ҳам басавлат амалдорга айланибди. Кийган кийимиям ўзига қуйиб қўйгандай ярашган. Туфлиси ялтираб турибди.
Михлибой ака Холиқулга қарши тарафда қўлини кўксига қўйиб турганлар сафининг чеккасидан жой олди.
Муаллим собиқ ўқувчисини беш-ўн дақиқа кузатиб тураркан, ногоҳ юраги увишиб кетганини ҳис қилди ва беихтиёр ўғлининг сўзларини эслади: “Амалдор тўй қилмайди, тўёна йиғади…”
Зеро, Холиқул тўёна йиғмоқдайди.
Фақат… қишлоқдаги тўйга ўхшаб дафтар-қалам ушлаган тўёна йиғувчи йўқ эди. Келгувчиларнинг аксарияти Холиқул билан қучоқлашиб кўришар, тўй билан қутлар ва қўл бериб кўришган киши бўлиб тўй эгасининг кафтига… бир нарса қистириб кетишарди.
Холиқул буни жуда оддий тарзда, худди шундай бўлиши керакдек хотиржамлик билан қабул қилар, тўёналарни ҳам енгил ҳаракат билан костюми ёки шимининг чўнтагига солиб қўярди.
Михлибой ака одамлар сафи ортидан илгари юрди ва кўзларини катта-катта очган кўйи яна беш дақиқача тўй эгасини диққат билан кузатиб турди. Шу пайт унинг ёнида турган одам эгилиб, шеригига шивирлади:
— Ҳаммаси юзталик. Ҳаммаси тўғри… Қанча бўлдийкан?
Унинг шериги ҳам сал эгилинқираб жавоб қайтарди:
— Олти мингга бориб қолди. Яна мингталар келар…
Михлибой муаллимнинг боши айланиб кетди.
Олти минг-а. Яна «кўк»идан…
У эса ўттиз минг сўм, иккита юпқа чопон бериб, эвазига ўттизта илтимосни бажартирмоқчи…
Михлибой муаллим шу лаҳзадагина қаттиқ янглишганини тушунди. Аммо ортга чекинишга ҳам йўл йўқ эди. Майли, шундай борса-да: «Холибойжон, жон ака, ёрдам беринг», деб айтса-чи… Ахир, бу ерда катта-кичик бир-бирини «ака» деб чақираркан-ку.
Муаллим чўнтагидаги пулни маҳкам қисмлаганча Холиқул томон юрмоқчи бўлган чоғида тўёнага деб берилган иккита чопон столда қолганини эслади. Нима қилсин? Обкелиб, Холиқулнинг устига ёпсамикан? Шу баҳонада унинг эътиборини ўзига қаратган бўларди. Ана ўшанда, бир амаллаб илтимослар рўйхати ёзилган қоғозни ҳам бериб юборган бўларди… Муаллим рўйхатни берса бас эди, елкасидан тоғ ағдариларди, илтимосчиларнинг олдида бемалол, соф виждон билан:
— Айтганларингизни етказдим, — дея оларди.
Қолгани Холиқулнинг ўзига ҳавола.
Шу пайт қайдадир булбул сайрагандай бўлди ва Холиқул чўнтагидан жимитдай телефон аппаратини олиб қулоғига тутди-да:
— Эшимов эшитади, — деди.
У ёқдан нимадир дейишди чоғи, Холиқул жиддият ила:
— Ҳозир етиб бораман, — деди ва ёнида қўл қовуштириб турган йигитга қараб бош ирғади.
Йигит зипиллаб пастга тушиб кетди. Шуни кутиб тургандай дарвоза ёнига қоп-қора, узун машина келиб тўхтади. Холиқул шу томонга юра бошлади.
Михлибой муаллим ҳаммаси тугаётганини ҳис қилди. Холиқул кетиб бормоқдайди. Қайтиб келадими, келмайдими — Худо билади. У ёқда эса муаллимни фарзандлари, яна камида ўттизта илтимосчи сарғайиб кутиб туришибди. Гўштини хомталаш қилади улар!
Муаллим пастга отилди. Зиналардан чопиб тушаркан, ўз гавдасини ўзи тутиб туролмасдан шиддат билан бориб қора машинанинг орқа эшигига урилди ва жон аччиғида эшикни очиб, ичкарига кириб олмоқчи бўлди. Муаллимнинг режаси бу сафар ҳам ўта жўн эди: орқа ўриндиққа жойлашиб олади-да, то иш жойига етиб боргунга қадар Холиқулга қишлоқ янгиликларини гапириб кетади, орада тўёнани ва илтимосномани ҳам топширишни уддалайди.
Бироқ нечукдир ранги қувдай ўчиб кетган бояги йигит жон алпозда муаллимни қучоқлаб олганча нарига суриб кетди. Шу пайт Михлибой муаллим Холиқулнинг:
— Ким экан у? — деб сўраганини эшитди ва бир амаллаб бошини шу томонга бурди.
Холиқул муаллимга диққат билан тикилди.
— Бу менман, Холижон… жон ака… — деди Михлибой ака ёлвориб. — Сени ўқитганман. Мактабда. Михлибой муаллимман.
Холиқул ниманидир эслаётгандай бир зум ўйланиб қолди. Кейин ёнида қўл қовуштириб турган йигитчага ўгирилди:
— Домлага бир лаган ош беринг…
Шу сўзларни айтгач, Холиқул ҳорғин қиёфада бошқа бир йигит тавозе ила эшигини очиб турган машинага ўтирди. Машина ўрнидан қўзғалди…
Муаллим шу куни ҳамқишлоқлари билан ортга қайтмади…