Махсум қилдек бўйни устида ликиллаб турган муштдеккина бошини тўхтовсиз силкий бошлади. Гўё шундай қилса, дахшатли туш таъсиридан қутиладигандек эди. Аммо бу туш деганлари хира пашшадек нуқул айланар, ҳар сафар янги-янги тафсилотлар келиб қўшиларди.
Чол инқиллаганча тўрта тахтадан қўпол ясалиб, остига саккизта ғишт терилган қўлбола каравотдан турди. Мадори йўқдай… Тавба, куз оқшомидаям одам терлайдими, бунинг устига “буржуйка” ёқилмаган бўлса?!
У гандираклаганча ҳовлига чиқди. Эшик олдидаги сарғиш хазонларни титкилаб, емиш қидираётган бир жуфт қарға париллаб учди, Махсумнинг ўтакаси ёрилгудек бўлди: “Ҳе… Палакатлар, шумқадамлар!”
У ғўлдираганча ҳовли четидаги ҳожатхонада бў¬ша¬шиб чиққач, нарироқдаги тош девор тагида, ердан бир қаричгина чиқиб турган сув қувури олдига бориб чўнқайди. Қўл-бетини чала-ярим ювиб, белидаги қас¬моқ боғлаган рўмолини ечди. Бир ҳафтадан бери устара кўрмаган, ичкилик, уйқусизлик оқибатида ажинлар тўри қоплаган, ғижимлаб ташланган қоғоздек юзи қўл¬ларига бегонадек туюлди. Оғир сўлиш олиб, беҳол ўр¬ни¬дан турди. Музейнинг орқа тарафига ёпиштирилган, у ҳамиша “бизнинг ошхона”, деб улуғлайдиган каталакдек чумчуқхонага кираркан, оёғи остидан миёвлаганча четга сакраган мушукдан сесканиб тушди: “Тфу, қисталоқ! Нима бало, ашеттан бошқа жой қуриб қолганми, чумчуқ овласанг! Бугун ўзи бехосият кун экан…”
Чой қайнагунча, музейнинг асосий залини бир айланиб чиқди. Негадир, ўша ҳайкал турган нимқоронғи бурчак томонга оёғи тортмаётгандек эди. Аммо, ўзини ботирликка солиб, олдинга юрди.
“Бордию, жойида бўлмаса-чи! – деган фикр кечди хаёлидан. – Бе-э, қаёққа кетарди, турган бўлиши керак, ҳайкалнинг оёғи бўлса эканки, қочиб кетса… Тўғри, оёғи бор-у, лекин…” Ва шу он бўлиқ, тирсиллаб турган, кўрган кишининг эҳтиросини жунбушга келтирадигандай оёқлар кўз олдига келди. “Им-м!.. Нималар деяпман, нималарни ўйлаяпман?! Ахир, у тош-ку, ҳайкал у, ҳай-кал!”
Олдинга юрди. Ана улкан суратли панно орқасида турибди у. Ўрта бўйли одамнинг қадди-бастидай жуссаси нозиккина, ярим яланғоч аёл ҳайкали. Паришон сочлар силлиқ елкасига шалоладек қуйилиб тушган, бир неча тутами эса бўлиқ, таранг сийнасини бекитиб турибди. Бақувватроқ эркак маҳкам қисиб ушласа бир тутамгина бўладиган хипча бел нозли буралиб, бироз орқага ташланган нафис танани базўр ушлаб тургандек. Белдан пастдаги икки энликкина жойни чала ярим бекитиб турган ҳарир мато нуқрадай баданнинг бутун кўркини яширолмас, аксинча, тағин-да бўрттириброқ кўрсатарди. Меъёрнинг, мутаносиблигу уйғунликнинг олий даражадаги намунаси бўлмиш силлиқ, жон ўртар сонлару қуйма оёқларга ортиқ тикилиб туришга тоқати етишмаслигини англаган Махсум ортга бурилди. Бурилаётиб, ҳайкалнинг чеҳрасига беихтиёр кўз ташлаб ўтди. Бир ойча бурун ҳам ёш, бокира қизларнинг чеҳрасидай гардсиз юз бироз буришгандек, авваллари ибо, ҳаё тўлиқ бўлган нигоҳларда нафрат учқуни чақнаётгандек, уят ва
андиша зўридан қисилиб-қимтиниб турадиган юмуқ лабларда бутун заҳарханда бир табассум ўйнаётгандек эди.
“Э-э қудратингдан! – чол орқага тисарилди. – Бу қандай тилсимот бўлди! Йўқ, бу ўша туш таъсири, ўша қўрқинчли тушнинг оқибати. Бўлмаса, жонсиз бир тош… Ия, чой қайнаб кетгандир!” Шу хаёл билан бурилган заҳоти ҳовлидан ҳирқироқ товуш эшитилди:
– Махсум ҳўв, анжан! Тирикмисан? Чойинг қурибди-ку, ошна!
– Боряпман, абзи, боряпман.
Махсум ошнаси Шомил татарнинг келганига бир хурсанд бўлди, бир энсаси қотди.
“Каллайи саҳарлаб пишириб қўйибдими музейда! Лекин, бир ҳисобда яхши бўлди, одам тафини одам олади”. У ўйлари якун топмай, эшик олдида буғи чиқиб турган чойнакни кўтарганча илжайиб турган ошнасига дуч келди.
– Кел, ошна, кел. Қалайсан?
– Махсум Шомилнинг қўлидан чойнакни олиб, залнинг чеккароғидаги қийшиқ стол устига қўйди, сўнг дастурхон тузай бошлади. Шомил татар оқсоқланиб унга эргашди, йўл-йўлакай иримига, савлат учун кўтарадиган мис дастали ҳассасини қўлтиғига қистириб, кирланганидан гуллари билинмай кетган гилам дўпписини ечди-да, кафти билан тепакал бошини силаб қўйди.
– Олтмишга кириб, сенга ўхшаган қоровул кўрганим йўқ, – деди у ҳиринглаб. – Уйқуни бик яхши кўрасан. Булай ётаверсанг, ҳукумат сени ишлашга ёратмий.
– Ўзбекча гапир-эй, баттол! – деди Махсум ҳам кулимсираб. – Нуқул улай-булай қиласан!
– Ҳа, энди, она тилимиз-да, ошна… – Шомил чол курсига чикди, ҳассани деворга тираб, чўнтагидан бир ҳовуч қанд-қурс, майиз чиқарди, “дастурхон” деган шарафли номга эришиб, стол устига ёзилган сарғиш газетага ташлади. Бу орада лаби учган чойнакка чой дамлаб, иккита пиёлани чайқаб келган Махсум унинг рўпарасига ўтириб, чойни қайтара бошлади. Шомил ошнасининг киртайган кўзларига қараб, унинг хаёли паришон эканлигини сезди.
– Ҳа, анжан, хомуш кўринасан? Ё юртингни соғин¬дингми?! – кулимсиради у.
– Менинг юртим шу ерда, ошна…
– Эби, икки гапнинг бирида “Анжан ундай, Анжан бундай” деб, юртингни мақтаб, барчани жонидан тўйдирардинг-ку! Андижон ҳам ўзимизнинг Бухорога ўхшаган бир юртда, бўлмаса. Мана, масалан, Бошқирдистон – она ватаним, лекин, шу халқ менга бошпана берди, едириб-ичирди, одам қилди. Шу ерда умрим ўтди, ишладим, пенсияга чиқдим. Э-э, нимасини айтасан, жўра, зўр жой бу!
– Биламан… – уф тортди Махсум чой ҳўплаганча ўзини курси суянчиғига ташлади, – биламан… роса қирқ йил бўлди келганимга, бировдан ёмонлик кўрганим йўқ. Лекин, Андижон тушларимга киришиям рост. Ўзим батта яшаяпман-у, хаёлим, юрагим ўшатта, ошна. Аммо, боролмайман…
Шомил чол гап кавлаб ўтирмади. Ҳозир “Нега боролмайсан, ким тўсқинлик қилади?” деб суриштиргани бефойда. Анжан ўзи шунақа, баъзан қулфи дили очилиб, сўрамасанг-да юртини, одамларини мақтаб, таърифлаб кетади. Айрим пайтларда эса, худди Қорамулла жодулаб, тилига тушов солгандек, ҳафталаб миқ этмайди. Зотан, Шомилнинг ўзиям кўп гапирган одамни жини суймайди, унинг касби гап билан эмас, рақамлар билан боғлиқ. Умр бўйи ҳисобчилик қилди, чўт қоқди, сонларни сонларга уриштирди. Турли идораларда, турли раҳбарлар билан ишлади, катталар маъруза қилаверишди, у эса кўзойнагини бурни устига қўндириб олиб, ишини қилаверди. Дарвоқе, иккала енги устидан, тирсагигача етадиган жилд кийиб юриш одати ўша йиллардан қолган. Стол енгларини яғир қилиб ташларди. Ҳозир калкулятор, компютер деган гаплар чиққан, ишлаш осон. Бир пайтлар, ўҳ-ўҳ, барча иш калла билан, қўл билан битарди.
– Э-э, дунёсига урай! – Махсум эгилиб, тумбали стол остидан оғзи очиқ шиша чиқарди. – Бугун душанба, оғир кун. Музейгаям ҳеч ким келмайди. Ошна, “элликта”дан урайлик, ғашлагим тарқамаяпти.
– И-и, анжан, мана бу бошқа гап, жўра! – Шомил жонланди. – Билганимда, закуска олиб келардим. Ё бориб келайми, а?
– Ўтир, – қўли билан имо қилди, Махсум, – шу етади. Нон бор, қанд, майиз бор. Ўзи яримта вино бўлса. Тўғри, кеча бир пиёла уриб ётувдим.
У икки пиёлага қултиллатиб қуйди, ачимсиқ ҳид таралди. Шомил бурнини жийирди.
– Ҳа-а, ёқмадими? – киноя қилди Махсум чол.
– Йўғ-эй, нормално. Кафан текин бўлса ўл, деган машойихлар. Қани, олдик.
Иккинчи пиёладан сўнг Махсумни хаёл опқочди. Доим шу: икки ошна бир жуфтдан олишади, сўнг Махсум анжан хаёл қушига эргашиб, юртига бориб келади. Шомил татар папиросини бурқситиб тортганча ё музейни айланади, ёки бўлмасин ошнасининг ўзига келишини кутиб ўтираверади.
“Нега ўшанда шундай қилдим?! – Махсум алам билан лаб тишлади. – Рухсора ҳозир тирикмикан? Э-э, тирик бўлса юргандир бола-чақа, невараларини атрофига йиғиб, тўхта, бордию эрга теголмаган бўлса, иснодга чидай олмай ўзини… Йўқ, Худо асрасин! Нимага унинг оҳ-зорларига, илтижоларига қулоқ солмадим?! Шунчалик ваҳший, бағритошмидим?! Ўша тун…”
…Ўша тун ойсиз эди, зулмат эди, зил эди. Эргаш тегирмончи ҳадеганда келавермади. Махсум ҳам тортилган унни эшакка ортиб кетолмади.
– Бораверинг, ҳозир ддам кепқоладилар, унгача қўрқмайман, – деди ўн олти яшар қиз ўзига ғалати қараб қўяётган йигитдан ҳадиксираб.
– Йўқ, сени ёлғиз қолдириб кетмайман! – йигит тегирмонда қолишга баҳона топилганидан севиниб, ерга тўкилган унларни куракча билан тўплаётган қизга ҳирс билан тикилди. Болаларга сим билан осилган керосин лампанинг хира ёруғида қиз унга жаннатдаги ҳурлардай сулув кўринди. Боши айланди, қони гупириб, жисмини бир олов куйдира бошлади. Эгилганча куйманаётган қизни шартта бағрига тортиб, эзғилай бошлади, сўнг даст кўтариб тахлаб қўйилган бўш қоплар уюми устига босди.
– Вой мен ўлай! Вой, тегманг!.. Онажон!.. Махсум ака, дадам кепқоладила ҳозир! Вой!..
Қиз жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатар, аммо бўз йигитнинг ёввойи кучи олдида ожиз эди.
Ҳамма иш битгач, нима қилиб қўйганини англаган йигит йиртиқ кийимларини эпақага келтиролмай каловланаётган, йиғидан қовоқлари шишган, томоғи остида йигитнинг тиш излари билиниб қолган, беҳол инграётган қизга аста яқинлашди:
– Рухсора…
– Кет!.. Ифлос!.. Илоё жувонмарг бўл! Илоё косанг оқармасин! Сени ўлдираман, барибир ўлдираман! Йўқол! Оҳ-ҳ, онажон… Отам сўйиб ташлайди мени…
– Мен сенга… уйла… – йигит гапи оғзида қолди.
Қиз унга шундай ғазаб ва нафрат билан қарадики, унинг ичида бир томир ширт этиб узилгандек бўлди.
– Ҳароми! Илоё кўр бўл, шол бўл! Кет!
Эргаш тегирмончи Мадамин қассобнинг тўйида ширакайф бўлиб, тунда тугирмонга етиб келганида, у ерда ҳеч ким йўқ эди. Махсумнинг ранг-рўйи бир аҳволда келганини кўрган отаси Назар омборчи ўн дақиқа ичида дўқ-пўписа билан ундан ҳамма гапни билиб олди.
– Кет бу юртдан, – деди у ўғлини тепкилаб чарчагандан сўнг. – Мана, бор пулим шу. Ол-да, кўзимдан йўқол! Агар тегирмончи сени ўлдирмаган тақдирдаям ўзим ўлдираман. Номусимни ер билан битта қилдинг! Эл орасида юзим шувит бўлди. Бу юртдан чиқиб кет, то мен ўлгунча қайтиб келма!
Махсум ғинг демади, отаси берган пулни олиб, индамай чиқиб кетди. На онаси билан, на ака-укалари билан хайрлашди. Тонгга яқин йўловчи машина учради, ўша билан Андижонгача келди, сўнг бозорда ишини битириб, уйига қайтаётган бухоролик терифурушларга қўшилиб, бу ёққа жўнади. Шу-шу бўлди-ю, тақдир уни шу заминга боғлади. У ер-бу ерда ишлади, ризқини терди, нафақага чиққач, мана, шаҳар музейига қоровуллик қиляпти. Икки бора уйланди, икковидан ҳам фарзанд кўрмай ажралишди.
“Айб сизда, – дейишди дўхтирлар, – аёлингизда гап йўқ”.
Начора, тақдир экан, кўникди. Сўнгги йилларда мана шу ошнаси, Шомил татар унинг ёлғизлигини билдирмайди. Махсумнинг ўртачароқ ҳовлисини тузуккина пулга сотиб олди, ”Барибир ўша музейингда қишлайсан-ку, ҳовли нимангга керак?!” деди у кулиб. Қўшничилик, Махсум йўқ деёлмади. Рости, унга ҳовлининг кераги ҳам йўқ эди, у охирги пайтларда сўнгги куни яқин қолганини ҳис этаётгандек эди. Рухсора тушларига киради, уни қарғайди, зорланиб йиғлайди, нафрат билан тикилади. Чол қора терга тушиб уйғонади, анчагача мижжа қоқмай ётади. Сўнгги ойлардаги овунчоғи – ҳайкал. Дарвоқе, ҳайкал… Бир ойча бурун уни аллақаердан опкелишиб, музейга қўйиб кетишди. Тагидаги тахтага “Ёлғиз аёл” ҳайкали, андижонлик уста Жалолиддин Раҳмонов ясаган” деб ёзиб қўйилган. Махсумни ҳайратга солган нарса ҳайкалнинг гўзаллиги, яримяланғочлигию расо қомати эмасди. Рост, бу нарсалар ҳам кўпдан аёлга қўл тегизмаган, туғма эҳтироси баланд Махсумни анча безовта қиларди, лекин, унинг чеҳраси… Махсу
м барча муқаддас авлиёларни ўртага қўйиб қасам ичиши мумкин: Бу – Рухсоранинг ҳайкали! Ўша сулув чеҳра, ўша бетакрор бадан… У сесканиб кетди, умрида илк бор қиз баданини кўрган, ундан лаззат олган ва умрбод бу илоҳий туйғуни унутолмаган Махсумнинг юраги ҳапқириб кетди.
– Томоғингни тирмалабсанми, анжан? – у Шомилнинг ҳирқироқ товушидан ўзига келди.
– Қани? Нима?..
– Ана, қизариб, кўкариб турибди-ку! – деди татар ияги билан жўрасининг томоғига имо қилиб.
– И-и? – Махсум жонҳолатда тиканак соқол босган ингагини, сўнг томоғи остини пайпаслади. Қўли ҳеч нарсани сезмади шекилли, стол остидан юзини доғ босган синиқ ойнаси парчасини олди, томоғига синчиклаб разм солди. Рост, кўкаргандек излар пайдо бўлибди. Унинг юраги орқасига тортиб кетди: бу бармоқ излари эди! Ўткир тирноқли, ингичка, аммо кучли бўлган аёл бармоқларининг излари!
– Ким билади дейсан, уйқуда тимдалагандирман-да… – ғўлдиради у. – Кел, қўй шу гапларни. Қани олдик.
Бу сафар пиёлани тўлдириб олишди. Шомил газагига тағин папирос тутатди, Махсум анжан “уҳ-у” деб қўйди, холос. Сўнг орага ҳамишаги жимлик чўкди. Махсум жўрасига сездирмай, ияги остини сийпалаб қўйди. Наҳотки, ўша воқеа, кеча тундаги иш туш эмас, ҳақиқат бўлса? Йўқ, ақлга сиғмайди бу гап! Ахир, у ҳайкал-ку, бор-йўғи оддийгина бир тош! Жонсиз ҳайкал келиб, уйқудаги одамни бўғиши мумкинми? Йўқ, бу гапга одам зоти ишонмайди. Лекин шу иш содир бўлгани рост-ку! Ярим тунда Махсумнинг устига миниб олиб уни бўғишга, ўлдиришга уринган аёл ким эди унда? Ё биронтаси тунда музейга кириб… Йўқ, эшикни ичкаридан бекитгани эсида, чунки, сўнгги йилларда ёлғизликдан қийналган чол ўзи билан ўзи гаплашадиган одат чиқарган, айниқса, бир ишни қилса, “фалон ишни бундай қилдим” деб айтиб қўярди овоз чиқариб. Кимдандир эшитгани бор: агар овоз чиқариб айтса, ўша ишни қилган-қилмаганлиги эсидан чиқсаям, гапиргани ёдида қолар экан. Кеча ётиш олдидан ҳам эшикни ичкарид
ан беркитаркан, “Эшикни бекитдим” дегани эсида. Демак, бегона кирмаган. Унда ким эди ўша аёл, уни ўлдиришга чоғланган, бўғиб қўйишига сал қолган мавжудот ким эди, ахир?!
Аслида унинг ўзида ҳам айб бор. Бўлмаса, ҳеч замонда ҳайкалга ҳам ишқибозлик қиладими одам?! Аммо, Махсум чидай олмади, кўп йиллардан бери нозик танга тегмаган бармоқлари, ёлғизлик қийнаган тунларининг бирида, сулув ҳайкалнинг совуқ, аммо бетимсол баданини илк бор сийпалади. Ва ўша ондан бошлаб Махсумнинг онги ҳам, жисми ҳам ҳайкалга боғланди-қолди. У кундузлари имиллаётгани учун қуёшни лаънатлар, тезроқ тун киришини кутарди. Эл ётар пайт эса, музей эшигини ичидан бекитиб, тош баданли гўзал сари ошиқарди. Нимқоронғиликда уни эҳтирос билан қучиб ўпар, лаблари беихтиёр “Рухсора, Рухсора!” дея пичирларди. Хаёлида ўша тун, тегирмондаги ширин, аммо ҳижолатли дақиқалар қайта тирилар, навниҳол қизнинг ипакдай бадани жисмини куйдирар, шу лаҳзаларда ҳайкал, жонсиз ҳайкал ҳам гўё унинг эркалашларига жавоб қайтараётгандек эди.
Кундузлари у ўзининг тунги эҳтиросларини гоҳ эслар, баъзан эсламасди ҳам. Сал ҳушёр пайтлари хаёлидан “Нима бало, ақлдан озаяпман шекилли…” деган фикр ўтар, сўнг унга қўл силтаб, ичкилик хиралаштирган шуури тағин ҳайкал висолини қўмсаб қоларди. Сўнгги уч-тўрт кун Махсум учун азоб бўлди. У ҳайкални ҳарчанд ўпиб-қучиб, эркалагани билан, тошюрак сулувнинг унга муносабати ёмонлашиб борарди.
Икки кеча изма-из у тушига кириб, Махсумни қўрқитди. Биринчисида ҳайкал ўзининг чап қўлини синдириб, ўнг қўлига олди ва у билан Махсумни нақ ярим соат савалади. Иккинчисида эса… Боягинагача чол буни ҳам туш деб ўйлаётган эди. Демак, туш эмас экан. Демак, ҳайкалнинг уни бўғиб ўлдиришга урингани рост, ўнгида бўлган экан! “Ундан кечирим сўрашим керак! – деган фикр гўё нажот фариштасидай бўлиб қолди. – Ҳа, кечирим сўрайман! Шу бугун тундаёқ! Кейин унга минбаъд тегинмайман…”
– Йиғлаяпсанми, анжан? – бу сафар ҳам уни жўрасининг овози ўзига келтирди. У яноқларини сийпалади: рост, йиғлабди, юзлари ҳўл…
– Бу ёққа юр! – у қатъий бир қарорга келгандек, шаҳд билан ўрнидан турди, хиёл гандираклаб, йўл бошлади. Шомил чол унга эргашди, зал бурчагидаги аёл ҳайкали олдида туриб қолган ошнасининг букчайган гавдасига ачинганнамо қаради.
– Мана, кўряпсанми буни?! – Махсум титроқ товушда пичирлади.
– Кўряпман. Ҳайкал бу. Хотин киши. Чиройли-а, – татар чол тишсиз оғзини очиб ҳиринглади, тамаки сарғайтирган мўйловлари ликиллади.
– Ана шу қилди! – Махсум бўйнидаги изга ишора қилди. – Шу бўғди мени! Кечаси, ухлаб ётганимда!
Шомил татар ошнасига худди жиннига тикилгандек тикилди. Сўнг ҳайкалга қаради. “Тавба, одамни ақлдан озиши осон экан-да… Махсум эсини еб қўйибди! Ҳайкал-ку бу!”
– Сен ошна… соғмисан ўзи! Нимага энди у сени…
– Э-э, ҳазиллашувдим бир-икки марта! – Махсум кўзини олиб қочди.
– Ҳазил? Қанақасига, нима дединг? – Шомил чол ҳеч балони тушунмай, анграйди.
– Шу… бир-икки ўпиб… сўнг қучоқлаб… Ёлғизлик ёмон-да, ошна… Бунинг устига, кайф бор эди…
– И-и?.. Қизиқ!.. Мабодо, касал-пасал эмасмисан?
– Билардим ишонмаслигингни… – Махсум уф тортди, сўнг судралганча ортига қайтди. – Юр, қолганиниям олиб қўяйлик.
Шомил татар ҳайкалга яна бир бор синчиклаб тикилди: “Ҳайкалдақа ҳайкал, йигирма-йигирма беш яшар гўзал аёл…”
Дўстига эргашиб бораркан, ҳайкал тўғрисида нега қиз эмас, айнан аёл деб ўйлаганига эътибор ҳам бермади.
Шишани бўшатишгач, Шомил чол тағин ярим соатча ўтирди. У ёқ-бу ёқдан валақлашиб, вақтни ўтказишди. Сўнг у қўзғалди.
– Кечқурун бизникига бориб ётақол, – деди у ошнасининг сўлғин юзига қараб, – уйда гурунглашиб ётамиз. Яримтани майда-лаб!..
– Йўқ, бу ерни қаровсиз ташлаб кетолмайман.
– Ўзинг биласан. Майли, эртага келаман. Дарвоқе, яримта билан “закуска”ниям опкеламан. Қартани топиб қўй, сени би-и-ир эзай!
– Кўрамиз, ким кимни эзаркан… – Махсум, маҳзун жилмайиб, уни эшиккача кузатди.
Куннинг ўтиши қийин бўлди. Аксига олиб, музейнинг яккаю ягона ходими бўлмиш Умрзоқ бугун келмади, нафақага чиқса-да, ҳамон қимирлаб юрган бу букри чолни Махсум унчалик ёқтирмайди.
“Илмий иш ёзармиш! Ҳе ўргилдим олимлигингдан!..” дея сўкинади у Умрзоқ музейда кечгача қолиб кетган кунлари. Тўғрида, кун ботмасдан уйгинасига бориб, ҳузур қил-и-б ётса ўладими, бу ерда Махсум тезроқ тун киришини зориқиб кутаётган бўлса…
Ниҳоят, қош қорайди. Бир қошиқ оби ёвғонни эринибгина қайнатган Махсум апил-тапил овқатланиб, эшикнинг илгагини туширди. Сўнг ҳаяжон зўридан қалтираганча ҳайкал томон юрди. Борлиқ жим-жит, онда-сонда қор чақираётган қарғалар қағиллаб қўяди. Улкан деразадан қараган Махсум сўнгги баргларини тўкаётган дарахтлар, куз шамолида тиш қайраётганларини кўрди. Енгил шабада ҳазонларни эринибгина сургалайди. Чол дунёга қўл силтаб, зал бурчагига ошиқди.
Ана, турибди! Эшик олдидаги чиройнинг хира нури бу ерга зўрға етиб келганидан ҳайкалнинг чеҳраси нимқоронғиликда тағин-да сирлироқ кўринади. Махсум каловлаганча бориб, ҳайкалга ёпишди. Уни ютоқиб ўпар, совуқ сийналарини, сонларини сийпалар, жисми-жонини қийноққа солаётган титроқ зўрайиб борарди…
Махсум шалпайиб, совуқ полга чўзилиб қолди. Мияси бўм-бўш эди. Анчадан сўнг судралганча ўрнига йўл олди. Кетаётиб, ҳайкалга сўнгги бор қаради: аёл унга сўнгсиз бир нафрат билан тикилиб турарди.
– Ўқрайма, Рухсора, ўқрайма… Нима қилай энди, шу экан-да… – дея ғўлдиради паст овозда. Қўлбола каравотга беҳол чўзиларкан, эрталаб ҳайкалдан кечирим сўрашни дилига туккани ҳам, бу тунда содир бўлиши мумкин бўлган даҳшатлар ҳам хаёлидан кўтарилганди.
Шамол туни билан дайди итдек улиб чиқди. Ушбу тунда Шомил татар ҳам ухлай олмади. Алоқ-чалоқ тушлар кўриб, ўн бора уйғонган чолнинг кўнгли алағда эди. Саҳарлаб туриб, ошнасига ваъда берган ароқ ва егуликни ҳам унутганча музейга йўл олди. Қарийб ярим соатча тақиллатганига қарамай Махсум туриб эшикни очмагач, Шомил чол милицияга ва маҳалла-куйга хабар берди. Эшикни бузиб ичкарига кирганлар кўзларига ишонишмасди: Махсумнинг тили оғзидан бир қарич осилган, кўзлари хонасидан чиқиб олайиб ётар, томоғининг тагида эса ўткир тирноқ ва бармоқ излари яққол кўриниб турарди. Одамлар аллақачон музлаб улгурган жасад билан овора бўлишаётган бир пайтда Шомил чол оқсоқланганча ҳайкал сари йўрғалади. Кечагина йигирма беш ёшли аёл сиймосидаги ҳайкал энди қирқ беш-эллик ёшларда кўринарди. Силлиқ, таранг бадан салқи тортган, кўкраги сезиларли пастга осилган, хипча бел анча тўлишган. Чеҳраси эса… У ер-бу ерига ажин тушган чеҳра энди хотиржам, яқиндагина олов сач
раган нигоҳларда энди ўз ишидан мамнунлик, қасос лаззати барқ урарди…