Оллоҳнинг изну иродасисиз ҳеч бир жон мўмин бўла олмас.
Қуръони карим, “Юнус” сураси
* * *
Бу бедаво дард унга қаердан ёпиша қолди ўзи? Чинордай йигит, мингта тегирмондан бутун чиққан одам, мана, тўшакка сингиб кетгудай бўлиб ётибди. Ҳарқалай, “мия ўсмаси” деган бало – бор нарса, у олдин ҳам эшитган бунақа гапларни. Бир кун келиб ўзи ҳам шу дарду балога йўлиқишини туш кўрибдими? Катта дўхтирнинг айтишича, болалигида йиқилиш оқибатида бошининг аллақаерида қотиб қолган қон йиллар ўтиб, ўсмага айланибди. Сўнгги йилларда бот-бот хуруж қилиб қоладиган бош оғриғига сабаб ҳам шу экан. Энди операция қилиб, уни кесиб ташламаса бўлмасмиш!
Буларнинг барини у жарроҳлик столига ётишдан олдин кўнглидан кечирувди. Энди у ҳатто ўйлаш имконидан ҳам маҳрум: наркоз таъсирида карахтланган онгу шуури қоп-қора бўшлиққа шўнғиди, тафаккурининг энг чуқур, гадойтопмас бурчакларида яшириниб ётган нималардир бош кўтариб, руҳию қалби минг бўлакка бўлиниб кетди. Хаёлотми, тушми, босинқирашми – буни идрок қиладиган даражада эмасди у.
– Очилиши қийин бўлади шекилли… – хўрсинди кўзойнакли, тепакал шифокор. – Майли, кутишдан бошқа чорамиз йўқ…
* * *
У ис босган, шипдан бир қаричча пастдаги туйнукчадан тушаётган ожиз қуёш нурлари зўрға ёритган, минг турли ашқол-дашқоллар қалашиб ётган ертўла бурчагида худди Исойи Масиҳдай хочга маҳкамланганча осилиб турарди. Фарқи шуки, унинг қўлларига гулмих қоқилмаган, шунчаки арқон билан чандиб боғланган. Оёғи ҳам зах, намчил ерни босиб турибди. Лекин қулоч керганча боғлиқ турганининг ўзиёқ чормих қилинган Исони эслатиши рост. Ботаётган қуёшнинг сарғимтир нурлари туйнукчадан базўр ёриб кириб, рутубат тўла бу даҳшат маконини олачалпоқ сояларга тўлдирарди.
Ҳушига келганда вақт ярим тундан ошган эди. Тўғрироғи, аввалроқ ҳушига келган бўлса-да, руҳий ва жисмоний азоблар туфайли чарчаган онги ҳамда вужуди беҳушлик домидан чиқибоқ, уйқу чоҳига қулаганди. Демак, уйғонибди. Аниқроғи, уни уйғотишди. Йўқ, уни бу ерга опкелиб, ўласи қилиб дўппослаб, сўнг боғлаб кетган кимсалар эмас, бошқа бир товуш уйғотди. У диққатини тўплаб қулоқ солди. Аянчли, худди чақалоқнинг зорланган йиғисига ўхшаш товуш эди бу. Баданида сонсиз чумолилар ўрмалагандек бўлди, пешонасига совуқ тер қалқди. Бу ниманинг овози?
– Ажал товуши бу! – деди кимдир даҳшат билан пичирлаган кўйи. – Азроилнинг ташрифидан дарак! Кунинг битди сенинг!
Ким бўлди бу? Таниш овоз, жудаям таниш… Ногоҳ хотиралар бостириб келди: талабалик йиллари, кеч куз. Ўшанда у охирги курсда ўқийдиган бир йигит билан бирга пахта теримидан қочганди. Йигитнинг исми Исломми, Илҳомми… йўқ, Имом эди.
Кечки пайт ҳамма қатори баракка қайтмай, дала четидаги захкашни кечиб ўтди-да, юлғун ва пастак буталар қоплаган улкан яланглик бўйлаб чопа кетди. Бирон километрдан сўнг катта асфальт йўлга чиқишини у яхши биларди. Чарчаганига қарамай, олға кетаверди. Кўп ўтмай кун ботиб, ой чиқди, аччиқ изғирин турди. У пахта солинадиган этакни белидан ечиб, бошига ўради. Ҳарна шамолдан пана. Ногоҳ узоқда бир қора кўринди. Аввалига уни бутами, қумтепами деб ўйлаб, эътибор бермай бораверди. Бирдан ҳалиги қора нарса қўзғалиб, ўрнидан турди-да, таҳдидли товуш берди:
– Тўхта! Кимсан?
Унинг баданидан муздай тер чиқиб, тили калимага келмай, ўтириб қолди.
– Ме… Мен… Ви… Вилорман.
– Нима?! Қанақа Вилор? Бу нечук аҳмоқона исм?
– Пахтадан… – у бирдан бўшашиб, ўтириб қолди.
Тамом, қўлга тушди! Бу домлалардан бири ёки мана шу совхознинг катталаридан! Ўлди энди! Лекин ҳалиги кимса кутилмаганда кулиб юборди.
– Эҳ-е, шунақа демайсанми, ошна! Ўзимиздан экансан-ку! Қўлни ташла! – дея кенг, панжалари чайир қўлини узатди у.
– Сиз… ким бўласиз, ака? – унинг узатилган қўлини олиб ўрнидан тураркан беихтиёр сўради.
– Менми? Имомман. Бешинчи курсдан. Менам сенга ўхшаган қочоқларданман, – Имом яна кулди. – Иштонга қочирвординг-а, тан олавер. Қўрқма, бу ёғига бирга кетамиз. Қани, юр.
Ой атрофни сутдек ёритарди. Ёнма-ён, сўзлашиб боришаркан, у Имомнинг ўзини эркин тутишига ҳайрон бўларди. Ким билсин, балки битирувчи курсдагилар бари шунақадир. Ҳарқалай, иккинчи курсда ўқийдиганлар орасида ёлғиз ўзи пахтадан қочишга журъат этгани унинг кўнглини ифтихорга тўлдирар, Имомнинг гап орасида: “Оббо сен-ей, баракалла!” деб қўйишлари руҳини кўтарарди.
– Катта йўлгача ҳали узоқми? – дея сўради у ниҳоят.
– Ўҳ-ҳў, уч километрча бор. Чарчадингми? Майли, бироз ўтирамиз, – Имом шундай деб кичик дўнглик устига этакни тўшаб, ҳорғин ўтирди. Cўнг чўнтагидан сигарет олиб тутатди. – Чекасанми?
– Йўқ, – деди у Имомнинг ой ёруғида қорачиқлари ялтираб турган кўзларига, бароқ қошларию даҳани олдинга туртиб чиққан чўтир юзига бир қараб олиб.
– Олавер, “термоядерний” бу, “Прима”! Айни бизбоп!
– Йўқ, раҳмат….
Ўшанда, 1987 йилнинг кеч кузида, ой ёритган чўл осмони остида улар анча ўтиришди. Имом аввалига унга анча ёқимтой йигит бўлиб кўринди. Тўғри-да, ҳарбий хизматдан сўнг институтга кирган, ёши ундан катта, тажрибалироқ, танти, чўрткесар. Бироқ, унинг исми маъносини билди-ю, гўё тўнини тескари кийди.
– Нима? Вилор? Вой сенинг ўша исмингга! Қайси субутсиз қўйган бу исмни?! – дея гулдуради у беихтиёр ўрнидан туриб.
– Бобом қўйганлар. Нимага ҳайрон бўляпсиз?
– Нима, бобонг динсиз бўлганми?
– Дин, қанақа дин, ака? Бобом чекист бўлган! – деди у ифтихор билан.
– А? Чекист? Жаллод демайсанми, хунаса! Вой сенинг ўша бобонгниям! Астағфирулло! Ҳе, ўша калнинг гўрига!
У вазиятнинг бу қадар кескин ўзгаришини сира ҳазм қилолмасди. Бунга нима бўлди ўзи? Боягина меҳрибонсираб ўтирувди-ку! Энди бирдан тўқимини қорнининг тагига олди-қўйди. Қанақа йигит бу ўзи? Нимага ҳеч нимадан қўрқмайди? Доҳийни “кал” деб сўкиб ўтирибди-я! Биров эшитса борми?!
– Менга қаранг, ака…
– Ўчир, – дея вишиллади Имом кўзларидан ўт сачратиб. – Бобонгга ўхшаган бединлар юртни хароб қилган, тупроғимизни босқинчиларга топтатган! Қуръонни ўтда ёққан, мачитларни отхона қилган! Отанг ҳам ҳойнаҳой мелиса бўлса керак?
– Йўқ … – деди у дами ичига тушиб. – Отам райқўмда ишлайди.
– Ў-ў! Илон боласи – илон, чаён боласи – чаён! Сенлар дўзахда куйишинг аниқ! Бу кунлар ўтади, ҳали миллат уйғонади, одамлар Худони танийдилар. Сенлар… Эсингда бўлсин: худосизнинг келажаги йўқ, унутма! Революциянг ҳам, коммунизминг ҳам – ғирт сафсата! Худо бир, расул барҳақ! Қолгани бир пул, ўлмасанг кўрасан ўша кунларни!
…У кейинчалик кўп ўйлади: Имом бунча кучни, иродани қаердан олди экан? Нега бунчалик қўрқмасдан, очиқ гапирди? Борди-ю, Вилор унинг устидан икки энлик чақув хати ёзганида нима бўларди? Кетарди дод деб! Институт ҳам, келажак ҳам савил қоларди. Аммо у ёзмади. Тўғрироғи, ёзишга қўрқди. У билан тағин бир бор учрашишга, ҳамма эътимод қўйган қарашларни ёмонотлиқ қилганини юзига айтишга юраги дов бермади. Назарида, ўша куз оқшомида жазавага тушган Имом уни бир мушт уриб, ўлдириб қўйиши ҳеч гап эмасди. Лекин у урмади, фақат унга ғалати, ачинганнамо қаради, холос. Ўткинчи машинага илашиб, шаҳарга келгунларича икковидан ҳам садо чиқмади. Фақат машина институт ётоқхонаси олдида бир неча дақиқа тўхтаганда тушиб, икки тарафга ажралишаётганларида Имом унга заҳарханда табассум ҳадя этиб, тиржайди:
– Омон бўл, райқўм бованинг ўғли. Худо хоҳласа, яна учрашармиз.
Бироқ, улар учрашишмади. Демак, буни Худо хоҳламаган кўринади. Кейинчалик у орқаворотдан суриштириб, Имомнинг олис чўл туманидан келганини, тарих факультетида бешинчи курсда ўқишини, Германияда ҳарбий хизматни ўтаб, сўнг ўқишга кирганини аниқлай олди, холос. Сўнг Имом исмли чўрткесар, художўй йигит унинг хотирасидан бутунлай ўчиб кетди.
Фақат бугун, 2005 йилнинг кеч куз оқшомида, рутубатли ертўлада қўллари хочга чандиб боғланган бир алпозда ногоҳ ўша ўжар ва ўктам овоз онгига чақмоқдай ёриб кирди. Ва унинг юраги орқага тортиб кетди. Беихтиёр калима келтирмоқ учун оғиз жуфтлади. Бироқ, афсуски, ҳаддан ортиқ толиққан шуури қотиб қолди, ё у ҳақиқатдан ҳам динсиз эди. Юракни пармаловчи овоз эса, ҳамон жазавага тушарди:
– Ий-й-ёв-ва-вув-ва-а-а…
* * *
Палата ёруғ, деразадан ёпирилиб кираётган қуёш нуридан чароғон бу хона кишининг баҳри-дилини очгудай шинам эди. Бироқ, бу хонанинг ёлғиз соҳиби бўлмиш йигитнинг руҳияти ҳамон зулмат ичра тентираётганди…
* * *
Қўрқувнинг ва даҳшатнинг ранги, таъми бўлиши ҳақида у авваллари сира ўйлаб кўрмаган экан. Чунки бундай шароитга тушмаган одам учун бу тахлит хаёллар бегона. Аммо бугун, ҳозир аниқ бўлдики, даҳшатнинг ранги қорамтир қўнғир, таъми эса… қон таъмини эслатар экан. Нега айнан шундайлиги тўғрисида ўйлаб ўтирадиган алпозда эмасди у. Бутун борлиғини исканжага олаётган қўрқув бу исқирт зиндон бурчагидан қорамтир қўнғир рангда бош кўтараётганди. Таъми эса лабларидан сизиб, қотиб қолган қон билан айнан бир хил эди.
Хиралашган шуури андак ёришиб, бир фикрга келди: боя анави жонўртар товуш янграганда, у тишларини маҳкам қисиш баробарида тилини тишлаб олган экан. Мана энди, шўртаъм қон оғзини тўлдириб турибди. Нафас олиши қийинлашиб боряпти. Ниҳоят, амаллаб бошини ўнг томонга буриб, бироз эгилди. Бироқ, чандиб боғланган арқон уни қўйворишни истамади. Шундай бўлса-да, бошини сал эгиб, куч билан тупурди. Туфук ва қон аралашган суюқлик оёғидан нарироққа тушди.
–Уф-ф-ф! – дея нафас олиб-чиқарди у.
Кўзлари тиниқлашгандек бўлди, ертўла бурчагига, боягина ҳамлага чоғланиб, пусиб ётган ёввойи махлуқ шаклидаги кўланкага кўзини оғритиб тикилди. Сакраб, унинг бўғзидан олишга ҳозирланаётган йиртқич бор-йўғи “эшак” эди. Қурувчилар гоҳ “эшак”, гоҳ “козёл” деб атайдиган бу қурилма баландроқ деворларни сувоқ қилишда оёқ остига қўйилади. У енгил нафас олди. Нима, булар бари – нурлар ва соялар ўйиними? Даҳшатли махлуқ қани? Йўқ бўлса, унда бояги товуш…
– Эта кошка…– деди қандайдир серзарда аёл истиғно билан. – Просто жалкая, бездомная кошка. Эх, Вилорчик, трусишка1…
– Нима, қанақа мушук? – пичирлади у алам ва ғазаб аралаш. – Ҳали мен… Аллақандай дайди мушукдан… тўхта, сен кимсан ўзи?
– Эслаб кўр, – тағин ноз ва кесатиқ омухталашган ғайритабиий товуш келди. – Яхшилаб эсла: Волгоград, 1983 йилнинг қиши…
– Қанақа қиш, қачон? – у ғўлдирай бошлади, хаста овози пасайиб, пичирлашга айланди. Бу ертўлада ўзидан бошқа тирик жон йўқлигини у яхши биларди, лекин айни дақиқаларда аллақандай аёл уни нималарнидир эслашга ундаётгани рост-ку! Қанақа қиш ҳақида гапирди? Нимага овоз бору жисми йўқ? Ё у ақлдан озяптими? Агар у телба бўлса, бу ертўла, ўзининг бу тахлит абгор ҳоли балки қорахаёл ёки тушдир?
– Туш эмас бу Вилорчик, эслаб кўр…
Аёлнинг овозидаги киноя, пичинг ва уларга уйғун эркалик унинг хотираси тубларида мудраб ётган шарпаларни уйғотаётганди. Энди бу кўланкаларга, шунча йил ном-нишонсиз, шакл-шамойилсиз ётган сояларга жон кирди. Улар қора парда ортидан чиқиб келишиб, зал тўла томошабинлар кўз ўнгида мағрур қад ростлашган актёрлардек, ўз ранг-рўйларини топа бошлашди. Беихтиёр унинг чап кўкси санчиб кетди. Уят, хижолат ва надомат терлари баданидаги сонсиз кўринмас тешикчалардан потирлаб чиқа бошлади. Оғзи қуриб, ингроқ аралаш тамшанди:
– Им-м-м…
…Ўшанда уни, яқиндагини институтни битириб келиб, “Билим” жамиятида раис лавозимида ишлаётган ёш ва умидли кадрни Волгоград шаҳрига уч ойлик тажриба алмашиш курсига ўқиш учун юборишганди. Ўқишнинг иккинчи ойи якунида у вилоятнинг чекка, ўрмон билан ўралган туманидаги жамиятнинг фаолияти билан танишмоқчи бўлди. “Билим” жамияти аслида ғирт даҳрий бир тизим эканлигини, унинг асосий мақсади одамлар онгидаги ишонч ва эътиқодни сўндириш эканлигини у яхши биларди. Ва ўз иши билан фахрланарди. Чунки бу пайтга келиб Имом исмли ўжар йигит унинг эсидан бутунлай чиқиб кетганди.
Овлоқ туманда бир ҳафта қолиб кетди. Арзон меҳмонхона ва яхши шароит бунга сабаб бўлолмасди, албатта. Сабаби – меҳмонхонадаги хизматчи қиз Рита – Маргарита эди. Улар тез тил топишдилар. Ританинг онаси туну кун қўлбола ароқдан бош кўтармас, икки кишилик мўъжаз оила юки қизнинг нозик елкаларига тушганди. Бир куни қиз уни уйига олиб борди. Шаҳарча четида, ўрмон этагида қўққайган ёғоч уй йигитни ҳайрон қолдиргани йўқ. Унинг асл мақсади тезроқ қизнинг васлига етиш эди.
– Истасанг, бироз ўрмонда сайр қиламиз, – деди юзлари ичкилик таъсиридан ял-ял ёнаётган қиз хона бурчагидаги каравотда хуррак тортаётган кампирга ижирғаниб қараб қўяркан.
– Майли… – истар-истамас қўзғалди йигит.
– …Эсингдами, ўша тунда, ўрмонни айланиб юрганимизда оддий бўрсиқдан қўрққанинг? – Ританинг овози бу сафар жиндай шўхчан янгради. – Бойўғли сайраганда ваҳимадан бир газ сапчиб тушганинг ёдингдами?
– Им-м… Сен қаердан кепқолдинг бу ерга? Бор, йўқол, алвасти! – у қонталаш лабларини ялади.
– Ўҳ-ҳў, энди алвасти бўп қолдикми? Қани ваъдаларинг? Ичган қасамларинг қаерда қолди?
…Қизнинг бадани худди борлиқни қоплаган қордай, балки ундан-да оқроқ, вале, алангаи оташ эди…
У қизни севишини, уни ўзи билан Тошкентга олиб кетишини кўп бора таъкидлади…
Эҳтимол, қизнинг дилида бу овлоқ гўшадан қандай бўлмасин қутулиб чиқиш, катта шаҳарларда яшаш умиди уйғонгандир, бироқ йигит уни тез унутди. Олдинда уни мансабнинг сеҳрли пиллапоялари, чиройли ҳаёт, ёрқин келажак кутаётганди.
Эртасига катта шаҳарга қайтди-ю, Ритани буткул унутди. Юртига келгач эса ҳаётнинг шиддатли тўлқинлари уни ўз гирдобига тортди. Русиянинг олис бир бурчида ўзининг бокира туйғуларини унга бахш этган, УНИ КЎП ЙИЛЛАР КУТГАН мовий кўзли бир аёл яшаётгани энди у учун бутунлай аҳамиятсиз эди…
– …Лоақал жиндай пушаймон бўлганмисан? – Рита тағин тилга кирди. – Бирон марта бўлсин, қилган ишингдан афсусландингми?
– Тинч қўй мени, чиқиб кет онгимдан! Сен йўқсан! Сен хаёлларим мевасисан, холос!
– Йўғ-э? – нозланди аёл. – Ўзингни алдама, азизим. Менинг мавжудлигимниям, олис рус қишлоғида ўғлинг борлигиниям яхши биласан.
– Қанақа ўғил?! Нималар деяпсан?
– Ана, менга гапиряпсанми, демак мен БОРМАН! Ўғлинг ҳам ўзингга ўхшайди, беқарор, тантиқ… Сочлари қоп-қора…
– Бас қил! Гапларинг ёлғон! Мендан ўч олмоқчисан… Сенга уйлана олмасдим, ахир! Галинага ваъда бериб қўйгандим. Унинг отаси…
– Унинг отаси катта амалдор эди, қизига уйланмасанг кунингни кўрсатарди, – чўрт кесди Рита. – Сен эса кўтарилишинг керак эди…
– Оҳ-ҳ…
– Майли, дам ол, – хўрсинди аёл. – Лекин билиб қўй, мен яна келаман. Эсингда бўлсин: нажот фақат тавбада…
* * *
Навбатчи ҳамшира беморнинг юзига ташвиш аралаш тикилди: йўқ, ҳаёт нишонаси сезилмайди. Ҳатто, нафас олиши ҳам секинлашгандек. У шошиб палатадан чиқиб кетди.
* * *
Тун билан куннинг фарқи қолмади. У вақт сезгисини йўқотиб қўйди. Қачон келувди ўзи бу ерга? Кечами, бир ҳафта бурунми? Гўё бутун умр шу арқонга осилиб тургандек… “Келувди” эмас, “келтиришувди” сўзи ўринлироқ бўлиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Аслида уни бу ерга келтиришганди. Мажбуран, зўрлаб олиб келишганди. Бўлмаса қайси аҳмоқ ўз оёғи билан бу исқирт жойга келади? Шошма, у қаерда ўзи? Бу ер ростдан ҳам ертўлами? Қаерда жойлашган бу зиндон? Гўё минг йил олдинги воқеалар каби, куни кеча рўй берган ҳодиса кўз ўнгидан узуқ-юлуқ тарзда ўта бошлади…
У ишхонасидан чиқиб, машинаси сари юрди. Кеч куз қуёши уфққа оғиб борар, дарахтлар учида қолган яккам-дуккам япроқлар енгил шабада остида иситма тутган бемор мисоли қалтирашарди. У юпқа папкани қўлтиғига қисиб, чўнтагидан бир шода калит олди. Шу пайт нарироқда турган оқ “Нексия”дан тушиб келаётган хушқомат аёл у томонга юрди.
– Кечирасиз… – деди у хижолатли жилмайганча ялтироқ қизил сумкачасини ғижимларкан. – Машинамни бир кўриб беролмайсизми? Негадир ўт олмаяпти…
Қора сочлари елкасини қоплаган бу аёлнинг кўзлари жон олгудай эди. Йигит каловланиб қолди. Агар бу ерда ушланиб қолса, хотини тағин минғир-минғирни бошлайди. Ўзи боягина телефон қилувди.
– Папулямнинг улфатлари келишмоқчи, тезроқ етиб келинг! – деганди эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда.
Қайнотаси Азим Бўриев – истеъфодаги генерал, савлатидан от ҳуркадиган одам. Унинг собиқ ҳамкасблари келишса, демак, бу кечани ҳам Худо олди. То ярим тунгача ичкилик, беҳаё латифа, баҳс-мунозара… Хуллас, уйига бормаса бўлмайди. Боради, албатта, бироқ, манови аёлнинг ғамзали қарашлари… У билан танишмоқчи шекилли. Машина шунчаки бир баҳона, аслида бу офатижоннинг мақсади бошқа. Ҳа, нима, Вилор арзимайдими шундай пари-пайкарга? Жуда арзийди-да! Бу ёғини сўрасангиз, ўзи аёл зоти қачон машинани тушунган? Кел, кетса икки дақиқа вақт кетар шунга, баҳонада хонимча билан танишиб олади. У аёл томонга юрди:
– Нима бўлди ўзи?
– Билмадим, бу ўлгурни кошки тушунсам… Адамларга неча марта айтдим, янгисини оберинг деб…
Аёлнинг товушидаги ноз-фироқ ва эрка оҳанг уни буткул маҳв этди. Воҳ-воҳ! Шундай ҳурлиқо қайси бахтли йигитнинг ёри экан-а?!
– Ҳозир кўрамиз-да, – у ўз қадрини яхши биладиган кишидай бир-бир босиб машинага яқинлашди.
Шу пайт осмондан тушгандай пайдо бўлган уч йигит унинг оёғини ерга теккизмай машинага тиқишди. У на бақиришга ва на юлқинишга улгурди. Бир-икки силтанганди, оч биқинига теккан мушт нафасини ортига қайтарди. Зум ўтмай қўлини орқасига қайириб боғлашди, бошига қоп кийгизишди.
Машина анча юрди, шаҳар ортда қолди. Буни у атрофдаги машиналар шовқинининг камайганидан сезди. Назарида асфальт эмас, тош тўкилган йўлдан боришаётганди. У зўр бериб ўйлар, шаҳар яқинидаги йўлларни хотирлаб, қай тарафга кетишаётганини тахмин қилишга уринарди. Йўқ, фойдаси бўлмади. Эсанкираб қолган онги унга бўйсунишни истамаётганди.
Ниҳоят, унинг чап томонида ўтириб келаётган босқинчи овоз берди:
– Хўш, Вилор Наимович, ишлар қалай энди? Фирманинг даромади тузукми?
“А-ҳа, – дея ўйлади у. – Булар мени ўғирлашган экан, энди оиламдан товон сўрашади! Хайрият, пул билан қутулиб кетарканман…”
– Қанча керак сизларга? – хириллаб ғўлдиради у, бироқ оғзидаги латта аниқ гапиришга имкон бермади.
– Э-э, шошманглар, бу кишимнинг оғизларини очиб қўяйлик! – деди ҳалиги кимса. Чаққон бир қўл қоп орасидан сирғалиб кириб, унинг оғзидаги дастрўмолни олди.
– Уф-ф! – дея енгил нафас олди у. – Қани, қанча керак сизларга?
– Нима “қанча”? – анқовсиради суҳбатдоши.
– Пул-да! Товон пули! Шу учун ўғирладингларми мени? – сўради у.
– Ҳаҳ-ҳа, Голливуд киноларини камроқ кўриш керак, оғайни! – хохолади қароқчи.
– Пулингни… керак ерингга тиқ! – деган овоз келди олдинги ўриндиқдан. – Бизга сенинг ўзинг кераксан.
Бу рулдаги йигит бўлиши керак, дея тусмоллади у. Демак, аёл унинг ёнида. Бу ерда, икки ёнимда иккитаси ўтирибди. Аёл билан қўшиб ҳисоблаганда тўрт киши улар. Ҳа-а, аҳвол мақтанарли эмас.
– Нима истайсизлар ўзи мендан? – хастаҳол ингради у.
– Ҳеч нарса, – деди биринчи босқинчи. – Шунчаки, уч-тўрт кун бизга меҳмон бўласан. Унгача балки ақлинг кириб қолар.
– Менга қаранглар, – деди у овозини бироз кўтариб. – Мен бизнесменман, маблағим ўзимга етарли. Оғзингизга сиққанини бераман.
Шу заҳоти салгина катта кетдим-ов, дея ўйлаб, тилини тишлади. Фирма Галинанинг номида, расмий ҳужжатларда фақат унинг имзоси ўтади. Унда эса чўнтагидаги тўрт-беш тангадан бўлак нарса йўқ.
– Биз сенинг кимлигингни яхши биламиз, – деди ёнидаги кимса хотиржам товушда. – “Сириус” фирмаси хотининг Галина Бўриеванинг номига расмийлаштирилган, аслида фирманинг чинакам хўжайини қайнотанг, сен шунчаки қўғирчоқсан. Отанг райқўм котиби бўлгани, сен аввал худосизлар жамиятини бошқарганинг, кейин отангнинг курсисини мерос қилиб олганинг, Галинага қандай уйланганинг ҳам бизга маълум.
Унинг юраги орқасига тортиб кетди: демак, булар у ҳақда етарлича маълумот тўплашган, изига тушишган! Хўш, пул керак эмас экан, унда мақсадлари нима?
– Сен сарқитхўрсан! – дея вишиллади рулдаги босқинчи мазах аралаш. – Хотининг қайси бойваччанинг қучоғини қанча вақт обод қилгани, кейин сени қандай илинтиргани, уйланмайман деб оёқ тираганингда қайнотанг сени қандай қўрқитгани, отангнинг сенга нималар деб ялингани, онангнинг “сендай ўғлим йўқ” деб қарғагани – хуллас, бизда маълумотлар етарли. Хўш, шу гапларнинг қайси бири ёлғон? Тўйингдан сўнг қайнотанг “ҳиммат қилиб” сенга данғиллама ҳовли олиб бергани, кейинчалик, қайнонанг ўлгач, ўзи ҳам ўша ерга кўчиб келгани ҳам бизга аён. Ёки буларнинг баридан тонасанми?
– Ичкуёв – ички ёв! – дея луқма ташлади шу пайтга қадар дамини чиқармай келаётган аёл.
Энди бу овозда боягидай ноз-фироқ эмас, пичинг ва киноя қоришиқ эди.
Демак, уларга бари маълум. Ишониб юрган тузуми парчаланиб, қайнотаси истеъфога чиққанини, куёви тўрвасини олдирган гадой каби талмовсираб юрган пайтларда қурилиш-монтаж ишлари билан шуғулланувчи фирма очиб, уни қизининг номига хатлаб берганини, бечора отаси, ишониб юрган ғоялари сароб эканлигини англагач, бир кечада жон таслим қилганини ҳам билишади булар! Онасининг ҳали-ҳануз уни кечирмагани, рости, ўзи ҳам чин дилдан тавба қилиб, волида оёғига бош уриб бормагани ҳам буларга аён. Демак, улар узоқ тайёрланишган бу ишга. Йўғ-ей, бу замонда бировнинг устидан маълумот тўплаш учун нари борса икки соат кифоя. Компьютерларнинг хотирасида ҳамма нарса бор. Аммо, оилавий масалалар, масалан, Галинанинг ўтмиши, қайнотаси билан муносабатлар, онасининг ундан юз ўгиргани – булар компьютерларда йўқ-ку! Унда қаердан… Тўхта, Вилорбек, бу ерда бошқа гап бўлиши керак. Демак, ўртада кимдир бор. Воситачининг, йўқ, сотқин бир кимсанинг ҳиди келяпти бу ердан! Ким бўлиши мумкин? Ёнида юриб, қўйнига илондай кириб, кўзининг ёғини еб, уни душманга тутиб берган ким ўзи?
Ўз хаёлларига банди бўлиб, ўз ёғига қовурилиб бораётган Вилор машинада тағин бир йўловчи борлигини бутунлай унутган, бу номаълум кимса не боисдан шу пайтга қадар миқ этмагани сабабини изламаётган эди. Ҳолбуки, ўша сирли кимса бор эди. Машина силтанган лаҳзаларда Вилор унинг иссиқ нафасини ўз юзида ҳис этаётганди. Сирли йигит орада бўлаётган гап-сўзларни диққат билан тинглаб, ўзича хулосалар чиқариб бораётир…
* * *
Етмишларга кирган, кумуш ранг сочлари орқага силлиқ таралган, юришлари ўктам, бургут қарашли чол бош шифокор хонасидан чиқиб, йигит ётган палатага йўл олди. Ёнида пилдираганча келаётган навбатчи врачнинг жаврашлари қулоғига кирмас, у ўз хаёллари билан банд эди…
* * *
Одам боласининг қонида айланиб юрадиган унсурлар орасида ношукурлик биринчи ўринда турса, ажаб эмас. Бу баттол унсур миянинг аллақайси бурчакларида кўздан пана бўлиб яшайверади. Бир куни келиб кутилмаганда бош кўтариб қолади. Топиш-тутиши жойида, егани олдида-ю, емагани ортида бўлган зотлар ҳам, ҳатто итининг ялоғи тилладан бўлса-да, ношукурлик қилади. Бунинг жазоси ҳам ўзини кўп куттирмайди.
– Эҳ-ҳе, таппа-тайёр муллавачча бўлибсан-ку сен бола!
Бу энди бутунлай бошқа овоз эди. Учга, балки тўртга бўлинган онги унга янги-янги ўйинларни намойиш қила бошлаяпти шекилли? Ким бўлди бу янги ҳамсуҳбат? Имом эмас, Рита ҳам бу тахлит зардали оҳангда гапирмайди. Галинами? Йўқ, эркак киши бу! Отасими? Отаси доимо хотиржам, салмоқлаб гапирарди. Унда ким?
Ногоҳ 1987 йилнинг иссиқ ёз кунларидан бирида бўлиб ўтган воқеа хаёлида жонланди. Шоҳариқ қишлоғи қабристони, ранглари бўзарган, кўзларида даҳшат ифодаси қотган одамлар ва улар орасидан сирғалиб олдинга чиққан бароқ қошли, қотма чол…
– Баракалла, эсладинг. Демак, ҳали эс-ҳушингдан айрилмабсан! – кулди чол ертўлани титратганча.
– Сиз… сизга нима керак? Бу ерда нима қилиб юрибсиз?
– Исмим Саид Калон. “Саид батрак” дейишарди мени. Наҳотки, унутган бўлсанг?
– Ҳа… – онгидаги асосий “мен”и, ниҳоят уни танигандек бўлди. – Сиз… ўлмаганмидингиз?
– Хотира ўлиши мумкинми? Умуман, нимага мен ўлишим керак экан?! – чол тағин кулди. – Ўшанда нима дегандим сенга, эсингдами?
У тилини тишлаб қолди. Чолга нима деб эътироз билдирсин? Ахир ҳаммаси худди кечагидай ёдида турибди. Қулаган туғ ҳам, эски сағаналар ҳам, қўрқув тилларига тушов солган одамлар тўдаси ҳам…
Отаси анчайин узун ваъз ўқиди: дин – афюн, унга ишонмаслик керак, фаровон турмушимиздан эскилик сарқитларини супуриб ташлашимиз керак, қабристонлардан туғларни олиб ташлаб, қабрларни тартиб билан рақамлаб чиқиш керак, манови мачит ҳам текинхўрлар маконига айланган, уни бузиб ташлашни даврнинг ўзи тақозо этяпти ва ҳоказолар…
Қишлоқ аҳли орасидан туғни йиқитадиган мард топилмади.
– Қамасанг қамайвер! – деди Сотимбой бригадир мелиса бошлиғига тик қараб. – Ааламни йиқитиб, боболаримнинг арвоҳини чирқиратмайман!
– Ааламми, туғми, нима бўлишидан қатъи назар, мана шу оқ байроқ осилган хода йиқитилиши керак! – дея шарт кесди вилоятдан келган кўзойнакли вакил.
Отасининг сўзсиз нигоҳидан англадики, бу ишни АЙНАН У ҚИЛИШИ КЕРАК! “Вилор, бўл тезроқ, ўғлим! Келажагинг, ҳаёт-мамотинг ҳал бўлади бугун!” – дерди ота кўзлари.
У бир лаҳзагина иккиланди, холос. Одамларнинг, айниқса, оломон орасини ёриб олдинга ўтган Саид батракнинг важоҳатига бир он разм солди. Чолнинг лаблари сассиз пичирлар, кўзлари аланга сочарди. Йигит унга кўп ҳам эътибор бергани йўқ. Кескин бурилиб, кўкка бўй чўзиб турган, учига бир парча оқ мато ва яна бир нималар илинган узун ходани зарб билан тепди. Йиллар, эҳтимолки, асрлар бўйи марҳумлар оромини қўриқлаб келган, умрнинг ўткинчилиги, ўлимнинг ҳақлигини тирикларга эслатиб турган, ЯРАТГАННИНГ МАНГУ ҒОЛИБЛИГИ ТИМСОЛИ бўлган, қуруқшаган, даврларнинг шамоллари жисмини ҳилвиратган ТУҒ ҚАРСИЛЛАБ СИНДИ! Оломон оҳ тортиб юборди, қирғоқни бузолмай сапчиган дарёдай бир гувранди.
– Уф-ф! – дея енгил нафас олишди марказдан келганлар.
– Ўв! – дея ингради кимдир оломон орасидан.
У пешонасига қалққан терни артиб, Саид батрак томонга ғолибона нигоҳ ташлади. Ҳа, бу сафар айнан ғолибона қаради.
– Бу ёққа кел! – деб пичирлади чол оғзини деярли очмай.
Унинг товушини Вилордан бўлак ҳеч ким эшитмади.
– Нима дейсиз? – йигит беписандлик билан унга яқинлашди.
Чол бармоқлари чангакдек эгри-бугри қўлини бигиз қилиб, унинг кўксига нуқиди:
– Сен итдай хор бўлиб ўласан! Кимсасиз, одам кўрмас ерларда чирийди ўлигинг! Бир томчи сувга, бир тишлам нонга, бир оғиз илиқ сўзга зор бўлиб жон берасан! Эсинг борида тавба қил! Яратган эгам кечиримли, эсингда бўлсин!
– Хорош болтать, старик!1 – пўписа қилди милиса бошлиғи.
– Қўлингдан келса тўпга солиб от мени! – чол жазавага туша бошлади. – Совуқ ўлкаларда бўлиб ҳам келганман, ўтириб ҳам келганман, яна бораман-да, ўша турмангга! Менинг бир кўрпам ҳалиям ўша ерда!
– Бас, топшириқ бажарилди, кетдик! – раис олдинга тушди, қолганлар унга эргашиб, шоша-пиша қабристонни тарк этишди.
Вилор ҳам бошқаларга қўшилди. Кўнглида ғалаба нашидаси, ўзини кўрсатиб қўйганлигидан пайдо бўлган ҳузурланиш мавж уриб бораркан, дарвоза олдида беихтиёр тўхтаб, ортига ўгирилиб қаради. Одамлар гувуллашиб, йиқилган туғ олдида уймаланишар, фақат ўша телбасифат чол, Саид батраккина унинг ортидан нигоҳларини ўқдек қадаб турарди…
– …Бу гаплар, ўҳ-ҳў, қачонлар ўтиб кетган, отахон, ҳозир замон бошқача… – дея хўрсинди у.
– Замон жойида турибди, одамлар ўзгарган, – чолнинг овози бу сафар жуда яқиндан эшитилди. – Эсингга тушгандир огоҳлантирганим? Мана, аҳволингга боқ, боғланган итдай осилиб турибсан! Дилингда заррача афсус борми? Қилган ишларингдан ҳеч бўлмаса бир марта пушаймон қилдингми?
“Унутма, нажот – тавбада!” Бу яна Рита эди, у энди овозларни аниқ фарқлай бошлаганди.
“Э, ўлақолса тавба қилмайди бу! Бунинг қони бузуқ асли! Одам тавба қилиши учун гуноҳу савобни ажрата билиши керак. Бу аввал ҳам даҳрий эди, даҳрийлигича қолибди”. Имом тағин пайдо бўлди. Бу сафар у бироз тажангроқ, серзардароқ эди.
– О, бўлди энди, тинч қўйинглар мени! – у бор овози билан бақирмоқчи эди, бироқ бўғзидан бўғиқ хириллаш сирпаниб чиқди, холос.
– Тавба қил! – ўдағайлади чол.
– Тавба қилақол! – ялинди Маргарита.
– Тавба қил… – маслаҳат берди Имом.
– Ухлашим керак… Ухлаш… Балки ухлаётгандирман? Эҳтимол, буларнинг бари тушдир? – пичирлади у.
– Хомтама бўлма! – кесатди Саид батрак.
– Йўқол! Даф бўл! Мен ухлайман. Мен… чарчадим…
Ва бир дақиқа ўтмай боши кўксига шилқ этиб тушди. У хоб оламининг сирли баҳрига шўнғиди.
* * *
Томирлари бўртиб чиққан қоқсуяк қўлларини қаерга яширишни билмай, хижолат оғушида бесаранжом қимирлаб қўяётган кампир гурс-гурс қадам ташлаб келган нотаниш чолга бир зум тикилди. Сўнг сўник ва умидсиз нигоҳлар яна ерга қадалди. Ғам-ғусса тўлдирган кўнгилда, минг хил ўй ғужғон ўйнаётган хотирада номсиз ва шаклсиз нимадир ғимирлагандек бўлди: бу ўткир кўзлар, хода ютгандек адл қомат нимаси биландир танишдек унга…
* * *
Воқелик ва рўё аралаш-қуралаш бўлиб, шундоқ ҳам толиққан онгини исканжага олмоқда эди. Соялар гоҳ пайдо бўлар, гоҳ йўқоларди. Мана, ниқобли уч йигит тағин унинг қаршисида турибди. Иккитаси худди ўша кунгидек уни уриб-сўкиб хумордан чиқмоқчи, учинчиси эса ҳамон жим. Ким ўзи у? Бу ниқобдор кимса, сирли шахс ким бўлди? Нега гапирмайди? Унинг сабрини синаяптими ё унга раҳми келяптими? Нега унда шерикларини қайтармаяпти, уни бўшатишга уринмаяпти?
– Кимсан… кимсиз? – пичирлади у кўз олдини тўсган хира туман ичра элас-элас кўринаётган шарпага қараб.
Шарпа индамади, лекин нарироқда ётган темир қувур бўлагини олиб, унинг арқонга осилиб турган икки қўлига навбатма-навбат қарсиллатиб ура бошлади. Тутқун жон талвасасида қичқириб юборди ва… кўзлари чарақлаб очилди. “Демак, туш экан… – дея ўйлади у жисми жонини қамраган оғриқ зўридан қалтираганча. – Туш… Лекин қўлларим…”
Қўллари тарашадек қотиб қолганди. Бир неча соат ҳаракатсиз, қолаверса, тўқсон килолик гавданинг оғирлигини кўтариб турган қўлларда қон айланиши қарийб тўхтаган, оғриқ борган сари пасайиб, карахтлик бошланмоқда эди. Агар зудлик билан қўлларини ҳаракатга келтирмаса, улар фалаждай қотиб, сўнг бутун танада тутқаноқ бошланиши ҳеч гап эмас. Ана, мушаклари зўриқиб, тортиша бошлади. Хиралашган онгининг олис бурчида, қоронғилик ичра қизил чироқ ёнгандай бўлди: хавф яқин, ҳушёр бўл!
У жон ҳолатда қўлларини қимирлатишга урина бошлади. Бироқ арқон пишиққина экан, билакларини қўйворгиси келмади. Гавдасини икки ёққа чайқатишга уринган сайин арқон қўлларини қийиб, терисига чуқурроқ ботиб борарди. Турникда тортилгандек оёғини ердан узиб, қўллари билан осилиб кўрди, оғриқ кўзларидан ўт чақнатиб юборди. Аммо ана шу уринишлар сабабми, қўлларидаги карахтлик чекиниб, танаси қизий бошлаганини сезди.
– Ишқилиб, томирларим тортишиб қолмаса, акашак бўлмасам бас… – дея хаёлидан ўтказди кўзларидан тирқираб чиққан ёшга эътибор бермай. – Эй Худо, қайси гуноҳим учун?
Шу он нимадир бўғзига тошдек тиқилди. Ўзи сезмай Яратганга, шунча йил ота-бобоси ва ўзи инкор қилиб келган ИЛОҲИЙ ҚУДРАТГА илтижо қилаётганди. Ҳали ўз аҳволини тузук-қуруқ идрок этиб улгурмай туриб, хотира осмонида тағин чақмоқ чақди. Улкан оловли ҳарфлар билан битилган савол кўзи олдида ярақлай бошлади: ҚАЙСИ ГУНОҲИМ УЧУН?
У ўзини ниҳоятда бечораҳол ҳис этаётганди. Оч, ташна, банди қилинган ҳолда БИР АСРДАН БЕРИ осилиб ётган бўлса, ҳолини сўрайдиган, кўмак берадиган кимса топилмаса… Қандай айб қилдики, уни бунчалар хўрлашади? Айби – ўз даврига хизмат қилганими? Нима, бошқалар оппоқми, ундан бошқа ҲАММА ТЎҒРИ ЯШАДИМИ ЎША ДАВРЛАРДА? Аравасига тушгач, қўшиғиниям айтасан-да! Ана, ўша давр фарзандларининг кўпи от устида юрганда тўплаган маблағи ҳисобидан бир фирмами, кичик корхонами очиб ёки фермер бўлиб, даврон суриб яшаяпти-ку! Улар кеча ҳам эгарда эди, ҳалиям жиловни бировга бергани йўқ. Нима, Вилор буларни билмайдими? Жуда яхши билади-да! Чунки, ўзи ўша мактабдан чиққан, ҳозир ҳам ўша жараён ичида юрибди, қайнотаси мисолида кўриб турибди бу ишларни. У-чи? У оддий қўғирчоқ, қайнотаси ва хотини қўлидаги косов. Бор-йўғи шу. Нега энди унинг, на катта мансаби ва на орттирган мўмайроқ маблағи бўлмаган бир кичкинагина одамчанинг бошида синиши керак бу таёқ?!
…Ногоҳ оёғига совуқ бир нарса теккандек бўлди, бадани жунжикиб, сесканди. Боягина (балки БИР ҲАФТА бурундир?) иссиқ, ачимсиқ пешобга тўлган туфлисини ўлим азобида ечган эди, мана энди ҳўл пайпоғи ҳам амаллаб суғурилган, намчил тупроқ устида турган ўнг оёғига нимадир ўрмалаётир. У жон ҳолатда бошини эгиб қаради, бироқ қуюқ қоронғилик ҳеч нарсани кўришга имкон бермади. Ҳа, бу ертўла гўрдай зулмат қўйнида эди. “Гўрдай дейсанми? Худди бирон марта гўрда ётиб кўргандай гапирасан-а!” деган фикр онгида йилт этди-ю, изсиз йўқолди. Ҳозир муҳими бу эмас, муҳими – оёғига ўралиб, юқорига ўрмалаётган махлуқ! Ҳа, бу илон эканлигига шубҳа йўқ. Ана, у ёқимсиз вишиллаб, сонларига чирмашди, сўнг тағин юқорига сирғалиб чиқа бошлади.
– Кет… Кет бу ердан… Тинч қўй мени… – алам билан пичирлади у.
Аввалига жон ҳолатда силтангиси, тўлғаниб, бу совуқ газандани устидан отиб юборгиси келди. Аммо, қаердадир ўқиганлари ёдига тушиб, ўзини зўрға босди. Айтишларича, илон кескин ҳаракатларни ёқтирмас экан. Агар силтанса, газанда чақиши аниқ. Унда… Унда нима бўлишини хаёлга келтиришнинг ўзи даҳшат. Алвидо, ҳаёт! Алвидо, ширин орзулар… Майли, чидайди, ўзини босиб, бу ишнинг натижасини кутади. Борди-ю, илон заҳридан ўлиш тақдирига битилган бўлса, илож қанча? Ҳарна бу азоблардан қутулади…
У йиғламоқни, аччиқ-аччиқ кўзёши тўкиб, ўз абгор ҳолига ачинмоқни истарди. Аммо, бу не шўришки, сувсираган, қуруқшаб бораётган вужудда икки томчи ашкка етгулик нам ҳам қолмаган кўринади. Унинг дийдалари жазиллаб ачишди, қорачиқларига сонсиз игналар санчилгандек бўлди.
Илон белдан ўтиб аввал елкага, сўнг бўйинга ўралди. Лаҳза ўтмай даҳшатдан катта-катта бўлиб очилган кўзлари олдида қоронғиликда совуқ шуъла сочаётган икки нигоҳ пайдо бўлди. Бу нигоҳлар, сарғиш яшил кўзлар унинг шуурини тобора музлатиб борарди. Вужудида уйғонаётган қалтироқни босиш учун тишларини маҳкам қисди ва шу он бўйин томирлари шишганини ҳис этди. Йўқ, бу ҳол илоннинг ғазабини уйғотиши мумкин. “Тўхта, нима қиляпсан, тентак? Ё ўлгинг келяптими? Ўзингни бос, оғир бўл. Ҳозир бу махлуқ тушиб кетади, бироз сабр қил. Қалтирама, танангни бўш қўй” дея буйруқ келди онгининг овлоқ бир бурчидан. У мушакларини бўшаштиргандай бўлди, нақ рўпарасида, бурнидан икки энлик масофада чайқалиб турган илоннинг оғзидан учи айри тили отилиб чиқди. “Энди аниқ ўлдим!” деган фикр билан кўзларини юмишга уринди, бироқ қовоқлари гўё қотиб қолгандек эди. “У мени сеҳрлашга уриняпти!” деган ўй хаёлидан кечди. Учи айри тил тағин йўқолди, унинг юзи эса совуқ бир эпкинни ҳис этишга аранг улгурди. Сарғиш-яшил аланга сочилаётган, тафаккурни маҳв этгувчи, туйғуларни карахтлаб, вужудни тахтадек қотирган бу нигоҳлар ундан, жабрдийда пайғамбар янглиғ осилиб ётган бандидан ҳисоб сўраётгандек эди гўё.
– Айбингга иқрормисан?! – деган савол янгради миясида.
– Нималар деяпсан, қанақа айб? – хаёлан хитоб қилди у.
– Демак, ўзингни айбдор санамайсан… Демак, тавба қилиш ниятинг ҳам йўқ. Билардим, шунақалигини билардим. Мени яратган БУЮК ЗОТ сенга кўп бора имкон берди, сен эса, қайсар, ақли калта одамзод, улардан фойдалана олмадинг. Ҳолбуки, нажот бор эди. Нажот ҳамиша бор, фақат уни КЎРА ОЛАДИГАН КЎЗ керак.
– Ахир, атроф қоп-қоронғи бўлса…
– Эҳ, гўл, гумроҳ банда! Нажот эшигини кўриш учун ҚАЛБ КЎЗИ лозим. Сенинг дил кўзингни эса қум босган. Бойлик, мансаб, енгил ҳаёт, маишатпарастлик, иккиюзламачилик, қўрқоқлик, нотантилик деган хору хаслар кўмган уни! Ҳолбуки, бир оғиз сўз, биргина калом уни очиб юбориши мумкин.
– Қанақа сўз? Қандай калом?! – ҳайқирди жон ҳолатда ваҳимадан хиралашиб бораётган онги.
Аммо тангри яратган ожиз, бироқ донишмандлик тимсоли бўлмиш махлуқ ўзига илтижо билан термилиб турган ялинчоқ нигоҳдан ҳазар қилгандек кўзларини юмди. Ва шу лаҳза одамзот бўйнини бўғиб турган совуқ сиртмоқ бўшади: илон аста сирғалиб пастга туша бошлади.
– Тўхта, кетма! – хириллади банди. – Айтиб кет, қандай сеҳрли сўз у?
– Ўзинг яхши биласан… – деган узуқ-юлуқ жумла шуурига аранг етиб келди. – Сен тузалмайдиганга ўхшайсан. Аслида мен эмас, сен илонсан! АҚЛСИЗ, ГУМРОҲ, ШАФҚАТСИЗ ВА МАККОР ИЛОН!
* * *
Ўнлаб дорилар ва хлор ҳиди анқиб турган палатадаги кенг каравот билан битта бўлиб ётган йигитнинг киприклари сал қимирлагандек бўлди. Пешинги иссиқда мудраётган навбатчи ҳамшира буни пайқагани ҳам йўқ. Бемор қуруқшаган лабларини яламоққа уринди, аммо лаблари хиёлгина очилди-ю, улар орасидан қизарган тилнинг учи сал кўриниб, ғойиб бўлди. Мисоли заҳарли илоннинг айри тилидек оний бир тезликда кўриниб-йўқолган бу забон сўзлашга ҳали ожиз эди. Ана шу иложсизлик изтироби натижаси ўлароқ киприклар аро сизиб чиққан икки томчи ёш юзларидан пастга думалади…
* * *
– Илонлар! Заҳарли илонлар! Қора илонлар! Сенларнинг кунинг битади ҳадемай! – чийиллади йигитча юлқиниб. Бироқ, икки милиса унинг икки қўлидан маҳкам ушлаб турар, озғингина йигит уларнинг чангалида потирлар эди.
– Ўчир овозингни, ҳе! – ўшқирди қориндор капитан унинг қўлига кишан соларкан. – Вилор Наимович, нима қилайлик бу дардисарни?
– Обориб тиқиб қўй КПЗга! – буюрди у олтин гардишли кўзойнаги устидан ўқрайиб боқаркан. – Уч-турт кун оч ётсин, кейин билади сиёсат билан ўйнашиш қанақа бўлишини!
– Хўп бўлади. Қани юр, шоирвачча! – капитан пихиллаб кулганча йигитни хонадан судраб олиб чиқа бошлади. Нима бўлгандаям, ҳақиқатпараст йигитча ўзига етганча ўжар экан, остонага оёқ тираб, роса тихирлик қилди:
– Фикрни, эркин сўзни қамаб бўлмайди, овора бўлманг! Уни ўлдиришнинг иложи йўқ! Унутманг, бу кунлар ўтади, лекин Ватан…
– Чиқ-ей! – ўшқирди иккинчи милиса ҳам тоқати тоқ бўлиб. – Тинчгина севги-муҳаббат ҳақида ёзиб юравермайсанми, аҳмоқ!
Шоир бола қабулхонага судраб чиққанларидан сўнг ҳам тинчимади, кабинет эшигидаги ёзувни ўқиш учун бошини орқага бурди.
– Вилор Раҳимов, ҳозир ўттиз еттинчи йил эмас! Ўртоқ мафкура котиби, эшитяпсизми?
Ниҳоят, уни олиб кетишди, Вилор оғир сўлиш олиб, олдида турган газетани тағин очди. Кўзи нақ биринчи бетда, ўқловдай ҳарфлар билан чоп этилган шеърга тушди. Эҳтимолки, ўнинчи маротаба уни ўқиб чиқди. Ҳа, йигитча чакки эмас, юраги отнинг калласича бор экан:
…Туш кўриб ҳур чоғини
Очганча қучоғини
Темурбекни соғиниб
Туркистоним йиғлагай…
Э тавба-ей, бунақа бузғунчилик руҳидаги нарсаларни нимага босишади?! Ахир бу ғирт сиёсий қўпорувчилик-ку! Муҳаррирнинг кўзи қаерда эди? Йўқ, бу газетанинг жиловини ўз қўлига олмаса бўлмайди!
Қўнғироқ тугмачасини босди, котиба қиз Ануза эшикдан бош суқиб, унга саволомуз тикилди:
– Газета муҳарририни топ, тез етиб келсин!
Котибанинг кўкиш қўнғир кўзлари ўзига ишвали тикилиб турганини сезиб, ижирғанди, чеҳрасига жиддий тус бериб, тағин газетага термилди. Қиз бирпас туриб эшикни ёпди. “Оббо, намунча сузилмаса бу… Хаёли бузуқроқ шекилли. Э, ким билсин, бу ерга келгунча қайси кабинетларни “гуллатган” экан? Галянинг гапига кирмасам, уни бу ерга опкелмасам бўларкан. Хотиннинг қариндоши ёки таниши қачон дўст бўлган ўзи? Балки қайнотаси қўйган жосусдир бу? Бўлиши мумкин. Ҳарқалай, эҳтиёт бўлган маъқул…”
Шу каби шубҳалар кўнглини алағда қилиб, хаёлини тўзғита бошлади. Газетага тағин кўзи тушди. Бу шоир бола жуда қайсар экан. Бўлмаса, ҳурматини жойига қўйиб, кабинетига чақиртирди, ширин-шакар сўрашди, ҳатто ижодий режалари билан ҳам қизиқди. Бу кўрнамак эса сийлаганни билмади, бурнини кўтариб, “демократия, эркин фикр, миллат, ҳурлик” деб лоф ура бошлади. Хайриятки, Вилорбек ота таълимини олган, ҳар эҳтимолга қарши деб, икки милисани чақириб қўйган. Аслида у йигитчага бирон ёмонлик қилиш ниятида эмасди, насиҳат қилиб, бироз ақлини киргизиб қўймоқчийди. “Бунақа олди-қочдини қўй, ука, тинчгина ижодингни қилиб юравер. Миллат, Ватан ҳақида сендан бошқаям ўйлайдиганлар бор” деб огоҳлантириш ниятида чақиртирганди уни. Ўжар бола оғзидан тупук сачратиб, қиздирилган мойдек чарсиллай бошлагач, унинг ҳам сабр косаси тўлди.
Ўшанда, 1990 йилнинг баҳорида, унинг кўнглида туман газетасини жиловлаб олиш фикри туғилган паллада улкан мамлакат қалқиб тургани, энди қўлида қалами борлар билан сал мулойимроқ муомала қилиш лозимлиги тўғрисида ўйлаб ҳам кўрмабди. Рости, бу тадбир унинг илк катта иши, бир пайтлар нимқоронғи кабинетларда ўргатилган йўриқларни амалда қўллаш борасидаги дастлабки қадами эди. Ушбу тадбирни у кўргазмали тарзда, бошқаларга ибрат бўларли даражада ўтказишни ният қилганди. Бироқ, таассуфки, бу иш у кутган натижани бермади.
Газета муҳаррири йиғламоқдан бери бўлиб чиқиб кетгач, у зўр бир ишни қойил қилгандек, ўзича жилмайиб қўйди. Ҳа, кекса журналистни роса тавбасига таянтирди ўзиям! Бечора зор қақшаб таваллолар қилди, эгилиб-букилиб, минг бора узр сўради, лекин ёш раҳбар принципиал эди:
– Бундан кейин газетанинг ҳар бир сонини менинг шахсий назоратимдан ўтказиб, сўнг нашрга берасиз! – деди у қатъий қилиб.
Орадан бир ҳафта ўтгач, у ўзининг илк ғалабасидан маст бўлиб юрган кунларнинг бирида уни Биринчи котибнинг хонасига чақиришди. Борди, кириб, салом берди. Каттаконнинг хонасида “иккинчи” ҳам ўтирган экан. Юрий Николаевич Могильний унга мовий кўзларини хиёл қисганча синовчан тикилди:
– Нималар қилиб юрибсан сен бола! – ўдағайлади Каттакон бароқ қошларини чимириб. – Икки кишини гўрга тиқибсан-ку!
У ҳеч нарсани тушунмай, Могильнийга қаради, иккинчи котиб айёрона тиржайди:
– Вилор Наимович, Нажот деган шоир йигит ва газета муҳаррири ҳақида боряпти гап. Улар билан… суҳбат ўтказган экансиз-а?
– Ҳа… – унинг юраги ёмон бир нарсани сезгандек ҳаприқиб кетди. – Нима қипти уларга?
– Бало қилибди, дард қилибди! – Каттакон тағин ғазаб отига минди. – Ўв, замон ўзгариб боряпти, сен шуни тушунасанми? Журналист халқи билан ҳам шундай гаплашадими одам?
– Ўзингизни босинг, азизим, асабийлашманг, – деди Юрий Николаевич Каттакон томонга бошини сал буриб. – Осмон узилиб ерга тушгани йўқ, ҳарқалай. Та-а-к… Вилор Наимович, ўша шоир болани милисалар КПЗда бир-икки бор қалтисроқ туширишган шекилли, ҳамон беҳуш ётибди касалхонада. Наверное, бошига дубинка билан уришган. Чатоқ бўпти… Муҳаррирнинг асли юраги чатоқ эди, сиз билан бўлган суҳбатдан сўнг кичик инфаркт берибди. Ҳозир у вилоят касалхонасида. Уларни огоҳлантириб тўғри қилгансиз, лекин… Ладно, милисаларга чора кўрамиз, началнигининг ҳам погонини юлиб ташлаймиз. Қисқаси, бундан сўнг сал эҳтиёт бўлинг.
Кабинетни тарк этиш олдидан у Каттаконнинг кўзига қўрқа-писа қаради. Ёши ўтиб, сочлари кул ранг тус ола бошлаган раҳбар нигоҳи унга: “Эссиз икки инсон умри-я! Ахир, улар ўзбеклар-ку, ўз одамларимиз! Сен кимларнинг ноғорасига ўйнаяпсан ўзи?” дегандек таъна билан боқарди.
Эсида, ўша воқеалардан сўнг у бир-икки ҳафта ич-этини еб юрди. Кўнглининг бир четида икки бегуноҳга нисбатан ачиниш ҳисси ғимирлаб қўйса-да, онгининг пўканак босган бир хилватгоҳида Юрий Николаевичга ўхшаган суянч тоғлари борлигидан ғурурланиш туйғуси гуллаб турарди. Лекин омад бир кетса ҳар ёндан кетар экан: шоир бола бошидан еган зарбалари оқибатида қайта ўнгланмади, аста-секин ақлдан озди. Уни жиннихонага ётқизишди. Муҳаррир инфаркт натижасида яримжон одамга айланди, уни ишдан олишиб (пенсиясига олти ой қолганда!) катталарнинг чизган чизиғидан чиқмайдиган адабиёт муаллимини муҳаррир қилиб қўйишди. Собиқ муҳаррир кўп ўтмай омонатини топширди. Бу икки фожианинг асл айбдорини эса саноқли кишиларгина билишарди…
* * *
Кампир анавиларнинг бу ерда нима қилиб юришганини тузук-қуруқ англамас, қачон чиқиб кетишларини ўзича тусмоллар ва сабр билан кутарди. Чол, навбатчи врач ва ҳамшира эса уйқуда ўзини бўғишга интилаётган йигитнинг қотиб қолган бармоқларини бир амаллаб бўғиздан бўшатишди.
– Боғланглар уни каравотга! – деди чол амирона товушда. – У ўлмаслиги керак!
Палатанинг биргина деразаси ортида эса каттагина қора қуш бу воқеаларни жимгина кузатар, онда-сонда қағиллаб қўярди…
* * *
Вилоят марказида ишлаётган, ҳали от устида бўлган қайнотаси кутилмаганда кабинетига чақиртирди. Тўғри, кечқурун уйига айттирса ёки ўзи келса ҳам бўларди, аммо генерал айнан кабинетига ЧАҚИРТИРДИ! Вилор аллақандай нохушлик рўй беришини бутун вужуди билан ҳис этиб, қўрқа-писа борди.
– Қизни гум қилибсан-да? – деди у куёвининг кўзларига қаттиқ тикилиб.
Олтмишдан ошса-да, ҳали қомати расо, кумушранг сочлари орқасига таралган, гўштдор бурни устига қўндирилган кўзойнак остидан кўкимтир кўзлари синчковлик билан боқадиган генерал Азим Бўриев шунча йил хавфсизлик хизматида бекорга ишламаган, у Вилорнинг ҳар босган қадамидан хабардор эди.
– Эркакчиликда ҳар хил воқеалар бўп туради, лекин одам ўлдириш… Кимга топширгандинг бу ишни?
– Ҳеч кимга… Ўзим… – у чайналиб, ерга қаради.
– А, наҳотки? – генерал Бўриев ўтириб қолди. – Сен… ўзинг қилдингми?
Вилор титраб-қақшаб қайнотасига бор гапни айтиб берди. Унинг ҳикоясидан сўнг чол оғир сўлиш олди, кейин қўл силтади: “Боравер…”
Ишқилиб, бир ойча ўтиб, қизнинг таниб бўлмас даражага келган жасади топилганда бу ишни ҳеч ким ортиқча кавлаб ўтирмади. Генералнинг қўли узун, тили ботир, мушти эса қаттиқ эди…
– …Бўлди, йиғиштир йиғи-сиғини! – деган амирона товуш янгради қулоқлари остида.
Боягина дийдасида йиғига етгулик ёш қолмаган, энди бўлса ихлос билан ҳўнграётган банди бир чўчиб тушди.
– Ким? Ким бу? – у туйнукдан тушаётган хирагина тонг шуъласидан оқара бошлаган даҳшатхонага кўз югуртирди, бироқ ёш тўлган дийдалари олдида барча нарса олачалпоқ бўлиб кўринаётганди.
– Нима бало, қўрқувдан эсинг оғиб қолдими дейман?
– А-а, Имом… Имом ака… тағин кепсизми? – у жилмайишга уринди, лекин ёрилган лаблари жазиллаб оғригач, лаб-лунжини йиғиштирди.
– Ўҳ-ҳў, анча ақлинг кириб қопти, “сиз”лай бошладинг, – кулди чапани йигит. – Кўрдингми, Худонинг қудрати бу, у кўнглингга инсоф уруғларини соча бошлади. Энди ўзингга келасан.
– Худо… Қани, қаерда ўша Худо? Бор бўлса, нега ёрдамга келмаяпти? – алам билан пичирлади у.
– Сен чақирдингми уни ёрдамга? Бирон марта чин дилдан, ихлос билан илтижо қилдингми? Йўқ! Сен мана шу ерга келганингдан бери фақат ўзингни оқлаяпсан, қилган гуноҳларингни тан олмаяпсан. Ҳолбуки, Оллоҳ барча айбларингни ўзингга кўрсатди. Сен учун тавбанинг эшикларини очди. Сен эса… Яратган эгам кечиримли, у бандаларини ташлаб қўймайди. Унинг даргоҳи кенг, карами улуғ. Сен ноумид бўлма, тушкунликка тушма, Оллоҳ албатта нажот юборади. Фақат тавба қил, чин дилдан тавба қил!
– Тавба дейсизми? Менинг тилим айланармикан бу сўзга? Мен бир умр…
– Вей, менга қара, Яратган учун сенинг сиёсатинг, мафкуранг – бир пул! Сен ҳам унинг бир бандасисан, вассалом. Ҳамма қатори сенинг ҳам тавба қилишга, Парвардигорнинг лутфидан умидланишга ҳақинг бор.
Имом жим бўлди, осилиб турган йигит эса тағин ҳиқиллай бошлади. Нафас олиши чиндан ҳам қийинлашаётгандек, бўғилаётгандек бўлди. Ниҳоят, сўнгги кучини жамлади. Нафаси равонлашиб, кўзлари ўткирлашди. Ва шу он бутун ҳаёти кўз ўнгидан худди кино лентасидай шувуллаб ўта бошлади. Ўзига, виждонига хилоф иш қилган, гуноҳга қўл урган лаҳзалари эса гўё “стоп-кадр” сингари таққа тўхтаб, бутун даҳшати билан намоён бўлар, вужуди ва туман қоплаган шуурини ларзага соларди. Ниҳоят, бу қўрқинчли фильм тугади. Унинг сўнгги кадрлари жуда хира, худди зулмат қўйнида суратга олингандек қоп-қора эди.
– Зиндон бу… зиндондаги кадрлар… – шивирлади у ва лаблари беихтиёр пичирлай бошлади. – Тангрим, гуноҳларимни кечир! Мен гумроҳни афв эт, Худойим! Гуноҳкорман, тан оламан, айбларим жуда кўп. Эй қодир эгам, шафқатингни дариғ тутма, тавбамни қабул эт! Тавба қилдим, Оллоҳим, минг бор тавба қилдим! ТАВБА…ТАВБА… ТАВБА!..
У гапини тугатишга улгурмади. Шифт остидаги хиралашган туйнукка ташқаридан нимадир келиб урилди, синган ойна парчалари жаранглаб тўкилди. Кафтдай шиша парчаси эса шувуллаб учиб келиб, унинг ўнг қўли чандиб боғланган харига ханжардек санчилди. У қўрқувдан маҳкам юмилган кўзларини очганда ертўла шифобахш тоза ҳавога тўлган, ойнаси синган туйнукдан тонг ёруғи ёпирилиб кирмоқда эди. Ундан икки метрча нарида эса қонга беланган аллақандай қуш ётарди.
– Қарға… – пичирлади у даҳшатдан кўзлари олайганча. – Қора қарға… Бехосият қуш… Йўқ-йўқ, оламдаги энг гўзал, энг яхши қуш! Раҳмат сенга, Худойим, минг раҳмат!..
Бошини аста буриб, ёғочга санчилиб турган ойна синиғига қаради. Қиррадор шиша бўлаги харига сал-пал санчилиб, илиниб турарди. Арзимаган қалтис ҳаракатдан ҳам тушиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ниҳоятда эҳтиёт бўлиши лозим. Ҳозир ўнг қўли бармоқларини ишлатиб кўради, сўнг икки бармоғини аста чўзиб, кафтининг орқа томони билан шишани аста суғуради. Бармоқлари етармикан? Борди-ю, карахт бўлган қўллари уни ушлаб туролмаса-чи? Йўқ, ундай бўлмайди! Етиши керак, тутиб тура олиши шарт! Бу – сўнгги имконият, агар у қўлдан кетса, бари тугайди…
– Тангрим, ўзинг мадад бер, – илтижоли пичирлади у. – Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм….
У кўрсаткич ва ўрта бармоғини ниҳоятда эҳтиёткорлик билан орқага чўзди. Ана, шиша парчаси икки бармоғи орасида! У бармоқларини иложи борича маҳкамроқ қисиб, аста силтади. Худога шукр! Шиша бўлаги осонгина суғурилди!
– Ташаккур сенга, Яратган эгам, ташаккур…
У ёш тўла кўзларини бир зумга юмди. Очганда эса шиша парчаси ўнг қўлининг кафтидан мустаҳкам жой олиб улгурганди. Ҳа, мададга муҳтож тана миядан мустақил равишда керак ишни ўзи бажараётганди. Энди шишани тушириб юбормасдан, эҳтиёткорлик билан, қўлини имкон қадар пастга эгади. Мана, шишанинг ўткир учи билагини сириб турган арқонга етиб келди. У секинлик билан қиррадор шишани арқонга ишқалай бошлади. Кесади, кесиши керак!
– Бефойда бу иш… – дея хўрсинди Рита аллақайси кавакдан туриб.
– Бўш келманг, оғажон! – далда берди Гулшода.
– Ҳаҳ нодон бола, хомтама бўлмай қўяқол, – тишларини ғижирлатди Саид батрак.
– Қулоқ солма уларга! – деди Имом қатъий қилиб. – Бирортасигаям қулоқ солма! Ҳаракат қил, бу ёғи оз қолди!
– Имом ака… Қўлим… қўлимни шиша кесди шекилли… – ингради Вилор бир лаҳза тин олиб. – Мана, қон…
– Нима бўпти кесган бўлса? Ўлиб қолмайсан! Бўл тезроқ, ҳализамон УЛАР кепқолишади!
– Улар? Ким улар?
– Сени бу ерга опкелганлар! Сени ўғирлаганлар! – асабийлашди Имом. – Улар келишса… тамом бўлдим деявер!
– Тушундим… Ҳозир! – у тағин жон-жаҳди билан шиша синиғини арқонга ишқай бошлади.
Арқоннинг эшилган иплари бир-бир узилиб борарди. Шиша бўлаги тўмтоқлашди, у нариги ёғини айлантирди, кучи борича кесаверди. Шу зиндонда умрбод қолиб кетиш ваҳимаси унга тинчлик бермасди. Ниҳоят, ўнг қўлини хочнинг ўнг қанотига боғлаб турган арқон узилди!
Аммо у кутганидай, озодликка чиққан, сиртмоқдан бўшаган қўл шилқ этиб пастга тушмади. Кафтининг орқа томони гўё ёғочга ёпишиб қолгандай эди. У бир силтаниб, қўлини ёғочдан ажратиб олди, жонсиз дасти худди қуруқ калтакдек ёнбошига келиб урилди. “Ишқилиб, шиша синиғи қўлимдан тушиб кетмаса бас”, деган фикр ўтди хаёлидан. Агар оғриқ, чарчоқ ва ногаҳоний қувонч таъсирида бармоқлари шишани ташлаб юборган бўлса… О-о, ундай бўлиши сираям мумкин эмас! Тангрим, ишқилиб, ундай бўлмасин! Унда Вилор тамом! Бу яримжон ўнг қўли билан анави чап қўлини қийиб турган арқонни еча олмайди у! Қўлбола ханжарни ҳам ердан ололмайди қайтиб!
Шошма, ўзи қараб кўрдингми, деган саволдан сўнг карахт бўлиб осилиб ётган ўнг қўлини минг азобда кўтариб, юзига яқинлаштирди. Ва шу онда бўғзидан ғолибона бир ҳирқироқ отилиб чиқди:
– А-ҳа, мана у!
Дарҳақиқат, қон сизиб турган икки бармоқ орасида кўзойнак кўзидай келадиган шиша бўлаги терига ёпишиб турарди. У оғриқ зўридан афтини бужмайтирганча қонли шиша парчаси билан чап қўлини банди қилиб турган арқонни кесишга тутинди.
– Баракалла! – дея уни мақтаб қўйди Имом.
– Смотрите-ка! – ҳайрон бўлди Маргарита.
– Сиз зўрсиз, оғажоним! – деди Гулшода меҳри товланиб.
– Иҳ-ҳ-м… – томоқ қириб қўйди Саид батрак.
Ўн беш дақиқа ўтар-ўтмас у бутунлай озод бўлиб, боягина ўзи боғланган устунга орқа тираганча йиғлаб ўтирарди. Кўзёшлари қуриган бўлса-да, ўпкаси тўлиб, ҳиқиллар, кўкси бетўхтов кўтарилиб тушарди. Ниҳоят, ўзини бироз босиб олгач, аста ўрнидан турди. Боши айланиб, тиззалари қалтираётган бўлса-да, руҳи енгил, кўнглини аллақандай нур тўлдирганди. Бунинг шукрона деб аталган туйғу эканлигини у ҳали англаб улгурмаганди, бироқ, онгининг туб-тубларида, эҳтимолки, энг чуқур онгости қатламларида нималардир рўй берганлигини, аллақандай тўнтаришлар содир бўлганлигини савқи табиий билан ҳис этаётганди. Энди бутун ҳаёти ўзгариб кетишини, нафақат бугуни ёки эртаси, балки ЎТМИШИ ҳам ўзгаришини тушуниб етди у. Нималар бўлиши, қандай ўзгаришлар юз беришини аниқ билмаса-да, энди олдингидай яшолмаслигини, яшашнинг ИЛОЖИ ЙЎҚЛИГИНИ англаётгандек эди. Бунинг бахт ёки бахтсизлик, кулфат ёхуд омад эканлиги борасида эса ўйлашни истамасди. Истагани шуки, у ҳозир ташқарига, ДУНЁГА чиқиши керак!
– Ҳали кўрамиз, бола, кўп ҳовлиқаверма. Ҳали анави эшик очиқми ё нарёғидан отнинг калласидай қулф осилганми – буни билмайсан-ку! – дея пихиллади кимдир қаримсиқ товушда.
– Ўчир овозингни, маккор чол! – дея шахт билан ўрнидан турди Вилор. – Энди мени йўлдан уролмайсан, батрак! Агар эшик қулф бўлса, қулфини синдириб чиқаман!
У олдинга интилди, оёқларида қон айланиши ҳали маромига тушмагани боис бир-икки гандираклади ҳам. Сал юриб, аста эгилди, оёғи остидаги қонга беланиб ётган пажмурда қушни қўлига олди.
– Халоскор қушим… – шивирлади сассиз, сўнг ертўланинг чап қанотидаги эшик томон юрди. Саид батракни батамом мағлуб этмоқ, унинг устидан мириқиб кулмоқ учун эшикни зарб билан итарди. Эшик шарақлаб очилиб… кетмади. У нариёғидан ёпиқ эди…
Бир лаҳза унинг оёқ-қўли музлаб, пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди. Кўз олди қоронғилашиб, тўрт энлик чанг ва ўргимчак тўрлари қоплаган чирик тахталар устига қулашига оз қолди.
– О-о, Худойим, бу нимаси тағин? Им-мм!.. Наҳотки бари беҳуда бўлса?! Нега, нега, нега??? Ахир, мен ўзгардим-ку, Тангрим, ЎЗГАРДИМ! Энди мен бутунлай БОШҚА ОДАММАН! Яна қанча тавба қилишим керак? Уч кунми, бир ойми, бир йилми? Бўпти, мен розиман. Ҳозир қайтиб бориб ўша, анави касофат ёғочга қайтадан осаман ўзимни! Бундай яшагандан кўра…
– Бас қил! – орқа тарафдан Имомнинг зардали товуши эшитилди. – Йиғиштир обидийдани. Аввал эшикни тузукроқ итариб, тепиб кўр, балки қулфланмагандир, эҳтимол, шунчаки, номига тамбалаб қўйилгандир? Қани тур, ишга кириш!
– Имом ака-а…
– Тур ўрнингдан! Бошла!
У қонга беланган қарғани бир четга қўйиб, эшикни куч билан итарди. Назарида, қўпол тахталарни жипслаштириб ясалган қўлбола эшик бироз очилгандай бўлди. Унинг вужудига қудрат оқиб кела бошлади, тисланиб туриб, ўнг оёғи билан эшикни қарсиллатиб тепди. Ва эшик… шарақлаб очилиб кетди!
– О-о, ўзингга шукр, Яратган эгам, ўзингга шукр! Озодман, озод! Онажон, онажоним, қаердасиз?
Ўлик қарғани қўлтиғига қисганча, темир зиналардан тепага интилди. Чанг босган торгина йўлак деворини бир қўли билан пайпаслаб, тобора кучга тўлаётган оёқларини зиналарга маҳкам босганча юқорига ўрмаларди. Лаҳза ўтмай чала қолиб кетган, темир-бетон қурилмалар, улкан плиталар аралаш-қуралаш бўлиб сочилиб ётган, кўкка бўй чўзган сонсиз арматуралар афсонавий аждаҳо устухонидай диккайиб турган қурилиш майдонида кўрди ўзини. Бир километрдан зиёдроқ масофага чўзилган улкан ҳудуд ғарб фильмларидаги динозаврлар қабристонини эслатарди. У бир тарафи ўпирилиб тушган бостирма остидаги туйнукка, ҳозиргина ўзи чиқиб келган ертўла эшигига сўнгги бор ўгирилиб қаради. Тавба, бу ерда туйнук борлигини, ертўла мавжудлигини одамлар билишармикан? Шошма, қанақа одамлар? Яқин атрофда одам деб атаса арзийдиган биронта жонзот кўриняптими ўзи?
У қоқилиб-суқилиб олдинга юрди, кўп ўтмай эндигина кўтарилиб келаётган қуёш нурлари қиздира бошлаган ялангликка чиқди. Ҳув ана, қурилиш майдонини ўраб турган бетон деворнинг қулаган жойидан нарироқдаги асфальт йўл кўриниб турибди. Ўша катта йўлга чиқиб олса – марра уники!
Деворнинг йиқилган жойидан ўтиб, тошлоқ сўқмоқдан олдинга юрди. Шу пайт ортда қолиб кетган қурилиш майдонининг бир четидаги кўкка бўй чўзган сув минораси устидан қағиллаган товуш эшитилди. Қарғалар сайраяпти. Дарвоқе, қарға… Уни дафн этиш керак-ку! Шу ерга, яқин атрофга кўмади уни. Бечора қуш, уни деб ўзини қурбон қилди…
– Оллоҳнинг амри билан… – дея пичирлади кимдир.
У чўчиб атрофга қаради: ҳеч ким йўқ эди.
– Ҳа-а, Имом ака, сизмисиз? Тўғри, Оллоҳнинг иродаси бу… Раҳмат…
Кимга раҳмат айтяпти у? Қарғагами, Имомгами ёки Парвардигори оламгами? Бу ҳақда ортиқ ўйлашни истамади, руҳи ҳаддан зиёд толиққанди. Сал нарида ётган синиқ арматура бўлагини олиб, сўқмоқ четидан чуқурча қазиди, сўнг қарғанинг қонли жасадини унга авайлабгина қўйди. Чуқурни кўмиб, беихтиёр юзига фотиҳа тортди. Ва беихтиёр ўйлади: бир пайтлар не-не юрт сўраган одамларнинг маъракаларига бормаган, борганда ҳам ақалли бир бора дуойи фотиҳа қилмаган киши, мана, бир қарғани кўмиб, фотиҳа ўқияпти…
– Ҳаҳ дунёи қўтир… – хўрсинди аллақаерда Саид батрак.
Бу ерда қанча ўтирганини билмайди. Энсаси қизиётганидан сездики, ўтган фурсат ичида қуёш тикка келай дебди. У офтоб оташини деярли сезмас, бу нажотбахш ерда бир умр ўтирсам дерди. Бунинг иложи йўқлигини ҳис этган заҳоти оёқлари уни беихтиёр кўтариб турғазди. Ҳа, кетиш керак, тезроқ кетиш керак бу ердан!
Ўрнидан туриб, ўзига тағин бир бор разм солди: кийимлари бироз ғижим бўлса-да, ҳарқалай, одам кўргудай эди. Ҳатто галстуги ҳам бор! Ажабки, чўнтакларини ковлаб, ўн уч минг сўм пул ҳам топди. Анавилар тегишмабди… Балки, уларга пул керак бўлмагандир? Ким билсин… Э-э, садқаи сар! Дастрўмолини ҳўллаб олиб, сувини сиқиб ташлади, терлай бошлаган бўйнини артиб, асфальт йўл томон талпинди.
Юриб кетди, қадамлари енгил эди. Аммо, чанқоғи қонгач, очлик билина бошлаганди, кўп ўтмай дармони қуриётганини сезди. Лекин, ҳозир бу каби майда-чуйдаларга эътибор берадиган вақт эмас, тезроқ уйига етиб олиши керак. Орадан неча кун ўтди ўзи? Аниқ билмайди, эҳтимол бир ҳафтача бўлгандир. Галина нима деб ўйлаётган экан? Балки, уни қидирувга беришгандир, ахир шунча вақт ўтди! Ё унга шундай туюляптими? Шошма, ахир телефонидан билиб олса бўлади-ку!
Афсуски, телефони чўнтагида йўқ эди. Ўзи эндигина урф бўлаётган бу матоҳ ҳаммага керак-да! Демак, АНАВИЛАР олиб кетишган! Ярамаслар, аблаҳлар! Пулига тегмай, атай телефонини олишган! Вилор вақтни билмасин, қийналсин деб қилишган буни! Ўзи нима керак экан уларга? Нималар дейишди ўшанда, у ҳақдаги бунча маълумотни қаердан олишган? Демак, изига тушишган, анчадан бери кузатиб юришган экан. Ўша аёл-ку, майли энди, қопқонга қўйилган хўрак бўлақолсин, лекин қолганлари ким эди? Рулдаги йигитнинг ҳам, ёнида ўтириб турткилаб келган босқинчининг ҳам овозларини эслаб қолди. Шошма, аёлнинг аллақаеридир Маргаритага ўхшаб кетади-ку! Кўз сузишлари, буралишлари, ҳатто овози ҳам! Ҳайдовчининг товуши эса Саид батракникига бироз тортади, ёнида ўтириб келган йигитнинг саси-чи? Имомники… Имом аканинг овозими? Йўқ, у эмас! Унда кимникига ўхшайди? Э-э, анави исёнкор шоир-ку бу! Ҳа, ўша ҳақиқатпараст шоир боланинг овози! Хўш, унда йўл бўйи индамай келган учинчи йигит ким бўлди? Вилор унинг нафас олишини, томоқ қириб қўйишларини ва ҳатто ютинганларини ҳам эшитиб ўтирди. Нега у бирон марта овоз чиқармади?
Бу ўхшашликларнинг тасодифий ёки унинг бемор тафаккури маҳсулими?
…“Боғзор” маҳалласи бошланган кўча бошида таксидан тушиб, нарёғига пиёда кетишга аҳд қилди. Тўғри-да, билиб бўладими, ҳозир уйида ким нима гаплар бўляпти…
У қадамини тезлатди, лекин кўчанинг нариги томонида, кекса чинор олдида беихтиёр тўхтаб қолди. Шунча йил у яшаган уй дарвозаси очилиб, уч киши чиқиб келаётган эди. Ҳа-а, қайнотаси уйда тушлик қилиб кетяпти, Галина эса уни кузатишга чиққан кўринади. Чолнинг ғалати одатлари бор-да. Нафақага чиқдинг, маза қилиб отнинг калласидай пенсияни оли-и-б, уйда ётмайсанми?! Йўқ, бу кишим эски фирқалардан, бир дақиқа ҳам бекор ўтиролмайдилар. “Ҳозирча куч-қувватим бор, ишлаб, сенларнинг келажагингни таъминлаб қўйишим керак” дейди. Биламиз, кимнинг келажаги учун жон куйдиряпсан! Тўғри, Галина унинг ёлғиз фарзанди, чол қизи учун ҳар нарсага тайёр, лекин хотини оламдан ўтмасданоқ генерал жазман орттириб улгурганлигини, нафақаси ва ҳозирги иши – аллақайси фирмадаги маслаҳатчи ҳуқуқшунослигидан топадиган даромадининг қанчаси ўша аёлга сарфланишини Вилор яхши билади.
Йигит дарвозасининг нақ рўпарасида, кекса чинор панасида туриб уларни кузатаркан, ногоҳ нималардир ўзгарганини сезди. Қайнотаси ҳам, хотини ҳам бугун қандайдир бошқача эдилар. Генералнинг ҳамиша кумушранг бўлган сочлари бироз қизғишроқ, кийиниши ҳам ғалати эди. Чол умрида қизил галстук тақмаган, бугун эса… Бунинг устига, унинг қўлтиғида яғири чиқиб кетган эски чарм папка бор эди. Бундай бўлиши мумкин эмас: чол ҳамиша озодаликнинг тирик тимсоли бўлиб келган. Ва ниҳоят, бу Бўриевнинг лабида қимматбаҳо тамаки тутаб турибди, қайнотаси эса ҳамиша ичиш ва чекишнинг ашаддий душмани, соғлом турмуш тарзининг толмас тарғиботчиси эди. Демак, бу одам…
Галина ҳам бошқача. Бу Галина ёшроқ эди. Сочлари ҳам елкасига тушиб турибди. Унинг хотини сочини ҳамиша йигитларникидай калта қилиб юрарди. Бунинг оппоқ елкаларига тушиб турган сочи олтинранг, хотини эса азалдан қорасоч бўлиб, соч бўяшни ёқтирмасди. Йигитни ҳайрон қолдирган, айтиш жоиз бўлса, бақадай қотириб қўйган энг катта тафовут эса… Ажабо, отасининг чаккасидан ўпиб, хайрлашаётган бу аёл… оғироёқ эди! Ана, қорни дўппайиб, аниқ билиниб турибди. Вилор куни-кеча, мана шу кўргиликлар содир бўлишидан бир неча кун олдин хотини билан фарзанд кўриш масаласида жанжаллашган, ёш ва қомати келишган аёл ҳозирча бола туғиш нияти йўқлигини узил-кесил айтганди. Ундан хулоса шуки, бу аёл…
Бу ғалати оиланинг учинчи аъзоси бўлмиш кимсага, чиройли кийинган, хотинини аста ўпиб, нарироқда турган машинаси томон юрган йигитга Вилор синчиклаб қарамаса ҳам, унинг кимлигини яхши биларди. Ҳа, бутун борлиғидан тўқлик, шу билан бирга, аллақандай итоаткорлик уфуриб турган бу йигит УНИНГ ЎЗИ, ВИЛОРБЕК эди! Қайнотасига қараб мутеларча жилмайиши, ним таъзим қилиши, хотинининг кўзига мўлтираб боқишлари унинг кимлигини кўрсатиб турибди…
Генерал Бўриев “Вольво” машинасига ўтираётиб, ортига хиёл ўгирилди.
– Ман кетдим, доча, вечером буду.
– Пока, папуля! – аёл нозик қўлини силкиб хайрлашди, сўнг машинаси эшигига суяниб турган эрига яқинлашди. – Торопись, Вилорчик, а то не успеешь. Ну давай, котёнок, звони…
У шундай деб йигитнинг галстугини тўғрилаган бўлиб, унинг яноғидан иримига ўпиб қўйди. “Вилорчик” ҳам уни аста бағрига тортган бўлди, сўнг қаймоқранг машинасига ўтирди. Зум ўтмай икки машина икки ёққа ғизиллаб кетди.
Чинор панасида бу воқеаларни кузатиб турган йигит каловланиб қолди. Тақдир уни майна қиляптими, бу нимаси тағин? Агар анави нусха Вилор бўлса, унда мана бу бечора, анграйган томошабин ким? Нега ўша йигит унга икки томчи сувдек ўхшайди?
“Агар бу ҳодисалар туш эмас, ҳақиқат бўлса, унда мен кимман? КИММАН? Хўш, анави олифта Вилор Наимович бўлса, унда менинг бошимдан ўтган воқеалар… Тавба, наҳотки бари туш бўлса? Тўхта, туш кўриш учун ҳам одам КИМДИР бўлиши, ШАХС бўлмоғи керак-ку? Агар анави МАВЖУД бўлса, демак, мен ЙЎҚМАН! Шундай бўлиши мумкинми? Асло! Хўш, унда Галина нега уни “Вилорчик, мушукчам” деб атади? Қайси биримиз ҲАҚИҚИЙ ВИЛОРМИЗ?”
Шу чоғ йўл четида ўтириб, писта ва қурут сотаётган чол кутилмаганда томоқ қириб қолди:
– Кераги йўқ, ўзингни қийнама, энди сен улар билан яшолмайсан.
– Нима? Сиз… Кечирасиз, ассалом. Сиз кимсиз, овозингиз… Ия, Имом ака? – у қотиб қолди.
Турган гапки, чол Имом эмасди, лекин овоз ўша ўктам ва чўрткесар йигитники эди.
– Кимлигимнинг аҳамияти йўқ. Борма у ерга. Шу уйга энди умуман қайтиб борма. Борсанг, БОШҚА ОДАМ бўлолмайсан! – чолнинг кўзлари ёниб, буришган юз терилари лип-лип уча бошлади. – Агар чиндан ҳам БУТУНЛАЙ БОШҚА ОДАМ бўлишни истасанг, илгариги ҳаётингни унутишинг керак.
– Ахир, улар… менинг оилам… – у беихтиёр чолнинг рўпарасига ўтириб қолди.
– Сенинг оиланг – сени қачонлардан бери интизор кутаётган онанг! Кўрдинг-ку ўзинг, улар сени унутишди. УЧ КУН ЎТМАЙ ТУРИБ УНУТИШДИ! Энди сенинг, ҳозирги янги Вилорнинг уларга кераги йўқ. Энди сен уларнинг йўриғига юрмайсан, демак, сендан воз кечишади. Уларга мустақил фикрли одам эмас, қўғирчоқ керак. Ё энди ҳам уларнинг буйруқларини, истакларини қулоқ қоқмай бажара оласанми?
– Йўқ… Энди мен кимман? Ким деб аташим керак ўзимни?
– Ихтиёр ўзингда, янги туғилган чақалоқдай ўзингга исм танлайвер, – чол беғубор жилмайди, кўзларидан илиқ нур таралди. – Балки, онанг сенга яхши бир исм танлаб қўйгандир?
У чолнинг гапларини охиригача эшитмай, ортига бурилди. Кўнглида қатъий фикр туғилганди: чол тўғри айтяпти. Ҳаётини қайта бошлаши керак. Лекин аввал бир нарсани аниқлаб олади: шу воқеалар ростдан ҳам бўлиб ўтдими?
Собиқ уйи, бир пайтлар ўзи яшаган уйга тағин бир бор, охирги маротаба ўгирилиб қарагиси келди. Қаради ҳам. Ажабки, уй ҳам олдингидан бошқачароқ кўринди кўзига. Нигоҳлари билан бояги чолни излади, бироқ, чинор тагида бир кампир майда-чуйда сотиб ўтирар, яқин атрофда ҳеч қанақанги чолнинг қораси кўринмасди.
Боягина ўзи келган томонга жўнади. Энди у ўзини банди қилган ўша зўравонларнинг қайта пайдо бўлишидан ёки уларнинг қўлларига тушиб қолишдан қўрқмайди. У сўнгги кунларда рўй берган воқеаларнинг ҳақиқатан ҳам бўлган ё бўлмаганлигини аниқлашни истарди. Сирнинг тагига етиш учун ертўлада яна бир ой ётишга ҳам тайёр у! Унинг кўнглида ўзига, ЎЗИНИНГ МАВЖУДЛИГИГА нисбатан шубҳа пайдо бўлганди…
* * *
Бош врач бемор ётган палатага кириб келганда кампир йигитнинг боши устида эгилганча кўзёши тўкиб ўтирар, қалтираётган қўллари билан унинг уч кунда оппоқ оқарган сочларини авайлаб силаётганди. Бемор кўзларини хиёл очиб, унга ҳайрат тўла нигоҳини қадади:
– Ким… сиз?
– Онангман, – деди кампир унинг кўзларига меҳр ва хавотир аралаш жавдираганча. – Сенинг онангман, болам!
– Анавилар-чи?
Кампир ажабланиб, ортига ўгирилди, бироқ, бош врач ҳам аллақачон хонани тарк этган, палатада ўзи билан ўғлидан бошқа ҳеч ким йўқ эди…
* * *
– Ука, балки адашаётгандирсиз? – деди ўрта ёшлардаги аёл ўроғини чап қўлига олиб, ўнг қўлини пешонасига соябон қилганча. – Бу атрофда ҳеч қанақа чала қолган қурилиш йўқ.
– Нимага бўлмасин?! – бўғилди у атрофга аланглаб. – Шу бугун эрталаб кўрдим-ку! Қари тут ёнидан зовур ўтган, ундан нарёғи – бетон девор, унинг ортида – чала қурилиш. У ерда… ертўлаям бор.
– Қари тут бор, ана, турибди, – тасдиқлади аёл бир сиқим йўнғичқани тутамлаб ушлаганча. – Уни чолимнинг бобоси эккан, тағин ким билади, дейсиз. Ёнида зовур ҳам бор. Ундан нариёғи пахтазор. Мен эсимни таниганимдан бери шу ерларда пахта экилади. Ёшим олтмишга яқинлашди, лекин бу ерда чала қурилиш ёки ертўлани кўрганим йўқ.
– Тушунарли… – йигит бўшашиб, ортига бурилди.
Галварс, анқов, лапашанг! Эринмай, шундан-шу ёққа такси ушлаб келганини қаранг! Ахир, ҳамма нарса кундай равшан эди-ку! Демак, у ақлдан озяпти. “Бунинг ҳеч ажабланарли ери йўқ! – асфальт йўлдан тағин шаҳар сари судралиб бораркан, алам билан кўнглидан кечирди у. – Менинг жазойим шу асли. Ҳаҳ ношуд, баттар бўлмайсанми! Юртнинг янги йўлга чиққанига, ўҳ-ҳў, қанча бўлди! Одамлар дилига иймон қайтди, сен эса ҳалиям хотинингга, қайнотангга қўшилиб, ўрисча чулдираб юрибсан. Сенинг иймонинг ҳам, худойинг ҳам – пул, мартаба, аёллар… Аслида ўша нотаниш аёлнинг бир ғамзали боқишига, нозик қоматининг бир бора нозли буралишига лаққа тушиб, шу кўргиликларга гирифтор бўлмадингми?! Ўшанда (БИР АСР ОЛДИН!) унинг ишвали нигоҳига ҳам, жонўртар овозига ҳам тупуриб, машинангга ўтириб жўнаворганингда, бу машмашалар йўқ эди! Яратган эгам неча-неча синовлар юборди, ақли кирар деди, сен эса… Мана оқибати! Энди СЕН ЙЎҚСАН! ЙЎҚ!
У беихтиёр ортига ўгирилиб қаради ва… баданидан муздай тер чиқиб, таққа тўхтади. Воажаб, ана чала қурилиш, бадқовоқ чолдай хўмрайиб қараб турибди унга! Ё тавбангдан кетай, бу нимаси тағин?! Боягина, ўн дақиқа олдин ундан ном-нишон йўқ эди-ку! Нима бу? Саробми, қорахаёлми ё Тангрининг навбатдаги синовими? У кўзларини ишқалади, лекин тобора забтига олаётган офтоб тафтида майин жимирлаб турган қурилиш манзараси йўқолмади. Ана, нимаси биландир инсон бошини эслатувчи қурилиш тархи ўз жойида. Рост, анави кўтарма краннинг пастга эгилиб турган темир шохи – бурун, иккинчи қаватдаги дераза ўрнатилмай, қорайиб турган бўшлиқ – кўз косаси… Ҳа, фақат кўз косаси, кўзнинг ўзи йўқ! Кўзнинг ўзи гўё ўйиб олингандек. Кўр одам боши, гумроҳ одам боши! Устма-уст қалаштириб ташланган плиталар уюми қулоққа ўхшамайдими? Жудаям ўхшайди! Шошма, бошнинг қолгани қани? Нега у чала? Чала бош, хом калла… Ҳа, бошнинг пастки қисми улкан пичоқ билан шартта кесиб олингандай эди.
– Нималар бўляпти ўзи? – пичирлади бу қўрқинчли манзарани кузатар экан. – Менга нима бўлди?
Бирдан ортига қайтгиси, чала иморатгача чопиб бориб, унинг ҳар бир ғиштию темирини ушлаб кўргиси, қурилишнинг ҳақиқатан ҳам мавжудлигига ишонч ҳосил қилгиси келди. Лекин оёқларида жон йўқдек эди. “Ҳа-а, ростдан ҳам жинни бўпман… – дея ўйлади у пешонасига қалққан совуқ терни артаркан. – Бўлмаса нега бошқаларга, масалан, бояги аёлга кўринмайди бу қурилиш? Ё у фақат МЕНГА ТЕГИШЛИМИ? Шундай бўлиши мумкинми? Ким билади… Демак, бош бор. Мия ҳам бор, бундан чиқди… Тўхта, борди-ю, ертўла бўлмаса-чи у ерда? Нималар деяпсан, тентак, бош бўлади-ю…”
Унинг вужудини тағин титроқ қамрай бошлади, ихтиёрсиз равишда йўл четига ўтириб қолди. Шундоқ ёнгинасидан онда-сонда ғизиллаб ўтаётган машиналар товуши ҳам қулоғига кирмасди. Кўпдан бери ҳайрат деб аталган туйғуни унутган кўнгли ногоҳ юз очган ғалати кашфиётдан остин-устун бўлиб борарди. Наҳотки шу рост бўлса? Унда нега бу тўғрида олдин сира ўйлаб кўрмади?
– Яримта бош… Мия… Чала иморат… ертўла… онгости қатлами… Жин урсин, нималар деб алжираяпман ўзи?!
Ўрнидан сакраб турди. Гўё ҲАЁТНИ, БУТУН ДУНЁНИ масхара қилаётгандек тиржайиб турган қурилиш манзарасига, йўқ, УЛКАН ЯРИМ БОШГА охирги бора қараб олиб, шаҳар йўлига бурилди.
Судралиб бораркан, чувалашган ўйларини жиловлашга уриниб кўрди, бироқ сўнгги дақиқаларда шуурига бу қадар қийинчилик билан етиб келган ҳақиқат юки ғоят оғир эди. Бу залворли тош кўнглини, руҳини мажақламоқчидай, тафаккурининг хаёл етмас, энг чекка бурчакларини ҳам титратиб юборди. Наҳотки Яратган эгам бир ожиз бандасига мана шу оддий ҳақиқатни англатиш учун уни шу тахлит синовларга солиши шарт бўлса?
Йўқ, бошқача бўлиши мумкин эмасди! У ҳаётга, Тангри берган бу омонат умрга ниҳоятда енгил-елпи ёндошган экан, бу тоифа кимсаларга мана шу тахлит оғир имтиҳонлар жоиз. Ҳа, қадимгилар билиб айтишган экан, ўзликни англаш осон эмас.
У яна бир бор ортга ўгирилиб қарамоқчи бўлди, аммо ичида нимадир, кимдир бунга йўл бермади. Ҳа, у энди аниқ билади: ертўла бор! Анави улкан кесик бошнинг қаеридадир даҳшат макони бўлмиш ертўла борлиги аниқ! Унда юзлаб, минглаб Имомлар, Маргариталар, Саид батраклар пайт пойлаб ётишибди. Гулшодалар ҳам… Ў-ў, Гулшода, бегуноҳ, бечора фаришта… Уни ростдан ҳам ўлдирдими ўзи? ЎЛДИРДИМИ? Йўқ, аслида ўлишини томоша қилиб турган эди. Тўхта, боягина “сочини бўйнига ўрадим, бўғдим” қабилидаги хаёллар билан ўзингни айблаб ўтирувдинг-ку? Йўқ, булар бари ХАСТА ХАЁЛОТНИНГ ЎЙИНЛАРИ.
Аслида нима бўлувди ўшанда? Ҳеч нарса! У ярамас ҲЕЧ НАРСА ҚИЛГАНИ ЙЎҚ! Энг даҳшатлиси ҳам шу. У ўшанда ой нурида кумушдай ялтираётган, алангаи оташ бўлиб ёнаётган қизни охирги бор қучди, сўнг… уни аста қўйиб юборди. Оёқ ости сирпанчиқ, силлиқ эди, салгина, иримига итарувди, Гулшода шиддаткор тўлқинлар зарби остида каналнинг ўртасига бориб қолди. Сув пишқириб, кўпириб-тошиб оқаётганди, қиз эса сузишни билмасди. У жон талвасасида алланима деб қичқирди, лекин юраги келажак кунлар ваҳимаси билан тўлган йигит уни эшитмади. Мана ҳозир, айни дақиқаларда Гулшоданинг сўнгги илтижосини, охирги сўзларини аниқ эшитаётир. Қиз унга ҳайрат ва қўрқувдан катта очилган кўзларини қадаб: “Оғажон, оғажоним! Нега, нима учун?! ҚАЙСИ ГУНОҲИМ УЧУН?!” деб қичқирди…
Йигит сузишни яхши биларди, бир ҳамла билан қизга етиб олиши, уни қутқариши МУМКИН ЭДИ! Аммо, у жойидан жилмади. Жон талашаётган, ҳўпиқиб, додлаб, ўзидан тобора узоқлашаётган бегуноҳ қизга лоқайд қараб тураверди. Демак… ЎЛДИРГАН ЭКАН УНИ!
Кўзларидан оқаётган надомат ёшларига парво қилмай судралиб бораркан, ногоҳ кўнглида туғилган аҳд онгу тафаккурини тунги чақмоқдай ёритди: ЕРТЎЛАНИ МИХЛАБ ТАШЛАШ КЕРАК! Кўмиб, эшикларига худди Исойи Масиҳ дастига қоқилган михлар каби каттакон гулмихларни уриш лозим! Токи бундан сўнг ҳеч бир куч уни қўрқишга, иккиланишга мажбур этолмасин!
* * *
– Энди сени уйлантириб қўймасам бўлмайди шекилли, – кампир ўғлига қараб айёрона жилмайди, сўнг ўзи олдин сира кўрмаган, афтидан, янги келган ҳамширага ишора қилди. – Мана бунга ўхшаган сулув бир қизга. Бўлмаса, ҳар кун бир жойингдан дард топяпсан. Сенинг жазойинг – шу!
Гап нишаби ўзига йўналганини сезган ҳамшира уялганидан андак қизарди.
– Она-а…
– Ўзимнинг мўмингина болам-а! Сенгинага бу дардлар қаердан ёпиша қолди? Қўй оғзидан чўп олмаган ювошгина бола эдинг-а… Ё менгина ўлгур адашдиммикан, рўзғор ташвишлари билан бўлиб, сени кўздан қочирдиммикан-а? Сочларинг… Майли, болам, бошинг омон бўлса бас…
* * *
Шаҳарга яқинлашганда кун оға бошлаганди. Эски даҳадаги кўҳна отамерос уй сари бораркан, хаёллар оқимини жиловлашга, уларни маълум бир ўзанга солишга уринарди. Бироқ, ақлини шоширган, кўнглини ағдар-тўнтар қилган сўнгги воқеалар шунчалик тиғиз, шу қадар ғаройиб эдики, улар ҳеч бир мантиқ доирасига сиғмас, ҳеч қанақанги илмий изоҳлару шарҳларга бўй бермасди. Нима бўлганда ҳам, энди у ўзини кўпдан қийнаётган саволга жавоб топганди: машинадаги ўша индамас кимса, учинчи йигит кимлигини энди у билади! Ҳа, ўша писмиқ босқинчи кимлиги энди унга аён. Йўл бўйи миқ этмай келган ўша лаънати йўлтўсар – УНИНГ ЎЗИ эди! Сас-садо бермай, унинг таҳқирланишини, ҳақоратланишини, фош этилишини индамай кузатиб, эҳтимолки, ич-ичидан лаззатланиб келган ўша касофат – анави ЯНГИ ВИЛОР эди! Йўқ, шу ерда сал хато кетди: янги эмас, АВВАЛГИ ВИЛОР эди! Қизларни бадном қилган, туғларни йиқитган, дўстларини сотган, хотинининг хиёнатини била туриб, кўз юмиб келган, қайнотасининг безабон қули бўлган, онаси оқ қилган худобехабар эди у! ЯНГИ ВИЛОР, мана, эски шаҳардаги жинкўчалар оралаб, шарпадай судралиб бораётир. Ўшанда ниқобли Вилорбек нега индамаганлигини ҳам энди тушунди у: ўша гаплар, босқинчи йигитлар тилидан учган айбловларнинг БАРИ РОСТ, ҲАҚИҚАТ эди!
У шунча шўришу ғавғолардан сўнг ҳам гоҳ-гоҳ иккиланиб турган кўнглини, ЯНГИ ВОҚЕЛИКни қабул қилолмай зўриқаётган миясини чапараста қилиб сўкиб ташлашни истар, бироқ аллақандай куч, исмсиз ва шаклсиз бир туйғу ҳамон юрагининг овлоқ бурчидан бўй чўзиб турарди: балки, бу нарсаларнинг бари ТУШдир? Билиб қўй, энди СЕНГА ҚИЙИН БЎЛАДИ!
Бир пайтлар урф бўлгандек, зангори бўёққа бўялган, ҳозирда ранги бироз унниқиб қолган темир дарвоза андак қийшайганча очиқ турарди. У ботаётган қуёшга бир қараб олиб, дарвозадан аста ичкарига кирди.
Ҳовли саҳнидаги шапалоқдай томорқада куйманаётган аёл уни кўрмади. Йигит атрофга разм солди: бобоси Раҳим чекист қурдирган, отаси Наим даҳрий умргузаронлик қилиб ўтган уй нурай бошлаганди. Бобоси, отаси… Ким билсин, балки бу борада ҳам қандайдир ўзгаришлар бордир, ҳарқалай, бу уй унинг болалиги кечган ҳовлидан нимаси биландир фарқ қилаётгандек эди.
У юришни эндигина ўрганиб, атак-чечак қилаётган боладай пойинтар-сойинтар қадам ташлаб, чор гирди бетон қилинган гулзорга яқинлашди. Томоғига алланима тиқилиб, нафас олиши қийинлашаётгандек эди. Тили калимага келмай қолиши мумкинлигини ўйлаб, бир лаҳза кўнглига ғулғула оралади, беихтиёр орага чекинмоққа чоғланди.
– Нимага келдинг бу уйга?! – ўдағайлади унга онгининг олис бир гўшасида писиб турган бароқ қошли чол. Бу Саид батрак эди. – Бу остонани ҳатлашга қандай ҳаддинг сиғди, кўрнамак?! Ахир, сени онанг ОҚ ҚИЛГАН! Шуни тушунасанми? Сен бу уйда БЕГОНАСАН! Чиқиб кет дарҳол! Уят борми ўзи?!
– Қулоқ солма унга, – деди Имом хотиржам. – Сен тўғри қилдинг. Бу –нажот йўли. Дадил бўл.
– Ой-й, Вилорчик, как не стыдно тебе? – минғиллади Рита аллақаёқдан пайдо бўлиб.
– Ўчир овозингни, сариқ алвасти! – Гулшоданинг қатъий янграган товуши уни босиб кетди. – Унга эътибор берманг, оғажон. Сиз ЕНГДИНГИЗ, ЕНГИБ ЎТДИНГИЗ БАРИНИ!
Йигит икки қўли билан қулоқларини маҳкам бекитди, кўзёшлари отилиб чиқишидан қўрқиб, кетма-кет ютинди, сўнг илтижоли пичирлади:
– Кетинглар, илтимос… Тинч қўйинглар мени. Ҳаммангга… раҳмат, энди… ўзим. Фақат ўзим!
– Майли, борди-ю, керак бўп қолсак…
– Имом ака, илтимос…
– Бўпти, хайр.
– Оғажон, мени унутмайсизми?
– Кечир мени, Гулшодажон, кечир… Энди тамом… Бари тамом…
Кўнглидаги шубҳа-гумонлар янги ёққан қордай эрий бошлади, онгининг энг чуқур ерида яшил чироқ ёнгандек бўлди: йўл очиқ, олға!
У аста томоқ қирди, сўнг тили базўр айланганча хастаҳол товуш берди:
– Она-а-а…
Унниқиб, ранги ва гуллари билинмай кетган одми кўйлакда, бир парча ердаги гулларни ўтоқ қилаётган кекса аёл секин бош кўтарди. Сўнг товуш келган тарафга ўгирилиб, инқиллаганча ўрнидан турди. Унинг юзларини ажинлар тўри қоплаган, оппоқ сочларининг бир тутами рўмол остидан чиқиб турарди. Томирлари бўртиб турган ориқ қўлларини соябон қилиб қаради, ботаётган қуёшнинг очиқ дарвозадан тушаётган қизғиш нурлари аро, рўпарасида турган йигитга хиёл ёшланиб турган кўзларини тикди. Бирпас индамай син солиб турди, сўнг самимият балқиган нигоҳларида пайдо бўлган табассум юзларига ёйилди. Чеҳраси нурланиб, бирдан гўзаллашди, қўлидаги тешани аста ерга ташлади.
– Муслим? Сенмисан, болажоним? Онанг айлансин, келдингми, ўғлим?! Қорнинг ҳам очиб кетгандир…
Қалтираб турган йигит рўпарасидаги фаришта сари талпинаркан, ҳиқиллаганча пичирлади:
– Муслим! Имом ака, Муслим менинг исмим! Алҳамдулиллоҳ, мусулмонман мен! Ўзингга шукр, Тангрим! Эшитяпсизми, Имом ака?!
Бироқ Имом жим эди. Умуман, УЛАРНИНГ ҲЕЧ БИРИ ИНДАМАДИ. Оламда у ва қаршисида турган АЁЛДАН БЎЛАК ҲЕК КИМ йўқ эди. Муслим учиб бориб, она пойига ўзини ташлади. Олис-олисдан бўғиқ тақиллаш эшитилди. Гўё кимдир, қаердадир ЕРТЎЛА эшигини михлаётгандек эди…
* * *
Палатанинг очиқ деразаси олдида ҳовлини томоша қилаётган йигит ортида қадам товушларини илғаб, ўгирилди. Хушқомат ҳамшира қиз қўлида шприц ушлаганча жилмайиб турарди.
– Мен… комада ётганимда тағин кимлар келди? Онамдан бошқа? – сўради у ўрнига ётиб, енгини шимараркан.
– Ҳеч ким, – деди қиз унинг билагига нина санчиб. – Менинг навбатчилигимда фақат онангиз шу ерда бўлдилар. Бошқаларни кўрганим йўқ.
Йигит қон юқи пахта бўлагини билагидан оларкан, ногоҳ англагандай бўлди: демак, ўшанда, беш яшарлигида ишкомдан йиқилганда унинг миясигагина эмас, юрагига ҳам бир бало бўлган! Нафақат тафаккури, эҳтимол, туйғулари ҳам жароҳат олган. Бу заҳм эса йиллар бўйи мадда боғлаб… Тағин ким билади? Ишқилиб, УЛАР йўқ экан, муҳими шу! У, Муслим эса бор! Онаси ҳам! “Ўзингга шукр, Яратган эгам…” дея сассиз пичирлади у, сўнг кетишга чоғланаётган ҳамшира қизга қараб жилмайди:
– Раҳмат сизга! Ҳаммаси учун… Дарвоқе… мабодо исмингиз Гулшода эмасми?
– Вой, қаердан билдингиз? – сўради қиз ширин жилмайиб.
Муслим ҳайрат ва меҳр тўла нигоҳини ундан узолмай бирпас қараб турди, сўнг кўзларини юмиб, бошини ёстиққа ташлади. Дийдаларига ёш қалқди, лаблари эса табассумдан ёйилиб борарди…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 4-сон