Абдулла Аҳмад. Тўй кимники? (ҳажвия)

Маслаҳат яхши-да. Нега дейсизми? Оббо, ўжар одамга ўхшайсиз-ку! Ахир, маслаҳат хом ишни пишитади. Ками-кўстни тўлдиради. Гапнинг ўғил боласини айтайми? Ҳеч ким лўнда қилиб маслаҳат беришда Тўзғанбойнинг олдига тушолмайди. У шундоғам фойдали маслаҳатлар берадики, битмаган ишингиз битгандай, тақа-тақ тўхтаган юмушингиз юришгандай, чақасиз қолган ҳамёнингиз тўлгандай бўлади.
Ҳозиргина уйни қандоқ қурсам экан, шиферни қайдан олсам экан деб, хомуш бўлиб турган одам бирдан шерланиб кетасиз. Тўзғанбой сўзларни чертиб-чертиб, бурро-бурро қилиб, ишонч билан маслаҳат беради-да. Елкангиздан тоғ ағдарилгандай бўлади.
Айтайлик, сиз тўй қиляпсиз. Тўзғанбой аста сўрайди:
— Ташвишлар қийнаб қўймадими, ука?
— Бирнави, қийналганимча йўқ…
— О, шундай денг. Балли, яшанг!
— …
— Хўш, жоним укам! Ошга қанча гуруч дамлайсиз?
— Ошгами, ҳмм… бирон ўттиз кило етиб қолар.
— Э, э, нималар деяпсиз? Ўттиз кило? Бунингиз урвоқ ҳам бўлмайди-ку?! Каттакон жамоада ишлайсиз. Ҳамкасблар, қариндош-уруғ дегандай. Ҳой оғайни, белни маҳкам боғлайверинг. Юз килодан ками — кам. Қанча одам айтмоқчисиз?
— Юз киши атрофида.
— Уфф! Ҳазиллашаяпсизми?! Бунақада менга ўхшаган баобрў ҳамсояларни хафа қиласизу! Йўқ, йўқ, шарманда қиласиз! Билиб қўйинг, камида беш юз киши чақирасиз. Ахир, кимсан Тўзғанбой, эл оқсоқолининг маҳалласида тўй бўлаяпти-я! Бизниям ўйланг-да!
— Майли-майли, ўйлаб кўрай-чи.
— Буёғи ҳал. Артистлардан кимни айтдингиз?
— Ҳали айтганим йўқ. Ҳа-я, анави бор-ку, мусиқа муаллими, яхши қўшиқчи…
— Бе, йиғиштиринг уни! Овози паст, Тошкентдан олиб келамиз. Энг машҳурини.
— …
— Ҳей, менга қаранг. Асосийси эсдан чиқай депти-я. Тўйни қаерда ўтказмоқчисиз?
— Ўзимизнинг чорбоғда-да, қуриган дарахтларни кесиб-б…
— Нималар деяпсиз? Бўлмайди, биласизми, кеча нариги маҳаллада янги тўйхона очилди. Умуман даҳшат. Ҳамма ҳавас қиляпти. Тўйни шу ерда ўтказамиз. Дўстлар суюниб, душманлар куйиб ўлсин.
— Маъқулми?
— Билмадим…
— Ажабо, бу одамни қаранг. Билмадимингиз нимаси? Ўйлаб гапиринг.
— Ҳа, энди дангалига ўтайлик. Ўзи тўйни ким қилаяпти, сизми, менми?
— Албатта сизда, укагинам!
— Шундайми? Хўб, яхши маслаҳат бердингиз, фақат…
— Нима фақат?
— Нима десам экан…
— Тортинмай айтаверинг, ука. Мана, ёнингизда биз турибмиз, ахир.
— Тўйга уч-тўрт миллион сўм қарз бериб турсангиз…
— И-и, қизиқ одам экансиз-ку, қарз олиб ҳам тўй қиладими? Боринг-е, мен сизга осон бўлсин деб, маслаҳат бериб ўтирибман-а…