Қўрғонбой Тўлғанбоев савобталаб одам. Куну тун бировнинг мушкулини осон қилишни ўйлайди. Биров қарз оладими, ишга жойлашадими, Қўрғонбой кафил. Унга илтижо қилган мўминнинг юмуши битмай қолмайди.
Тунов кун котиба дамлаган чойни мириқиб ичиб ўтирса, Зуннунбой келиб қолди.
— Ассалому алайкум, хўжайин!
— Кел, кел… Кўп ялтоқланавермай, келавер!
— Ҳурматингиз баланд-да, ака!
— Хўш, хўш, қани ўтир! Нима дардинг бор?
— Хўжайин, “заправка”ни текширувчилар босди.
— Босса, сенга нима?
— Вўй, бу нима деганийиз, акахон, босса, мениям уйим куяди-ку!
— Э, қопқонга сен ҳам тушдингми?
— Тушгандаям, ўпқонга тушдим, хўжайин! Агар кафил бўлмасайиз…
— О, бу жуда оғир масала, қалтис иш.
— Биламан, хўжайин, биламан. Бир ҳаракат қилинг, сизга аталгани манови дипломатда…
Қўрғонбой Тўлғанбоев бир лаҳза ўйланиб қолди. Сўнг дипломатни очди. Очди-ю, юзига қизиллик югурди. Сўнг… кафтларини бир-бирига “қарс” этиб урди-да, телефонга ёпишди. Гўшакни кўтариб, кимгадир ялинди, ёлборди, ўлгудай ялтоқланди. Охири муддаога етди. Димоғи чоғ бўлиб, диванга ястанди. “Эҳ, хайрият, кўнди-я, бу қалтис иш ҳам хамирдан қил суғургандай осон битди”.
Кечки пайт хушкайфият билан ишдан қайтаман деб турса, холаваччасининг тутинган ўғли эшик қоқиб кириб қолди. Кам бўлмагур, ўта ҳалим, камтар йигит-да!
— Қўрғонбой ака! — деб гап бошлади меҳмон синиқ оҳангда. — Кафилликка олмасангиз, ҳолим хароб…
— Тағин не фалокат? — жиддий сўради Тўлғанбоев.
— Бозорга янги бозорқўм келди…
— Ҳа, ҳа, эшитувдим.
— Мени паттачиликдан ҳайдади. Ўғри, муттаҳам эмишман…
— Ўҳ-ҳў! Жуда чатоқ-ку!
— Шу важдан сиздай валломатимизга юкуниб келдим-да! Жон ака, орага тушинг. Кафил бўлинг!
— О, бу ниҳоятда мушкул! Эплаб бўлармикин?
— Эй, сиз эплайсиз, эплайсиз… Ҳа, айтганча, уйингизга икки бўрдоқини… Хамир учидан патир. Бир ҳаракат қилинг.
Қўрғонбой уйига тўлиб-тошиб қайтди. Қувончининг зўридан болаларига совға олди. Нега олмасин, қармоғига бир йўла иккита “лаққа” илинди-да.
Пичоғи мойга ботган Тўлғанбоев овқат маҳал оқидан отиб, “тўлишволди”. Сўнг ўғилчаси билан ҳолдан тойгунча “от минди” ўйнади. Кейин диванга суянганча кўзи илинди. Бир пайт уйни бузгудек хуррак отаётган одам “додд!” деб қичқирса бўладими?! Ҳамма югуриб келди.
Туш ўлсин-а, туш ўлсин! Тўлғанбоевнинг айтишича, юзига ниқоб кийган икки киши бостириб кирибди. Бирида ялтираган шамшир, бирида қўш оғизли милтиқ. Шамшир тутгани дебди: “Учига чиққан фирибгар, порахўр Тўлғанбоев сенмисан?! Ҳали сенми, ўғри, муттаҳамлар учун нурамас тоғ, ўқ ўтмас қалқон?! Сени тилка-пора қиламан! Каллангни сапчадай узаман!” Иккинчи ниқобли важоҳат билан дермиш: “Бу пасткашни тепкилаб ўлдирамиз! Тепкилаб!!!”
Ниқоблилар Қўрғонбойни шунчалик зарб билан тепибдиларки, деворга ёпишиб қолибди…
Тўшакда қўл-оёғи шалвираб ётаркан, хотинига пичирлади:
— Жон хотин, мен-ку тавба қилдим, аммо сен ҳам бировга кафил бўлма…