Қишлоқдан қайтдиму ниманидир унутиб қолдиргандай бўлавердим. Аммо йўл бўйи эслолмадим. Назаримда, онамнинг нигоҳи ўша ниманидир эслатмоқчи бўлган, йўлга чиққунимга қадар атрофимда парвона эди…
Бу нарса онам билан боғлиқ эканини идрок қила бошладим. Хунобим тарқамади. Олиб кетган озгина ва олиб келган кўпгина нарсаларимни кўздан кечирдим. Қўл телефоним, ғилофи, қувват олдиргичи, негадир кўпайиб қолган пулларим, қўл тафти билан текисланган дастрўмолчам сафар халтага жойланган, яна бир кишига оғирлик қиладиган сумка тўла илинчак нарсалар бор эди. Ҳаммаси жойида-ку. Қайси буюмни унутдим экан?! Ҳай майли, эсимга тушиб қолар, дедиму секин-аста ишга чалғиб кетдим.
Орадан уч тўрт кун ўтди. Унутиб қолдирган нарсам хаёлимнинг бир четида ғимирсиб юраверди. Гўё мени яхшилаб эслаб кўришга ундаб, негадир ўтган гал борганимда ўша нарсани унутмаганимни таъкидлаётгандай эди…
Ишдан қайтгач, ош-овқатни еб, телевизор томоша қила бошладим.
— Кайфиятсиз кўринасиз, — секингина сўради хотиним.
— Ўзим, шунчаки, чарчагандирман…
— Дада, ясаган самолётимни қаранг!
Ўғлимни эшитилар эшитилмас мақтаб қўйдим. У тилини бироз чиқариб, бураб тишлаганча яна мароқли “уста”чилигига киришиб кетди. Кўзим экранга қадалгану хаёлимда унутган нарсам… Нима бўлди экан у?!
Бора бора телевизор шовқиндан иборат бир нарсадай туюла бошлади. Нариги хонага ўтиб ётдим. Уйқум учди. Шунда ўтган сафар қишлоққа, онамнинг олдига борганимни бошидан, бирма-бир эслашга киришдим. Хўўўш, уйга яқин қолганда катта акам қўнғироқ қилди. Онам меҳмонга келганини ва мени телефонда сўраётганини айтди. Одатда, ҳеч кимни илҳақ қилмаслик учун йўлга чиққанимни айтмайман. Шунинг учун келишимни ҳеч ким билмасди. Машина бошқараётганим учун уйга деярли келиб қолганимни айтдим.
Онам эшитиши билан кўчага чопибди. Кела солиб уйни саришталашга киришибди. Аммо улгурмади. Шу алфозда кириб бордим. У бўйларимдан бўйлаб, бир муддат қучоқлаб, меҳмонхонага бошлади. Ота ҳовлига ёндош уйда турадиган мендан катта акам билан рўзғоримиз бир. Ҳатто ҳовлимизни ажратмаганмиз. Тез орада янгамлар, болалари, бошқа ака-укалар йиғилди. Ош дамланиб, чой ичилди. Ётар маҳал бўлди.
— Болаларингниям обкемабсан-да, болам, — ёлғиз қолганимизда онам койинган бўлди.
Мен кун совуқлигини баҳона қилиб ўзимни оқлаган бўлдим.
— Ҳа, ахир машинада бўлсанг, келаберарди-да, ҳай, майли…
— Эндиги сафар обкеларман, эна, ёки ўзингизни обкетаман.
— Менга индама, — онамнинг авзойи тез ўзгарди, йиғламсиради. Ажин босган юзлари, лаблари пир-пир учди. — Отангнинг чироғини ёқиииб шу ерда ўтираман. Раҳматли, қандайлар чолим бор эди-яҳҳҳ…
Яқинда оламдан ўтган отамнинг деворда осиғлиқ суратига қарадим. Соғинганимни ҳис қилдим. Ютиндим. Бошимни эгиб ўтирдим. Нима ҳам дейман. Бироз кўнгли бўшаб олсин… Қўшилиб йиғламайман-ку ахир. Отам шундай ўргатган…
Эрта туриб қабрбошига бордик. Онам роса айтиб йиғлади. Кейинда қолгани учун отамдан бот-бот розилик сўради. Гапидан отам билан тенгдош эканини уқдим… Отамни кўтаришаётганда етмиш олти ёш беришганди… Онамнинг ўз ёшини тусмоллаб айтгич эди — балиқ йилими-ей, қуёнмиди. Тиловат қилиб, уйга қайтдик. Шунда онамнинг қандайдир енгил тортганини ҳис қилдим.
Маврид-марака ўтди. Иккинчи кун кеч бўлганда, ухлаш олдидан онам оҳиста ёнимга келиб ўтирди. Бошимни, орқамни силади. Юз кўзимга меҳр ва мунг аралаш тикилди. Отамнинг бўйинса ошнаси — Тоштемир полвон бобом мени ҳар кўрганда отамга ўхшашимни айтиб йиғлашини эсладим… Онамга раҳмим келди. Қўлларини ушлаб юз-кўзимга сурдим. Ёноғидан ўпиб қўйдим. Илгари бундай қилмагандим. Аминманки, тўққиз туғишганим ҳам бу ишни қилишмаган… Негадир, ўзи шунақа бўлади… Онам чунонам қувондики, дарди бир зумда аригандай, ҳатто ёшаргандай туюлди, менга…
… Хотиралар шу ерга келганда миямда чақин чақди. Мен нодон шунча йўлга бориб, олдимдан чиққан одам билан қўш қўллаб сўрашиб, эгилиб-букилиб, энг яхши тилак ва гапларни гапириб келибману, онамга бир оғиз, самимий қилиб соғинганим, уни яхши кўришимни айтиб, ҳеч бўлмаса қўлларидан ўпиб қўймабман. Ички бир нидо онамнинг беихтиёр мендан ўтган галгидай меҳр кутганини, жилла қурса қучоқлаб хайрлашишим, кўзларига жилмайиб қараб қўйишимни умид қилганини айтарди. Ва… бу беътама илинж дунёдаги энг беғубор, баҳор ёмғиридан кейинги ҳаводан ҳам тоза, айни пайтда шуурий эканини ҳам…