Яқинда туғиши кутилаётган биттаю битта сигирга ҳовли этагидан ўтган ариқ ичида ўт юлаётган Ҳикматни онаси ҳаяжонли овозда чақирди:
—Ҳикматжоон! Ҳиикмаат! Буёққа кел ўғлим. Тезроқ бўл…
Юлган ўтларини орқалаб келган Ҳикматни онаси шоширди:
—Ўтингни қўй ўғлим, мана буни ўқи!…
—Н…ннима экан у?
—Ўзинг ўқийқол!
Мактубда унинг ёзда топширган имтиҳони натижаси чиққани, Ҳикмат ўқишга киргани ёзилган эди. Кечки пайт уларнинг уйида байрам бўлиб кетди. Отаси қувонганидан ош тайёрлатди. Ҳикмат дўстларига зиёфат берди.
Орадан икки кун ўтиб, мактабдан маошини олган отаси уни Тошкентга кузатиб қўйди. Кузатаётиб анча насиҳат қилди. Айниқса, қизларга кўпам яқин бўлавермасликни тайинлади… Автобус тоғли қишлоқдан шаҳарга етгунча узоқ юрди…
* * *
Ҳикмат бироз кечроқ келган бўлса-да, дарсларни тез етказиб олди.
Отаси айтганидай у қизларга яқин бўлавермас, тўғрироғи, тоғнинг бу қорачадан келган, лаблари қалин, бироз тутилиб гапирадиган, курсдошлари тили билан айтганда «дудуқ» йигитга қизлар яқин бўлавермасди…
Баҳорнинг илиқ кунларидан бири эди. Ҳикмат биринчи имтиҳонлардан яхши ўтган, энди ёзги имтиҳонларга тайёрланарди.
У кутубхонага бориш учун бекатда автобус кутар, автобус эса ҳадеганда келавермасди. Ниҳоят, лапанглаб келиб тўхтаган автобусга амаллаб чиқиб олди. Тиқилинчдан кўпчилик асабийлашган, бир кампир ўзича норози тўнғиллаб ўтирар, унинг тепасида гўзал бир қиз жимгина борарди. Тиқилинчда сурилиб қизнинг ёнига келиб қолган Ҳикматга кампир қараганида ҳам гапдан тинмаганди. Уни ўзига гапираяпти деб ўйлаган йигит:
—Ббб…ирон нима дедингизми ххх…олажон—деди.
—Ҳеч нима, хола эмиш…—тўнғиллади кампир.
Ҳижолат тортган Ҳикмат атрофига қаради. Унга кампирнинг тепасида турган қиз секингина жилмайиб қўйди. У гўё «Эътибор берманг» деётгандай эди. Ҳикмат унинг кўзларига қараб қолди. Шу пайтгача ҳеч бир қиз унга бундай самимий табассум қилмаганди…
Қиз аҳён-аҳёнда қараб қўяр, энди бироз безовтароқ эди…
Йигит ҳаяжонланиб борар, қиз билан гаплашиш ҳақида ўйлар, худди фикрини биров билиб қолгандай атрофига олазарак боқарди. У қизга гапириш учун оғиз жуфтлади:
—Ккк..ечирасиз Ссиз…
— Нима мен, жим бўласанми йўқми?—кампир тутақиб кетди.
— Ммм..ен сизгамас…
—Нега бошимни қотирасан?..
Унинг «Сизгамас» дейиши билан қиз тезда қараган, Ҳикмат қизариб кетганди. У кампирнинг кейинги гапларини эшитмай қўйган, қизнинг нигоҳларини ҳис этиб, боши эгилиб борарди.
Одамлар у билан кампирга индамай қараб қўйишди… Кимдир ўтирган ўрнидан чўзилиб қараб қўйди…
Бу орада автобус кейинги бекатга келиб тўхтади. Яна бир қанча одам итаришиб ўзини автобусга урди. Ҳикмат ҳам сурилиб кетди.
Автобус бекатдан узилиб, озгина юриши билан — светофор ўчиб қолган бўлса керак — тирбанд бўлиб турган машиналар қаторига тиқилди. Ҳикмат узалиб қизга қарамоқчи бўлди. Қиз жойида йўқ эди. У шошиб қолди, ишонолмай сурилиб аввал турган жойига келди. Қиз бекатда тушиб қолганди. Ҳикмат қимматбаҳо нарсасини йўқотган одамдай аланглар, безовта қимирлаб қўяр, бунга рўпарасидаги кампирнинг энсаси қотиб қараб қўярди…
Ҳикмат умидсизланиб, маюсгина бошини эгаркан, ҳозиргина қиз турган жойда, стулнинг тагроғида ётган ялтироқ ҳамёнга кўзи тушди.
«Ҳамёни тушиб қолибди!».
Шу хаёл билан у секингина энгашиб ҳамённи икки оёғига қисиб, олди. Яна сиқилиб қаддини тиклади-ю олдинга интилди.
Автобус ҳамон юрмас, одамлар асабийлашарди.
—Ээ…шикни оочиб юборинг!
—Бекатда тушасан, — ҳайдовчи йигитни жеркиди.
—Тт..ушишим керак.
Унинг дудуқлиги таъсир қилди шекилли, ҳайдовчи индамай эшикни очди. Эшик очилиши билан йигит бекат томонга югурди…
Автобуснинг эшиги ёпилиб, озгина юриши билан кўзлари олайган кампир ўрнидан туриб кетди:
—Ҳамёнимни ўғирлашибдиии..Ушланглар уни…Вой доод!
Одамлар яна бир-бир кампирга қарашди… Кимдир ўғрини қарғади… Ҳайдовчи автобусни тўхтатиб, эшикни очди-ю ташқарига отилди…
* * *
Ҳикмат бекатга келиб қизни тополмаган, ҳансираганча атрофга қарар, ҳамён қўлида турарди… Ҳайдовчи етиб келиши билан туширган мушт шундоқ ҳам гангиб қолган бошини чайқатиб юборди. Йигит мувозанатини сақлолмай йиқилди. Ҳамён ерга тушди… Ён-атрофдан ўтаётган одамлар йиғилган, баъзилари оёқ учида турганча, чўзилиб қарашарди… Оломонни ёриб милиционер пайдо бўлди…
2008 йил