Гоҳи-гоҳида дам олиш кунлари зерикканда “дом”имиз ёнидаги чойхонага чиқиб тураман. Катта йўл ёқасидаги ариқ бўйида, баланд чинорлар тагида жойлашган бу “оромгоҳ” ҳамиша гавжум бўлади. Айниқса, ҳаво иссиқ ва дим кунлари шарқираб оқаётган ариқдаги сув тафтингни олиб, чой танангни яйратади.
Чойхоначига бир чойнак кўк чой буюрдим-да, чеккароқдаги курсилардан бирига секин ўрнашдим. Бугун негадир бу ерда одам сийракроқ экан.
Чойдан энди бир ҳўплаган эдим ҳамки:
– Ёнингизга ўтирсам бўладими? – деган овоздан бошимни кўтардим. Қаршимда баланд бўйли, қадди бироз эгилган, қовоқлари салқиган, аммо чеҳраси очиқ, аниқроғи, ҳали кексаликни тан олишни истамаётган бир одам турарди.
– Келинг, бемалол, – дедим бироз ёқинқирамай. Чунки, атрофда бўш жойлар кўп эди.
– Айбга буюрмайсиз, ука! – У менинг ёқтирмаганимни сезди. – Ёлғиз ўтиришни кўп хушламайман. Қарасам, биз томонларнинг одамларига ўхшадингиз. Истарангиз иссиқ экан.
Яхши гап яхши-да. Янги танишимнинг бир оғиз мулозамати кўнглимдаги чигилликни ёзди ва ўрнимдан туриб, хизматчига яна битта пиёла келтиришни айтдим-да, ҳамроҳимга зимдан назар солдим. Унинг бодомқовоқ юзларида кексалик аломатлари сезилса-да, негадир ранги қизил, сочлари ва қошлари қоп-қора, биронта оқи йўқ эди. Бўядимикин? Ялтираб турибди-ку! Умри маишатда ўтган собиқ амалдорлардан бўлса керак-да, дея ўйладим.
Чойдан пиёлага қуйиб узатарканман, ҳамроҳимга юзландим:
– Бизнинг томонлар деганингиз қайси тарафлар?
– Энди, – у бироз тараддудланди. – Шу… Самарқанддан кейинги қишлоқлар-да.
Танишиб олдик. У бизга қўшни қишлоқдан экан. Бир-икки ўзим билган одамларни сўраган эдим, танимади.
– Мени айбламайсиз, – деди у хижолатдан чиқиш учун. – Қишлоғимдан чиқиб кетганимга эллик йилдан ошди-ёв. Дастлабки йиллари тез-тез бориб турардим. Кейин ишга ўралашиб қолдим. Бола-чақа, турмуш ташвишлари дегандай. Ота-онам ўтиб кетгандан буён эса мутлақо бормай қўйдим.
У киришимли, улфат одам экан. Бизнинг маҳалламизга яқинда кўчиб келибди. Олдин шаҳарнинг Жарариқ мавзесида тураркан.
Ёши элликдан ошган одамлар учрашиб қолса, албатта, бир-биридан болалари ҳақида сўрашади. Мен ҳам янги танишимдан фарзандлари ҳақида сўрадиму, унинг авзои ўзгарди, кайфияти бузилди.
У пиёладаги чойни охиригача сипқорди-да, менга қаттиқ тикилди. Унинг кўзлари қизарган эди.
– Ярамга туз сепдингиз, ука. Ҳа, майли, ўзимиздан экансиз, дардимни айтсам, балки енгиллашарман.
Унинг ҳикояси анча мунгли эди.
– Мактабнинг олди ўқувчиси эдим. Отам мени катта шаҳарга жўнатар экан, айтган гапи шу бўлди: “Ўғлим, қобилиятинг бор. Мен оддий қора ишчиман. Бировга гапим ўтмайди, дастим калта. Билсанг, дунёда камбағалликдан, ночорликдан оғир азоб йўқ. Мен сенинг қўли истаган ерга етадиган катта одам бўлишингни, сенга ҳамма ҳавас қилишини хоҳлайман. Сен билан фахрлангим келади, болам”.
Биринчи йили дорилфунуннинг мандатидан қайтдим. Кейинги йили қаттиқ ва жиддий тайёрландим. Кечани кеча, кундузни кундуз демасдан, ётсам-да, турсам-да тиним билмай ўқидим ва ниятимга етдим. Талабалик йилларим ҳам осон кечмади. Отам менга доим ҳам пул жўнатишга қурби етмас эди. Якшанба кунлари мардикорликка чиқардим.
Ўқишни битираётган йилим омад кулиб боқди. Бир бой хонадоннинг эркатой қизи менга кўнгил қўйди. Ўзиям баланд бўйли, кўркам йигит эдимда ўша пайтлари. Ота-онам бошида рози бўлишмади-ю, кейин менинг келажагимни ўйлаб, “хўп” дейишди. Буёғи силлиқ кетди. Шаҳар пропискаси, уй-жой, иш осонгина ҳал бўлди. Беш йилдан сўнг шаҳардаги катта банклардан бирига ўринбосар бўлдим, яна бир йилдан кейин эса бошлиқ. Бой қайнотам қўллаб турган бўлса-да, мен ўзим ҳам иқтидорли эдим. Мудом отамнинг ўгитларини ёдимда тутдим. Мақсадга эришиш учун ҳамма воситалардан фойдаландим. Хуллас, ёшим ўттизга етмасдан, кимсан Тошпўлат Аҳмедовичга айландим.
Хотиним дипломни сандиққа ташлаб, ўзини савдога урди. Хориж унга бир қадам бўлиб қолди. Биласиз, қишлоқ мактабларида чет тиллари яхши ўқитилмайди. Шу боис ўзим ҳам ҳалигача тил масаласида қийналаман. Шуни ҳисобга олиб, болаларимни рус тилли боғча, мактабларга бердим. Шунинг учунми, улар анча эркин, миллий қадриятларимиздан йироқроқ бўлиб ўсишди. Биз уларнинг кундаликларидаги баҳоларига маҳлиё бўлиб юраверибмиз.
Хотиним пултопарман, чиройли, ноз-карашмаси зўр эди. Аммо менинг қариндошларимни хушламасди. Биласиз, биз томонларда ўзларидан чиққан кадрларни ғоят иззат-ҳурмат қилишади. Буни мен тўй-маъракаларга борганда кўп кўрганман. Меҳмондорчиликлар, совға-саломлар мўл бўлади. Ўзлари баёт-шаёт яшамаса-да, шаҳарга тўлиб-тошиб келишади. Нима эмиш, пойтахтда яшаш осон эмас эмиш. Бизникига ҳам улар сира қуруқ қўл билан келишмасди – бирови бир қоп олма ё анор, узум ёки бир гавда гўштми, бир бидон асалми-ей, ишқилиб бирон тансиқроқ неъматлардан кўтариб келишарди.
Бизнинг хотин эса уларни ёқтирмасди. Нарсаларини олардию, ўзларини алдаб жўнатворарди. “Тошпўлат акангиз чет элга командировкага кетган”, “У киши бу ҳафта бўлмайдилар” дерди. Мен буларни билардим, албатта. Қишлоқдошларимга ёрдам берсам бўларди. Кимгадир даволаниш, кимгадир иш, ўқиш ёки банкдан кредит олиш масалаларида кўмак беришга имкониятим бор, бир қўнғироғимга муштоқ раҳбарлар кўп эди. Бироқ мен уларга ёрдам беришни истамасдим. Чунки, хотинимнинг тинмай жаврашлари эвазига менинг миямга ҳам қишлоқдошларимга нисбатан нописандлик, менсимаслик кайфияти сингиб улгурганди. Мен ўзимни яхши кўрардим. Тинчим, оромимни бузадиган ҳар бир нарса менинг кайфиятимга таъсир қиларди.
Пулим кўп эди. Ҳовли, дача, машиналар, дўконлар. Ҳаммаси бор эди.
Катта ўғлим мактабни тугатгач, ўқишни истамади. Дада, мен чет элга кетмоқчиман, деди. Нима қиласан четда, дедим. Мустақил яшамоқчиман, деди. Мана, ўн йилдан буён қорасини кўрсатмайди, энағарнинг боласи. Эшитишимча, Америкада юрганмиш. Уйланганмиш. Бир телефон қилиб қўяй ҳам демайди. Иккинчиси машина билан бир ёш болани уриб кетди. Танишларимни ишга солиб, “бости-бости” қилдим. Бир йил ўтмай “қора дори” савдосига аралашиб, қамалди. Хотиним эса Туркияга қатнаб, мол олиб келиб юрарди. Ҳозир Анталияда. Бир турк билан яшаяпти. Севиб қолганмиш. Қизим эса, билмадим, нима жин урди: тиббиёт институтида ўқиётганди. Ишдан келсам, меҳмонхонамизнинг залидаги катта қандилга ўзини осибди. Қизим акаларига ўхшамасди. У бошқача эди. Шундан сўнг мен адои тамом бўлдим. Икки йил бурун ишдан олиб ташлашди. Бор мулкимни сотдиму, шу маҳалладан квартира олиб, кўчиб келдим. Негаки, олдин яшаган маҳалламда бош кўтариб юролмай қолдим. Болаларимга пул берибману, аммо уларга инсонийлик сабоқларини ўргатмабман. Энди ўйласам, улар ота-оналарининг турмуш тарзи, худбинлигидан ибрат олган бўлсалар керак-да.
Икки марта инфаркт ўтказганман. Ёлғиз одам учун туннинг ўтиши қийин экан. Тонг отмайди, биродар. Ўлиб қолсам, эгасиз қолиб кетмай, деб эшикни қулфламай ётаман.
Энг ёмони, қишлоққа боролмайман. Икки йил олдин отам қазо қилганида боргандим. Отам элнинг хизматини кўп қилган экан. Маъракасига гурас-гурас одам келди денг. Ишонсангиз, келганларнинг кўпини танимадим. Аммо улар мени танишаркан. Улар учун мен “Аҳмад буванинг Тошкентда ишлайдиган, аммо қишлоққа деярли келмай қўйган банкир ўғли”ман, холос. Қабристонга борганимизда мулла мендан “Отангизни гўрга кимлар қўяди?” деб сўради. Мен каловланиб қолдим. Чунки, қариндошларимни танимасдим. Шунда ёнимда турган чопон кийган уч-тўрт ёш йигит “Рухсат берсангиз, биз қўямиз, Тошпўлат ака!” дейишди. Шунда кўзларимга ёш келди. Уларнинг бири жияним, бири амакимнинг ўғли экан. Отамни ерга қўйгач, бир фотиҳа қилайин, деб онамнинг қабрларини излаб юрсам, ўша чопон кийган йигитлардан бири секин имлаб кўрсатди.
Ёлғиз қолганимдан буён бир савол мени қийнайди: мен қаерда, қачон, қандай хатога йўл қўйдим? Нимани нотўғри қилдим? Нега менинг умрим бу тарзда аянчли хотима топиши керак?
Ўйлаб-ўйлаб бу саволга жавоб топгандай бўлдим. Мен, мени дунёга келтирган азиз тупроқни, она қишлоғимни, энг яқин қадрдонларимни унутибман. Уларнинг олдидаги қарзимни, фарзандлик бурчимни эсимдан чиқарибман. Энди хатоимни тўғрилаб, билиб-билмай қилган гуноҳларимни ювишга менда имкон йўқ. Умр ўтиб бўлди…
Тошпўлат ака чуқур ҳўрсинди. Уни диққат билан тинглаётганимга ишонч ҳосил қилгач, секин давом этди.
– Биласизми, ука, кейинги пайтларда тушларимга нуқул қишлоғимиз киради. Биз бола пайтларимизда ҳовли деворлари бўлмасди. Ёз оқшомлари уйимиз олдидаги лой супада ака-укалар осмондаги юлдузларни санай-санай, адоғига етмасдан ухлаб қолардик. Уйлар бир-бирига яқин қилиб қурилгани, деворлар бўлмагани сабабли ота-онамиз қўшнилар билан супада ўтириб бемалол суҳбатлаша оларди. Узоқ қиш тунларида иссиқ сандал атрофини ўраб, керосин чироқ ёруғида “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Юсуф ва Зулайҳо” каби халқ достонларини ўқир, бува-бувиларимизнинг эртак-маталларини мириқиб тинглардик. Тупроқ кўчаларни чангитиб чопганларимиз, кўм-кўк қир-адирларда қўйларни ҳайдаб юрганларимиз-чи? Энди ўйласам, энг самимий, беғубор даврларим ўша олис болаликда қолиб кетган экан. Қани эди, ўша кунлар бир кунгина қайтсаю, мен болага айланиб ота-онамнинг бағрида ўшандай супаларда бир кеча ором олсам, тупроқ кўчаларни чангитиб ҳолдан тойгунча югурсам. Ўша пайтлари қишлоғимизга ҳали электр бормаган, газлашмаган ҳам эди. Бироқ мен бирон марта шамоллаганимни эслай олмайман. Қор ёғса, биз болаларнинг қувончи, завқи ҳаддан ошарди. Уйимизнинг томини кимўзарга курардик. Мактаб йўлидаги тепаликдан пастга сирпанавериб, кирза этикларимизнинг таги ейилиб кетарди. Эҳ-ҳе, ажойиб дамлар экан-да, энди билсам. Одамларни айтмайсизми, одамларни. Чеҳраларидан соддалик ва самимийлик уфуриб турган бу тўпори ҳамқишлоқларимни, рости, жуда соғиндим.
Болалик ҳақидаги хотираларини сўзларкан, ҳамроҳим ҳаяжонланиб, кўзлари порлаб кетди… Атрофда биздан бошқа ҳеч ким қолмаган. Чойхона хизматчилари стол-стулларни йиғиштирарди.
(“Ҳуррият”, 2013 йил).