Отамгаям ҳайронман, энди етмиш бешга кирдию нафақага чиқаман, деб хархаша қилгани-қилган. “Ҳой бобой, сиз нафақага чиқсангиз бизларни ким боқади, бу ёқда невараларингизнинг кантракт пулини тўлаш керак”, дейдиган одам йўқ. Ана, Жобир ўртоғимнинг отаси тўқсонга кирди, нафақа ҳақида ғиринг деб оғиз очгани йўқ. Эшагини миниб олганича ғимир-ғимир қилиб невараларини боқиб турибди. Шуларга қараб туриб отамнинг хархашаларидан жиним қўзийди. Ўткан куни “Мени ишлатгани уялмайсанми ярамас, тамбал?!”, деб танбеҳ берди. “Нега энди фақат сизни ишлатарканман, ёнингизга невараларингизни ҳам қўшиб қўйибман-ку”, десам баттар жаҳли чиқади-я.
Нима, мен атай ишламай юрибманми? Ўзимга қолса ҳозироқ ишлаган бўлардим, лекин вақт йўқ. Ўртоқларим билан ҳар куни тушдан кейин йиғилишамиз (тушгача ухлаймиз), бирор жойда тўпланиб, кўнгилхушлик қиламиз, шундан сўнг ярим кечагача қарта урамиз. Бу “удум”ни бузиб бўладими?.. Агар бузсам, улфатларим “Уни қара, отаси тирик туриб, сағир боладай ишлаб юрибди”, деб кулишлари мумкин.
Қолаверса, эндигина қирқ бешга кирдим. Ҳали ёшман, одамлар билан ишлашиб кетишга кўзим етмайди. Бола кўришади-да, мени. Ундаймас, дейсизми? Бекор айтибсиз. Бир гал бобойнинг таъналари ҳиқилдоғимга келганда, ўғилларим битирган мактабга қоровул бўлиб ишга кирдим. Мендан ташқари яна иккита қоровул бор экан. Иккови ҳам аллақачон саксонни уриб қўйган…
“Ўзбекнинг кичиги бўлгунча, кучуги бўл”, дерди раҳматли Абдурайим бобо. Бу мақолнинг мағзини ўшанда чақдим. Икки шеригим “Ҳой бола, уни обке”, “Ҳой бола буни обкет”, деб тинка-мадоримни қуритиб юборди. Ҳар гал, бас, энди айтганларини қилмайман, деб аҳд қиламану, аммо мақташганда эриб кетаман: “Э фалончибой, отангга раҳмат. Эндигина қирқдан ошганингга қарамай ишлаб юрибсан-а, отанг пешонаси ярақлаган одам экан. Биззи ўғилларни кўрмайсанми, элликдан ошгану ишла десанг, ҳали кичкинаман дейди”.
“Кам бўлма, ақлли болалигинг шундай юзингдан билиниб турибди. Катта бўлсанг, ёмон одам бўлмайсан”.
Барибир, бир кун бундай мақтовлар ҳам жонга тегар экан. Бор-е, дедиму ишдан бўшаб кетдим…
Шундан бери ишлаганим йўқ. Умуман, ишлаш ниятим ҳам йўқ. Отам бақириб-чақиравермай яна озгина ишлаб турса, бирин-кетин икки ўғлим ўқишни битириб келади, ишлай бошлайди. Майли, шундан сўнг отам нафақага чиқса чиқаверсин. Ахир, биз улфатлар ўзимизнинг шиоримизга қаттиқ амал қиламиз: “Элликгача отам боқсин, элликдан кейин болаларим!”.